Бошқаларнинг оти бўлса, ҳамиша эл оғзида бўлди. Айтайлик, ҳамсоясининг ўғли мактабга боради. Муаллим йўқлама қилади. Муродов, дейди. Ҳамсоясининг ўғли сапчиб туради, мен, дейди. Синфга бир кунда олтита муаллим киради. Демак, ҳамсояси Муроднинг оти олти бор жаранглайди. Ҳамсоясининг саккиз боласи бор. Бари мактабга боради. Ҳар бирови отасининг отини кунига олти марта жаранглатади! Демак, ҳамсояси бир кунда қирқ саккиз бор эл оғзига тушади!
Яна тағин, кўчаларда неча марталаб оти айтилади. Бу кимнинг ўғли? Муроднинг ўғли? Бу кимнинг қизи? Муроднинг қизи!..
Жўра бобо жонига тўйди. Бир тушда қорадори еди. Устидан совуқ сув ичди. Ёрилиб ўлмоқчи бўлди!
Бир чинни коса сувни оғзига олиб борди. Лабларига теккизди. Шунда, бирдан айниди. Мардона-мардона, аччиқма-аччиқ иш қилиш феъли тутди! Сувни зарда билан отиб юборди. Коса чил-чил бўлди...
Мол-қўйларини сотди. Пулига қаймоқранг «Жигули» олди. Рулни ҳамсоясининг тўнғич ўғлига берди.
— Айтган еримга миндириб бориб келсанг бўлди, — деди. Асл мақсади бошқа бўлди. Асл мақсади — машинаси кўчани чангитиб юрсин, одамлар бу Жўра бобонинг машинаси, десин. Жўра бобонинг машинаси қаймоқранг, десин. Йўлда ГАИлар ушлаб ужжат кўрсин, Жўра бобо, деган номни ўқисин...
Жўра бобонинг бундан-да кўнгли тўлмади. Машинасини пуллади. Пулига ана шу Тўриқни олди. Фарзандлар насибасини-да, фарзандлар ризқи рўзини-да ана шу Тўриққа едирди...
Қариди, ўзи улоқ чопмади. Шундай бўлса-да, тўриқни кўпкариларга боқди, кўпкариларга шайлади. Чавандозлар билан олислардаги кўпкариларга борди. Бировнинг оти толиб қолса, ё ярамай қолса, ана-шу чавандозга Тўриғини берди.
Жўра бобонинг дарди ёлғиз бўлди, дарди эзгу бўлди: тўриғи улоқни айирсин. Баковул улоқни Жўра бобонинг оти айирди, дея жар солсин. Жўра бобонинг оти, кел, ҳақингни ол, десин. Кўпкари аҳли Жўра бобо деган номни эшитсин. Қулоғи оғирлар улоқни ким олди, дея қайта сўрасин. Шунда баковул, улоқни Жўра бобонинг оти олди, дея қайта-қайта жар солсин. Жўра бобо деган номни олам-жаҳон одам эшитсин...
Баковуллар-у чавандозлар Жўра бобо дилидагини дарров илғаб олди.
Кўпкариларда Жўра бобо тўриғини марҳамат этса, чавандозлар йўқ демади. Кўнглига қаради. Жўра бобо тўриғини берса берди, бермаса, атайин сўраб олди.
Баковуллар Жўра бобо кўнглидан борди.
29
Жўра бобонинг тўриғига қораликни кўрсатиб келдим, қораликни искатиб келдим.
Хиёл ўтди, тўда гувиллаб қўзғолди. Улоқни бир Чил от олиб чиқди.
Биродарлар, Чил отнинг бир ери кўк, бир ери оқ, яна бир ери қора бўлади. Шу боисдан чил-да! Чил йўлини чап солиб-чап солиб чопди. Чағир чеккагир Чилга яқин-да боролмади. Чеккагир армонда қолди.
Баковул қамчисини боши узра силкиди.
— Бекор, Чилники бекор! Қораликка тушмади!— деди.
Чин, улоқ чуқур лабида илашиб олди. Улоқ чуқур ичига тушсагина ҳалол бўлади.
