қарамасдан “Нега сафимизга турмадингиз, бу ерга келишдан мақсадингиз нима?” деб сўрамади. Аксинча, мулойим оҳангда “Кўринишингиздан мусофирга ўхшайсиз, қаерликсиз, биродар?” деб сўради.
-Ўзбекистонданман,-деди Жўра.
-Ҳа, ҳазрати Бухорий юртиданмисиз, келинг, унда бошқатдан кўришайлик, улуғ жойларнинг ҳавосини олиб келибсиз.
Ибодатсиз кимсанинг улуғ жойлар ҳавосини олиб келиши маҳол эканини имом билса-да, ўша табаррук ва шарафли масканлар ҳурматидан Жўра билан қучоқлашиб кўришишни маъқул топди. Ер юзида шарафланган шаҳарлар, зиёратгоҳлар оз эмас. Аҳли диёнат ўша жойларни бир мартагина бўлса-да, кўришга интилади, бу зиёратни насиб этишни Худодан сўраб, муножотлар қилади. Миллионларнинг қалбини ўзига тортиб турган ўнлаб масканларда яшовчиларнинг айримлари эса қандай улуғ жойда истиқомат қилаётганини ҳис эта олмайди. Имом бу ҳақда кўп ўйлар, ибодатсизларни бошқалар каби айбламас, билакс, уларга ачинарди. Айблайдиганларга танбеҳ берарди-да, “Худо уларни синов дарёсига ташлаб, ғарқ қилишни иҳтиёр этган бўлса, “ўлганни устига тепган” қабилида айблашимиз инсофдан эмас. Бунинг ўрнига Аллоҳдан сўрайлик, уларни чўктирмай, ҳидоятнинг йўлига солсин”, дер эди.
Ҳозир ҳам Жўрани биродарлик муҳаббати билан бағрига босиб, унга ҳидоят тилади. “Бир ҳожат юзасидан келганингни билиб турибман, ҳожатингни мен раво қила олмайман. Ғам-ташвишларингни кўтаргувчи ёлғиз Аллоҳдир, шундай экан, унинг уйига яқин келганинг ҳолда, ичкари кириб нечун саждага бош қўймадинг, Яратганнинг қули эканингни тасдиқ этмадинг? Бу аҳволда нимадан умид қиларсан?” деб унинг боши узра маломат тошлари ёғдирмади. Омонлашиб бўлгач, ўтиришга жой кўрсатиб, ўзи ҳам унинг рўпарасидан жой олди-да:
-Исмим Муҳаммад Абдуллоҳ, Аллоҳнинг шу уйида баҳоли қудрат имомгарчиликка ўтиб тураман,-деб таништирди.
Гарчи “дардингизни айтаверинг”, демаган бўлса-да, бу таништирувдан сўнг Жўра гапни айлантирмай муддаога ўтиши лозимлигини англади. Аввал ўзини таништиргач, аҳволини баён қилди. Гапи якунида юракда тўпланган ҳасрат тутунини бир “уфф”билан чиқармоқчи бўлди. Муҳаммад Абдуллоҳ уфф тортмоқ шунчаки дард изҳори эмас, ношукурлик аломати ҳам эканини, ҳар
104


қандай азобга дуч келган тақдирда банда шукр қилмоғи шартлигини айтиб, насиҳат бошламади. Маст одамга ичкиликнинг ҳаромлигини тушунтириш мумкин бўлмаганидек, бошига тушган кулфатлардан гангиб ўтирган бу одамга насиҳат қилиш ортиқча эканини у англаб турарди.
Одатда бировга дардини айтган одамнинг кўнгли сал равшанлашади. Жўра эса бошига тушган кулфат баёнини охирига етказиб, баттар эзилди.
