ХАТО ВА ҲАҚИҚАТ
«19... йил, 18 апрел. ЎзФА Биофизика илмий-текшириш институти. Профессор Алиевнинг
тажрибахонаси.
Соат 11.00. Бугунга белгиланган тажриба қолдирилди. Медитсина комиссияси
профессорнинг асаб ҳужайраларида ўзгариш қайд қилди. Унинг юрак уришидаги мўътадиллик
ҳам бир оз бузилган.
Тажрибанинг учинчи босқичини эртага давом эттириш мўлжалланди».
Медитсина комиссиясининг хулосаси кутилмаган зарба эди. Жаҳонгир тажрибанинг
дастлабки босқичларида шундай узилиш бўлар, деб ўйламаганди. У аъзоларидаги ўзгаришнинг
боисини билгани учун врачларнинг даволаниш хусусидаги ўгитларини лоқайдлик билан
эшитди. Ҳамшира томирига эм игнасини санчганда ҳам оғриқни сезмади. Комиссия раиси,
«енди бориб дам олинг» дегач, ўрнидан туриб даҳлизга чиқди-да, тажрибахона томонга юрди.
Оқ халат кийган йигит-қизлар билан гавжум бўлгувчи хона бўм-бўш эди. Ўртада, шаффоф
девор ичидаги тоштобут ва икки элаллома, чапда бошқарув столи, ўнгда кумуш рангга бўялган
асосий элаллома. «Тажриба қолдирилгани учун ҳаммага жавоб бериб юборишганга ўхшайди»,
деб ўйлади Жаҳонгир. У аста юриб, асосий элаллома ёнига борди.
Eлектрон алломанинг ишлаш жараёни назарий жиҳатдан ҳал қилингач, тажрибахона
ходимлари унинг бўлажак шакли ҳақида кўп баҳслашишганди. Баъзилар оддий робот шаклида
бўлсин, дейишди, баъзилар замонавий радиоприёмник шаклини таклиф этишди. Лекин
Жаҳонгирга дорулфунунни янгигина битириб келган қизнинг таклифи маъқул келди. Натижада
элаллома шу қиз айтган шаклда саккиз қирралик қилиб бунёд этилди. Асбоб ичи ўн олти
катакдан иборат арининг уясини эслатар, ҳар уядаги ускуналар бир босқични амалга оширар,
бир босқич амалга оширган натижа кейинги уяга ўтарди. Элаллома агар робот шаклида
бўлганида ҳар бир жараён учун бир робот талаб этиларди. Бу ҳам жойни кўп эгалларди, ҳам
тажрибанинг бир меъёрда боришига ҳалал бериши мумкин эди.
Жаҳонгир шу топда нима учундир шакл хусусидаги ўша баҳсларни эслади. Шогирдларининг
куйиб-пишиб тортишишлари кўз олдига келиб, кулимсиради. У ёшларнинг илм борасида
баҳслашишларини хуш кўрарди. «Астойдил, жону дили билан, аммо мантиқий асосларга суяниб
баҳс қилувчи ёшларгина яхши олим бўлиб етишади». Устознинг бу гаплари унинг учун ҳам
қонундай бўлиб қолган эди. Ана шу баҳслар натижасида кашфиёт яратилди — элаллома
шаклланди.
Жаҳонгир орқага қайтиб, эшик ёнидаги креслога ўтирди. Яна элалломага тикилди. «Чакки
иш бўлди, — деб ўйлади у, — ҳолимга қарамаган эканман. Аслида электродларни Мансурга
ўрнатиб, тажрибага раҳбарлик қилаверишим мумкин эди. Мансур ҳали ёш, ҳар қандай
оғирликка чидаш бера оларди. Шуни чуқурроқ ўйлаб кўрмабман. Ҳали ҳам унга айтсаммикин?

11 Kaptar.

24
Қандай айтаман? Тўлқинга ўхшаб жавоб қайтарса-чи?.. Йўқ... Нима бўлганда ҳам тажрибани
охирига етказишим керак.
Қизиқ... Элаллома бир хилда — ўзгаришсиз ишлаяпти. Аввалги мурдаларда ҳам шундай
ишлаганди. Қабул қилиш, тиклаш, узатиш, таҳлил, хулосалаш давридаги кучланиш
ўзгармаяпти. Лекин икки тажриба натижасидаги фарқ осмон билан ерча. Сабаби нимада?