Баковул улоқни қораликдан холисга олиб бориб ташлади.
— Чавандозлар, қўйилган зотлар жойида қолди! Ол-ҳа, ол! — деди.
Боянаги чил от улоқни тағин олиб чиқаман деди. Бир ҳавасим келди, бир ҳайратим келди. Нимага энди фақат шу чил от олаяпти? Ҳатто чеккагирларни-да доғда қолдираяпти?
Фаросат билан қарадим. Бир талай узанги йўлдошлари Чил от теварагини ўради. Чил чавандози улоқни хотиржам узалиб олди. Тўдадан суғурила бошлади. Узанги йўлдошлари ўзга
20


отларни Чилга йўлатмади, йўл бермади. Гўё улоққа талашаётган бўлиб, Чил отни ўраб-ўраб чопди. Чил сағрисига қамчилаб-қамчилаб, мадад бериб-мадад бериб чопди.
— Дарбанд! ҳайда, Дарбанд! Ғайрат қил, Дарбанд! — дейишиб чопди.
— Бос, бўш келма, Дарбанд! — дейишиб чопди.
Демак, булар дарбандлик чавандозлар бўлди. Дарбандлик чавандоз улоқни тақимига босиб олди. Айқириб-айқириб от қўйди:
— Оҳо-ҳай, оҳо-ҳай, оҳо-ҳай! Ҳай отам, ҳай отам-а, ҳай отагинам-а! Ҳайда-я!..
Биродарлар, Дарбандлик чавандоз отни отам деяпти, отам! Аҳай-аҳай!
Чил от бу сафар улоқни дангал ташлади.
— Ҳало-о-ол! Чил, чил дейман-ов! Улоқни олган ерингга олиб бориб ташла! Чавандозлар, эндиги зотга катта бир ҳўкиз қўйилди. Сўйсанг бир тўйни тўйдиради! Ол, армонда қолма! Тўда яна қораликка қараб от қўйди. Улоқ бу гал «8-Март» колхозилик Саманда бўлди. «8-март»ликлар ҳайбаракалла қилди:
— Қўйма, «8-Март», қўйма!
«8-Март», эҳтиёт бўл, кетингдан Чағир бораяпти!
— Бос, жонинг борича бос!
— «8-Март», отни қамчила!
Ҳўкиз «8-март»ликларда кетди.
30
Eндиги улоқни мен олиб чиқдим. Отлар олдимни олди. Йўлимни ёпиб чопди, ёнларимни ёпиб чопди. Отлар мени қораликка йўлатмади.
Биродарлар, ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, чанги чиқса-да, донғи чиқмайди!
Аламимдан хуноб бўлдим. Ўзимизнинг чавандозларга бақирдим:
— Жонларинг борми?! Келинглар-да энди!
Шундагина бизнинг чавандозлар ўзига келди. Гапни бир ерга қўйди.
Мен яна улоққа кирдим. Узалиб, улоқни ердан уздим. Жўра бобонинг тўриғи олға юрди. Баковул жар солди:
— Улоқни жўра бобонинг оти кўтараяпти, Жўра бобонинг!
Беш-олти қўл улоққа узалди. Аммо мен куч бермадим. Улоқни бор кучим билан ушлаб олдим. Тўдадан суғурилиб чиқдим.
— Улоқ Жўра бобонинг отида! Эшитмадим деманглар, Жўра бобонинг отида!
Узанги йўлдошларим теварагимни олиб чопди. Ўзга отларга йўл бермади. Жўра бобонинг Тўриғини қамчиладим, ҳайбаракалла қилдим.
— Ҳа, бос, Жўра бобонинг оти!
— Ҳа, селкиллаган ёлингдан айланайин! Ҳайда-я, Жўра бобонинг оти!
— Ий-ий-ий, ий-ий-ий!..
Дупур-дупур-дупур... Отлар пишқирди, отлар кишнади. Ёллар селкиллади. Думлар товус пати мисол ёйилди. Туёқлар остидан чанг ўрлади. Дупур-дупур-дупур...
