кун саркотиб билан мажлис маърузасини ёзаётган пайтида фаррош “билмасдан” устларидан қулфлаб кетганини, оқибатда кекса ошиқ билан ёш маъшуқа ҳақида достонлар тўқилмаган бўлмаса-да, миш-мишлар тарқаганини Менглиев билмасди. “Пахта иш”и бошланиб, “Райком бува” ҳибсга олинганда Холниса шаҳарда яшарди. “Райком бува”нинг юраги хастамиди ё қўрқувдан ёрилиб кетдими, ҳар ҳолда турмага тушган тун ёстиққа бош қўйди-ю турмади. Ўлим “Райком бува”ни Сибир турмаларининг азобларидан, хотини ва ўйнашларини эса тергов азобларидан қутқариб қолди. Холниса “пахта иши”дан жабр кўрганини айтганида буларни назарда тутмаган эди. Бокира умрини мол-дунё ҳавасига алмаштирган бу жувон қаричи билан ўлчанганда у кўрган жабру жафонинг чеки йўқ эди. Ҳар ойда худди маош каби оладиган пул, ҳар ҳафта келиб турадиган гўшту ёғ “Райком бува”нинг фожиасидан сўнг узилгач, ўзини жабрдийдалар сафида кўрди.
Менглиев бу аёл ҳаётига хос икир-чикирлар билан қизиқмади. Билгани: амалдорнинг ўйнаши бўлган, ўйнаши турмада жон берган. Яна билгани: олий ўқув юртини қизил диплом билан битирган, эътиборли идораларда ишлаган аёл энди қурт-писта сотиб тирикчилик қилади. Менглиев мана шунисидан ажабланди. Ажабланиш билан кифояланмай, бугун эрталаб Холниса савдо қиладиган жойга бориб кузатди.
Ёқилғи қуйиш шаҳобчаси яқинида омонат тикланган автоустахона гавжум, барча ўз иши билан банд эди. Менглиевнинг зийрак нигоҳи катта чинор дарахти соя солиб турган майдончага, болалар аравачаси ва пастак ёғоч курсидан иборат Холнисанинг “савдо маркази”га қаратилганди. Айрим автомашиналар ёқилғи қуйгач, айримлари усталарга учрагач Холниса ёнида тўхтаб ўтишарди. Айримлари эса худди бошқа ерда сигарет йўқдай, атай шу ерга келиб олишарди. Холнисанинг мижозлари асосан қимматбаҳо машиналарда келаётган ёшлар эканини фарқлаб олиши қийин бўлмади. Бойвачча йигитларнинг гугурт олишларига бошқалар эътибор беришмасалар ҳам, милиция ходимининг бефарқ қараши мумкин эмасди.
Капитан Менглиев идорасига қайтиб, бу кузатув натижаларини ўзича таҳлил қилиб ўтирганида Шуҳрат келиб, гумонларини баён қилгач, жиноятга доир занжир ҳалқаларини бир-биридан узган ҳолда аниқлаш мумкин эмаслигига амин бўлди. Шуҳратнинг билдирги ёзишини кутмай, бошлиқ ҳузурига йўл олди.
96


Саховат илинжи
Набирасини уйғотиб, телефон ҳақини тўлаб келишни тайинлаган Моҳина кампир ён қўшниларникига чиқиб “Америкадан телпон бўлган- бўлмаганини” суриштирди. Қизи Америкага кетаётганида “Телпонимиз жавоб қилмаса қўшниларга сим қоқавер”, деб тайинлаган эди. Америкада кечаси телефон алоқаси арзонроқ бўлгани сабабли Зарина бу томонларда субҳ кирган чоқда қўнғироқ қиларди. Ҳар тун нохуш туш кўраётган кампир ҳар тонг телефон қўнғироғини кутиб, юраклари эзилиб кетди. Назарида бу тонг қизи қўшниларга телефон қилгандай туюлиб, умид билан эшик қоқди. Қўнғироқ бўлмаганини билиб, умиди синган ҳолда бўшашиб кетаётганида рўпарасидан Муаттар чиқиб, истамайгина тўхтаб, сўрашди.
-Айланай, эсон-омонгина юрибсизми? Кеча Ҳалимахонларникида ифторликда учрашармиз девдим, кўринмадингиз-а? Бирам ҳавотирландим, ифтордан кейин хабар олай десам, уйингизнинг чироқлари ўчиқ экан.
-Вой, ҳозир ифторингиз юрагимга сиғадими?
