Ҳайитда улкан ҳовуз бўйида жийноқ бўлди.
Жийноқда нишолда, нўхат сотди, ҳолва, писта сотди.
Болалар лойшувиллак чалди, сибзиқ чалди.
Қизлар катта тут остида ғуж бўлди.
Сардор қиз жиккак болага бир ўрам арқон берди.
Бола яланг оёқ бўлди. Белига арқон ўради. Йўғон тутга тирмашиб чиқди.
— Қайси шохга ташлайин? — сўради бола.
— Ҳув анави букри шохга! — деди сардор қиз.
Бола ана шу шохга чиқиб борди. Белидаги арқонни шохга ташлади. Арқон учлари ерга бориб тегди.
Шох билан ер оралиғи йигирма қулочча бўлди.
Бола шу арқондан ерга осилиб тушди.
Ерда кафтини қошига қўйиб қарамиш қизлар ичини тортди.
Сардор қиз болани бир муштлади.
— Ўл-а, юрагимни ёрдинг-ку! — деди.
Бола ер сапчиди, ҳиринглаб кулди.
— Урманг, бўлмаса Нурали акамга айтаман!— деди.
— Нуралинг ким?
— Сизни аччиқ зардоли остида қучоқлаб ўпадиган Нурали!
— Ўчир-е, кўргилигинг кўп бўлгур!
Қизлар гурр кулди!
Сардор қиз арқон учларини тугди.
Ҳалинчакка бир қиз ўтирди.
Сардор қизни уёқдан-буёққа олиб бориб-олиб келди. Кейин зарб билан қўйиб юборди.
Қиз ҳалинчак учишига қараб гоҳ ўтирди, гоҳ турди.
Қиз елланди, қиз солланди! Қиз суръатини оширган сайин оширди!
Теварак томларда ҳолва еб ўтирмиш ҳайитловчилар ҳалинчак томоша этди.
Шунда, Оймомо ҳалинчаклади.
Ўзига қаради. Оттуёқ рўмолини бўйнига ўради.
Солланиб-солланиб бир учди-бир учди-е! Гир айланиб кетайин деди!
Ҳалинчак қуйидан юқорилади.
Оймомо ўтириб олди.
Ҳалинчак ўнг тарафга кўтарилиб борди. Жойида муаллақ қолди. Кейин, бирдан қуйилади. Оймомом оёғида тик турди.
Ҳалинчак Оймомо вазни зарбида шиддат билан қуйилади. Қуйидан чап тарафга юқорилади. Ҳалинчак бир чап сайин-бир ўнг сайин юқорилаб-юқорилаб турди.
Ҳайитловчилар бош кийимларини ушлаб ҳалинчак қаради.
Шундай бўлса-да, дўпписи тушиб кетувчилар-да бўлди, рўмоли учиб кетувчилар-да бўлди. Қоплон юрагини ҳовучлади.
— Ё, пирим-е, ё, пирим-е, — дея пичирлади.
Оғзидаги ҳолва оғзида қолди, бўғзидаги ҳолва бўғзида қолди.
Ҳалинчак оҳисталади.
Оймомом ўзини ерга ташлади. Зарб билан чопқиллаб борди. Бир қизни қучоқлаб олди.
Ана шунда Қоплон елкасидан нафас олди. Бўғзидаги ҳолвани ютди, оғзидаги ҳолвани чайнади.
Кечаси қайлиқ ўйинида бўлди. Қайлиқдан қойиллигини яширмади.
31

14


— Юрагингга балли-е! — деди. — Аеропландайин учдинг-а! Сенга қараб, менинг бошим айланиб кетди!
— Учиб қолайин, бир-икки ойдан кейин учиш қаёқда...
— Нимага ундай дейсан?
Қайлиқ жавоб ўрнида куёв қўлини ушлади, бармоқларини тортқилади. Куёв дарҳол англаб олди.
— Ҳа-а-а... — дея кулимсиди.
Қайлиғи юзини бағрига босди. Сочларини силади. Дилнавозлик қилди... — Отини нима қўямиз? — деди.
— Барчиной.
— Сен ҳали...
— Қиз яхши-да. Менга ёрдамчи бўлади.
