Баковул ўйлади-ўйлади, охири гапини қайтиб олди. Соқолдор чавандозга юзланди.
— Чавандоз бова! — деди. — Ошингни еса-да мард есин, бошингни еса-да мард есин! Бундай тантиликдан кейин, ҳақ сиздан айлансин! — деди.
Баковул менга бир серка билан йигирма беш сўм пул берди.
20
Кўпкари охиригача ёнбошлаб ётдим.
Узанги йўлдошларим бир марта-да улоқ ололмади.
Кўпкаридан қўлини бурунларига тиқиб қайтди.
Шунда, узанги йўлдошларимга юз солдим.
— Энди қайси юз билан элга рўпара бўламиз?— дедим. — Йигирмадай чавандоз-а! Олганимиз бор-йўғи битта серка бўлса! Шуниям тилаб олдик!
Чавандозлар боши эгик бўлди. Билмадик, дея елка қисди.
— Яхшиси, бундай қиламиз. Йўлда оёқ иламиз. Қишлоққа қоронғилатиб-қоронғилатиб кириб борамиз. Бинойими?
— Бинойи, бинойи, — деди чавандозлар.
Қишлоққа бир адир қолди.
Чавандозлар отдан тушди. Адирда ёнбошлаб ётиб олди.
Тошдай қоронғи тушди.
Чавандозлар тағин отланди.
Биров-ярим дуч келади, деган ҳадик билан мен олдинда юрдим. Олдимда серка бор-да. Эл кўзи...
Айтганим бўлди. Тошлоқдан ўтиб, бир қорага йўлиқдим. Йўлни буриб солдим.
Қора олисдан овоз берди:
— Ҳай, ўша ёқда бир ола мол кўрмадиларингизми?
— Кўрмадик.
— Зиёдулла чавандоз? Сенмисан? Кўпкаридан қайтдиларингми?
— Шундай, шундай!
— Қалай, қуруқ қайтмадиларингми, ишқилиб?
— Эса-чи!
— Билинмаяпти-ку!
Мен олдимдаги серка жунини оғритиб-оғритиб тортдим. Серка узиб-узиб маъради.
— Эшитяпсизми, овозини?
— Ҳа, яхши-яхши! Ишқилиб, бўш келманглар! Сизлар, элнинг эътибори-да!
— Ана шундай овозли жонлилардан баримизда бор! Хуржундаги қат-қат тўнларни айтмасак-да бўлади!
21
Бойсунга тўйга жўнадим. Ер билч-билч лойлигидан, от думини тугиб қўйдим.
Биродарлар, бойсунликлар қитмир эл, бахил эл, ичиқора эл! Бировга бир нима қиймайди! Ўзлари бўлолмайди, бўлганни кўролмайди! Бизнинг омадимизни камситади! Бизнинг муваффақиятимизни ерга уради! Парокандалигимизни кўриб қувонади! Яйраб кулади, мириқиб кулади! Вой бечора-е, вой бечора-а, дейди! Начора, биродарлар, начора, сут билан кирган, жон билан чиқади!.. Бугунги кўпкарида-да шундай бўлди.
Шўрчидан Файзулла чавандоз келди. Во уккағар, ана чавандоз! Беш кетдим! Остидаги оти қизбел! Сув илондай чопди! Улоқни кетма-кет икки бор айирди!
Учинчиси менда кетди.
Улоқ гоҳ шўрчиликларда, гоҳ бизда, гоҳ вахшиворликларда юрди. Бойсунликларга тегмади.
14


Файзулла чавандоз улоқни учини бор ердан узиб олди!
Ана шунда бойсунликлар куйиб кетди! Бир бойсунлик Файзулла отининг жиловидан тортиб қолди. Яна бир бойсунлик улоқни юлқиб-юлқиб тортди, Файзулла чавандоз қўлидан тушириб юборди!
Файзулла чавандоз яна улоққа узалди. Яна улоқни олиб жўнади. Қизбели тозидай чопди! Бойсунликлар кейинда қолиб кетди. Аммо улкан бир айғир изма-из етиб борди. Айғир чавандози улоққа узалмади. Йўқ, узалмади. Айғир, Файзулланинг Қизбелини кўкраги билан уриб ўтиб кетди! Қасддан қилди, қасддан!
