Отамиз тағин онамиз олдига кириб кетди.
Бу сафар кўп қолиб кетди.
Бир маҳал, эшик қарсиллаб-қарсиллаб ёпилди. Қайнегачи деразадан ташқари қаради. Ҳовлида отланаётган куёвини кўрди.
V
Кавкабистонда ой балқиди.
Ойдин сутга чайгандай оппоқ бўлди.
— Кўзларингга боқишларим... боқишларимизнинг ўзи бир достон, момоси. Бовужуд, шоирлар билмади, билса, элга ёярди... Мен сенга айтсам, момоси, боқишлар-да ҳали ўзимизники... Олис-олис ойдинлар.
Олис-олис оқшомлар.
Eнди қайтиб бўлмас олис бир олам...
— Гоҳида атайин ўйда ўтираман, момоси, болалар мени йўқ деб ўйлайди, девордан ошиб киради. Зардолиларга чиқади, тўйгунича ейди. Қўйинларини тўлдириб кетади. Мен яйраб- яйраб қарайман... эшитяпсанми, момоси, бизнинг зардолиларни болалар еяпти, болалар! Шу, кўча юзларига-да мевали дарахтлар эксамми деяпман, момоси. Ўтган-кетганнинг оғзи тегади- да, болалар ейди-да...
1
Отамиз ёлғиз яшади.
Аччиғи тарқалгунча аёли йўқлиги билинмади.
Кейин-кейин билинди.
Аёлини қўмсаб-қўмсаб энтикди. Болишни бағрига босиб-босиб энтикди. Ҳовлини айланиб- айланиб энтикди...
Аёли хумор қилди!..
Отамиз отланди. Йўлга тушди. Зим-зиё кўчалардан юрди.
Қайноғаси девори олдида оёқ илди. Девордан бўйлади.
Зим-зиё ҳовлига бот-бот қаради. Энтикиб-ентикиб қаради...
Аёли ҳавосини олиб-олиб қайтди...
2
Ўйлади-ўйлади, тоғасини қайноғасиникига юборди.
Тоғаси куйиниб-куйиниб қайтиб келди.
— Кўр бўл, ҳа, кўр бўл! — дея ер муштлади. — Кўргина бўл!..
— Оғзингга тош-е! — деди холаси.
Тоғаси тағин ер муштлаб-ер муштлаб куйинди:
— Отанг раҳматлик айтди, энанг раҳматлик айтди, ажраш, турмушинг турмуш бўлмайди, деди! Айтганлари келдими? Мана, келди! Ўзингнинг умрингни ўзинг кўкка совурдинг! Уям ўйлаган- да...
— Нимани ўйлаган-да? — деди отамиз.
— ўйлаган-да, эркак одамнинг қайғуси болами, ўзим кетиб, пешонамни бир синаб кўрайин деган-да!
— Кетса, кета берсин! — деди холаси. — Аёли топилади! Пўлат пичоқ қинсиз қолмайди!..
«Ё, чини билан у шундай ўйга бордимикин-а?»
70


Отамиз хаёлидан шу гап ўтди. Ўтирди-ўтирди, дадил ҳам кесиб гапирди:
— Бўпти, энди янги рўзғор қилганим бўлсин.
3
Тоғаси хеш-табор билан кенгашди, маслаҳатлашди.
Отамизга аёл қидирдилар.
Иккита аёл топдилар. Икковини-да эри машина фалокатида кетибди.
Бири ўттиз бешларда, фарзандсиз бўлди. Бири қирқларда, қўш фарзандли бўлди. Холаси раъйкорчилик қилди.
— Эшик кўрганни олма, бешик кўрганни ол! — деди. — Ойгул бинойи, фарзанди бор... Тоғаси совчиликка йўл олди.
Аёл бўлмиш ота-онасини кўндирди. Аёл бўлмиш болаларини кўрди.
Болалар бир-биридан суюмли бўлди!
— Яхши бўлди, жиянимизга фарзанд бўлади, — деди тоғаси.
4
Онамиз, отамиз янги рўзғор қилаяпти, дея эшитди.
Онамиз куйиб-куйиб кетди!
Дераза токчасига тирсаклади.
— Гўрга бўлса, менга нима... — дея пичирлади.
Кафтини иягига қўйди. Бошини чапга хиёл қийшайтирди, ташқарига тикилди.
Юзлари лов-лов этди. Ёноқлари булк-булк учди. Кўкраклари ости ўпирилиб тушаётгандай бўлди. Ўпирилиш кўксини борган сайин қуйига босди.
