БEКОР ҚИЛИНГАН ҲУКМ
(Кундаликнинг учинчи саҳифаси)
Улар Бибихоним масжидига киришиб бомдод номозини ўқишди-ю, йўлга чиқишди.
Шамсибек кетиш олдидан Абдулваҳобни йўқламоқчи эди, тополмади. Масжидда ҳам
учратмади... Шаҳар дарвозасидан чиқаверишда отнинг тизгинини тортди. Пастаккина толга

27
суяниб, мудраб ўтирган Абдулваҳобни таниб, унга яқинлашди. Туёқ товушини эшитиб,
Абдулваҳоб кўзини очди. Эринибгина ўрнидан турди.
— Уйга қайтяпман, олиб кетайми? — деди Шамсибек.
— Ишингиз битдими?
— Йўқ, завжамни олиб келаман.
— Завжамни? Уйланганингизни айтмовдингиз-ку?
— Ҳа... мавриди бўлмовди.
— Кимга уйлангансиз?
— Шербек заргарнинг қизига.
— Маҳфузасигами?
— Ҳа.
Шамсибек Абдулваҳобнинг Маҳфузага одам қўйганини биларди. Аммо Шербек заргар
Абдулваҳобни хуш кўрмай, шогирдини — Шамсибекни куёв қилди. Самарқандда юрган
Абдулваҳоб, албатта, бундан хабарсиз эди. У Маҳфузани кўрмаган бўлса-да, кўнглида
Шамсибекка нисбатан рашк уйғонди. «Маҳфузасигами?» деганида Шамсибек Абдулваҳобнинг
кўнглига ёмон фикр оралаганини сезди. Лекин сир бой бермади. Қамариддин томоқ қириб
қўйди. Шамсибек гапни қисқа қилиш кераклигини тушуниб:
— Борасизми? — деди.
— Йўқ.
— Нима деб қўяй?
— Ҳеч нарса... кўрмадим, денг.
Шамсибек отнинг бошини бурди. Абдулваҳоб мунғайиб туриб қолди. Унинг кўзларида алам
бор эди...
Улар катта карвонга қўшилиб олишди. Ўттизга яқин туя олдинда узоқ ва оғир йўл борлигини
билгандай вазмин юради. Ҳар оёқ ташлашганида қўнғироқлари бўғиқ жаранглайди. Туякашлар
аҳён-аҳёнда овоз чиқариб қўядилар. Қуёш карвонни эринмай кузатади. Одамни уйқу босади.
Шамсибек билан Қамариддин тизгинни бўш қўйишган, отлар бошларини эгиб, туялар ёнида
боришади.
— Ҳалиги телба гадони олиб кетмоқчи эдингизми?— деди Қамариддин.
— Ҳа. Бу аҳволига одам ачинади.
— Жуда кўнгилчан экансиз, ука. Ҳаддан зиёд кўнгилчан бўлиш ҳам ярамайди. Шаҳриёримиз
меҳри иссиқлик қилиб бу девонавашларни эркин қўйдилар. Мана оқибат: улар туҳмату иғводан
бўшамай қолишди. Фасод тошларининг бари султонимизга отиляпти.
У бир оз жим юргач, яна сўз очди:
— Аммо, шаҳриёримиз муҳтасибни хўб мот қилган-да, эшитганингиз бордир?
— Йўқ.
—Ана холос... Ҳамманинг оғзида дув-дув гапку... Уч-тўрт ой бурун шаҳриёр билан
Бибихоним масжидига жума намозига бордик. Намоздан сўнг муҳтасиб давлатпаноҳнинг
шаънига ножўя гапларни айтди. Бу гапларни эшитиб, мен ғазабдан титраяпман-ку, шаҳриёр
эса кулимсираб ўтирибдилар. Муҳтасиб сўзини тугатгач, шаҳриёр ўринларидан турдилар.
Масжидга йиғилганлар, шаҳриёр ҳозир муҳтасибни жазога буюрадилар, деб ўйлашди. Бироқ
кутилмаганда шаҳриёр муҳтасибни саволга тутдилар: «Айтадиларким, пирингиз сизни ҳазрати
Мусо даражасига қиёслабдилар, шу ростми?» Сайид Ошиқ тасдиқ ишорасини қилгач, шаҳриёр
давом этдилар:
— Сиз ўзингизни ҳазрат Мусодан устун деб биласизми?
