5 - БОБ
Тўрдаги катта менга юзланди.
— Ана, эшитдингизми, ўртоқ Қурбонов? — деди. — Биз урмаймиз! Совет милитсияси урмайди!
35
Бадбўй ҳужрада ётдим.
Ҳужрада кун-да бир бўлди, тун-да бир бўлди.
Бир маҳал темир дарвоза шарақлаб очилиб, шарақлаб ёпилди.
Биров ичкарилади.
— Кал, қаердасан? — деди.
Ичимга урмиш милитсионер овозини дарров танидим.
Жойимдан турдим. Дарвоза тараф юрдим.
Милитсионер ёқамдан бир қўллаб ушлади. Бир-икки силкилади.
— Нимага мени бошлиққа сотдинг? — деди.
— Сотмадим, биродар, бор-йўғи урганингизни айтдим, — дедим.
— Урдим? Қачон урдим?
Милитсионер чотларим оралатиб тепди.
— Мен урдимми?
Милитсионер созлаб тепди.
— Сени урдимми?
Милитсионер ёмон тепди!
— Мен-а? Сени-я?..
Чотларим уюшиб-уюшиб оғриди. Ачишиб-ачишиб оғриди.
Кетим билан шилқ этиб тушдим...
Тонг-саҳарлаб бадрабхона тозаладим. Ҳовли супурдим. Кўча супурдим.
Онамиз билан аёлимиз хўрак олиб келди.
Онамиз йиғлаб-йиғлаб ҳол сўради.
Аёлимиз куйиб-куйиб кўнгил сўради.
Онамиз билан аёлимиз бири қўйиб бири қарғади:
— Сенлар менинг болагинамни оёқости қилган бўлсанг, сен шапкаларни худойим худовандо оёқости қилсин!
— Худойим худовандо, болагинангнинг ўлганини кўр, сендайчикин шапкалар!
— Худоё, шу отлар билан қўшилиб, ўзинг ҳам гўшт бўлиб кет, сендайчикин шапкалар!
— Худоё, қирғиннинг олдида қирилиб кет, сендайчикин шапкалар!
— Илоҳи омин, худо бандам деса, Муҳаммад пайғамбар умматим деса, шул шапкалар элга эрмак, халққа шалоқ бўлсин, оллоҳу акбар!
Онамиз билан аёлимизга Тарлонни айтмадим.
Аёл зоти оғзи бўш бўлади. Биров-яримга айтиб қўяди.
Қолаберса, Тарлонни ёлғиз ўзимга ўргатиб эдим. Шу боис, Тарлон мендан ўзгани ўзига йўлатмайди. Ўзгалар қўлидан ем-да емайди.
36
Роса ўн кунда озод бўлдим.
Йўлда кўнглимга ҳадик тушди. Ҳадик танамга-да ёйилди.
Уйим қолиб, Обширга йўл олдим.
Адирга ўрладим. Камар олдида серрайиб қолдим. Кетимга чалқайдим. Кўкрагим отилиб кетадигандай бўлди.
Камарда... камарда тўрт таёқ устида бир нима турди. Жони борми, йўқми, билиб бўлмади. Иккита нима йилтиради. Кўзлар бўлдимикин?
27
Ичкари кирдим. Тарлон бўйнига осилиб-осилиб йиғладим. Тўйиб-тўйиб йиғладим...
Тарлонни камардан олиб чиқдим. Адирдан пастга етакладим. Тарлон оҳиста-оҳиста пастлади. Пастлаётиб, олд оёқлари букилди. Йиғилиб кетайин-йиқилиб кетайин, деди.
Ариқдан сағал сувладим. Ариқ ёқалатиб етакладим. Оёқларини ёздим. Қашилаб ювдим. Яна сувладим.
Камарга қайтариб олиб келдим. Бурчакда турган қопдан тўрвада ем олиб келиб осдим. Тарлон жонлангандай бўлди.