Жўра бобонинг оти қораликка забт билан келди. Чуқурдан сапчиб ўтди. Шунда улоқни қўйиб юбордим.
— Ҳал-о-ол! Жўра бобонинг тўриғиники ҳалол! Жўра бобонинг тўриғи, кел, ҳақингни ол! Ҳақни олиб, Жўра бобонинг олдига бордим. Жўра бобо жилмайиб, бош ирғади. Теваракка ғолибона ҳам хушвақт қаради. Кўрдиларингми, улоқни бизнинг отимиз олди, деган бўлди.
31
Қиш қариди.
Ҳавода кўклам иси анқиди. Бойчечаклар кетидан қорақошлар очилди.
21


Кўкламни бағримга босдим, тўйиб-тўйиб искадим.
Бир гап эшитиб, кўклам кайфиятим қиш бўлди. Кўклам рангим синди.
— Жамики отлар гўштга топширилар эмиш.
Колхоз радиоузели шундай деди.
Бригадир уйма-уй юриб айтди. Важини сўрадим. Бригадир елка қисди. Кўрсаткич бармоғи билан шипни кўрсатди.
— Бари юқоридан, бизда гап йўқ, — деди.
Бригадир айтган юқоридан одам келди. Идора олдида кўрдим. Ёнида иккита милитсионери-да бор.
Катталар уйма-уй юриб, от олди.
Eл от бермайин деса — катталар! Эл ёқалашайин деса — ёнида шапкалар!
Eл остонагача отларига эргашиб борди.
Eл қонқора қақшади.
Eл дарди ичида бўлди.
32
Ҳа-е, дедим, пешонада борини кўрамизда-е, дедим.
Ҳофиз қассобдан икки кило қўй гўшт олдим. Белбоққинамга тугиб, уйга келдим. Супада чордана қуриб, гўшт нимталадим. Лаҳимни бир ёқли, суякни бир ёқли қилдим. Уккағар Ҳофиз қассоб серсуяк қилиб берибди. Хийла овора бўлдим.
Шу вақт, Тарлон пишқирди.
Кўзимни гўштдан олиб қарадим.
Тарлон жойида телбаларча ирғишлади. Ўзини уёққа урди, буёққа урди. Тасир-тусур ер тепди. Олд оёқлари орасига тумшуқ тиқди. Қорнига тумшуқ чўзди. Сағринига тумшуқ чўзди. Тумшуғи сағринларига етиб-етмади.
Думлари билан сағринларини урди, қоринларини урди.
Орқа оёқларини кетига силтаб-силтаб пишқирди. Гўё бир нимани тепган бўлди.
Мен аввал-аввал, Тарлон шўхлашиб ўйнаяпти, деб ўйладим.
Йўқ, Тарлон шўхлашиб ўйнамади.
Тарлон дингиллади! Динг-динг этди!
Шу Тарлон ё яъжуж-маъжуж кўрди, ё олабўжи кўрди, дея ўйладим.
Ҳадаҳалаб бордим. Теварак-бошни қарадим. Яъжуж-маъжуж-да кўрмадим, олабўжи-да кўрма- дим.
Ҳайрон бўлдим. От арқонини ушладим.
— Так-так, так дейман! — дедим.
Тарлон шунда-да дингиллади. Дингиллаб, арқонини юлқиди. Дингиллаб, арқонини силкиди. Кетимга чалқайиб оёқ тирадим. Арқонни қўшқўллаб тортдим. Шунда-да бўлмади. Далбанглаб- далбанглаб кетдим. Бор-е, дея арқонни қўйиб юбордим.
Бор эътиборим билан қарадим. Бор фаросатим билан ўйладим. Қараб-қараб топдим, ўйлаб- ўйлаб топдим.
Бизнинг Тарлонга гўбалак дориди!
Гўбалакда бингак пишидай заҳар ниш бўлади. Шу нишини от баданига суқиб-суқиб ола беради. Гўбалак осмондан тушмайди, ердан чиқмайди. Четдан-да учиб келмайди.
Унда, гўбалак қаердан келади? Гўбалак отнинг ўзида бўлади! От деб аталмиш ҳар бир жо- ниворнинг ўз гўбалаги бўлади!