— Йўқ.
— Балли. Энди айтинг-чи, Фиръавн улуғми ёинки менми?
— Сиз.

28
— Балли. Олло таоло «Фиръавнга қаттиқ-қаттиқ гап айтма, ҳатто у билан муомалани юмшоқ
қил», деб ҳазрат Мусога фармойиш берганида, нима учун ҳазрат Мусодан паст бўлган
жанобингиз Фиръавндан баландроқ бўлган каминага бу қадар қўполлик қиляпсиз?
Муҳтасиб оғиз очолмай қолди. Назаримда ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмади. Мен халойиқ
олдида мулзам бўлишдан ўлимни афзал кўрардим. Муҳтасиб ақли қусурлигини шундай
намойиш этди-қўйди.
Қамариддин яхши ҳамроҳ эди. Шамсибекни зериктирмади. Кези келганда илм бобида ҳам
баҳслашди. Баҳсда ҳар енгилганида иягини қашиб, «ёшлигимда ўқимадимда», деб қўярди. У
туғма полвон эди. Самарқанднинг манман деган шербилаклари ҳалигача унинг курагини ерга
тегиза олмаганди. Қамариддинни кўтариб ерга уриш учун ҳам унча-бунча куч кифоя қилмасди.
Агар отга ўтирса, четдан қараган кишига худди жониворнинг бели синиб кетаётгандай
туюларди. Лекин курашлар, қилич чопишлар ҳақида кўп гапирмади. Унинг суҳбатидан баҳра
олган Шамсибек «агар пурдил бўлиб туғилмаса, албатта, аллома бўлиб туғиларди», деб қўйди.
Карвон ҳамон илгарилайди. Қўнғироқлар ҳамон бўғиқ овоз чиқаради. Андижонга
яқинлашишди. Ҳадемай улар катта карвондан ажраб, йўлни боғ кўчага буришади. Қамариддин
отни етаклаб боряпти. Шамсибек бир маромда қадам ташлаётган туяларга тикилади. Уларнинг
қатори бузилмайди. Туялар тақдирга тан берган — бўйин эгганларича олға юришади. Фақат
ўртадаги туя баъзи-баъзида тўхтамоқчи бўлади. Бўталоқ елинга интилади. Туя эса
тўхтолмайди. Бурундуқнинг арқони олдинги туяга боғланган. Бурундуқлар ҳамма туяларда бор.
То биринчи туя тўхтамагунча, улар дам олишолмайди. Биринчи туянинг изни ҳам ўзида эмас.
Шамсибек онасига талпинаётган бўталоқдан, боласига сут беролмай, юрак азобида осмонга
қараб бўкириб қўяётган туядан кўз узмай қолди. «Одамлар ҳам шундаймилар? — деб ўйлади у
ўзича, — уларнинг бурунларидан ҳам кўринмас ҳалқа ўтказилганми? Ҳалқалар боғланган
арқоннинг учи шаҳриёрнинг қўлидами? Агар бирор кимса ҳақ йўлдан тойса, у тортиб қўядими?
Мен-чи?.. Киндик қоним тўкилган ерни ташлаб, шаҳристонга келишга мажбур бўляпман-ку?!
Наҳот одамнинг изми ўзида бўлмаса? Одамни боғлаган ҳалқанинг номи тирикчиликми? Одам
шу тирикчилик важидан бошқа бир кимсага бўйин эгадими? Онадан ҳамма бир хилда яланғоч,
бир парча жиш бўлиб туғилади. Лекин бирови зарга ўралади, бирови чурук лахтакка. Бу
муаммога шаҳриёр ҳам жавоб беролмаса керак... Фуқаронинг барини зарга ўраб бўлмайди...»
Шамсибекнинг хаёлини Қамариддин бузди:
— Анави ерда катта қишлоқ борга ўхшайди-а? — деди у қамчини билан мағрибни кўрсатиб.
— Ҳа, бор, — деди Шамсибек. Кейин ўша томонга тикилиб қолди.
— Тўй бўляпти шекилли, — деди Қамариддин ёнаётган машъалаларга ишора қилиб.
— Йўқ, тўй бўлса, катта гулхан ёқишмайдими? Қишлоқ нотинч кўринади.
— Бўлмаса борайлик.
