ширинсухан бўлади, ширинзабон бўлади!
Қиммат момолар ёмонлардан холис-холис юради, яхшиларга осилади, яхшиларга сим тақади. Яхшиларни сассиқ-сассиқ гаплар билан чимчилаб-чимчилаб олади. Яхшиларни заҳар-заҳар гаплар билан ўйиб-ўйиб олади.
Яхшиларда яхшидан-яхши фазилат нима? Худо бермиш юксаклик нима? Худо бермиш улуғлик нима?
Қиммат момолар айнан ана шуларни йўққа чиқариш пайида бўлади!
Масалан, покдомон одам борасида нопок гап тарқатади. «Ифлос одам!» дейди. Донолар доноси борасида нодон гап тарқатади. «Пича камроқ», дейди. Ҳалолдан-ҳалол одам борасида ҳаром гап тарқатади. «Бузуқ одам!» дейди.
Гапирганда-да, ғоят устамонлик билан гапиради. Соддадил қиёфада гапиради, беғубордил қиёфада гапиради. Юзлари жонкуярдай бўлади, кўзлари меҳрибондай бўлади.
Қиммат момолар топиб-топиб гапиради!
Муқаддас чақалоғи иягига бармоғини нуқиб-нуқиб эркалатди. Нуқиб-нуқиб суйди:
— Чу-чу-чу, шакар бубагим, новвот бубагим, чу-чу-чу. Иягида чуқурчаси-да бор, асал бубагимнинг, чу-чу-чу. Холангга қараб бир кул. Кул, кул! Хола, мени келин қилмайсизми, де. Моҳичеҳра ўпка-гина қилди:
— Сени келин қилмайман, — деди. — Келганимда бирон марта-да кулмайсан. Қобоғингдан қор ёғилиб туради.
— Келин қилмаганингизни-да кўрайин, хола. Ҳали ўғлингизнинг бошини шундай айлантирайин- шундай айлантирайин...
Қиммат момо тағин тиззасига шапатилаб-ша-патилаб куйинчаклик қилди.
— Уф-ф-ф, шугиналар эна бўлгиси келмаса-я, Оймомо, шугиналар-а! — деди.
Оймомом Қиммат момо гапини эшитиб-ешитмасликка олди. Миқ этмай жойидан турди. Аёллар тарафга юрди.
Қиммат момо Оймомо кетидан қараб-қараб қолди.
Қиммат момо мурод-мақсадига етолмади. Гапи нишонга тегмади. Тегса-да, чала тегди.
Қиммат момо энди индамай кета берадими? Йўқ, индамай кета бермайди. Борди-ю, индамай кетса... тоби қочиб қолади! Егани-да татимайди, ичгани-да татимайди. Аза тутади!
Оймомо ёмондан қоч-да қутул, ё, тон-да қутул, дея кетдими?
Кетади-я, кетади! Кетганини-да кўради!
Қиммат момо ҳали муродига етади, ҳали ҳузур қилади...
25
— Эл-халқ адир-қирларга оқиб-оқиб кела берди. Нима учун эл-халқ айнан адир-қирларга кела берди?
26
Eмишки, бир Буқа бўлар эмиш. Буқа подада юражак буқалардан эмас эмиш.
Буқа... Муқаддас Буқа эмиш!
Муқаддас Буқа само нур-зиёлардиан яратилган эмиш.
Муқаддас Буқа шохлари-да шунчаки суяк эмас эмиш. Муқаддас Буқа шохлари.. олтиндан эмиш! Муқаддас Буқа туёқлари-да шунчаки туёқлар эмас эмиш. Муқаддас Буқа туёқлари... кумушдан эмиш!
Муқаддас Буқа бир ўзи юрмас эмиш. Муқаддас Буқа бир аравани тортиб юрар эмиш. Муқаддас Буқа аравасида... ой ортиб юрар эмиш!
Муқаддас Буқа одамзотга кўринмас эмиш! Ҳамиша кўздан пана бўлиб юрар эмиш. Шу боисдан Муқаддас Буқани кўриш ғоятда мушкул эмиш.
33


Муқаддас Буқа қаерларда кўриниш берар эмиш? Фалакда кўриниш берар эмиш. Уфқда кўриниш берар эмиш.
Муқаддас Буқа нима каромат кўрсатар эмиш?