— Йўқ, ўғил бўлсин. Отини-да ўйлаб қўйибман: Хушвақт!
— Кейин?
— Кейин, Хушвақтни катта қиламиз. Уйлантирамиз-жойлантирамиз, невара-чевара кўрамиз. Мен бова бўламан, сен момо бўласан.
Қайлиқ завқланиб-завқланиб кулди.
— Мен бу кишини боваси деб чақираман.
— Мен сени момоси деб чақираман.
— Боваси!
— Момоси!
Куёв-қайлиқ Хушвақт йўлида энтика-ентика тонгни оқлади.
32
Тандир тўла нонлар ёпилди.
Келин бисотлари, юк-ёплари отларга ортилди.
Ой тўйхона узра ҳаволанди.
Супа олдида саман от бел бўлди.
Ўнг ёқ ҳамсоя саман жиловини ушлаб турди.
Янга бўлмиш келин оёғидан олиб юборди.
Келин отланди.
Келин билан бир бегуноҳ бола мингашиб боради.
Бу шараф хийла талаш бўлди.
Оғайни-жамоадан беш-олти бола:
— Холам билан мен мингашаман, опам билан мен мингашаман! — дея туриб олди.
Келинга тўнғич жиянни мингашди. Ўзга болалар йиғлаб қолди.
Оғайни-жамоа ҳовли юзига чиқди. Ёппасига оқ фотиҳа берди.
Келин ўнг тараф ҳамсояси от етаклади.
Ён қўшним — жон қўшним бўлди.
От остонадан ҳатлади.
Келин узатилди.
Келин йиғи бошлади:
— Увв-уввв-уввв...
Йиғини ўз уйи — ўлан тўшагини тарк этажагидан, хеш-ақраболаридан олислаб кетажагидан десак-да бўлади.
Мўлт-мўлт қараб турмиш, сел-себора йиғлаб турмуш жиянлари кўнгли учун десак-да бўлади. Ё, акаси билан янгаси биздан қутулиш учун зорманда экан, демасин деган андишада йиғлайдими?
15


Шундай десак-да бўлади.
Ё, куёви уйига боражаги қувончидан, хушвақтлигидан йиғлайдими? Айниқса, шундай десак бўлади!
Жияни белидан қўшқўллаб қучоқлаб олмиш келин эшитилар-ешитилмас йиғлаб борди:
— Уввв-уввв-уввв...
Саман териб-териб қадамлади: тик-тик тик...
Ҳовлиларда итлар ҳурди.
Чап тараф чорбоғдан ловияқовун иси келди.
Тўйловчилар чорбоғ тарафга қаради. Тўйиб-тўйиб искади.
33
Кўприкда соялар қора берди. Иккита бўзбола кўприкда таёғ тутиб турди. Таёқни олмасдан кўприкдан ўтиб бўлмади.
Бўзболалар келин тарафдан талаб қилди:
— Куёв... беринглар!
Келин тараф сукут сақлади.
Бўзболалар ўз сўзида турди:
— Унда, йўл йўқ.
От етакловчи қўйнидан келин тикмиш рўмоллардан олди. Бўзболаларга бировдан берди. Таёқ олинди, келин йўли очилди.
34
Куёв уйига етиб келдилар.
Болалар келинга пешвоз чопди.
— Яшасин, келин келди! — дея қийқирди.
Дарвоза олдида гулхан ёқилди.
Келин гулхандан уч марта айланди.
Оқлик учун, ҳамиша оқкўнгил бўлиб юришлари учун келин-қудалар юзига ун сепилди. Юзларини рўмоли билан яширган яшириб қолди, яширолмаган оппоқ ун бўлди.
Саман қора ўтов олдида оёқ илди.
Куёв қайлиқни отдан тушираман деди. Қучоғини ланг очди.
Қайлиқ куёв қўлларини суриб ташлади. ўзича рад этган бўлди.
Қайлиқ барибир шу қучоқдан тушди!
Қариндошлари билан дугоналари келин гирдини олиб турди.
Кайвони момо келинни рўмоли бурчидан ичкари етаклади. Келин бошини остонага эгди. — Мана шу остонага би-и-ир таъзим! — деди момо.