Улар от йўрттириб кетишди. Оломон тўпланган беш пахсалик девор олдига келиб тизгинни
тортдилар. Девор остида яктаклари йиртилган, юзлари мўматалоқ йигит билан дуррачасини
юзига тўсиб дир-дир титраётган қиз, сал нарида эса, катта салла ўраган, қора соқолли бир
кимса тасбеҳ ўгириб турарди. Ҳамма кимнидир кутарди.
Қамариддин одамлар орасидан ўтиб, саллали кишига яқинлашди-да, салом берди.
— Тақсир, бу йиғилишнинг боиси нима?
— Аҳли ислом гумроҳларни жазолагани тўпланган.
— Гумроҳлар шуларми? — деди Қамариддин йигит билан қизни кўрсатиб.
— Ҳа.
— Жаройими13 недур?
— Буни аҳли исломдан сўранг.
— Мен сиздан сўрайдурман.

13 Gunohi.

29
Тасбеҳ ушлаган катта саллали киши бўш қўли билан соқолини силаган бўлиб
«астағфируллоҳ», деб пичирлади-да, унга қовоқ уйиб қаради.
— Ўзлари ким бўлурлар? Мусофирга ўхшайдурлар? Мусофир иззатини билмоғи даркор.
— Айбга буюрмайдилар, тақсир, биз шаҳриёрнинг амри олийлари билан Самарқанддин
Андижон сари йўл олганмиз. Бу оломон сабаб бўлиб тўхтаб эдик. — Қамариддин шундай деб,
яктагининг ич чўнтагидан Улуғбек муҳри босилган пойгирни чиқарди. Ўпиб, кўзига суртди-да,
саллали кишига узатди. У ҳам пойгирни эҳтиётлаб олиб, ўпиб кўзига суртди. Кейин очиб,
ундаги шоҳона муҳрни кўрдию сўзларини ўқимаёқ, букилиб таъзим қилди.
— Биз осийларни айбга буюрмайдилар.
Бу кишининг таъзим қилганини кўрганлар ҳам беихтиёр таъзимга берилдилар.
Шамсибек тўпнинг четроғида турарди. Бу манзарани кўриб кулимсиради. Ёнидаги
мўйсафиддан аста сўради:
— Буларнинг жаройимлари нима экан?
— Бу йигит шу музофотнинг паҳлавони эди. Ўтган бозорда қозикалоннинг полвонини даст
кўтариб ерга қўйибди. Эшитишимизча, қозикалон бу курашдан кўп нарса умид қилган экан.
Бугун эрталабдан бечораларни азоблайдилар.
— Нечун?
— У никоҳланган қиз билан дон олишибди чоғи.
— Жаройимини ўзларинг ҳам билмайсизларми?
— Ҳамманинг оғзида ҳар хил гап. Қай бирига ишонишни билмай қолдик.
Шамсибек «во ажаб!» деганича оломон орасидан ўтиб бориб, Қамариддинга яқинлашди.
— Тақсир, — деди Қамариддин катта саллали кишига, — буларнинг жаройимларидан мени
ҳануз воқиф қилмадилар-ку?
— Айбситмайсиз, ҳозир ҳамма гапни баён қиламан. Кўриб турганингиз бу қиз чоршанба куни
Аҳмадбойваччага никоҳланган эди. Кеча тўй арафасида анави иблис қизнинг бошини
айлантириб олиб қочмоқни хаёл қилибди. Одамлар ушлаб ҳузуримга келтиришди. Биз
«Деворга бостирилсин!» деб ҳукм чиқардик.
— Уларни айб устида ушлашибдими? — сўради Шамсибек.
Катта саллали киши Қамариддинга савол назари билан қаради.
— Тақсир, бу йигит шаҳриёрнинг энг суюкли шогирди. Шаҳриёр бу кишини қанотлари остига
олганлар, — деб изоҳ берди Қамариддин.
Давра саллали киши бошчилигида энди Шамсибекка таъзим қилди.
— Аҳмадбойвачча билан никоҳга қизнинг ўзи рози бўлиб эдими?
— Ҳа, мен ўзим гувоҳман.
Шамсибек қизга яқинлашиб, энгашди:
— Синглим, айтинг-чи, Аҳмадбойвачча никоҳига ўзингиз рози бўлиб эдингизми? — Қиз
индамади. Қўрқув ва даҳшат ҳали ҳам унинг вужудини музлатиб турар эди. — Айтинг, синглим,
қўрқманг.
