Маъюс табассум бердилар.
Бармоқларини қимирлатиб-қимирлатиб, отамиз қўлини изладилар.
Отамиз титрамиш қўлини кафтлари орасига олдилар.
Онамиз юзлари тағин-да ёришди. Отамиз кафтларини ҳис этдилар-да!
Онамиз кўзларини юмиб-очдилар, юмиб-очдилар...
Отамиз сокин ўтира бердилар.
Шунда, аёллардан бирови отамизни туртди.
Отамиз туртмиш аёлга қарадилар. Ана шундагина нима гаплигини тушундилар...
Кўнгиллари орзиқиб-орзиқиб кетдилар...
Отамиз, онамиз юзларига эгилдилар.
— Момоси, мендан рози бўл, момоси... — дедилар. — Кўзингни оч, момоси, мендан рози бўл... Онамиз тағин кўзларини юмиб-очдилар, юмиб очдилар... Билинар-билинмас бош қимирлатдилар...
Отамиз ўкириб юбордилар...
11
Аёллар овоз бердилар:
— Вой, ҳамсоям-е, ҳамсоям-е!..
Онамиз бир кеча меҳмон бўлдилар. Бир уй аёллар қуршовида ётдилар.
Ичкарида аёллар онамиз теварагида ҳалқа бўлиб садр тушди.
Ташқарида эркаклар уй теварагини айланиб-айланиб йиғлади. Айтиб-айтиб йиғлади:
— Холамов-в, холамов-в!..
— Опамов-в, опамов-в!..
— Аммомовв-в, аммомов-в!..
Чор тарафга чопар кетди.
Чопар қишлоқ кўчалари бўйлаб жар солди:
— Халойиқ, барчангиз Қоплон қоровулникига жанозага! Бу ҳамманинг бошида бор савдо, халойиқ!..
12
Одамлар оқиб-оқиб кела берди.
Уй одамлар қуршовида қолди.
Одамлар онамизни ёдладилар,
— Бечорани элликни қариблаган аёл деб бўлмас эди. — Икки юзи қип-қизил анордай эди.
— Сўрамоқдан айб йўқ, бечора нечада кетибди? — Қирқ саккизда, дейишаяпти.
— Шундай, элликни қариблаб борибди.
— Энди, элликда деб дуо олади-да?
— Шундай-шундай, элликда деб дуо берилади.
— Ўзи, беморхонада дейишиб эди-ку?
— Дўхтир, олиб кетинглар, одам бўлмайди, дебди...
13
Ёш-яланглар момомлаб-момомлаб йиғлади: Осмондаги қирқ юлдуз

83


Қиялаб кетади ботгани, Вой момом-ов, момом-овв! Мен момомни бир ўпайин, Қиёмат кетади ётгани, Вой момом-ов, момом-овв!
Ёши қайтишлар онамлаб-онамлаб йиғлади:
Ҳовлимизнинг толини Тобут бўлсин, дебмидик Вой энам-овв, энам-овв!..
14
Увол-савобчи аёллар уйларни бир-бир қаради. Уйларда тўшалмиш гиламларни кўтариб-кўтариб кўрди.
Бир уй ости тахтасиз ер бўлди.
Аёллар ана шу тахтасиз уй гиламини йиғиб олди. Уй ўртасига бўйра тўшади. Икки обтова сув олиб келди.
Аёллар онамизни кафтларида олиб келди. Ана шу бўйра узра ётқизди.
Уволчи аёл обтовада сув қуйди, савобчи аёл...
Онамизни ювди! Бошдан адоқ ювди. Силаб-сийпаб ювди...
Аёллар онамизни оппоқ сурпга ўраб-ўраб олди. Кафтларида тобутга ётқизди.
Онамиз сўнгги манзилларига... сўнгги манзилларига пок-покизагина бўлиб жўнадилар.
15
Тобутга-да оппоқ сурп ёпилди.
Бу, ёшини яшаб ўтди, аломати бўлди.
Eл тобут пойида... онамиз пойида тизилиб-тизилиб жаноза ўқиди.
Тобут... онамиз эл кафтида қалқиб-қалқиб жўнади.
Eл тобутга... онамизга талпинди. Тобутни... онамизни кафтида кўтариб бориш ниятида бўлди. Ақалли қўлини теккизиб бориш пайида бўлди.
Eл тобут кетидан... онамиз кетидан қабристон борди.
16
Онамиз лаҳадга қўйилди.
Мозорга тупроқ тортилди. Тупроққа чим босилди.
Одам боши бир сўмдан исқот берилди.
Бир дастрўмолдан оқ йиртиш берилди.
Домла қабр бошида қироат билан-қироат билан Қуръон ўқиди:
— Аузу биллаҳи минаш, шайтонир-рожим. Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим! Табарокаллази биядиҳил мулку ва ҳува ала кулли шайин қодир. Аллази холақол мавта вал ҳаята лияблувакум айюкум аҳсану амала. Ва ҳувал азизул-ғофур аллази холақо сабъа самаватин тибақо. Ма таро фи ҳолқиррохмани мин тафавут. Фаржиъил басаро ҳал таро мин футур. Суммар жиил басар. Карротайни янқолиб илайкал басару хо сиав ва ҳува хасир. (Тошбўрон қилинган шайтондан Оллоҳнинг паноҳига сиғинаман. Беҳад раҳмли, ниҳоятда меҳрибон Оллоҳ номи билан! Эгалик қўлида бўлмиш зот улуғ бўлди. Ва у ҳар нарсага қодир. Ул зотики яратди ҳаётни ва мамотни. Имтиҳон қилиш учун қайсиниси амал жиҳатдан яхшироқ. Ва у ғолиб мағфиротлик, қайсики
84


