дискотекадан ярим тунда чиққан Суҳробни кузатиб келиб, мижжа қоқмаган эди. Кутиш азобининг навбати энди “Тико”даги йигитларга қолди. Ярим соатдан сўнг дарвоза эшиги очилганда улар сергакланишди. Моҳина кампир кўриниши билан бу янгиликни рация орқали марказга маълум қилиб, кузатишни давом этишди. Улар кутаётган одам – Суҳроб салкам уч соатдан сўнг кўринди. У ҳотиржам равишда кўчага чиқиб, дарвоза эшигини қулфлади-да, калитни чўнтагига солиб, катта кўча томон юрди.
-Жуда ҳотиржам-ку? Атрофига аланглаб ҳам қўймади,-деди кузатаётганларнинг бири.
-Учдан бири: ё ҳеч нарсани билмайди ё лақма ё ўзига ҳаддан зиёд ишонади,-деди иккинчиси сўнг рация билан боғланди:- Мен тўртинчиман. Объект кўринди. Гулистон кўчаси бўйлаб кетяпти. Изидан борамиз.
Суҳроб қандай касофатга аралашиб қолганини, милиция томонидан ҳар бир ҳаракати кузатилаётганини ўйлаб ҳам кўрмаганди. Кеча Ражаб бир меҳмонни кутиб олишни илтимос қилди. Кимлигини айтмади. “Ўзи сени танийди. Катта соатнинг тагида турсанг, келиб кўришади. Кейин таксига ўтириб, бизникига бошлаб келаверасан”, деб кира ҳақини ҳам берган эди. Эрталаб бувисининг уйғотиб хархаша қилишидан тинчи бузилган Суҳроб яна икки соат ухлаб олган бўлса ҳам аъзойи бадани қақшаётгани учун кўчага чиқишни ҳам истамаганди. Кеча Ражаб “Яқинда омадинг кулиб бахтиёр бўлиб қоласан”, деб кўнглида умид чироғини ёққани учун ўзини ўзи мажбурлаб, буюрилган вазифани бажаришга отланди. Катта кўчага бурилишдаги дўконга кириб бош оғриғини босиб чиқди. Сўнг троллейбус кутди. Йигирманчи троллейбусга чиқиб темир йўл шоҳбекати томон йўл олгани рация орқали марказга маълум қилинганда у ердагилар Суҳробнинг мақсадини англагандай бўлишди. Бир соатдан сўнг келиб тўхтайдиган “Душанбе-Москва” поездини кутиш учун кетаётганига шубҳа қолмади. Поездда ким келади? Маҳманёровми? Қора дори олиб келиб топширадими? Ҳар ҳолда шоҳбекатда топширмаса керак. Унда қаерга боришади?
Суҳроб шоҳбекатда поезд келишини кутаётганида марказдагилар шу саволларга жавоб топиш билан банд эдилар.
Поезд келди. Кетди ҳам.
112


Катта соат тагида турган Суҳробга ҳеч ким яқинлашмади. Бундан Суҳробнинг ўзи ҳам, кузатаётганлар ҳам ажабланишди. Бесабрлик билан чекавериб сигарет қутисини яримлатган Суҳроб охири “Ражаб мени лақиллатибди” деган хулосага келиб ғазабланди-да, яна троллейбусга ўтириб, изига қайтди.
Бувисининг “узилган телефон кабели” учун берган пули асқотиб, пивохонада кечгача ўзини овутиб ўтирди. Кўчада ҳаракат сийраклашиб, дискотека атрофи гавжумлаша бошлаганида Шуҳрат келди. Суҳроб жойидан жилмай, унга қўл узатиб кўришди:
-Энди келмассан, қоранг ўчиб кетгандир, деб ўйлаётувдим.
-Каттани энг катта чақиртирган экан, келишини кутдим. Бугун адам билан орани очиқ қилиб олдим.
-Уришиб қолдингми?
-Йўқ, милисадан бўшашимга розилик олдим. Ҳозирча катта бозордаги “стоянка”ни берадиган бўлдилар. Паттачиликни сенга атаб қўйдим.
Суҳроб бу марҳаматдан оғринди. У катта бозордаги “стоянка” деб номланмиш қўналға майдонидан тушадиган фойдани чамалай оларди. Паттачининг топар-тутари ёмон эмаслиги ҳам унга маълум эди. Шунга қарамай бу вазифани ўзи учун ор деб билиб пешонасини тириштирди:
-Паттачилигингни пишириб е! Индамасам жа-а тупроққа қориштириб юборасан-а? Мен балчиқдан чиққан шумшук эмасман. Аданг бу ерда додахўжа бўлса, менинг адам билан ойим Америкада олимлик қилиб юришибди, сенинг сарқитингга муҳтожлигим йўқ.