Қиз аста «йўқ», деб бош қимирлатди.
Шамсибек изига қайтди.
— Тақсир, ожизанинг ризолигисиз ўқилган никоҳ инобатга ўтадими? Бу никоҳ шариатга
хилоф эмасми?— деб сўради у саллали кишидан.
— Никоҳ шариатга хилоф бўлса эҳтимол. Аммо уларнинг ҳаракатини нима деб баҳоламоқ
керак?
— Айбларидан ўтмоқ мумкин эмасми? Ёш умрларини хазон қилмоқ ҳам гуноҳи азим
саналади-ку?
— У ҳолда динимиз поклигини қай ҳолда сақламоқ керак? Бандаларни зинодан қандай
қайтармоқ лозим?

30
— Адолат йўли билан, — Шамсибек шундай деб саллали кишига савол назари билан
тикилди: — Тақсир, ўзлари буларни зинокор деб ҳисоблайдиларми?
— Айни рост.
— Шунга кўра жазо белгиладиларми? Фикри ожизимча, деворга бостирмоққа ҳукм
қилдиларми?
— Айни рост. Иккови белига қадар кўмилиб, сўнг устларига, кўриб турганингиз девор
йиқитилур.
— Тақсир, ҳукмингиз шариатга андак хилоф эмасми?
— Бизнинг қўлимиз шариат ҳукмида қатъийдур, — деди саллали киши, саволлардан норизо
эканини яширмай.
— Агар малол олмасангиз, шариат ҳукмига доир бир-икки саволни сўрасам, — Шамсибек
шундай деб Қамариддинга қараб олди. Саллали киши ҳам «Бу йигит ҳаддидан ошмаяптими?»
деган маънода Қамариддинга қаради. Қамариддин «сўрайверинг», дегандай им қоққач,
Шамсибек яна саллали кишига юзланди:
— Тақсир, маълумингизким, жаноби пайғамбаримиз алайҳиссалом бир одамни зинода
айбламоқдан аввал обдон сўраб-суриштирганлар. Бу хусусдаги ҳадиси шарифларни
жанобингизга эслатмоқнинг зарурати йўқдир. Бу бандаларнинг зино қилганлари, яъниким,
шаҳватларини ҳаром йўл билан қондирганларига гувоҳлар борми?
— Бор, — саллали киши ўзидан сал нарида турган икки йигитни имлаб, ёнига чорлади. —
Гувоҳлар шулар.
Шамсибек яқинлашган йигитларнинг саломларига алик олгач, яна кишига юзланди:
— Тақсир, гувоҳлик учун тўрт одил мусулмон эркак лозимлигини унутганингиз йўқдир? —
Саллали киши жавобдан бўйин товлаб, назарини олиб қочгач, Шамсибек йигитларга юзланди:
— Сизлар буларни қандайин шармандали ҳолда кўрдинглар?
Йигитлар «ким жавоб беради?» дегандек, бир-бирларига қараб олишгач, мўйлови ўсинқираб
тепа лабини босаёзган йигит, ўзига ҳам ишонмаган тарзда гап бошлади:
— Бой отам буюрдиларки... никоҳларига олганларини бир боши бузуқ олиб қочган экан...
«Қувинглар», дедилар. Кейин «ушлангу ушлаган ерингизда ўлдиринг» ҳам дедилар. Омма, биз
ўлдирадағон жаллод эмасмиз. Буларни шаҳар йўлида тутдигу изларига қайтардик.
— Сизлар кўрганингизда қандай ҳолда эдилар? — деб саволини такрорлади Шамсибек.
— Қиз от устида, йигит жиловни ушлаб олган, пастда, пиёда эди.
— Демак, уларни шармандали ҳолда кўрмадингиз?
— Йўқ, тақсир.
— Тақсир, энди гуноҳкор деяётганингиз йигитни чорланг-чи, бу ҳукмда зинокорнинг иқрори
ҳам даркор.
Саллали кишининг ишораси билан йигитни бошлаб келдилар. У Оллоҳнинг номини зикр
этгани ҳолда қасам ичиб, қўйилмиш айбни инкор этгач, Шамсибек яна саллали кишига
мурожаат қилди:
— Тақсир, аввало шуки, буларнинг зинокор эканликлари тасдиқ топмади. Яна шуки, йигит
ҳали уйланмаган, қизнинг никоҳи эса шубҳали, аввали — унинг никоҳга ризолиги йўқ, сўнг эса
никоҳлангани билан эр-хотин сифатида яшамаган, демакким, у ҳам оиласиз мақомидадир.
