— Кўз.
— Уйдамисан, маржон, эшикдамисан, маржон, оёқ-қўлинг кўринмас, қулфдамисан, маржон.
— Ўтов уйи оғичи.
— Тузи йўқ ошни кўрдим.
Бари аёл ўйда қолди! Биров, у деди, биров, бу деди. Биров-да тополмади!
Шунда, ушбу топишмоқни айтмиш Оймомо онамиз ҳузурланиб-ҳузурланиб кулди. Тиззасига уриб-уриб кулди. Кетига чалқайиб-чалқайиб кулди. Кула кула, қўли билан сумалакни кўрсатди. Тузи йўқ ош — сумалак бўлди!
6
Сумалак тонглари олис-олис бўлди.
Аёлларни уйқу элитди.
Уйқу Оймомо онамизни-да олиб-олиб кетди. Аммо онамиз мижжа қоқмади. Кайвони аёл бўлиб, сумалак боқиб ўтирди.
Оймомо онамиз сумалак боқиб-боқиб, сумалак тонгларни оқлади!
Оймомо онамиз чўмич билан ёғоч тобоқларга сумалак сузди.
Аёллар уйма-уй юриб, сумалак тарқатди.
Катта-ю кичик — барча-барча сумалак ялади!
Eмишки, инсонда минг бир икки дард бўлади. Сумалакдан бир яламиш инсон танаси қирқ хил дарддан фориғ бўлади!
7
Оймомо онамиз бир чўмич сумалак олди. Уйига равона бўлди. Шаҳодат бармоғи билан Қоплон отамизга сумалак ялатди. Оймомо онамиз жисман-да дадил бўлди, руҳанда дадил бўлди. Умидлари учқунланди!
«Сумалак тонгларида мижжамни-да қоқмадим! — ўзидан миннатдор бўлди онамиз. — Гуноҳларим бор бўлса, ана шу гуноҳларимдан фориғ бўлдим. Гуноҳларим йўқ бўлса, унда, тағин-да покиза бўлдим. Бир дунё савобга қолдим. Ана энди умидларим ушаладиган бўлди...».
8
Оймомо онамиз одатича тонг саҳарлаб турди.
Тирикчилигини қилди.
Уй деразаларини очди. Эшик-орани супурди.
Дарвоза занжирини туширди. Итялоққа овқат қуйди. Катак оғзидаги тошни олди. Молларга қаради. Сигир соғди.
Сутни докадан сузиб олди. Кейин, тобоққа қуйди. Чумолидан ҳадиксираб, симҳалинчакка осди. Бригадир кўчадан овоз бериб-овоз бериб ўтди.
Онамиз чой дамлади. Дастурхон бурчига бостирди.
Қоплон отамиз-да уйғонди.
— Бригадир бозор кунига боғга айтиб кетди, — деди онамиз. — Ҳа-а. Қаерга бориш керак экан?
— Аччиқ зардолизорга.
— Хўп хушхабар айтдинг. Суюнчи берсаммикин...
— Хушхабар қуриди, шу қолдими. Қўлнинг шўри. — Хина қўй.
39


Онамиз юзлари ёришди.
— Яхши айтди, чин айтди, — деди.
Чой-таътилдан кейин онамиз омборхонадан бир сиқим қуруқ хина олиб келди. Сувга ботириб ивитди. Кейин, ёғоч келига солди. Қайроқтош билан майдалаб туйди.
Оймомо онамиз кечаси ётиш олдидан отамиз кафтларига хина қўйди. Кафтларини юмди. Гирдини тугилмиш ток барглари билан ёпди. Барг устидан гарди рўмол билан ўраб боғлади. Қоплон отамиз эрталаб қўлларини очиб кўрди.
Кафтлари қип-қизил хина бўлди!
Хиналик кафтни кетмондаста урмайди!
Онамиз галдаги кечада-да отамиз қўлларига хина қўяжак бўлди.
Отамиз қўл силтади.
— Ҳали, қошимга-да ўсма қўярсан? Бор-е! — деди.
Онамиз ҳиринг-ҳиринг кулди.
— Ўз тани соғлигини ўйласин, хўп десин.
