ухла. Кўнглимда сен учун атаб юрганларим бор. Куни келсин, айтаман. — Нима экан, у?
— Ҳали-ҳозир айтмайман. Куни келса, айтаман.
— Айтсин, ҳозир айтсин.
— Йўқ, бўлмайди. Айтсам, сен бировга айтиб қўясан. — Айтмайман, айтсин, айтмайман.
Отамиз деразага қараб-қараб:
— Қўшиқ айтиб бераман, — деди сокин.
Онамиз ҳайрондан-ҳайрон бўлди.
— Нима-нима? — деди.
— Қўшиқ айтиб бераман, дейман... — деди, тағин-да сокин-сокин. Онамиз оғзини ушлаб кулди.
— Шу киши қўшиқ айтадими? — деди.
— Эса-чи...
Онамиз пиқ-пиқ кулди.
— Шу киши-я?
— Э, бизга нима қипти?..
Онамиз болишга юмалаб кулди.
24
Отамиз адирларга сиғмай қолди!
Йўлда ҳориб қолади дея, онамизга тушлик ташиттирмади.
Ўзи келиб кетар бўлди.
Бўлар-бўлмас гаплар айтиб, онамизни кулдириб-кулдириб турди. Кунлар кетидан кунлар ўтди, тунлар кетидан тунлар ўтди.
25
Отамиз тун чироғини ёқиб ётди.
Уй нимқоронғи бўлди.
Отамиз чалқанчадан ёнбош бўлди. Онамизга ўгирилди. Билагини онамиз бўйни остидан ўтказди. Онамиз юзларини қучоғига олди.
Отамиз чап қўли Хушвақтнинг илк... илк бешигига кетди. Қўли бешик бўйлаб юрди, бешик узра юрди. Бир юқорилади, бир пастлади.
Кафти мулойим-мулойим оламни қайта-қайта силади. Силади-силади, бир манзилда оёқ илди... Йўқ, йўқ...
Кафти тағин қуйилади-юқорилади. Ўнг-у чапга бориб келди. Кафти югурди, кафти елди, кафти излади... Йўқ, йўқ...
Отамиз илк бешикка қўлини юзини тутди. Бор эътиборини, бор диққатини қўли ихтиёрига берди. Юрагини қўли юзига жо қилди... Йўқ, йўқ...
Ўнг қулоғини онамиз кўкраклари остига қўйди. Нафасини ютди. Бир лаҳза қотиб қолди.
Қулоғи остида онамиз юраги дук-дук урди...
Илк бешик бор! Тўққиз ой-ю, тўққиз кунлик мулойим олам бор!
Хушвақт йўқ, Хушвақт!
Отамиз ҳафсаласи пир бўлди... Онамиз юзига юзини қўйди...
Онамиз пиқ-пиқ йиғлаб қўя берди.
— Йиғлама, бўлади. Ҳазрати Хизр бовамиз айтдилар-ку...
Отамиз шундай дея, ўзини-да, онамизни-да овутди.
Онамиз отамиз билан тағин-да жипсроқ ётди. Соқолларига юзларини силади.
64


Олис айрилиқдан кейин кўришмишдайин, бағридан қўйиб юбормади. Олис соғинишдан кейин кўришмишдайин, бот-бот ўпди. Eркалатишлардан армони қолмади...
— Эртага бозорлаб келмайдими?
— Бозорлаганим бўлсин!
26
Онамиз саҳар маҳали отамизни уйғотди.
Отамиз бозор отланди.
Онамиз зим-зиё оламга боқди...
Ой ҳали туғмади. Шу боис, олам зимистон бўлди. Онамиз ой туғажак тарафга қараб турди- турди-да... ўзини ойга менгзади, тақдирини оламга менгзади!
«Ой-да мендайин туғмади. Олам-да тақдиримдайин зим-зиё бўлди...» дея ўксиди. Онамиз отамиз билан хўшлашди.