37
Биродарлар, неча-неча қорабайирлар кетига қараб-қараб кетди. Неча-неча жайронлар кишнаб-кишнаб кетди.
Неча-неча саманлар гўшт бўлиб кетди!
Қишлоқда отлар кишнамай қолди.
Саҳарлари кўчаларда от туёқлари тикилламай қолди.
Оқшомлари отлар тарсиллатиб ер тепинмай қолди.
Адирларда отлар дупур-дупур чопмай қолди...
Чавандозлар чемакдоши урушдан қайтмаган бўзбола мисол мунғайиб қолди. Келинлар отда эмас, машинада келадиган бўлди.
Оламни машина овози бузди: дут-дут-дут... Қишлоқда от номи ўчди.
38
Ора совиди. Қишлоқ тинчиди.
Ана шунда Тарлонни уйга олиб келдим.
Чавандозлар белига пул ўраб, Обоқлига йўл олди. Обоқлидан от олиб келди.
От билан ажаб гапларни-да топиб келди.
Гўштга от олиш кўпга келган тўй эмас эмиш. Обоқли тарафларда отлар бус-бутун эмиш, тус- тугал эмиш...
39
Бу гап қишлоқдаги беш-олти аризабоз қулоғига етди.
Аризабозлар қулоғи динг бўлди. Аризабозлар кечалари уйма-уй юрди, ариза тўплади.
Бир кеча бизникига келди. Аризабозлар султони бўлмиш Ботир мироб сирли овозда тайинлади: — Дарвоза ичкаридан тамбалансин. Ҳовли чироғи ўчирилсин. Бола-чақа бу уйга яқин йўлатилмасин. Ичкари эшик зичлаб ёпилсин. Дераза пардалари туширилсин. Сўнг, қаршимизга келиб ўтирилсин!
Ботир мироб айтганларини бажариб келдим. Даврага қўшилиб ўтирдим.
Аризабозлар бошимдан кечган савдони гапириб беришимни сўради.
Мен сир бермадим, талмовсирадим. Боиси, ўшанда ўн кун ётганим элга достон бўлди. Эл орасида юрувсиз бўлдим. Мана, достоним деярли унут бўлди. Кўнгилсиз достонимни яна қўзғагим келмади.
— Ботир ака, бўлган иш бўлди, буёғи синди. Қўйинг, шу аризабозликни, — дедим.
— Ия-ия! Ҳей, оғизга қараб гапирилсин! Ким аризабоз? Бизми? Биз ёзувчимиз, билиб қўй, ёзувчи! Халқ йўлидаги, ҳақиқат йўлидаги ёзувчилармиз! Анави ғазал, роман... ёзувчилар яна нима ёзади, ўртоқ Ҳамидов?
Қабатидаги адабиёт муаллими ўз улушини қўшди:
— Поема, баллада...
28
— Ҳа-ҳа! Поема, баллада ёзувчиларинг ёзувчи эмас, биз ёзувчи! Мана, биз! Ёзувчиларингнинг асарларида факт йўқ, адрес йўқ! Масалан, мана ўзимизнинг Тоғай! Бўри бечоранинг ўғли! Ўлишни китоб қилиб ёзди. Энди кўпкариниям китоб қилаётган эмиш. Ёзишга ёзди, лекин текширтирмади, чора кўрдирмади. Халққа нафи тегмади. Халқ ёзувчиларнинг китобини пул сарф қилиб олади. Вақтини исроф қилиб, эринмай ўқийди. Кейин... қайғули асарни нима дейди, ўртоқ Ҳамидов? Ҳа-ҳа, трагедия! Трагедия бўлса таъсирланиб йиғлайди. Агар... ўртоқ Ҳамидов? Во-во-во, сатирик бўлса, қаҳ-қаҳ уриб кулади. Бари қуруқ сафсата! Халқнинг бирон- бир ишини битказиб бермайди. Халқнинг кам-кўсти эса ачиб ётибди. Халққа ким амалий ёрдам беради? Биз! Демак, асл ёзувчи биз! Тўғри, ёзганларимизни китоб қилиб чиқармаймиз. Асарларимиз турли идораларда қолиб кетади. Лекин китоб қилиб чиқарамиз десак, чиқарамиз. Ана, сандиқда юзлаб шикоят асарларимиз нусхаси тахланиб ётибди. Иккинчи марта оғиздан аризабоз деган гап чиқарилмасин, ҳа!
