11 - БОБ
Оқшом вақти бўлди.
Оламга-да оқшом қўнди, кўнглимга-да оқшом қўнди. Кўнглим оқшомдай маҳзун бўлди. Беихтиёр кетимга қайрилиб қарадим. Бир қизил машинани кўрдим. Эътибор бермадим.
Адирга ўрладим. Адир қоқ устида тағин кетимга қайрилиб қарадим. Машина қорама-қора келди.
Адирдан эниб бошладим. Адир тиккалигидан Тарлон ўзини кетига ташлаб-ташлаб юрди. Олд оёқларини оғир-оғир босди.
Адир адоғига тушдим. Машина адир устида имиллаб қолди. Ҳайрон бўлдим. Машина дегани тез юрар бўларди, бу машина хийладан буён бир отдан ўтолмайди. Ё, бирон ери носозмикин? Йўлни кесиб ўтадиган ариққа келдим. Ариқдан лойқа сув оқибди. Ичи қип-қизил лой бўлибди. Лой от тиззасига келади.
Шу боис, Тарлонни ариққа солмадим. Ариқдан ҳатлаттирмоқчи бўлдим. Аммо бу ниятимдан-да қайтдим. Важи, ариқ ёқалари-да лой. Тарлон тойиб кетади.
Ариқ ёқалаб, юқориладим. Саёзроқ ер қидирдим.
Машина-да қуйига энди. Ариқ бўйида оёқ илди. Ўтолмаслигини билди шекилли, бизнинг изимиздан юрди.
Бизнинг Тарлон торроқ бир ердан чўчиб ўтди.
Машина Тарлон ҳатлаган ерда оёқ илди.
Машинадагиларга қамчи сопи билан юқорини кўрсатдим.
— Яна сағал юрсаларинг юқорида ёйилма бор! Ўшандан машина ўтади!
Шундай дея йўлимга бурилдим.
Шунда, кетимдан овоз келди:
— У, шеф! Тормоз!
Овозни танимадим. Нима деяпти, тушунмадим. Ким бўлса-да, бир инсон овоз бераяпти, борайин, дедим. Ариқ ёқалаб бордим.
Машинадан тўрт одам тушди. Иккови олисроқдан чопиб келиб, ариқдан ҳатлаб ўтди.
Тарлон ҳуркиб, кейинига тисарилди.
Кейин, қолган иккови-да келди. Барининг кўзида қора кўзойнаги бўлди. Кўзлари кўринмади. Сочлари елкасига тушди, қулоқлари сочи остида бўлди. Кийимлари ажабтовур бўлди. Бировнинг соқолида бўлди. Ўзимиздай ўрта ёшли одаммикин, дея синчиклаб қарадим. Йўқ, у ўттизларда бўлди.
— Чақиргандай бўлдиларингизми, биродарлар?— дедим.
Улар миқ этмади. Соқолдори олдин юрди.
— Отдан тушинг-чи, шеф! — деди.
— Айта беринглар, қулоғим кар эмас, — дедим.
— Туш дегандан кейин, туш!
Уларнинг сенсираши кўнглимга тегди. Туша-туша, кўнглимни айтдим.
— Сенсираманг, биродар, салкам отингиз қаториман-а, — дедим.
— Ҳе, сендай отам қаторининг...
Қўлимда жилов, серрайиб қолдим. Қаҳрим келдим. Қамчи сопини маҳкам ушладим.
— Отингни боғлаб, буёққа юр!
— Нима гапингиз бор, биродар, шу ерда айта беринг.
— Юр, дегандан кейин, юр!
Улар ариқ ёқалаб юқорилади. Бирови-да кўзойнагини олмади.
Жиловни эгар қошига қистирдим. Тарлонни бўш қолдирдим.
81
65
Кейин, улар олдига бордим.
— Ўзи кимсизлар? Кимнинг боласи бўласизлар? Ўзларингни танитинглар-да ахир, биродарлар, — дедим.
Улар мени ўраб олди. Гўё ёввойи одамни томоша қилаётгандай бўлди. Бирови ўз-ўзидан тўнғилади. Ҳали танишиб қўямиз! — деди.
Тавба, буларнинг менда нима иши бор экан? Эртароқ айтмайдими, кеч бўлаяпти...
— Ай, биродарлар, зарил гапларинг бўлса айтинглар. Бўлмаса кетайин, бола-бақра алағда бўлади,— дедим.
