Лекин бу гапларни Қурбонназарга айтмадим. Ичимда айтдим. Қани, нима деяр экан, деб сабр қилдим.
— Бекор овора бўлибсиз-да. Сағал лат еган экан, яхши бўп кетибди. Дўхтирларнинг гипси тузатибди, — деди Қурбонназар.
— Мен сизга айтсам, келмас эдим, Ҳасан бобо қўймади, бор-чи бор, деб.
— Ҳа, майли, Келганингиз яхши бўпти. Шу баҳона бир меҳмон бўп кетасиз. Қани, ётинг, бир муолажа қилиб қўяйин. Яна қайтиб лат емайдиган бўлади.
Мен кўрпачага чўзилдим, ёстиққа бош қўйдим. Қурбонназарга қўлимни бериб, шипга қараб ётдим.
Қурбонназар бармоқларим учидан бошлаб уқалади.
— Кўзингизни юминг, яхши бўлади, — деди Қурбонназар. — Ҳа, ана шундай! Энди, пинакка кетинг! Гўё, ухлаётган бўлинг. Қўлингиз пишиқ суякли экан. Илгарилариям отдан йиқилиб, лат еганмисиз?
— Йўқ, — дедим.
— Нимага келиб-келиб, энди шундай бўлди?
— От ўзимники эмас эди. Жўра бобонинг оти менга тушунмади, мен отга тушунмадим. Оқибати мана шундай бўлди.
— Ҳа-а, ўзингизнинг отингиз қаерда эди?
— Бизнинг Тарлонга сув тушиб эди.
— Отга сув тушишини-ку, биламан. От оёғига ем тушди, дегани нима дегани?
— От оёғига ем тушса, оёғи қотиб қолади. Пайлари дириллаб-дириллаб учади.
— Ҳа-а, ҳар икковидаям кўпкарига чопиб бўлмайди-я?
— Эса-чи.
— Қора от яхши бўладими, ёмон бўладими?
— Ёмон бўлади. Қора от ўжар, сержаҳл бўлади.
— Ҳа-а. Сетон-Томпсон ҳам шундай ёзган. Демак, чин экан-да.
— У чавандоз қаердан?
— У чавандоз эмас, канадалик ёзувчи. Ўзининг «Ёввойи йўрға» деган китобида шундай ёзган. — Ким бўлса-да, отни билар экан.
— От хомлаб қолди, дейди, у нима дегани?
— Унда, от мой ташлайди. Кейин, кўпкарига ярамай қолади. Боқилган отни билиб-билмай чопиб қўйсангиз, от ичида мой тўлиб қолади. Бундай отни-да бир йилгача кўпкарида чопиб бўлмайди.
— Ҳа-а, От одамни босмайди, нимага шундай?
— Боиси, от одамзотни улуғлайди. Одамзотга вафо қилади. Ҳайвонлар ичида от билан ит шундай. Пишакни-да шундай дейишади. Мен бу гапга қўшилмайман. Пишак суюқоёқ аёлдай гап. Ким қорнини тўйғазса бўлди, пиш-пиш, дея бошини силаса бўлди, кетидан эргашиб кета беради. Эшик эгасини танимайди, пишак бекасини танимайди. Кейин от жойида таққа тўхтай олади. Энг яхши машина қайси машина? Ўлманг! От тормози, ана шу «Чайка» тормозидан-да яхши ишлайди. Олдида одам борлигини кўрдими, бўлди, таққа тўхтайди. Борди-ю, довдираб қолса, одам устидан ошиб ўтади.
— Ҳа-а. Айтишларича, аёл боққан от яхши бўлар эмиш. Шу чинми?