Буни оғриқ-да деб бўлмайди, ғашлик-да деб бўлмайди.
Гўё, кўкраклари остида зилдай бир нима ипда осилиб қолди. Борди-ю, иплар узилса, қоматини кўтариб турмиш зилдай нима ерга тушади, чил-чил бўлади...
5
Кўкраги остидаги зилдай нима бирдан тошдай қотиб қолди.
Онамиз керишди. Шунда-да бўлмади.
Қотиб қолмиш нима юмшаб-да кетмади, тушиб-да кетмади.
Онамиз уқаламоқчи бўлди. Бармоқлари бориши билан кўкрак этлари пир-пир учди. Этлари ўзини олиб қочди.
Онамиз энди бармоқларини олисроқдан олиб борди, авайлаб олиб борди. Кафти билан оҳиста- оҳиста уқалади. Кўзларини юмиб уқалади.
Кўкраклари остида бармоқлари соясини ҳис этди.
Ниҳоят, кўксини ғижимламиш зилдай нима қўйиб юборди.
Пешонасидан совуқ-совуқ терлар оқди.
Ўтирди-ўтирди, мийиғида кулди. Бир гапни маъқулламишдай, билинар-билинмас бош ирғади. Ич-ичидан куя-куя:
— Уйланса, оқ бутум қора куярмиди... — дея пичирлади.
6
Аёл зоти аззанча ўзига тўқ бўлсин, еган-ичгани олдида бўлсин, аззанча серуруғ бўлсин, серавлод бўлсин, барибир... барибир, ўз оти ўзи билан... заифа бўлади!
71


Шу боис, аёл зоти ҳамиша бошида паноҳи бўлишини хоҳлайди.
Аёл зоти аззанча ўзига мустақил бўлсин, мағрур бўлсин, барибир, ана шу паноҳига бош эгиб яшайди.
Бош паноҳи амалдорми? Бош паноҳи камбағалми? Кўрми ё калми? Бош паноҳи майибми? Барибир, аёл зоти учун барибир!
Кўмирчи бўлсин, темирчи бўлсин, тўрт девор ичида суюкли бўлсин!
Аёл зоти ана шу бош паноҳига суяниб яшайди!
Боши очиқ...
Аёл зоти аззанча хўрликни кўтаради, аззанча таҳқирлашни кўтаради. Аммо «боши очиқ», деган гапни кўтаролмайди!
«Ўнта ўғлим бўлмасин... чолим ўлмасин», демиш гап, аёллар юрагидан отилиб чиққан бўлади! Бу дунёга кимни бойлаб қўйиб эди-да, аёл зотини бойлаб қўяди?
Дард бор, бош ёстиққа тегиш бор.
Ана шунда, суяб турғизажак танмаҳрам кунга ярайди. Ана шунда, оғизга сув томизажак танмаҳрам кунга ярайди.
Eркак зоти ёмон бўлиб туғилмайди! Қарсак икки қўлдан чиқади!
Ўзи яхшилаб олади! Нима деса, хўп дейди! Қўлини косов қилади, сочини супурги қилади! Майли, болалари онамизни ўз онаси ўрнида кўрмаса-да, майли! Аммо онамиз уларни ўз боласи ўрнида кўради! Бир оначалик қарайди!
У киши ана шундай бир эркакдан умидвор бўлди!
7
Отамиз қайноғаси дарвозасида оёқ илди. Узангидан оёқ олди. Отини етаклаб ичкарилади. Ичкарида жамоа жам бўлди.
Отамиз жамоа билан юзма-юз бўлди. Юган тутамлаб, дол турди.
Салмоқлаб-салмоқлаб, аёли жавобини берди:
— Икки талоқ! Бўлдими? — деди.
Дераза олдида ўтирмиш Оймомо онамиз ўз жавобини эшитди.
Онамиз акаси музтар бўлиб қотиб қолди.
Ҳамсоя-қўллар ачиниш ҳам қайғуриш билан бош чайқади.
— Қайнсингилгинам умри хазон бўлди! Бошқа эркакка тушганида ҳалигача неварали бўларди! Бу гапни онамиз янгаси айтди.
Ҳамсоя-қўллар далда берди:
— Тақдир-пешона экан-да, ким ўйлабди дейсиз...
— Ҳали жойи чиқади!
— Жойи чиқса, берамиз!
— Ҳали қўчқордайин-қўчқордайин ўғиллар кўради!
— Ҳали попукдайин-попукдайин қизлар кўради!
