Бунда-да икки кеча-ю икки кундуз ухлади.
Бу сафарги иштаҳалари-да ёмон бўлмади. Берган баргни бергандай, илма-тешик қилиб юта берди.
Пилла учинчи уйқуга кетди.
Бу сафар икки ярим кеча-ю икки ярим кунда уйғонди.
Тағин-да барг, барг, деди.
Қоплон отамиз пилла барг ейишини кўриб:
— Ё, тавба-е! — деди. — Ўзлари майда-майда, чинчилоқдай-чинчилоқдай бўлса, қоринлари қаерда бўлди экан...
Сўрилар ости тариқдай-тариқдай қора қумалоқларга тўлди.
Онамиз қумалоқларни пешма-пеш ташлаб турди.
Пилла тўртинчи уйқуга кетди.
Тўртинчи уйқуда бир ярим кун-у тун ухлади.
18
Отамиз тағин баргга отланди.
Адирда тут айрисига миниб шох кесди. Шох кеса бериб қўллари толди.
Тут танасига яғрин берди. Вазмин тин олди. Олисларга қараб ўтирди. Кўзи кетиб-кетиб ўтирди...
Шунда, оқ эшакли, оқ саллали бир чол ариқ ёқалаб кела берди.
Отамиз чолни танимади.
Чол тут остидан ўтди.
Отамиз чолни Намоз бобога ўхшатди.
Бош ирғаб, салом берди.
Аммо чол алик олмади.
Отамиз сергакланди. Танадан маҳкам ушлади. Ерга қаради.
Чол йўқ...
Ерга сапчиб тушди. Теваракка аланглади.
Чол йўқ...
Кўнглига таҳлика тушди. Ёқасини кўтарди. Ичига туф-туфлади.
Барг озроқ бўлса-да, жамлаб бойлади. Отига ортиб жўнади, кетига қараб-қараб юрди. Хаёлида, чол кетидан келаётгандай бўлди.
Отини лўкиллатиб-лўкиллатиб ҳайдади.
19
Уйга келиб, бир бошқа бўлиб қолди. Паришон бўлиб қолди. Ғамгин бўлиб қолди. Онамиз молхона тарафдан қўзи қувиб келди.
— Манавини ушлаб берса бўлмайдими? — деди. — Бир менга керакми, шу рўзғор! Отамиз қўзи қувиб кетди.
Қўзи ҳовлини айланиб чопди. Хиёл олисда пусиб турди.
Отамиз паналаб-паналаб борди. Бирдан қўзи оёғига қўл ташлади.
Қўзи ушлатмай қочди. Девор қоралаб ҳуркиб турди.
«Ўзи, бу иш ёш боланинг иши, Хушвақтнинг иши...» — дея хаёлланди отамиз.
Отамиз энкайиб-енкайиб борди. Қўлларини ёйиб, қўзига қўшқўллаб ёпишди.
Қўзи тағин ушлатмади. Дирк этиб қочиб кетди.
Отамиз ерга кафтлари билан бориб тушди. Кафтлари шилинди. Уст-бошлари чанг бўлди. «Хушвақт бўлса эди, бундайчикин қўзини хаш-паш дегунча ушлаб олар эди...» — Тағин хаёлланди отамиз.
45


Отамиз қўзини бурчакка қамаб борди. Қучоғини катта очиб борд. Кўкси билан қўзига ташланди. Бу сафар ушлади.
Қўзини кўтариб бориб, қўй қошида қучоқлаб ўтирди.
Боиси, қўзичоқ кўздан пана бўлса, совлиқ иймайди.
Онамиз совлиқ соғиб бошлади:
Қўй соғаман қўшоқда, турей-турей,
Қўй ишқи менга ёққан, турей-турей. Қўй сутини ичганлар, турей-турей, Кундан-кун шифо топган, турей-турей...
Совлиқ ийди, совлиқ қўзисига тумшуқ чўзди...
Отамиз кетига тис бўлди. Қўзини совлиқдан холислатди.
Отамиз кўнгли бирён бўлди...
Шу ўтириш, азза-мазза эркак учун эпми? Қўзи ушлаб туриш, кап-катта одам ишими? Токайгача Хушвақт ишига-да ўзи юради?..
