кўрарди. Ҳатто бир марта рангли туш кўриб, иқболи кула бошлаганига ишонч ҳосил қилган эди. Энди ширин тушлар чекиниб, кулфат тушлари ҳукм юрита бошладими?
Кошки эди булар туш бўлса!
Бундан баттар кулфатларга ҳам дош бера оларди.
Уйқудан уйғониши билан даҳшатли туш исканжасидан қутилиш
мумкин.
Бу исканжадан қачон қутилади?
Тергов давом этарди. Бир ҳил саволларга бир ҳил жавоб беравериб чарчади. Брауннинг уйида унинг бармоқ излари мавжудлигини, кўйлагида эса Брауннинг қони қотиб қолганини сержант далил сифатида келтирарди. Пулга муҳтож бўлиб қарз сўраганини, ҳатто Майкл Антонийга мурожаат қилганини айтганда Жўра ажабланди:
-Мен унақа одамни танимайман,-деди.
-Нега танимайсан? Мусулмонларнинг ибодатхонасига бормаганмисан? -Борганман... Лекин Антоний деган одамни кўрмаганман. Мен
Муҳаммад Абдуллоҳ билан гаплашганман.
-Муҳаммад Абдуллоҳ деганинг Антонийнинг ўзи. Пулга
муҳтожлигингни у ҳам тасдиқлади.
Бу далилларнинг биронтасини рад этишга Жўранинг қурби етмасди.
Полис қўлида чўқмор вазифасини бажараётган далилларни қуруқ сўз билан даф этолмасди. Охирги сўроқдан сўнг сержант “бугун тиниқиб ухлаб ол, эртага суд тақдирингни ҳал қилади”, дегач, аянчли тақдирининг хотимаси не бўлажагини ўйлаб, мижжа қоқмай тонг оттирди.
Эрталаб уни чақириб, панжара эшигини очишганда судга олиб кетишяпти деб ўйлаб, қўрқувдан баданини муздек тер босди. Нафаси сиқилиб, кўз олди қоронғулашди. Шу онда қулоғига Брауннинг овози эшитилгандай бўлди. “Ҳушимдан кетяпманми, алаҳсираяпманми?” деб ўйлади.
Йўқ, ҳали ҳушидан кетмаганди. Алаҳсирамаётган ҳам эди. Тўсиқ ортида чиндан ҳам Браун гапираётганди. Бир неча дақиқадан сўнг Жўра озод этилганини эшитиб, қулоқларига ишонмади.
-Англашилмовчилик юз берибди,-деди Браун узр оҳангида.-Пулимни ўша тун Жаклиннинг уйида қолдирган эканман. Таниш: бу хоним менинг хотиним, сенларнинг тилларингда никоҳсиз хотиним.
120


Сочларини тилла рангга бўяб олган кўҳликкина жувон жилмайиб, Жўрага қўл узатди.
-Сиз Виллини кечиринг. Асосий айб менда. Виллини кузатганимдан кейин мен Канадага учган эдим. Кеча кечқурун қайтсам, жавон тепасида пул турибди. “Нега пулларингни олиб кетмадинг?” деб телефон қилсам, бу нохуш воқеани айтиб берди.
Кечирса-кечирмаса бўлар иш бўлиб ўтган эди. Энди вовайло айтмоққа не ҳожат? Жўра кўчага чиқиб қаерга боришни билмай гангиб турганида Жаклин биргаликда нонушта қилишга таклиф этди. Бу онда Жўранинг томоғидан бир қултум сув ҳам ўтмас эди, шу боис лутфан қилинган таклифни рад этди. Браун бу рад жавобини қабул қилмай, уни билагидан ушлаб, машинага бошлади.
Кичикроқ қаҳвахонага боришиб, ичкари кирмай айвонида ўтирдилар. Жўра ўзини зўрлаб бир тишлам ширин нонни юта олди. Қаҳва ичмади. Илтифотлари учун раҳмат айтиб ўрнидан турмоқчи бўлганида Браун уни тўхтатди.
-Бугунча ишингга бормасанг ҳам бўлади. Хўжайининг ўрнингга бошқа одам олибди. Сен ташвишланма. Бугун ё эртага бошқа иш топиб бераман. Унгача уйингда ётиб туришинг мумкин. Бугун эрталаб мен уй хўжайинидан рухсат олдим.
