чопонлик ошнагинангиз қандай?
— Бир бало қилиб жойлаштириб келдик...
— Ия-ия...
Чойхоначи анграйиб қолди. Юзлари бўзарди. Қўлларини этагига артди. Фотиҳа ўқимоқчидай, кафтларини ҳозирлай бошлади.
— Бандачилик қилдими-а, — деди. — Вой, бечора-е, вой, бечора-е...
— Йўғ-е, беморхонага жойлаштириб келдик, деяпман.
— Э, ҳа-а, шундай денг...
Бозор оралаб, бошқатдан бозорлик қилдим. Барини белбоғимга тугиб олдим.
Тарлонимиз олдига бордим. Тугунимни эгар қошига илиб олдим. Дарвоза олдида ўтирган чолга бир сўм узатдим. Ўзимга ўзим оқ фотиҳа бердим. Отланиб, бозордан қайтдим.
Биродарлар, осмондан тушгандай бўлиб қолдим, дунёни энди кўраётгандай бўлиб қолдим...
54
Во дариғо, шундай кунлар-да бўлади!
Босган қадамимиз кетимизга кетади. Жамики ишларимиз чаппасига юради. Омад деганлари саломини-да бермайди. Оғзимиздаги ошимизни-да олдириб қўямиз.
Биродарлар, насиб этса, келар Шом-у Ироқдан, насиб йитса, кетар қош-у қабоқдан!
Хуррам солиқчининг кўпкарисида шундай бўлди. Тўдага киролмадим, кирсам, улоқни ололмадим. Борди-ю олсам, биров ё қўлимдан юлиб кетди, ё ерга тушиб кетди. Тақимимдаги улоқларни-да олдириб қўйдим.
Биродарлар, давлат-да эгиз-егиз, меҳнат-да эгиз-егиз!
Тарлон мендан ҳайрон бўлди, мен Тарлондан ҳайрон бўлдим.
Ундай қилдим бўлмади, бундай қилдим, бўлмади. Пуф сассиқ, дея кетиб қолмоқчи бўлмадим. Яна тағин шайтонга ҳай бердим. Элан-қаран келдим, энди кетмайин, дедим.
Тарлонни қамчилаб-қамчилаб тўдага солдим.
Отлар ғиж-ғиж бўлди. Осмондан телпак ташласа ерга тушмади.
Тўдани ёриб, улоққа келдим. Улоққа ҳар алвонда узалдим. Қўлим етмади. Яна-да узалгани, отлар қўймади.
Қуюқ чангда кўриб турдим, бир қўл улоқни ушлади. Шунда, Тарлон улоқни ўнг туёғи билан таппа босиб қолди. Тарлон буни илкисдан қилмади. Йўқ, билиб-кўриб қилди. Улоқни бергиси келмади!
Улоққа ҳавойиларча ёпиша бериш Тарлонимиз жонига тегди. Тарлон улоққа ташна бўлди!
Мен қамчи сопидан тишладим. Тарлон қопқоғига шапатиладим. Тарлон бошини сарак-сарак этди. Теварагидаги отлар бошини ўзидан холислатди. Ўзига кенглик яратди, эркинлик яратди. Кейин, Тарлон олд тиззаларини букди. Улоқ олдида чўк тушди! Тарлон улоқ олдида чўккалади! Қуюқ чангда кўзларимни аранг очдим. Тарлон кўкраги олдида ётган улоқни қўшқўллаб ушладим. Панжаларимни ботириб ушладим.
Тарлон кўз қири билан қараб турди. Барини кўриб турди, билиб турди. Улоқни маҳкамлаб ушлаганимга амин бўлди.
Шундан кейин, бир силкиниб, тиззаларидан турди. Сонсиз отлар пойлаб турган олдига эмас, йўқ, кетига тисарилди. Кетига тис бўлиб, тўдадан суғурилди. Очиқликка чиқиб олиб, бирдан олдига бурилди. Жойидан зарб билан учди, елдай учди! Кўрганлар кўриб қолди, кўрмаганлар армонда қолди!
Тарлон қоралик чуқурчани ёнлаб келди. Улоқни тақимимдан ташлаб юбордим. Қўлларимни кўтариб чопиб кетдим.