— Тавба қилдим ака, тавба қилдим.
— Шундай бўлсин! Энди гапирилсин. Бошидан бошлансин.
— Шу, бир кечаси мендан бешбаттар ийиғи чиққан бир кал келди. Ёнида иккита шапка-да бор...
— Менга қаралсин, нима, дунёнинг иши кўпкарими? Кал дейилмасин! Ўртоқ Фалончиев деб айтилсин! Шапканг ким? Милитсионер? Менга қаралсин, шапка инсон эмас! Шапка — латта! Шапка— картон қоғоз! Шапкани жавобгарликка тортиб бўлмайди! Лейтенант Фалончиев, сержант Фалончиев деб айтилсин!
— Хўп. Ой ҳамсоямиз Қулмат полвоннинг тераклари учига осилиб қолган-да...
— Уф-ф, мабодо шоир-поир эмасмисан? Бўлмаса нега ойдан, юлдуздан гапирасан? Ойдан пастга тушилсин! Ердан гапирилсин! Лирика сувга бориб айтилсин! Бизнинг ишимиз жиддий, халқ аҳамиятига молик иш! Судларда қатнашилганми? Йўқ? Унда, колхоз ҳисобот мажлисида каминанинг нутқ сўзлагани кўрилганми? Ана, камина мажлисда қандай гапирган бўлса, ана шундай гапирилсин!
Ботир миробнинг колхоз умумий мажлисида гапиришини ёдладим. Худди миробдай қўлларимни қорнимга қовуштирдим. Бошимни тик тутдим. Киприк қоқмадим. Дона-дона қилиб айтиб бердим.
Мироб олдимга қоғоз билан қалам қўйди.
— Энди қандай айтилган бўлса шундай ёзилсин. Нимага? Бешинчи синф? Маълумотинг мендан бир синф юқори бўлатуриб ёзолмайсанми? Ҳа, майли. Ўртоқ Ҳамидов, сиз ёзинг, бу киши қўл қўйиб беради.
Биродарлар, аризабозлардан Денов қолмади, Термиз қолмади, Тошкент қолмади. Идорама- идора чопди.
Аризабоз дегани ажабтовур эл бўлди. Бўлмаса, аризабозларнинг отини олмади. Аризабозларга ел-югур, деб, биров бир чақа бермади. Аризабозлар ўзлари ёнидан ўзлари чопди.
40
Бир сафаргисида мени-да эргаштириб жўнади.
— Бошингдан ўтган савдони ўз тилинг билан ўзинг айтиб берасан, — деди.
— Ўзи, қаерга бораяпмиз? — дедим.
Ботир мироб шаҳодат бармоғини лабига босди.
— Тиш-ш-ш! — деди.
Аризабозларга эргашдим. Душанбега йўл олдим. Йўлда автобус деразасидан икки марта қусдим.
Душанбедан Москвага учдим.
Умримда биринчи марта самолётда учдим. Қани, кўрайин, қани, самолёт деган улов қандайчикин экан, дедим.
29
Самолёт бир пасайди, бир кўтарилди. Юрагим товонимга тушиб кетгандай бўлди.
Кейин, жойида туриб қолди. Нағмаси кўп бўлди. Одамнинг юрагини ёрди. Улов бўлсанг, сидирға юр, уккағарнинг самолёти, дедим.
Самолётдан кўнглим қолди. Уловлиги йўқ экан, ҳа, демадим.