Жўра пиёда кетмоқчи эди, Браун қўярда қўймай машинасига ўтқизди. Уйга етгач, “ишлатиб тур”, деб бир даста пул берди. Жўра пулга қараб ҳам қўймай машинадан тушди. Зина остидаги кулбасига қандай етиб борганини билолмади. Нафаси сиқилди. Аввал курагида, сўнг ошқозонида қаттиқ оғриқ қўзғолди. Кулба эшигини очди-ю тинтувдан сўнг йиғиштирилмай қолган ўринга ўзини ташлади. Аввалига осмонларда учаётгандай бўлиб роҳатланди. Сўнг ерга қайтиб тушиш ўрнига янада юқори учаверди – Қуёш томон учди. Оқибатда бадани куя бошлади...
Шомга яқин уйга Муҳаммад Абдуллоҳ яқинлашиб янги фаррошдан Жўрани сўради.
-Ҳали келган эди, уйида ётибди шекилли,-деган жавобни эшитиб ўша томон юрди.
Муҳаммад Абдуллоҳ пешиндан сўнг Заринанинг аҳволи билан танишиш учун полис маҳкамасига борган, бирон тайинли гап эшитмагач,
121


Жўрадан хабар олгани у ётган маҳкамага ҳам ўтган эди. Эрталаб озод этилганини эшитиб, шукрона айтиб қувонганича бу томон келганди.
Кулбага яқинлашиб, Жўрани чақирди. Жавоб бўлмагач, эшикни очиб ичкарига қаради. Жўранинг ҳаракатсиз ётганини кўриб, шошилганича иягига кафтини қўйди. Сўнг “инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун”, деб пичирлаганича очиқ қолган кўзларни кафти билан юмдирди-да, мурданинг жағини боғлаб қўйди.
Оқибат
Осмон чиройини очиб турган оппоқ булут парчалари тўзиб кетди. Бирдан кўтарилган кучли шамол фалакни фитнага солаётган қора булутларни суриб келди. Фитна даракчиси бўлмиш момақалдироқ еру кўкни ларзага солди. Худди шуни кутиб тургандай ўн карнай, тўрт сурнай, икки ноғора, олти чилдирма жўр бўлиб ғалати оҳангни бошлади. Осмонда момақалдироқ, ерда кибр даракчилари бўлмиш карнай-сурнайлару ноғора-чилдирмалар баҳси бошланиб, осмондаги фитнадан ердаги кибр устун келди – қоп-қора булутлар бир томчи ҳам ташламай сузиб кетдилар.
Яна қуёш чарақлаганини кўрган Моҳина кампир қувонди. Кечқурун мағзавага уйитиб қўйган кирини ювиб қўймоқчи бўлди. Тоғорани кир ўра яқинига қўйиб иш бошлаганида ўра ўпирилди-ю кампир ўзини биқсиб ётган мағзава ичида кўрди. Ҳарчанд уринмасин, исқирт ўрадан қутулиб чиқолмади. Нафаси қайтиб ўлай деганида...
Чўчиб уйғонди...
Ҳайрият, туши экан...
Моҳина кампир ёстиққа тирсагини тираб қаддини бир оз кўтарди-да,
қўрқувини ҳайдаш учун кўкрагига туфлаб қўйди. Ҳали тонг отмаган эди. Шу боис ўрнидан турмади. Бошига рўмолини ташлаганича ўрин устида чўккалаб ўтираверди. У ҳеч қачон ёлғизликдан қўрқмаган, сиқилмаган эди. Ҳозир ҳовлидаги чироқ нури тушиб турган бўлса-да, атрофини зулмат босгандай юрагига қўрқув оралади. Набирасини чақирди. Бироқ, заиф овози дераза ойнакларига урилиб, сўнди. Яна чақирди. Кейин “Худо олсин, бунақа тушни, шунга қўрқяпманми?” деб ўзини ўзи овутди. Ўрнига чўзилди. Кўзларини юмди. Чап кўкрагида ярадор қуш потирлагандай бўлди. Бунақа пайтда кексалик ёшига
122


етиб, охиратни ўйлаб қолган одам калима келтиргувчи эди. Тушида кир ўрага йиқилган Моҳина кампир эса ўлимни ўйлаб ҳам кўрмади, аксинча, кўрган тушини йўйиш билан банд бўлди. “Тушида ҳожатхонга тушиб кетган одам ўнгида бойиб кетади”, дейишарди. Кир ўра ҳам балки шунақадир. Балки Америкадаги қизим бойиб кетгандир?” деган ўй ўзига маъқул келиб, кўнгил хиралиги бир оз тарқалганда дарвоза эшиги ғийқиллаб очилди. “Суҳроб келди шекилли, бу дайди болани ота-онаси олиб кетса яхши бўларди”, деб ўйлади. Суҳроб келганда зиналарни босиб, уйига кириб кетгувчи эди. Бу сафар унинг қадами товушлари эшитилмади. Бундан ажабланган кампир қаддини кўтараётганда ташқаридан “Опоқи!” деган овоз келди. Моҳина кампир қўшни аёлнинг овозини таниб, шошилганича ўрнидан турди:
-Рухсора, сизмисиз, ярим кечада нима бўлди, тинчликми?-деди деразанинг бир қаватини очиб.