— Эса-чи. Боиси, от сағали кам одамдай бўлади. Қонида пичагина девнинг қони бор, холос. Отга ем бергани борсак, у ҳамиша бизга суйканади, эркалик қилгиси келади. Бизни искайди, думи билан елкамизга уради. Шунда биз уни тек ўтир-е, сабил қолгур, деб қамчилаймиз. Бу қилиғимиз отга малол келади. Аёл бизга нозланиб суйкаласа, шунда уни жеркиб ташласак, аёлга қандай малол келади? От ҳам шундай-да! От кўнгли аёл кўнглидай нозик бўлади. Аёллар бўлса, отни урмайди, отнинг эркасини кўтаради. Аёлнинг мулойим табиати отга хуш келиб қолади. Аёл боққан отнинг яхши бўлишига яна бир сабаб, аёл ҳамиша уйда бўлади. Аёл ичкари
59


киради, ташқари чиқади. Отнинг кўзи эртадан кечгача аёлга тушиб туради. Аёл от кишнаганда дарров емини беради, сувини беради. Биз эркакларнинг бўлса, уйда борлигимиздан, уйда йўқлигимиз кўп бўлади. А-а-ай, ўлдим-е!...
Тирсагимда бир нима қирс этди. Вужудим қизиди, пешонамдан тер чиқди. Қурбонназарга қарадим. Қурбонназар кулимсиб турибди.
— Ана энди қўлингиз яхши бўлди, — деди Қурбонназар.
Ана шундагина Қурбонназар мени жўрттага гапга солиб, мени гап билан алаҳситганини билдим.
Мени, алдаб-авраганини билдим...
Хийла ётдим. Оғриқ тинди. Шундан кейин жойимдан турдим.
Қурбонназар қўлимни ипга солиб, бўйнимга осиб қўйди. Дори-да ичирмади, игна-да суқмади, расмга-да туришмади.
— Врачлар қўлингиз чиққанини кўриб-билиб гипсга солган, — деди. — Врачлар ҳамиша шундай қилади. Китобларида шундай ёзилган-да. Агар келмаганингизда қўлингиз ҳадеб қўзғала бериб-қўзғала бериб, ўйнама бўлиб қоларди. Энди бутунлай битиб, аслидай бўлади. Оз-оздан мўмиё тановул қилиб туринг, суякка мадад бўлади...
Оқшом қўнгунча гурунглашиб ўтирдим.
Кейин, отланиб қайтдим. Қайтаётганимда Қурбонназар бот-бот тайинланди:
— Тағин, қўлингизни солганимни бировга айтиб юрманг. Яхши бор, ёмон бор... — деди.
Уйга боргунимча ўйлаб бордим. Ай, дўхтирлар-е, нимага қўлим чиққанини кўра-била туриб гипсга солдинг? Кўра-била туриб қотириб ташладинг? Биласан, чиққан суяк жойига тушмаса, ҳадеб қўзғала беради! Одамни яримжон қилиб қўяди! Умр бўйи қийнади! Билмасанг, Қурбонназардан сўраб бил! Ё Қурбонназар табибга бор, де! Чопиб кела бераман!
Бовужуд, Қурбоннзарлар бор... Ҳали-ҳали Қурбонназар бор, кейин-кейин нима қиламиз?
76
Биродарлар, участка милитсионеримиз одам бўлиб қолди!
Ҳа, одам бўлиб муомала қилди, одам бўлиб гапирди.
— Қандай, жиянлар катта бўлаяптими, суяклар енгилми, ака?... — деди.
— Шукур, шукур, — дедим.
— Икки марта келиб кетдим...
— Аёлимиз айтди, йўқлади, деди.
— Чавандозчиликда шундай-шундай бўлади-да, ака. Одамлар самолётдан тушиб кетаяпти. Сиз йиқилсангиз, отдан йиқилибсиз-да.
— Шундай, шундай...
— Қалай, энди тузук бўп кетдингизми, ака?
— Шукур, шукур?
— Унда, раёндан бир хабар олинг, ака. Капитан кўп сўради, ака.
— Майлингиз, иним, майлингиз.
Eнди, бир душман кўзи қилайин, дедим. Қўлимдан ипни олиб ташладим. Қўлимни қўйнимга солиб олдим.
Отланиб, раён бордим.