-Адолатсиз мамлакатдан адолат тилаб юрибман. Бу ёғи нима бўлишини билмайман...-деди аламли овозда. Сўнг “Бегона одамга ҳасратимни дастурхон қилишим тўғри бўлдими?” деган хаёлга бориб, бошини эгди. Дўсти Нуриддин “Агар томирларингдаги қонда меҳр тўлқини жўшиб турмаса, у қон эмас, балчиқ суви экан”, деб такрорлашни ёқтирарди. Жўра бу онда дўстининг шу ҳикматини эслаб, “Бу одамнинг томирида қандай қон оқар экан?” деб ўйлади.
Жўра учун оқ дўппили бу қора одам нотаниш бўлгани билан, нажот илинжидаги бу дардли киши Муҳаммад Абдуллоҳнинг назарида бегона эмасди. “Ер юзидаги миллиард-миллиард инсонлар Одам Ато ва Момо Ҳавво фарзандларидир, барчалари бир-бирларига биродардирлар”, деган ақидага кўра яшовчи бу одам дардли биродарининг мушкулини шу ондаёқ осон қилиб беришга ожиз бўлгани билан, ҳасратига бефарқ қарай олмасди.
Бошига кулфат тошлари ёғилаётган биродарининг кейинги аламли гаплари уни танбеҳ беришга мажбур қилди.
-Бир-икки инсофсиз одамга дуч келганингиз ҳолда бутун мамлакатни адолатсизликда айблашингиз тўғримикин, биродар?-деди у ҳилмлик ила.
Муҳаммад Абдуллоҳ саволига жавоб кутиб эмас, меҳмоннинг ўйлаб олишига фурсат бериш учун сукут сақлади. Жўра ҳозир фикрлайдиган, ҳаёт фалсафасини таҳлил қиладиган ҳолатда эмас эди. Шунинг учун:
-Билмадим, бу қанақа миллат экан, ақлим етмаяпти,-деб хўрсиниш билан чекланди.
-Американи айтяпсизми?-деди имом ажабланиб.-Дунёда инглиз миллати бор, деймиз, рус миллати, испан миллати... Лекин америка миллати йўқ. Бу қитъага қадим асрларда оврупонинг ҳамма мамлакатларидан одамлар бойлик илинжида бостириб келаверишган. Америка мамлакатининг пойдеворини ана ўша нафс бандалари қўйганлар. Бизнинг аждодларимизни эса қул қилиб ҳайдаб келганлар. Сиёсат мантиғига кўра, Америка бирлашмиш штатларига тобе одамлар бор, миллат эса йўқ. Руҳият мантиғига кўра эса бунда
105


сиз айтган адолатсизлар билан бир қаторда адолат ва инсоф эгалари ҳам истиқомат этадилар. Менга қолса, дунёни ҳозиргидай миллатларга бўлмасдим. Мен учун инглиз ҳам, рус ҳам, бошқа миллатлар ҳам йўқ. Мен учун аҳли диёнат бор, диёнатсизлар бор; саховат эгалари бор, хасислар бор; меҳрибонлар бор, зулмкорлар бор... Сиз иккинчи тоифага дуч келибсиз-у дунё кўзларингизга қоронғу бўлиб кўринибди. Қоронғулик ортида ёруғлик борлигини фаҳм этмабсиз. Сизга меҳрсиз бўлиб кўринган одамлар аслида саховатсиз кишилардир. Аммо уларга бу ҳақда гапирсангиз, айбларини тан олмаслар, чунки саховатни исроф деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, саховат исрофгарчилик ва хасислик ўртасида турган фазилат. Афсуским, буни кўпчилик англамайдир ва шариатга кўра мақтовга сазовор бу хулқни инкор этадир. Кимдир ўзида саховат хулқини ҳосил қилмоқчи бўлса бунинг учун у сахийлар ҳаётини ўзлаштирмоғи, яъни молни Аллоҳ йўлида сарфлашни ўрганмоғи лозим. Нафсга юкланган бу меҳнат то табиатга сингиб, хулққа айланиб кетгунча улкан сабр керак бўлади. Қачонки киши қилган саховатидан лаззат олса, бу саховатнинг юксак даражасидир. Ҳақиқий сахий молини сарфлар экан, лаззатланади. Оғриниш, қийналиш унга бегона.
