9 - БОБ
Қидириб чопсанг бирор кун Кенг Қўнғиротнинг тўйини, Олиб ётсанг, жўражон Қора уйнинг тўрини,
Олиб қучсанг найлайин
Бурни кулган бир парини,
Шу чиқарар куйган юрак черини!
— Ҳа, дў-ў-ўст!
— Қўйма, Зиёдулла чавандоз, қўйма!
Чавандозлар гап қаёққа бораётганини билди.
Гап эгаси-да ўзини билди, ўзини таниди. Кўзлари пир-пир этди. Кўзлари ерга қадалди. Биродарлар, бўйдоқнинг ақли икки кўзида бўлади!
Мен эндиги гапимни нағмаларсиз айтдим:
— Одина чавандоз дейман-ов! Йигитнинг боши иккита бўлмагунича, моли иккита бўлмайди! Уйлан-да энди, биродар! Оғзингга толқон солгандай миқ этмай юрасан! Айт-да, ўзи нима гап? Биз сенинг узанги йўлдошларингмиз! Яхши кунингга-да, ёмон кунингга-да яраймиз! Чавандозлар гапимни қувватлаб турди, маъқуллаб турди.
Охири, Одина чавандоздан садо чиқди! Одинаси қурғур, бизнинг қайнсинглимизни кўз остига босиб юрибди экан! Ана, гап! Бир сафар совчи-да қўйибди, аммо қайнонамиз йўқ, дебди! Ана. — Одина чавандоз-ов, ёш йигит кўзи билан қиз олма, дейдилар. Бизнинг қайнисинглимиздан бошқаси бўлмайдими? — дедим.
— Йўқ, бўлмайди! — деди Одина.
Одина чавандоз оламда бизнинг қайнсинглимиздан ўзгасини тан олмас эмиш! Қайнсинглимиз оламда яккаю ягона эмиш!
— Йўғ-е? — дедим.
— Ҳа! — деди.
— Чинингни айт? — дедим.
— Чиним! — деди.
Биродарлар, дил кетган эмиш, дил! Аҳай-аҳай!
— Ай, Одина чавандоз, унда, қўлни бер, ўзим совчи бўламан! — дедим. — Қайнсинглимни сенга олиб бериб, сен билан божа бўлмасам, Зиёдулла чавандоз отимни бошқа қўяман! Шу кундан эътиборан, икковимиз божа! Ай, Одина чавандоз-ов, нарироқ ўтир, божа божани кўрса... — дедим.
66
Биродарлар, ёш болага иш буюр-у, изидан ўзинг югур, дегани ҳаққост чин бўлди!
Қайнимиз нима қилибди денг? Қайнимиз уйимиз олдидан оқадиган ариққа келиб, Тарлонни сувга қўйибди. Ғарқ терга ботиб турган Тарлон тўйиб-тўйиб сув ичибди. Кейин, Тарлонни отхонага олиб кириб боғлаб қўйибди...
Eрталаб Тарлонни отхонадан етаклаб чиқдим. Айлантириб қарадим. Қорин этлари дир-дир учди, пир-пир учди!
Биродарлар, отга сув тушса ана шундай бўлади! Тарлонга сув тушибди!
Ай, қайним-е, ай, калла-е! Энди сенга нима дейин? От ғарқ терга ботса, сув ичириб отхонага боғлаб бўлмайди, дейинми? Мабодо ичирса, хийла йўл юриш лозим бўлади, бўлмаса отга сув тушади, дейинми? Кейин, от кўпкарига ярамай қолади, дейинми! Мактабда комсомоллар каттаси бўлсанг-да, шуни-да билмайсанми, дейинми? Битта-да тўрти йўқ аълочи Қодиров Қорақул бўлатуриб, шунга-да фаросатинг етмадими, дейинми? Омон сурнайчининг қизи билан
53
партанинг остидан хат олишиб-хат беришиб туришга етган ақлинг шунга етмай қолдими, дейинми? Мендайин бир кал бўлсанг экан, ақли сочи билан қўшилиб тўкилиб кетган десам, дейинми? Калланг тўла жун бўлса, дейинми?