Шундоқ экан, улар зинокор бўлган тақдирларида ҳам, сиз лозим топганингиз ҳукм — белга
қадар кўмиб, сўнгра устларидан девор бостирмоқлик буларга эмас, бесоқолбозларга
хоссатандир. Яна шуки, булар ғўрлик қилиб номаъқул йўлга киришга уринибдиларким, бунга
жазо — таъзирдир, ўн дарра кифоядир.
Қамариддин Шамсибекнинг мантиқий таҳлилига қойил қолиб, «Нима дер экан?» деган
маънода саллали кишига қаради. У жавоб бермай, тасбеҳини айлантиравергач, Шамсибек
Қамариддиннинг қулоғига шивирлади. Қамариддин ҳамроҳига ажабланиб қаради-да, сўнг
саллали кишига юзланиб:

31
— Тақсир, бу йигит пурдил эмиш, шу ростми? — деб сўради.
— Ҳа, бу иблисда филнинг кучи бор.
— У ҳолда мен уни синаб кўрайин. Мен шаҳриёримиз учун пурдил йигитларни танлаб юриб
эдим.
— Ихтиёрингиз, — деди саллали киши эътиборсиз оҳангда.
— Йигитга оғирлик қилмасмикин, анча азоб чеккан, — деди Шамсибек.
— Пурдил азоб деган нарсани билмайди, — деди Қамариддин. Кейин йигитга яқинлашиб,
сўради: — Бел олишмоққа чоғингиз борми?
Йигит Қамариддинга бургут қараш қилди. Унинг қўл-оёқларини ечиб қўйдилар. У
билакларини уқалаб ўрнидан турди.
— Қийиқ беринглар! — деди кимдир.
Дарров қийиқ узатишди. Йигит белини маҳкам боғлаб, Қамариддинга яқинлашди. Шамсибек
шундагина унинг Қамариддиндан қолишмаслигини сезди.
Қамариддин ҳарифини бир неча муддат бўш қўйди. Йигит ҳам шошилмади. Икковлари бирбирларининг белбоғларидан маҳкам ушлаганларича бир ерда айланишар, гўё қулай пайт
пойлашарди. Одамлар майдончага яқинлашиб давра ҳосил қилишган, ҳамманинг эътибори
курашчиларда эди. Бу кураш катта тўйлар ёки бўлак маросимлардаги курашларга ўхшамасди.
Одамлар «Қани, кўтар энди!», «Бўш келма!», «Ҳа, баракалла!» деб қичқиришмас, қувонишмас,
баҳслашишмас эди. Кураш осойишта бошланиб, осойишта давом этарди. Халойиқ курашнинг
нима мақсадда бошланганидан, ғолибни нима кутишидан ҳали бехабар эди.
Қамариддин уч-тўрт айлангач, йигитни ўзига тортди. Йигит ҳушёр эди. Бели букилмади.
Шунда Қамариддин даҳанини йигитнинг елкасига қаттиқ тираб унинг белини бор кучи билан
қисди. Бел букилмади. Қамариддин йигитнинг оёғини бир оз бўлса-да, ердан узиб ёнбошга
олмоқчи бўлди. Йигит заранг дарахтдай эди. Оёғи ердан узилмади. Қамариддин энди астойдил
курашга берилган, йигит бўлса унга жавоб қилишга шошилмасди. Бу орада давранинг
осойишталиги бузилган, айрим бетоқатлар «нега қараб турибсан!» деб бақира бошлашган эди.
Бошини Қамариддиннинг елкасига тираб олган йигит яланг оёқлари билан ерни
пайпаслагандай бўлди. Бир зум ҳаракатдан тўхтади. Қамариддин унинг ҳамлага
тайёрланаётганини сезди. Диққатини тўплади. Дарҳақиқат, сония ўтмай йигит куч ишлатди.
Қамариддиннинг бели букилмади. Шунда йигит ўзини сал орқага ташлади-да, Қамариддинни
айлантирмоқчи бўлди. Эплай олмади. Давранинг ҳаяжони ошди. Йигитга куюнганлар унга
далда бера бошлашди. Курашчилар майдонни ҳалқадай ўраб турганларга яқинлашишди.