Келин остонага ўхшатиб бир таъзим қилди.
Тағин бир таъзимлаб, остонани тавоф қилди.
Кайвони момо келинни таъзимлатиб-таъзимлатиб ичкарилай берди.
— Бизни яратмиш Одам Отамизга бир таъзим!
— Бизни бино этмиш Момо Ҳавомизга бир таъзим!
— Пастроқ эгил, у киши кўп улуғ эди!
— Ҳа, бўйгинангдан момогинанг айлансин-да! Қани, юра бер!
Келин чимилдиқда тик турди.
Чимилдиқ боғичида ўн саккиз хил келинлик кийими терилди. Деворларда ойнахалталар, чойхалталар бўлди, зардеворлар, сўзаналар бўлди.
Сўзаналарда «Хуш келибсиз» демиш каштали сўзлар бўлди.
Бир сўзанада атиргул рамзи бўлди, бир сўзанада қизил олма рамзи бўлди.
16


Тағин бир сўзанада оғзида қизил гул тишлаб парвозланмиш каптар бўлди.
Каптар остида «О» ҳарфи кашталанди. Каптар интилмиш манзил тарафда «Қ» ҳарфи кашталанди. «О» — Оймомом бўлди, «Қ» — Қоплон бўлди.
Бари келин иши бўлди!
35
Кайвони момо келинни тўйловчиларга салом бердира берди:
Сойдан ҳўкиз сувлатган Дўмбирасини куйлатган, Ўғилларини уйлатган — Қайнотамга салом!
Осмондаги юлдуздай, Қоши қора қундуздай, Дили ойдин кундуздай — Қайнонамга салом!
Байтлар кайвонидан бўла берди, таъзимлар келиндан бўла берди:
Қозонларнинг қопқоғи, Аёлларнинг оппоғи, Мисли олма ёноғи — Гулсун опамга салом!
Ғижим рўмол ўраган, Бурилиб ойга қараган Сочин силлиқ тараган — Санам холамга салом!
Боғда узум ғўраси, Куёвбекнинг жўраси, Норгулойнинг тўраси — Баҳром акамга салом!
— Кайвони момо, ҳамсояси Сувон дароз, мен қолиб кетдим, деб ўпкалаяпти. — Унда, эшитсин:
Тегирмоннинг новидай, Адрас тўннинг боғидай — Дароз акамга салом!
Норбой чўпон ўрнидан туриб кетди.
— Ай, момо, келин нимага менга салом бермайди? — деди. — Салом берганим бўлсин. Эшитинг:
Қопга тиққан похолдай, Индан чиққан шоқолдай,
17


Чўпон акамга салом!
Бўлди кулги!
— Ҳай уккағарнинг момоси-ё, бекор ўпкалабман-а! Келин келдиси яхши, тўй бўлдиси яхши!
36
Келинлар тонг саҳарлаб туради!
Келин аёллар ҳамроҳлигида эшикни очди, туйнукни очди.
Шу хонадонга содиқ бўлиш рамзида ит ялоғига овқат қўйди.
Идиш-тобоқларга бир-бир кўз солди.
Пориллаб ёнмиш оловга мой томизди.
Бу бахтли бўлиш рамзи бўлди.
Невара-чеварали бўлиб юрайин дея қўлига гўдак олди.
Барча палов еди.
Келин бўлса, қўлини-да узатмади.
Шунда, келин ош емади, бўлди.
Куёв тоғаси келин ош ейиши учун бир жўра саккизтепкилик атлас айтди. Аммаси қўқонча шойи айтди.
— Айтадиганлар оғзига қараб айтсин! — деди бир момо.
Чин, айтувчилар айтмишини келинчақириқда кийгизади.
Охирги келин ош емадини қайнонаси айтди:
— Мана шу уй-жой туриш-турмиши билан сеники!
— Ана бўлмаса! — деди барча.
Ана шундагина келин паловга қўл узатди.
Юз очар бўлди.
Келинлар юзини очиш бегуноҳ норасидалар ишидир.
Шу боис, момолар тўрт-беш яшар куёв укани гиж-гижлади.
Куёв ука чопқиллаб борди. Янгаси юзидаги рўмолни тортиб юборди. Келин юз очди.