-Сизга Америкадан телпон қилишяпти. Сизга тушишолмаётганмиш,- деди аёл уйқули овозда.
-Телпоним ўлгур ишламаяпти, сими узилган эмиш, жувонмарг бўлгурлар пулни еб кетганми, шу пайтгача улашмаяпти,-Моҳина шундай деб жавраганича ташқарига чиқди-да “Зарина телпон қиляптими?” деб сўради.
-Заринамас, кимлигини танимадим.
-Зарина бўлмаса эридир-да?
-Куёвингизмас, отини бир нима деди-ю, лекин яхши эшитолмадим. Моҳина оёғига эски калишни илиб, қўшни аёлга эргашди. Телефон
гўшагини қулоғига тутиб “Ҳов, ким бу?” дейиши билан “Ассалому алайкум, кеннайи, бу мен Ҳамробекман”, деган овозни эшитди.
-Ҳамробек, ҳа, ярим кечада нега ҳовлиқиб телпон қиляпсан?-деди.- Зарина ёнингдами?
-Заринами? Йўқ...-Ҳамробек шундай деб жим бўлди. Кейин иккиланган оҳангда қўшиб қўйди:-Ҳали чиққани йўқ...
Бу гапга кампир тушунмади. “Телпон қиладиган жойга чиқмадими?” деб ўйлади:
-Ўзи чиқмаса эри чиқса ўлармиди?
-Заринанинг суди ҳали бўлмади.
Бу гапни эшитган кампирнинг баданига муз югурди: -Қанақа суд? Довдираяпсанми?
123


-Довдираганим йўқ. Куёвингиз айтмадиларми?
-Нимани айтади? У лалайган бир гап айтгунича қиёмат бошланиб, тамом ҳам бўлади-ку? Чайналмасдан гапирсанг-чи!
-Заринани қамаб қўйишган.
Унча-бунча шумхабарга довдирамайдиган кампир бу он тилдан қолгандай бўлди. Ҳамробек унинг бу аҳволини сезгандай шошилганича далда беришга киришди:
-Кеннайи ҳавотир олманг, англашилмовчилик бўлди. Эрта-индин чиқиб, уйга кетади. Унгача маслаҳатлашадиган зарур гап бор. Айтаверайми?
-Юрагимни қон қилиб юбординг-ку! Айтсанг айт!-деб бақириб юборди кампир.
-Куёвингиз... ўлиб қолди...
Моҳина кампир куёвини ёқтирмагани билан бу хабарни эшитиб йиғлаб юборай деди. Ҳамробекка гапиришга ҳоли ҳам қолмади.
-Кеннайи, нима қилайлик, бирор қариндоши келиб олиб кетадими ё ўзингиз беш-олти минг доллар юборсангиз... Кеннайи, эшитяпсизми?
Моҳина кампир эшитаётган эди. Лекин Ҳамробекнинг овози тобора узоқлашиб борарди. Кўз олдини эса зулумот қопларди. У телефон устига мук тушди. Рухсора уни ушлаб қолишга улгурмади.
Моҳина кампирнинг юраги катта ҳаражат дарагини эшитгач ёрилдими ё куёвининг вафоти ҳақидаги шумхабарданми – Худо билади. Ожиз бандага сир бўлиб қолувчи ҳақиқатни кампир ўзи билан гўрга олиб кетди.
Моҳина кампирни маҳалла аҳли дафн этди.
Тўрт кундан кейин ўликхонадан Суҳробнинг жасади олиб чиқилиб, унинг ёнига кўмилди.
