— Ота-бовамизнинг ҳунарини ерда қолдирмайин дейман-да. Калнинг нимаси бор, темир тароғи бор. Ана, ана, дўмбирам бор.
— Аҳа, ҳунарни асрабон нетгумдур охир, олиб тупроққаму кетгумдур охир! Алишер Навоий!
— Ўлманг!
Жўшиб кетдим. Дўмбирамни олиб достонимни бошладим. Достонимда бир ҳовлига келин келди. Ҳовлида гулхан ёқилди, чанқовуз чалинди. Келин отда келди. От оловни бир айланди. От достон бўлди.
Боли боли болинг бор, Минг туморли норинг бор, Жасадингга қарайман Чопадиган ҳолинг бор.
— Маладес, ўртоқ Қурбонов, маладес. Аҳа, энди, чанқовуз, гулхан... эски гаплар, ўртоқ Қурбонов. Достон, ҳа, достон! Замон, давр нафаси йўқ. Интеллектуаллик йўқ, интеллектуаллик! Кўриб турибсиз, ҳозир атом асри. Мана, космонавтлар яна ойга учди... Хўп бўлмаса, ўртоқ Қурбонов.
Хайр-маъзурни эшитиб эшитмасликка олдим, билиб билмасликка олдим. Дўмбирамни чулдиратиб, достон айтиб қўявердим.
Отларди боқсанг қашиб боқ,
Олисдан сувини ташиб боқ,
Сира узмагин емини, Емини емига қўшиб боқ.
Бир қиё боқ, эй, умидли дунё!
— Аҳа, яхши, яхши! А-а-ауф, чёрт, уйқу босаяпти. Нима десак, экан... отлар... отлар патриархал ҳайвон, ўртоқ Қурбонов. «Отни боқсанг қашиб боқ, сувини ташиб боқ!» Хўш, нима бўпти? Маълум гап-ку! Албатта отга сув беради-да, бўлмаса бензин берармиди? Қуп-қуруқ дидактика! Халқ оғзаки ижоди, ҳа, халқ оғзаки ижоди! Примитив, примитив! Интеллектуаллик йўқ, интеллектуаллик! Интеллектуал проблемалар кўтарилиб, ижобий ҳал қилинмаган! Ижодингизга муваффақият, ўртоқ Қурбонов. Изланинг, кўпроқ классикларни ўқинг. Айтайлик, Бетховен, Чайковский, Ашрафий...
Рихсиев қўзғолди. Кетар бўлди.
Шунда, Рихсиевлар қўйи эсимга келди. Балки, қўйлари юзхотирини қилар, деган умидда қўйларидан гап очдим.
— Мухбир ака, қўйларингиз яхши! — дедим.— Диркиллаб-диркиллаб ўйнаб юрибди! Рихсиевнинг юзлари ёришди.
— Аҳа, айтгандай, бизнинг қўйлар яхши юрибдими, ўртоқ Қурбонов? — деди.
Кўнглимда умид учқун берди. Қўлимни кўксимга қўйиб, бош ирғадим.
— Шукур, мухбир ака, шукур. Яхши юрибди! — дедим. — Ўзлариям... қўймисан қўй-да!
— Аҳа, қўй!..
— Ўлманг!
— Қўй, қў-ў-ўй! Қўй яхши!
— Ўлманг!
— О-о-о, қў-ў-ўй! Қўй яхши нарса!
— Ўлманг! Айниқса сизнинг қўйларингиз! Минг қилса-да, ҳи-ҳи-ҳи, минг қилса-да, мухбирнинг қўйлари-да.
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат!
— Анави тўнғич акангизнинг қўйлари бўлмайди! Бари ўзидай калтафаҳм! Сизнинг қўйларингиз
7


шундай доно, шундай ўқимишли... Ҳай-ҳай-ҳай, садағаси кетсанг, мухбирнинг қўйларининг!! — Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат!