Гўбалак отнинг қаерида бино бўлади? Гўбалак отнинг думи остида бино бўлади!
Шу боис, гўбалак отпашша дейилади!
Бир қўлим билан от арқонидан маҳкам ушладим. Бир қўлим билан калламдан телпагимни олдим. Телпагимни шайлаб турдим.
22


Гўбалак от думи остидан чиқди дегандан, телпагим билан тапиллатиб уриб ўлдирдим. Жойимга қайтиб бориб ўтирдим.
Тарлон тағин қозиғини айланиб-айланиб чопди. Дирк-дирк ўйнади. Ўйнаб-ўйнаб пишқирди. Тарлон гўбалакдан халос бўлди-да! Энди, ўйнайди-да!
Тарлон думлари ёйилди, ёллари ҳурпайди. Ёллари бир чап бўйнида, бир ўнг бўйнида ўйнади! Бир қўлим гўштда, бир қўлим пичоқда қолди. Кўзим Тарлонда қолди! Ё, пирим-ей, ё, пирим-ей! Гўштга топширади? Шундай зотни-я? Шундай хушрўй зотни-я? Гўшт қиладиган бошқа жонивор қуридими? Ўзи, қандай қилиб гўшт қилади? Мана бундайми?
Дастурхондаги гўштга тикилдим. Ана шундай-да? Тарлон ҳадемай шундай бўлади-да? Лаҳими бир ёқли, суяги бир ёқли бўлади-да? Эб-ей, эб-ей!
Кейин, калла-пойчаси алоҳида бўлади. Туёқларини итга отиб юборадилар. Итлар туёқларни ғажиб ейди. Фақат туёқдаги нағаллар қолади.
Ёллари билан думларини кўмиб ташлайдилар. Ёллар тупроқ остида чирийди. Шундай ёллар-а? Бу ёл эмас, ипак, ипак! Бу ёл эмас, дўмбира тори, дўмбира тори!
Тарлон от эмас, Жуманбулбул куйлаган «Қунтуғмиш»! Фозил Йўлдош куйлаган «Алпомиш»! Гажак-гажак бўйинлар бўйин эмас, дўмбира, дўмбира!
«Кунтуғмиш»ни гўштга топшириб бўладими? «Алпомиш»ни гўшт қилиб бўладими?
Тарлон диркиллаб-диркиллаб ўйнади. Бирдан оёқ илди. Орқа оёқларини кенг ёйди. Бошини сарак-сарак қилди. Олд оёқларини кўтарди! Тағин, тағин-да кўтарди. Олд тиззаларини хиёл букди. Олд туёқлари ерга эгилди. Қулоқлари олға динг бўлди.
Тарлон орқа оёқларида тик турди!
Девор узра олис-олисларга қаради. Боботоғ чўққиларига қаради. Қаради-қаради... бор овози билан кишнади!
Қишлоқ узра кишнаш таралди. Хаёл қилдим, адирлардан акс садо келди. Хаёл қилдим, кишнаш Боботоғгача борди.
Биродарлар, тани жоним роҳат қилди! Жоним энтикди, таним яйради! Кўнглим хўрсинди, кўнглим жўшди.
— Аҳай-аҳай! Ҳа, овозгинангдан-а! — дедим. Ўзим кулиб, ўзим айтдим!
— Ҳа, жон! — дедим.
Кишнаш эмас, рубобий мусиқа эшитгандай бўлдим! Дўмбира сози эшитгандай бўлдим! Биродарлар, от — рубобий мусиқа, от — кўркам суврат!
Бали-е, Тарлонбой-ей, бали-е!
Кўзим яна қўлимдаги гўшт билан суякка тушди...
Йўқ-йўқ, ўлсам-да йўл қўймайман...
33
Ярим кечаси Тарлонни жабдуқлаб миндим. Обширга от қўйдим.
Обшир қишлоғи кунботарида оқ тупроқли адирлар, тепалар мўл. Ана шу тепалар нишабида камарлар мўл. Тарлонни ана шу зимистон камарлардан бировга олиб кириб боғладим.