Дафн маросимида қатнашган Шуҳрат одамлар тарқалиб кетганидан сўнг ҳам Суҳробнинг қабрига тикилганича туриб қолди. Энг кичик жиноятнинг бундай якун топиши унинг учун мутлақо кутилмаган ҳол эди. Суҳроб билан унинг орасида қадрдон дўстлик робитаси йўқ эди. Шундай бўлса-да, унинг қисматига ачинди. Суҳробнинг бундай ўлим топиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмагани, дискотекадаги сўнгги кечада зийраклик қила олмагани учун ўзини ўзи айблади. Энг муҳими – биринчи мустақил ишининг муваффақиятсизлик билан тугаши уни руҳан эзаётган эди. У “Иш” омадсизлик билан якунланди”, деб янглишаётган эди. “Иш”нинг янада мураккаблашгани, гиёҳвандлик
124


қаторига энди қотиллик ҳам қўшилгани, бу жиноятларни очишдаги иштироки давом этажагини жанозадан қайтиб боргач, бошлиғи капитан Менглиевдан эшитгандан сўнг, кўнгли бир оз таскин топади. Орадан кўп ўтмай катта миқдорда мол олиб ўтаётган наркокурьер бу шаҳарда эмас, жанубда, тоғлар орасидан ўтаётганда қўлга тушади. Бир ҳафтадан сўнг эса Суҳробнинг қотиллари қамоққа олинади...
ЯНА НЬЮ ОРЛЕАНДА:
Эгасиз ўлик
Жўранинг мурдаси олиб кетилгач, Муҳаммад Абдуллоҳ полис ходими берган саволларга жавоб қайтарди-ю масжидга шошилди. Пешин намозидан сўнг ёлғиз қолиб, нима қилиши лозимлигини ўйлади. Жўранинг адолатсизлик ҳақида куйиниб гапираётиб ҳамшаҳрини тилга олганини эслади-да, Ҳамробекни излаб кетди. Катта дўконга кираверишдаги майдончада кутиб турган Муҳаммад Абдуллоҳ Ҳамробек чиқиб ўзини танитгач, унга “ўша беоқибат сизмисиз?” деган маънода қараганича шумхабарни маълум қилди. Буни эшитган Ҳамробек гангиб, довдираб қолмади. Чўнтагидан телефонни чиқарди-да “ҳозир” деганича Моҳина кампирнинг рақамини терди. Уч қайта рақам териб боғлана олмагач, кампирнинг қўшнисига қўнғироқ қилиб, шумхабарни етказди. Кампирнинг бирданига жим бўлиб қолишидан, атрофдан эшитилган хавотирли гаплардан қандай кулфат юз берганини англаб, Муҳаммад Абдуллоҳга қараганича жим қолди. У рақам тераётганда ҳам, гаплашаётганда ҳам сукут сақлаб турган Муҳаммад Абдуллоҳ бу сафар ҳам шошилмади – кутди.
-Кампир ўлиб қолди шекилли?-деди Ҳамробек.-Тўхтанг, яна аниқлай...
Муҳаммад Абдуллоҳ “ҳа, албатта аниқланг”, дегандай бош ирғаб унинг қарорини маъқуллади. Тўрт-беш дақиқадан сўнг Ҳамробек кампирнинг қўшнисига яна боғланиб, янглишмаганига ишонч ҳосил қилди.
-Жўра акамизнинг бошқа қариндошларини билмайман,-деди Ҳамробек “Энди нима қилдик?” деган маънода Муҳаммад Абдуллоҳга қараб. Кейин ҳудди ўзига ўзи гапираётгандай давом этди:-Қариндошларини топганим билан биронтаси келиб ўликни олиб кетадими ё йўқми? Балки... хотини чиққунича ўликхонада тура турсинми?
-Мумкин эмас,-деди Муҳаммад Абдуллоҳ унинг гапини бўлиб.-Майит тили қотмай туриб қабрга қўйилиши шарт.
125


-Унда... ҳукуматнинг ўзи... ёқиб, кулини кўмиб қўя қолар? Эгасиз ўликни шундай қилишади, деб эшитувдим.
-Астағфируллоҳ!-деб юборди Муҳаммад Абдуллоҳ.-Нега ундай дейсиз, биродар?! Нега эгаси бўлмас экан? Мусулмончиликда ўлик куйдирилмайди. Масжидимиз жамоати жаноза ўқиб, мусулмонлар мозорига ўзи дафн этади.
-Мендан қандай ёрдам керак? Кафанлик олиб берайинми?
-Сиз маҳбусадан хабар олинг, тирикнинг ғамини енг...
Муҳаммад Абдуллоҳ шундай деб изига қайтди. Ҳамробек “Жўра ака бу
одамни қаердан топибди?” деган ўйда қолаверди.