Одамлар ўзларини орқага ташладилар. Шу дамда йигит ўнг оёғини Қамариддин сари ташлаб
ҳарифига яқинлашди-да, шу оннинг ўзида уни қаттиқ куч билан силтаб тортди.
Қамариддиннинг бели бу кучга бас келолмади. Йигит «ё, пирим!» деди-да, уни даст кўтарди.
Оломон хурсандчиликдан қичқириб юборди. Қамариддин йигитнинг қўлида — қаршилик
кўрсатишга иложсиз эди. Йигит уни ёнбошга ҳам олмади, ерга ҳам қаттиқ урмади. Аста ерга
қўйди. Полвонлар орасида бундай тантиликни фақат ўзига ишонганлар қила оларди.
Қамариддин йигитни бағрига босди. Йигит унинг бағридан бўшагач, яна жойига бориб ўтирди.
— Тақсир, ижозатингиз билан мен бу йигитни шаҳриёр ҳузурига олиб кетсам, — деди
Қамариддин катта саллали киши даврасига қайтгач.
— Мен шариат ҳукмини бузолмайман. Ҳукмга аҳли ислом гувоҳ бўлган.
Қамариддин оломонга юзланди:
— Азиз фуқаро, — деди у баланд овозда, — булар ўз жигарбандларинг экан. Ғўр эканларки,
гумроҳлик қилибдилар. Айбларидан ўтса бўладими?
Ҳар томондан «бўлади, айбидан ўтинг, тақсир!» деган овозлар келди.
— Ана, тақсир, аҳли ислом рози. Сиз ҳам рози бўлинг. Шаҳриёр марҳаматидан баҳраманд
бўлурсиз.
«Шаҳриёрнинг марҳаматини» эшитгач, саллали киши тасбеҳ ушлаган қўлини кўтариб:

32
— Гуноҳлари бўлса, у дунёда Тангри олдида ўзлари жавоб бергайлар, — деди.
Оломон аста тарқала бошлади. Қиз билан йигит олдига ҳеч ким яқинлашмади. Шамсибек
ҳукм бекор қилингани ҳамон тўдадан ота-оналарнинг отилиб чиқиб, фарзандлари томон
интилишини кутган эди. Лекин бундай бўлмади. Катта саллали киши таъзим билан
Қамариддинга юзланди:
— Тақсир, қадам ранжида қилиб, ғариб кулбамизни чароғон этсангиз, хизматингизда бўлсак,
— деди у тавозе билан.
— Қуллуқ, — деди Қамариддин ярим таъзим билан, — марҳаматингиздан бошимиз кўкка
етди. Бу кеч манзилга етишимиз лозим. Қўниб ўтишга фурсатимиз йўқ.
Яна бир қанча мулозаматлардан сўнг улар тарқалишди. Шундагина дарахтзор томонда
турган аёл ва икки мўйсафид уларга яқинлашишга журъат этишди. Қиз юзини девор томонга
ўгириб, йигит эса бошини қуйи эгиб ўтирарди. Аёл қизнинг бошига қора тўн ёпди.
Мўйсафидлар йигитни қўлтиғидан олишди. Қамариддин билан Шамсибек уларга
яқинлашишгач, йигит қўлини кўксига қўйди-да, бош эгди:
—Қуллуқ, тақсир, — деди йўғон овоз билан.
Унинг бу таъзимида мағрур миннатдорлик сезилиб турарди.
— Сизлар ҳар нечук бу зўрларнинг волид14ларидурсизлар? — деди Қамариддин мўйсафидга
юзланиб.
— Йўқ, тақсир, — деди қарияларнинг бири, — кўриб турганингиз шу йигит бизникида қўноқ
эди. Жаннатмакон отаси билан биз улфат эдик. Кўриб турганингиз бу аёл эса заифамиз
бўладилар.
— Қизнинг волидайни15 нечук кўринмайди?
— Тақсир, бу воқеадан кейин қизларини оқ қилганлар.
— Исми насабинг нима? — деб сўради Қамариддин йигитдан.
— Ғанимурод Тўхтамурод ўғли, — деди мўйсафид йигит ўрнига жавоб бериб.