Онамиз, отамизни бемаҳалгачайин авради. Охири кўндирди.
9
Отамиз билан онамиз эрталаб боғот отланди.
Онамиз йўлда айтди:
— Ўш дегич ерда бир табиб бор эмиш... — деди.
— Вақт қани, момоси. Иш бўлса қайнаяпти.
— Бригадирдан сўрасин-да.
— Одамда бет бўлиши керак-да момоси. Шунча юрамиз, бригадир бир оғиз оғир гапирмайди. — Яна тағин, меҳнат куни ёзади.
— Ҳа-а, отангга раҳмат.
— Бормасак бўлмас, кўп зўр табиб дейишяпти.
— Унда, кейинроқ борамиз. Бўлмаса, элдан уят, момоси. Эл, ишга бир келиб, бир келмай юри- шимизни кўрса, ишдан бели совийди. Яна тағин, элнинг ўғил-қизлари-да мактабдан кейин ишга келади, момоси... Насиб бўлса, Хушвақт келсин, ўзимиз биламиз, момоси...
— Насиб бўлса, боваси...
10
Бригадир айтмиш аччиқ зардолизор остида отдан тушдилар.
Отамиз хуржунини зардоли шохига илди. Белни елкасига қўйди. Токзор оралаб юрди. Деҳқонлар қоралаб юрди.
— Ҳорманглар-ов! — деди.
— Бор бўлинг-ов! — деди деҳқонлар.
Отамиз билди, хиёл ҳаяллади. Шу боис, ҳадаҳалаб юрди. Четдан бир жўя олди. Апил-тапил иш бошлади.
Онамиз отамиз қабатида ишлади.
Деҳқонлар оралаб юрмиш ҳисобчи овозини қўйиб айтди:
— Келардингиз-да, Қоплон ака! Тушдами, ё, иш охиридами!
Оймомо онамиз уялди. Юзларини яширди.
— Юзингизни яширманг, Оймомо опа, мен сизга айтяпман!
— Энди бўлмайди-е... — кўр овозда деди отамиз.
Ҳисобчи отамиз билан онамиз бошига келди. Қўлларини орқасига қилиб турди.
— Ваъдаларингизни қопга солиб ортса, от кўтаролмайди! Бўлди-да, энди!
— Айб бизда, ҳисобчи, айб бизда!
40


— Нима, уйингизда йиғлаб қоладиган болангиз бормиди?!
Қоплон отамиз ток томирига эгилмиш кўйи қолди. Қаддини ростлашини-да билмади, ростламасинида билмади. Ток томирларида ғимирламиш сариқ чумолиларга тикилиб қолди.
— Қайтанга болалилар ўз вақтида келаяпти! Ана, Хумор, Санамлар! Бари қўша-қўша болалик аёллар!
Оймомо онамиз белни ерга қадади. Ўнг билагини белдаста учига қўйди. Пешонасини билагига қўйди. Юзларини бекитди...
Қоплон отамиз онамиз ҳолидан тағин-да эзилди, тағин-да куйди. Қаддини ростламай, ер остидан ҳисобчига қаради. Бу қараш мана бундай деди:
«Ай, мусулмон, пешонангда аёлимиз турибдики. Майли, мени ўйлама, шу пошикастани ўйлаб гапир...»
— Кўп ўқрайманг, Қоплон ака! Мен сизга ёмон гапираётганим йўқ! Мен қонун бўйича гапиряпман!
Қоплон отамиз кўзлари пир-пир этди.
«Қонунинг каллангни есин, ҳисобчи, каллагинангни есин...».
Қоплон отамиз ҳисобчидан кўзларини олди. Ток томирларига юз бурди.
Шу вақт, беш-олти жўя нарида ишламиш Ҳасан бобо овоз берди:
— Ай, ҳисобчи! — деди. — Оғзим бор деб кариллай берасанми, бўлди-да!
— Ўзингиз ўйланг-да, Ҳасан бова! — деди ҳисобчи. — Анави Санам билан Хуморнинг эгиз боласи бор, эгиз! Шундай бўлсаям, ўз вақтида ишга келади! Оймомо опанинг анави белдастадан бошқа нимаси бор?!