Қайси инсон Муқаддас Буқани бир кўрса бўлди, ўша инсон хоҳиш-иродалари ижобат бўлар эмиш! Бор орзу-умидлари бажо бўлар эмиш!
Муқаддас Буқа шунчаки бир кўриниб кета бермас эмиш-да. Борди-ю, инсон назарига тушиб қолса... Муқаддас Буқа... бўкирар эмиш!
Муқаддас Буқа бир бор бўкирса... йил беҳосил келар эмиш. Экин-тикиндан қут-барака кетар эмиш. Оқибат, танқисчилик бўлар эмиш...
Худо ёрлақаб, Муқаддас Буқа икки бор бўкирса... йил серҳосил келар эмиш, йил сермаҳсул келар эмиш. Тўкин-чочинлик бўлар эмиш...
27
Eл-халқ ана шу Муқаддас Буқани бир кўриш орзусида адир-қирларга сайиллаб келар эмиш! Боиси, адир-қирлар юксак-да! Осмон-у фалакка яқин-да.!
Осмон билан уфқ адир-қирлардан кафтдай кўриниб туради-да!
28
Аёллар ўйнай берди-ўйнай берди. Охир-оқибат, ҳолдан тойди.
Илик узилди вақти-да!
Шунда, Хурсандой отли полвонқомат бир аёл давра кирди. Аёлларни битта-биттадан ўйинга тортди. Ўзини кетига ташловчи аёлларни қўлтиғидан даст кўтариб давра олиб келди. Хурсандой қайсики аёлни давра олиб келса, ўша аёл билан қўшилиб-қўшилиб ўйнади. Ҳориш- чарчаш нималигни билмади.
Хурсандой уч яшарлигида отадан сағир қолди. Онаси бошқа эр қилди. Хурсандой ўгай ота қўлида катта бўлди. Шу боис, суяги меҳнатда қотди. Оқибат, полвонсуяк бўлди!
Қиммат момо ўйлади-ўйлади, ана шу гапни топди!
— Бўй-бастини қаранг... Минг қилсаям... икки эркакнинг зурриёти-да... — дея сасиди.
Буни эшитмиш Хурсандой феъли айниди. Кўнглидаги сайил хушвақтлиги, сайил хуррамлиги хуфтон бўлди.
Қиммат момога олайиб-олайиб қаради. Аммо ёмон гапирмади.
Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!
Наврўзда ёмон гапириб бўлмайди!
Наврўз ҳаминқадар шод-хуррамликда ўтса, ҳаминқадар хуш-хушвақтликда кечса...
Ер-у фалак-да ҳаминқадар сахий бўлади!
Осмон-у фалакдан мўл-кўл ёмғир ёғади!
Ер-у замин-да бўлиқ-бўлиқ ҳосил беради!
Eл-юрт келажак Наврўзгача хуш-хушвақтликда кун кўради, роҳат-фароғатда кун кўради! Хурсандой даврага кўз солди-кўз солди, аёллар орасида мунғайиб ўтирмиш Оймомони кўриб қолди. Оймомони давра етаклаб келди.
Оймомо ўзини кейинига ташлади.
— Мен ўйинни билмайман! — дея зорланди.
— Нима, биз ўйинни биламизми? — деди Хурсандой. — «Баҳор» ансамблида ўйнаб келиб эдикми?
Оймомо рўмоли учларини елвагай қилди. Бармоқларини лаблари билан намлади.
Оймомо нозланиб-нозланиб ўйнади. Бармоқларини қирсиллатиб-қирсиллатиб ўйнади. Шундай хушрўй ўйнади-шундай хушрўй ўйнади!
Давра жўшди, давра:
34


— Киштала-киш, киштала-киш, киштала-киш! — дея чапак чалди. Қиммат момо Оймомо ўйинига қаради-қаради-да, ўзича бош ирғади. — Шундай хушрўй аёл тирноққа зор-а, тирноққа-я! — деди.
— Ундай деманг-е, — деди бир момо.
— Куйганимдан гапираман-да, Сора момо, куйганимдан! — деди Қиммат момо. — Бўлам-да, минг қилсаям, бўлагинам-да!
— Бўлангиз бўлса-да, деманг!
Қиммат момо дарров гапни бурди. Бирдан... ҳиринг-ҳиринг кулди.
— Ҳазил-да, Сора момо, ҳазил-да. Ҳазил гапниям билмайсизми! — деди.