— Майли, хуш борсин-хуш келсин, — деди.
Отамиз зим-зиёга сингиб кетди.
Онамиз дарвоза қиррасига пешонасини қўйди. Ўксиб-ўксиб йиғлади... Кўчада эчки маъради.
Онамиз қайрилиб қаради.
Eчкилари кўчага тизилиб чиқди.
Онамиз эчкиларни ичкари қайтарди. Дарвозани ичкаридан занжирлади. Занжирдан чўп ўтказди.
Супага келиб ўтирди. Пешонасини тиззаларига қўйди.
Тағин йиғлади...
27
Бари гап Термизда ҳал бўлди.
Ўшанда дўхтир онамизга бор гапни айтди. Отамизга айтмиш гап... тескарисини айтди!.. Онамиз дўхтир гапига ишонмади. Отамиздан пинҳона Денов дўхтирларига борди. Ўзини синчиклаб-синчиклаб қаратди.
Денов дўхтирлари-да Термиз дўхтирлари айтмиш гапни айтди.
Онамиз отамизга билдирмади. Аёллар билан Деновдан балиқ еб келдим, деди.
28
Онамиз ичига ютиб юрмиш дардлари ўша кундан эътиборан кўзларида балқиб қолди. Юракни яширса бўлади. Боиси, юрак кўринмайди. Юрак жамики дардларни пинҳон тутади. Аммо кўзларни яшириб бўлмайди. Кўзлар ўзини ўзи фош этади.
Шундай бўлса-да, отамиз пайқамади!
Отамизга очиқ-ойдин айтсинми? Қандай айтади? Айтиш, ўзини ўзи инкор қилиш бўлади! Аёллик шаънини йўққа чиқариш бўлади!
Кейин аёлман деб юрмаса-да бўлади!
Мабодо айтса, гап чиқади, элга ёйилади...
Йўқ, икки дунёда-да айтмайди!
У бир эркак, зўр бир эркак бахтини боғлаб юрибди!
Eркак ҳадемай элликка киради. Эркак орзуларга тўла, эркак умидларга тўла!
Eркак тинимсиз елиб-югуради, эркак интиқ бўлиб қарайди, эркак излайди! Кўнгил мевасини излайди! Шу мевани топажагига ишонади, қўлига олиб ўйнатажагига ишонади! Юзларига,
65


бағирларига босажагига ишонади!
Ана, эркак бешикка кетди! Ҳадемай, бешик кўтариб келади!
«Момоси, мана, Хушвақтнинг бешиги...» дейди.
Аниқ шундай дейди!
Онамиз бўлса... алдайди! Кўра-била туриб алдайди, ёнма-ён ётиб алдайди, кўзларига тик қараб алдайди!
Кимни алдайди? Умрида кўз очиб кўрмиш суюклидан-суюкли одамини алдайди!
29
Тонг таги оқариб-оқариб кела берди.
Онамиз молхона тарафга юрди.
Мол-ҳолларга қаради. Сигир соғди. Бузоқ эмизди. Мол-ҳолни подага ҳайдади.
Қўшиқ айтиб-айтиб соғмиш моллари, хўш энди!
Онамиз катак оғзида турмиш тошни олди.
Катакда ётмиш товуқлар ҳадеганда чиқа бермади. Ичкарида қурқ-қурқлаб тура берди.
Онамиз энкайди. Катак ичига қаради.
Мояк тугиб бермиш товуқлари, хўш энди!
Онамиз ошхонада хиёл турди. Теваракни қаради. Сирғалиб тушмиш докани тағин тобоқларга ёпди. Тағин тушиб кетмасин дея, дока бурчларини тобоқ остига бостирди. Таом юқи идиш- тобоқларни қатрон қилиб ювди.
Келин бўлиб, ўт ёқмиш ўчоқлари, хўш энди!
Келин бўлиб, мой томизмиш қозонлари, хўш энди!