Самолёт деразасидан қараб ҳайрон бўлдим. Шундайгина остимизда пахта уюлиб ётибди! Самолёт тегайин-тегайин дейди.
Қабатимдаги Ҳамидов муаллимга юзландим.
— Эҳ-ҳе, пахтани қаранг, пахтани! — дедим.
Ҳамидов қаради. Кейин, кетига чалқайиб кулди. Телпагимни юлиб олди. Тақир калламга шапатилади! Калламга шапатилаб-шапатилаб кулди.
Калламни елкаларим орасига олдим. Кафтим билан бекитдим. Телпагимни тортиб олиб кийдим. Тағин деразадан қарадим. Ана энди билдим. Кўринаётган пахта эмас, оппоқ булутлар бўлди. Москвада тушдим, аризабозлар кетидан эргашдим.
Москвада нима кўп, машина кўп бўлди. Битта-да от бўлмади!
Автобусда юрдим-юрдим, бир жойга келдим. Йўл четида турдим, ўткинчи-кеткинчи маши- наларга қўл кўтардим. Ғуж-ғуж машиналардан бирови-да тўхтамади. Кўтарабериб, қўлларим чарчади. Турабериб, оёқларим толди. Қорним қур-қур қилди. Тоқатим тоқ бўлди.
Шунда узун бир машина жиринг-жиринг этиб келаберди. Тезлаб келаяпти-да, деб бўлмайди, оҳисталаб келаяпти-да деб бўлмайди. Яқин келиб, янада оҳисталади. Фаросат қилдим, қўл кўтарсам, тўхтайдиган кўнгли бор.
— Ай, Ҳамидов муаллим, бу қандай машина бўлди? — дедим.
— Трамвай, — деди муаллим.
— Кўча юзида симёғочдай бўлиб турамизми? Ана шу трамвайни кира қиламиз! Харажати мендан! — дедим.
Ҳамидов муаллим кулди.
— Трамвай қиммат, — деди.
— Қиммат бўлса бўлар! Кетса, бир қўйнинг пули кетар! — дедим.
— Унда, ўзингиз кира қилинг.
Чопқиллаб бордим. Трамвай олдини олдим. Ўнг қўлимни бошим узра кўтардим.
— Ай, трамвай, остановка! — дедим.
Трамвай жиринг-жиринг этиб оёқ илди. Трамвайчи деразадан қаради. Менга ияк қоқди. Ҳа, нима дейсан, деган бўлди.
Мен ўнг қўлимни олға сермадим.
— Тўғрига! — дедим. — Айтган пулингни берамиз! — дедим.
Трамвайчи бош-адоғимга қаради-қаради-да, бош ирғади. Майли, деган бўлди. Бошмолдоғи билан трамвай эшигига ишора берди.
— Айда! — деди.
Шунда эшик тарақ этиб очилди. Мен лип этиб трамвайга миниб олдим. Кетимдан аризабозлар минди.
Аризабозларга ҳаволаниб-ҳаволаниб қарадим.
— Ана, бир оғиз гап! — дедим.
— Ҳа, кучингдан, Зиёдулла кал! — деди Ботир мироб.
Трамвай бир юрди, бир тўхтади. Чайқалиб-чайқалиб хийла юрди.
Бир жойда Ҳамидов муаллим:
— Ҳозир тушамиз! — деди.
Биринчи бўлиб мен тушдим. Трамвай кира қилишга қилдим, энди кира ҳақини тўлайин, дея қўйнимни ковладим.
Шунда Ботир мироб:
— Мен тўладим, — деди.
30
— Ҳа-а, бинойи, — дедим.
Шу, Ботир мироб кўпга тушиб кетдиёв. Тўрт одамга кира ҳақи тўлашнинг ўзи бўладими. Тушса тушар! Нима, миробга мени эргаштириб кел, дедимми! Эргаштириб келдими, тўласин-да! Аризабозлар катта бир идорага кириб кетди. Мен остонадаги қоровул олдида қолдим. Аризабозлар ўргатган гапларни ичимда бот-бот қайтариб ўтирдим.
