9 - БОБ
эмиш! Ҳа, ошингни ейин, сендай хешимнинг!..
Қиммат момо онамизни маззаммат қилди.
— Мен сенга бирон ёмон гап гапирдимми, ит!!.— дея шанғиллади. — Ичим куйганидан, ичим ачиганидан гапираман-да, ит!.. Пешонанг нимага бундайин шўр десам, гап бу ёқда экан-да, ит!!.
— Бедана тезотар бўлса, ўз бошини ўзи ёради! — деди бир аёл.
Қиммат момо онамизни маззаммат қилди-қилди, кафтларини катта очди.
— Омин! — деди, — мендайин бир бегуноҳ момони сочимнинг оқига қарамайин урган бўлсанг, илоё, оламдан бепушт ўтгин! Менинг ёшимга етолмайин жувонмарг ўлгин, оллоҳ-акбар!.. — деди.
Аёллар ичини тортди, аёллар бош чайқади.
— Илоё, оғзингдан чиқиб, ёқангга ёпишсин!— деди Барчин хола.
Онамиз паноҳ излади, онамиз нажот излади.
Ёш тўла кўзлари олазарак-олазарак боқди.
Пастда ҳайрондан ҳайрон қараб турмиш отамизни топди.
Бир кўнгли, отамиз олдига борайин, деди. Айтиб-айтиб йиғлайин, деди.
Аммо теварак-бошдан ор қилди.
Ҳалқа-ҳалқа кўзёшлар ичидан отамизга термулди. Мўлтираб-мўлтираб термулди...
Онамиз тағин йиғлади. Билакларига йиғлаб-билакларига йиғлаб қўя берди.
— Дунёда бир менми, бефарзанд! — дея айтиб-айтиб йиғлади. — Тирноққа зор бўлиб ўтганлар нечов! Мен ҳали кўрарман, умидим кўп... Фарзанднинг эрта-кечи бўладими... Бировга эртароқ беради, бировга кечроқ беради...
— Бир қишнинг бир ёзи бўлади, қарғанинг қағиллагани қолади, Оймомо дўстим!
— Мен уни кўрдим, Барчиной дўстим, кўрдим! Яратганнинг ўзи уни тушларимга солди, кўнгилларимга солди! Нима қилайин, вақти-соати етмаган эканми, қўйнимга солмади... Тушларим тўлди, кўнгилларим тўлди. Нима қилайин, қўйним тўлмай турибди, қучоғим тўлмай турибди... Барчиной дўстим, мен уни толтушда кўрдим, толтушда! Дугоналари билан тутимиз остида босмалим ўйнади. Ишонмасангиз, Олапар итимдан сўранг. Босмалимда унга тенг келадигани бўлмади. Ўн икки хилида-да адашмади. Айниқса келин хилини бир ўйнади-бир ўйнади! Дугоналари оғзини очиб ўтира берди! Мен унинг отини билолмай қолдим. Барчиной дўстим... Робиянинг чақалоғи биғиллаб уйғотиб юборди. Тағин кўзларимни юмиб, унинг йўлига қарадим. У бошқа келмади... Барибир келади. Барчиной дўстим, келади, мана кўрасиз... Ана шунда уни шу ерларга етаклаб келаман! Мана шу момоларингга бир босмалим ўйнаб бер, дейман, Барчиной дўстим!..
— Айтганингизга фаришталар омин ўқисин, Оймомо дўстим!
4
Отамиз тепада бўлмиш гапларни эшитди. Аммо эшитмасликка олди.
Узум узиб-узиб, ари уясига дуч келди.
Ари уяси кунгабоқардай-кунгабоқардай бўлди.
Арилар ғуж-ғуж тешикларда тумшуқларини бир-бирига тегизиб яшади. Борди-ю, четдан таҳдид бўлса, арилар ёппасига ҳамла қилди. Шиддат билан учиб келиб, таҳдид қилувчи кўзига ё қулоғига ёпишди.
Отамиз чопони ўнгирини бошига ёпди. Енгларини тирсакларигачайин қайирди. Билакларини яланғоч қилди.
Оҳиста энкайиб, ари уяси осилиб турмиш ток новдани силкиди.
Арилар ғимирлади, ёппасига қўзғолди. Иккита-учтаси отамиз кўзини мўлжаллаб учди, қулоғини мўлжаллаб учди. Аммо чопон ўнгирига дуч келди.
Тағин учиб, яланғоч билакларга бориб ёпишди. Билакларга чим-чим ниш урди. Чим-чим-чим!..