Шуҳрат “Ростданми? Зўрсан-ку?” деган маънода унга истеҳзо билан қараб кулимсиради-да:
-Унда тенг шерикликка олайми? Бунинг ҳаражати бўлади, чидайсанми?-деди жиддийлашиб.
Бувисининг пулига қарам бўлиб қолган йигитга ҳаражат ҳақида гапирилиши дарё гирдобига тушиб қолган ночор одамдан ёрдам сўрашдай кулгили ҳол эди. Суҳроб ўзини гирдобда эканини билса ҳам ночорлигини тан олишни истамасди. Ҳозир Шуҳрат “ҳаражати бўлади, чидайсанми?” деб шу ночорлигини атай эслатгандай туюлди-ю ғазабланганини яширмай унга ўқрайди:
113


-Сен олдин ўзингни эплаб ол. Эрта-индин бир иш бошлаяпман, чидасанг, сени шерикликка олишим мумкин.
Шуҳрат унинг ғазабланганини сезмагандай, гапидан астойдил қувонгандай жилмайди:
-Бўлди, гап йўқ! Мен милисадан эсон-омон бўшаб олай. Иккаламизнинг ишимизни тарозига солиб кўрамиз. Қайси бири зўр бўлса, ўша томонни урамиз. Шарт битта бўлади: сеники зўр чиқса, ҳаражатдан сен кечасан, меники зўр чиқса, мен кечаман.
Бу тантиликдан кейин иккови дискотека томон юрди. Дискотекада узоқ қолишмади. Буфетдан “Фанта” олиб ичишаётганда Шуҳрат рақсга тушаётганларга қараб чалғиди-ю эшик томонда Ражаб кўриниб, Суҳробни имлаб чақирганини сезмай қолди. Ражаб олдинлари ҳам ҳудди шундай имлаб, ёнига чақириб оларди-да бирон бир мижоз ҳақида гаплашарди. Шу боис ҳам Суҳроб ҳозирги чорловдан ажабланмади. Аксинча, Шуҳратни таажжубда қолдириб “Ҳозир келаман”, деганича кўча томон юрди. Шуҳрат Суҳробнинг бу ҳаракати замирида кутилмаган сир борлигини сезса-да, ўша заҳоти изидан эргашишга иккиланди. Бир неча дақиқалик иккиланишдан сўнг тайин бир қарорга келиб кўчага чиқди.
Атроф кимсасиз эди. Менглиевнинг гапига кўра шу атрофда кимдир бўлиши шарт эди. Аммо ўша “кимдир” ҳам кўринмади. “Устоз адашган шекилли, одам қўйишга улгуришмагандир?” деб ўйлаган Шуҳрат Суҳробнинг пайдо бўлиб қолишига умид қилиб турди.
Менглиев адашмаган эди. Зарурат туғилган онда Шуҳратни ҳимоя қилувчи одам Ражабнинг ичкарига тезгина кириб чиққанидан сергакланиб, бу ҳақда марказни огоҳлантираётган онда Суҳроб пайдо бўлганди. У пивохона томон юрган Ражабга эргашганида кузатувчи ўша ерда гаплашиб олишса керак, деб ўйлади. Аммо Ражаб ҳам, изидан бораётган Суҳроб ҳам пивохонани четлаб ўтиб қоронғу кўчага бурилдилар. Шошилганича уларга эргашган кузатувчи машина эшикларининг ёпилганини эшитди. Чироқлари ёқилмагани учун машина рақамларини кўра олмади.
Ражабнинг бу сирли ҳаракатидан ажабланган Суҳроб машинага ўтириши билан:
-Ҳа, тинчликми, ит қувлаган гадойдек ҳовлиқиб қолдинг?-деб сўради. -Ит қувлаган гадой мен эмас, сенсан, аҳмоқ!-деди Ражаб жеркиб.
114


-Ҳа, мен аҳмоқман. Бугун мени росманасига аҳмоқ қилдинг. Меҳмонингни икки соат кутдим,-деди Суҳроб.