— Бир куни денг, ҳайт-ҳайт, дея қўйларни сойга ҳайдадим. Қўйлар ўзини қирга урди. Фақат сизнинг қўйларингиз сойга қараб юрди. Мен, ҳа, омон бўлгурлар-е, минг қилса-да, мухбирнинг қўйларисан-да, дедим.
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат! Қўйларни тарбияланг, ўртоқ Қурбонов, қўйларни тарбияланг! — Бай-бай-бай, қўйларингиз мухбирнинг қўйлари эканлиги шундайгина билиниб туради-я! Мол эгасига ўхшайди, деганлари шуда...
— Аҳа, раҳ-ма-а-ат, раҳма-а-ат!
Рихсиев ташқарилади.
Хуржуними елкалаб, изидан юрдим. Тарлонни миниб, адирга йўл олдим.
Биродарлар, кўнглим оғрияпти...
10
Тарлонни бойловга ташладим.
Отхонадаги баланд охурга боғладим.
Гўнг чиқариладиган тешикни жанда билан кечалари ёпиб қўйдим, кундузлари очиб қўйдим. Тарлонга арпа ем бериб бошладим.
Азонда тўрт кило арпа ем бердим.
Тушда олти кило арпа ем бердим.
Оқшомда беш кило арпа ем бердим.
Кафтимда туз бердим.
Тарлон тузни капалаб-капалаб еди.
Кафтимда оқ қанд тутдим.
Тарлон қандни лаблари билан олди. Қарс-қарс еди.
Eнди сўйилган қўй қуйруғини тузлаб-тузлаб бердим...
Биродарлар, от усти беҳишт, оғзи дўзах!
11
Роса қирқ кеча-ю қирқ кундуз бўлди.
Ана шунда Тарлонни отхонадан олиб чиқдим. Тарлонни совута бошладим.
Ҳовли этагида арқонини узун ташлаб боғладим. Тарлон бўйнини кўзойнакли илон мисол гажак- гажак қилди. Қозиқни айланиб чопди. Олд оёқларини кўтариб кишнади. Арқонини селкиллатди. Дирк-дирк ўйнаб кишнади. Тарлон маст бўлди!
Арқон етадиган ерларга оз-оздан хашак ёйдим. Тарлон гоҳ у уюмдан, гоҳ бу уюмдан хашак еди.
Кунига биттадан хом тарвуз бердим. Тарлон тарвузни қарсиллатиб-қарсиллатиб еди.
Файзи саҳар вақти Тарлонни жабдуқлаб миндим.
Катта кўчада оҳиста-оҳиста қадамлатиб юрдим.
Тонг оқарди.
Хўрозлар қичқирди. Итлар ҳурди.
Кўча юзидаги радиокарнай нағма чалди.
Ариқларда жилдираб-жилдираб сувлар оқди.
Саҳар еллари хур-хур эсди. Бизларни силаб-сийпади...
Тарлон вазмин-вазмин қадам ташлади. Туёқ товушлари бир мақомда тикиллади: тик-тик-тик... Олдимиздан ариқ келди.
Оёқ илдим. Тарлонни ариқдан сапчитмадим. Сапчитсам, ичидаги мойи узилиб тушади. Кейин, бир йилча кўпкарида чополмайди.
8


Шу боис, ариқни айланиб ўтдим.
Тарлонни сувладим. Изимизга қайтдим.
Тарлон тағин териб-териб қадам ташлади: тик-тик-тик!
Тарлонни қирқ кун совутдим. Тарлон бир ерда туролмай қолди, туёқлари ерга тегар-тегмай юрди. Ўйноқлаб-ўйноқлаб, осмонга сапчиди. Қуюндайин учгиси келди!
Пахта терими тамом бўлди.
Тўйлар бошланди.
12
Биродарлар, от билмайдиган нима йўқ!
От қор-ёмғирни, довулни олдиндан билади.
Айниқса, тўй-маъракани дарров билади. Боиси, тўйда кўпкари бўлади-да!
