АСЛ ОЛТИН ВА ИНСОН ҚОНИ
АСЛ ОЛТИН ВА ИНСОН ҚОНИ
(Кундаликнинг иккинчи саҳифаси)
Шамсибекни бу сафар Чилстун томонга бошламадилар. Сўл томондаги гулзор ёқалаб,
фаввора отилиб турган саҳнга чиқишди. Қуёш уфқ сари бош қўйган, унинг кучсиз нури бирбирига урилаётган марварид сув томчиларида акс этарди. Фавворадан сал наридаги шоҳсупада
Улуғбек мутолаа қилиб ўтирарди. Шамсибек султонга ҳалал бермай, деб туриб қолди. Буни
сезган Қамариддин унга секингина:
— Давлатпаноҳнинг ўзлари буюрганлар, бораверинг, — деди. Шамсибек илдам юриб, супага
яқинлашди-да, тиз чўкиб қуллуқ қилди.
Улуғбек китобдан бош кўтарди. У оддий сариқ тўн кийиб олган, шу топда султонга эмас,
кўпроқ мударрисга ўхшаб кетарди. Шамсибек тўннинг барини ўпди. Улуғбек унга жой кўрсатди.
Қамариддин суҳбатдан воқиф бўлишга эҳтиёж йўқлигини англаб, таъзим билан орқасига
қайтди.
Улуғбек хонтахта устидаги китоб билан қоғозларни эҳтиётлаб олиб қўйди.
— Бу тун Миррих Ерга яқинлаша бошлайди, — деди у йигитга қараб. — Расадхона аҳли шу
учрашувга тайёрланяпти. То юлдуз тошгунча сен билан яқинроқ танишай, деб эдим.
— Қулингизман, шаҳриёрим.
— Сен менинг эмас, Оллоҳнинг қулисан. Бул ҳақиқатни зинҳор унутма. Сени дастлаб
таърифлашганда, улусни алдашингни айта туриб: «У имонсиз гумроҳ ҳамдур», дейишиб эди. Бу
таърифнинг боиси недур?
Шамсибек дарров жавоб бермади. У шариат тақиқлаган китобларни мутолаа қилгани учун
шаҳриёрнинг қаҳри келар, деб ўйламасди. Аксинча, Улуғбекнинг шариат пешволари сўзини
кўпам инобатга олавермаслигини биларди. Уни бошқа бир сир сукут сақлашга мажбур этган
эди. Шамсибек ўзи ҳақидаги бу қадар батафсил маълумотнинг олампаноҳ қулоғига қай йўсинда
етиб келганини билолмай гаранг эди. У султоннинг тик назарига қарашга ботинмай, бошини
эгиб гапирди:
— Мен «Махариқ ал-анбиё»5 билан «Хиёл ал-мутанабийин»6 мутолаа қилиб, мазмунини
баъзи дўстларимга тушунтириб эдим.
— Демак, пайғамбарларнинг муборак номларига тил тегизибсан-да?
— Мен устозимнинг фикрларини ўзимча талқин этдим, холос.
— Устод дедингми? Ар-Розий устодликка арзигулик аллома!
Шамсибек хонтахта устидаги китобларга беихтиёр кўз қирини ташлади. Уларнинг бири Абу
Райҳон Берунийнинг «Қонуни Масъудий» иккинчиси — Батлимуснинг «Ал-Мажистий» асари
эди. Шамсибек Батлимуснинг китобини кўрдию хаёлига келган бир фикрни айтишга журъат
этди:
— Ар-Розий Батлимусу Афлотуну Ақлидуслар билан илм бобида беллашадиган аллома.
5
«Payg‘ambarlarning qilmishlari», «Soxta payg‘ambarning hiylasi»— 865—925 yillarda yashagan buyuk hakim,
alximik, faylasuf alloma Abu Bakir Muhammad ar-Roziyning asarlari.
6
Ptolomeyning «Almagest» asari. (Sharqda «Almajistiy», ba’zan esa «Al-masjidi», deb ham yuritilgan).
21
— Балли! Ҳақ гап айтдинг. Уни-ку, устоз деб билибсан, шараф сенга. Вале, Абу Али ибн
Сино ҳам ар-Розийни устоз деб билганини унутма. Таҳассурким, шундай улуғ алломанинг
йўлини тутганлар ғоят кам эрур.
— Аммо фалакиёт илмига сиз каби ихлос қўйганлар бисёр.
Улуғбек йигитга тикилиб қолди.
Шамсибек, ножўя гап айтдим шекилли, деб ўрнидан туриб, қўл қовуштирганча узр сўради.
Улуғбек қўли билан жой кўрсатгач қайтиб, омонатгина ўтирди.