Мурдалардами? Ёки ташқи муҳитдан бирор таъсир бўлдимикин?..»
Eшик очилиб, Жаҳонгирнинг фикри узилди.
— Мен кетиб қолдингизми, деб ўйлабман, — деди хонага кирган чуваккина йигит. Бу
Жаҳонгирнинг истеъдодли шогирдларидан бири, тажрибани бошқараётган Мансур Халилов
эди.
— Кетганимча йўқ, энди нима қилишни ўйлаётган эдим. Қани, ўтир, хўш, нима гап?
— Тажриба усулини бир оз ўзгартирсакмикин?
— Нима учун?
— Сиз...
— Қандай таклифинг бор?
— Элалломага робот уласак қандай бўларкин?
— «Қандай бўлишини» ўйлаб кўрмадингми?
— Ҳисоблаб чиқдим. Агар робот уласак, тажрибанинг бориши тезлашади. Ундан ташқари, бу
ишдан психоробиклар12 ҳам манфаатдор бўлишади.
— Робот тайёрлаш учун кетадиган вақтни инобатга олдингми?
— Янги робот яратмай, таржимон роботларни мосласак-чи?
— Мумкин эмас. Бу иш учун махсус робот яратиш керак. Лекин сен айтган усулни ҳам
қўллаб кўрамиз. Бу тажриба тугагач, робот ёрдамида яна қайтарамиз. Кейин натижасини
солиштирамиз. Шундай қилса, психоробиклар учун кўпроқ фойда бўлади. Ундан ташқари, вақт
ўтиши билан биотўлқиндаги ўзгаришларни ҳам аниқлаб оламиз. Сен Кибернетика
институтининг психоробика тажрибахонаси билан боғлан. Тажриба учун керакли робот
яратишда ёрдамлашишсин.
— Хўп, бугуноқ гаплашаман.
«19... йил, 19 апрел. ЎзФА Биофизика илмий-текшириш институти. Профессор Алиевнинг
тажрибахонаси.
Соат 15.30. Тажрибанинг учинчи босқичи бошланди. Профессор бугун ўзини яхши ҳис
қиляпти. Юрак уриши мўътадил. Медитсина комиссияси бугун унинг миясида ва асабларида
ўзгаришни қайд қилмади.
Соат 20.15. Тажрибанинг учинчи босқичи якунланди. Элалломалар режа асосида узлуксиз
ишлади. Профессорнинг соғлиғи яхши. Тажриба эртага давом этади».
Кўча одатдагидан гавжумроқ эди. Тўп-тўп бўлиб келаётган ёшлар қаттиқ-қаттиқ гапириб,
ниманидир муҳокама қилишарди. «Дарвоқе, бугун футбол бор эди». Жаҳонгир хиёбон бўйлаб
аста юриб борар, тажрибанинг мураккаблашаётганини ўйларди: «Шамсибек Улуғбекдан тайин
вазифа олди-ю, уйига қайтди. Ҳозирча Улуғбек бир марта суҳбат қурди. Шу билан тамомми?
Шамсибек Булоқбошида, ўз уйида шаҳид бўладими? Палак-чи? Бу ҳақда ҳозирча маълумот йўқ.
Тажриба ҳали узоқ давом этадиган кўринади. Қувватим етармикин? Асаблар бўшашяпти. Ёки
дам олсаммикин? Йўқ, дам олишга фурсат бор. Элаллома яхши ишлаяпти. Бироқ, бари бир
мукаммал эмас. Унинг учун фақат чиримаган жасад лозим экан. Тўқималарда гап кўп. Мен
шуни ҳисобга олмабман. Энди элалломанинг сезгичини тахминан саксон-тўқсон баробар
ошириш керак. Шунда у жасад танламайди. Сезгични кучайтириш учун қўшимча мосламалар

12 Psixorobika — robotlar psixologiyasi. Kelajakda robotexnika bazasida vujudga kelishi mumkin bo‘lgan fan tarmog‘i.

25
ўрнатилса асбоб ўн баробар катталашади. Шунда ҳозирги тажрибахона торлик қилиб қолади.