Қиммат момо ўхшатиб-ўхшатиб вовайло қилди:
— Уф-ф-ф! — деди. — Худо итга берган тирноқни, битга берган тирноқни нима қиларди денг, шу бўлагинамгаям берса!
Ер ёрилмади, Оймомо ерга кириб кетмади!
Боши узра ўйнатмиш қўлларини оҳиста-оҳиста туширди. Кафтлари билан юзларнии бекита- бекита, даврадан чиқиб жўнади.
Наврўзлари заҳар-заққум бўлди! Наврўзлари бурнидан булоқ бўлди!
Уфқ қорайиб-қорайиб келди. Қоп-қора булутлар кўпириб-кўпириб тошди. Булутлар тошиб- тошиб келди, булутлар ёйилиб-ёйилиб келди.
— Ана, келаяпти, ана, — деди эл.
Келажак Муқаддас Буқа бўлдимикин? Кўпириб тошмиш қоп-қора булутлар Муқаддас Буқа араваси ғилдираклари остидан ўрлаяптимикин?
Қоп-қора уфқ гулдур-гулдур этди, қоп-қора уфқ гумбур-гумбур этди.
— Келди, кетдик, келди! — деди эл.
Гулдур-гулдур этмиш Муқаддас Буқа аравасимикин? Муқаддас Буқа аравасини тарақлатиб- тарақлатиб ҳайдаб келаяптимикин?
Қоп-қора уфқ ярқ-юрқ этди, қоп-қора уфқ ялт-ялт этди.
Муқаддас Буқа араваси ғилдираклари тоғ-тошларга урилиб-урилиб, чақин чақяптимикин? Ё Муқаддас Буқа кумуш туёқлари чақир тошларга тегиб-тегиб, ўт чақнаяптимикин?
— Ҳозир ёмғир ёғади! — деди эл.
Қоп-қора булутлар ичра оппоқ бир нима бир йўқолди-бир кўринди. Муқаддас Буқа аравасида ортиб юрмиш ой қалқиб-қалқиб келаяптимикин?
Eл-халқ уй-уйига тарқалди.
Наврўзчилар кўнгли кўклам бўлди.
Оймомо кўнгли... ҳамон қиш бўлди!
III
Ой тўлишиб қолди.
Ёз ойдини оппоқ бўлди.
Фалак кавкабистон бўлди.
Кавкабистонда бир юлдуз юлдуззор оралаб сайр этди. Бу, ер йўлдоши бўлди. Олис-олислардаги чироқлар юлдузлардай милтиллади.
Адир биқинидаги баҳайбат ёнғоқ барглари мунгли шитирлади. Чигирткалар чириллади... Бир қуш зардоли шохларини шитирлатиб-шитирлатиб учди.
Йўнғичқапояда отлар кирт-кирт ўтлайди.
Отлар пишқирди, отлар кишнади.
Отлар тарсиллатиб-тарсиллатиб ер тепинди.
Тун жарчиси бойўғли узиб-узиб овоз берди.
35


— Момоси, шу теваракда одам бор шекилли... Момоси, ҳовлимиздаги зардолилар сувга чўлп- чўлп тушади. Зардолиларни кўчада болалар ушлаб ейди...
1
Оқшом вақти Оймомо онамиз тош билан катак оғзини ёпди. Катакка чўнқайиб ўтирди.
Шунда, энди той-той бўлмиш улоқ бир йиқилиб, бир туриб кела берди. Қулоқларини қоқаман дея, тағин бир йиқилиб турди.
Оймомо онамиз завқланиб кулди. Ўнг қўлини улоққа чўзди. Бармоқларини ўйнатди. Улоқни ўзига чорлади:
— Кел, чиги-чиги-чиги. Кел, той-той-той.. — деди.
Улоқ Оймомо онамиз бармоқларини ялади. Мурғак-мурғак боқди.
Улоққа термулиб ўтирмиш онамиз хаёлига энди тетапоя бўлмиш гўдак келди...
Шу вақт дарича ғийқиллаб очилди. Бола кўтариб олмиш Робия ҳамсояси келди.
— Ай, ҳамсоя, элагингизни бериб туринг. Бизники тешилиб қолибди, — деди.
Оймомо онамиз ошхонадан элак олиб келиб берди.
Робия ҳамсояси супага чўк тушди.