Бизнинг Тарлон кечаси билан пишқирди.
Алағда бўлдим, чопонимни елкамга ташладим, ташқариладим.
Ой ёруғ, осмон очиқ бўлди.
Тарлон қозиқни айланиб чопди.
Тарлонни ушладим. Ёлларини силадим.
Бир ерда тўй бор-ов, дедим.
Айтганим бўлди.
Eртаси куни шундайгина ёнимиздаги Обшир қишлоғидан тўйхат келди.
Омборхонада от абзалларини — терлик, беллик, чирги, боз, жаҳанник, жул, пуштон, қуюшқон, юган, кўпчик, узангили эгарни қўлтиқлаб келдим.
Тарлонни қашилаб-қашилаб эгарладим. Оғзига сувлиқни солиб, юганладим. Пешонасига дўлана шохидан бўлган кўзтумор илдим.
Eгар қошидан олдим. Узангига оёқ солдим.
13
Обширга йигирма отлиқ бўлиб бордик.
Сурнай навоси чиқаётган, осмонга қуюқ тутун ўрлаётган тўйхона остонасида оёқ илдим.
Бизга Турди подачиникидан жой тегди.
Телпаги қулоқларини тушириб олган бир одам бизни тор кўчалар бўйлаб эргаштирди. Подачи- никига олиб борди.
Подачи дарвозаси хийла паст бўлди. Оти мўминлар остонадан эгарга энкайиб ўтди. Оти боқилиқлар ерга тушиб, етаклаб ўтди.
Биродарлар, отга минсанг — бошингни ўйла, ерга тушсанг — отингни ўйла!
Чавандозлар отларини яланғочлади. Эгар-абзалларни дарахт шохлари айрисига илди. Супалар, деворларга қўйди.
Чавандозлар отларни шамоллатди.
Тарлон ерга ағнади. Гоҳ ўнг, гоҳ чап ёғига ағнади. Бадани қичиғини қондирди. Ўзини ўзи қашиди! Тағин оёғида турди. Оёқларини кериб-кериб силкинди. Бадан-ёлларига илашган хас- чангларни қоқди.
Тарлон устига гилам ташладим. Пуштонини салқи қилиб тортдим. Қозиғини тепиб-тепиб қоқдим.
Сафар чавандоз қора тўриғи қозиғини Тарлон ёнидан қоқди.
Ғашим келди. Энсам қотди.
— Сафар ака, — дедим. — Тўриғингизни холисроққа олинг, барака топинг.
— Ҳеч нима қилмайди, ер кенг.
— Мен ерни қизғанмаяпман. Тўриғингиз тепонғич, шуни ўйлаяпман.
9


— Кўнгилни кенг қилинг, от тепкисини от кўтаради.
Тўриқ бизнинг Тарлонга ёмон-ёмон қаради.
Мен, ана, кўряпсизми, демоқчи бўлдим. Аммо Сафар чавандоз меҳмонхонага жўнади. Изидан қўл силтаб қолдим. Кейин, мен ҳам бордим.
Тўйхонадан улушимиз — турли ноз-неъматли дастурхон, иккита шиша келди.
Уй бекаси қозон осди. Паловга уринди.
Чавандозлар давра бўлиб ўтирди. Сабзи тўғраб берди.
Шу вақт отлар аччиқ-аччиқ кишнади. Тарлон овозини дарров танидим, чопиб чиқдим.
Сафар чавандоз тўриғи олд оёқларини кўтариб пишқирди, Тарлонга ёпишди.
Мен олисдан қўл силтадим. Тарлонга дўқ урдим:
— Бўлди, бас! — дедим.
Тарлон ўзини кейинга олди. Олд туёқлари билан ер тирнади. Тишларини иржайтириб кишнади. Тўриқни огоҳ қилди. Яқинлашма, деган бўлди.