Аммо баковул овозидан дарак бўлмади. Ҳайрон бўлдим.
Қоралик жойга қайтиб келдим. Чуқурчага қараб... тарс этказиб тиззамга урдим. Улоқ чуқур ичига эмас... лабига тушибди!
40


Аламимдан, аразлагим келди!
Барчага, инчунун, баковулга эшиттириб айтдим:
— Биз кетдик! Бизга қачон ҳақ берилиб эди-да, энди берилади! — дедим ўзимча, кўпкарига қўл силтаб жўнадим. Тарлонни тарс-тарс қамчиладим.
— Кетдик, Тарлон, кетдик, одамлар биз сағирларга қайишмайди! — дедим.
Тўдадан олислаб бордим. Тарлонни тағин тарс-тарс қамчиладим.
— Кетдик, Тарлон, кетдик, бизнинг калламиз кал! Биз калларга ҳақ йўқ! — дедим.
Кетимга қайрилиб қарадим. Узанги йўлдошларим йўлдан қайирар, дея умидландим. Тарлонни имиллатдим. Тағин ўгирилиб қарадим. Изимдан биров-да келмади!
Деворда тизилиб ўтирган томошагўйларни ёнлаб юрдим. Бирови йўлдан қайирар, дея ўйладим. Шунча одам олдидан ўтдим, қани энди бировгинаси миқ этса! Ақалли, йўл бўлсин, Зиёдулла чавандоз демади! Шулар ҳам одам бўлди-ю! Суф-е!..
Eнди томошагўйлардан аразладим!
— Кўр бўлиб кўпкарини томоша қилиб ўтира беринглар, мен уйга бориб, маза қилиб ётаман, — дея пичирладим.
Қишлоққа олиб борадиган йўлдан юрдим. Йўлни кесиб ўтадиган ариқ бўйида оёқ илдим. Тарлон сувга талпинди. Сув ичирмадим. Шокирқулнинг томидан чиқиб турган дастак учига боғладим.
Уст-бошларимни қоқдим. Юзларимни ювдим. Қўшҳовучлаб-қўшҳовучлаб сув ичдим. Энтикиб- ентикиб сувга термулдим.
Шунда, ариқ бўйида сувга куча ботириб еб ўтирган болага кўзим тушди. Эътибор бериб қарадим. иштони ҳўл.
— Кимнинг ули бўласан? — дедим.
— Отамнинг.
— Отанг ким?
— Шокирқул.
— Ҳа-а, отинг нима? Карим? Ўлма! Бу, иштон ҳўл-ку, Каримбой?
— Энам тўйда.
— Ҳа-а, ўзим киёлмайман денг. Биздан сўрасангиз, Каримбой, биз кўпкаридан қайтдик, ҳа! Кўпкарида адолат қолмади, Каримбой. Бари ошна-оғайнигарчилик бўлиб кетди!
— Кўпкари тамом бўлдими?
— Йўқ, ҳали бўлаяпти.
— Унда, боринг-да.
Мен сергак бўлдим. Болага эътибор бериб қарадим.
— Бир нима дегандай бўлдингизми, Каримбой?
— Сув ичиб бўлдингиз-ку.
— Ҳа, сув ичиб бўлдим, Каримбой. Энди нима қил дейсиз, Каримбой?
— Кўпкарига боринг.
— Борсам деган эдим, Каримбой. Бизга ҳақ йўқ!
— Бормасангиз адо бўлади.
— Кўп қўймадингиз-қўймадингиз-да, Каримбой. Борсам-борайин, садқайи суханингиз. Тарлонни ечиб, тағин отландим.
— Каримбой, сизнинг сўзингиздан ўтолмай қайтаяпман. Бўлмаса қайтмас эдим, — дедим. Қайтишимда томошагўйларни қоралаб юрдим. Томошагўйларга хўмрайиб-хўмрайиб қарадим. — Сенлар ҳам одам бўлдинг-у, ана, ҳақиқий одам Каримбой экан, — дея пичирладим.
Тўда четига бориб турдим. Баковул менга ажабланиб қаради. Билдим.