— Ё, пирим, пича дамимни олайин, — деди.
Кейин, эшитмиш-билмиш иғволардан гапирди. Таъби хушламовчи аёллар ғийбатини қилди. Eлакка бормиш аёлнинг эллик оғиз гапи бор, бўлди!
Ичини бўшатиб кетди. Хиёлдан кейин тағин келди.
— Ай, ҳамсоя, эсим қурсин, хиёл бўлмаса эсимдан чиқайин, дебди, — деди. — Холдон момоникига сумалакка боринг. Аёллар сизни кайвони бўлсин деяпти, вақтлироқ боринг. Оймомо онамиз ич-ичидан суюнди. Боиси сумалак қўювчи-да, сумалакка кайвонилик қилувчи- да, ғоят покиза аёл бўлмоғи лозим бўлади.
«Мени лозим кўрибдиларми... менгинани лозим кўрибдиларми, — демак эл назарида фариштали аёл бўлибман-да? — дея хаёлланди онамз. — Шукур, Яратганнинг ўзига шукур, ишқилиб, эл савобини олар бўлибман...».
Оймомо онамиз сумалак кайфиятида эшик-орани супурди. Сумалак завқида тирикчилигини қилди.
Қоплон отамиз даладан келиб, сумалак дарагини эшитди.
Ҳа-а, бинойи, — деди , — менга-да сумалак олиб келасанми?
— Бу кишига олиб келмай, кимга олиб келаман, — деди онамиз.
Оймомо онамиз рўмолга бир мисқол буғдой тугди.
Сумалакка йўл олди.
2
Сумалак қаерда қўйилди?
Сумалак одам назари тушмовчи жойда қўйиди.
Захдан-захе жойда қўйилди.
Нур-зиёсиз, шомол-ҳавосиз жойда қўйилди.
Қурт-қумурсқасиз, каламуш-сичқонсиз жойда қўйилди.
Eртўла ана шундай жой бўлди!
Тўрт-беш мисқол буғдой намлаб-намлаб ёйилди.
Бир ҳафталарда буғдой кўм-кўк майса бўлиб унди. Кўм-кўк майса бўлиб ўсди.
Майсалар бир-бири билан айқашиб-айқашиб қолди. Бир-бири билан зичлашиб-зичлашиб қолди.
Майсалар бетига дока ёпиб-ёпиб қўйилди.
Вақти-вақти билан дока олиб-олиб турилди.
36


Майсаларга сув сепиб-сепиб турилди.
Майсаларга офтоб нури тушириб-тушириб турилди... Сумалак майса Наврўз рамзи бўлди!
3
Холдон момо ана шу майсаларни келига солди.
Оймомо онамиз майсаларни келида туйди. Кўп-кўп туйди, хўп-хўп туйди.
Майсалар шира бўлди. Майсалар шира берди.
Оймомо онамиз майсалар бермиш шираларни сувли тобоқларга солди.
Шира сувда аста-аста эриди. Сув билан аралашди.
Оймомо онамиз ширали сувни сумалак қозонга солди.
Аёллар сумалаклаб кела берди.
Еттита аёл бўлди, тоқлик бўлди.
Жуфтлик бўлса маъқул бўлади.
Аёллар тағин кимни таклиф этишни маслаҳатлашди. Гап айланди-айланди, охири, Мунаввар отли аёлга бориб тақалди.
— Бети қурсин, бетидан бузилсин!
Бу гапни Холдон момо айтди.
Аёллар бирдан сергак бўлди. Бир-бирига қаради. Ўзгача қаради, илмоқли қаради. Бирин-кетин бош ирғади.
— Айтганингиз келсин! — деди.
Боиси, элда Мунаввар суюғоёқ аёл, демиш гап оралаб юрди...
Сумалак ана шундай улуғ ҳам эътиқодга молик таом бўлди!
Аёллар олиб келмиш унларини сумалак қозонга солди.
Кейин, сумалак қозон гирдида давра қурди. Гурунг бериб-гурунг олиб ўтирди.
Онасига эргашиб келмиш болалар уй теварагида чопишиб ўйнади. Бир-бири билан айтишиб ўйнади, жанжаллашиб ўйнади.
Жанжалга оналари аралашди. Ўзаро сен-менга борди.
«Мен бўлсам, аралашмасдим, — хаёлланди онамиз. — Бола дегани бир бегуноҳ банда-да. Бугун уришади, эртага ярашади».