Бу гапларни эшитаётган Жўра имомга ажабланиб қаради. Агар Жўра бой бўлиб, бирон ватандошининг ҳожатини чиқаришдан бош тортаётган, хасислик қилаётган бўлса ,бу насиҳат жоиз эди. Ҳозир бу гапларга не ҳожат бор эди?
Муҳаммад Абдуллоҳ меҳмоннинг таажжубини англаган бўлса-да, фикрлари баёнини давом эттирди:
-Мол-дунё бамисоли сув. Бирон ташнанинг чанқоғини қондириш учун саховат аҳли уни ушлаб туради, бирон муҳтожнинг ҳожатини раво қилиш учун уни сарфлайди, бераётганида заррача қийналмайди. Аксинча, лаззатланади. Қайси қалб шу даражага етибди, демак, Аллоҳ уни саломат сақлабди.
Муҳаммад Абдуллоҳ “гапларимга тушундингизми?” дегандай меҳмонига қаради. Жўра “бу гапларнинг менга нима зарурати бор?” деб юбормаслик учун кўзларини олиб қочди. Имом бир оз сукут сақлагач, Жўранинг яширин фикрларини ўқигандай яна гапира бошлади:
-Бошқаларнинг сахийлигидан умидвор одамга бу ҳикматлар ортиқча туюлар. Бироқ, Аллоҳдан нажот тилаган онингизда “Раббим! Бугун мен ёрдамга муҳтожман. Эртага ҳожатим раво бўлгач, мени ҳам эҳсон тарқатувчи саховат
106


аҳлидан қил!” деб ёлборинг. Бугун сиз эҳсонга ташнасиз. Умидсиз бўлманг, қалби саломат сақланган биродарлар топилади, инша Аллоҳ. Ўн бир ойнинг султони ҳукм сураётган кунларда хайр-эҳсон қилувчилар, закот берувчилар кўп. Сўнг муборак Ҳаж мавсуми арафасида эҳсон қилувчилар янада кўпаяди.
-Ҳажга борадиган одам бировга пул берарканми? Бунақасини энди эшитишим,-деб юборди Жўра.
-Биродар, бадбин фикрлардан қутулишга интилинг,-деди Муҳаммад Абдуллоҳ танбеҳ оҳангида. Сўнг овозини кўтармасдан давом этди:-Бир муслим Ҳаж йўлида пирга йўлиқибди.
-Эй йўловчи, қаерга кетяпсан? Ғурбат борлиғини қаёққа олиб боряпсан?-деб сўрабди пир.
-Ҳажга кетяпман, икки юз дирҳам пулим бор,-дебди йўловчи.
-Эй йўловчи, пулларингнинг бир қисмини Аллоҳ йўлидаги муҳтожларга, ғарибларга, бечораларга бўлиб бер. Уларнинг кўнгилларини ол, руҳларининг уфқи очилсин! Шу йўл билан илк дафъа кўнглингга ҳаж қилдирган бўлурсан. Шундан кейин тоза кўнгил билан Ҳаж сафарингни давом эт,-деди. Яна дедики:
-Агар сенинг қалб кўзинг очиқ бўлса, кўнгил Каъбасини тавоф қил. Сен тупроқдан деб ўйлаган Каъбанинг асл маъноси кўнгилдир. Жаноби Ҳақ кўзга кўринадиган сурат Каъбасини тавоф қилишни кўнгил Каъбасини кирлардан тозалаш учун фарз қилгандир. Шуни яхши билки, агар Аллоҳнинг назаргоҳи бўлган бир кўнгилни инжитсанг, кейин Каъбага пиёда борсанг ҳам, ундан олган савобинг ранжида бўлган кўнгил гуноҳини юва олмайди... Аллоҳнинг ҳузурига олтин тўла мингларча коса олиб борсанг ҳам Жаноби Ҳақ “Бизга бирор нарса келтирмоқчи бўлсанг, рози қилинган кўнгил келтир. Чунки олтин ва кумуш биз учун маъносиз нарсадир. Агар бизни ва розилигимизни истасанг, буни кўнгилларни ишғол қилиш билан амалга ошишини унутма!”деб марҳамат қилади. Валлоҳи аълам!