Демайин, демайин! Қайнига илкис гапириб бўладими...
Опаси бизда!
67
Тарлонни миндим, сувини тушириш билан машғул бўлдим. Кўпкариларга миниб бордим.
Борсам-да, чопмадим. Бировлар отида чопдим.
68
Вахшивордаги бир кўпкарида-да шундай бўлди.
Мағрибдаги оппоқ тоғ Керагатоғ бўлди. Керагатоғ Ҳисор тоғлари давоми.
Керагатоғни яқин деб бўлмайди. Пурвиқорлигидан бир қадам бўлиб кўринади. Керагатоғдаги майда-майда олачипорлар арча бўлди. Аслида арчалар-да майда эмас. Олисдан майда кўринади. Арчалар улкан-улкан, бўйи қайрағочдай келади. Бели одам белидай келади. Қирлар, адирлар қор бўлди. Амирлар ўнгиридаги Қорбосди даштида қора бўлди. Этик кўмар қор бўлди.
Қорда жониворлар изи бўлди. Излар теварагида товуқ патлари сочилиб ётди. Булар тулкилар иши бўлди. Беш панжали излар бўриники бўлди.
Осмон юзи покиза бўлди.
Бошимизда кун ёнди. Кун бетига қараб бўлмади. Балиқ тангасидай-балиқ тангасидай қор учқунлари йилт-йилт этди, кўздан ёш оқизди.
Теварак моякдайин равон, супрадайин оқ бўлди. Қаер чуқур, қаер ўр, билиб бўлмади. Кўнглимга ҳадик тушди. Улоққа оёғим тортмади. Келишга-ку келдим, энди чопайин, дедим. Чопадиган бўлдим.
Жўра бобонинг отида чопишни азм этдим.
— Кўзингга қараб чоп! — деди Жўра бобо.
Кўнглимга янада ҳадик тушди. Телпагимни қошимгача бостириб, кўзимни кундан пана этдим. Ичимда калима қайтардим. Супрадай оппоқ даштда уймалашаётган қоп-қора тўдага қараб юрдим.
Чавандозлар билан отлар нафаси буғланиб-буғланиб ёйилди. Отлар чопишини кўриб, отларга раҳмим келди, кулгим-да келди. Отлар оёғини қордан зўрға олди. Тор-тор одим отди. Йўртиб юраётгандай бўлди. Забтли-забтли чополмади. Оёғи қорга ботиб-ботиб қолди.
Қор, от кўзини шафақлатди, от кўзини олди.
69
Улоққа кўнглим чопмади. Четроқда томошагўй бўлиб турдим.
Шунда, ажаб бир чавандоз кўрдим. Қўлимни қошим устига қўйиб кўрдим.
Чавандоз остидаги от майдагина, ермитти от бўлди. Сариқ жунлари бузоқникидай узун-узун бўлди.
Узангисиз шекилли, чавандоз оёғи қорга шалвираб-шалвираб турди.
Кулгим келди. Бу чавандоз ким бўлди экан, дея яқинроқ бориб қарадим. Чавандоз бетига қараб, анграйиб қолдим. Кулгим қочиб кетди. Бу чавандоз... ўша қатрон бўлди! Қатрон кал бу ёқларда нима қилиб юрибди?
Тўда нарёғида турган Жўра бобо олдига бордим. Жўра бободан сўрадим.
54
Жўра бобо қўл силтаб жавоб берди.
— Бир яхшига бир ёмон ҳар ерда бор. Дарров танидингми? — деди.
— Калладош бўлгандан кейин таниймиз-да... — дедим.
Қабатимдаги биров гапга аралашди:
— Шу, бошқарманинг эски бошлиғими? Ўзим ҳам айтдим-а, бир гап бор деб.
— Нима бўпти?
— Кал деганимни кўнглингизга олманг-у, Зиёдулла чавандоз, бу калнинг юзи қурсин! Ана, халқнинг қарғиши урди!