-Яна нима бўлди, айланай?
-Нима бўларди?..-Моҳина қизидан ҳавотирда эканини унга айтгиси
келмади.-Гўрда чиригур ўғрини ҳалиям топишмади.
-Сабр қилинг, топилиб қолар. Сабр яхши нарса. Кеча отин ойи бирам
чиройли маъруза қилиб берди, чиққанингизда эшитардингиз.
-Сиз чиқиб эшитибсиз, оламга татийди,-деди Моҳина. Муаттар бу
кесатиққа эътибор бермай, унинг энсасини баттар қотириб, тассуротини айта кетди:
-Сабри йўқ одамнинг дини ҳам бўлмас экан. Бир куни ҳазрати Умар Пайғамбаримиз алайҳиссаломникига келиб қарасалар, қамишдан тўқилган бўйра устида ётган эмишлар. Юзларига, қўлларига қамиш ботиб кетганмиш. Хумчадаги сув билан бир сиқим арпаларидан бошқа озиқ-овқатлари йўқ экан. Шунга қаноат қилиб яшарканлар. Буни кўриб ҳазрати Умар йиғлаб юборибдилар...
-Яна бир ифторликка борсангиз эшитганларингизни бира тўласи қўшиб айтиб берарсиз, ҳозир бозорга етиб бормасам, жойдан қуруқ қоламан,-деди Моҳина унинг гапини шарт кесиб. Бозорга икки-уч дақиқа кечикиб борса, осмон
97

ЯНА НЬЮ ОРЛЕАНДА:

узилиб ерга тушмаслиги аниқ бўлса-да, тилига бошқа баҳона келмагани учун шундай деди. Муаттар ўзини кечадан бери ҳаяжонга солган ҳикматларни айтиб бера олмаганидан пушаймон бўлиб қолаверди. Ўтган йили қўшнисини рўза тутишга даъват қилганида Моҳина кампир “рўзангиз тушмагур ярим кунлик бўлганида жон-жон деб тутардим. Сахардан шомгача очликка чидай олмайман, ичакларим узилиб кетиши мумкин”, деганида “вой ўлайин, Худонинг буйруғига бунақа аралашманг, тавба қилинг”, дейиш билан чекланган эди. Кечаги ифторда отин ойи айтиб берган ривоятни эшитиб, қўшнисининг бултурги гапини эслаган, бу ривоятни унга, албатта, айтиб беришни кўнглига туккан эди. Эшитган ривоятига кўра, фақирлардан бири “Йа Расулаллоҳ, фақат хурмо еявериб, ичимиз куйди, ҳар доим мева еймиз”, деб нолиганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Мен ҳам худди сизлар каби икки ойдирки, мева ейман. Уйда ейишга бошқа нарса йўқ”, дедилар. Яна бир киши очлик туфайли қорнига тош боғлаб юраркан. Иссиқ тош қоринга боғланганида ошқозондаги очлик азоби бироз чекинаркан. Ўша одам қорнидаги тошни кўрсатиб, очликдан шикоят қилганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам муборак қоринларига боғлаб олган тошларни кўрсатган эканлар. Бу ривоятдан мутаассир бўлган Муаттарнинг Моҳина кампирга аталган гаплари айтилмай қолиб, афсусланди.
Бозорга шошаётган Моҳина бир неча кун илгари ҳудди шу пайтда Нью Орлеан полис маҳкамасида қизининг азоб чекиб ётганини тасаввур ҳам қила олмасди.
Қорадорифурушларга дастёрлик қилишда айбланган Зарина узоғи билан кечгача озод бўлишидан умидвор эди. Гарчи бу мамлакат қонунларини билмаса-да, қорадори савдосига аралашиш барча юртларда жазоланишидан хабардор эди. Кечгача икки марта сўроқ қилдилар. Сўроқ якунида “энди сиз озодсиз, камчилик биздан ўтибди, узр” деган жонбаҳш гапни кутиб, илтижо билан тикилди. Иккинчи сўроқ якунида сержант:
-Аслида сени ҳам, шерикларингни ҳам ҳибсга олиш, суд қилишнинг ҳеч ҳожати йўқ эди,-деганда умидвор кўзларида нур чақнади. Аммо кейинги гап нурни сўндирди, ҳатто жонини суғуриб олгандай бўлди:-Ўша жойнинг ўзида отиб ташлаш керак сендақаларни. Американинг бошига битган балосанлар сенлар!..