— Ғаниполвон, тонгга қадар йўл ҳозирлигини кўриб қўй. Бомдоддан сўнг йўлга чиқамиз.
— Карвонсаройгача ҳали кўп юрамизми? — деб сўради Шамсибек.
— Ҳа, хийла бор.
— Тақсир, — деди гапга аралашмай қўл қовуштириб турган мўйсафид. — Айбга
буюрмайдилар, биз ғарибларга илтифот кўрсатиб, кўнглимизни тоғдай кўтардингизлар.
Карвонсарой хийла узоқда, шу боисдан яна марҳаматларини аямай, бизга қўноқ бўлсалар.
Боримизни баҳам кўрсак.
— Бажонидил. Аммо сизларни безовталаб қўймасак эди...
— Камбағалнинг уйи тор бўлса ҳам, кўнгли кенг, тақсирим.
Чоғроқ ҳовлига кириб келишди. Аёллар тезгина ичкарига ўтиб кетдилар. Меҳмонлар учун
қора чироқ ёниб турган, қизил шолча солинган уйга жой қилинди. Дам ўтмай ҳовлига одам
тўпланди. Қўй сўйилди. Афтидан уй эгасининг қўни-қўшнилари ҳам «марҳаматли
кишилар»нинг қўноқ бўлганини эшитиб, топган-тутганларини олиб чиқишган эди.
Мўйсафид ташқарига йўналиши билан Шамсибек ҳамроҳидан: «Уламоларнинг гапини нечук
ерда қолдирдингиз?» — деб сўради.
— Улар ҳам Сайид Ошиқ каби одамлар-да, сўзи ширину тилида заҳар бор. Кўнгли қора.
Берган бир бурда нони менга сингмайди.
— Ҳаракатингиздан тахмин қилиб эдим, тўғри чиқди, — деди Шамсибек кулимсираб. Кейин
эшик оғзида кўринган мўйсафидга қараб: «Eшигингизда тўй бўлиб кетди, шекилли?» — деди.
— Албатта, албатта, сиздек табаррук зотлар келадию тўй бўлмайдими?
— Сиз Ғаниполвонга волид ўрнида экансиз. Шу йиғинни унинг тўйига айлантирсак-чи?

14 Volid — ota. 15 Volidayn — ota-ona.

33
— Ажаб бўлар эди, — деди мўйсафид қувониб. — Агар Ғанижонни олиб кетиш чиндан
хаёлингизда бўлса, никоҳини кўриб қолсак...
— Домлани чақираеринг, — деди Қамариддин унинг сўзини бўлиб.
— Тақсир, ўзлари мулло кўринадилар, — деди мўйсафид Шамсибекка мурожаат қилиб. —
Агар малол келмаса, ўзингиз ўқисангиз. Қишлоғимиз домласи журъат этолмайди.
— Майлингиз, — деди Шамсибек. — Қиз томонга ҳам хабар қилинг, ҳозирлик кўриб
қўйсунлар.
Мўйсафид чиқди. Бир оздан сўнг никоҳ маросими бошланди.
Ҳовлига катта гулхан ёқилди. Йигитлар Ғаниполвонни ўт атрофида айлантириб ёр-ёр
айтишди. Ичкаридан ҳам аёлларнинг ёр-ёри эшитилди. Ҳамма маросим бажо келтирилгач,
одамлар тарқалишди. Қамариддиннинг хоҳиши билан катта ўрик остидаги супага жой
қилдилар. Мўйсафид ҳам супа четига якандоз солди.
— Ғаниполвоннинг волидларидан жой қолмаганмиди? — деб сўради Шамсибек ётар чоғи.
— Э, тақсир, бунинг тарихи узун, — деди мўйсафид супа четига омонат ўтириб. —
Ғанижоннинг дадалари ҳам ном чиқозғон полвон эдилар. Эс-ес биламан, буваларининг ҳам
кураклари ерга тегмаган. Тўхтамурод полвон кураш тушармиш деса, музофотнинг одамлари
ёғилиб келарди. Мард одам эди. Ҳарифига сира шикаст етказмасди.