— Индамагин калга — ўзи келар ҳолга, дейдилар.
— Отангизга раҳмат. Ана, кўчада итдай тентираб қолди.
— Нима сизларга-да келиб эдими?
— Эҳа, сиз сўраманг, мен айтмайин! Отларни қийратиб кетди! Шу тўй хўжаси ошнаси бўлади, буниям оти қолмади! Бечора ўшанда оти кетидан йиғлаб қолди! Кал энди тўйига келиб ўтирибди! Билмайман, қайси юз билан келди. Ўзи, калласи билан юзининг фарқи йўқ экан... — Унга ўзи отни ким берди?
— Ўзи сўради. Ўзи дир-дир қалтирайди, ботинкасини ботинкасига уради. Ғирт маст! Ҳожиқулбой ҳам боплади! Ҳурмат қилган бўлиб, бир эшакдай отни ўнглади. Сиз каттасиз, яқинроқдан бориб кўпкарини назорат қилиб туринг, деди. Бечора ишониб, кўпкарига раҳбарлик қилгани келди.
— Отдан тушса ҳам, эгардан тушмайди...
Чавандозлар отини зўр бериб ниқтади, сағрисига қамчи босди. Ҳайқириқлар бериб, улоққа чорлади.
Баковул тўдани айланиб, ҳайбаракаллачи бўлди:
— От қўй! Ҳа, от қўй!
Қатрон кал, ҳайқириб чорлаётган чавандозларни тартибга чақириб турди:
— Шовқин, ўртоқлар, шовқин! Шовқин камроқ бўлсин! — деди.
Бир чавандоз оти улоққа бора бермади. Шунда чавандоз отини қамчи остига олди.
— Ҳе, падар лаънати! Мана, бўлмаса, мана! — деди.
Қатрон кал чавандозга огоҳлантириш берди:
— Сўкинманг, ўртоқ чавандоз! Бу ер жамоат жойи! — деди.
Чавандоз эшитмади.
Аммо баковул эшитди. Қатрон калга хўмрайиб-хўмрайиб қаради.
— Кал ўзини овутар — қўлтиғини совутар, дегани шу-да — дея тўнғиллади.
70
Биродарлар, кўнглимда армон болалади!
Тарлон яхши бўлса эди, улоққа солардим... Қатрон калга бир кўрсатиб қўярдим...
Жўра бобонинг Тўриғи гижинглади. Жиловни силкиб, улоққа талпинди. Тўриқ улоқ айиргиси келди! Бундай вақтда отни йўлдан қайириш инсофдан бўлмайди. Отни сувга олиб бориб, қуруқ қайтариб келиш бўлади. Оқибат, от ёмон ўрганади. Улоқдан, чавандоздан кўнгли қолади. Жўра бобонинг Тўриғи жиловни тағин силкиди. Шунда, тўдага солдим.
Улоқни бир саман Бурноч билан баравар олиб чиқдим! Саман Бурноч абжирроқ бўлди, йўлини буриб солди.
Улоққа ушлашиб бора бердим. Бир маҳал қўлим совуққа қотиб, улоқдан чиқиб кетди.
Шундай бўлса-да, Жўра бобонинг оти Бурночдан қолмай чопди. Улоқ билан орамиз бир қулочча бўлди. Кетимиздан отлар чопиб келди. Бундай вазиятда улоққа узалиш қалтис бўлади. Боиси, кетимиздан келаётган отлар абжирроғи орамизга ёриб киради, узалган қўлни синдириб юборади...
Шу боисдан улоққа қўл узатмадим. Жўра бобонинг отини буриб кетдим.
55
Мен энди қизиб бошладим. Баданим жимирлаб, ваража қилди. Ғайратим келди.
Улоқни бир Буйра от кўтарди.
Жунлари қўзичоқ жунларидай жингала-жингала, кўзлари олакўз-олакўз отни кўриб эдингизми? Ўлманг! Буйра от ана шу! Буйра от олакўз бўлади!