Ражаб унга жавоб қайтармади. Манзилга етгунча индамай борди. Шаҳардан ташқарига чиқишганда Суҳроб ташвишланди, бироқ қўрқувини ошкор қилиб қўймаслик учун жим кетаверди. Қачонлардир катта жамоа хўжалигининг молхонаси бўлган овлоққа етишганда машина тўхтаб, аввал ҳайдовчи тушди. Бостирма томон бориб келиб, Ражабга:
-Бу ёғи бехит, тушаверларинг,-деди.
Суҳроб Ражабдан кейин тушиб, унга эргашди. Бостирмада одам қораси кўринди. Суҳроб аввалига унинг кимлигини ажрата олмади. Бетон охур ёнида тўхташгач “Келдингми итнинг ялоғи?” деган овоздан Максни таниди. Кўнгли бир шумликни сезиб, тиззалари қалтирай бошлади.
-Келишга келдим-у, лекин нега келганимга тушунмай турибман,-деди.
-Ҳозир чиққан жойингга кирғизворганимдан кейин тушунасан,-деди Макс таҳдид оҳангида.
Суҳроб: “Нима гуноҳ қилдим? Қарзимдан қутилганман. Секин-секин мижоз топяпман”,-деб ўзини оқлай бошлади. Макс эса унинг гапларини эштишни ҳам истамади:
-Сен ахлат ошнангга ишониб, бизга хиёнат қилдинг.
-Ошнам мени алдамайди. Бугун ишдан бўшайман, деб ариза берган. Мен бир ҳафтада уни игнага ўтқазиб бераман.
Суҳроб шундай дейиши билан жағига мушт тушиб, гандираклаб кетди. Муштнинг кичиклиги ва заифлигидан Макс урганини билди.
-Ахлат ошнангни қорадорига аралашгани учун икки йил олдин Академиядан ҳайдашганмиди? Бизни шундай деб лақиллатувдингми? Ҳа, ошнанг сени алдамайди, биз ҳам сен валаки-салангга ишониб кетаверамиз. Академия эса “лақманинг синфдоши ҳайдалмаган, яхши ўқиб битирган”, деяпти-ку, нима қилайлик, кимга ишонайлик?
-Билмайман, мен бориб текширганим йўқ,-деб ғўдиранди Суҳроб.
-Сен текширмаган бўлсанг, биз текширдик. Бугун орқангдан одам тушганини билмадингми, хунаса! “Кўчамда бир ёни пачоқ “Тико” нима қилиб турибди?” деб ўйлаш учун ҳам ақл керакми?
115



Суҳроб бу машинани кўрган, лекин аҳамият бермаган эди. Ҳозир “Ростданам изимга тушишганми? Шунинг учун вокзалда ҳеч ким менга яқинлашмадими?” деб ўйлаб, юраги қўрқувдан тўхтаб қолаёзди.
-Энди тўғрисини айтасан бизга: ахлат ошнанг сендан нимани сўради?
-Ҳеч нима. Милисадан бўшаб катта бозордаги стоянкани олар экан, шуни айтди.
-Нашани қаердан олишингни сўрамадими?
-Сўрамади.
-Чўпчагингни аммангнинг эрига бориб айтасан!
Суҳробнинг жағига яна мушт тушди. Бу сафар мушт каттароқ, зарбаси
ҳам кучлироқ эди. Ражаб муштладими ё машина ҳайдовчисими, Суҳроб сезмай ҳам қолди. Ёнбошига йиқилиб, чаккаси бетон охурга урилди. Ҳушини йўқотаётган пайтда томоғидан тепки еб хириллаб қолди.
Шундан сўнг...
Қоронғу бостирма бирдан ёришди. Ён атрофида Макс ҳам, Ражаб ҳам кўринмади. Ҳатто молхона ҳам кўздан йўқолиб, жазирама саҳро барханлари кўринди. Қум тепалигидан бир одам тушиб кела бошлади. Суҳроб диққат қилиб қаради: адаси! Адасини от қилиб миниб олган бола эса... ўзи! Болалигида адаси уни елкасига миндириб олиб ўйнатарди. Лекин... бу саҳро қаердан пайдо бўлди? Бир бархандан тушиб келган адаси иккинчисига кўтарила бошлади. Шу онда иккинчи бархан тепасида қучоқ очиб турган бувиси кўринди. Кейин бувисининг ғазабли овози жаранглаб, саҳрони тўзитиб юборди:
“Келиб-келиб рўзанинг биринчи куни ўғирликка тушасанми, уйинг куйгур! Мен бу пулларни ўлимлигимга деб йиғятувдим, илойим ўлимлигингга буюрсин!”