Файзулла чавандоз Қизбели умбалоқ ошиб йиқилди. Файзулла Қизбел оти бошидан ерга айланиб тушди.
Қизбел сапчиб турди, беш-олти одим қўйди. Кейин, чавандозига қараб юрди. Чавандози олдида оёқ илди.
Файзулла чавандоз йиқилиш зарбидан ирғиб туриб кетди. Уст-бошларини қоқди.
E, тавба-е, тавба-е! Чавандоз девордан ағнаса, албатта бир ери лат ейди. Майдагина эшакдан йиқилса, хиёл вақт қимирламай ётади. Ўқдай учиб бораётган отдан йиқилса, ҳеч нима кўрмагандай, сапчиб туриб кетади!
Биродарлар, эшак йиқитса, туёғини тўшайди, от йиқитса, ёлини тўшайди!
Файзулла чавандоз Қизбел олдига борди. Қизбел баданига ёпишган лойларни артди. Қорнига сидирилиб тушган эгарни олди. Қайтатдан эгарлади.
Тағин тўдага от қўйиб келди. Улоққа қаҳр билан ёпишди.
Бу сафар бойсунликлар улоқни от туёқлари остига бостириб олди.
Файзулла чавандоз улоқни туёқлар остидан тортиб ололмади. Тўдадан энтикиб-ентикиб чиқди. — ... сиғса от мин-да, баччағар! Ўл-е, шу кунинга-е! Тфу! — деди.
Файзулла чавандоз тупиги улкан айғир сағрисига сачради.
Файзулла чавандоз араз уриб кетди. Изидан узанги йўлдошлари жўнади.
22
Бойсунлик чавандозлар улоқ ололмаслигини билди. Энди қинғирлик йўлига ўтди.
Улоққа чилвир солди! Чилвир ярим қулочча келадиган арқон бўлади. Йўғонлиги бошмалдоқдай бўлади. Учлари билак билан эгар қоши сиғадиган қилиб тугилади. Чавандоз чилвирни улоқ кезанагидан ўтказиб олиб, билагига ўрайди. Ана ундан кейин улоқни тортиб олиб бўлмайди! Улоққа чилвир солишнинг зўр бир хили бор.
Бойсунликлар айни шу зўрини қўллади: бирови бир амаллаб улоқни ердан узди. Чилвирни кезанакдан ўтказиб олди. Учларини эгар қошига илди. Кейин, улоқни тақимига босиб чопди. Шу улоқни олиб бўладими? Ё, чавандозни эгар-абзали билан ағдариб олиб бўлади, ё, оти билан қўшиб йиқитиб олиб бўлади. Бўлмаса, олиб бўлмайди!
— Чилвир! Чилвир солди!
— Ай баковул, тўриқ чилвир солди!
— Ҳаром, тўриқнинг улоғи ҳаром!
Баковул барини кўриб турди, барини эшитиб турди. Аммо елкасини қисди, лабини бурди, талмовсираб туриб олди.
— Чилвир? Қанақа чилвир? Окун, меҳмони азизсиз, бўҳтон қилманг! Тўриқ, кел, ҳақингни ол!— деди.
Чавандозлар гапи бесамар бўлди. Кўплар кўпкаридан қўлини ювиб, қўлтиққа уриб кетди. Шўрчилик Ҳамдам чавандоз кетаётиб, мана бундай деди:
— Ай баковул, шундай ҳақ олиб егандан кўра, кўчадан... териб есаларинг бўлмайдими? Бир мўмин банда ўзи емай, ўзи ичмай йиғинди, элга тўй берди. Ўйла-да, имонсиз! Шу ҳаромлигинг ўзингга, ўзингга бўлмаса, бола-чақангга уради, мана кўрасан!
Баковул ерпарчин бўлди. Аммо гапидан қайтмади:
15


— Окун, чилвир солмагани ҳақиқат! — дея чикиллади. — Э, тупурдим, шу ҳақиқатингга!
Ҳамдам чавандоз этагини қоқиб кетди.