Кун ёйилди, олам мунаввар бўлди. Ана шунда уйга қайтиб келдим. Таътилланиб, подаётоққа бордим.
Оқшом вақти ўн кило арпа билан бир қоп самонни аралаштирдим. Қош қорайтириб, қопни орқалаб жўнадим. Йўлда терладим. Дам олиб-дам олиб бордим. Қопни камарга суяб қўйдим. Кафтимда гугурт чақдим. Тарлон кўрсин, мени танисин дея, оловни юзимга олиб келдим. Тарлон емсираб, илтижоли пишқирди.
Тарлонни етакладим. Шу яқиндаги ариқдан сувлаб келдим. Тўрвасида ем бердим. Баданларини қашиладим. Тарлонга қараб-қараб кетдим.
Уйда тамадди қилдим, ёнбошладим. Оёқларимни ёздим. «Вақт» эшиттиришлари-да адо бўлди. Шунда, тўшакка ўтиб ётдим. Кўзим илинди, кўзим кетди.
23


Бир маҳал, аёлимиз туртди.
— Турсин, биров чақираяпти, — деди.
Уйқусираб, қўзғолдим. Чопонимни елкамга ташлаб, ташқариладим.
Олапар итимиз дарвозага тармашиб-тармашиб ҳурди. Олапаримизга дўқлаб-дўқлаб бордим. Олапар думини ликиллатиб-ликиллатиб, ўзини четга олди.
Дарвозани очиб қарадим. Остонада раисимиз, ундан кейин дўппили одам билан иккита милитсионер бўлди.
Раисимиз боши билан дўппили одамга ишора қилди.
— Бу киши раён вакили, қишлоқ хўжалик бошқармасидан, — деди.
— Бинойи, бинойи. Қани, ичкарилангизлар.
Дўппили одам ичкарилади. Кетидан бошқалари эргашди.
Катталарга синчиклаб-синчиклаб қарадим. Дўппили катта мендайин бир кал бўлди. Ўзимиздан экан, дедим.
Кал катта теваракка аланглади.
— От қани? — деди.
— Қандай от? — дедим.
— От қандай бўлади? Тўрт оёқли, икки қулоқли от-да.
— Менда ундай от йўқ, катта. Калдан тароқ сўрама, дейдилар. Сиз бўлса, от сўраб ўтирибсиз. — Топ, топ, каллани гаранг қилма! Ади-бади айтишиб ўтиришга вақт йўқ. Сенга ўхшаганлар- нинг сони мингта!
— Менда от нима қилади, катта. Ана, қарангизлар. Бўлса олиб кета берингизлар.
Кал катта бармоқларини ўйнатиб, милитсионерларга имо қилди.
— Тинтинглар! — деди.
Милитсионер билакдай хитойи фонарларини ёқди. Молхона, отхоналарни қараб келди.
— Ўзи йўқ, тезаги бор экан, — деди.
Кал катта менга юзланди.
— Ана, тезаги бор деяпти-ю? — деди.
— Мен сизга айтсам, катта, эшикли уй, меҳмонларнинг оти тезак ташлагандир-да. Ташлама деб бўлмайди, меҳмон от.
— Фамилиянг нима? Хў-ўш, Қурбонов, та-а-ак, Қурбонов Зиёдулла. Мана, рўйхатда ту- рибсан, отинг бор. Гап шу, эртага яна келамиз. Отни топсанг топдинг, топмасанг, ўз ўпканг ўзинг билан бўлсин!
Кал катта дарвозага қараб юрди. Кетидан милитсионерлар шахдам одимлар отиб жўнади. Раисимиз катталар кетидан пилдираб эргашди.
Шунда, ичкаридан онамиз чиқиб келди.
— Айт, улгу бериб кетсин, — деди.
Катталарга дарвоза остонасида етиб олдим.
— Катта, уйда чақалоғимиз бор, отини Иброҳимбой дейдилар.
Кал катта елкаси билан гапирди:
— Нима қилай шунга?