37
Тўйловчи кетди, тўйхона қолди.
Куёв билан қайлиқ қолди.
Ота-она куёв-қайлиқ учун бўлак ҳовли солиб берди.
II
Момомиз шундайгина бобомиз қабатларида ўтирибдилар.
Дока рўмоллари учлари елларда ҳилпиради-ҳилпиради, бобомиз юзларини силади. Бобомиз ҳузурландилар, бобомиз ғашландилар. Киприкларини пирпиратдилар, ёноқлари, лабларини учирдилар.
Дока рўмол момомиз сочларидай оппоқ бўлди, майин бўлди.
Оҳиста-оҳиста эсмиш ёз еллари танга ҳузур берди.
Еллар салқин бўлди, еллар сокин бўлди.
Ёз елларидан ер иси келди.
— Бу йил пишиқчилик яхши келди, момоси. Мевалар мўл...
18


1
Қоплон оёғида оғриқ турди.
Иликларида бир нималар ғимирлаб юрди. Иликлари қизиди, иликлари зирқиради.
Қоплон чалқанчадан ёнбош бўлди. Аёли тарафга ўгирилди.
— Ҳаво севалаб ўтади, момоси, — деди.
— Бу киши қаердан билади? — деди аёли.
Қоплон оёғини айтмади.
— Биламан-да, — деди. — Кўршапалаклар инларидан учиб чиқмаса, ҳаво айнийди. Бугун оқшом кўршапалаклар учмаб эди.
Оғриқ зўрайди. Тўпиқлари, бебилчаклари ичи зирқиради.
Қоплон ташқарилаб келди.
— Айтдим-ку, момоси, — деди. — Ой ўз гирдида ўров тортибди. Ёғади, босиб ёғади.
Чин, ярим тунда ёмғир овоз берди. Ёмғир тўнтариқли тоғораларни чалди, деразаларни чертди. Қоплон ётиб ётолмади. Айвонлаб, ҳовли чироғини ёқди.
Тарновдан тушмиш ёмғир кўлмакланди. Кўлмакка томчилами ёмғир чулдиради.
Ҳовли бурчида мушук кўзлари йилтиради. Ўтлар орасидан қурбақа сапчиб келди.
Қоплон димоғи ёмғир исини туйди.
Ҳаво эртаси тушда тинди.
Кун ярақлаб кетди.
Оймомо кўрпа-тўшакларни шамоллатиш учун ҳовлидаги симга осди. Деразаларни ланг очди. Офтобрўяга тўшак ташлади. Дастурхон ёйди.
Қоплон таътилланди. Кейин, ёнбошлади. Телпагини қошига сурди. Кўзларини юмди. Ўзини офтобга тоблаб ётди.
Оймомо офтобиёрда тикиш тикди.
Ҳовли юзида макиён товуқ донлади. Макиён виқор билан қадамлади, вазмин-вазмин қадамлади.
— Қурқ-қурқ-қурқ! — дея, овозига ҳамоҳанг қадамлади...
Макиён кетида олам-жаҳон жўжа одимлади. Жўжалар юм-юмалоқ бўлди. Лимондай-лимондай бўлди. Сариқ-сариқ бўлди.
— Чиёв-чиёв-чиёв! — дея пилдиради.
Чин, жўжалар пилдир-пилдир этди. Мисоли думалади!
— Чиёв-чиёв-чиёв! — дея думалади.
Шу вақт ҳовли узра бир соя айланди.
Қоплон кўзи юмуқлигидан кўрмади.
Оймомо кўзларини қисиб қаради. Нималигини билмади.
Ғожир ҳовли узра давра олди. Фавқулодда ерга юлдуздай учди. Қанотларини ёйиб келди. Бир жўжани панжалари орасига олди. Тағин ўқдай юқорилади.
Оймомо ана шунда нима гаплигини тушунди. Жойидан сапчиб турди. Қўл силтаб зуғум қилди: — Киш дейман-а, киш, қиёмат қотгур! — деди.
Ғожир терак бўйи кўтарилди.
Панжаларида бормиш жўжа чийиллаб-чийиллаб қўя берди.