— Фикрингча, фалакиёт илми табобат ёки риёзиёт ёинки кимёдан паст даражадами? —
Улуғбек йигитнинг яна туришга чоғланганини кўриб, қўшиб қўйди. — Илм ҳақида гапирганда
ўзингни эркин тут.
Шаҳриёр эркин сўзлашга ижозат берса-да, Шамсибек фикрини очиқ билдиришга ботинмас,
ҳар бир сўзини ақл тарозисида ўлчаб, кейин айтарди.
— Табобат ва кимёда устознинг тенги йўқ эди. Мен ҳам устоз каби кўпроқ Ер илмларидан
баҳраманд бўлишга ихлос қўйганман. Раият учун шу илмларнинг нафи бор деб ўйлайман.
Айниқса табобат илми фуқаронинг офияти, учун зарур. Устоз ар-Розийга қадар инсонлар чечак
билан оғриб кўп озор кўрганлар. Устоз чечакни қайтарувчи эм йўлини кашф этдилару бу
азоблар барҳам топди. Табобат илми хасталикларни тарқатувчи инсу жинсларни кашф этди.
Афсуским, одамлар булардан ҳануз бехабарлар. Ҳакимларнинг сўзлари қулоққа олинмайди. Шу
боис ўлим кўп, умр қисқа. Агар давлатпаноҳнинг ихтиёрлари-ла табобат билан кимё илми
ривож топса, нур аъло нур бўлур эди.
— Яъни?
— Яъни, дорулшифоиялар қурилса раият офияти бисёр хўб бўлурми, дейман.
— Истагинг кўп маъқул. Аммо фалакиётни назарга илмаганинг чакки. Бир бармоқнинг кучи
ҳеч қанча эмас. Илм ҳам шундай. Замин илмларининг бари бир-бирига омухта. Донишманд
аллома бу илмларнинг барчасидан хабардор бўлмоғи даркор. Устозинг шундай эди. У
фалакиётнинг табобатга кўп таъсири борлигини ҳам билган. Ерда хасталик тарқаб, қирғин
бошланишига фалакдаги ўзгаришларнинг сабаб бўлишини ўйлаб кўрмаган экансан. Билки,
гавҳари анжум7 самога шунчаки сочиб юборилган эмас. Улар Оллоҳнинг иродаси билан туркумтуркум бўлиб ўрнашганлар ва бир-бирларини ақл бовар қилмовчи куч билан тортиб турурлар.
Курраи арзни ҳам бўлак сайёралар тортиб турур. Агарчи тортиб турувчи бу куч бўлмас экан,
юлдузлару сайёралар қоришиб кетур эдилар. Шунингдек, бу куч мавжудликдан йўқолса,
осмонга отилган тошдан тортиб тўмор8
игача заминга қайтиб тушмас эди. Самонинг бул кучи
курраи арз илмларини ҳам бир-бирига монанд тортиб турур. Бири биридан узилса муддаога
эришилмайди. Хўш, фикрингча, табобат умр узайтира олишга ҳозир қодирми?
— Ожиз, шаҳриёрим.
— Сабаб? Сен Абу Али ибн Сино тарийқини хато деб билурсанми?
— Зинҳор! Ибн Сино тарийқи — узоқ умр кўришнинг ягона йўли. Лек ҳеч кимса бунга тўла
амал қилмайди. Бу бирламчи. Иккиламчи — ҳакимнинг асабни эҳтиётлаш ҳақидаги қонунини
бажо келтирмоқ мумкин эмас. Асаб аста-аста ишдан чиқиб бориб, умрни эговлайди.
— Демак, бандаларнинг орзуси синиқ экан-да?
— Бедаво хасталикларга шифо бермоққа сабабчи бўлгувчи табобат бу муаммони ҳам ҳал
қилур.
— Инша Оллоҳ.
— Унгача балки юз йил, балки ундан кўпроқ йиллар ўтар, ҳакимлар бу сирдан ҳам воқиф
бўлурлар. Айтайлик, танбур торлари ҳадеб чертилаверса, оқибат соз бузилади. Одам асаби ҳам
шундай. Бола туғилганида асаблар созланган бўлади. Йиллар ўтавергач, соз бузилади. Ана шу
пайтда яна бир қайта созланса, умр узаюр.
7
Yulduzlar gavhari.
8
O’q-yoy.
22
— Баракалла! Табобатдаги зеҳнингни менга айтишмаган эди. Иқтидорингни фикрларинг
ошкор қилиб қўйди... Сохта олтин қуйишингдан хабар топиб эдим. Аммо сен ишлаган бир
узукни кўриб таажжубда қолдим. Олтинни сохта десам, соҳиби иёр9 бундай тоза олтинни то
ҳануз учратмаганман, дейди. Бу муаммога тушуна олмадим.