Бу сафар Жўра бобонинг оти улоққа жипсроқ чопди. Улоқдан бир қадамча кейинда. Чил от сағриси баравар чопдим.
Бундай вазиятда улоққа узалиш ўта, ўта қалтис бўлади! Боиси, борди-ю, улоқни юлиб олсам, улоқ келиб отимнинг кўкрагига, ундан кейин тиззаларига забтли келиб урилади. Оқибат, от қоқилиб йиқилади!
Бундай улоқни олишнинг яхши йўли бор. Ўзиб ўтаётиб, ҳа-ҳа, ўзиб ўтаётиб, улоқни юлиб олиб кетиш лозим бўлади.
Шундай қилмоқчи бўлдим. Улоқни узалиб ушлаб, Жўра бобонинг отига қамчи босдим. Аммо Жўра бобонинг оти бизнинг Тарлондайин олға эмас, ёнига буриб солди.
Улоқ менинг қўлимга ўтди. Улоқни даст кўтариб ололмадим. Улоқ Жўра бобонинг оти кўкракларига, ундан ўтиб, олд оёқларига забтли келиб урилди. Жўра бобонинг оти бир мункиди. Энди мункишида олдига эгилди.
Қўлимда улоқ билан от бошидан ошдим...
71
Ғўнғир-ғўнғир овоз эшитдим.
Кўзимни очиб, осмонранг оламни кўрдим. Яхшилаб қарадим, кўраётганим осмоннинг ўзи бўлди. Ҳайрон бўлиб, теварагимга алангладим. Теварагимда Жўра бобо билан беш-олти узанги йўлдошларим турибди. Оёғим тарафда отлар турибди.
Узанги йўлдошларим жонланди.
— Кўзини очди, хайрият-е, — деди.
— Ўзига келди, бетига яна қор суртинглар.
— Зиёдулла чавандоз, қалай суяклар енгилми?
Шундагина нима гаплигини билдим. Жойимдан турмоқчи бўлдим. Улоқ ушлаган ўнг қўлим қимирламади. Гўё жони йўқдай бўлди. Бор кучим билан интилдим. Ўнг қўлим зириллаб оғриди. Кўз олдим хира бўлди. Оппоқ қор қоп-қорайиб қолди...
— Тураман деяпти, турғизинглар.
Ўзимга келиб, кўзимни очдим. Оёқ тарафимдаги отлиқлардан бирови қатрон каллигини билдим. Қатрон кал бетига синчиклаброқ қарадим. Кал юзларида хушвақтлик бўлди, табассум бўлди. Кал— калга кулди!
Қатрон кал теварагидагиларга қараб гапирди:
— Мен бундан кўп йиллар муқаддам айтганман, кўпкари эскилик сарқити, саломатлик душмани, ҳаёт учун хавфли деб! Мана исботи! — деди. — Мана шу отини гўштга бермай, мен билан қонунлашган! — Мана оқибати! Гўштга топшириб юборганида бундай фалокат бўлмас эди! Ана энди майиб-мажруҳ бўлиб қолади, тамом!
— Яхши отдан йиқилса, ёмон таъначи бўлади!
Бу гапни Жўра бобо айтди. Бобо бир ўқ билан икки қуённи урди!
Мен оғзимда қўланса бир нима туйдим. Жағларимни қимирлатдим. Бир нима ғижирлади. Тилим учи тишларим орасига кирди. Бармоғимни оғзимга солиб кўрдим. Бармоғим қон бўлди. Ёнимга яшириб, ўнгиримга артдим. Билдим, оғзимдаги қўланса ис қон бўлди. Лунжларимда ғижирлаб ўйнаётган тишим бўлди. Тилим учи кириб чиқаётган кавак тишим жойи бўлди.
Кўнглимда нимадир бир нима қўзғолди. Кучаниб-кучаниб, бор вужудимни таранг этдим. Ўнг қўлим зир-зир оғриди. Чап тирсагимга суяниб қўзғолдим.
Узанги йўлдошларим қўлтиғимдан олди.