51
Чим-чим чақмиш ари бўлдими ё чибин бўлдими?
Билолмади, отамиз билолмади!
Отамиз кайфияти шу қадар таранг бўлди! Эркаклар пешин чоғи узум узишни бўлди қилди. Пайкаллардан чиқиб келди.
Аёллар эркакларни кўриб, у ёқ-бу ёғини тузатган бўлди, ўзига қараган бўлди.
Айрим узум доналари кесак орасида қолиб ё сув тегиб, чириган бўлди.
Аёллар ана шу чирикни майизжой бир четига олиб бориб ёйди.
Офтобда очиқ қолиб, пўла бўлиб қолмиш узумлар-да бўлди. Бу узум офтоби майиз бўлди. Офтоби майиз бутун ёзи билан саратон офтобини олиб пишди. Шу боис, кўп шифоли бўлди.
Аёллар ана шу офтоби майизни алоҳида ёйди.
Майизжой четида улкан дашт ўчоқ бўлди. Ана шу ўчоққа ўт ёқилди.
Отамиз чопони ўнгирини қайириб, белбоғига қистирди. Зинадан ўчоққа кўтарилди.
Қозондаги сувга ишқор билан оҳак солди.
Дашт-биёбонларда бир ўт ўсади. Майизчилар шу ўтни териб, тўда қилиб куйдиради. Ўт куя- ётиб, ундан чакиллаб-чакиллаб суви томади. Сув кул билан қўшилиб, чўқир тош мисол қотади. Ўзи кулранг, ўткир ҳидли бўлади.
Ишқор ана шу бўлади!
Майиз қозон қайнади.
Отамиз чўмич билан қайнаган сув тиниғини олди-олди, бир тоза идишга солди. Қозонни тозалаб ювиб олди.
Кейин ишқор билан оҳак сувини тағин қайтариб қозонга солди.
Ўтёқар тинмай ўт ёқиб турди.
Аёллар қўлсаватларга узум солиб берди.
Бўзболалар қўлсават боғичидан кўтариб, отамизга олиб келиб берди.
Отамиз оёғини ўчоқ лабига тиради. Сават боғичидан авайлаб ушлади. Билқиллаб қайнаб турмиш қозонга пишиб-пишиб олди.
Узумлар сап-сариқ бўлди.
Отамиз саватни тағин бўзболага узатди.
Бўзбола остидан ишқор ҳам оҳак суви шўр-шўр оқиб турмиш қўлсаватни майизжойга ташиди. Аёллар узумларни ёйиб-ёйиб турди. Жовузни алоҳида, ҳусайинини алоҳида, кишмишини алоҳида ёйди.
Боиси, ҳар майизнинг ўз таъми бўлади, ўз-мазаси бўлади.
Ана энди узумлар офтобда ҳафта деганда қурийди, сап-сариқ майиз бўлади!
5
Ишдан қайтар чоғларида бригадир келди.
Отамиз бригадирни холисроққа етаклаб борди. Ниятини айтди.
Бригадир ажабланди. Боисини сўради.
Отамиз жавоб бермади. Кўзларини олиб қочди. Ўзича бош ирғади. Кўнглида: «Eл-юртга аралашмайин дейман, ука, тилим қисиқ... Вақтлироқ келганингда, тепадаги гапларни эшитган бўлардинг...» деди.
Отамиз ўз кўнглида айтмиш гапини бригадирга айтдим, дея ўйлади.
— Шундай, бригадир ука, шундай... — дея тағин бош ирғади.
— Майли, қоровуллик бўлса қоровуллик-да. Омбор бўладими? — деди бригадир.
— Йўқ, дала бер, ука, дала бер.
— Майлингиз, унда, Камарга борасизми?
— Йўқ, бизга Сайрак адирни бер, ука. Аёлимиз билан икковимизга-да. Аёлимиз ўрнига-да ўзим тура бераман. Аёлимиз овқат пишириб бериб туради.
52
— Майлингиз.
— Шу, Сайрак адирга бир дил кетди-да, ука...
— Бўлди-бўлди, гап йўқ! Лекин айтиб қўяй, Йўлдош қоровул кўнмасов. Шундай бўлса-да, бир айтиб кўраман.
— Шундай қил, ука, шундай қил...
— Ҳали-ҳозирча қимирлаб туринг, майизлар тугасин.
6
«Eнди нима қиламиз, момоси?»
Отамиз шундай савол назари билан онамизга термулди.