— Чақалоқли уйга бемаҳалда келиб бўлмайди. Мабодо биров билмасдан келиб қолса, ундан улгу олиб қолиш лозим.
— Қаердан оласан?
— Бизга барибир. Ўнгирингизнинг учидан майдагина бир ип бўлса-да майли. Аёллар чақалоқли уйда ипни исириққа қўшиб тутатадилар.
— Энди, шунгаям этагимни йиртайми?
— Йўқ, йиртиш даркор эмас, катта. Кийимингизга илашган бирон-бир қил бўлса-да бўлади.
Кал катта қўл силтади. Йўлига бурилиб кетди.
Мен қайтиб келдим.
24


— Улгу бермади, — дедим.
Онамиз қарғаб-қарғаб ичкарилади. Тайпоқ тобоқда исириқ тутатди. Чақалоқли уйни уч айлантирди. Зиён-заҳматларни қувди.
34
Катталар хўжакўрсинга лалми дўқ уриб кетди, деб ўйладим.
Йўқ, эртаси куни тағин келди.
Искаланиб-искаланиб отхонани қаради, чақалоқли уйни қаради.
Катталар қилиғи ҳамиятимга тегди. Тишимни тишимга зўрға босиб турдим. — Хўш, қани? — деди кал катта.
— Нима қани?
— От!
— От? Катта, сиз менга қайси бозордан от олиб бериб эдингиз? Деновнинг бозориданми, ё, Шўрчининг бозориданми?
— Тишингни кўп ғижирлатма, биз сендан қўрқмаймиз! Яхшиликча отни чиқар! қўша қўша мол, қўй, товуқ, от... бунча ҳайвонни нима қиласан? Ана, магазинда ҳамма нарса муҳайё. Гўшт дейсанми, сут, кефир дейсанми...
— Катта...
— Нима, ё, капиталист бўлмоқчимисан? Кечириб қўясан! Биз сотсиалистик жамиятда яшаяпмиз! Ҳадемай коммунизмда яшаймиз! Тўғрими, ўртоқ раис?
Раисимиз лаббайгўй бўлди.
— Тўғри, коммунизм сари бормоқдамиз! — деди.
— Ё, от миниб босмачи бўлмоқчимисан? Кечириб қўясан! Ўзи, аждодингда босмачи ўтмаганми? Бир текшириб кўриш керак...
— Катта, ундай деманг. Отам бечора Совет тузумини деб қурбон бўлди. Отга келсам, от — йигитнинг йўлдоши, катта. Қолаберса, от билан кўпкари чопамиз.
— Ия-ия, сен ўзи қайси жамиятда яшаяпсан, мия? Шу пайтгача эшакнинг қулоғига танбур чертяпманми? Кўпкари — эскилик сарқити! Кўпкари — ёввойилар ўйини!
— Катта... ўзи, кал калла — калла эмас экан-да! Бир менинг каллам шундаймикин десам, сизникиям меникидан қолишмайди!..
— Ўчир-е...
— Катта, энамни сўкманг. У бечора ичкарида неварасига қараб ўтирибди. Сизга бундайин бепошна гаплар эп бўлмайди.
— Ўчир дейман-е...
— Эса, мен ҳам сизнинг...
Гапим охирига етмай қолди. Кал катта қулочкашлаб жағимга урди. Қўли аёлнинг қўлидай экан, жағим оғримади. Гапимни охиригача етказиб айтдим.
Шунда кал катта кетимга тепмоқчи бўлиб шайланди. Мен ўзимни четга олдим. Чап бериб қолдим.
Кал катта ўз шашти билан, ўз забти билан супадан учиб кетди. Чуқурга бориб тушди.
Раисимиз довдираб қолди.
— Эб-ей, эб-ей!.. — деди.
Чуқурга сакраб тушди. Кал каттани суяб олиб чиқди.
Кал катта ҳансираб-ҳансираб нафас олди. Қўли билан мени кўрсатди.
— Ушланглар, бандитни ушланглар! — деди.
Икки милитсионер икки ёнимдан келди. Қўлларимни кетимга қайирди. Кетимга бир тепди. Колхоз идорасига олиб борди. Майдагина машинага босиб жўнади.