— Тешик мунчоқ ерда қолмайди!..
8
Отамиз жамоадан кўзини олиб қочди.
Ерга қаради. Мунғайиб қолди.
Ер остидан тоғасига қараб-қараб олди.
Ўзини жуда-жуда ёмон сезди. Оёғи остида ер борми-йўқми, билолмади. Ўзини омонат сезди. Мунғаймиш кўйи кетига қайрилди. Ердан кўз олмай от етаклади. Оҳиста-оҳиста одимлади. Ер сунгалаб-ер сингалаб одимлади. Мунғайиб-мунғайиб одимлади.
Бош кўтариш учун мажоли-да қолмади, ҳаддида қолмади! Бош кўтариш учун ботинолмади!
72


Ичкаридан тоғаси овозини эшитди.
— Энди, бари худо тарафдан, қуда, — деди тоғаси. — Сиз ҳам, биз ҳам айбдор эмасмиз. Энди, келин бўлмиш юк-ёпларини олиб келиш учун борасизларда. Ўзим бошида туриб, ипидан игнасигача бўлиб бераман...
Отамиз ер остидан кетига қаради. Юрак-бағри ҳаминқадар эзилиб-езилиб кетди!
Ҳамиша қайқайиб-қайқайиб юрмиш оти, ҳамиша кўкрак кериб-кўкрак кериб юрмиш оти... боши хам бўлиб-хам бўлиб қадамлади! Ерга тумшуқ бериб-тумшуқ бериб қадамлади! Ерга кўз тикиб- кўз тикиб қадамлади!
«Ёмон бўлди, кўп ёмон бўлди, — хаёлланди отамиз. — Энди шуни, шу жонивор билмаса нима қипти?»
Отамиз ҳадаҳалади. Дарвозадан ташқарилади.
Узангига оёқ илди. Отига қамчи урди.
9
Отамиз чайладан адоқлади.
Адир адоғида қантарилмиш отини минди. Уйига йўл олди.
Дарвозани очди. Кўчада сочилиб юрмиш мол-ҳолларни ичкари киритди. Мол-ҳолга қаради. Отини охурига бойлади.
Ҳовли ўртасида серрайиб қолди.
ҳовли зим-зиё бўлди. Милт этмиш шуъла бўлмади.
Ичкарилаб, уй чироғини ёқди. Кўрпачага чўзилди. Этиги қўнжидан қамчини олди-да, оҳиста- оҳиста этик қўнжига урди, кўрпачага урди, деворга урди.
Ётиб ётолмади, ухлаб ухлолмади.
Тағин ташқарилади.
Бир қурбақа сапчиб-сапчиб келди. Деразадан тўкилмиш нурда тўхтади.
Нур, отамиз ғашини келтирди. Ичкарилаб, чироқни ўчириб келди.
Ток вайиши остида чўк тушди. Оёқларини чалиштирди. Жойлашиб ўтирди. Вайиш устунига яғрин берди. Бошини-да устунга қўйди.
Боши узра назар солди. Қоп-қораймиш вайишга тикилди. Тикилди-тикилди, кўзлари илинди... Хўрозлар қичқириғидан, бузоқлар маърашидан уйғонди.
Тобора ёришиб келмиш осмонга қаради. Мунғайиб-мунғайиб қаради. Ғарибона-ғарибона қаради...
Отаси бор эди, отасига суянар эди. Отаси қазо қилди.
Аёлига суяниб қолди.
Онаси бор эди, онасига суянар эди. Онаси-да кетди.
Тағин аёлига суяниб қолди.
Eнди, ёлғиз суянчиғидан-да ажралди. Ёлғиз юпанчидан-да ажралди. Ёлғиз юпанчидан-да ажралди. Ёлғиз паноҳидан-да ажралди.
Тўрт тарафи қибла бўлиб қолди!
Eнди... Манави устунга суяниб қолди!
10
Отамиз отига қаради-юрди.
Қўйлар емиш дардида отамизга суйкалди.
Отамиз қўйларни туртиб-туртиб ташлади, жеркиб-жеркиб ташлади. Отини эгарлади, ташқари етаклади.
Дарвозани ташқаридан қулфлади. Эгар қошидан олди, узангига оёқ илди. От шахдам-шахдам қадамлади.
73


Тонг еллари ҳур-ҳур эсди.
Отамиз тегирмон олдидан йўл олди.
Тегирмон остидан шовуллаб отилмиш сув йўлни кўндаланг кесиб оқди.
Отамиз кечувда жиловни бўш қўйди.