Баковул менга қараб-қараб қўйди. Кейин, ёнида турган чавандозга бир нима деди.
— Итга ўхшаб, ўзи кетиб, ўзи келди. — Билдим, шундай деди. Бошқалар-да шундай деди.
Eнди, мен нима десам экан?
41


Каримбой қайтарди десам, қайси Каримбой десалар-а? Шокирқулнинг иштони ҳўл ўғли дейманми? Ҳа йўғ-е... суриштириб бораяптими. Борди-ю, суриштирсалар, Карим муаллим, дейман...
Самад чавандоз узанги йўлдошимга айтдим, барча-барчага эшиттириб айтдим:
— Йўлда Каримбой жиловни ушлади! Қайтинг-чи қайтинг, деб қўймади! Одамнинг юзи иссиқ- да, юзидан ўтолмадим!..
55
Отар адирда ёйилиб ўтлади.
Тўдалагунимча кеч бўлди. Уйга қош қорайганда келдим.
Участка милитсионеримиз бир парча қоғоз ташлаб кетибди. Аёлимизга қайта-қайта тайинлабди.
— Эртага соат ўнда органда бўлсин, — дебди. Шеригимизникига бориб узримни айтдим.
— Эртага қўйни сен боқ, зарил ишим чиқиб қолди, бирор кун қайтарарман, — дедим. Саҳар-мардонда Тарлон билан шаҳар жўнадим.
Eшик олдида ўтирган милитсионерга қўйнимдаги қоғозни олиб кўрсатдим. Милитсионер мени эшиги ғилофли хонага киритиб борди.
Тўрда ўтирган йигит ўрнидан турди.
— Келинг, келинг, — деди.
Мен билан қўл бериб кўришди. Ўзини капитан Рўзиев, деди.
Капитан катта бахмал пардани тушириб қўйди, кўрсатди. Мен капитан катта кўрсатган жойга ўтирдим.
— Хўш, фамилиянгиз Қурбонов-а? Нега кечикиб юрибсиз, ака? Соат ўн икки бўлди-ю? — деди капитан катта.
— Мен сизга айтсам, капитан катта, Тарлоннинг оёғига қарадим.
— Хўш, Тарлонингиз ким?
— Бизнинг отимиз-да, капитан катта.
— Хўш, ҳали отда келдингизми? Шунча техника туриб-а!
— Эса-чи, капитан катта. Техника бизга бўлмайди, капитан катта. Бензин исини хуш кўрмайман, капитан катта.
— Хўш, бандитларни излаяпмиз, ака. Шубҳали типларни жабрланувчига юзма-юз қилдик. Булар эмас, деди. Сиз эса келмадингиз. Энди бошқа кун чақирамиз.
Тарлон билан қишлоққа қайтдим.
56
Кечқурун телевизорга қараб ўтириб эдим, Рихсиев келди. Болишни буклаб ёнбошлади, дамини узун олди.
— Радиоузел орқали ўқиган докладимни эшитдингизми, ўртоқ Қурбонов? — деди.
— Йўқ, қачон ўқидингиз?
— Ана холос, ҳозиргина ўқидим-ку. Йигирма минут, қирқ секунд! — Мен телевизорга қараб қолибман. Нима деб ўқидингиз?
— Халқаро аҳвол хусусида!
— Ҳа-а, оламда нима гап экан?
— Аҳа, халқаро аҳвол чатоқ, ўртоқ Қурбонов, жуда чатоқ. Вазият тобора кескинлашиб бораяпти. НАТО мамлакатлари Европада қанотли ракета жойлаштираяпти. Салвадорда қонли жанг бўлаяпти, Никарагуада вазият тобора мураккаблашаяпти, Фаластин халқининг аҳволи аянчли. Аҳа, ҳаммасига АҚШ империалистлари айбдор, ўртоқ Қурбонов. Империализм провокатсия билан шуғулланаяпти. Аҳа, масалан, АҚШ империалистлари Полша давлатида
42


диверсия-провакатсия ташкил қилди. Халқни мафкуравий заҳарлади, аҳа. Полшада сотсиалистик жамиятни қўпориб ташламоқчи бўлди. Лекин империалистларнинг ёвуз планлари фош бўлди. Полша Бирлашган Ишчи партияси сотсиализмни ҳимоя қилди...