Совди бўлиб совдиргин, турей-турей, Совса кади тўлдиргин, турей-турей. Бунча куйма, жонивор, турей-турей. Тақдирингни кўндиргин, турей-турей.
Совлиқ кўзи деворда юрмиш мушукка тушди. Тағин-да берилиб ийди. Боиси, совлиқ мушукдан қўрқади!
Тоғларга бор, қув олма, турей-турей, Совди бўлгин, сув олма, турей-турей. Болангнинг йўқлигини, турей-турей, Кўнглингга оғир олма, турей-турей.
Мушук девордан сапчиб тушди. Совлиқ бир сесканди.
Болагинанг бахтингдир, турей-турей, Уни олиб ухлагин, турей-турей, Болалилар маърашар-а, турей-турей, Боласизлар қарашар-а, турей-турей...
Онамиз жойидан турди.
— Қўзини қўйиберса-да бўлади, — деди.
Отамиз қўзини қўйиб юборди.
Катак олдида тўшалмиш гиламга келди. Болишга юзтубан ташлади. Болиш ҳўл бўлди...
20
Пилла уруғи очофат бўлди!
Онамиз уруғлар узра барг ёйиб, ўнг-чапига қарагунича новдалар шипшийдам бўлиб қола берди.
Отамиз кеча-ю кундуз барг таший бериб, тинка-мадори қуриди. Кўзи илиниб эди, онамиз тағин
46


туртди.
— Турсин, барг олиб келсин, — деди.
— Боянагина олиб келдим-ку? Буларинг тўядими ўзи, йўқми?
— Тўртинчи уйқудан кейин шундай бўлади, турсин...
— Кўзим илингандан туртасан-туртасан! Анавиларинг бўлса, кетмон чопиб ҳоригандай ухлагани ухлаган! Икки кунлаб ухлайди, уларингга индамайсан! Уйғот барини! Бўлди, иззати! — Айтмаса-да, энди ухламайди.
— Шу охирими? Хайрият-е!..
Отамиз уйқули кўзларини уқалаб-уқалаб турди. Эгар қошига арқон ўраб, баргга отланди.
— Айтиб қўяйин, агар яна пилла оламан десанг, мендан ўпкалама! — деди.
Отамиз бояги чолдан қўрқди. Бошқа бир адирдан барг олиб келди.
Узун шохлардан новдалар сийириб-сийириб олди. Онамизга қўлтиқлаб-қўлтиқлаб ташиб берди. Ўзи-да ичкарилади.
Деразалар гилам билан ёпилишидан ичкари қоронғи бўлди.
Отамиз дераза токчасига ўтирди. Елкаси билан деворга суянди.
Шунда бир нима эшитди. Сергак бўлиб қулоқ солди.
Ташқарида шовуллаб ҳаво ёғди. Шовуллашидан, майдалаб ёғди. «Ана энди барг олиб келиш қийин бўлади. Олиб келса-да, қуритиш лозим бўлади», — дея хаёлланди отамиз.
Отамиз сўрилар аро мўралади, онамизни излади.
— Ай, ҳаво ёғяпти, эшитяпсанми? — деди.
— Бекорларни айтибди.
— Ана, қулоқ сол, ишонмасанг, ана.
Отамиз даҳлизлади. Ёруғда хиёл кўз очолмай турди. Кейин, ташқари қараб, ҳайрон бўлди.
Кун чарақлаб турди, ерда бир томчи-да ёмғир йўқ бўлди.
Анграйиб, тағин ичкарилади.
Ичкарида ҳамон шовуллаб ёмғир ёғди...
Онамиз қоронғидан кинояли овоз берди:
— Ҳа, ёғаяптимикин? — деди.
— Ташқарида кун чиқиб турибди, момоси. Нимага ундай?
Онамиз пиқ-пиқ кулди.
Отамиз тағин ўтирди. Эътибор билан қулоқ солди.
Пилла уруғлар бир вақтда барг еди, бир меъёрда барг еди, яна тағин, ёппасига барг еди...
Ана шу вазиятда эшитилмиш сирли овоз, ёмғир ёғишига ўхшади...