От бош кўтармай-бош кўтармай сув ичди.
Шунда:
— Ассалому алайкум, Қоплон ака! — демиш овоз келди.
Овоз қаёқдан келди, сув шовуллашида билиб бўлмади.
— Мен бу ёқдаман, мисол учун! — деди овоз.
Отамиз тегирмон супасида турмиш Йўлдош қоровулни кўрди.
Қоровул бел боғидан қўшқўллаб ушлади. Кулиб-кулиб қараб турди.
— Тегирмонга келдингизми, мисол учун? — деди.
Отамиз нима дейишини билмади.
— Шундай, шундай... — дея бош ирға- ди.
Йўлдош қоровул тап этиб супадан тушди. Отамиз билан кўришиб-сўрашди.
— Буғдойингизни қайси бурчакка қўйиб эдингиз, мисол учун? — деди.
— Нима эди?
— Буғдойингизни ичкаридан топиб оламан-да, тегирмонга соламан, мисол учун. Тушгача тегирмондан чиқади. Тушда келиб отга ортиб кета берасиз, мисол учун.
— Йўқ...
— Йўғи бўптими, мисол учун. Боғқоровул бўла туриб, тушгачайин ўтира берасизми? Узум- ларингизни чумчуқ еб кетади, мисол учун! Мана биз ўтирсак, бўла беради. Биз маккажўхори қоровули. Маккажўхорини ит ейдими, мисол учун...
Отамиз хўрсинди. Теваракка аланглади. Йўл бўйи симёғоч симларида тизилиб турмиш қал- дирғочларга тикилди.
Йўлдош қоровул, отамиз истиҳола қилаяпти, дея ўйлади. Тағин гапга тушди.
— Навбатда турганлар жанжал қилади, деб ўйлаяпсизми, мисол учун? Чин, тегирмон навбати билан, дейдилар, мисол учун. Лекин мен тегирмончи билан гапиришаман-да. Шундай-шундай, дейман-да, мисол учун...
Отамиз қамчи сопи билан қалдирғочли симларга ишора қилди.
— Шу симларда ток бор-а? — деди.
— Ҳа, ток бор, мисол учун.
— Унда, нимага қалдирғочларни ток урмайди?
— Шуни билмадим-а, мисол учун. Чопиб бориб, Николай монтёрдан билиб келайинми, мисол учун?
От сувдан бош кўтарди.
Отамиз отни тиззалари билан ниқтаб ҳайдади.
От сув сачратиб-сув сачратиб кечувдан ўтди.
Отамиз йўлида давом этди.
Йўлдош қоровул отамиз кетидан қараб қолди.
11
Отамиз тегирмондан олислади.
Тонгги ҳаводан баданлари жунжикди. Чопони ўнгирлари ёнларига ёйилди.
Бор вужуди билан, бор тани билан... қўмсаш қўшиғини айтди...
Улкан тол теварагини бир айланиб оёқ илди. Ерга тушди. Отини тол танасига бойлади. Елкасидан нафас олди. Баданлари қизиди. Ёқаларини очди.
Азим ёнғоқ остига борди. Ёнғоқ танасига суяниб ўтирди...
74


12
Пойида булоқ сувлари тиниқ оқди, сокин оқди.
Пўст ташламиш ёнғоқлар булоққа чўлп-чўлп тушди. Булоқда қалқиб-қалқиб оқди... Отамиз булоқдан ҳовучлаб-ҳовучлаб олди. Оғзини чайди. Юзига сепди. ўзини совутди. Булоқ бўйидаги кийик ўтларга термилиб ўтирди-ўтирди... Эслаш қўшиғини айтди...
13
«...Зардоли барги мисол қайрилма ой, булутсиз оқшом осмонида ҳаволанди.
Оқшом тағин-да оппоқ, тағин-да нафис бўлди.
Қовжираб ётмиш қиёқ ўтлар шамолда чайқалди. Шамолда айқашди, ажиб товуш берди. Барглар шитир-шитир этди.
Пишиб меъёридан ўтиб кетмиш зардолилар ерга тап-тап тушди.
Оқшомдан зардоли ҳиди анқиди.
У, Оймомо сочини ушлади...
Оймомо рўмоли четидан ўпкаланиб-ўпкаланиб қаради...»
14
Eслаш қўшиғи авж олди:
— Ҳа-а-ай...
Отамиз отланди. Адирга йўл олди.
Адир ғуж-ғуж дарахт бўлди. Зардоли, олма, жийда, ёнғоқ, дўлана... бўлди. Уларни табиат экди, табиат кўкартирди. Шу боис, оти ёввойи олма бўлди, ёввойи ёнғоқ бўлди.
