13 - БОБ
Eнкайиб-енкайиб қаради. Бирдан... изига қараб-қараб қочди.
Бригадир қўлини қоши устига қўйиб қаради.
— Ҳой, Қоплон ака! — деди. — Белни олиб чопинг! Анави теракда бир дарранда ўралиб ётибди!
22
Отамиз алвидо қўшиғини бекам-у кўст айтди.
Умрида илк бор... илк бор, қўшиғида сўз ишлатди.
Қўшиқ қиёмида кўнглидан бир сўз отилиб чиқди:
— ...Ку-у-уйга-а-ай!..
Отамиз алвидо қўшиғини боғлар оралаб бўлинмиш меҳнаткашларга қараб айтди. Меҳнаткашларни қўшиқ билан кузатди.
Меҳнаткашлар ишларига қўшиқли бўлиб кетди!
23
Сўқмоқда бир қизил кийим кўринди.
Бошида дока рўмоли бўлди. Қўлида саватча бўлди.
Одимлари вазмин-вазмин бўлди.
Бу, асл қўшиқнинг ўзи бўлди!
Асл қўшиқ турганда мухаммас қўшиққа йўл бўлсин! Асл қўшиққа тараф йўқ! Қўшиқ беихтиёр адирдан эниб бошлади.
24
25
От, асл қўшиқ олдини олди.
Асл қўшиқ чапдан йўл олди.
От, асл қўшиқ олдини олди.
Асл қўшиқ ўнгдан йўл олди.
От, тағин олдинни олди.
Асл қўшиқ нима қилишини билмади. Ерга қараб қолди.
Шунда, қўшиқ отдан тушди. От бўйнига қўлини қўйди. Олис турди. Асл қўшиқ рўмоли ерлларда ҳилпираб-ҳилпираб турди.
Қўшиқ, асл қўшиқ қўлидан саватчани олди. Эгар қошига илди. Бир қўли билан от жиловидан ушлади. Бир қўли билан асл қўшиқ рўмолидан ушлади.
Оҳиста-оҳиста қишлоққа йўл олдилар.
Қўшиқлар юзма-юз бўлиб, нималарни гапиришдилар?
Қўшиқлар йиғлаб-йиғлаб, мана бундай гапиришдилар:
— Умрингизни олмайин дедим, боваси, ёлғиз ўғилсиз...
— Шу гапингга номаъқулнинг нонини ебсан, момоси. Сенга келган дардга ўзим кўндаланг, момоси...
26
Бригадир, қўли қоши устидалигича қолди.
77
Бригадир олислик қилди.
Шу боисдан эшитмади.
Аммо барини кўриб-билиб турди.
— Ҳа, кучингдан, бизнинг қоровул! — дея жилмайди.
VI
Ой сузилиб-сузилиб боқди.
Бобомиз озғин панжаларини ҳавода очиб юмдилар.
— Эсингдами, момоси, — дедилар. — Ўшанда-да ой ёруғ эди, ёп-ёруғ эди...
Бобомиз кафтлари билан қовжираб-қовжираб ётмиш хасларни пайпасладилар.
— Мен отни жилдириб келайин, момоси, — дедилар.— Сен ўтириб тур. Қўрқмайсанми, ўзи? Бобомиз адирдан эндилар. Ариқдан ҳатладилар. Йўнғичқапоя оралаб юрдилар.
От қулоқларини диккайтирди. Кетига тис бўлди.
Хўжасини таниди, бўй берди.
Бобомиз от ёлларини силадилар. Силаб-силаб эркалатдилар.
От қозиғини суғурдилар. Ҳали от оғзи тегмаган ерга тепиб-тепиб қоқдилар. Жабдуғини-да от олдига олиб келиб қўйдилар.
Бобомиз ана шу жабдуққа пича чўнқайдилар. Оёқларини узатиб-узатиб ўтирдилар. Кафтлари билан йўнғичқаларни силадилар. Кафтларини юзларига суртдилар, бурунларига босдилар.