Сокин, қоронғи олам бўлди. Мисоли тун бўлди, ёмғир майдалаб-майдалаб ёғди: шуввв... Сўриларда омонат турмиш новдалар ерга тап-тап тушди. Мисол, ёмғирдан намиқмиш бўғот шох-шаббаси қирс-қирс синиб тушди...
Ёмғир эзиб-езиб ёғди: шуввв...
21
Барг ташвиши охирлади.
Eнди, читир ўт топиб келиш лозим бўлди.
Отамиз адир отланди. Тошлоқдан ўтди.
Адир пойида оёқ илди. Жиловга эрк берди. Телпагини кейинига сурди. Олис-олисларга қаради. Вахшивор адирлари турнақатор бўлди. Қирлари ўркач-ўркач бўлди. Охири кўринмади. Адир-қирлар ўти бўлганича бўлди. Белга урди. Тўлқин бўлиб чайқалди.
Қизғалдоқ адирлар, қизғалдоқ қирлар алвон-алвон товланди.
Отамиз адирлади, отамиз баҳор оралади.
Димоғи турфа исларни туйди. Бир ис шувоқ ўт исидан бўлди.
Отамиз баҳор оралаб бора берди. Ана шу исни таратмиш ўтни топди.
47


Тизза бўйли, гуллари оч-сариқ ўт. Танаси кўкимтир-оқ, барглари майда-майда ўт. Сершох, сертук ўт.
Читир ўт ана шу бўлди!
Отамиз читир ўт терди. Томири билан суғуриб-суғуриб ола берди.
Читир ўт қўл тегиши билан тағин-да ўткир ис таратди. Иси димоқни қитиқлади.
Отамиз отида икки бойлам читир ўт ортиб келди. Том устида ёйиб-ёйиб қуритди.
Пилла уруғлар тўлишди. Ўзини кўтара олмай қолди. Ўзини эплай олмай қолди.
Оқибат, баргдан қайтди, баргдан қолди. Баргдан терс бурилиб-терс бурилиб кета берди. Пилла уруғлар карахт бўлиб-карахт бўлиб қолди. Мудраб-мудраб қолди.
Бу, пилла уруғининг бешинчи уйқуси бўлди, сўнгги уйқуси бўлди.
Сўнги уйқу тўрт-беш соатча давом этди.
Отамиз билан онамиз читир ўтларни дастлаб-дастлаб пилла уруғлар узра ёйди.
Пилла уруғлар читир ўтларга талпинди.
Пилла уруғ йигираман деса, жой танлаб ўтирмайди. Учрамиш жойида йигира беради.
Унда, не боисдан пиллачилар читир ўт териб келади?
Боиси, читир ўт иси пилла уруғига хуш ёқади. Пилла уруғ ана шу исга талпинади. Ана шу ис оғушида мўл-мўл йигиради.
Боиси, читир ўт қуюқ-қуюқ тукли бўлади. Пилла уруғ ана шу тукларга мўл-мўл йигиради. Ана-ана, бир уруғ талпина-талпина, аранг читирга чиқди, читир танаси бўйлаб юрди. Шохлар айрисига келди. Ўзига маъқулига қараб юрди.
Новдалар айрисида жойлашиб олди, жойида айлана берди. Яъни, йигира берди. Ҳар йигиришида ўзидан ипак чиқарди.
Ипак, читир ўт қуюқ тукларига илашиб-илашиб, тўр бўлди. Тўр қуюқлашиб-қуюқлашиб, бошмалдоқдай-бошмалдоқдай ғанак ҳосил бўлди.
Оппоқ-оппоқ пилла ана шундай бино бўлди!
22
Пилла қўйилмиш уйлардан қўланса ҳид аримади.
Ҳидлар дастидан уйларда ўтириб-да бўлмади, ётиб-да бўлмади.
Отамиз билан онамиз бот-бот уй супурди, бот-бот уй ювди. Эшиклар билан деразаларни ланг очиб қўйди.
Шунда-да бўлмади. Пилла қўйилмиш уйлардан ой-ойлаб бадбўй ҳид аримади.
IV
Бобомиз сергакландилар. Қаддини кўтардилар. Чордона қурдилар. Тиззаларини қучоқладилар. Салласини кетига суриб қўйдилар.