Ниҳоят, аризабозлар чиқиб келди. Катталар мени йўқламабди. Аризабозлар гапига ишонибди. Яхши бўлибди. Тағин катталар салобати босиб, дудуқланиб қоламанми, дея қўрқиб эдим.
41
Eртаси куни Душанбега учдим. Ўтирганлар шаҳодат бармоғини ликиллатиб, ўртада лайлакқушдай лўкиллаб юрган қизни имлади. Қиз уларга майда идишда сув олиб келди. Менинг бошқалардан қаерим кам? Каллам кал бўлган билан, телпакнинг остида кўринмайди. Дадил бўлдим, ўзимни бир синаб кўрмоқчи бўлдим. Шаҳодат бармоғимни ликиллатиб, қизни имладим. Сув, дея оғзимни кўрсатдим. Қиз бош ирғади, сув олиб келди. Сувни бир ютишда йўқотдим. Бошқалардай бош ирғадим.
— Ўлманг! — дедим. — Катта қиз бўлинг.
Кўкрагимни кердим, бақалоғимни шишириб ўтирдим.
Ойнадан пастга қарадим. Паст ўзимизнинг Вахшиворсойга келбат бериб кетди. Қатор-қатор уйларни кўрдим. Майда-майда қораларни кўрдим. Ҳамидов муаллимга, шу бизнинг қўйлармикин, дегим келди. Тағин калламга шапатилашидан қўрқдим. Гапимни ичимга ютдим. Самолёт Душанбеда гурс этиб тушди.
42
Таксида қишлоққа келдим.
Мен қаерга бориб келдим? Одамлар буни биладими? Ана шуни одамларга билдиргим келди. Қаерга бордим, қаерда бўлдим, барини айтиб, мақтангим келди. Уйга бормадим. Катта кўчада оҳиста-оҳиста вазмин-вазмин қадамлар босиб юрдим. Одамларга қуюқ-қуюқ саломлар бердим. Дуч келган одам билан қалин-қалин сўрашдим. Қозон-тобоғигача қолдирмай сўрадим.
Eл оғзига маҳтал бўлиб қарадим. Эл, кўринмай кетдингиз, Зиёдулла чавандоз, дея сўрамади! Кўчани тағин бир айланиб келдим. Эл ақалли, камнамосиз, Зиёдулла кал, демади! Уч кун-а, уч кун қишлоқда бўлмадим! Яхшими-ёмонми, шу элнинг молини боқаяпман. Одамнинг қадриям шундай бўладими. Қадримга куйдим. Ай, қадрим-а, бечора қадрим-а!
Eлдан хафа бўлиб, уйга келдим. Чой ичиб, ёнбошладим. Ўнгимга ағдарилдим — бўлмади, чапимга ағдарилдим — тағин бўлмади! Тарс ёрилиб кетгудай бўлдим!
Москвада йўл-йўлакай бир килоча қанд-қурс олиб эдим. Бола-чақа қўлимга қарайди, дедим-да. Ана шундан бир сиқимини қўйнимга солдим. Тарлонни миниб, Мамат ошнамизникига йўл олдим. Девордан бўйлаб овоз бердим.
— Мамат! Мамат уйдами, келин? Уйғот, гап бор! — дедим.
Мамат ичкаридан уйқули кўзларини уқалаб-уқалаб келди.
Мен, теваракдаги ҳамсоя-қўллар эшитсин учун, овозимни қўйиб гапирдим:
— Яхшимисан, димоғинг чоғми? Ма, манави қандни невараларимга бўлиб бер, есин! Мозор босиб келган-да, табаррук!
— Қаерлардан сўраймиз?
— Москва!!!
— «Москва» колхозими?