Бир амаллаб жойимдан турдим. Бошим айланиб-айланиб кетди. Кўз олдим зим-зиёланди.
56
Тишимни тишимга қўйиб кучандим. Тош бўлдим! Олам яна аслига келди.
Оғзим лиммо-лим қон бўлди. Сағал хаёлладим, оғзимдан отилиб кетаман-отилиб кетаман, деди. Қаерга тупуришимни билмадим. Теварак оппоқ, тупурсам, қор қип-қизил бўлади. Кейин, Қатрон кал қонни кўради...
Менинг кўзим Қатрон калда, Қатрон кал кўзи менда бўлди!
Бўлмади, бўлмади! Оғзимдаги қонни тишим билан қўшиб, ичимга ютиб юбордим! Яна бир ютиниб, қолган қонларни-да ютдим!
72
Киприк қоқмай, алп-алп одим отиб, Жўра бобонинг оти олдига бордим. Чап қўлим билан эгар қошидан олиб отландим. Шунда, ўнг қўлим ёмон оғриди...
Жиловни чап қўллаб ушлаб, тўдага юрдим. Ўнг қўлимни қимирлатмадим.
Улоғини бериб қўйган чавандоз кўнгил сўради.
— Қалай, чавандоз, бирон ерингиз лат емадими? — деди.
Кулимсираб, соғ қўлимни силтадим.
— Мижжамга-да келмади. Уст-бошимга сағал қор илашди, — дедим. Ҳамон анграйиб қараб турган қатрон кал, гапларимни-да анграйиб эшитди!
Зирқ, зирқ! Уҳ, қўлим-а, қўлгинам-а!..
Ўнг қўлимни авайлаб, қўйнимга солдим. Бир оз ором олдим.
Улоқ кўтарилди. Тўда кетидан чопдим. Беихтиёр қўлимни қўйнимдан олдим.
Зирқ, зирқ! Уҳ!..
Улоқ кимда кетди, билмадим. Отлар кетидан шунчаки чопиб бордим.
Қўлимни яна қўйнимга солдим. Жўра бобонинг отини улоққа ниқтадим. Тўриқ зор бўлиб турган экан шекилли, тўдани ёриб кирди-қўйди! Ич-ичимдан зил кетдим! Энди улоқни қандай кўтараман?
Нима қилишимни билмай, гангиб қолдим, Бовужуд, бир Саман йўлимизни ёпиб олди. Жўра бобонинг оти улоққа боролмай қолди.
Шундагина кўнглим тинчиди. Енгил нафас олдим. Саманга қараб, борингга шукур-е, дедим. Зирқ, зирқ!..
Бошқа вақтлари ана шундай қараб турсам, улоқ мен тарафга келмайди. Келиб-келиб, улоқли айни шундай вақтда менга қараб юрса бўладими! Мен улоққа зормидим, дардим улоқмиди... Ана, улоқ келди! Барча қараб турибди. Айниқса қатрон кал!
Мен тишимни тишимга қўйдим. Оғриқ қўлимни улоққа узатдим. Бор кучим билан бутидан чангаллаб ушлаган бўлдим. Аслида, бармоқларимни улоқ жунларига шунчаки тегизиб турдим! Зирқ, зирқ!..
Гўё улоқни олиб кетмоқчидай бўлдим. Жўра бобонинг отига айқириб қамчи босдим.
— Ҳа, жонивор-а! — дедим.
Жўра бобонинг оти улоқдан кейинда қолиб кетди.
Мен хўжакўрсинга бош ирғадим! Қамчили қўлимни аламли силтадим. Гўё, ҳай, аттанг-а, омад кулиб боқмади, дедим. Омаддан нолиган бўлдим.
Зирқ, зирқ!..
Хайрият, хайрият-е, кўпкари соб бўлди!
73
Ўзимизнинг Тарлонни миниб, уйга келдим.
— Чопиб бориб, дўхтирни айтиб келинглар! — дедим. Худойқул дўхтир бир қутича кўтариб келди. Оғриқ қўлим енгини силкиб тортди.