Суҳроб бувисининг бу қарғишини пулни ўғирлаган куни ўз қулоғи билан эшитган эди. Ҳозир қайта-қайта жаранглаб, акс-садо бераверди:
...уйинг куйгур!
...ўлимлигимга деб йиғятувдим, илойим ўлимлигингга буюрсин! ...ўлимлигингга буюрсин...
Бувисининг ғазабли товуши сўнди. Қарғиши ҳам қумга сингиб
кетгандай бўлди...
Бувисини бепоён саҳро ютиб юборгандай бўлиб, кўзга кўринмай қолди.
Энди саҳро сукутини Макснинг овози бузди: 116

-Нима бўлди? Ўлиб қолдими?
-Шунақага ўхшайди...
-Хириллаяпти-ку?
-Хирилламаяпти, тинчиди.
-Хашакнинг устига ташлаб, ёқиб юбор, туққан онаси ҳам танимайдиган
бўлсин.
Суҳроб узоқдан эшитилаётган бу гапга жавобан “Мен тирикман!” деб
ҳайқирмоқчи бўлди. Овози чиқмади...
Одамлар Қадр кечаси неъматларидан баҳраманд бўлаётган онда Суҳроб
жон таслим қилган, жасади эса куйиб кетган эди.
Уч кун ўтгач, эчкисини ўтлатиб юрган кампир унинг ирий бошлаган
мурдасини кўриб қолди. Кийимларидан тушиб қолган уй калити туфайли мурданинг кимлиги аниқланди. Унга қадар эса...
ЎША КУНИ, НЬЮ ОРЛЕАНДА:
Қуёш томон учган одам
Ярим тунда келган Вилли Браун машина эшигини очиб, бир оёғини ерга қўйди-ю, аммо ташқарига чиқиб қаддини кўтаришга қуввати етмади. Йиқилиб тушишдан қўрқиб Жўрани чақирди. Жўра уйғоқ эди. Авваллари бу малла майхўрни ё опичиб ё қўлтиғига кириб, уйига олиб чиқиб қўярди. Муҳтожлиги ва иложсизлиги важҳидан қарз сўраганида ундан эшитган гапларни ҳазм қила олмади. Уни кўргиси ҳам, алмойи-алжойи гапларини эшитгиси ҳам келмай қолди.
Жўрадан дарак бўлавермагач, Браун машинасидан бир амаллаб тушиб, гандираклаганича юра бошлади. Уй эшигига етгунича икки марта йиқилиб, сўкинди. Остона ҳатлагач, зина остидаги бошпанага қараб, Жўрани яна чақирди. Жавоб бўлмагач, баралла сўкиниб, зинага оёқ қўйиши билан гурсиллаб йиқилди. Шундан кейин Жўра кулбасидан чиқишга мажбур бўлди. Брауннинг лаби зина қиррасига урилиб қонай бошлаган эди. Жўра уни уйига олиб чиқди-да, сочиқни муздек сувда намлаб, лабига босди. Браун одати бўйича вайсашини бошлагач, “ҳозир келаман” деган баҳонада изига қайтди.
Тонгда одати бўйича туриб, вазифасини бажарди. Кун ёйилганда Брауннинг машинаси ёнида полис машинаси тўхтаганини кўриб “Заринани
117


қайтариб олиб келишдимикин?” деган умидда қараб қолди. Машинадан тушган икки полис ходими Жўрага таниш эди. Зарина қамалган куни келиб зина остидаги бошпанасини тинтиб чиққан бу икки полиснинг яна пайдо бўлишидан ташвишланди. Лекин парвосиз равишда ёнидан ўтиб, уйга кириб кетишгач, ҳотиржам бўлиб, майсазордаги ишини давом эттирди. Ярим соатлардан сўнг полиснинг бири ташқарига чиқиб Жўрани чақирди. Жўра яқинлашганда “қўлларингни узат!” деб буюрди. Жўра нима учун қўлларини узатиши кераклигининг сабабини сўрашга улгурмай билагига кишан урилди. Иккинчи полис бу пайтда зина остидаги кулбани тинтув қилишни бошлаб юборган эди. Кутилмаган бу кулфатдан гангиб қолган Жўра: “Яна кокоин қидиряпсизми?”- деб сўрашга ўзида куч топди.
-Йўқ,-деди полис, сўнг пичинг билан қўшиб қўйди:- атом бомбаси ҳам қидирмаяпман. Нима излаётганимни ўзинг биласан. Агар бизни қидиртирмай ўзинг олиб берсанг, суд бу марҳаматингни ҳисобга олади.