Сержант бу заҳарли гапини Ҳамелтон ёки Эденбургга айтса ўринли эди. Бироқ, айбсиз заифага бундай дейиши ўтмас пичоқ билан сўйишдан баттар азоб
98


эди. Зарина совуқдан эмас, қўрқувдан қалт-қалт титраб, панжара ортида ғужанак бўлиб, қисмат ҳукмини кутарди. Ҳатто дарчаси ҳам бўлмаган ҳибсхонада куннинг ўтганини билиш мушкул эди. Зарина тун кирганини таҳмин қилиб, тонг отишини умид билан кутаётганда панжара эшигини шарақлаб очиб, гавдаси аёлга нисбатан қўпол эркакни эслатувчи жувонни киритдилар-да, “қўлинг қичишаётган бўлса, ана, хуморингни бос”, деб нари кетдилар. Зарина бу гапнинг маъносини тушунишга улгурмай, эркакшода жувон унга яқинлашиб, бошига мушт туширди. Кейин тепди. Заринанинг ҳушдан кетишига шунинг ўзи кифоя қилди. Бу хотиннинг кимлиги, нега қамалгани, уришдан муроди не эканини билишга уринолмай ҳам қолди. Ҳушига келиб кўзини очганда ҳибсхонада нотаниш хотин кўринмади. Темир панжара ортида турган полициячи “Биров урса индамай ётаверасанми, нега ёрдамга чақирмадинг?” деб қўйди-да, кимгадир қўнғироқ қилиб “жиноятчининг ҳушига келганини” билдирди. Дам ўтмай сержант келиб, шу ернинг ўзида яна сўроқ бошлади. Саволлар маъноси кечагидан фарқ қилмади. Сержант асосан Ҳамелтон ва Эденбург алоқа қилган одамлар билан қизиқди. Зарина бу ерда ҳеч кимни танимаслигини айтса ҳам, бу жавобдан қониқмади. Терговни чўзмай, “янги қўшни келгунига қадар эсингни йиғиб ол”, деб бўлажак азобдан огоҳ этди.
Полис маҳкамаси атрофида умидвор кезаётган Жўра бу онда саҳродаги қуруб қолган қудуқдан сув тошиб чиқишини кутаётган телба ҳолида эди. Нью Орлеан довул ҳукмида қолган кечаси иккинчи қават зинасида дийдирашиб ўтиришганда Зарина: “Шунақа ҳам бўладими, “одаммисан” дейдиган бир меҳрибон ҳам топилмайдими бу юртда?” деб алам билан хўрсинганида Жўра:
-Меҳрибон дейсанми? Валади зинолар билан тўлган, эркак билан эркак, аёл билан аёл никоҳланадиган юртда қандай меҳр-оқибат бўлиши мумкин?-деб асабий тарзда жавоб берган эди.
Жўра бу гапларни ўша тун беиҳтиёр айтиб юборганди. Ўз ақлининг маҳсули бўлмаган бу фикрни у сафари арафасида дўсти Нуриддиндан эшитган эди. Полис маҳкамасининг эшигидан хотини чиқиб келишини умид билан кутаётган Жўра ўша гапни яна эслади. Сўнг бу ерда ўтираверишдан наф йўқлигини англаб, “чиқмаган жондан умид” деганларидай биронта меҳрибонга йўлиқтиришни Худодан сўраб шаҳар маркази томон юрди. Катта дўкондаги иш юритувчининг ёрдамчиси сифатида топиш-тутиши ёмон бўлмаган ҳамшаҳридан
99


яна ёрдам сўрашга қарор қилди. Бу юртга отланганларида қайнонасининг узоқ қариндоши бўлмиш Ҳамробекдан умидлари катта эди. Ҳар ҳолда Ҳамробек уларга қўлидан келганича ёрдам берди. Аммо кеча “Сизга шунча пулни ким бериб туради? Хўп, берди ҳам дейлик, қарзни қандай узасиз?” деб Жўранинг умид чиннисини синдиришдан ўзга чораси қолмади.
Полис маҳкамасидаги бесамар кутишдан сўнг Жўра синдирилган ўша умид чиннисини гўё тупук билан чегалагандай яна Ҳамробекка рўпара бўлди.
-Сиз ўртага тушиб қарз топиб бераверинг, мен Тошкентга телефон қиламан. Қайнонам уйни сотиб, пулини юборадилар. Мен бировнинг ҳақини еб кетадиган номард эмасман.