Муҳаммад Абдуллоҳ бу ривоятни ҳар эслаганида “Биродарлар, бу ҳикматни қалбингиз тўрига муҳрлаб олинг ва ҳамиша амал қилиш пайида бўлинг!” деб хитоб қилгиси келарди. Ҳозирги ҳолатда хитобга муҳтожлик йўқ эди. Шу боис гапини бас қилиб, муҳтож мусофирга кўмаклашишга ваъда берди- да, қўлларини баланд кўтариб: “Расулиллоҳнинг ўрнак шаҳсидан ва руҳоний
107


дунёсидан бир ҳисса олиб, эҳсон туйғусига қовушганлар нақадар бахтиёрлар! Аллоҳим, бизларни шундай бахт билан шодлантир!” деб дуо қилди.
Қуёш кўтарила бошлаганини кўрган Жўра ташвишланиб, кетишга ижозат сўради. Имом унга бир сент ҳам пул бермади, фақат қалбида умид шамчироғини ёқди. Шу шамчироқ Жўранинг қоронғу оламини ёритишга асқотди. “Ишларим юришиб кетса, ҳотиржам ўтириб, шу одамнинг суҳбатини оламан”, деб ният қилди. Бироқ, ниятининг амалга ошмаслиги мумкинлигини, дийдор энди қиёматга қолажагини ўйлаб кўрмади.
Масканига қайтишда хўжайинининг қаҳрига йўлиқишдан ҳайиқди. Бахтига бу уйда истиқомат қилувчилар ҳам, хўжайин ҳам ширин уйқуда эди.
Таъқиб
Кичик бир ўғирликни арзимас ишдай назарига илмаган Шуҳрат бошлиғи Менглиевнинг гапларини эшитиб, ҳайратини яшира олмади. Бу ҳайрат нима экан, “арзимас иш”нинг бу қадар кенг қулоч ёйишини кеча оқшомда шаҳар бошқармасига чақирилган Менглиевнинг ўзи ҳам кутмаган эди. Бошқарма бошлиғи хонасида гиёҳвандликка қарши кураш бўлимининг ходимлари ҳам ўтирганларини кўриб, ўтган кунги таклифи бўйича чақирилганини англади. Шу боис бошлиқ “юритувдаги “Иш” бўйича ахборот беринг”, деганида Моҳина кампирнинг уйидаги ўғирлик тафсилотига батафсил тўхтамай, Суҳроб билан Ражабнинг гиёҳванд моддалар билан савдо қилувчи гуруҳ билан алоқаси борлиги ҳақидаги таҳминларига ўтди. Бошлиқ ўғирлик тафсилоти тўлиқ баён қилинмаганига эътироз билдирмай, ахборотнинг гиёҳвандликка доир қисмини диққат билан тинглади-да:
-Таклифларингизни ўрганиб чиқдик,-деди.- Лейтенантнинг дискотекадаги зийраклиги мени қувонтирди. Ҳаво таркиби ўрганилди, экспертиза унинг таҳминини исботлади. Ҳаво таркибида чиндан ҳам гиёҳванд моддалар мавжуд. Лекин дискотекани ҳам, Самиевларни ҳам ҳозирча тинч қўямиз. Бизга ижрочилар эмас, ишбошилар керак. Шу сабабли мазкур “Иш” бўйича махсус тезкор гуруҳ тузилди. Гуруҳ ҳаракатларини шахсан ўзим бошқараман. Менглиев, лейтенант шогирдингиз дўстидан айрилмасин. Жиноий оқимнинг қуйи қисмини шу йигит орқали кузатамиз. Фақат ўзбошимчалик
108


қилманглар. Лейтенантнинг ҳавфсизлигини таъминлаш чорасини кўринг. Самиевлар унга теголмаса ҳам, орқадаги куч йўқотишга ҳаракат қилиши мумкин... Майор Толипов, йиғилганларни қўлингиздаги маълумот билан таништиринг .