— Кетасан, кетасан, шошилма. Қайтмайдиган бўлиб кетасан...
Зардам қайнади, кетимга бурилдим.
Шунда, улардан бирови йўлимга ғов бўлди. Бирови чапимга ўтди. Иккови оралиғидан ўтиб кетмоқчи бўлдим.
Шунда, ўнгимдагиси елкамдан ғижимлаб ушлаб олди.
Мен қўлини шартиллатиб уриб ташладим.
— Қўлингизни олинг, биродар! — дедим.
Шунда, у иягим остига ўхшатиб-да бир урди!
Кетимга гандираклаб-гандираклаб бориб ўтириб қолдим. Ногирон қўлим зирқираб оғриди. Қамчи ўримини қўлимг ўраб-ўраб жойимдан қўзғолдим. Шу урганнинг бўйин томирини мўлжаллаб қулочкашладим.
Кетимдагиси қамчини ушлаб қолди.
Яна ўтириб қолдим. Энди қамчини ушлаб қолганига қараб, қўзғолдим.
Шунда бирови кетимдан келди, белимга тепди.
Мен юзтубан йиқилдим. Ногирон қўлим зирқираб-зирқираб оғриди.
Туриб ўтирдим. Теваракка алангладим. Раён ўнг ёғимдаги адир ортида бўлди. Кўринмади. Қишлоқ чап ёғимдаги адир ортида бўлди. Қишлоқ-да кўринмади. Осмон бошимда бўлди. Барибир олисда бўлди.
Хўрлигим келди: ай, ёлғизлиги қурсин-а!
Кўнглим бузилди: ай, ногиронлиги қурсин-а!
Ўпкам тўлиб келди. Қўйнимдаги ногирон қўлимни ташқари чиқардим.
— Биродарлар, Жўра бобонинг отидан йиқилиб, қўлим чиқиб эди, мана... мана... — дедим. Улар хохолаб-хохолаб кулди. Ўзаро гапиришди:
— Бу ўзи унга ким бўлади?
— Ҳеч ким!
— Ҳеч ким? Йўғ-е?
— Демак, бу ўзича ритсарлик қилмоқчи бўлибди-да?
— О, ритсар! ХХ аср ритсари!
— Дон Кихот!
— Дон Кихот! ХХ аср Дон Кихоти!
Мен шундагина улар кимлигини билдим. Қўлим ногиронлигини айтиб, йиғламсираганларимга минг-минг пушаймон бўлдим...
Ерга қарадим. Қўлимни қўйнимга солмадим. Соғлом қўлимдайин ерга тирадим.
Ногирон қўлим зирқиллаб оғриди. Тишимни тишимга босдим. Юзларим ловуллаб ёнди...
Бир бало қилиб, жойимдан турдим. Оёқларида тик турдим.
Шунда бирови жағимга урди.
Мен кетимга тисарилиб-тисарилиб, бунисига бориб урилдим.
Буниси елкамдан суяб қолиб, ҳароммағизимга урди.
Гандираклаб-гандираклаб, унисига бордим.
Унисидан иягимга едим.
Бир айланиб тушдим. Осмон гир-гир айланди. Осмон қоп-қора бўлди.
66
Тағин турдим. Далбанглаб-далбанглаб бордим. Бировнинг бўйнига осилдим. — Биродарлар, мен сизларга нима қилдим... — дедим.
Уни жонимнинг борича қучоқлаб турдим.
У, ичимга кўп мушт урди.
Нафасим ҳиқиллаб бўлинди. Ичимда бир нима эзилди. Қўлларим бўшашиб, елкасидан сидирилиб тушди.
Оёғимда мажолим қолмади. Ўзимни ерга чалқанча ташладим...
— Биродарлар, айбимни айтинг, айбимни... — дея инграндим.
Белимга учли бир нима зарб билан тегди. Кейин биқинимга тегди. Зарб ҳар текканда жоним ҳалқумимга келиб кетди.
— Биродарлар, мен ҳам одам-ку... — дея инграндим.
82
Шунда... шунда, от кишнади.
Умрим от билан ўтди. Ҳай бир отларни кўрдим, ҳай бир кишнашларни эшитдим.
От сувсаб кишнади, от очқаб кишнади. Шунда от кўнглини сув бериб олдим, от кўнглини ем бериб олдим.
От авлод-аждодларини қўмсаб кишнади, от улпи-томирларини йўқлаб кишнади. Отлар овозини эшитиб кишнади, байталлар ҳавосини олиб кишнади.