Капитан катта эшигидан ичкариладим. Ичкарида ўша беқасам чопонлик одамни кўрдим. Бечора, юзлари яраси ҳали-да битмабди, бечора...
Беқасам чопонлик мени танимади. Капитан катта танитдирди.
Шунда, беқасам чопонлик мени бот-бот бағрига босди. Киприклари нам бўлди... Биқинма-биқин ўтириб дардлашдим. Зот-боборакотини, мазгилини сўрадим. Беқасам чопон- лик «Навоий» колхозидан бўлди, оти Раҳмон бўлди.
Раҳмонбойнинг кўнгли бузилди. Овози қалтираб чиқди:
60


— Ўла-ўлгунимча сизга қуллуқ қилиб ўтаман, мана кўрасиз, — деди.
— Ундай деманг-е, нима каромат кўрсатдимкин, менга қуллуқ қиласиз, — дедим.
Капитан катта ишларини айтиб борди. Ишлар деярли ҳал бўлибди. Безориларни ушлаб, Раҳмонбойга юзма-юз қилибди. Раҳмонбой шулар эди, дебди. Лекин безорилар тонибди, айбини бўйнига олмабди.
Гап менда қолибди.
— Ҳозир олиб келади, — деди капитан катта.
Айтганидай, бир миллитсионер бўзболаларни ҳайдаб келди. Бирови ўтирмоқчи бўлди.
Капитан катта:
— Тур, тур дейман! — деб бақириб берди.
Бўзбола қўлларини қовуштириб қотиб қолди.
— Манави одамни танийсизми?! — деди капитан катта.
Бўзболалар мен тарафга сигир қараш қилди.
— Танимаймиз, — деди.
Капитан катта менга юзланди.
— Шуларми? — деди.
— Шулар, ҳа, шулар, — дедим.
— Олиб кетинг буларни! — деди капитан катта.
Милитсионер бўзболаларни ҳайдаб кетди.
Капитан катта менга жавоб бериб юборди.
— Хўш, сизга катта раҳмат, ака. Тергов тугагач, делони судга оширамиз. Суд куни борди-ю чақирсалар, бир келиб кетинг.
— Мен сизга айтсам, капитан катта, шунча кун мазам бўлмади. Шеригим менинг навбатимда-да қўй боқди. Одамнинг юзи чидамаяпти...
— Хўш, тушунаман, ака, тушунаман. Сиз судда бўлмасангиз ҳам бўлади. Лекин анави тирриқлар кўп ишларни бўйнига олмаслиги мумкин. Иш яна ланж бўлади. Сиз судда савол туғилганда ҳа ё йўқ, деб турсангиз бўлди. Сиздан бошқа жонли гувоҳ йўқ. Мана шу биродарингиз учун яна бир келасиз, энди.
Биродарлар, капитан катта жон жойимдан ушлади! Билибми, билмайми, ишқилиб, биродарингиз учун, деди! Шу гап кўнглимни олди! Раҳмонбой биродаримизни деб, йўқ демадим.
Раҳмонбой биродаримиз мени уйига етаклади.
— Мазам йўқроқ, бошқа вақт борарман, биродар, — дедим.
— Унда, бирор кун ўзим уйингизга бораман, тўн ёпишиб оға-ини бўламиз, — деди.
— Шундай-да оға-ини, биродармиз, — дедим.
77
Милитсия машинаси эшигимизга келганини эл билди. Биродарлар, элнинг қулоғи элликта!
Eл ажабланди, эл ҳадиксиради...
Дув-дув гап бўлди...
Биродарлар, ёмон гап, ракетадан олдин юради, яхши гап, тошбақадан кейин юради!
Хуфтон вақти-хуфтон вақти узанги йўлдошларим билан ҳамсоямиз Рихсиев кўнгил сўраб келди. Аёлимиз дастурхон ёзди.
Бўлғуси божамиз Одина чавандоз аёлимиздан нам тортиб, ерга қараб ўтирди.