— Шаҳриёрим, дарҳақиқат мен сохта олтин, сохта кумуш қуя оламан. Бу ҳам устозимнинг
таъсири. «Китоб сирр-ал-асрор»да10 баён қилинган усулларни хўп англаб олганман. Устоз
раиятни алдаб бойишни ўзларига эп кўрмаганлар. Мен ҳам у кишининг чизган чизиқларидан
чиқмадим. Асл олтин билан кумушга муҳтож бўлмаган буюмларга безак учунгина сохтасини
ишлатдим. Сиздаги узукка ишлатилган олтинни ар-Розийнинг шогирдигина олиши мумкин.
— Қай йўсинда? Сир эмасми?
— Буни амалда кўрсатиб бермагани учун Хуросон ҳокими Абу Солиҳ Мансур ар-Розий
бошига китоб билан урдириб кўр қилган экан.
— Донишмандни жазолаш иблиснинг иши. Шоҳ нуфузи билан донишманддан устун бўлса,
донишманд шоҳдан билими ила улуғ. Донишманднинг шоҳга эҳтиёжи йўқ, аммо шоҳ
донишмандга ҳамиша муҳтождир. Алломага жазо берган султонда на ақл, на имон бўлади.
Орага сукут чўкди. Улуғбекнинг бу сўзидан кейин Шамсибек сирни очишга эҳтиёж сезди.
Зотан Улуғбекнинг бу сирдан воқиф бўлиши, Шамсибекнинг назарида, фойдадан ҳоли эмасди.
— Афв этинг, шаҳриёрим, менинг бундай фикрим йўқ эди. Фақат устоз фожиаси хаёлимга
келганидан айтдим... Асл олтин олиш учун инсон қони даркор...
— Қон?
— Ҳа, сизга юборган узукнинг олтинини қайта қуйиб, қуритилган қон билан сифат
берганман.
— Қонни қаердан олдинг?
— Ўзимдан.
— Сен ўз қонингни ҳамиша ишлатавермайсан-ку?
— Мен асл олтиндан ҳар доим узук ҳам қилмайман.
Шу топда азон чақириғи эшитилди. Аср намозининг вақти бўлган эди. Улуғбек юзига фотиҳа
тортиб, ўрнидан қўзғалди. Шамсибек ҳам туриб, қўл қовуштирганича шаҳриёрнинг юришини
кутди. Улуғбек бир-икки қадам ташлаб, тўхтади-да, ҳалигача ҳурмат юзасидан қўл қовуштириб
турган Шамсибекка юзланди:
— Бундан буён олтинга қон ишлатишингни ман этаман. Қон тўкмак танбеҳга лойиқ ишдир.
Ва бундай қилувчи кишининг умри қисқа бўлур. Улуғбек салтанатида инсон қони безак учун
тўкилмаслиги даркор. Уқдингми?
— Хўп бўлади, шаҳриёрим.
— Эртага дам ол. Шанба нонуштадан сўнг заргарларга бош бўлиб, хазинадаги олтинкумушларни саралайсан. Сўнг дорулшифоия учун шаҳардан жой танла. Табобат илмига ихлос
қўйганларни, энг зукко ҳакимларни тўплаймиз. Самарқанд табобат илмининг ҳам маркази
бўлсин.
— Маъқул. Аммо жой танламоқ учун бир неча қўзи сўйиш лозим.
— Сабаб?
— Гўштларни шаҳарнинг ҳамма даҳасига, очиқ ҳавога илиб қўямиз. Гўшт қайси даҳада
секин бузилса, ўша ерга дорулшифоия қуриш мумкин.
— Баракалла! Зеҳнинг таҳсинга лойиқ.
— Шаҳриёрим, яна бир узрим бор.
— Айт.
— Мен истакларингизни бажо келтирсаму уйга қайтсам.
— Сабаб?
9
Oltin-kumushlarning soflik darajasini aniqlovchi.
10 «Sirlar siri kitobi».
23
— Кўгарчин11 эркинликни севади.
— Аммо тоза осмондаги беозор кўгарчинга нодон қирғийлар ҳамла қилиши мумкин.
— У ҳолда қишлоққа бориб келишга ижозат берсангиз. Оиламни олиб қайтсам.
— Бу ишинг маъқул. Қамариддин сафар анжомларингни тайёрлаб беради. Ўзи ҳам ҳамроҳ
бўлади. Хазинани қайтиб келганингдан сўнг саралайсан.
Шамсибек аср намозини сарой аҳли, мирзонинг шогирдлари билан ўқиди. Тун ёйилганда
Қамариддин уни қўноққа узатиб қўйди. Йўл-йўлакай Шамсибек шаҳриёр билан бўлган суҳбатни
ҳикоя қилди. Қамариддин буни эшитиб:
— Ҳа, дунёда улуғлар кўп, аммо Улуғбек битта, — деб қўйди.