Тарлон нўхтасидан ушладим. Тарлонни тинчлантирдим:
— Бўлди! Так-так-так! Так дейман! Сафар ака, ана, айтмадимми, тўриғингиз одам эмас деб! Мана, Тарлоннинг кўнглини оғритди!
— Одам сўзлашиб топишади, йилқи кишнашиб топишади, Зиёдулла чавандоз! Шундай-шундай топишади-да!
Сафар чавандоз тўриғини Тарлондан холис олди. Отлар тинчиди.
Палов едим. Кечаси олишни* томоша қилдим.
14
Eрталаб таътилланиб, отландим. Лалми даштга йўл олдим.
Дашт бир-бирига улашиб кетган адирлар оралиғида бўлди. Кунботар қўнғир тусли қирлар бўлди. Дашт четлари йўғон-йўғон тутлар бўлди.
Кўпкари томошага келганлар шу тут шохларида, деворларда чумчуқдайин тизилиб ўтирди. Теваракдаги адирларда тўда-тўда бўлиб ёнбошлаб ётди.
Адир бетларида чавандозлар отларини яланғочлади, отларини кўпкарига шайлади.
Мен ҳам адирнинг бир четини олдим. Тарлонни яланғочладим, ерга юмалатдим. Кейин эгар босдим.
Оёғимга пайтава ўрадим. Хуржундан кўпкари этигимни олиб кийдим. Этик баланд пошнали этик, таканинг терисидан бўлади. Тери тескариси ичига қаратиб тикилади. Тескариси ялтироқ, сирпанчиқ бўлади. Юзаси терининг ўнг тарафидир. Этикни мол чарвиси билан мойлаб тураман. Шунда сув, қор, совуқ ўтмайди, йиртилмайди.
Бутлари бир қаричча йиртиқ чолворимни кийдим. Чолворимни атайин йиртиб қўйибман. Бўлмаса, кўпкарида бутимга бирон нима илашади, чолворимни оғигача айириб юборади. Телпагим қулоғини туширдим. Узангига оёқ илиб, эгар қошидан олдим. Даштга қараб эндим. Чавандозлар теваракни айланиб чопди. Чавандозлар отларини пишитди.
Одамлар қишлоқ тарафга қаради.
— Ана, улоқ келаяпти! — деди.
Қишлоқдан икки отлиқ келди. Бирови олдида қора улоқ. Ўнгариб олди. Отлиқ улоқни олдимизга олиб келиб ташлади.
Чавандозлар улоқни отларига искатди. Улоқ ёнверини, теварагини айлантириб кўрсатди. Отлар тўп бўлди.
Юзлари тандирдан энди узилган нондай қизил, мўйловли бир одам улоқ бошига келди.
Ана шу мўйлов баковул бўлди. Қамчи сопини боши узра кўтарди. Жарангдор овозда айтди.
— Чавандозлар-ов! Гапимни ўнг қулоғинг билан-да, чап қулоғинг билан-да, эшитиб ол! Чилвир солма — бир! Бир-бировингни ёмон гап билан сўкма — икки! Қамчи солма — уч! Йиқилган чавандоз устига от солма — тўрт! От қочганда ушлашга ёрдам бер — беш! Ол, ҳа-ол!
10


Баковул шундай деди-да, ўзи тўдадан четга чопиб чиқди. Тўдани айланиб чопиб, жар солди: — Биринчи зотига бир рўмол, ўн сўм пули бор! Эшитмадим деманглар!
Чавандозлар тўдага от солди. Отларини қимти-ди, отларини тиззалари билан ниқтади, отларини қамчилади, отларини улоққа ҳайдади.
Улоқ сонсиз от туёқлари орасида қолди. Қўллар улоққа талпинди, аммо ололмади. — Ҳа-ҳа-ҳа!
— Чу-чу-чу!
— Бос-бос-бос!
Талпинишлар самара бермади. Улоқ ердан қўзғолмади. Ўзини улоққа ураётганлар ўзи-да, отлари-да ғарқ терга ботди. Чавандозлар дастлабки шаштидан қайтди, отлар шаштидан қайтди. Айрим чавандозлар тўда четига чиқди, пешоналарини артди, томошагўй бўлди.