Онамиз тандир бошига келди, рўмоли учларини елкаларига ташлаб энкайди. Тандирга қаради. Тандирга суёғлик оташкуракни олди. Оташкурак билан уюм-уюм тандир кулини олди. Тандир оғзини ёпиб қўйди.
Келин бўлиб нон ёпмиш тандирлари, хўш энди!
Онамиз эшик-орани супурди. Уй шипларида осилиб турмиш қора қурумларни олиб ташлади. Деразаларни ярақлатиб артди. Уйларни супуриб-сидирди. Юк-ёпларни келиштириб- келиштириб тахлади.
Келин бўлиб келмиш уйлари, хўш энди!
Онамиз зинада чўнқайиб ўтирди.
Тағин йиғлади. Ўпкасини босолмай йиғлади. Ҳиқ-ҳиқ йиғлади.
30
Офтоб олмалар учини чалиб юборди.
Онамиз рўмоли учлари билан бет-бошини ўради.
Дарвоза тараф юрди. Дарвозадан ташқарилади. Девордан бўйлади. Қадрдон ҳовлисига қаради. Сўнгги... сўнгги бор қаради...
Оҳиста-оҳиста юрди-юрди, тағин оёқ илди. Кетига қайрилиб қаради.
Шунда, изидан ияриб келмиш Олапар итини кўрди.
— Қол, қол! — деди.
Олапар беш-олти қадам қолди. Аммо, тағин ияриб келди.
Онамиз оёқ илса, Олапар-да оёқ илди. Онамизга қараб-қараб тура берди.
Онамиз ҳафсаласи пир бўлди. Йўлида давом этди.
Онамиз тўлиб-тошиб одимлади, босар-тусарини билмай одимлади!
Пойидаги мана булар қатор-қатор уйларми?
Йўқ, булар майда-майда оқ тошлар! Рангли-рангли кесаклар!
Онамиз тошлар билан кесакларни янчиб-янчиб одимлади!
66


Мана булар нима? Теракларми? Тутларми? Йўқ, булар ногирон-ногирон гиёҳлар! Онамиз гиёҳларни эзиб-езиб одимлади! Ҳай, бўй бермиш тоғларми?
Йўқ, тоғлар эмас, йўқ! Булар болалар ўйнаяжак ҳаммомпиш уйлар! Онамиз ҳаммомпиш уйларни босиб-босиб одимлади!
Тоғлардаги қорлар... қоп-қора бўлди!
31
Бу вақт отамиз Қизилсув бўйига келиб қолди.
Лойқа дарё ёқалади, саёқроқ кечув излади. Таваккал қилди, бир ёймадан от солди.
Дарё от қорнини ювиб-ювиб оқди.
Отамиз кечувдан чиқди. Дарё бўйида жойлашмиш лойқўрғон сари кўтарилди.
Отини қўрғон олди отхонага бойлади. Тароқи хуржунни буклаб-буклаб қўлтиқлади.
— Бисмиллоҳи раҳмони раҳим! — дея бозор оралади.
Бозор тумонат одам бўлди. Қадам босадиган ер тахчил бўлди.
Ҳавода кабоб, сомса, манти ҳиди анқиди.
Сонсиз овозлар қулоқни гаранг қилади. Ким гапиряпти, кимга гапиряпти, нимани гапиряпти, билиб бўлмади.
Бозор сонсиз чумчуқлар ғимирсиб чирқиллаётган уядай бўлди!
Отамиз бозорчилар билан тўқнашиб-тўқнашиб юрди, туртиниб-туртиниб юрди.
Фавқулодда пиллачи агрономга дуч келди.
Агроном отамизни кўриб-кўрмасликка олди.
Отамиз агроном билагидан қўшқўллаб ушлади.
Агроном ялт этиб ўгирилди.
— Э-е, Қоплон ака! Бозорлабсиз-да? — деди.