Кафтларини тўйиб-тўйиб искадилар.
Шунда... шунда, ариқ ёқалаб келмиш қораларга кўзлари тушдилар.
Йўнғичқа исли кафтлари билан соқолларини тутамлаб-тутамлаб қарадилар...
1
Неча-неча қизғалдоқлар очилди.
Барглари сочилиб-сочилиб кетди.
— Дўхтир бизнинг ичимизга кириб чиқибдими, момоси. Дўхтир айта беради-да! Ана, Жўрақулни дўхтирлар одам бўлмайди, деди. Беморхонадан олиб кетинг, деди. Ана, юрибди, отдайгина бўлиб!..
— Чин, боваси чин.
— Биласан, Ҳазрати Хизр суйган бандаларига йўлиқадилар. Менга йўлиқдилар, фарзанд бераман, дедилар. У киши юзимдан ўтолмайди, момоси. Одамнинг юзи иссиқ-да, момоси.
— Айтганлари келсин, боваси.
— Бўғирсоқ, ёғли патир қил. Эртага ишга олиб борамиз. Арпага ўроқ тушар эмиш. Меҳнат ҳайити-да.
— Уфф, ишнинг охириям бормикин-а.
— Тирикчилик, момоси, тирикчилик. Одамнинг юзи чидамайди. Яна тағин Ҳушвақт ҳаяллаяпти. Ҳушвақт ўрнига-да меҳнат қилмасак бўлмайди. Одамлардан уят. Хушвақт келсин, ўзимиз биламиз...
— Катталар қўяр.
— Э, қўймай нима? Хушвақтдай улимиз бўлади-да, катталардан қўрқамизми? Бирови ғинг деб кўрсин! Ҳай, кўп жаврама, ана улимиз ишла-япти, деймиз. Бор, йўлингдан қолма, деймиз. Бари уялиб қолади! Қола берса, Хушвақт улимизни ўйлайди. Чол-кампирга индамайлик, ули хафа бўлади, дейди. Улимизнинг юз-хотирини қилади. Ҳали-ҳозир кимимизнинг юз-хотирини қиладилар, момоси...
78
2
Неча-неча қовунлар пишди.
Тарвузлар тарс ёрилди.
Узумлар майиз бўлди.
— Эшитдингми, момоси, Вахшиворда биров етмишида фарзанд кўрибди. Яна тағин, ўғил эмиш! Ана кўрдингми, эрта-кечи бўлмайди. Сабр қилсанг, ғўрадан ҳолва битади. Сабрнинг таги олтин, момоси.
— Айтганлари келсин, боваси.
— Айтгандай, яна пахтани деяпти, момоси. «Ҳазорбоғ» совхозига ёрдамга борамиз экан, ўн беш кунга.
— Икковимиз-да борамизми?
— Йўқ, бир ўзим бораман, момоси. Бригадир ўзингиз борасиз, деди. Билади-да, бир ўзим икки- уч кишининг ишини қилишимни билади-да, момоси.
— Билади, бригадир билади, боваси.
— Бригадир, сиз чойхоначи бўласиз, деди. Мен айтдим, чойхоначилик яримжонларнинг иши, мен пахта тераман, дедим.
— Унда, мен нима қилайин, боваси?
— Сен мол-ҳолларга қараб, уйда ўтир, момоси. Сенинг улушингни-да, Хушвақтнинг улушини-да ўзим бажараман. Хушвақт келсин, оёқни узатиб ётганимиз бўлсин, момоси.
— Айтганлари келсин, боваси.
3
— Ҳазрати Хизр лафзларидан қайтмайдилар, момоси. Борди-ю, қайтсалар, ёдларидан кўтарилган бўлади. Унда, тағин эсларига соламан, момоси. Ҳазратим, бизнинг улимиз нима бўлди, биз улимиз йўлига қараб ўтирибмиз, дейман. Қандай қилиб айтасиз, дейсанми? Биласанми-йўқми, Ҳазрати Хизр одамга уч марта йўлиқадилар. Мен, энди икки бор йўлиқдим. Ҳали яна бир йўлиқишим бор. Ўшанда айтаман-да, момоси. Ишончим комилки, у киши узрларини айтадилар-да, лафзига амал қиладилар...