Онамиз ғарибланди, онамиз азобланди.
— Деновда зўр табиб бор, дейишаяпти, — дея пичирлади онамиз. — Борганлар дардига даво топиб қайтар эмиш...
Отамиз билан онамиз ана шу табибга борди.
Табиб гап индаллосини айтди:
— Бизни эътиборга олиб келибсизлар, қуллуқ, — деди. — Энди, дўхтирга боринглар. Эшон, табибни қўя беринглар. Олдинлари дўхтир йўқ эди, бўлса-да, тахчил эди. Эл бечора эшон, табиб деб келар эди. Қўлимиздан келганича йўл-йўриқ бериб жўнатар эдик. Энди, дўхтир кўп, дўхтирдан қолманглар. Лекин Денов дўхтирларига борманглар, қўлга қарайди... Термизда зўр бир дўхтир бор. Ана шу дўхтирга боринглар. Мана, манзили...
Отамиз билан онамиз мол-ҳолларни Робия ҳамсоясига тайинлади.
Термиз йўл олди.
Қидирди-қидирди, табиб айтмиш дўхтирни топди.
Дўхтир йўлланма сўради.
Отамиз билан онамизда йўлланма бўлмади.
— Унда, қабул қилмаймиз, — деди дўхтир.
Отамиз сарғайди.
— Уйимиз овлоқ, мол-ҳолга қарайдиганимиз йўқ... — деди.
Дўхтир кулди-кулди... охири қабул қилди.
Eркаклар алоҳида дўхтирга навбатда турди, аёллар алоҳида дўхтирга навбатда турди.
Гал келди, отамиз ичкари кирди.
Дўхтир сўраб-суриштирди. Қоғоз қоралади. Кейин, отамизни қаради... Анализ топшириш учун юборди...
— Уч кундан кейин келинг, — деди.
Гал келди, онамиз-да ўз дўхтирига кирди...
Отамиз билан онамиз Термизда уч кун қолди. Бозор меҳмонхонасида ётди.
Учинчи кун дўхтир ҳузурига борди.
Аввал отамиз ичкарилаб келди.
— Нима деди? — сўради онамиз.
— Сиздан фарзанд бўлмаса, бошқа бир эркакдан-да фарзанд бўлмайди деди.
Кейин, онамиз ичкарилаб келди. Маъюс-маъюс бўлиб келди, ғамгин-ғамгин бўлиб келди.
— Нима, деди-а, нима деди? — сўради отамиз.
Онамиз бошини чапига хиёл эгди. Ерга кўз тикди.
— Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ, деди... — дея пичирлади.
Отамиз маъқуллаб-маъқуллаб бош ирғади.
— Ана, айтдим-ку, бўлади деб, ана... — деди.
Отамиз билан онамиз қайтиб келди.
7
53
Отамиз онаси оёқдан қолди. Ётди-ётди, овқатдан қолди. Ётди-ётди, тилдан қолди. Ётди-ётди... чолни олдига кетди.
8
Отамиз бригадир олдидан ўтди.
Бригадир ўз сўзида турди. Йўлдош қоровул олдига йўл олди.
— Энди, сиз Камарга борасиз, — деди.
Йўлдош қоровул ҳанг-манг бўлди. Бирдан тутаб ёнди...
Боиси, Камар олис бўлди. Яна тағин, Камарда маккажўхоридан бошқа нима бўлмади. Сайрак адир эса боғот бўлди, гарди гурд оғиз тегиб турди.
Йўлдош қоровул олов олди.
— Нима учун энди? — деди. — Бу ер-чи, мисол учун?
— Бу ерга бошқа одам келади.
Йўлдош қоровул тағин олов олди.
— Бирдай у ёқдан бу ёққа қув-қув экан-да!— деди. — Нима, биз колхознинг ўгай аъзосими, мисол учун?
— Борасиз, борасиз.
— Раисга борсам бораман, Камарга бормайман!
— Оббо, сиз гапни олинг!
Қоровул ҳаминқалар олов олди.
— Олсам олмасам! Ҳайдасангиз, мана, ҳайданг! — деди. — Бола-чақам очидан ўлсаям ишга чиқмайман! Гапим шу, мисол учун!
— Оббо, хўп-е, хўп!
— Ўзи, ким экан у, бошида ойи бор арзанда, мисол учун?
— Қоплон акага деб эдим! Майли, бормасангиз борманг...
Бригадир оғриниб-оғриниб жўнади.