Макиён фалакка сапчиб қоқоқлади, жўжасига талпиниб қоқоқлади.
Қоқоқлади-қоқоқлади, шаҳд билан томлаб учди. Чий-чий-чий этмиш жўжасига талпинди. Томдан ғўзапоя ғарамига учди. Чий-чий-чий, дея оламламиш жўжасига талпинди.
Ғарамидан симёғочга учди. Аммо симёғоч учига етолмади. Пирр этиб ерга учиб тушди. Бўйнини чўзиб-чўзиб, фалакка қаради. Жўжаси чий-чий-чий дея, тобора олислаб борди.
Ана шунда макиён жўжасидан умрбод жудо бўлажагини билди.
Жонҳолатда Оймомо бекасини айланиб қоқоқлади. Боламни олиб кетди, деди. Оҳ уриб
19


қоқоқлади.
Оймомо бекасидан мадад сўради. Болагинамни олиб кетди, деди. Фарёд уриб қоқолади. Боласи олислади. Овози элас-елас эшитилди.
Макиён қоқоқлади-қоқлади, тақдирга тан берди.
Омон қолмиш болаларини эргаштирди. Катагига йўл олди. Бўйнини ичига тортди. Кўзларини юмди.
Макиён, нопайид бўлмиш боласи азасини тутди.
Оймомо макиён изидан борди. Катакка қараб-қараб келди.
— Бола бола-да, — деди. — Бўлмаса, қолган ўн бешта боласи камлик қиладими...
Қоплон маъюс бош ирғади.
— Худо шуни-да кўп кўрди, — деди.
Ғожир олисламиш ёққа қаради. Ўзича фотиҳа ўқиди. Дастурхон учун ўқидими, ё, нопайид бўлмиш жўжа учун ўқидими, билиб бўлмади.
— Худо шуни-да қиймади, — деди.
Маъюсдан-маъюсланди. Маъюс бош эгди, маъюс хаёлланди...
— Нима, бирон жойи оғрияптими? — деди Оймомо.
Қоплон аёлига термилди. Термилди-термилди, синиқ овозда деди:
— Билмайман, момоси, билмайман. Кўнглимда бир нима юрибди. Панжаларини ботириб- ботириб юради. Авваллари аҳён-аҳёнда юрар эди. Энди бўлса на кечани канда қилади, на кундузни канда қилади. Кўнглимни тирнаб-тирнаб юради. Қўлимни суқуб, олиб ташлайин дейман, бўлмайди, бўлмайди..
Оймомо сўраганларига пушаймон бўлди. Нафаси ичига тушиб кетди. Қилт этиб ютинди. Қоплон тағин аёлига термилди. Эндиги термилишда мана бундай деди:
«Хўш, энди нима қиламиз, момоси?»
Оймомо дастурхондан кўз олмади. Хиёл титрамиш бармоқлари дастурхон гулларини силади. Тошдан-да оғир сукунат бўлди, азадан-да қайғули сукунат бўлди!
Болали уй хандон бўлди, боласиз уй зиндон бўлди!
Оймомо кўз қирида Қоплонга қаради. Киприклари пирпиради. Кўз қирини олиб қочди.
Кўз қири мана бундай деди:
«Билмасам, боваси, мен билмасам...».
Қоплон этигини кийди. Қозиқдан қамчини олди.
Шунда, елкалари бир кўтарилиб тушди.
— У-у-уҳ! — деди.
Қамчи ўрими билан этиги қўнжини қамчилади, Оғир-оғир одимлади. Зинадан пастлади. Шунда, ичкаридан:
— У-у-уф! — демиш оҳ келди.
Аёли!
2
Қоплон ишига отланди.
Уйига оқшомда қайтиб келди.
— Отаси айтиб кетди, — деди аёли.
Отдан тушмасдан отасиникига йўл олди.
Борса, ота-онаси билан ўзларининг совчиси бўлмиш ўтирибди.
Қоплон ота-онасидан эшитмаганларини эшитди.
— Токайгача шундай юра берасан? Жавобини бер-да, қўй! — дея қўл силкиди отаси. Онаси рўмоли бурчи билан оғзини ушлади. Йиғламсираган бўлди.
20