Шунда, отни эгарладим, дашт-у далаларни айлантирдим, от оёғини ёздим. Отни совутдим, отни юпатдим.
От илон шарпасини олиб кишнади. Уйдан отилиб келдим. От ёнини олдим, бўйинларини уқаладим. Отга йўлдош бўлдим.
От бўри ҳидини олиб кишнади. Ҳа, жонивор, ҳа, дея овоз бериб чопдим. От бўйнига қўлимни қўйдим, от ёлларини силадим. От олдида бўлдим. Отга гапириб-гапириб турдим, биродар бўлиб-бўлиб турдим.
Кишнаш кўрдим, кишнашлар кўрдим, аммо ушбу оқшомдагидайини кўрмадим.
Во дариғо, бу қандайчикин кишнаш бўлди? Кишнаш кўнгил-кўнглимни ўйиб юборди, вужуд- вужудимни қақшатиб юборди. Танамдаги оғриқлар-да билинмай қолди.
Бизнинг Тарлонга нима бўлди, биродарлар? Нима бўлса-да, ёмон бўлди! Бизнинг Тарлон нима кўрди, биродарлар? Нима кўрса-да, ёмон кўрди!
Бизнинг Тарлон илон кўрдимикин? Йўқ, бизнинг Тарлон илон кўрса бундайин кишнамайди. Бизнинг Тарлон бўри кўрдимикин? Йўқ, бизнинг Тарлон бўри кўрса-да, бундайин кишнамайди. Бизнинг Тарлон илондан-да ёмонини кўрди, бизнинг Тарлон бўридан-да ёмонини кўрди! Тарлонни йўқлаб қарайин дедим. Бошимни кўтарайин дедим. Бўлмади, бўлмади!
Кўзим осмондалигича қолди. Осмон олис, ер қаттиқ бўлди...
От узиб-узиб кишнади.
Кўзларим тинди. Бепоён осмон, беғубор осмон қоп-қора қозон бўлди!
Юзимни чапимга бурдим. Аввал-аввал бир нимада кўрмадим. Кейин-кейин оқ билан қорани фаҳмладим. Ана шунда Тарлонни кўрдим.
Тарлон бўйнини гажак-гажак қилди.
Тоғларга қаради, зорланиб-зорланиб кишнади.
Тарлон думлари ёйилиб-ёйилиб кишнади, ёллари ҳурпайиб-ҳурпайиб кишнади.
Адирларга қаради, чорлаб-чорлаб кишнади.
Тарлон қулоқлари чимирилиб-чимирилиб кишнади, пишқириб-пишқириб кишнади.
Қишлоққа қаради, ёлвориб-ёлвориб кишнади, зор-зор кишнади.
Тарлон жиловини силкиб-силкиб кишнади, юлқиб-юлқиб кишнади.
Кейин, мен сари юзланди. Оёқларини катта-катта ёйди. Бўйнини чўзди. тумшуғини чўзди. Қулоқларини чимирди.
67
Тарлон зинкийди!
Олд туёқлари билан тарсиллатиб-тарсиллатиб ер тирнади. Кексаклаб-кесаклаб ер отди. Туёқлари ости чангиди.
Тарлон қаҳр ҳам изтироб билан кишнади. Оқшом кишнашдан зир титради.
Оқшом, Тарлон кишнашидан, Тарлон кишнаши, оқшомдан-да мунгли бўлди, оқшомдан-да аянчли бўлди.
Учли зарб, чап тиззам кўзига келиб тегди.
Чинқириб юбордим. Кўз олдим қоп-қора бўлди...
— Тепиб ўтирасанми, биқинига тиқиб ол!..
— Э-е-е, от!
— Қоч, от келаяпти!
Шунда, тағин ҳушимга келдим. Оҳиста кўзимни очдим.
Тарлон тумшуғини чўзиб зинкийиб, уларни қувди. Бирини қўйиб, бирини қувди.
Улар ариқдан ҳатлаб қочди. Бирин-кетин машинасига кирди.
Аммо бирови Тарлондан қочиб қутулолмади. Уёққа буриб солди, бўлмади, буёққа буриб солди, бўлмади. Нима қилишини билмади. Охири ердан нимадир олиб, Тарлонни бошига бир урди. Тарлон бошини силкиб-силкиб оҳисталади.
Униси-да ариқдан ҳатлаб ўтди.