Еллар забти бобомиз пешонасига хуш ёқди.
Отлар кишнаган тарафдан янги ўрилмиш йўнғичқа иси келди.
Бобомиз тун жарчиси овоз бермиш тарафга қарадилар.
Одам овозларидан дарак бўла бермади.
Бобомиз ойдин олисларга термилдилар. Хаёлий овозда айтдилар:
— Мабодо сувда зардоли оқмай қолса, болалар девордан бўйлайди. Зардоли беринг, деёлмайди. Сув оқиб чиқадиган тешикни пойлайди. Шамоли қурғур ҳадеганда бўла бермайди. Шунда, билдирмайман-да, ўзим шамол бўламан. Зардолини оҳиста-оҳиста силкийман. Зардолилар дувв-дувв тўкилади... Шунда, кўчадан, ушла, оқиб келаяпти, ушла, деган овозлар келади...
48


1
Толтуш эмиш...
Олапар тут соясида олд оёқларига тумшуқ қўйиб сувга термулар эмиш.
Девор ёқалаб оқмиш ариқда бир қизил олма бир кўриниб, бир кўринмай оқиб келармиш. Олапар қулоқларини диккайтириб, олмага ажабланиб қарармиш.
Еб бўлмаслигини билармиш-да, тағин оёқларига тумшуқ қўярмиш.
Олапар қабатида қизалоқлар давра бўлиб ўтириб босмалим ўйнар эмиш.
Бир қизалоқ гилосдай-гилосдай бешта тош иккитасини ўнг, иккитасини чап тарафига қўярмиш. Қўлида қолмиш бир тошни осмонга отармиш. Кафти билан ерга бир шапатилармиш-да, осмондан келмиш тошни қўли юзаси билан илиб олармиш. Қўли юзасидан ғоят нафис, ғоят эпчиллик билан қўли кафтига олармиш...
Қизалоқ... онамиз қизи эмиш!
Онамиз... қизи отини билмасмиш!
Қизи босмалим ўйнай берармиш-ўйнай берармиш! Босмалимнинг ёвғон турини ўйнаб бўлиб, даҳмана, улуғ, эшала, эшонқўзим, шовдир, кичикқон, каттакон, култепа, ер шапиллатар, қайи- рув, келин турларини-да ўйнармиш.
Ўйин якунловчи келин турига яқинлашган сайин мураккаблашиб борармиш.
Қизи тошни турли-туман ўйнатиб-ўйнатиб илиб олармиш. Шу тур номини ўйин нағмасига монанд бот-бот айтар эмиш:
— Келиним бир, келиним икки, келиним уч...
Қизи кўп турларни уч маротаба ижро этибди. Улуғ, каттакон деган турларни олти маротаба, эшонқўзим турини тўққиз маротаба такрорлабди. Тошни тур охиригача ерга туширмай ўйнабди. Хатоликка йўл қўймай ўйнабди. Борди-ю, бирор тошни номаъқул илиб олса, ё, адашиб илиб олса, босмалим ўйнаш гали ёнидаги қизалоққа...».
Темир сўрида ётмиш Оймомо онамиз сесканиб уйғонди. Қораялангбош туриб ўтирди. Болишда ёйилиб ётмиш рўмолини ёпинди. Тиззаларини кўрпа сиртидан қучоқлади. Уйқули кўзларини уқалади. Теваракка аланглади.
Ой қоронғи бўлди. Юлдузлар сийрак бўлди.
Робия ҳамсояси гўдаги биғ-биғ йиғлади.
«Келиб-келиб шу маҳалда-да йиғлайдими... — дея ўкинди онамиз. — Ўзи, ҳали нима кўрди? Ўғил кўрдими, ё, қиз кўрдими? Қиз кўрди, қиз! Босмалим ўйнади-ку...».
Онамиз эснаб-еснаб минғиллади:
— Қиз бўлса-да майли... — деди.
Қабатида ётмиш отамиз-да уйғонди.
— Нима бало, эловраяпсанми? — деди.
— Йўқ, Робиянинг чақалоғи уйғотиб юборди.
— Шунинг чақалоғи ёмон йиғлоқи бўлди-да.
— Айтгили йўқ.
— Ёт энди, ёт.