Гапнинг бировига-да тушунмадим. Телевизорга қараб, ҳа-ҳа, деб ўтирдим.
57
Икки кун деганда участка милитсонеримиз тағин қоғоз олиб келди.
Тарлон билан азонда йўл олдим. Бу сафар Тарлонни қичаб ҳайдадим. Вақтида етиб келдим. Капитан катта тўртта бўзболнани рўпара қилди.
— Йўқ, булар эмас эди, — дедим. — Уларнинг сочи узун-узун эди, — дедим. Капитан катта кулди.
— Хўш, эслай олмайсизми, ака, уларнинг юзида бирон жароҳат изи йўқмиди?
— Эса-чи, капитан катта. Изиям гапми, яранинг ўзи бор эди, капитан катта.
— Хўш, қанақа жароҳат?
— Икковининг юзидан қон оқди. Беқасам чопонлик калла қилиб эди-да.
— Э-е-е, шуни эртароқ айтмайсизми, ака. Ана бу бошқа гап!
— Кейин, бир майдароғининг уст-боши лой бўлди, капитан катта.
Капитан катта ёза-ёза, бош чайқаб кулди. Нимага кулди — фаросатим етмади.
— Хўш, айтинг-чи, ака, шу воқеани кўрганлардан ақалли биронтасини танийсизми?
— Мен сизга айтсам, капитан катта, лоф бўлсада, юздан ошиқ одам бор эди. Қайси бирини танийман. Ҳатто иккита мелиса-да бор эди.
— Ким-ким? Мелиса? Хўш, формадами?
— Эса-чи, капитан катта. Мелисалар шундай бурчакда ўтириб чой ичди.
— Хўш, улар шу воқеани кўрдими?
— Эса-чи, капитан катта. Барини кўриб турди, капитан катта.
— хўш-хўш!
Капитан катта темир сандиғидан бир қалин қоғоз олиб ёйди. Ичи тўла ғиж-ғиж сурат бўлди.
— Қаранг-чи, ака, шунинг ичида сиз кўрган мелисалар борми.
Суратларга бармоғимни югуртириб қарадим. Охири, кўрганларимдан бировини танидим. Пешонасига бармоғимни нуқиб турдим.
— Ҳайла, анави! — дедим.
Капитан катта энкайиб қараб, бош ирғади. Суратларни тахлаб, яна сандиғига солди. Таш- қарилаб қайтди.
— Хўш, сиз, ака, мана бу хонага кириб туринг. Ўзим чақираман.
Ён хонага кириб ўтирдим. Хона эшиксиз бўлди.
Капитан катта бахмал пардани тушириб қўйди. Ўзи, ўз хонасида қолди.
Хиёлдан кейин капитан катта олдига биров кириб келди. Капитан катта ундан сўради.
— Хўш, сиз йигирма тўртинчи январ якшанба куни соат ўн иккиларда қаерда эдингиз? — деди. — Қайси январ, бу йилги январми? Участкада эдим, — деди келган одам.
— Хўш, аниқроқ айтинг!
— Винзавод атрофини назорат қилиб юрган эдим!
— Хўш, демак, заводда?
— Ҳа, заводда!
— Хўш, шу куни чойхона олдида бўлган воқеадан хабарингиз бўлмадими?
— Қанақа воқеадан?
— Ўша ерда бўлган тўполондан?
— Ўлимдан хабарим бор, бундан хабарим йўқ!
— Хўш, буёққа бир қаранг, Қурбонов ака!
Капитан катта олдига қайтиб чиқдим. Келган одам худди ўша милитсионерларнинг бирови
43


бўлди. У мени кўрди-ю, ранги оқариб жўнади. Капитан катта мени кўрсатиб сўради: — Шу одамни бирон марта кўрганмисиз?
Милитсионер менга тикилиб турди-турди-да, елкасини қисди.
— Эслаёлмаяпман, — деди.
Кулгим келди. Балки танир, дея чойхонани эслатдим. Милитсионер шипга қараб ўйлаб-ўйлаб, кўрсаткич бармоғини чаккасига нуқиди.