Мен инграб юбордим!
57
Зирқ, зирқ!..
Енгим ҳадеганда суғирила бермади. Шунда, Худойқул дўхтирга пичоғимни олиб узатдим. Дўхтир енгимни пичоқ солиб айирди.
Тирсагим йўғонлиги соғ тирсагимдан учов келди! Тирсагим тирсиллаган шиш бўлди! Худойқул дўхтир бош чайқаб-бош чайқаб, мени машинасига солди. «Хазорбоғ» совхози беморхонасига олиб борди.
Дўхтирлар шишган қўлимни бир аппарат остига қўйиб кўрди.
— Кўп қўрқманг, тирсакдан чиқибди, холос, — деди.
Қўрқармидим-е, қўрқармидим! Қўлим чиққанини отдан йиқилибоқ билиб эдим! Биродарлар, оғзинг қора қон бўлса-да, ғанимнинг олдида тупурма!
74
Шу ётишимда йигирма кундан кўп ётдим.
Ниҳоят, дўхтирлар гипсни олди, уйга жавоб берди.
Кўнгил сўраб келувчиларга қўлимни яланғочлаб кўрсатдим. Ҳасан бобо қўлимни айлантириб кўрди.
— Эб-ей, қийшиқ-ку! — деди Ҳасан бобо.
Eътибор бериб қарадим, қўлим чиндан-да тирсагимдан қийшиқ бўлди.
— Қурбон табибга бор, нима гаплигини айтади, — деди Ҳасан бобо. Эрталаб Тарлонни миндим. Қорахонга йўл олдим.
75
Бир вақтлари Қорахонда Хидир дегич бўлди. Одамлар уни Хидир мироб, деди. Ўзи, мироблик қиларди-да!
Ана шу Хидир мироб чиққан суякларни жойига солди, синган суякларни даволади.
Шу одам кетди! Қаёққа? Қаёққа бўларди, қиёматга-да!
Шундай одам-да кетди-я! Ҳеч ишонгим келмайди! Мен, бундай одамлар дунё тургунча туради, деб ўйладим. Кейин-кейин билсам, биров-да бу дунёга устун бўлолмас эди...
Шу одамдан Қурбонназар деган ўғил қолди. Қурбонназар отасининг қўлини олиб қолди. Отаси оғзига тупурган бўлса ажаб эмас!
Ўзи, раис! Лекин мен раисман, демайди! Каттага-да бир, кичикка-да бир!
Шу одамнинг дарвозасини қамчи дастаси билан тақ-тақ урдим. Ичкаридан бир заифа чиқди.
— У киши ишдалар. Кириб ўтириб туринг, ҳамзамат келиб қоладилар, — деди заифа. Қурбонназар меҳмонхонасига салом бериб кирдим.
Заифа дастурхон ёзиб кетди.
Чойни ўзим қуйиб, ўзим ичиб ўтирдим.
Қурбонназар укамиз келди.
Қучоқлашиб кўришдим. Таомлардан кейин дардимни айтдим.
Қурбонназар дастурхон четини қайириб қўйди. Олдимга силжиб келди.
— Қани, ечинг қани, — деди.
Қўлимни яланғочлаб тутдим. Қурбонназар қўлимни айлантириб кўрди, уёқ-буёғини кўрди. Елкамдан бармоқларим учигача силади. Бўғинларим қўшилиш ерида сабр қилди. Айниқса, тирсагимда кўп сабр қилди. Кўзларини юмиб турди.
Хаёлимда, Қурбонназар тирсагимдан бир нималарни эшитди. Ўзича бош ирғади. Яна эшитди. Кўзларини юмиб эшитди.
Ҳайрон бўлиб қолдим. Авваламбор, тирсагим нағма чалаётган радио эмас, телевизор-да эмас! Бор-йўғи эт билан суяк! Яна айтсам, эшитган одам қулоғи билан эшитади-да! Нима, қўли билан эшитадими?
58