23
Биродарлар, чавандозлар нимага этагини қоқиб кетаяпти? Адолатга! Нимага тупуриб кетаяпти? Адолатга! Кимдан аразлаб кетаяпти? Адолатдан! Бир тўда номард, имонсизга аччиқ қилиб, адолатни ўтга ташлаб кетаяпти!
Биродарлар, биз ҳамиша адолат, адолат деймиз. Тилдан қўймаймиз. Адолатсизликни кўриб, хуни-бийрон бўламиз. Ҳаётдан, тақдирдан нолиймиз. Адолат йўқ, адолат осмонда, деймиз.
Йўқ, биродарлар, адолат ерда! Оёқларимиз остида! Адолат тупроққа қоришиб ётибди! Адолатни ким бундайин хор қилаяпти? Биз — ўзимиз! Мен, сиз, Файзулла чавандоз, Ҳамдам чавандоз! Ана, улар қочиб кетди! Шу-да, адолат жафо чекаётганда қочамиз! Адолатдан юз ўгирамиз! Кўриб, кўрмасликка оламиз!
Бир имонсиз адолатни бўғса, йўлимизни чап соламиз. Ёмондан қоч-да қутул, ё, тон-да қутул, деймиз. Ёмон билан тенг бўлмайин, деймиз. Ўзимизни билмаганга олиб ўтирамиз. Тилимизни тишлаймиз. Обрўйимиз кетиб қолишидан, ё, амалимиздан айрилиб қолишдан қўрқамиз. Ўзимизга ғаним орттиришдан қўрқамиз. Қўй-қўя бер, тўғри гап туққанингга ёқмайди, дея қўл силтаймиз.
Ана, бари қочиб кетди! Қочиш, бизнинг узанги йўлдошларга-да юқди.
— Юринг, кетдик! — деди.
Мен жеркиб бердим:
— Ҳеч қаёққа кетмайман! Кўпкари охиригача чопаман! — дедим.
— Нима қиласиз, шулар билан тенг бўлиб! Буларнинг жазосини худо берсин!
— Нимага энди бари нимани худога соласизлар?! Ўзларингиз одам бўлиб нима қилиб юрибсизлар?! Худо бўлса, шундай имонсизлик бўлармиди!
Узанги йўлдошларим кўнглимга қаради.
Бир бойсунлик чавандоз ёнидагига шивирлади:
— Яхши бўлди, бари кетаяпти. Улоқ энди ўзимизга қолади.
24
Қаҳрим қўзигандан қўзиди. Тарлонни Самад чавандозга бердим. Ўзим Самаднинг чеккагир кўк саманини миндим. Тўда гирдини пойлаб юрдим.
Бир бойсунлик улоққа яна чилвир солди. Лип этиб ёнидан бордим, улоқ бутидан ушладим. Улоқдан қўлимни олмадим.
Охири бойсунликнинг оти ҳолдан тойди. Ўзинингда ҳафсаласи пир бўлди. Улоқни қўйиб юборди. Улоқ ерга тушиб кетди. Мен ушлаб қололмадим.
Кўк саманни олисдан қайириб келдим. Пешонамни енгим билан артдим. Ёқамни кўтариб- кўтариб, кўкрагимни шамоллатдим. Шундай роҳатландим, шундай роҳатландим. Шундай роҳат- ландим, шундай роҳатландим! Тани жоним яйради! Савоб иш қилгандай бўлдим!
Eндиги улоқ вахшиворлик Йўлдош чавандозда бўлди. Йўлдош улоқни чилвирсиз, ҳалол олиб кетди.
Йўлдош чавандозга зиён бермадим, ошига шерик бўлмадим.
Тағин тўда четига бориб турдим. Остимдаги кўк саман оғирлигини орқа оёқларига солди. Кетига хиёл чайқалиб турди.
Eнди Жийрон отли бир бойсунлик улоқни олиб жўнади.
Мен дарров кўк саманни ёнидан қўшдим. Улоққа ушлашдим. Басма-бас ушлашдим. Тенгма-тенг ушлашдим.
16


Бечора чавандоз чап бериб, чап бериб, кўп чопди.
— Қўйиб юбор, ҳақнинг ярмини бераман, — дея шивирлади.
Ўзимни эшитмасликка олдим, улоқни ушлаб чопдим.