-Нимани?
-Мистер Брауннинг уйидан ўғирлаб чиққан пулни айтяпман, хўш, қаерга беркитдинг?
Бунақа пайтда “ҳазиллашяпсизми?” ёки “жинни бўлганмисиз?” дейиш ҳам ўринли. Бу юртда оз бўлса-да яшаб одатларини тушуна бошлаган Жўра уларнинг ҳазиллашмаслигини, жинни ҳам эмаслигини биларди. Шу сабабли таажжубини қандай изҳор этишни билмай соқов одам ҳолатида тураверди. Полис бу сукутни “гуноҳига иқрор бўлди” деган маънода англаб, кўзларига тикилганича жавоб кутди.
-Пул қаерда?-деди орқа томонда турган полис унинг курагига қаттиқ туртиб. Кутилмаган зарбадан Жўра қалқиб кетди. Иккинчи полис елкасидан ушлаб қолмаганида йиқилиб тушиши аниқ эди. Полис уни йиқилишдан асраб қолиш учун ушлаб қолмаганди. Чап қўли билан елкадан ушлаган полиснинг ўнг мушти Жўранинг қорнига тушиб, энкайтириб қўйди. Шундан сўнг иккала полисда инсоф фазилати уйғондими ё иқрор учун икки мушт кифоя деб ўйлашдими, ҳар ҳолда бошқа уришмади.
Зинапояда қадам товушлари эшитилгач, Жўра қаддини кўтариб чуқур- чуқур нафас олди. Ёрилган лабига малҳамқоғоз ёпиштириб олган Браунни кўриб, унга нажотталаб кўзи билан қаради-ю малланинг авзойида шафқат нурини илғамади. Дод деб юборгиси келди, бироқ бу нола томоғидан ўтмади,
118


хириллаган овоз чиқариш билан чекланди. Сўнг ундан кўзини узмаган ҳолда деди:
-Мистер Браун, тушунолмай қолдим: менга нима учун туҳмат қиляпсиз? Мен сиз билан амал талашмаётган бўлсам, обрў талашмаётган бўлсам. Шу кулбадан бошқа ҳеч нимам бўлмаса... Мени йўқотиш сизга нима учун керак бўлиб қолди?
-Сени йўқотишми? Жиноятчи қамоқда ўтириши керак. Мен ҳам ҳайронман: пулни ўғирлабсан, майли, лекин мени нега урдинг? Қаршилик қилдимми?
-Мен сизни... урибманми? Мен умримда бировга қўл кўтармаганман. -Унда лабим ўз-ўзидан ёрилдими?
-Ахир... эсингизда йўқми? Мана шу ерда, шу зинага йиқилиб
тушдингиз. Мен сизни кўтариб уйингизга олиб чиқдим. Оқаётган қонни тўхтатдим. Сочиқни муздек сувда намлаб босдим.
-Шу ерга йиқилдими? Лаби шу ерда ёрилдими? Унда қон излари қани?- деб сўради полис.
-Мен... зиналарни ювганман.
-Нега ювасан? Жиноят изларини беркитиш учунми?
-Қанақа жиноят изи?.. Мен ҳар куни уч марта юваман бу зиналарни.
Бугун тонгда ювганман.
-Сен ҳам ўғри, ҳам зўравон, ҳам ёлғончи экансан,-деди Браун нафрат
билан.-Лекин мен бундан ажабланмайман. Чунки ёлғончи бўлмасанг, ўғирликни эплай олмас эдинг. Сен катта хатога йўл қўйдинг. Шу пулни сенга ёрдам учун бермоқчи эдим. Энди ўзингдан кўр. Ҳозир қайтармасанг, турмада ўлиб кетасан.
Полис кулбани титишни давом эттирмоқчи эди, Браун уни тўхтатди:
-Бу ердан қидиришнинг фойдаси йўқ. Ўғирлашни билган одам яширишни ҳам билади. Олиб кетинг. Иқрор қилишнинг йўлларини ўзингиз биласиз.
Гарчи Брауннинг полисга буйруқ беришга ҳаққи бўлмаса-да, жабрланувчи сифатидаги гапи уларга маъқул келиб, Жўрани машина сари судрашди.
Панжара ортига ташланган Жўра қўрқинчли туш кўраётгандай сесканиб-сесканиб тушарди. Бу юртга келмасидан аввал ширин тушлар
119