Узанги йўлдошларим гапни нимадан бошлашини билмади. Истиҳола қилди.
Шунда, Рихсиев гапни индаллосидан бошлади:
— Сизни милитсия машинаси уйингиздан олиб кетибдими, ўртоқ Қурбонов? — деди.
— Бекор гап-е! — дедим.
61


— Ана, ҳамма шундай деяпти-ю?
— Олиб кетган йўқ, айтиб кетди. Мен автобусда бордим, — дедим.
Фаросат этсам, эл оғзида кўп гап бўлибман. Элга бир гап тегмасин. Чибиндай гапни туядай қилиб гапиради. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Энди бор гапни айтайин...
Айтиб-айтиб бердим. Бир гапни-да қолдирмадим!
Узанги йўлдошларим дилдўз сўзлар айтди, дилдўз гаплар айтди.
— Хўп жувонмардлик бўпти-да! — деди.
Рихсиев болишдан тирсагини олди. Чавандозларга сигирқараш қилди.
— Катализаторлар! — деди. — Бу, саргардон- лик-ку, саргардонлик!
— Саргардонлиги бўптими, шу баҳона Тарлон икковимиз шаҳарни сайил қилиб келаяпмиз, — дедим.
— Аҳа, у фалсафангизни бошқаларга ўқинг, ўртоқ Қурбонов. Сайил эмиш! Бундай ишлар турган-битгани ғалва, саргардонлик!
— Сайил-да — сайил, саргардонлик-да — сайил.
— Сиз энди кўраётгандирсиз-да? Аҳа, мен шаҳарда яшаётганимда бундай ишларнинг бир нечтасига дуч келганман. Сиздан яхши биламан, оқибати нима бўлишини! Бир дам олишда бизни пахтага олиб борди. Ўзингиз биласиз, бир кунликка борган ҳашарчилар пахта термайди. Ичиб, кайф-сафо қилиб қайтиб келади. Мен ҳам тагимга қўйиш учун икки килоча пахта териб, этагимдаги пахтага ёнбошладим, мудраб ётдим. Шундай пастимдан бир дарё лойқа сув оқаяпти. Шунда, дарё бўйида икки-учта қора кўринди. Кўзимни каттароқ очиб қарадим. Бизнинг ҳашарчилар эмас, шу ернинг йигитларига ўхшади. Ўзларича бир-бирларини турткилади. Ҳазиллашаяпти, деб ўйладим. Аслида уришаяпти экан. Иккитаси биттасини ўртага олиб урди. Таёқ еяётгани ёқалаб қочди. Дарё устидан бир ингичкагина труба ўтар эди, шу трубадан қочди. Труба ўрталарида мувозанатини йўқотди. Гоҳ ўнг, гоҳ чап қўлини кўтариб- кўтариб, сувга тушиб кетди. Бошқалари қочди. Бола сув юзида гоҳ кўриниб, гоҳ йўқолиб оқди. Боши кўринганда додлаб бақирди.
— Сиз кўриб турдингизми? — дедим.
— Бўлмасам-чи! Шундай оёғим остидан оқиб ўтди! Сузишни билмас экан-да, бўлмаса, сув секин эди, бемалол сузиб чиқса бўларди. А? Йўқ, пастроқда бир оператор йигитимиз овозини эшитиб қолиб, ўзини сувга ташлади. Судраб олиб чиқиб, оёғини осмонга кўтарди. Барибир кеч бўлди, бола ўлиб қолди... Ишонсизми, шу оператор йигитимиз бир ойдан ортиқ органга қатнаб, сўроқ берди! Она сути оғзига келди! Кўр бўл, дедим, ўзини билмаганнинг куни — шундай бўлади, дедим. Дунё шундай, ўртоқ Қурбонов, ўзингизни билинг, ўзгаларни қўйинг!
— Ҳа-е, тақдир пешона экан-да. Оламда нима гап?
— Оламда гап кўп, ўртоқ Қурбонов. Халқаро вазият тобора кескинлашиб бораяпти. Тинчлик хавф остида...