яратди етти осмон табақасини. Кўрмайсан Оллоҳ яра-тишида бирор камчилик. Тиккин кўзингни. Кўрасанми бирор ёриқ. Сўнгра тиккин кўзингни қайта-қайта. Қайтади кўзинг сенга ноумид бўлиб ва толиб).
Юзларга фотиҳа суртилди.
Тупроқдан яралмиш онамиз, тағин тупроқ бўлиб кетдилар!
VII
Қоралар ариқ ёқалаб-ариқ ёқалаб кела берди.
— Кетганга ўхшайдилар, кўринмаяптилар.
— Йўқ, ҳали кетмаганлар. Ёнбошлаб ётган бўлсалар керак.
Маъшуқ овоз бобомизга таниш туюлди. Эътибор билан эшитдилар.
— Манави ерга ўтирайлик.
— Сабр, қил, қўлрўмол билан ўтларни артиб ташлайин, ана, энди ўтир.
— Уҳ, пидананинг исини. Юлманг, биздан кейин ҳам келадиганлар бор. Исини кафтимда олиб бераман. Мана, исканг.
— Йўқ, қонмадим. Учларини силкиб юбор.
Бобомиз ҳайрат билан ёқа ушладилар... «Ё, тавба, маъшуқ овоз ҳамсояси Менгтўранинг қизи бўлди. У буёқда нима қилиб юрибди? Ё... Йўғ-е! У ҳали гўдак-ку. Дарров-а? Айтиб бўлмайди, қиз бола шайтон бўлади. Уёқдан буёққа қарагунча бўй беради»...
Ошиқ овоз бобомизни ҳаминқадар ҳайрон қолдирди.
Ошиқ овоз момомиз, акасининг ўғли бўлди...
Жимжитлик бўлди. Маъюс кулги бўлди.
— Шеър ўқиб берайинми? Яқинда ёдлаб олдим. Қара, эшит:
Ёришмоқда олис чек ҳам, Тонг фусункор, сулув бирам. Ғазал янглиғ жарангдор дам, Янгроқ ҳаво эсингдами?
Сукунат бўлди. Қўлингиз мунча қаттиқ, демиш овоз бўлди. Овоз эркали бўлди. Гинадан кўра, миннатдорликка мойил бўлди.
Бошланар тўрғайлар куйи, Табиатнинг тонгги тўйи, Ёруғ рўё эсингдами?
Бобомиз беихтиёр бош ирғадилар. Ойдин ранги, кўк йўнғичқа бўйи, байтдан кайфлари чоғ бўлди.
— Қара, тағин бир шеър ўқиб берайин.
Байтлар ғамза билан ўқилди.
Хаёллари, ўйлари қўйнидаги бобомиз, хушвақтликлари, руҳий ҳайитлари қўйнидаги бобомиз байтларни эшитмадилар. Адир бетидаги қоп-қора ёнғоққа термилдилар. Юксакланиб кетмиш Вахшивор қирларига, Кераготоғ чўққилари бағрида элас-елас оқариб кўринмиш оппоқ қорга тикилдилар.
Байтларнинг сўнгги мисрасини эшитдилар.
85


Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган ер. Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер.
Юзларида, кўнгилларида ёруғ табассум ўйнадилар.
— Ҳай-ҳай-ҳай... — дея пичирладилар.
— Бундай бемаҳалда қолиб кетмасдилар-ку? — деди ошиқ.
— Кетгилари келмаяпти шекилли, — деди маъшуқ.
— Кўнгиллари бузилиб ўтиргандир.
— Кечроқ энам, бобонгнинг мол-ҳолларига қарайин деб, даричадан қайтиб келди. Ўзлари қара- ётган эканлар, вайрон кўнгилларини баттар вайрон қилмайин деб бормадим, деди.
— Отам, ҳар оқшом момонгникига бориб молҳолга қара, деди.
— Оқшомлари борсак, бир-биримизга гап қўшмаймиз, майлими? Бўлмаса билиб қоладилар.
— майли.
— Қоронғилатиб адир айланамиз...
— Момомиз қазо қилганидан буён телевизор, радио қўймаймиз.
— Биз ҳам қўймаймиз.
— Энам қора кийиб юрибди.
— Менинг отам бир куни янгироқ кийимини кийиб шаҳарга бормоқчи бўлиб эди, энам уришди, одаммисиз ўзи, деди. Отам фаросатсизлигидан ўзини койиб, яна қора кийди.
— Биз ҳам қора кийимларимизни кийиб юрибмиз.
— Энам тақинчоқлариниям сандиққа солиб қўйди.
— Укаларим оқшомлари ашула айтиб ўйнарди, энам уришди. Азалимиз, бованг эшитиб қолса нима деган одам бўламиз, деди.
— Энди момомизнинг қирқи ўтгунча шундай бўлади.
— Бовамиз буёқларга келиб юришимизниям билармикинлар? — деди маъшуқ.
— Билмасалар керак, — деди ошиқ.
— Момомизнинг вафоти куни сен ҳам йиғладингми?
— Бўлмасам-чи, уйни айланиб, момомлаб йиғладим.
— Мен энамлаб йиғладим.
— Қара, кетибдилар.
— Юринг, Сайрак адирга энди биз чиқамиз...
Ошиқ-маъшуқ қўзғолди. Ариқ ёқалаб юрди.
Бобомиз кўнгиллари ёришди. Тўлқинландилар. Ўтиришларини-да, туришларини-да билмадилар. Кетларига хиёл чайқалиб, кўзларини юмдилар. энтикиб-ентикиб нафас олдилар. Кийимлари ўзларига торлик қилаётгандай бўлдилар. Ёқаларини кўтариб-кўтариб, кўкракларини шамоллатдилар.
Жойларидан авайлаб турдилар. Этакларини қоқдилар. Ўтира бериб қотиб қолмиш қаддиларини ростлаш учун белларига қўлларини тирадилар.
Адирламиш ошиқ-маъшуқлардан кўз узмадилар. Суқланиб-суқланиб қарадилар...
Беихтиёр... беихтиёр қишлоққа боражак сўқмоқдан йўл солдилар...
— Момоси, мен уларни кўрдим... — дедилар. — Мен сенга айтиб эдим-у, Ҳазрати Хизр юзимиздан ўтолмайди деб!..
Бобомиз оёқ илдилар. Сайрак адирга қайрилиб қарадилар.
Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган ер, Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер...
Бобомиз бошларини эгганларича туриб қолдилар!
86


— Момоси, юр, кетамиз... — дедилар.
Бобомиз йўлларида имиллаб, бир-бир босиб давом этдилар.
Шунда, Сайрак адирда... ҳассаси... қарилик ҳассаси қолиб кетганини эсладилар.
— Майли, уларга қолсин... — дея қўл силтадилар.
Бошлари ғувиллаб, ўзларини мажолсиз ҳис қилдилар. Кўз ўнглари ғимирлади.
Ойдинлар тўлқиндай чайқалди. Ойдинлар тўлқиндай мавжланди.
Бобомиз хаста қалблари ўртанди, ғариб қалблари ўртанди. Кўзлари ёшга тўлди. Кўз ёшлари ойдай оппоқ соқолларига сизиб тушди.
— Момоси, мен уларни кўрдим. Улар байт айтди, эшитаяпсанми, байт!.. — дедилар.
Бобомиз кўз олдилари ойдинланди. Тағин Сайрак адирга қайрилиб қарадилар.
Сайрак адирда иккита қора қолди.
Бири ошиқ, бири маъшуқ бўлди.
Ошиқ билан маъшуқ бир иккита бўлиб қолди, бир битта бўлиб қолди...
Бобомиз жилмайдилар.
— Ана, бизнинг болаларимиз! — дедилар. — Ҳазрати Хизр боважоним, умрингиздан барака то- пинг!..
Бобомизнинг жилмаймиш ёноқларидан бетиним ёшлар сизди.
Момомиз вафотидан кейин кўз ёшлари қуриб қолгандай бўлиб эди. Қайларда ётиб эди, шашқатор ёшлар?
Шашқатор ёшлар бобомиз лабларига сизди, иякларига сизди.
Бобомиз кўз ёшларини енглари билан артиб олдилар. Адирдан кўз узмадилар.
— Ана, бизнинг невараларимиз! — дедилар. — Қуллуқ, Ҳазрати Хизр боважоним, қуллуқ! Бобомиз кўнгилларидан нималардир тошиб кела берди.
Бу тошқинни қайғу десак-да бўлади, хушвақтлик десак-да бўлади.
Бобомиз кўнгилларидан қайғули хушвақтлик ўксиб-ўксиб кела берди.
— Юр, кетдик, момоси, энди биз келмаймиз... — дедилар.
Кўзлари кулмиш бобомиз, юзлари кулмиш бобомиз, ёноқлари кулмиш бобомиз, лаблари кулмиш бобомиз тантана қилдилар.
— Бу адирлар бизники! — дедилар.
Ўксиклар зарбидан елкалари силкина берди.
— Бу ойдинлар бизники! — дедилар.
Кўнгиллари тинмайин ўксимиш бобомиз, елкалари тинмайин силкинмиш бобомиз сўнгги бор, сўнгги бор оёқ илдилар. Қоматларини адл тутдилар.
Сайрак адир, адирда ўтирмиш ўғил-қизларига тантана билан қарадилар.
Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган ер. Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер.
Бобомиз сўқмоқдаги сўнгги қадамларини боса-боса, ойдиндаги сўнгги сўзларини айта-айта, йўлларида давом этдилар:
— Энди кетсак майли!..