Отамиз қўлтиғидаги хуржунга ишора қилди.
— Тирикчилик, ҳа, тирикчилик! — деди.
— Ҳа-а, маъқул-маъқул!
Агроном йўлида давом этди.
Отамиз агроном кетидан қараб-қараб қолди.
«Бефаҳм! Диплом бўлган билан, фаросат бўлмагандан кейин, қийин экан-да...» дея ўйлади. Йўлида давом этди. Майиз бозорини ёнлаб юрди.
Майизчилар тизилиб ўтириб овоз берди:
— Кеп қолинг. Ҳўжасоатнинг майизига!
— Арзон қилдим, килоси ўн сўм!
— Синонинг майизи шўр бўлади, Хўжасоатникидан қолманглар, мисол учун!
Отамиз охирги гапни айтмиш Йўлдош қоровулни таниб қолди. Йўлини атайин қоровул олдидан солди. Қоровул олдида атайин оҳиста-оҳиста одимлади. Атайин қириниб-қириниб йўталди.
— Йўлингиз унсин, Қоплон ака! — деди Йўлдош қоровул.
Отамиз гўё, фавқулодда кўришиб қолмишдай, юзлари ёришди.
— Э, ҳа, иним, бозорингиз унсин! — деди.
— Айтганингиз келсин! Қани, бундайгина юрибсиз, мисол учун?
Отамиз қўли билан хуржунни кўрсатди.
— Тирикчилик, мана, тирикчилик! — деди.
— Ҳозир йўл бўлсин, мисол учун?
Отамиз... отамиз ниятига етди!
— Шу, бешик бозорига бораяпман, Йўлдош иним! — деди.
— Ана-ана! Буюрсин, буюрсин, мисол учун!
67


Отамиз тағин-да очилди.
— Қуллуқ-қуллуқ! — дея бош ирғади.
— Айтгандай, тўнғич неварамизни кўраяпсиз-да, мисол учун?
— Шундай, шундай!
Йўлдош қоровул ўйланиб қолди. Бир нима демоқчи бўлди. Оғиз жуфтлади-да, яна тағин инда- мади.
— Бир нима демоқчи бўлдингиз шакилли, иним?— сўради отамиз.
— Энди, Қоплон ака, ёшингиз улуғ, сизга оқсоқолчилик қилиб бўладими, мисол учун!
— Э, оқсоқолчилиги бўптими, айта беринг-да!
— Мисол учун айтсам, эски бешик яхши, ака! Айниқса, серфарзандларнинг бешигини олсангиз, нур устига нур бўлади, мисол учун!
— Унда, бешик олмаганингиз маъқул, дейсиз-да?
— Ҳа-да! Мана, бизникини олиб туринг, мисол учун!
— Унда, сизнинг айтганингизга юрдим, иним!..
Отамиз изига бурилди.
32
Дўконларни айланди. Олмаса-да, айрим нарсалар нархини сўраб-суриштирди. Дўконларни айланди-айланди, китоб дўконига келиб қолди.
«Eҳ-ҳе-е-е! — деди ичида. — Бунча кўп қоғоз!»
Eнди кетмоқчи бўлиб эди, ичкаридан бир қиз чиқиб келди.
— Ҳа, бова, қандай китоб берайин? — деди.
Отамиз, йўқ деган бўлиб бош чайқади.
— Ўғилми, қизми? Неча ёшда?
Отамиз кетишини-да билмади, кетмасини-да билмади. Нима дейишини-да билмади! — Ўғил! — деб юборди.
Қиз токчадан катта китоб олиб узатди.
— Мана шуни олинг, — деди.
Отамиз китоб юзини томоша қилди.
Китоб юзида улкан мушук чўнқайиб ўтирди. «Китоб ана шу мушук ҳақидадиров...» дея ўйлади. Китобни қайтиб берди.