— Ким хавф солаяпти?
— АҚШ импералистлари! Буни халқаро панограмада ўртоқ Зорин ҳам айтиб ўтди. Аҳа, «За ребежом»да ҳам ёзибди. Мана, фактларга мурожаат қиламиз. АҚШ маъмурияти 1983-йилда 810 миллион доллар миқдорида химия-бактериология қуроли ишлаб чиқаришни планлаштирибди. — У қандай милтиқ?
— Аҳа, милтиқ эмас, заҳарли ингредиент.
— Ўзимизнинг деҳқончасига гапиринг. Биз бир ийиғи чиққан кал бўлсак, ундай гапларни қаердан биламиз.
— Аҳа, ингредиент бу, икки хил суюқ моддадан ташкил топган заҳарли дори. Мияни шол қилиб ташлайди. Аҳа, ўн-ўн беш дақиқа ичида вафот этасиз!
— Шуни инсон ўйлаб топдими? Одамзотни қириш учунми? Ё, табба! Бизникилар нима деяпти? — Аҳа, бизнинг ҳукуматимиз тинчлик посбони бўлиб келди, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади!
62


78
Узанги йўлдошларим уй-уйига кетди.
Аёлимиз дастурхон йиғиштирди.
Кенжамизни қўлимга берди.
— Манавини пича ушлаб турсин, қозон-тобоғимни ювиб олайин, — деди. Кенжамизни тиззамга олдим.
Кенжамиз дастурхон олиб кетаётган онасига жимит қўлларини чўзиб ингиллади.
— Инг-инг-инг!... — деди.
— Бўлди, энанг ҳозир келади! — дедим. — Ҳай, анави суратдаги ким? Ака-я? Ака де, ака! Кенжамиз овунмади. Ингиллай берди.
Шунда кенжамизни тиззамда тебратиб суйдим:
Келгин, болам, тиззамга,
Ёл бўларсан ўзимга,
Қулоқ солгин сўзимга,
Ҳуйё, болам, ҳуйё!..
Биродарлар, куйган — ўланчи бўлади, суйган— лапарчи бўлади?
Ўз-ўзимдан куйиб-куйиб, ич-ичимдан куйиб-куйиб, кенжамизни суйиб-суйиб, ўланимни айтиб қўя бердим:
Жоним болам от чопсин,
Отига бахмал ёпсин,
Ҳуйё солсин отаси,
Орқасидан ёл топсин,
Ҳуйё, болам, ҳуйё!..
— Ай, энаси-я, кел, улимга мамма бер! Улим маммасираб қопти. Ана, айтдим, энанг келади, мамма беради!
Болам, сен ҳам ботирим,
Чопиб келаётирим,
Чўпон бўлсанг қўйларга,
Боқарсан ўтлоқ, сойларга,
Ҳуйё, болам, ҳуйё!..
— Бўлди-е, энағар! Оғзим бор деб ингиллай берасанми! Оғиз бир сенда борми? Мана, бизда-да бор! Нимага биз ингилламаймиз? Иззатингни бил-да! Ё, отига бахмал ёпсин, қўйларини боқсин, дега- нимга ўзингдан кетаяпсанми? Қани ўша отларинг, қўйларинг? Ҳовлидагиларни айтаяпсанми? Эб-ей, эб-ей, улар сенинг бовангдан қолдими? Улар менинг отамдан қолди! Улар меники, билдингми?
Ҳуйё-ҳуйё, ҳуйё қани?
Бованг берган туянг қани?
Бованг берган туянг бўлса
Боқиб юрганларинг қани?
Боқиб юрган туянг бўлса
Адир ҳам чўлларинг қани?