Янги бино сўраш керак. Ҳозир сўрасам, келгуси баҳоргача беришар...
Жамшид бугун келмади. Футболга боргандир. Иши нима бўлди экан? Жуда қийналиб кетди.
Мен ёшлигимда бунчалик қийналмагандим. У шубҳасиз зўр истеъдод эгаси. Қизиқ, мен буни
била туриб ўзига айтмайман. Кўпроқ ишлашга мажбур қиламан. Унинг янги автомобили жаҳон
миқёсидаги кашфиёт бўлади. Ўшанда унга оқ фотиҳа бераман. Шундан сўнг менинг
ўгитларимга ҳожат қолмайди. Истасам-истамасам шуҳрат либосига ўралади. Фақат ўзини тутиб
турса бас.
Ўғлимнинг кашфиёти ҳар қандай автомобил ҳалокатига чек қўяди. Эхолокатсиядан шу
даражада фойдаланиш биониканинг катта ютуғи. У бунга икки йил ичида эришяпти. Яхши
натижа. Лекин тажрибалари кўнгилдагидек чиқмаяпти...»
Жаҳонгир анҳор томонга бурилди. У хизматдан қайтар маҳали кўпинча шу соҳилда ҳордиқ
чиқарарди. Ҳозир ҳам суянчиқсиз курсига ўтириб, сувга тикилди. Анҳор тўлиб оқяпти. Лойқа
сувнинг юзасида хас-чўплар қорайиб кўринади. Жаҳонгир ҳеч нарсани ўйламай тиниқиб олиш
мақсадида қирғоққа шип-шип урилаётган тўлқинчаларни кузатди. Шу зайлда ўтирди. Кейин
уйи томонга йўл олди. Муюлишда бир қиз билан турган ўғлини кўриб, уларни хижолат
қилмаслик учун орқасига қайтмоқчи эди, улгурмади. Жамшид отасини кўриб, у томон юрди.
— Дада, телефон қилсам, тажриба тугамади, дейишди. Кейин борсам, чиқиб кетган экансиз.
Ҳайрон бўлиб турувдим, — деди у яқинлашиб. Сўнг қизни таништирди. — Лолахон, бирга
ишлаймиз.
Қиз салом берди.
— Энди мен борай, — деди кўзини ерга тикиб. Жаҳонгир хайр, деб йўлида давом этди.
Жамшид сал ўтмай унга етиб олди.
— Уни кузатиб қўймадингми? — деди Жаҳонгир.
— Унамади. Уйи яқин...
— Ишларинг қалай?
— Ишларим... ёмон эмас.
—Яширяпсанми?
— Айтганимнинг фойдаси йўқ. Фақат ишингизга халал беради.
— Айтавер.
— Қисқаси... Тажрибаларимни тўхтатиш ҳақида буйруқ чиқди.
— Нега?
— Кейинги тажрибалар ҳам яхши натижа бермади.
— Буйруқни ким берди?
— Ким бўларди, илмий раҳбарим. Диссертатсия мавзуини ҳам ўзгартир, деб айтди.
— Бўлмаган гап! Бундай қилишга унинг ҳаққи йўқ!
Жаҳонгир уйга кириб, бир пиёла чой ичди-да, ўрнидан турди.
— Сен овқатга ҳаракат қил. Мен дарров қайтаман,— деб Жамшиднинг илмий раҳбари
Суҳроб Хўжаевникига йўл олди. Жаҳонгирнинг бу олим билан эски танишлиги бор. Бироқ
салом-алиги кўпдан бери йўқ эди. Жаҳонгирнинг кечки пайт йўқлаб келиши Суҳробни ҳайрон
қолдирмади. Меҳмонни сунъий илиқлик билан қаршилаб, ичкарига бошлади. Жаҳонгир
дастурхон тузамоқчи бўлган аёлга эътироз билдирди. Холи қолишгач, сўз бошлади:
— Нима учун келганимни пайқагандирсан?
— Ўғлинг масаласидадир?
— Йўқ, ёш олимнинг тақдири масаласида. Сенинг ёш олимга бўлган муносабатинг ҳақида
гаплашгани келдим. Жамшид менга бегона бўлганида масалангни академияга қўйган бўлардим.
— Мен шу даражада катта гуноҳ қилибманми?