Бойсунлик аламидан ёмон-ёмон ўқрайди, ёмон-ёмон чақчайди. Бураб-бураб сўкди. Охири улоқни ташлаб юборди.
Ишқилиб, бойсунликларга улоқ бермадим. Бойсунлик чавандозлар улоқ ололмади.
Баковул барини кўриб турди, барини билиб турди. Ана энди... ана энди, қитмирнинг бориб турган қитмири қиладиган ишни қилди: улоқни тўдадан четга олиб жўнади. Сўраганларга:
— Бутлари шалвираб қолибди, — дея жавоб берди.
Чавандозлар баковул йўлига қараб турди. Баковул тўдага янги улоқ сўйиб келади, дея умид қилди.
Хиёл ўтди, баковул қайтиб келди. Улоқни тўдага олиб келиб ташлади.
Улоқни кўриб, ёқаларимни ушладим. Ё, тавба, ё, тавба! Ўша-ўша улоқ. Лекин бўйни йўқ! Бутлари йўқ! Ҳалигина бор эди, баковул қирқиб ташлабди! Бундай улоқни ердан кўтариб бўлмайди! Боиси, ушлайдиган ери йўқ! Жунидан ушлаб кўтарайин деса, жуни юлиниб кетади! Шундай бўлса-да, чавандозлар ноумид шайтон дея, улоққа талпинди. Аммо ердан узиб ололмади.
Баковул кўнглидагидай бўлди! Ана энди баковул кўпкарининг охирини айтди:
— Эшитмадим деманглар, олган-олгани! Олган-олганига шу улоқнинг ўзи, бир кило ёғ, бир кило гуруч, сабзиси бор! Ол!
Бундай улоқни ердан узиб олишнинг бир йўли бор. Лекин жуда-жуда қийин...
Бахташ таваккал! Ўзимизнинг Тарлонни миниб олдим. Узанги йўлдошларимга, бот-бот тайинладим. Ўзим улоққа қараб юрдим. Узалдим, узалдим... тағин узалдим... улоқ жунини эти билан қўшиб ушладим, ғижимлаб ушладим. Бор кучим билан силтаб кўтардим, эгар қошига ўнгариб олдим! Кўкрагим остига босдим, билакларим билан босдим!
Кўз илашмай қолди!
Қолган иш, Тарлон иши бўлди! Тарлон тулкидай чопди!
Кўпкари охири менда кетди. Мен зафар қозондим!
Биродарлар, ўзбек эли ўр келади, ўзи ўжар, зўр келади!
25
Рихсиев қишлоққа кўчиб келди.
Биров урилиб келди деди, биров шаҳардан безор бўлиб келди, деди. Урилиб келдими, сурилиб келдими, ишқилиб келди. Мактабда муаллим бўлди.
Биздан икки ҳовли нарида ота мерос кўҳна ҳовлиси бор эди. Ана шу ҳовлида яшади. Қиш бўлсада, ҳашар қилди, ҳовлисини созлади.
Бир куни мени-да ҳашарга айтди. Ўлмайиннинг кунидан бордим. Ҳамсоячилик, қош бор, қобоқ бор-да.
Рихсиев супада ёнбошлаб олди. Қўлини лойга урмади. Ҳашарчиларга гап бериб турди. Биродарлар, Рихсиев қулоқ-мияни қоқиб, қўлга берди! Бидир-бидир... Оламда гап қолмади! Қаерда уруш бўлаяпти, қаерда сургун, қайси мамлакат подшоси қаерга борди, нимага борди, нима деди, поездда бордими, самолётда бордими, мезбонлар билан қучоқлашиб кўришдими, ё, қўл учида кўришдими, ҳеч нима қолмади!
Бошим ғувиллаб қолди. Тишимни тишимга қўйиб чидадим.
Рихсиев эртага-да ҳашарга айтди.
— Келолмайман, эртага кўпкари бор, — дедим.
Шу вақт уйдан одам келди. Паловга қарамадим, ҳадаҳалаб уйга бордим. Уйимизда чақалоқ инга-ингалади.
17


Биродарлар, мен ота бўлдим, ота! Ўғил! Хумор холамиз ўғлимизга момочи бўлди! Тонгни кўз юммай оқладим.