Менглиевнинг қаршисида ўтирган майор ўрнидан турди-да, йиғилганларни эмас, балки бошлиқнинг ўзинигина маълумот билан таништираётгандай ундан кўз узмаган тарзда гапира кетди:
-Самиев қамоқ жазосини ўтаб чиққандан кейин ҳам ҳунарини давом эттираётгани ҳақида ишончли кишиларимиздан маълумот олганимиздан кейин кузатишни бошлаганмиз. Онасининг қурт-писта сотиш баҳонасида наша ёки кукун сотишидан бехабар эдик. Бунинг учунг капитан Менглиевга раҳмат айтамиз.
-Сиз раҳматингизни айтаверинг, биз эса лалайганингиз учун сизга танбеҳ берамиз,-деди бошлиқ унинг гапини бўлиб. Майор айбини бўйнига олгандай бошини эгган эди, бошлиқ “давом этинг” деб қўйди. Бу ижозатдан далда олган майор гапини яна дадил давом этди:
-Самиев кейинги бир ой ичида Маҳманёров деган шахс билан икки марта учрашди. Аниқлашимизча, Маҳманёров Тожикистон фуқароси, муқаддам судланган. Бир ҳафта олдин Самиев Маҳманёров билан учрашувга Суҳроб Норовни ҳам олиб борган. Шундан кейин биз унинг изини йўқотдик. Юртига кетган деган таҳминимиз бор. Наркокурьер сифатида келган бўлса... бу ердаги ишни пиширгач, эҳтимол мол олиб келгани кетгандир? Лейтенант Асроров Норов билан дўстлигидан фойдаланиб, балки бу масалани ойдинлаштириб берар?
Майорнинг бу таклифидан кейин бошлиқ “Нима дейсиз?” деган маънода Менглиевга қаради.
-Назаримда лейтенантимиз бу масалани ойдинлаштириб бера олмайди,- деди Менглиев ўрнидан туриб.
-Нега?-деб ажабланди майор.
-Агар Маҳманёров мол олиб келиш учун кетган бўлса, унинг қачон ва қанча мол олиб келишини хўжайинлар Норовга айтади, деб ўйлайсизми? Норов арзимас бир дастёр. Хўжайинларнинг ким эканини билмаса ҳам керак. Асроровнинг айтишича, у асосан мижоз топиш билан шуғулланади.
109


-Таклифимизни дарров рад этмай, ўрганиб чиқсангиз яхши бўларди,- деди майор ранжиб.
-Албатта ўрганамиз,- Менглиев шундай ваъда берди-да, баҳсни чуқурлаштирмаслик мақсадида жойига ўтирди.
Менглиев бошқармадаги бу гапларнинг ҳаммасини Шуҳратга айтиб ўтирмади. Вазифани қисқа тарзда баён қилгач, ҳазил оҳангига кўчди:
-Сенинг баҳонангда мен раҳмат эшитдим. Раҳматнинг тенг ярми сеники.
-Ҳаммасини олаверинг, сиз – устозсиз,-деди Шуҳрат кулимсираб. -Бошлиқ топқирлигингга қойил қолди.
-Қайси топқирлигим?
-Дискотекада совутгич орқали қорадори кукуни пуркашларини гумон
қилганингда, тўғрисини айтсам, ёш боланинг лақмалиги , деб ўйловдим. Лекин “шу боланинг кўнгли чўкмасин, иш чиқмаса ҳам майли, нари борса, хўжайинлардан сўкиш эшитарман”, деб таваккал қилувдим. “Иш” яхши якунланса, юлдузчаларинг кўпайиб қолиши ҳеч гапмас. Ҳозирча Олғиртой билан ошначилигингни давом эттирасан. Фақат эҳтиёткорликни оширишинг керак бўлади. Олғиртой ёки Самиев билан бирга бўлган пайтингда атрофда йигитларимиз ҳимояга шай туришади. Хатар сезишинг билан хабар қилишинг шарт. Кучингга ишонма. Агар гуруҳ Самиев билан Олғиртойдангина иборат бўлганида “Иш”ни иккаламиз бир ёқлик қила олган бўлардик. Катта жиноий гуруҳнинг изига тушиляпти. Талаб шунга қараб катта бўлади.