— Боласи борми-йўқми, у, сен билан бизнинг ишимиз эмас, у, Яратганинг иши, ҳисобчи!..
— Эр-хотиннинг қорнидан бошқа қайғуси йўқ! Яна тағин, ишга кечиккани кечиккан!
— Бўлди-е, кўп кариллама-е!
— Болалик бўлсаям майли эди! Боласини эмизади деймиз, боласини аллалайди деймиз! Булар кимни эмизади, булар кимни аллалайди?! Эр-хотин бир-бировини аллалайдими?! Эр-хотин бир- бировини эмизадими?!
Қоплон отамиз қалқиб кетди! Юзтубан йиқилайин-йиқилайин, деди!
Бовужуд, белдастага суяниб қолди. Белдаста ушламиш бармоқлари қалт-қалт этди.
Шаҳд билан қаддини ростлади. Олислаб кетмиш ҳисобчи кетидан қаради. Тиш ғижирлатиб-тиш ғижирлатиб қаради.
Қоплон отамиз ток жўяни ишлади. Ток остини айлана қилиб ковлади. Ток белида униб чиқмиш патак томирларни юлиб ташлади. Қари токларни кундаков қилди.
Оймомо онамиз ток пуштани ишлади. Новдалар учини суғурди. Новдаларни иложи борича юқори кўтарди.
Боиси, новдалар ерда турса, оёқ тега беради, кийим ўнгирлари илаша беради. Оқибат, новда пиндиқлари учиб кетади.
Ҳосил эса, ана шу пиндиқларда бўлади!
Отамиз билан онамиз ғарқ терга ботди.
Отамиз кўйлаги елкаларига жиққа ёпишди.
Онамиз энтикиб-ентикиб нафас олди.
Кун қиёлаб-қиёлаб ботди.
Ишдан қайтар вақт бўлди.
Ҳисобчи деҳқонларга айтди:
— Эртага вақтлироқ келинглар! Салқинда иш унади! — деди.
Жўна-жўна бўлди.
Нурмат кўса теварагига аланг-жаланг бўлди.
— Ай, халойиқ, менинг белимни кўрмадиларингизми? — деди.
Деҳқонлар кўсага қаради. Гуриллаб кулди.
41


— Нимага тиржаясизлар, — деди кўса, — кўрган бўлсаларингиз айтингизлар-да!
— Белингиз бозор кетди! — дея хахолаб кулди деҳқонлар.
Бир деҳқон қўли билан кўсанинг елкасини кўрсатди.
Нурмат кўса елкасига қараб, ўзи-да хахолаб кулиб юборди. Боиси, кўса белини елкасига қўйиб, дастасидан ушлаб турди!
Деҳқонлар шу қадар чарчади!
11
Колхоз отамиз билан онамизга пилла берди.
Пиллачи агроном бир кафт уруғ олиб келди.
Уруғлар йўнғичқа гулидай-гулидай бўлди. Жони йўқ бўлди. Онамиз уруғларни ҳовлидаги сўрига ёйди.
Бир қути пилла икки одамга оғирлик қилади.
Шу боис, отамиз бригадирдан тағин бир одам сўради. Бригадир Қиммат момони берди.
12
Қиммат момо дарвозадан қора берди. Ўзи гапириб-ўзи қўйиб кела берди:
— Бригадир айтгандан кела бердим. Ўзимнинг улпи-томирларим билан ишлайдиган бўпман-да, дедим. Айланайин бўлагинамдан, ўргилайин бўлагинамдан. Қани, бўлагинам, хўп омонмисиз, хўп дамлимисиз...
Қиммат момо онамиз билан қўлтиқ остидан қўл узатиб кўришди.
— Бўлам-да, минг қилсаям бўлам-да, — деди. — Яхши кўраман. Ўзимча эслаб юраман. Худо тирноқдан қисган бўлсаям, ўзларининг тани- жони соғ бўлсин дейман. Иним қаёқда? Ҳа-а-а! Уям кўзимга яхши кўринади. Ўзимники-да, ўзимники.