26
Eрталаб Тарлонни сувлатмадим. Емни камроқ бердим. Қишлоқ машриғидаги чимзорга бордим. Отлар сийрак бўлди. Борлари-да ўзимизнинг отлар бўлди. Меҳмон отлар тахчил бўлди. Тарлонни тўдага солдим. Тарлон тўдага кирмади! Кейинига тисарилди. Сувлиғини чайнади, бошини сарак-сарак этди.
Тиззам билан биқинига ниқтадим, сағрисига қамчиладим.
Тарлон сесканди, Тарлон турган жойида ер депсинди.
Кўз қўрқитар учун боши узра қамчи ҳаволатдим.
Тарлон урсанг ур, мана, дегандайин қулоқларини чимириб турди. Билдим, Тарлонда кайфият йўқ, билдим!
Биродарлар, ҳар бир отнинг ўз феъл-атвори, кайфияти бўлади. От кайфияти йўқ кунлари инсонга бўйин эгмайди. Ана шу кунлари инсон кўп ғашига тегса, инсон елкасидан ғарчиллатиб тишлаб олишдан-да, қовуғига тарсиллатиб тепишдан-да қайтмайди!
Бундай вақтларда айрим чавандозлар қамчи дастаси билан отнинг бошига уради. Оқибат, от жон аччиғида чавандозини йиқитиб қочади.
Ана шунда от инсондан безади. От инсондан қайтади! Ўзининг девлар аждодига тортади! Аждодларини қўмсайди, адирларга қараб қочади. Галаларга бориб қўшилади. Айғирлари билан кўришади, биялари билан суйкашади. Аждодларининг ҳавосини олади! Бир-бирлари билан искашади. Инсон зотидан нолиб-нолиб бошлайди, кўнглини ёриб-ёриб бошлайди, дардини тўкиб-тўкиб бошлайди... Дев бошим билан инсонга бош эгдим, дейди, таъзим қилдим, дейди, қул бўлдим, дейди, аммо эл бўлмадим, дейди...
Йўқ, кайфияти йўқ кунлари отга индамаслик лозим бўлади, кўнглига қараш лозим бўлади!
Шу боисдан Тарлонни ошиқча зарбаламадим. Тўда теварагини айланиб юрдим. Шунчаки томошагўй бўлдим.
Чимзорда ер ёриб чиққан чўқир тошлар кўп бўлди. Шу боис, чавандозлар кўзига қараб чопди. Отларини қоқилиб кетишдан авайлайди.
Оқтуёқ отлар бир четда томошагўй бўлди. Боиси, оқтуёқ отлар тошли ерда чополмайди. Тошлар туёғини уриб ташлайди.
Кўпкари охирида баковул жар солди:
— Чавандозлар дейман-ов, бугун от кам келди! Узоқ-яқиндагилар тўйнинг икки кунидаям кўпкари бўлишини билмаган-да! Шу боисдан қобил полвон эртага катта кўпкари беради! Армонда қолма!
Уйда Тарлонни илиқ сув билан ювдим. Қашилаб-қашилаб парваришладим.
Хуфтон вақти-хуфтон вақти тўйхона теварагини айлантирдим. Карнай-сурнайлар овозини эшиттирдим, тўйхона ҳавосини олдириб-олдириб келдим. Кейин, ҳовли этагига солқи қилиб бойладим.
Ярим кечада Тарлон кишнади.
Ташқариладим, Тарлондан хабар олдим.
Тарлон олд оёқлари билан ер тирнади. Қозиқни айланиб-айланиб чопди. Пишқириб-пишқириб чопди.
Тўй ҳавоси Тарлонни қўзғади. Тўй ҳавоси Тарлонни кўпкарига чорлади!
Тарлон тушкун кайфиятдан фориқъ бўлди!
27
Eртаси куни отлар сероб бўлди. От кўплигидан бинойидай отлар-да тўдага тумшуғини
18


тиқолмади.
Бир ош пиширим вақт ўтди. Улоқ ердан қимирламади. Қимирласа-да, беш-ўн одим судралиб бориб, тағин тушиб қолди.