— Сенингча гуноҳмасдир. Лекин тажрибани тўхтатиш ҳақидаги буйруғинг, менимча, фан
олдида катта жиноят. Тажрибани тўхтатишга ҳаққинг йўқ!

26
— Тажриба боши берк кўчага кириб қолди. Энди ундан янгилик кутиш қийин. Мен давлат
пулларини шамолга совуролмайман. Менинг тажрибахонам бехато ишлаши керак.
— Бу ўзингнинг фикрингми ё бирор кўрсатма борми?
— Бу фикр эмас, принтсип! Мен шу асосда ишлайман. Хатоларга тобим йўқ.
— Мана шу «принтсип» сенинг қусуринг. Сен ҳамиша енгил йўлни излардинг. Бошқалардан
ҳам шуни талаб қиласан.
— Мен устозман. Шогирдларимни истаган йўлимга бошлайман. Улар аниқ ва бехато
ишлашлари керак.
— Хатога йўл қўйсалар-чи?
— У ҳолда бу соҳани ташлашлари керак ё мавзуни ўзгартиришлари лозим.
— Йўқ. Ҳақиқат йўлида кўп хатолар бўлади. Агар биргина хато деб, ҳақиқат йўли
тўсилаверса биз ҳалигача ибтидоий давр чегарасидан ҳатламаган бўлардик. Биофизика тарихи
ўн еттинчи асрга, Декартнинг фикрларига бориб тақалади. Биофизика институти эса илк марта
1919 йилда асос топди. Шу вақт орасида қанча кашфиётлар қилинди, қанча хатолар рўй берди.
Агар шу фикрингда турсанг, Леонардо да Винчини ҳам суриб ташлашинг керак. Ахир у таклиф
қилган пўлат қуш ҳеч амалга ошмайдиган иш-ку? Ҳолбуки ўша қуш кейинчалик самолёт яратиш
фикрига туртки бўлди. Энди уни биониканинг асосчиларидан деб тан оласизлар-ку?
— Тарихий мисолларни жиним ёқтирмайди. Бу билан ақл ўргатишга тиришма. Ундан
ташқари, сенинг ўғлинг Декарт ҳам эмас, Леонардо да Винчи ҳам эмас.
— Сенга кўп нарсалар ёқмайди. Лекин дунё сенинг истагинг билан тирик эмас.
— Балки шундайдир. Лекин ҳозирча сеникига нисбатан менинг истакларим рўёбга чиқяпти.
— Масалан?
— Масалан, академияга сайлов пайтида сенинг эмас, менинг номзодим ўтди. Сен шунинг
аламига мени танқид қилиб, чалиш йўлини излаяпсан. Сендан илтимос, бундай пуч гаплар
билан мени безовта қилма. Мен бекорчи одам эмасман.
Жаҳонгир шашт билан ўрнидан турди. Вужуди ғазабдан титраб кетди. Аммо индамади. Эшик
томонга юрди. Остонага етганда, Суҳроб уни тўхтатди:
— Ҳамма гап омадга боғлиқ экан. Бир замонлар сенинг омадинг келиб, бахтинг кулган эди.
Омад энди менга кулиб боқди.
Жаҳонгир унинг кўзларига тикилди. Бир пайтлар у шу кўзларидан ёш тўкиб «Маърифатни
севаман, усиз яшай олмайман, уни тинч қўй», деган эди. Лекин Маърифат Жаҳонгирни
танлаган, шу-шу улар орасидаги борди-келди йиғиштирилган эди. Суҳроб буни ўттиз йилдан
бери кўнглидан чиқармаган экан. Мана, ҳозир вақтни бой бермай ўч олганидан хурсанд.
Жаҳонгир унинг шодлигини сезди. Остона ҳатлаб ташқарига чиқди. Икки қадам қўйди-ю,
орқасига қараб: «Аблаҳ экансан!» деди.
Суҳроб тиржайганича эшикни қаттиқ ёпди.
Жаҳонгир дуч келган машинани тўхтатди-да, уйига кетди. Жамшид овқат тайёрлаб, кутиб
ўтирган экан. Унга «ўзинг еявер, овқатланиб келдим», деб хонасига кирди. Қоғоз-қалам олиб,
Фанлар академиясининг президиумига мактуб ёзди. Кейин тажриба кундалигини очди.