Бу йил дарахт барглари учи сариқ-сариқ бўлди. Демак, қиш кеч келади. Борди-ю, барглар остидан сарғайиб бошласа, қиш эрта келади.
Отамиз от жиловини ўз ҳолига қўйди.
Ер синчиклаб-ер синчиклаб қаради...
Шу ерларда... Худди шу ерларда бир сўқмоқ бўлар эди. Сўқмоқ боғ тарафидан... Оймомо ишдан қайтар эди. Отамиз худди шу ерда Оймомо йўлини пойлар эди...
Бу, кўришув қўшиғи бўлди!
Eнди у сўқмоқлар йўқ...
Сўқмоқлар кўмилиб кетди. Изсиз, ном-нишонсиз кўмилиб кетди...
15
Бир калтакесак хазонларни шитирлатиб-шитирлатиб чопди. От сесканиб оёқ илди. Қулоғини динг қилди.
Отамиз жиловни орқага бурди.
От ўзи юрмиш эгри сўқмоқдан юраман, деди.
Аммо отамиз отни тиккасига солди.
Йўлда йўнғичқапоя келди, ариқ келди, ўр-чуқур келди. От баридан сапчиб ўтди, баридан ирғиб ўтди.
Кўришув қўшиғи поёнлади.
Қўшиқ ёввойи дарахтлар остида қолди. Ном-нишонсиз сўқмоқларда қолди...
16

75


Отамиз Сайрак адирда жилов тортди. Эгар қошига жилов илди.
От бўйни кўзойнак илон мисол гажак-гажак бўлди.
От пишқирди. Олд туёқлари билан тарс-тарс ер тепди.
Отамиз, қамчи сопи билан телпагини кетига сурди. Қамчили қўлини сонига тиради.
Елкадан нафас олди. Қириниб йўталди. Қўшиқ айта бериб қақраб қолмиш томоғини намлади. Назарини боғларга берди...
17
Шу кўйи ўтирди-ўтирди... ўзининг сўнгги... энг сўнгги қўшиғини бошлади...
Бу, хайрлашув қўшиғи бўлди, алвидо қўшиғи бўлди!
Тонглар бепоёндир, бепоён! Олис-олис уфқларда тонг. Боботоғ чўққиларида тонг. Даграз сув омбори узра тонг. Қишлоқ узра тонг. Боғларда тонг. Терак учларида, баргларида тонг. Гала- гала чумчуқлар парвозида тонг. От ёлларини ўйнамиш сокин елларда тонг. Куйловчи соқолини силамиш салқин саболарда тонг.
Қўшиқда-да тонг!
18
Сокин боғ узра бир гала чумчуқ ўйнади.
Чумчуқлар турнақатор бўлиб тизилди. Ғуж бўлди. Ёппасига терак шохларига ёпирилди. Тағин парвозланди.
Жимжит терак қўйнида парр этмиш кўр овоз келди.
Бир тўрғай ҳаволаниб-ҳаволаниб ўйнади. Ўз ўйинидан, тонг ҳавосидан маст бўлиб сайради. Бир жойда муаллақ турди. Чалқанча ётди. Қуйига шўнғиди. Тағин юқорилади. Кўкка тўш берди. Жойида қотиб қолди. Тағин тўлқиндайин-тўлқиндайин парвозланди...
Алвидо қўшиғи авжида бўлди!
19
Кун, тонгни ёқиб юборди.
Оламдан оппоқ парда кўтарилди.
Боботоғ чўққисида турмиш дум-думалоқ кун, тераклар учини чалиб кетди. Бир терак шохида чумчуқлар зорланиб-зорланиб чирқиллади.
Чумчуқлар илон кўрса, ана шундай зорланиб чирқиллайди...
Алвидо қўшиғи қиёмда бўлди:
— Лалайлам, ла-а-ам!...
Бебош саболар терак баргларини чаппа-чаппа қайирди.
Фотмачумчуқлар шохма-шох ликиллади.
20
Қишлоқ тарафдан келмиш сўқмоқда отлиқлар, эшаклилар кўринди, пиёдалар кўринди. Биров уловига сават осиб олди, биров қўлтиғига сават қисиб олди.
Деҳқонлар узум узишга кела берди.
21
Бригадир отини йўнғичқапоя гирдига бойлади.
Теракзор ёнлаб юрди. Чумчуқлар зорланмиш терак олдига борди.
76