Полис тиббий экспертизаси Жўранинг ўз ажали билан вафот этганини
тасдиқлагач, жасад масжидга олиб келиниб, ювилиб, кафанланди. Йигирмадан зиёд мусулмон жаноза намозини ўқиб, нотаниш мусофирни дафн этди...
Муҳаммад Абдуллоҳнинг илтимоси билан холисона хизматга бел боғлаган адвокат уч кундан сўнг бўлиб ўтган суд жараёнида махбусанинг бегуноҳлигини исбот этгач, Зарина озод этилди.
Заринанинг тупроғи қуримаган қабр устида фарёд этишдан ўзга чораси йўқ эди.
Кўзларидан қон ёшлари оқизиб, юртига қайтди.
Қайтишидан икки кун олдин Моҳина кампирнинг уйига кутилмаганда ўт тушди.
Шуҳрат Моҳина кампирнинг долларга айлантирилиб беркитиб қўйилган пуллари ҳам борлигини таҳмин қилиб янглишмаган эди. Бироқ, афсуским, бу таҳмин тасдиғини топмади. Ёнғинда неча минг доллар пулнинг кул бўлгани сирлигича қолди...
Муаллифдан
Аллоҳимга шукр!
Ният қилинган баён Раббимнинг марҳамати туфайли охирига етказилди. Ожиз бандаман, хато-камчиликларга йўл қўйган бўлсам, Тангри таоло ҳузурида тавба қиламан, сиз, азизлардан эса узр сўрайман.
Кўнглим сезиб турибди: Суҳробнинг қисмати шундай тугаши керак эди, дегувчилар оз эмасдир. Аммо Зарина билан Жўранинг тақдири бўйича баҳс юритувчилар топилса керак. “Четга чиқиб ризқини топиб юрганлар кўп-ку, ана,
126


фалончи қариндошимиз Россияга бориб минг доллар ишлаб келди”, дегувчиларга биз нима ҳам дея олардик? Дунё ҳаммага бир ҳилда кулиб боқавермайди. Ҳақиқат шуки, четга чиқувчиларнинг барчаси бойиб қайтаётгани йўқ. Маълум миқдорда маблағ топяптилар. Аммо узоқларда бир сент ёки бир копейка топмоқ учун меҳрга ташна юраклари юрт ва қариндошлар соғинчи билан қанчалар азоб чекаётганини уларнинг ўзлари биладилар.
Яқинда Россия телевидениесида кўрдим: “Газел” микроавтобуси ҳалокатга учраб, тирик жон қолмабди. Йўловчиларнинг барчаси қурилишда ёлланиб ишлаётган юртдошларимиз экан...
Бир йигит отасининг норозилигига қарамай Кореяга бахт излаб кетибди. Қуруқ чўнтак, аммо оғир хасталик билан уйига қайтибди. Отасининг топган пули уни шифолашга сарфланаётган экан...
Кўнгилни поралаб ташловчи яна бир воқеа: андижонлик бир жувон олти ойлик қизчасини сотмоқчи бўлаётганида ҳибсга олинибди. Россиянинг Екатеринбург шаҳрига бахт излаб борган бу аёл мазкур жинояти учун камида ўн йил умрини қамоқда ўтказади. Бошқа бир жувон эса ўзи туққан боласидан қутилиш учун чақалоғини совуқ ўрмонда қолдирибди... Бунақа воқеалар кам учраётган бўлса-да, ҳар бири ҳақида маълумот эшитганимизда юракларимиз зириллайди. Бошқаларни билмайман, бироқ мен бу каби хабарларни эшитганимдан иснод гулханида куяман.
Яна баъзи биродарларимиз асарни ёзишдан мақсад – ҳорижни, хусусан Американи ёмонлашдир, деб эътироз билдиришлари мумкин. Қўлга қалам олишда каминада бундай ният бўлмаган. Чунки ўзга мамлакатни ёмонлаш учун менда асос ҳам, ҳуқуқ ҳам йўқ. Кимгадир қайсидир жой ёқар экан, унинг кўнгил истагига қарши бориш бизнинг вазифамиз эмас. Яна бир ҳақиқат борки, Америка америкаликлар учун, Олмония немислар учун, Россия россияликлар учун суюмли ва қадрлидир. Яна ажабки, биздаги айрим одамлар Россияга ризқ излаб бораётган дамда, россиялик ўз бахтини Америкада қидиряпти. Америкадан Оврупога келаётганлар ҳам бор... Дунё шунақа ажабтовур бўлиб қолди. Ризқ ва бахт излаб дунё кезиб юрганлар айрим-айрим одамлардир. Уларга қараб миллатга баҳо бериб бўлмайди. Ҳозир Оврупонинг кўпгина мамлакатларида ризқ излаб келаётганларга қарши миллатчилик ҳаракатлари ҳам мавжуд. Бу ҳаракатларга қараб ҳам ўша миллатга баҳо бериш хатоликдир.