Тарлон-да ариқдан ўтди. Машина олдига келди. Олд туёқлари билан ер тирнаб-ер тирнаб кишнади.
Машина ғизиллаб жўнади.
Тарлон машина кетидан хийла йўлгача чопиб борди. Кейин, изига қайтиб келди.
Ариқдан ўтиб, бошимга келди. Юзларимга тумшуғини теккизиб-теккизиб кўрди. Юзларимни искаб-искаб кўрди.
Мен Тарлон нафасини туйдим. Тумшуғини қўшқўллаб қучоқладим. Жағлари, пешонасини силадим.
Шунда, кафтим ҳўл бўлди. Тер, от тери деб ўйладим. Кафтимни кўзларимга олиб келиб қарадим. Кейин, Тарлонга тикилиброқ қарадим.
Тарлон пешонасидан қон сизди...
Ҳўнграб йиғлаб юбордим. Ўпкамни босайин дедим, босолмадим...
83
Қош қорайди.
Одам одамни танимайдиган бўлди.
Бир амаллаб чап ёнбош бўлдим. Тарлон оёғини қучоқладим. Тиззасига пешонамни қўйдим. Узалиб, олд қопқоғига шапатиладим.
Тарлон елкаларимни искади. Кейин, олд оёқларини аста-аста букди. Тарлон тиззалади!
Мен чап қўлим билан эгар қошидан олдим. Эгарга кўкрагимни бердим. Тимталаниб-тимталаниб эгарга бел бўлиб ётдим. Нафасимни ростлаб олдим. Тағин қимтиниб, оёғимни эгардан оширдим. Тарлонни қучоқлаб олдим.
Тарлон қаддини ростлади.
Шамол бошимни ялаб ўтди. Шунда, бош яланглигимни билдим. Телпагим ерда қолибди. Тушайин дедим, тағин, минишимни ўйладим. Телпагимга қўл силтадим. Белбоғимни ечиб, бошимни танғиб боғлаб олдим.
Катта йўл четидан юрдим.
Бор бўйича қоронғи тушди. Адирлар қоп-қора соядай бўлди.
Eгарда чайқалиб-чайқалиб, кўнглим шу кечадай зим-зиё бўлиб-бўлиб, ўксиб-ўксиб бордим...
84
68
Тарлон-ай, нима кунларга қолдинг-а?...
Тушда бўлаяптими, ё ўнгда бўлаяптими?
Сен фарқламасанг, мен фарқлай олмай қолдим, Тарлон...
Ҳалигилар қандай жонзот эди, Тарлон! Син-симбати одамга келбат беради. Уст-бошлари-да бор. Одамга майзаб гапиради, одамга майзаб кулади...
Билмадим, Тарлон, билмадим. Сен билмасанг, мен билмадим. Мен сени биламан, Тарлон. Улар мен учун бегона, Тарлон...
Аё Тарлон, сен менинг укамсан, укам.
Бўлди, мен энди уларни укам демайман. Менинг укам сенсан. Сен менинг укамсан, Тарлон. Ўзи менга ўхшайсан, Тарлон, менга... Укаси акасига ўхшайди-да, Тарлон...
Тарлон укам-ов, энди нима қиламиз? Энди, бола-чақага бориб нима деймиз? Эл сўраса нима деймиз?..
Аё Тарлон, сен менинг жиянимсан, жияним.
Бўлди, мен энди уларни жияним демайман. Менинг жияним сенсан, Тарлон. Сен менга торт- динг, Тарлон. Жиян тоғасига тортмаса, кимга тортади, Тарлон...
Тарлон жияним-ов, ё йўлда йиқилдик, деймизми? Кўзларинг бор эди-ку, десалар-чи? Ариқ лой экан, тойиб кетдик, деймиз. Бинойими, Тарлон жияним? Бўлмаса, элга эрмак, халққа шалоқ бўламиз...
Аё Тарлон, сен менинг акамсан, акам.
Бўлди, ман энди уларни акам демайман. Менинг акам сенсан, Тарлон. Ука деса дегулик, мендайин уканг бор, ака деса дегулик, сендайин акам бор, нима ғамим бор, Тарлон...
Аё Тарлон, сен менинг биродаримсан, биродарим.
Бўлди, мен энди уларни биродарим демайман. Менинг биродарим сенсан, Тарлон...
Аё Тарлон, сен менинг қиёматлик биродаримсан, қиёматлик биродарим...