Қиммат момо аста тиззасига урди. Ўзича куйган бўлди:
— Уф-ф-ф, биркам дунё экан-да, — деди. — Мана шу ҳовлида икковгина қоракўз бурни оқиб юрса, катталар пилла берармиди! Катталар бундай қараса, кенг бир ҳовлида икковгина эр- хотин бор. Тирноқ зоти йўқ... Шуларга пилла берайлик, деган-да.
Оймомо онамиз ёмон вазиятда қолди. Нима дейишини билмади. Ерга қаради. Нима қилишини билмади. Чўп билан ер чизди.
Қиммат момо бир дарвоза тарафга, бир уй тарафга аланг-жаланг бўлди. Кейин, оҳиста гап очди:
— Уйгинангда ҳеч ким йўқми, бўлам?
— Йўқ, нима эди?
— Бўлаларнинг гапини биров эшитмасин дейманда бўлам. Ҳозирги замоннинг одамлари ёмон бўп кетган, бўлам.
— Айта беринг, уй овлоқ, айта беринг.
— Сўрамоқдан айб йўқ, дейдилар... Биров-ярим билан... борди-келди қилиб кўрмадингизми, бўлам?
Оймомо онамиз ер чизишни бўлди қилди. Чизилмиш ерга тикилиб қолди. Қиммат момо нима деди, мағзини чақа олмади.
— У нима деганингиз? — деди.
— Содда бўламдан-да, соддагина бўламдан-да. Содда кўп яхши-да. Соддалик — кўнгил тозалик бўлади. Содда бўламдан айланайин, соддагина бўлагинамдан ўргилайин. Шу... биров-ярим билан дейман-да... ётиб дейман.
— Нима-нима?
— Биров-ярим билан ётиб... ўзингни бир синаб кўрмадингми, дейман...
42


Оймомо онамиз ялт этиб Қиммат момога қаради. Онамиз юзлари лов-лов ёнди. Кўзлари пир- пир этди.
— Оғзингизга қараб гапиринг, момо, оғзингизга қараб қапиринг!
— Оғзим қараб гапирсам-гапирмасам-да, бўлам. Гулдай умрингни зое кетказиб нима қиласан, бўлам...
— Қандай биров-ярим билан, қандай биров-ярим билан?! — бирдан олов олди онамиз. — Бошимда ҳақ никоҳлик эгам турибди-ку!!!
— Ҳақ никоҳлик эгангдан ёруғлик чиқмаса нима қиласан, бўлам...
— Нима демоқчисиз?! — ҳаминқадар оловланди онамиз. — А, нима демоқчисиз?!
Қиммат момо раъйкорчи бўлди.
— Ана, ферма мудиримиз бор, уюрдаги айғирдай бўп юрибди... — деди. — У бўлмаса, ана, бригадиримиз бор, келбати эгиз туғдираман, деб турибди...
Оймомо онамиз шаҳд билан жойидан турди. Шашт билан сўридан тушди. Калишини-да киймади. Яланг оёқ дарвоза тарафга юрди. Дарвоза тавақаларини ланг очди. Қўли билан кўчани кўрсатди.
— Кетинг! — деди. — Ҳозир кетинг!
Қиммат момо жойидан туришини-да билмади, турмасини-да билмади. Безрайиб ўтира берди.
— Эб-ей, яхшиликка ёмонлик! — деди. — Мен сени бўлам деб айтиб эдим, бўлагинам деб айтиб эдим, эб-ей!
— Мен сизга кетинг, деяпман!
— Эб-ей, мен пиллага келиб эдим, эб-ей!
— Кетмайсизми, кетмайсизми?!
Оймомо онамиз шундай дея, итини чақирди:
— Баҳ-баҳ-баҳ, Олапар, баҳ-баҳ-баҳ!
Катак олдида ётмиш Олапар чопқиллаб келди. Думини ликиллатиб-ликиллатиб, онамиз ўнгирини искади.
— Кетинг деяпман!! — деди онамиз. — Бўлмаса, Олапарни олкишлайман!!
Қиммат момо лик этиб жойидан турди. Калишини йўл-йўлакай кийди.
— Кетаяпман, бўлам, мана, кетаяпман! — деди.