— Э, ҳа! Бўлди, бўлди! Энди эсладим. Ўша ердан участкамга ўтиб кетаётган эдим. Кўчада одамлар тўпланиб турган экан. Бирон нима сотаётган бўлса керак, деб ўйладим.
— Эб-ей, икковимиз гапиришдик-ку, иним! Мен сизга...
— Мен билан-а? Бекорни айтибсиз! Туҳмат! Соқолингиз бор, оғзингизга қараб гапиринг! Сиз мени бошқа одамга адаштираяпсиз!
Капитан катта бахмал пардани тушириб қўйди.
— Ана, бўлмаганман деяпти-ку? — деди.
Мен ёқамни ушладим.
— Ё тавба, ё тавба! — дедим.
— Хўш, яна бирон кишини эслай олмайсизми, ака?
— Эса-чи, капитан катта. Шу гапларни чойхоначи-да кўрди.
— Чойхоначи? Яна?
— Кейин, балиқпаз-да билади.
— Хўш чойхоначи, балиқпаз... Бугунча бўлди, ака, қолганини бошқа кун гаплашамиз.
58
Eндиги қоғоз келишида бормадим.
Боиси, Доно момо бандалик қилди. Жанозасига бордим. Момони ўраб-чирмаб, йиғлаб-йиғлаб қўйиб келдим.
Уйда азали кайфиятда ёнбошлаб ётиб эдим, Рихсиев келиб қолди.
— Аҳай, чой қўйинглар! — дедим аёлимизга.
— Кайфиятингиз йўқ, ўртоқ Қурбонов? — деди Рихсиев.
— Доно момони қўйиб келдик, — дедим.
— Қаёққа қўйиб келдингиз?
Шунда, Рихсиев жанозада бўлмаганини билдим.
— Доно момо оламдан ўтди, шуни айтаяпман,— дедим.
— Аҳа, дафн қилдик денг. Қўйиб келдик деганингизга бирор нимани қўйиб келибдими дебман. Юзимни ўгириб, кўзларимни юмдим. Ўзимни босолмадим. Тағин ўнг бўлдим. Кўнглимга қай бир гаплар келди. Гап келганда гапирмаса, шу гап ўлдим, деб кетади. Шу боис, умримда биринчи марта Рихсиевга оқсоқолчилик қилишга журъат этдим:
— Рихсиев ака, — дедим, — сиз ўқиган одамсиз, оламдаги бор гапни биласиз. Сизга ўргатиб бўлмайди. Ҳеч қачон элдан қолманг, ака. Хусусан икки вақт элнинг ёнида бўлинг. Бири — тўйида. Элнинг тўйини белингизни беш жойидан бойлаб хизмат қилиб, ўйнаб-кулиб, хуш- хушвақт ўтказиб беринг. Тўй кўпники, ҳа. Яна бири — азасида. Йиғлаб-сиқтаб элнинг қайғусига ҳамдард бўлинг. Ўлим қайғусини бир одам кўтаролмайди. Оғирлик қилади. Шунда сиз ёнида бўлиб, қайғусига шерик бўлинг. Одам ана шу икки вақтда одамлигини билдиради.
— Мен ундай момони танимайман, у ким?
— Ўзимиздай одам. Фақиргина бир момо эди. Умри колхозда ишлаб ўтди. Қариган чоғида ма- газинда қоровул бўлди. На қизи бор, на ули бор эди. Бечораҳол момо эди. Йиғлайдиганлари-да бўлмади. Ўзимиз момомлаб, холамлаб йиғлаб жўнатдик. Эл кўмди...
— Аҳа, қулоғимга бир чалингандай бўлди. Мактабга дарсга кетаётган эдим, кимдир, биров ўлибди, деди. Эътибор бермабман.
— Ана шу-да. Шу сабабли-да жанозада одам тахчил бўлди. Кўнглим ярим бўлиб қайтдим.
44


Одамзотнинг қадри энди шу бўлдими, дедим. Рихсиев ака, бир кун келиб биз ҳам кетамиз. Ўлим баримизнинг бошимизда бор савдо. Шундай кунда бир-бировимизнинг кунимизга ярамасак, одам бўлиб нима қилиб юрибмиз...
Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Ҳамманинг бориши шартми, ўртоқ Қурбонов, — деди. — Қариндош-уруғидан тўрт киши борса бўлди-да. Тобутнинг тўрт ёғочидан ушлаб кўтариб боради. Тўрт кишидан ортиғи ортиқлик қилади. Аҳа, хўп, олти киши ҳам бўлсин. Иккитаси гўр қазиб туради.
— Рихсиев ака, одам ит бўлса экан, оёғидан судраб олиб бориб, чуқурга ташлаб кела берса. Одам ўз номи ўзи билан одам. Одамдан улуғ жонзот борми...
Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Ҳа, энди, бир кампир экан-да. Бор-йўғи қоровул! — деди. — Халқаро аҳамиятга, ақалли маҳаллий аҳамиятга молик шахс бўлса экан, билагимизга қора лента тақиб фахрий қоровулликда турсак! Мотам тутсак, нутқ сўзласак!
— Рихсиев ака, одамнинг катта-кичиги бўлмайди. Бариям одам. Бир одам яхшими-ёмонми бир умр яшади. Қўлидан келганча тирикчилик қилиб, ўзини одам санаб юрди. Биз билан бетма-бет бўлди, елкама-елка бўлди, даврма-давр бўлди. Энди қайтмас бўлиб кетаяпти. Одам қайтмас бўлиб кетаётганда бормаган одам одамми...
Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Кампирларнинг ўлими маҳаллий гап, ўртоқ Қурбонов, — деди. — Эътиборга молик эмас. Ана, халқаро аренада қанчадан қандай трагедиялар содир бўлмоқда. Эрон шоҳи Паҳлавий яширин буйруқ бериб, бир кинотеатрни ёқиб юборибди. Ичида беш юз инсон бор экан. Аҳа, трагедия деб буни айтади! Даҳшат! Мен Эрон халқига чуқур таъзия билдираман. Мен халқаро аҳволдан ташвишдаман, ўртоқ Қурбонов, қаттиқ ташвишдаман! Халқаро вазият кун сайин кескинлашиб бормоқда...
59
Eртаси эрталаб участка милитсионеримиз келди. Салом йўқ, алик йўқ, остонада туриб сиёсат қилди: — Совет органи сизга ўйинчоқми? — деди.
— Эб-ей, биз нима қилдик? — дедим.
— Нега чақирган вақтда бормайсиз?
Зардам қайнаб кетди:
— Боргим келмади! Аёлимиз билан кинога бордик! Бўлдими? — дедим.
— Машинага чиқинг!!
Ҳайрон бўлиб, девордан бўйладим. Эб-е-еб-е! Дарвозамиз олдида милитсия машинаси турибди! Сап-сариқ!
Кўнглим, «шиғғ» этди. Этларим увишди. Ичимда нимадир бир нима ўпирилиб тушди.
— Участковой биродар, — дедим, — бу ишинг бўлмайди! Машинангни тез эшикдан ол!
— Нима, машинани елкангизда кўтариб юрибсизми?
— Биродар, ҳеч банданинг эшигига дўхтирнинг машинаси билан мелисанинг машинаси келгулик қилмасин! Тез кет, биров кўрмасин!
— Бўлинг, бўлинг, фалсафа сотманг!
Милитсионер тумшуғи остига тиқилиб бордим. Юз-кўзларига ўқрайиб-ўқрайиб қарадим. Милитсионер нияти қатъий бўлди.
Ўқрайиб турдим-турдим, кейин, чопоним ёқаларини очдим. Милитсионерга кўкрагимни тутдим. — Мана, отиб ташла! Лекинг мелисанинг машинасига чиқмайман! Жуда зарил бўлса, автобусда бораман! — дедим.
— Унда, тез изимиздан етиб боринг!
45


Тағин, милитсия машинасини биров-ярим кўриб қолган бўлса-я, деган ҳадикдан девордан кўча- га қарадим. Бовужуд, кўчада одам бўлмади.
60
Автобусда раён жўнадим. Йўлда деразадан қусиб-қусиб бордим.