— Колхоз? Қандай колхоз? Сен ўзи, мени ким деб ўйлаяпсан? Мен унча-мунча жойларга бормайман! Борсам, фақат Москва шаҳри азимларга бораман, ҳа! Фақат Москва!!. Жуда паст кетсам, Душанбеларга шунчаки, йўл-йўлакай оёқ илиб ўтаман! Менга қара, кун қиём вақти-
31
қиём вақти уйингнинг устидан бир самолёт учиб ўтдими? Қанотларида парраги-да бор? Мамат сергак тортди. Осмонга бир қараб олди.
— Учиб ўтгандай бўлди, нима эди?
— Ўлма! Мен сенга бир нарса айтайинми? Шу самолётнинг ичида мен бор эдим!
— Ҳа, кучингдан!
— Ўнг ёғида ўтириб учдим! Парракнинг шундай ёнида, ҳа!
— Во уккағар, Гагарин бўл-ей!
— Ким? Эб-ей, Гагарининг ким бўпти! Осмонга лип этиб учган-да, қайтиб тушган. Мен тўрт ош пиширимдан-да кўп учдим!
— Эҳ-е-е! Ёрил-е, баччағар-е, ёрил-е!
— Кўриб турибсан, чакана одам эмасман! Энди мен билан ўйлаб гапириш!
— Бўлди, бўлди, тараф йўқ.
— Яна бир гап. Самолёт осмонда варракка ўхшаган билан майда эмас экан, ҳа! Ичи Обширнинг камаридай келади!
— Кир уйга, чой ичамиз.
— Йўқ, ишим зарил. Шундай ўтаётиб, бир ҳол-аҳвол сўрашиб кетайин дедим...
Жиловни бўшатдим. Тарлон йўл олди.
Биродарлар, пардай енгил бўлдим!
43
Биродарлар, Москвадан одам келибди. Шляпаси бор эмиш!
Шляпали одам раён катталарини йиғибди. Кал каттани ўртага олибди. Ана шунда масала ойдин бўлибди.
Ойдин бўлишича, ҳукумат, ҳамма ўз имкониятига яраша гўшт топширсин, дебди. Буйруқ раёнга келибди. Раён катталари кал каттани бизга вакил этиб юборибди.
Кал катта бир зина юқори ўсмоқчи бўлибди. Ўсиш учун гўшт топширишдан фойдаланмоқчи бўлибди. Қайси йўл билан бўлса-да, гўшт топширишни муддатидан олдин, ошириб бажариб, катталарга яхши кўринмоқчи бўлибди, елкасига қоқтирмоқчи бўлибди. Шу йўл билан кўзлаган амалига минмоқчи бўлибди.
Биродарлар, бир калнинг ҳийласи — қирқ кишини чарчатади!
Кал катта ўз ниятига элни талаб эришмоқчи бўлибди, элни хўрлаб эришмоқчи бўлибди. Шляпали катта кал каттани уришиб-уришиб, амалидан олибди. Партиядан ўчирмоқчи бўлибди. Шунда, кал катта ҳўнг-ҳўнг йиғлаб қўя берибди. Шафқат қилибди.
— Эркак одамнинг йиғлагани — ўлгани, — дебди.
Биродарлар, ҳақ сақласа бало йўқ, ҳақ қарғаса даво йўқ!
Айни кунларда кал катта чойхонада ёнбошлаб ётар эмиш.
— Ҳақиқат йўқ, бу дунёда ҳақиқат йўқ... — дер эмиш.
Биродарлар, ўзинг яхши — олам яхши, ўзинг ёмон — олам ёмон!
Чойнагидаги чойи оқ эмиш! Ўзи қуйиб, ўзи ичар эмиш.
Eлга эрмак, халққа шалоқ эмиш!
44
Биродарлар, шукур-шукур, аризабозларнинг борига шукур!
Аризабозлар ноҳақликка йўл қўймайди. Ҳаром-томоқларга кун бермайди. Элнинг ҳақини бировга едирмайди.