Йўлда қусиб-қусиб бордим.
Биродарлар, бензин исини ёмон кўраман! Бензин бошимни айлантиради. Кўнглимни айнитади,
25


қустиради. Осмондан тушгандай бўлиб қоламан.
Раёнга келдим. Орган олдида машинадан тушдим. Кал катта кетидан чап тарафдаги ойнаванд хонага кирдим.
Телефон олдида ўтирган милитсионерлар ўрнидан турди. Кал катта милитсионерларга кийимларини кўрсатди, дардини айтди.
— Ҳамкасбларнинг билан давлатга гўшт олиш учун бориб эдик, — деди. — Мана бу типга отни бер, десам бермади. Мени тутиб сўкди. Онам ҳам қолмади, хотиним ҳам қолмади. Кейин, бир уриб чуқурга ағанатиб юборди. Мана факт — уст-бошим лой! Ҳамкасбларинг жонли гувоҳ! Ана, раис ҳам бор. Тўғрими, раис?
— Тўғри! Тўғри! Чуқурга юмалатиб юборди! — маъқуллади раис. Бир милитсионер сўкиниб, олдимга келди.
— Уҳ, ҳайвон, уҳ бандит! Сен ҳали раҳбарларга қўл кўтарадиган бўлдингми? — деди. Милитсионер ичимга урди. Мен ичимни ушлаб, бошим билан деворга суяндим. Кўнглим озди, кўз олдим қоронғи бўлди. Одамлар гоҳ учта, гоҳ тўртта бўлиб кўринди... Хона бир юмалаб, яна жойига келди.
Милитсионер кал катта олдига қоғоз қўйди.
— Мана, рапорт ёзиб, бошлиққа олиб киринг. Буни бир тиқиб қўяйлик, кўзи очилади.
Кал катта қоғозни тўлғазиб, олиб кетди. Хиёл ўтиб, яна қайтиб келди.
— Туш олдимга! — деди.
Мен олдига тушдим. Тор йўлакдан ҳовлига чиқдим. Кейин яна бир хонага кирдим.
Хона тўрида бақалоқли бир одам ўтирибди. Ўтиришидан катта одам кўринди. Елкасидаги юлдузлари-да катта-катта бўлди.
Кал катта қўли билан мени кўрсатди.
— Мана бандит! — деди.
Тўрдаги катта вазмин овозда сўради:
— Нега раҳбарларни урасиз, ўртоқ Қурбонов?
Мен бор гапни қўшиб-чатмай айтиб бердим. Тўрдаги катта энди нима дейсиз, деган бўлиб, кал каттага қаради. Кал катта ўрнидан туриб кетди.
— Ёлғон! У ўзини оқлаяпти! Биз раҳбарларга ишонасизми, ё, мана шунга ўхшаган подачига ишонасизми?
— Албатта раҳбарларга ишонаман. Раҳбарлар ёлғон гапирмайди.
— Бўпти-да!
Ўпкам тўлиб-тўлиб келди. Димоғимда минғирладим:
— Катта бова, мени мелисаларингиз урди...
— Нима-нима? Урди?
— Эшик олдида урди. Ҳушдан кетиб қолдим....
— Ундай бўлиши мумкин эмас, ҳозир чақирамиз.
Остонада ичимга урган милитсионер қора берди. Қўлини чеккасига теккизиб ғўдайди.
— Буйруғингизга биноан келдим, ўртоқ полковник! — деди.
— Лейтенант Исматов, айтинг-чи, нега бу кишини урдингиз?
— Кимни? Қўлимниям теккизганим йўқ, ўртоқ полковник!
— Урди деяпти-ку.
— Соф лейтенантлик сўзим, қўл кўтарганим йўқ! Ана, сержант Халилов ҳам бор, чақириб сўрашингиз мумкин.
Ўнг қўлимни қорнимга қўйиб кўрсатдим.
— Манави еримга урди... — дедим.
Шунда кал катта гапга суқилди.
— Қўлиниям теккизгани йўқ, ўзим устида эдим! — деди.
26