Қиммат момо Олапардан ҳадиксираб одимлади. Олапардан кўз узмай одимлади. Олапарни ёнлаб-ёнлаб одимлади. Кетига қараб-қараб одимлади.
— Ит ёмон, бўлам, ит билан ўйнашманг, бўлам! — дея-дея одимлади.
Дарвозадан ташқарилади. Қаддини ростлади. Ўзини эркин олди. Кўйлак ёқаларини кўтариб, ичига туф-туфлади.
— Ай бўлам, пиллага қачон келайин? — деди.
— Қорангиз ўчсин-е, сиздайчикин пиллачининг-е!..
Оймомо онамиз дарвоза тавақаларини қарс-қарс ёпди. Занжирини шарақ-шарақ занжирлади. Кейин, дарвоза тирқишидан мўралади.
Қиммат момо ҳамон остонада турибди! Авзойи, тағин ичкари кираман, деяпти!
Оймомо онамиз теварагига аланглади. Бурчакда ётмиш нарвонни судраб келди. Дарвозага тираб қўйди. Қимирлатиб-қимирлатиб кўрди. Хотири жам бўлди.
Уйга кириб, ўзини тўшакка ташлади.
Хўнг-хўнг йиғлади. Йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолди.
13
Оқшом вақти:
— Қиммат момо келмасин, — деди онамиз. — Нима учун? — деди отамиз.
— Бети қурсин!

43


— Бошқа одам йўқ, момоси. Бригадир шу момони-да аранг берди. — Бошқа одам бўлмаса-да майли, ўзимиз эплаймиз.
14
Қоплон отамиз даҳлизда сўри қурди.
Оймомо онамиз йўнғичқа гулларни сўрига ёйди.
Кун тафтли бўлса-да, печка ёқди. Ҳавони пиллабоп этди.
15
16
Қоплон отамиз адирдан барг олиб келди.
Оймомо онамиз шохча баргини чилпиб-чилпиб олди. Пилла уруғлар узра ёйди. Пилла барг еган сайин болалади.
17
Даҳлиздаги уч қават сўри-да пиллага тўлди.
Отамиз билан онамиз ўзлари ётиб-турувчи уй ашқол-дашқолини ташқари олиб чиқди. Темир сўрига уйди.
Уйда уч қаватли, уч қатор сўри қурди.
Бу уй-да пилла билан тўлди.
Пилла уруғлай берди.
Отамиз билан онамиз энди меҳмонхона жиҳозларини ташқари чиқарди. Темир сўрига қўйди. Меҳмонхонада уч қатор, уч қаватли сўри қурди.
Шундай катта меҳмонхона-да пилла билан тўлиб тошди.
Бошқа бўш уй қолмади. Ёлғиз ошхона қолди.
Отамиз билан онамиз ошхонадаги қозон-тобоқларни ташқари чиқарди. Темир сўрига қалади. Ошхонада уч қават сўри қилди.
Ҳовлидаги темир сўри ичкаридан олиб чиқилмиш ашқол-дашқоллар билан тўлди.
Ток вайиши ости баргхона бўлди.
Отамиз билан онамиз учун тирикчилик қиладиган жой қолмади.
Товуқ катаги ёнида бир гиламлик бўш жой бўлди. Бу, қишда ёқилиб адо бўлмиш ғўзапоя уюми жойи бўлди.
Отамиз билан онамиз ўтириб-туражак гиламларини ана шу жойга олиб келиб тўшади.
— Катак олди яхши-да, — деди онамиз. — Товуқлар қоқоқлаб уйғотади.
Шундай қилиб, отамиз билан онамиз уйлари тўрини пилла учун берди. Ўзлари торвуқлар билан ёнма-ён ётди.
Пилла биринчи уйқуга кетди.
Икки кеча-ю икки кундузда уйқудан турди.
Иштаҳа билан барг еб бошлади.
Пиллачи агроном келиб кўрди.
— Яхши, кўз тегмасин, яхши, — деди.
Пилла иккинчи уйқуни олди.
Бир ҳафтада йўнғичқа гуллар жон олди. Жонивор бўлиб ғимирлади.
Пилла бўлиб баргга кирди.
44