Шуҳрат билан Менглиев бўлажак вазифалар ҳақида гапириб ўтиришганида телефонлари ишламаётганидан хуноб бўлган Моҳина кампир набирасини уйғотиш билан банд эди. Аввал ҳовлида туриб уч-тўрт марта чақирди. Жавоб бўлмагач, зинадан кўтарилди. Бу зинадан тушиб-чиқиш унга қийин эмасди, аммо бу сафар нафаси сиқиб, чап курагида санчиқ тургани учун ўзини беҳол сезди. Айвондан ўтаётганида санчиқ босилгач, бу ўзгаришни ҳам унутди. Уйга кираётган кампир остона ҳатлади-ю ичкари бўм-бўшлигини кўриб, ўзини йўқотиб қўяёзди. Назарида бир неча кун аввал сандиғини қуритган ўғри бу тун кириб мебелларни ҳам ўмариб кетгандай туюлди. Жонҳолатда:
-Суҳроб! Ҳой Суҳроб! Ғафлат босиб ётаверасанми, тур ўрнингдан! Шўргинамиз қуриб қолибди!-деб бақирди.
110


Дераза томонда ётган Суҳроб кўзларини очишни истамай ғашланди-ю қимирламай ётаверди. Моҳина кампир “шўргинаси қуриб қолганини” такрорлаганича набирасига яқинлашиб, уни турта бошлади.
-Бабуль, бунча хархаша қилаверасиз, ухлагани қўясизми ё йўқми?-деди Суҳроб қаддини кўтариб.
Ваҳм пардасига ўралган кампир уни елкасидан ушлаб турғизмоқчи бўлди:
-Тез милиса чақир, уйни ўғри урибди!
-Қанақа ўғри?-деди Суҳроб эснаб.
-Кўзингни очиб қара, мебелларни ўғирлабди.
-Қанақа мебеллар?-Суҳроб шундай деди-ю қилган қилиғини эслаб, бир
сесканиб тушди. Лекин ўзини йўқотиб қўймади, аввалдан тайёрлаб қўйган баҳонасини айтди:-Мебелларингизни тузатишга бериб юборганман.
-Яп-янги мебелларнинг нимасини тузатасан, қаери синибди?
-Билмайман, адам телпон қилиб айтдилар, мен бажардим. Қаери синганини ўзларидан сўранг.
-Аданг айтдими? Қачон телпон қилди? Савил қолгур телпонимиз ишламаяпти-ку?
-Айтганларига анча бўлувди, яхши устани энди топдим.
Набирасининг ҳотиржам оҳангда айтган бу гапига ишонган кампир энди бошқа мавзуга кўчди:
-Телпоннинг ҳақини тўлаб қўйдингми?
-Тўладим.
Суҳроб бу сафар ҳам ишонарли оҳангда жавоб қайтаргани билан
кампир сўроқни давом эттирди:
-Унда нима учун ишламаяпти у савил қолгур?
-Кабелни узиб, ўғирлаб кетишибди. Янги кабелга пул тўлиб қўйдим.
Бабуль, Ражабдан қарз олиб тўладим, бугун қайтаришим керак.
-Телпончи кабелини ўғирлатган бўлса, сен нега пул тўлайсан, меров! Шу тарзда бошланган буви ва набира баҳси барибир Суҳробнинг
фойдасига ҳал бўлди.
Бу онда Моҳина кампирнинг дарвозасидан нарироқдаги муюлишда
кечаси билан турган сариқ “Жигули” жойидан жилиб, ўрнига чап қаноти сал пачоқланган оқ “Тико” келиб тўхтади. Сариқ “Жигули”даги икки йигит
111