— Айтганлари келсин, боваси...
4
Неча-неча қорлар ёғди.
Сув бўлиб-сув бўлиб оқди.
— Мен сенга айтсам, момоси, Яратганнинг ўзи бераман деса, қўшқўллаб беради. Сендан- мендан сўраб ўтирмайди. Ма, ол, қулим, дейди. Мана кўрасан, момоси...
— Айтганлари келсин, боваси...
5
Неча-неча барглар сарғайиб хазон бўлди. Қизлар келин бўлди.
Болалар куёв бўлди.
Тойлар от бўлди.
Авжи саратон бўлди.
Офтоб лов-лов ёнди.
Офтоб оламни жингиртоб-жингиртоб қилди. Офтобда сув қайнайин-сув қайнайин, деди.
79
Шундай кунда рамазон келди.
Eл рўза тутишини-да билмади, рўза тутмасини-да билмади. Рўза тутайин деди, кун кўз очирмади, кун нафас олдирмади. Рўза тутмайин деди, мўмин-мусулмон учун рўза қарз-да бўлди, фарз-да бўлди.
Отамиз билан онамиз ўйлаб-да ўтирмади. Кун офтоб тугул, олов пуркасада, рўза тутарман бўлди.
Боиси, эл-юрт олдида ўзларини қарздор билди, эл-юрт олдида ўзларини айбдор билди... Қола берса, отамиз бир умиди Лайлат ул-Қадр бўлди...
6
Eмишки, йил, мелодий олти юз ўнинчи йил бўлди. Ой, Рамазон ой бўлди.
Оллоҳи таолонинг Жаброил отли бир фариштаси бўлдилар. Оллоҳи таоло ана шу фариштасини ҳузурларига чақирдилар. Жаброил фариштасидан Муҳаммад алайҳиссаломимизга ваҳий юбордилар.
Бу амал Қуръони карим оятлари ёддан айтила бошламиш илк кечада содир бўлди.
Оллоҳи таоло ана шу тариқа-ана шу тариқа, Муҳаммад пайғамбаримизга ваҳий йўллай-ваҳий йўллай бердилар.
Мелодий олти юз ўттиз иккинчи йилгачайин ана шундайин ваҳий йўллаб турдилар.
Eмишки, Қуръони карим ана шундай бино бўлди!
Шу боисдан Рамазон муқаддас ой бўлди.
Қуръони каримдай мўтабар ҳам табаррук китоб бино бўлди, муқаддас бўлади-да!
Шу боисдан Рамазонда мўмин-мусулмонлар рўза тутди.
Ойдин бўлдиким, Лайлат ул-Қадр оллоҳи таоло Муҳаммад расулуллоҳимиз учун яратмиш кеча бўлди.
Арабча «лайл» сўзи ўзбекча «кеча» демакдир. Арабча «қадр», ўзбекча «тақдир» демакдир. Ойдин бўлдиким, Лайлат ул-Қадр, «тақдир ҳал бўлажак кеча» демакдир.
Жумлайи мўминларга аёнким, йиллар ҳисоб-китоби Қуёш Ер гирдида айланмиш даврига қараб саналади. Шунга биноан ҳар келажак янги йил эски йилга нисбатан ўн кун-ўн кун олдин келади.
Рамазон ҳижрий-қамарий йиллар тўққизинчи ойи бўлади.
Демак, Лайлат ул-Қадр ҳар йили бир вақтда келмайди. Турли кечаларда келади. Рамазон ойи охирги тоқ кечаларида келади. Хусусан, ўн еттинчи, ўн тўққизинчи, йигирма биринчи, йигирма учинчи кечаларда келади. Кўпинча, рамазоннинг йигирма еттинчисида келади.