Бу гапни эшитиб Қамариддин майдондаги воқеани эслади-да, бир қимирлаб олди. Мўйсафид
ҳикоясини давом эттирди:
— Бир куни денг, шу Аҳмадбойваччани дадалари суннат қилдирган кунлари эди шекилли,
улоқ бердилар. Музофотнинг ўн чоғли номдор полвонларини ҳам айттирган эканлар. Катта
кураш бўлди. Тўхтамурод ёнимизда жилмайиб туравердилар. Қарасак, майдонга тушгулари
йўқ. Полвонлар ҳам, одамлар ҳам шу кишига қарашди. Охири бойбуванинг ўзлари чақирдилар,
майдонга туш дедилар. «Айбситманг, бойбува, бугун тушолмайман», дедилар Тўхтамурод.
Шунда бойбува хунук сўзларни айтвордилар. Тўхтамуроднинг ҳамиятлари кучли эди. Белбоғни
маҳкам боғлаб ўртага тушдилар. Икки-уч айлантиришда давранинг зўри бўлиб турган
полвоннинг курагини ер тишлатиб, белбоғни елкаларига ташлаб, совринни олмаёқ чиқиб
кетдилар. Орқаларидан бордик. Аввалига курашга тушмаганларининг боисини сўрадик.
Тўхтамурод тўнни ечиб, яктакни кўтардилар. Белларига денг, иккита ёнғоқдай чипқон чиққан
экан, ҳалиги курашда белбоғ сиқиб юборибди. Биз тўйга қайтдик. Тўхтамуроднинг совринни
олмаганлари бойбувага қаттиқ теккан экан. Ҳалиги полвонларни сархуш қилиб, Тўхтамуродга
юборибдилар. Номардлар денг, у кишини аямай дўппослашибди. Эрталаб борсак,
Тўхтамуроднинг бошлари ёрилган, қўли синган. Қайтар маҳалимиз Тўхтамурод «Eнди бу
қишлоқдан бошимни олиб кетаман. Шаҳристонга бораман», деб қолдилар. Эртасига келиб кўчкўлонларини аравага ортиб бердик. Тўхтамуроднинг иссиқлари баланд, кўзлари киртайган,
бирор кун қолинг, десак ҳам кўнмадилар. Аравага завжалари билан энди тилга кирган
Ғанижонни чиқариб, ўзлари отни етакладилар. У кишидан ўн олти ё ўн етти йил дарак
бўлмади. Ўтган қовун пишиғида Ғанижон кириб келдилар. Эски аравада волидалари.
Марғилондаги бир курашда Тўхтамуроднинг беллари қаттиқ лат еб, қазо қилибдилар.
Ғанижоннинг волидалари хаста эканлар, уч кундан кейин омонатларини топширдилар.
Уларнинг эшикларини Аҳмадбойвачча ўзиники қилиб олган эди. Марҳумани шу ўзимизнинг
эшикдан чиқардик... Агар айбга буюрмасангиз, сиздан бир нарсани сўрасам.
— Марҳамат.
— Билишимча, бу тонг йўлга чиқасизлар. Ғанижонни олиб кетиш ниятидасизлар. Чиллалик
дегандай...
— Дарвоқе, бу томонини ўйламабмиз-ку? — деди Қамариддин.
— Қайтар маҳалимиз кириб ўтсак-чи?
— Маъқул гап. Аммо ножинслар...

34
— Хотиржам бўлаверсинлар, тақсир, бу ёқда биз бор. Энди улар шаръий никоҳдалар,
журъат қилолмайдилар.
Ўртадаги гулхан аста ўчиб борди. Бир-икки учқун сачратгач, қизил чўғ ҳам сўна бошлади.
Сачраган учқунлар худди юлдуз бўлишга шайлангандай, кўкка сапчиди-ю, лекин ердан бир
қулоч узилмай енгил кулга айланиб заминга қўнди. Борлиқ қоронғилик қаърига сингди.
Шамсибек узоқ вақт итларнинг хуришига қулоқ тутиб ётиб, кўзи илинганини сезмади.
Бомдодга туришганида мўйсафид сафар жабдуқларини тайёрлаб қўйганди. Нонуштадан сўнг
отларни етаклаб ташқарига чиқишди.
— Манзилларингиз Андижонми, тақсир? — деб сўради мўйсафид.
— Андижондин икки йиғоч16 йўл. Булоқбоши деган қишлоқ, — деди Шамсибек.
Хайр-хўшлашиб йўлга тушдилар. Бир-бирига кўнгил қўйган қиз билан йигитни қовуштириб
қўйганларидан икковлари ҳам хурсанд эдилар...