Ўша ғилофли эшикни очдим. Капитан каттага Доно момони айтиб бердим. Капитан катта бош ирғаб, ҳамдардлик билдирди.
Хонага бир милитсионер кириб келди. Капитан катта олдига борди.
— Айримлар, Фурқат кўчасида турадиган Мўминдан кўраяпти, ўртоқ капитан, — деди.
— Хўш, қаерда экан, бу бола?
— Кўринмаяпти. Билдирмай, ҳамсояларидан суриштирдим. Уйида юзларига дори суртиб ётган эмиш.
— Унда, ҳозирча кўз-қулоқ бўлиб туринг, ҳидланмасин. Мен айтганда олиб келасиз. Ҳозир бориб бозорнинг оғзидаги чойхоначи билан балиқпазни олиб келинг.
Хиёл ўтиб, милитсионер қайтиб келди.
— Олиб келдим, ўртоқ капитан, кирсинми? — деди.
— Олиб киринг.
Остонада чойхоначи билан балиқпаз кўринди. Чойхоначи эгилиб салом берди.
Капитан катта қалами учини чойхоначига ниш қилди.
— Аввал сиз киринг. Сиз эса коридорда ўтириб туринг, — деди.
Чойхоначи қўллари кўксида гиламдан юриб келди. Капитан катта билан кўришмоқчи бўлди. Аммо капитан катта қоғоздан бошини кўтармади. Қалами учи билан чойхоначига жой кўрсатди. Чойхоначи довдираб, қаламни қўшқўллаб ушлаб олишга бир баҳя қолди. Қўлларини тез тортиб олиб, қалам учи тарафга ўтирди. Менга рўпара бўлди. Мен билан бош ирғаб сўрашди.
Капитан катта бир даста қоғознинг уёғига қаради, буёғига қаради. Кейин, чойхоначига юзланди. Чойхоначининг кимлигини ёзиб олди.
— Хўш, энди бизга чойхонангизда бўлган урушни гапириб беринг, Сатторов ака, — деди.
— Уруш? Қанақа уруш?
— Йигирма тўртинчи январ, якшанба куни бўлган урушни.
— Қанақа уруш? Туш маҳали? Э, ҳа-а, бўлди, бўлди! Бу бизнинг чойхонада эмас, кўчада бўлган, капитан ука.
— Ишқилиб, чойхонангиз олдида бўлган-да.
— Энди, капитан ука, бозор куни одам кўп бўлади. Қўлим қўлимга тегмайди. Ҳатто қулоғим эшитмайди...
— Хўш, оддий чойхона шовқини билан ур-тўполон шовқинининг фарқига борарсиз?
— Бормайман, капитан ука, бормайман. Ҳамма гап шунда! Мана шу қулоқларим ости «ғувв- ғувв» этади. Ким гапираяпти, нимани гапираяпти, фарқига бормайман. Сизга ёлғон, менга чин. Манави бармоқларим билан санаб айтаман: овозларнинг ичида чолникиям бор — бир! Ёшникиям бор — икки! Момоникиям бор — уч! Қизникиям бор — тўрт! Чақалоқникиям бор — беш! Хў-ўш, бешта бўлдими? Энди бошқаларниям санаймиз. Булардан бошқа кўчадан ўтаётган «Жигули»никиям бор — бир! Бозордан қайтган сигирникиям бор — икки...
— Бўлди, бўлди. Сиз менга кўрган воқеангизни гапириб беринг!
— Ия, эшитмагандан кейин қандай қилиб кўраман, капитан ука?
— Кўзингиз бор-ку, ана-ку.
— Тўғри, кўзим бор. Яратганнинг ўзи бизгаям кўз берган, кўриб турибсиз. Лекин биласизми, капитан ука, чойхонамизнинг бир пиёла чойи насиб этганда кўзингиз тушгандир, самовар чойхонанинг ичида, ҳа! Майдагина туйнуги бор. Мана шунча! Шу туйникдан чой бераман. Туйнук кўкрагим баравар келади. Мана шундай энкайиб қарамасам, ташқарини кўрмайман. Эгила бериб-егила бериб, белларим оғриб кетди, капитан ука.
46