Йўлдош қоровул қўлларини орқасига қилди. Бригадир кетидан қараб турди. Турди-турди-да, бригадир кетидан чопқиллаб борди.
— Қоплон акага бўлса майли, мисол учун, — деди. — Кўнгли ярим... Бошқага бўлса, ўлиб ҳам бермасдим, мисол учун.
9
Eртаси отамиз келди.
Йўлдош қоровул билан теварак айланиб кўрди.
— Сизга бригадир ҳеч нима демадими, мисол учун? — сўради қоровул.
— Йўқ. Нима эди? — деди отамиз.
Қоровул хотирижам бўлиб гапирди:
— Бригадирга айтдим, бу ернинг қоровуллигидан кўп зерикдим, мени Камарга юборинг, дедим. Бригадир майли, деди, мисол учун.
— Ҳа-а.
— Кейин, ўртоқ Одилов, сиз ўз касбингизнинг устасисиз, ўрнингизга ўринбосар тайинланг, деди. Мен айтдим, мен бир бор-йўғи қоровул бўлсам, қандай қилиб қоровул тайинлайман, ўзингиз тайинланг, дедим. Унда, ўрнингизга муносиб ўринбосар айтинг, деди. Айтган одамингизни қўямиз, гапингиз гап, сўзингиз сўз, деди. Обрўй бор-да, мисол учун, обрўй бор, ҳа!
— Шундай, ҳа, шундай.
54
— Мен хўп, дедим, мисол учун. Мен бир ўйлаб кўрайин қани, дедим. Эртага бир хабарлашинг, дедим. Бизнинг жойимиз ҳазилакам жойлардан эмас, дедим. Чин-да, шунча боғ-роғга қараб ўтиришнинг ўзи бўладими, мисол учун! Жойимга кимни қўйсам экан деб, кечаси билан ўйладим-ўйладим! Қишлоқда оти одам борки, барини битталаб ғалвирдан ўтказдим, барини чертиб-чертиб кўрдим, мисол учун. Эртаси бригадирга, мен Қоплон акани ўрнимга лойиқ топаман, дедим!
— Ҳа-а.
— Биламиз-да, ким қандайлигини, мисол учун!
— Қуллуқ, қуллуқ.
— Ана боғ, буюрсин, мисол учун. Қани, оллоҳ-акбар, мисол учун!.. Йўлдош қоровул кўч-кўронини йиғиштириб кетди.
10
Отамиз қоровулдан қолмиш чайлада чўнқайди. Тиззаларини қучоқлади. Теваракка назар солди.
Сарғайди-сарғайди, ёлворди-ёлворди, боши етмиш жой шу чайла бўлди.
Нима учун шу чайла дея сарғайди-сўлди? Ёлғиз ўзи билди, ёлғиз худо билди. Ўтирди-ўтирди... Худодан-да кўнгли қолди!
— Э-е-е, бор-е!.. — дея қўл силтади.
Отамиз... худога қўл силтади!
«Eй, худо, сен ўзи қаердасан, қайлардасан? — дея хаёлланди. — Сен ўзи, бормисан? Бор бўлсанг, жавоб бер, юзага чиқ! Мендайин бир шўрпешона банданг билан юзма-юз бўл! Мендайин бир хокисор банданг ҳолини кўр!
Айт, ўзи, мен бандангни нима учун яратдинг? Шу бечора-да дунёда юрсин, шу ғариб-да ўз кунини ўзи кўриб юрсин, дея яратдингми?
Унда, мен бандангни-да хор қилма-да, эй, худо, мен бандангни-да ёлғиз қилма-да, эй худо! Бандангни ярат-ярат, пушти камари билан ярат-да, эй, худо!
Eй, худо, эсимни таниганимдан буён худога сиғиниб келдим, худога топиниб келдим, худога ишониб келдим.
Шундай экан, ҳар не қилсанг қил, пушти камарли қил-да, эй худо!
Дунёдан неча-неча подшолар ўтди, неча-неча ҳокимлар ўтди, неча-неча катталар ўтди... Пуштсиз умрим мобайнида кўп-кўп подшолардан қайтдим, кўп-кўп катталардан қайтдим... Аммо... аммо ёлғиз сендан қайтмадим, эй, худо!
Дилимда-да худо бўлди, тилимда-да худо бўлди!
Шундай экан, ҳар не қилсанг қил, пушти камарли қил-да, эй, худо!
Бандаларинг қай бир подшоларга сиғинмади, бандаларинг қайбир катталарга сиғинмади. Бандаларинг нималарга сиғинмади, бандаларинг нималарга топинмади...