Eнди, тўда теварагида юрган чавандозлар ўзини улоққа урди.
Мен Тарлон боши узра қамчи ҳаволатдим. Тарлонни қимтиб-қимтиб, тўдага ҳайдадим. Тарлон отлар сиқувида туртиниб-буртиниб улоққа етиб келди. Улоқни бир айланиб тўхтади.
Мен қамчини сопидан тишлаб олдим. Ўзим улоққа узалдим. Энди кўтариб эдим, бир от туёғи босиб қолиб, улоқ қўлимдан тушиб кетди.
Тарлонни отлар тўдаси сурди. Тарлон қалқиб-қалқиб, улоқ нарёғига гандираклаб ўтди. Четга чиқиб қолди.
Тарлон шашти қайтмасин, руҳи тушмасин, дея бир чақиримча ерга чопиб бориб, чопиб келдим. Гўё улоқни олиб чиқдим!
15
Улоқ ердан қимирламади.
Шунда баковул зотни оширди.
— Чавандозлар-ов, эшитмадим деманглар, устига яна бир гўсам серка қўйилди!
Чавандозлар чуҳ-чуҳ, дея отларини улоққа чорлади. Сағриларига тарс-тарс қамчилар урди. Отлар пишқирди, отлар кишнади.
Ниҳоят, улоқ ердан кўтарилди. Тўда аста-аста жонланди. Отлар қулоғи лик-лик этди. Тўда пастга силжиди.
Баковул жар солди.
— Улоқ кўтарилди, улоқ кўтарилди!
Тўда бирдан жонланди. Отлар ёппасига чопди. дупур-дупур-дупур... отлар улоқ теварагида чопди. Бор эътиборлари улоқда бўлди.
— Улоқ кетди! Улоқ Бурноч билан Саманда бораяпти!
Нимага бурноч от деймиз! Боиси, бурноч от пешонасида қашқаси, бурни учида оласи бўлади. Бутлари-да ола бўлади. Бурноч отнинг хили кўп бўлади. Кўк бурноч, қора бурноч, тўриқ бурноч, жийрон бурноч!
Саман от бўлса, сариқ, ёллари, думлари қора бўлади. Ёл-қуйруғи оқлари-да бўлади.
Бурноч билан Саман қулоқларини қуён қулоқлари мисол чимириб чопди, зинкийиб чопди. Улоқ ораларида шалвираб борди. Улоқнинг бир бути Бурночда, бир бути Саманда бўлди. Чавандозлар ўз тарафларига чалғайиб, тортишиб борди. Теварагида ўнлаб қўллар улоққа узалди, аммо етолмади. Етганлари улоқни юлиб ололмади.
Отлар Бурноч билан Саманни ўраб чопди, дупур-дупур-дупур...
— Улоқ Бурноч билан Саманда бораяпти! Улоқ Саманга ўтди, улоқ Саманда! Бос!
Дарҳақиқат, Саман чавандози эпчиллик билан улоқни тақимига босди. Ўнг тарафига қийшайди. Жиловни ўнгга бурди. Саман йўлини ўнгдан солди.
Чавандозлар талашиш фойдасизлигини билди. Бирин-бирин орқада қолди.
— Ҳало-о-ол! Саманники ҳалол! Ташла, Саман, ташла! Э баракалла-е! Саман, кел, ҳақингни ол!
11


Саман улоқни ерга ташлади. Баковулга қараб юрди.
Чавандозлар ерга тушган улоққа қараб юрди. Яна улоққа ёпирилди. Улоқ бу гал майдагина бир тўриқда кетди.
Биродарлар, тўриқ от малла бўлади. Бўйни худди кўзойнакли илон мисол гажак-гажак бўлади!
16
Янаги улоқ менга насиб этди.