— Ана бўлмаса, уккағарнинг кенжаси! Мард бўлсанг жавоб бер, уккағарнинг кенжаси! Ана, са- синг чиқмай қолди-ку! Ингиллайсан-а, ингиллайсан! Ҳа? Ҳа-ҳа-ҳа! Шўхлашдим, уккағарнинг кенжаси, шўхлашдим! Шўхлашишни-да билмайсанми. Улим, манави уйлар-да, қўтондаги қўйлар-да, осмондаги ойлар-да, кўпчиб ётган ерлар-да, бари-бари сеники! Бор-е, Тарлонни-да бердим, бор-е! Ол-е, уккағарнинг кенжаси-е, ол-е!..
Ҳуйё қилай ҳуйдад
Отинг солгин тўдага
63


Ҳуйё қилсам ухлагин
Отанг сендан садаға
Ҳуйё, болам, ҳуйё-и-и-и!..
— Улим, бир нима эсингда бўлсин. Гагариндай бошинг осмонга етса-да, олим бўлиб етти иқлимни сўрасанг-да, сен авваламбор Зиёдулла чавандознинг ули бўл! Менинг улим бўл! Мендай бўл, мендай! Мендай бўласан-а, мендай бўласан-а?..
79
Суддан қоғоз келди.
Оёғим тағин узангида бўлди, орган йўлида бўлди.
Бора-боргунимча Яратганнинг ўзига сиғиниб бордим. Шу юришимни бўлди қил энди, мени бунчалар жонҳалак қилма энди, деб бордим.
Судда одам сероб бўлди.
Бир тарафда урган бўзболалар, бир тарафда Раҳмон биродаримиз ўтиди.
Катталар юқорида бўлди.
Бўлди сўроқ, бўлди жавоб!
Урган бўзболалар айбини бўйнига олмади. Бир-бирларига тўнкаб туриб олди.
Шунда, юқорида ўтирган катталар мендан сўради. Даъволарини мендан маъқуллатиб олди. Мен асқотиб турдим.
Бир катта Раҳмон биродаримизни сўроққа тутди:
— Айтинг-чи, нега вояга етмаган болани урдингиз? — деди.
— Урганим йўқ, калла қилдим, — деди Раҳмон биродаримиз.
— Барибир, урган ҳисобланади. Юзида жароҳат бор. Пулингизни ўғирлаган экан, яна тағин ушлаб олибсиз экан, милитсияга топшириш керак эди!
— Кучим етмади.
— Уришга етган кучингиз, милитсияга етаклаб боришга етмадими?
— Уч бирдай йигитга қандай қилиб кучим етади?
— Унда милитсияга телефон қилинг эди. Ёки, одамлрани ёрдамга чақиринг эди. Ана, кўча тўла одам!
— Одам? Қандай одам? Қани одам...
Раҳмон биродаримиз гапиролмади. Димоғи тўлиб келди. Овози ичига тушиб кетди. Енги билан кўзларини артиб-артиб олди.
— Бир соат танаффус! — деди катталар.
Ўтириб-ўтириб, қорним очқади. Чойхонага қараб юрдим.
Мен чой ичиб қайта бердим, одамлар суддан чиқиб кела берди.
Демак, суд соб бўпти, энди суд оқибатини сўрайин, дедим. Раҳмон биродаримизни қидир-дим. Шунда, бир тўда момолар билан аёлларга рўпара келдим. Момолар сел-себор йиғлади. Пе- шоналарига уриб-уриб йиғлади. Тиззаларига муштлаб-муштлаб йиғлади...
Билдим, булар ана шу бўзболалар момоси бўлди, ана шу бўзболалар онаси бўлди.
Мен ана шу кўз ёшлар оқиши учун ўзимни айбдор деб билдим. Ёшлар тўла кўзларга, ёшларга беланган юзларга қараб туролмадим...
Биродарлар, бармоғимнинг қайси бирини тишласам-да оғрийди!
Оҳиста-оҳиста кетимга қайрилдим.
Тарлонимиз олдига бордим. Отланиб, қишлоққа қайтдим. «8-Март» колхозидан ўтиб, Ҳайрондарага дохил бўлдим.
Теварак майда-майда адирлар бўлди. Арғамчидай йўл бир юқорилади, бир адоқлади.
80