Бандаларинг динидан қайтди, бандаларинг худосидан қайтди, бандаларинг имонидан қайтди! Сен айнан ана шу бандаларингни зурриётли қилиб яратдинг, эй, худо!
Ожиз қолмишларимда, чор-ночор қолмишларимда, хокисор қолмишларимда:
— Эй, худо, ўзинг сақла! Эй, худо, ўзинг мадад бер! — дедим.
Асло, асло:
— Эй, партия, ўзинг сақла! Эй, комсомол, ўзинг мадад бер! — демадим.
Аммо шундай дегувчилар бўлди! Бандаларинг шу даражага-да борди!
Сен келиб-келиб, айнан ана шу бандаларингни зурриётли қилиб яратдинг, эй, худо!
Мен бандангни шайтон йўлдан оздирган вақтлар бўлди, шайтон ёмон йўлга бошлаган вақтлар бўлди.
Шунда, ўзимга-ўзим:
— Эй, банда, худодан қўрқ! — дедим-да, йўлдан қайтдим.
55
Асло, асло:
— Эй, банда, партиядан қўрқ! Эй, банда, комсолдан қўрқ! — демадим.
Аммо, шундай дейдиганлар бўлди!
Динидан қайтмишлар нечов бўлди, худодан қайтмишлар нечов бўлди!
Сен айнан ана шуларга зурриёт бердинг, эй, худо, қатор-қатор зурриёт бердинг!
Мени бўлса... мен бандангни бўлса, зурриётсиз қилдинг, эй, худо!
Чин, билиб-билмайин гуноҳ қилиб қўйдим. Дардимни бировга айтолмадим. Дард бўлса, имонни куйдира берди...
Шунда мен гуноҳларимдан фориғ бўлиш учун тавба-тазарру қилдим:
— Эй, худо, ўзинг кечир! — дедим.
Асло, асло:
— Эй, партия, ўзинг кечир! Эй, комсомол, ўзинг кечир! — демадим.
Аммо шундай дейдиганлар бўлди! Кўп-кўп бўлди, мўл-мўл бўлди!
Мен бўлсам, дилимда-да худони қўймадим, тилимда-да худони қўймадим!
Мен ёлғиз худони дедим!
Шундай экан, бир содиқ бандангни бунчалар хўрлама-да, эй, худо! Бир содиқ бандангни бунчалар оёқ ости қилма-да, эй, худо!
Ҳар не қилсанг қил, пушти камарли қил-да, эй, худо!..»
11
«Мен эркакман. Унга қийин...»
Отамиз ана шундай ўйга борди.
Онамиз бўлса, тушлик олиб кела бермади.
Отамиз оёғи уйига тортди. Уйига отланди.
Келса, ҳовли бош-адоқ қулф бўлди.
Отамиз ажабланди, отамиз ҳайронланди.
Отини дарвоза устунига бойлади. Ўзи девордан ошиб ўтди.
Яширинча жойлари бўлмиш носоз радио ичидан калитни олди.
Ошхонага кирди. Идиш-тобоқларни бир-бир очиб кўрди. Тўнтариқлик тобоқ остидан бир лаъли тобоқ палов топди.
Ток вайиши остига гилам ёйди. Дастурхон ёйди.
Чинни косада шакароб қилди. Чой дамлади.
Чордана қуриб ўтирди. Пиёладай-пиёладай юмалоқлаб палов еди.
12
Шу вақт, кўчада от дупурлади. Девор узра шўро котиби юз берди. — Ассалому алайкум, Қоплон ака! — деди котиб.
— Ваалайкум-ваалайкум! — деди отамиз.
— Яхшимисиз, димоғлар чоғми?
— Шукур-шукур, бинойидай. Ўзингиздан сўрасак?
— Раҳмат-раҳмат...
Котиб шундай дея, кўз қири билан тобоқдаги паловга қаради. Оғзи палов таъмини туйди... Девордан ошиб ўтмоқчи бўлди. Яна тағин, ниятидан қайтди.
Кимсан, қишлоқ шўроси котиби! Кимсан, шўро вакили! Уй хўжаси таклиф қилар?
Котиб ана шундай ўйга борди.
Отамиз хотиржам-хотиржам палов еди. Котибга қайрилиб-да қарамади!
— Бизга қоровулликка ўтаман деб, бормадингиз? — деди котиб.
Отамиз ошам юдмалоқлаб-ошам юмалоқлаб, жавоб берди:
56