Охири бир Чўбир от энлик кўкраги билан тўдани ёриб-ёриб, улоқни олиб чиқди. Тўда четида чағир отлиқ бир чеккагир чавандоз улоқни пойлаб туриб эди, шу чеккагир чавандоз чағир отини Чўбир ёнидан солди. Жипслашиб келди-да, улоқни юлди-кетди. Эллик-олтмиш қадамча чопиб борди.
Катта-катта кўпкариларда улоқ тўдадан сағал чиқса бўлди, ҳалол бўлади. Шу боис баковул дарров қамчисини боши узра кўтарди:
— Ҳало-о-ол! Ташла, Чағир, ташла! — деди.
Биродарлар, чеккагир чавандоз ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир чавандоз бўлади! Чеккагир чавандоз тўда чеккасида гир бўлиб пойлаб юради! Шу сабабли-да уларни чеккагир дейдилар. Ўзлари-да, отлари-да чеккага ўрганган бўлади. Чеккагирлар тўдадан улоқ ололмайди. Чеккада туриб, тайёр ошни пойлайди. Улоқ тўдадан чиқдими, бўлди, чеккагир улоқни тулкидай илиб кетади.
Улоқни тўдадан олиб чиққан чавандоз эса, меҳнатига куйиб қолади!
Мен минг азоб билан улоқ олиб чиқдим. Менинг улоғимни-да шу Чағир чеккагир юлиб кетди. Мен сонимга урдим, аттанглаб қола бердим.
Чағир чеккагир бошга битган бало бўлди.
Шунда мен, бир усталикни қўлладим. Улоқни олдим-да, кун тарафга қараб от солдим. Кунга юзма-юз чопдим.
Ёнимда келаётган Чағир от йўлда қолиб кетди. Боиси, Чағир отнинг кўзи кўк бўлади! Кунга қараб чополмайди! Кўзлари шафақланади!
— Тарлонники ҳалол, Тарлонники ҳалол! Тарлон, ма, ҳақинг! Чавандозлар, энди қоралик қўяман! Мана! — деди баковул.
Баковул шундай дея бир йиртим қизил матони кўз-кўз этди. Матони ярим қулочча чўп учига илдириб, байроқча қилди. Байроқчани чимзор четидаги каттароқ ўчоқдай чуқур лабига қадади. — Мана шу чуқур қоралик! Кимки улоқни шу чуқургача олиб келиб ташласа бир қўй, эллик сўм пул, бир тўн олади! Қулоғи оғирлар бўлса, қайтариб айтаман...
Қоралик — кўпкарининг энг мушкули, энг қийинидир. Шу сабабли-да кўпкари ғуруридир, кўпкари юзидир. Қораликни ҳалоллаш чавандозга-да, отга-да фахр! Улоқни қораликка бир марта олиб бориб ташлаш, тўдадан уч марта улоқ айиришдан зиёд!
28
Кўпкари қизигандан-қизиди.
Шу вақт, Жўра бобо от йўрттириб келди.
— Зиёдулла чавандоз, бизнинг тўриқниям бир кўринг, укам, — деди.
Жўра бобо шундай дея, отдан тушди. Жиловни менга узатди. Мен Тарлон жиловини унга бердим. Бобонинг қора тўриғини миндим.
Жўра бобонинг гапини ерда қолдириб бўлмайди. Жўра бобо олтмишдан ошиб қолди. Аммо фарзанди йўқ...
Икки марта уйланди. Икковида-да фарзанд бўлмади. Учинчисига уйланди. Бундан-да бўлмади. Қўйиб юборган аёллари бошқаларга тегиб-тегиб кетди. Болалик бўлиб-бўлиб кетди.
Шунда, Жўра бобонинг боши эгилиб қолди. Юзи кўксига қараб қолди. Давраларда дастурхондан кўз олмади. Кўчаларда этиклари учига қараб юрди. Овозини қўйиб гапиролмади...
Жўра бобо бир нимага эътибор берди. Жўра бобо, деган от элдан қолди. Эл ўзини, ё, уйини кўриб, Жўра бобони эслади. Кўришиб, бардаммисиз, Жўра бобо деди. Бу уй Жўра бобоники, деди.
19