-Ака, бу гапингиз Тошкентга ярашади. Бу ернинг битта қоидаси бор...
-“Ўзинг учун ўл етим”ми? Бир марта айтгансиз,-деди Жўра асабийлашиб.-Нима, етимлар индамай ўлиб кетаверишлари керакми? Ватандош дегани бир-бирини қўлламайдими?
-“Ватандош” дегани тилдаги ёки газетдаги гап,-деди Ҳамробек унинг ҳақиқатни тушунишга ожизлик қилаётганидан ғашланиб.
-Бу ёққа келмасимдан олдин телефонда гаплашганимизда ваъда қанақа бўлган эди?-деди Жўра таъна оҳангида.
-Мен ваъдамни бажардим: кутиб олдим, университетга рўпара қилдим. Илмингиз уларнинг талабига жавоб бермаса, мен айбдор эмасман-ку?
-Ҳаммаёқ ғирром! Ҳаммаёқ муттаҳамлик!-Жўра шундай деб ижирғанди-да, бир оз тин олди. Кейин ўзини босиб сўради:-Нью Йоркка бориб келсам-чи? Абдуолим деган одамнинг бир жамияти бор экан, деб эшитдим, ё у ҳам ёрдам бермайдими?
-Билмадим...
Ҳамробек Абдуолимнинг ёрдам бермаслигини биларди. У одам сиёсий баҳона билан ўзини “қувғин” либосида кўрсатганларнигина паноҳига оларди. Жўрага ёки Заринага ўхшаб пул илинжида келганлар билан иши йўқ эди. Ҳамробек бу ҳақиқатни айтсаммикин ё индамай қўйсаммикин, деб иккиланди. Кейин “яна бекордан бекорга сафарга отланмасин”, деган ҳавотирда бор гапни айтиб, тушунтирди.
Жўра Абдуолимни яхши билмаса ҳам жамиятининг вазифасини қисман биларди. Шу боис Ҳамробекнинг айтганлари унга фавқулотда янгилик бўлиб туюлмади.
100


-Биз ҳам ўзимизни “қувғин” деб эълон қилсак-чи?
-Қанақасига?-деб ажабланди Ҳамробек.
-Масалан, менинг сиёсий қарашларим учун илмий ишларимга тўғаноқ
бўлишган.
-Шуни исбот қила оласизми?
-Қанақа исбот керак?
-Билмадим. Бир артист қувғинлигини исбот қила олмаган экан, деб эшитувдим. Ҳар ҳолда бугун бориб “мени қувғин қилишди”, деганингиз билан эртага қўлингизга пул тутқизиб қўйишмаса керак. Билишимча, сиёсий ишларига ярасангиз қанотига олади, бўлмаса дий-диёйингизни айтиб, чапагингизни чалиб қолаверасиз.
-Унда нима қилай?-деди Жўра бўғилиб.
-Кутишдан бошқа иложингиз йўқ.
-Нимани кутаман?
-Судни. Бу ерда терговни чўзишмайди. Полиснинг исботи заиф бўлса,
суд хотинингизни озод қилиб юбориши мумкин.
Ҳамробекнинг бу гапи ҳадик билан тепаётган юракка ҳотиржамлик
бера олмасди. У омади юришмаган олим ватандошига бундан ўзгачароқ жўяли маслаҳат бера олмас ҳам эди. Тўғри, у пулдан ёрдам бериш имконига эга эди. Эҳтимол Тошкентда шундай зарурат туғилса ҳасислик қилмасди. Лекин мусофир юртда беражак ёрдамининг оқибатда саҳро қумига сингиб кетган ёмғир томчиси каби йўқ бўлиб кетишини билгани учун ҳам ўзини бундай ҳотамтойликдан тутишга мажбур эди.
Жўранинг тупук билан ямаган умид чинниси энди парча-парча бўлиб сочилиб кетди. Синиқ кўнгил билан бошпанасига қайтганда хўжайинининг ғазабига дуч келди. Майсазорга кимдир сигарет қолдиғини ташлаган экан, Жўра балога қолди. Жўра хотини бошига тушган фожиани айтиб, узр сўраган эди, уй хўжайини эшитишни ҳам истамай, яна шу ҳол қайтарилса, ишдаб ҳайдаб юборажагини маълум қилди. Жўранинг ҳозир ишдан ҳайдалиши мумкин эмас эди. Чунки ишдан ҳайдалса кулбадан ҳам ҳароброқ бу бошпанасидан ажралиб қоларди. У кечгача вазифасини бажариб юрди. Қўли ишда бўлса ҳам кўзи кўча томонда эди. Хотинининг жилмайиб келишини умид билан кутди. Қош қорайгач эса Вилли Браунни кута бошлади.