Лайлатул-Қадр келажак кеча мўмин-мусулмонлар ниманики тиласалар, тилаклари бажо бўлади. Орзу-умидлари ушалади.
7
Отамиз-да, онамиз-да, Лайлат ул-Қадрни... улуғ бир зот, дея ўйлади!
— Лайлатул-Қадр ҳар бандасиникига-да кела бермайди, момоси, — деди отамиз. — У киши ўз суйган бандаларникига келади. Кимда-ким бус-бутун рўза тутса, ана шу бандасиникига қадам ранжида қилади.
Отамиз рамазон кечаларини санаб рўза тутди.
Неча-неча кечалар бедор ўтди.
Отамиз кўз илмаяжак кечалар бўлди.
Онамиз киприк қоқмаяжак кечалар бўлди.
Ўзлари тўшакда бўлди, бор вужудлари ташқирида бўлди. Қулоқлари динг бўлди. Лайлатул-Қадрни чўчитиб юбормасинлар учун йўталмай ётди.Оҳиста-оҳиста гапиришди. Тиқ этмиш товуш чиқаришмади.
80
Eшиклар билан деразаларни ланг-ланг очиб қўйдилар... Рамазон-да охирлади.
Мўмин-мусулмонлар рўзаларини очди.
Рамазон ҳайити бўлди.
Онамиз чайинди-таранди, ўзига оро берди. Ҳайтлик либосларини кийди.
Қабристон йўл олди.
Ота-онаси бошига борди. Ота-онаси қабрига чироқ ёқди: пахта толасини эшит-ешиб, пилик қилди. Зиғир мойга белаб олди. Чўп учига ўради. Чўпни қабр бағрига қадади. Гугурт билан пилик учини ёқди.
Пилик учи лип-лип ёнди.
Онамиз лип-лип ёнмиш пиликка термулди...
Онамиз онаси раҳматликни ёдлади, онамиз отаси раҳматликни ёдлади.
Ёдлаб-ёдлаб йиғлади...
Онамиз ота-онаси бошидан қайтарда дуч келмиш етим-есирни қутлади.
— Ҳайитингиз қуллуқ бўлсин! — деди.
Етим-есирларга бир сўм-бир сўмдан ҳайитлик берди.
Отамиз-да озода кийимларини кийди. Жийноқ бўлажак ҳовуз бўйига йўл олди.
Йўлида учрамиш мўмин-мусулмонларни қутлади, бева-бечораларни қутлади.
— Ҳайитингиз қуллуқ бўлсин! — деди.
Бева-бечоралар қўлига уч сўм-уч сўмдан ҳайитлик берди.
Отамиз бева-бечоралар дуосини олди.
Бекатларда ўтирмиш хокисор бандаларни қутлади, уч сўм-уч сўмдан ҳайитлик берди.
Отамиз хокисорлар дуосини олди.
Ҳовуз бўйида ғуж бўлиб турмиш болаларни кўрди. Болалар нишолда теварагида уймаланди. Билди, болаларнинг тангаси йўқ, бўлса, нишолда олиб еяр эди.
Отамиз болаларга битта-биттадан нишолда олиб берди.
Болалар нишолда ялай-ялай тарқалди, отамизга қарай-қарай тарқалди.
Отамиз болалар дуосини олди.
Йўл-йўлакай ҳамсоя-қўлларни ҳайит билан муборакбод этиб келди.
— Лайлатул-Қадр келаман деса, Рамазон деб ўтирмай, кела беради, момоси... — деди отамиз. — Айтганлари келсин, боваси... — деди онамиз.
8
Онамиз тўлишиб-тўлишиб қолди.
Ёноқларида сепкил тошиб-сепкил тошиб қолди.
— Оймомонинг бўйида бўпти, кўз тегмасин.
— Яратганнинг ўзи ноласини эшитибди, кеч бўлсаям берибди.
— Фарзанднинг эрта-кечи бўладими.