Аризабозлар бўлмаса, катталар биз авом элни бозорда сотиб ейди! Аризабозлар бўлмаса, катталар биз авом эл оғзидаги ошни юлиб олади!
Аризабозларга меҳрим тушиб қолди!
32
Бозор оқшоми барча аризабозларни уйимга айтиб келдим. Боқиб ётган бир қўйимни сўйиб бердим.
45
46
Қарлуқда тўй бўлди.
Шу тўйга йўл олдим. Йўлда Тарлон тезак ташлаб-ташлаб борди. Ажабо, бундайчикин қилиғи йўқ эди...
Бир муаллимникига тушдим. Қозиқни молхона ёнига қоқдим.
Тарлон қулоқлари шалпайди. Боши эгилди. Девор кавагига мунис термилиб қолди. Ем емади. Иримига лабини-да тегизмади.
Кўнглим ҳадиксиради. Томоғимдан туз ўтмади. Тарлондан кўз узмадим.
Узанги йўлдошларим-да оромини йўқотди. Қарлуқда отни зўр биладиган бир синчи чол бўлди. Ана шу чолни айтиб келди.
Чол Тарлонни айланиб кўрди. Энкайиб, кўзларига қараб кўрди. Ўзича, бош ирғади. Кейин, тирсагимдан ушлади. Мени меҳмонхонага эргаштириб борди. Елкамга қўлини қўйди.
— Менга қара, эл чавандози, — деди. — Шу отни менга сотмайсанми? Йигирма қўй бераман. Гапнинг эркагини айт.
Зардам қайнади. Мен нима ғамда-ю, чол нима ғамда!
— Бова, — дедим, — эрта биров айтган экан, мен ўз ғамим билан, мулла менинг... деб! Ўзи нима гап, аввал айтинг-да!
Чол мужмалтоб бўлди.
— Сен бўларини айт, эл чавандози. Кейин мен айтаман, — деди.
— Йўқ! Қиёматда-да сотмайман! Бўлдими?
— Ҳа, майли. Унда эшит, эл чавандози. Отинг, зўр от. Кўргандан беш кетдим. Адашмасам, яқинда оғир бир дардни бошидан кечирган дейман-ов!
Тарлон камарда ўн кун оч ётди, ана шу хаёлимдан ўтди. Аммо чолга сир бермадим.
— Ҳа, дардга чалиниб эди. Кейин, фориғ бўлиб эди.
Чол маҳобат қилди.
— Бали, эл чавандози, — деди. — От ҳозир шуни эслаяпти, эртага бўладиган кўпкарини ўйлаяпти. Дарддан аввалгидай чополаманми, йўқми, деган ғам отни ўйга солаяпти. Мен буни кўзларидан билдим. Мениям айтди дерсан, эл чавандози.
Чол кетди.
Мен бемаҳалгача гурунглашиб ўтирдим. Тарлоннинг қайғуси кўнглимдан кўтарилмади. Қайғу юзимга-да урди шекилли, уй хўжаси кўнглимни кўтарди.
— Кўп қайғура берманг, чол синчи, билонғич, — деди. Кейин, чол кимлигини айтиб берди. Eмишки, отлар бир йилда бир марта кавш қайтаради. От кавш қайтарганда ёнади! Баданлари товланади, кўзни қамаштиради! Айниқса, кўзлари порлаб ёнади! От — дев-да! От кавш қайтариши ҳориқулодда* ерда, ҳориқулодда вақтда кечади. Кўз очиб, кўз юмгунча бўлиб ўтади! От кавш қайтаришини кўрган одам, ё телбанамо бўлади, ё шўрпешона бўлади, ё бахтли, ё доно, ё нуктадон бўлади!
Eмишки, чол от кавш қайтарганини кўрган эмиш...
Қишлоқ тағин отларга тўлди. Чавандозлар отларини бойловга ташлади. Тарлонни-да бойлаб боқдим.
47