Мен улоқдан умид қилмадим, тўда четида турдим. Улоқни Яратганнинг ўзи етказди.
Бир қизилкўк улоқни ердан судраб чиқди. Қизилкўк шундайгина ёнимизга келди. Шунда чавандози улоқни от тиззаси бўйи кўтарди.
Мен энкайиб, улоққа ёпишдим. Қаддимни кўтардим, Тарлон биқинига тиззамни нуқиб айқирдим.
— Ҳа-а!
Тарлон бир юлқиниб, тўдадан узиб чиқди. Кетимдан чавандозлар от солди. Кўплари менга етиб келди, улоққа узалди.
Шунда Тарлонга қамчи босдим. Аммо Тарлон жадалламади, аксинча, тобора секинлаб чопди. Ҳайрон бўлиб, олға қарадим. Ана шунда нима гаплигини билдим. олдинда бир одам бўйи сой бўлди...
Нима қилишимни билмадим. Жиловни бураман дегунимча сой лабига келиб қолдим. Тарлон сой ёқалаб чопди. Улоқ сой тарафда бўлди. Шу сабабли-да улоққа биров келолмади.
Шундай бўлса-да, қўли узун чавандозлар Тарлон сағриси, Тарлон бўйни оша улоққа узалди. Мен улоқни бермадим. Айниқса, Тарлон улоқни бергиси келмади.
Сой ёқалаб чопдим. Шунда-да баковул овозидан дарак бўлмади. Энди жиловни қўйиб юбордим. Тақимимдаги улоқни қўшқўллаб ушладим. Тарлон энди ўз билганича чопди. Сойда эса, адоғ бўлмади...
Чавандозлар кетимдан қолмай таъқиб этди.
Шунда Тарлон бирдан... сойга қараб зинкийди. Олд оёқларини кўтарди, ўзини сойга ташлади. Eтларим жимир-жимир этди. Кўзларим отилиб чиқиб кетаётгандай бўлди. Оёғим ердан узилганини туйдим. Ўзимни муаллақ сездим. Кўнглимдан, ўлган шундай ўлар экан-да, деган гап ўтди. Кўзларимни чирт юмдим, улоқни қўйиб юбордим...
Зўр бир зарбдан қалқиб кетдим. Юрагим товонимга тушиб кетгандай бўлди. Ҳушим бошимдан учди. Жонҳолатда Тарлон бўйнига ёпишдим. Маҳкам қучоқлаб олдим...
17
Кўзларимни очдим. Ё, тавба, Тарлон ҳамон чопиб бораяпти. Энди сойда чопиб бораяпти. Тарлон бир-бир босиб, оёқ илди. Бошини эгди. Пишиллаб нафас олди.
Мен қаддимни ростладим. Ўзимга келдим. Мен тағин кўзимни юмдим.
Юқоридан баковул овоз берди.
— Зот жойида! Зот жойида қолди!
Юқорига ўгирилдим. Отлиқлар сой лабида қатор бўлиб қаради. Узалиб, жиловни олдим. Юқорига чиқадиган йўл қидириб, сой ёқаладим.
Юқорида чавандозлар салмоқлаб-салмоқлаб гапиришди.
— Одамнинг боши айланиб кетади-я!
— Шу Тарлонда иккита юрак бор!
— Борди-ю, битта бўлса, ўзининг калласидай!
— Тарлон диловар от экан!
Баковул тайинлади:
— Тарлон-ов, улоқниям олиб чиқ! — деди.
12


Мен ўзимни эшитмасликка олдим. Улоққа қайтиб боргим келмади. Бир нишаброқ ердан юқориладим.
Eгар-абзаллар олдига бордим. Тарлонни яланғочладим. Тарлоннинг бор вужудини қараб кўрдим. Оёқларини силадим. Худога шукур, лат емади. Ерга юмалатиб-юмалатиб совутдим. Бош-адоқ қашиладим. Бўлди, энди Тарлонни улоққа солмайман. Бўлди, Тарлон ғолиб бўлди...