Оймомо онамиз дўланадай-дўланадай келмиш еттита тошни ювиб-чайди. Қозонда қайнамиш сумалакка солди.
4
Eмишки, фоний оламда бир онаизор бўлибди. Онаизор ўз оти ўзи билан зор она бўлибди. Бе- чорадан бечора бўлибди. Ғарибдан-ғариб бўлибди.
Худойим худовандо онаизор ризқ-рўзини бермабди-да, насибасини бермабди-да!
Аммо худойим худовандо онаизор пуштини берибди! Онаизор қўша-қўша фарзандли бўлибди! Фарзандлари бир этак бўлибди!
Бир оқшом болалари қўлларини чўзиб:
— Хўрак, эна, хўрак! — дея зорланибди.
Онаизор енгларини турибди.
— Болаларимга мазали таом қилиб берайин, — дебди. Ўчоққа ўт ёқибди. Қозон осибди.
Ўт ёна берибди, қозон қизий берибди.
Шунда, онаизор қозонга нима солишни билмабди. Уй-ичини қарабди. Теварак-бошни қарабди. Қозон қайнатиш учун бирон-бир нима тополмабди.
Норасидалари бўлса, хўрак, дея зорланишини қўймабди. Хўрак дея йиғлай бериб-йиғлай бериб,
37


ухлаб қолибди.
Онаизор оч-наҳор ухлаб ётмиш гўдакларига термулиб ўтирибди. Ўтириб-ўтириб, кўнгли бузилибди. Ўз тақдиридан куйибди.
— Йўқчилиги қурсин-а, йўқчилиги-я! — дея қон-қон йиғлабди.
Гўдаклар азонда уйқудан туради. Очдан-оч бўлади. тағин таом, дейди. Хўрак, дея йиғлайди... Онаизор ана шу қайғуда тимирскиланиб юрибди-юрибди. Қозон қайнатиш учун тағин бирон нима тополмабди.
Шунда, майда-майда тошларга кўзи тушибди. Шу тошлардан еттитасини санаб олибди. Тобоқда ювиб-ювиб тозалабди. Тобоқдан қозонга солибди.
Онаизор наҳорда қозон қопғоғини олиб қараса, қозон тўла таом бўлибди!
Таом оти — сумалак бўлибди!
Шу-шу, сумалак Наврўз таоми бўлиб қолибди!
5
Шундай қилиб, тошлар сумалак бўлиб қайнай берди. Тун оғди.
Гурунглар-да адо бўлди.
Бир аёл урчуқ йигирди, бир аёл пахта чигитлади. Шунда-да, сумалак тонглари отмади!
Шунда, Холдон момо айтди:
— Келинглар, топишмоқ айтамиз, — деди.
— Хўп бинойи гап, — маъқуллади аёллар.
— Ўзимизнинг гурунгма-гурунг юрадиган топишмоқлардан айтамиз.
Eл оғзида юрмиш топишмоқлардан айтиш бошланди.
Айтишувни Холдон момо бошлаб берди.
— Мен айтсам, узун-узун ўз кетди, узун бўйлик қиз кетди — қасаваси қарсиллаб, манглайи ерга тарсиллаб. Бу нима?
— Ўрмак.
— Кичкина қозоннинг оши ширин.
— Ёнғоқ.
— Букри момом бук этди, югуриб уйига кириб кетди.
— Сичқон.
— Анави тоғдан қараган, манави тоғдан қараган, ўзимга ярашар деб, балхи рўмол ўраган.
— Бузоқбоши.
— Ака-ука бир яшайди, бир-бирини кўрмайди.
— Кўз.
Аёллар тинимсиз ўт ёқиб турди, тинимсиз ўт ковлаб турди.
Боиси, ўт ҳовури хиёл пасайса... сумалак айнийди!
Сумалак ана шундай нозиктаъб таом бўлди!
— Чин қушим, чинни қушим, чин тепага чиқди қушим, оғзидан бол узатиб, халққа салом берди қушим.
— Самовар.
— Тоғни талайди.
— Болта.
— Ит эмас, ирилламас, одам эмас, уйга қўймас.
— Қулф.
— Йилтинг-йилтинг чироғим, йилтиллайди чироғим, гавҳардан кўп қадри, қадрдоним чироғим.
38