Онамиз ётиб, кўзларини юмди.
«Ҳали тонг олис, — умидланди онамиз. — Тушимнинг охирини кўраман. Шунда, қизимнинг отини билиб оламан...».
2
Кузда майиз қилиш бошланди.
Отамиз аввал ўз томорқаси майизини қилди.
Ҳосил яхши бўлди. Беш юз килоча майиз олди.
Ўзи тўқимиш иккита қўлсаватчани эгар қошига қистирди. Колхоз майизига йўл олди.
49


От қозиғини тарвузпояга тепиб-тепиб қоқди. Хуржун елкалаб, токзор оралади. Пайкалларда чоллар тизилиб узум узди.
— Хирмон тўлсин-у! — деди отамиз.
— Йўлингиз унсин-у! — деди чоллар.
Отамиз чаққон бўлди. Пайкалга тушди.
Узум бошларини чирсиллатиб-чирсиллатиб узиб, қўлсаватга солди.
Бир бўзбола замбил саватни пайкал бошига қўйди.
Отамиз саватчасидаги узумни пешма-пеш замбил саватга солиб турди.
Замбил узумга тўлди.
Бўзбола чопони орқасини яғринига қайирди. Бир қўлини белига тираб, энгашди. Отамиз эллик килоча келмиш саватни бўзбола яғринига қўйди.
Бўзбола илон из сўқмоқдан тепа ўрлади.
3
Тепада аёл-қизлар давра қуриб узум тозалади.
Оймомо онамиз-да чап тиззасига тирсаклаб узум тозалади.
Онамиз юзлари сўлғин бўлди. Онамиз кечаги тушлари ўйида бўлди.
Онамиз пешонасида ўтирмиш Барчин хола:
— Қани, Оймомо дўстим, бундайгина... машқингиз паст? — дея кўнгил сўради.
— Шундай, ўзим... — дея маъюсланди онамиз.
— Ай, дўстим, сўраганнинг айби йўқ... у ёқ-бу ёққа югуряпсизларми?
— Ҳа, вақти-вақти билан.
— Вақти деб ўтирасизларми? Иш адо бўлармиди! Уёқ-буёққа чопингизлар, кўрсатингизлар-да! — Бориб турибмиз.
— Қаерларга бордиларингиз?
Шунда, давра ёппасига сергак бўлди.
Онамиздан бир аёл нарида ўтирмиш Қиммат момо-да қулоқ берди.
— Сўфи Оллоёр ҳазратимга бордик, — деди онамиз.
Қиммат момо бошини сарак-сарак этди.
— Вой бечора-е, вой бечорагина-а! — деди.
— Ҳазратимни зиёрат қилдик. У киши оҳларимни эштдилар шекилли, кўнглимга умид солдилар...
— Вой шўрпешона-е, вой шўрпешонагина-а! — деди Қиммат момо.
— Иннайкейин, Ҳожар кўрга фол очирдим...
— Вой шўринг қургур-ей, вой шўргинанг қургур-е! Шунча сарсон-саргардон бўпти-я!.. — деди Қиммат момо.
Онамиз кўкрагига тушмиш рўмоли учини елкасига тирсаклаб ташлади. Бир бош узум олиб, Қиммат момога қаратиб отди.
Узум Қиммат момонинг бетига бориб тегди. Бети шилт-шилт узум шираси бўлди.
Қиммат момо бетини чангаллаб қолди.
Онамиз забт билан жойидан турди. Қиммат момони юлмоқчи бўлди, юмма-юмма юлмоқчи бўлди.
Афсуслар бўлсинким, Барчин хола онамизни ушлаб қолди. Тирсагидан етаклаб, холисроққа олиб бориб ўтирғизди.
— Балчиққа тош отсанг, бетингга сачрайди! Қўйинг, дўстим, шунга тенг бўлманг! — деди. Онамиз рангида қон қолмади. Олисдан чопиб келмишдай ҳансиради. Қўллари совқотмишдай қалтиради. Тиззаларига пешонасини қўйиб, ҳўнграб йиғлаб юборди...
— Буники бир бўлмаса, икки бўлмаса, Барчиной дўстим! — дея йиғлади. — Яна тағин хеш
50