Турди-турди, ўйлаб қолди. Чиндан-да китоб олиб борса бўлмайдими? Хушвақт катта бўлса ўқийди-да?..
Отамиз эшитган-билган китобларини бир-бир ёдга олди.
— Шу, Кумушбибидан борми? — деди.
— Қанақа Кумуш?
— Ҳалиги, марғилонлик Кумушбиби.
— Ёзувчими?
— Э, йўғ-е, ҳалиги... Отабекнинг қайлиғи-чи?
— Ҳа-а, «Ўтган кунлар» денг. Бор, бор.
— Шундан бер, Кумушбибидан бер.
Қиз китобни топиб келди.
— Отабек керак эмасми? — дея жилмайди.
— Кумушбиби қаерда бўлса, Отабек-да шу ерда бўлади-да.
Отамиз дўкондан чойхонага йўл олди.
Икки кило қовурилган балиқ олди. Ярмини ўзи тушлик қилди. Ярмини қоғозга ўраб, хуржунга солди.
— Аёлимизга, — деди ўзича.
68


33
Отамиз ҳамсоя-қўлларникига овоз берди.
— Ай, ҳамсоя, ўша ёқда бизники йўқми? — деди.
— Бугун кўрмадик, — жавоб берди ҳамсоялар.
Биров-ярим билан гап сотиб ўтирибди-ёв дея, ҳовуздан хабар олди. Ҳовузда-да бўлмади.
Супага чўнқайди. Аёли йўлига қаради. Дарвоза тиқ этса қаради. Қош қорайди.
Моллар подадан қайтди.
34
Отамиз тоқати тоқ бўлди.
Қаҳр билан отланди. Қайноғасиникига йўл олди.
Остонада отдан тушмай овоз берди.
— Ай, бу ёққа бир қаранглар! — деди.
Ичкаридан аёл овоз берди.
Деразадан тўкилмиш нурни бир соя кесиб ўтди.
Остонада қайнагачиси қора берди.
— Шу ёққа бизники келдими? — сўради отамиз.
— Келди, қани, ичкариланг, — деди қайнагачиси.
— Ёмон...
Отамиз: «ёмон хотиннинг уйи кўп, порахўрнинг гўйи кўп», дея узиб-узиб олмоқчи бўлди.
Аммо, аёли оғироёқ арафасида эканини ўйлади. Шаштидан қайтди.
— Меҳмон деган қош қорайгунча ўтира берар экан-да. Рўзғор деганни-да ўйлайди-да...— деди. Қайнегачиси ичкарилаб қайтди.
— Бормайман, деяпти, — деди.
— Нима-нима дейди?
— Бормайман, кета берсин деяпти.
— Э!..
Отамиз отдан тушди. Отни дарвоза устунига боғлади. Ичкарилади.
Шу вақт деразадан тўкилмиш нурни тағин бир соя кесиб ўтди.
Галдаги уй деразаси ёришди.
— Қани? — деди отамиз.
— Ана, нариги уйга ўтиб кетди, — деди қайнегачиси.
Отамиз қайнегачиси кўрсатмиш уйга кириб кетди.
Хиёлдан кейин қайтиб чиқди.
Қайнегачиси қошига келди.
Боши билан онамиз ўтирмиш уйга имо қилди.
— Анавига нима бўлди? — деди.
— Билмасам.
— Гапирсам, миқ этмайди?
— Ким билади. Эрталаб ўзи кириб келди. Энди уйимга бормайман, деди. Сўраб эдим, индамади. — Ё, бирон нима деб айнитдингизми?
Қайнегачиси бир парда кўтарилди.
— Ҳа, қайнсинглим кун сайин яшариб келаяпти! — деди. — Сиздан айнитиб, ўн саккиз яшар бўзболага бераман!
— Бўлмаса, нимага бундай қилади?
— Мен не биламан? Ана аёлингиз, ана сиз! Гаплаша беринг-да!
69