— Ишқилиб, эсон-омон қутулиб олсин.
Онамизни кўрмишлар ана шундай дедилар!
Аслида... ундай эмас!
Аёл зоти чинакам фарзанд доғида куйса... фарзандни қалбан орзу қилса... худди бўйида бўлмишдай тўлишади! Аёл руҳияти шундай, аёл тани шундай, аёл қалби шундай! Табиат аёлни фарзанд учун яратади.
Фарзанд — аёл бахти бўлади, шон-шарафи бўлади, юз-хотири бўлади!
Она — аёл зоти учун олийдан-олий мартаба бўлади!
9
81
Онамиз дарди ичида бўлди. Бировга сир бермади.
Ўтирди-ўтирди, Робия ҳамсоясиникига ўтди.
Ҳамсояси айвонда ўғлини осмонга отиб ўйнади. Ҳар отишида гўдак қийқириб-қийқириб кулди. Онамиз кўзи тандирга қия ташиб юрмиш қизда бўлди. Ана, ўша йиғлоқи чақалоқ, ана! Дўппосдай қиз бўлди!
Онамиз қизга тикилди-тикилди, ич-ичида шундай деди:
«Биғ-биғ қилмаганингда... қизимнинг отини билиб олар эдим...».
Ҳамсояси гўдагини бешикка белади. Ўғли тилидан айтди:
— Ай момо, мени тебратиб туринг, энам нон ёпиб келсин. Катта бўлсам, мен ҳам қизингизнинг бешигини тебратаман.
— Айтганинг келсин... — деди онамиз.
Ҳамсояси тандирга қараб кетди.
Онамиз бешик тебратди.
Чақалоқ онамизга қараб-қараб келди.
Онамиз-да кулди.
— Ҳа, кулишни-да биласанми? Кулишни-я? — ияк силкиди, — Кул, кула бер!..
Чақалоқ мимит қўлларини шундай пешонасида осилмиш туморга узатиб-узатиб кулди. Оғзида битта-да тиши бўлмади!
Онамиз бешикка энгашди. Шунда... шунда, димоғи гўдак исини туйди...
Онамиз умрида гуллар, барглар исидан баҳра олди. Турфа кўкатлар, таомлар исидан баҳра олди. Тўйиб-тўйиб искади.
Аммо... гўдак исидан тароватлисини кўрмади, гўдак исидан ҳаётбахшини кўрмади!
Ай, гўдак ислари, гўдак ислари-ай!..
Гўдак кўзлари илиниб-илиниб кетди. Момомиз кўзларини юмиб, беихтиёр димоғида алла айтди:
Алла-алла, аҳди бор-а, алла-ё, алла-ё, Уйқунинг ҳам вақти бор-а, алла-ё, алла-ё, Алла айтган энангни-ё, алла-ё, алла-ё, Қоп-қорайган бахти бор-а, алла-ё, алла-ё.
Аллада Шеробод даштларидай анқиллаб ётмиш кўнгил ноласи бўлди. Кўнгил дарди бўлди, армони бўлди.
Кўнгил фожиаси бўлди!..
Дашт-у далада узум, алла-ё, алла-ё, Узганимни ким билар-а, алла-ё, алла-ё Ҳасрату армон билан, алла-ё, алла-ё,
Жон берганимни ким билар-а алла-ё, алла-ё...
Онамиз кўкраклари учида игна санчилмишдай- йигна санчилмишдай бўлди.
Онамиз кафти билан кўкракларини силади. Силади-силади, бирдан... чап кўкрагини чангаллади. Чангаллади-чангаллади... Чайқалди-чайқалди... Кетига шилқ этиб тушди... Онамиз кўкрагига... сут келди.
10
— Ҳамсоя, сўраб эдингиз, келдилар, кўзингизни очинг.
Онамиз кўзларини очдилар...
Отамизга термулдилар. Заъфарон юзлари ёришдилар. Сўниқ кўзлари хиёл ойдинлашдилар.
82