127



Айримларга бахт макони бўлиб туюлувчи Америка Қўшма Штатлари ҳақида кейинги юз йил ичида турли қарама-қарши фикрлар баён қилинган. Рус ёзувчиси Максим Горкий бу мамлакатни “Сариқ иблис шаҳри” деб атагандан бери қарийб юз йил вақт ўтди. Бу вақт давомида Америка иқтисодий жиҳатдан янада бойиди, аммо маънавий жиҳатдан иблисга янада батарроқ қул бўлганини майли, биз айтмайлик. Шу юрт адиби Ролф Эмерсоннинг фикрига қулоқ тутайлик: “Биз мансуб бўлган миллат оломонга айланиб қолди. Биз ҳанузгача комил инсонни кўра олганимиз йўқ. Унинг маънавий-руҳий ҳолатини ҳам ҳали тўғри тасаввур этолмаймиз. Комил шахсни фақат орзу қиламиз. Лекин у ҳақидаги хабардан нари ўтолмаймиз. Унга хос бўлган қувват ва сеҳрли қобилият биз учун мубҳам ва номаълумдир”.
Рус ёзувчиларидан бири яқинда АҚШга борганида Кубадан қочиб ўтган муҳожирлар билан гаплашибди. Уларнинг биттагина гапини баён этсак кифоя қилар: “Биз Кубада қашшоқ яшасак-да, бахтли эдик. Бу ерда ҳам қашшоқмиз, ҳам бебахтмиз”.
Мазкур сатрлар ёзилаётган онда кимдир узоқ ҳорижда бахт излашни хаёл қилиб ўтиргандир. Биз уларнинг аввал ўйлаб, сўнг бу йўлга қадам қўйишларини истардик... “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар жойда бор тошу турозу”, деган мақолни унутмасак ёмон бўлмас.
Асарни ўқиб бўлганингиздан сўнг “шу воқеалар ростдан бўлганми ё ёзувчи тўқиб чиқарганми?” деб ўйлашингиз табиий. Ҳар ҳолда китобхонлар билан учрашувларда шундай саволларни кўп эшитаман. Шу боис, саволларнинг олдини олиб, айтиб қўя қолай: воқеалар тўқилмаган.
Фақат... Заринанинг тақдирини ўзгартириб ёзишга қарор қилдим. Аслида... Зарина Америкадаги полис турмасида вафот этган, мурдаси куйдирилиб, қутичадаги кули ҳамшаҳрига берилган эди. Қариндошининг кулини олиб келиб, ғойиб жаноза ўқиттирган, сўнг эса Моҳина кампирнинг ёнига кўмдирган одам бу аянчли воқеани менга ҳикоя қилиб берган эди. Мен у одамнинг асл исмини яшириб, асарда “Ҳамробек” деб қўйдим.
Шундай оқибатсиз одамларнинг мусофирликда ҳамроҳ бўлишидан Аллоҳ асрасин!
Асардаги сўнгги сатрларни ўқиётганингизда қандай руҳий ҳолатга тушганингиз каминага қоронғу.
Мен эсам... кўнглимни эзган бир туйғу билан сўнгги нуқтани қўйдим. 128

Хитобим шуки: фоний дунёда энг кичик жиноят учун кичик жазо кутмоқлик нодонликдир. Гуноҳлар “катта” (гуноҳи кабира) ва “кичик” (гуноҳи сағира) деган турга бўлинади. Юракка ханжар санчилгандаги ҳам, кичик игна санчилгандаги ҳам оқибат маълум.
Каттами кичикми гуноҳ қилиб қўйишдан сақланган одам саодат эгасидир. Аллоҳим барчаларимизга шу саодатни насиб этсин! Омийн!
Ҳамиша сиз - азизларнинг ҳақларига дуода бўлувчи биродарингиз Тоҳир Малик, деб билгайсизлар.
Тоҳир Малик

Internet uchun shogirdcha tayyorladi.
129