18
Кейин... кейин, ўзимнинг-да, араз феълим тутди...
Биродарлар, сизга бир нима айтайинми? Мен араз уришни яхши кўраман! Ўлайин агар-а!
Ой туғади, ўттизида тўлади. Шу ойда бирор бир нимадан, ақалли бир мартагина бўлса-да, аразламасам бўлмайди. Шу ойда кун кўргандай бўлмайман!
Кўнглим ғаш бўлиб юради. Бир нима йўқотгандай теваракка аланглаб қоламан. Баҳонаталаб бўламан. Бирон-бир баҳона излайман. Қилдан қийиқ чиқараман. Игнадай нимани тоғдай қилиб кўнглимга оламан. Тумшуқ қилиб оламан!
Ўзимни ўзим хўрланган деб биламан. Кўнглим чўкиб... отам бечорани эслайман! Одамлар мени сағирлигимни билиб хўрлаяпти, дейман. Сағир бўпмиз, айбдор бўпмизми, дейман.
Ундан кейин... калламдан ўпкалайман! Хўрланишим боисини кал калламдан кўраман. Каллам кал-да, бўлмаса, мени шунчалик хўрлармидилар, дея ўксинаман.
Шунда: узанги йўлдошларим орага тушади. От жиловини ушлаб, тавалло қилади:
— Бир мартагина шайтонга ҳай беринг, Зиёдулла чавандоз! — дейди.
Аразлашимнинг ана шу ерлари кўнглимга ёғдай ёқади! Қобоғимни уюб-уюб, олисларга қарайман. Миқ этмайман!
Узанги йўлдошларим янада ғайрат қилади.
— Зиёдулла чавандоз, сиз кўп улуғ чавандозсиз, шу сафар бизни ўйланг! — дейди.
Аҳай-аҳай! Жоннинг ҳузури-я! Вужудим ҳузур қилади, вужудим роҳат қилади!
Ана шунда мойиллик бераман! Ўйчан-ўйчан бош ирғайман.
— Майли, кўп қўймадиларингиз, юзларингиздан ўтолмадим, — дейман.
Кўпдан буён араз уриш хумор қилиб юриб эди. Мана, қулай вақт келди! Яратганнинг ўзи суйган бандасига юборди! Баҳона-да бинойидай бўлди: от инсонни деб жонини аямади, баковул бўлса, от фидойилигини тақдирламади! Ана баҳона!
19
Мен аразлаб ўтира бердим.
Бир жийрон от селдананг отиб келди. Баковул олдига борди.
Биродарлар, жийрон — малла от бўлади. Оёғи олапайча. Айримлари пешонасида қашқаси-да бўлади. Бунисида йўқ бўлди.
Жийрон чавандози соқолдор чавандоз бўлди. Чавандоз овози нордон-нордон бўлди, аммо хушталқин бўлди:
— Ай баковул, мўйловинг бўлган билан, инсофинг йўқ экан! — деди. — Қара, Тарлон ўзини қа- ердан ташлади! От сендан, мендан қўрққанидан ташламади, йўқ, одамзотга фидойилигидан ташлади! Бундайин ботир от бошидан зар сочсанг-да, ҳақинг кетмайди! Бер ҳақини!
— Улоқ қўлидан тушиб кетди! — деди баковул.
— Берсанг бердинг, бермасанг, шу Тарлонга уйимдан бир қўй олиб келиб бераман! Айт, бўларини айт!
Баковул аросатда қолди. Нима қилишини билмади, нима дейишини билмади. Ҳақ берайин деса, боятдан буён бот-бот бекор, деди. Энди гапидан қайтиш бўлади. Ҳақ бермайин деса, тағин бўлмади. Соқолдор чавандозда авзой ёмон, уйидан қўй олиб келиб беради. Ёмон-ёмон, ана унда ёмон! Баковул номига ёмон, тўй номига ёмон!
13