101


Браун одатича ярим кечада келди. Маст бўлса ҳам оёқда турар ҳолда эди. Шунга қарамай, Жўра одати бўйича уни суяб хонасига қадар кузатди. Эшик очилиб, Браун ичкарига қадам қўйгач, остонада тўхтаган Жўра:
-Мистер Браун, қаҳва қайнатиб берайинми?-деб сўради.
Бу таклифни эшитган Браун орқасига ўгирилиб, Жўрага ажабланиб қаради:
-Қаҳва ичгинг келяптими?.. Ё... менда гапинг борми?
-Ҳа, мистер Браун, маслаҳатингизга муҳтож бўлиб қолдим.
-Бугун кайфиятим яхшилигини билиб сўраяпсанми? Қани, кир, аввал
виски ичамиз, кейин қаҳва...
Брауннинг хоҳишини бажо келтириб, унинг эзмалигига дош беришга
мажбур бўлди. Унинг “нима гапинг бор?” деб сўрашини сабр билан кутди. Ниҳоят, савол сўралди. Мақсад айтилди. Қаҳванинг ўрнига виски ҳўплаб ўтирган Браун тобора қисилиб бораётган кўзларини унга қадаб жим қолди. Жўра гапим таъсир қилди шекилли, деб сал жонланди. Ҳа, гап таъсир қилган эди, бироқ, Жўра умид қилгандан кўра ўзгачароқ тарзда эди бу таъсир. Бир неча нафасдан сўнг Браун қандай мутаассир бўлганини ошкор этди:
-Сен... жиннироқмисан?-деди-да, саволига жавоб кутмай давом этди:- Шунча пул бериши мумкин бўлган аҳмоқ бор, деб ўйлаяпсанми?
Жўра “Кимнинг ҳиммати баланд бўлса, қадр-қиймати ҳам баланд бўлади”, деган ҳикматни эшитмаган эди. Эшитганда эди, қадр-қиймати тубан одам ҳузурида паст кетмаган бўларди. “Кимга олийҳиммат берилган бўлса, унга ҳамма нарса берилган ҳисобланади. Кимга берилмаган бўлса, унга ҳеч нарса берилмаган бўлади”, ҳадисига мувофиқ Браун гарчи бадавлат кўринса-да, аслида инсонни Яратган ҳузурида азиз ва мукаррам этувчи барча нарсалардан бебаҳра эди. Бу ҳақиқат на унинг ўзига, на марҳамат кутиб ўтирган Жўрага маълум эди. Саҳовати йўқ бой суви йўқ ариққа ўхшайди. Бу мамлакатда бойлар кўп, шунинг баробаринда сувсиз ариқлар ҳам кўплигини Жўра энди-энди фаҳмлаётганди. У Брауннинг гапидан ғашланиб:
-Қарз бериб, ҳожат чиқарадиган одам аҳмоқ бўладими?-деб эътироз билдирмоқчи бўлди.
-Ҳа, албатта аҳмоқ бўлади,-деди Браун янада қатъийлик билан.-Агар ақл билан пул топган бўлса, аҳмоқлик билан сарфламаслиги керак.
102


-Камбағал одам бирон нарсага муҳтож бўлса нажот топмай ўлиб кетаверадими?-деди Жўра.
-Аҳмоқ одамнинг ўлиб кетишдан бошқа яна қандай чораси бор?
Бу шунчаки савол эмас, маст одамнинг алжираши ҳам эмас, дунёни ўз қаричи билан ўлчаб, ўз кўзи билан кўриб, ўз ақли билан мушоҳада этувчи одамнинг ақидаси эди. Бу ақида хусусида у билан баҳс этишнинг ўзи нодонлик эди. Жўра у билан бошқа гаплашгиси келмай, ўрнидан турди.
-Сен физикани озми-кўпми биласан, лекин ҳаётни тушунмайдиган одамсан,-деди Браун.-Менга бегона бўлатуриб қарз сўраяпсан. Агар туғишган акам бўлганингда ҳам сенга бермас эдим бу қарзни. Лекин битта маслаҳат бераман. Шу яқин ўртада мусулмонларнинг ибодатхонаси бор, деб эшитганман. Ўшаларга учраб кўр, балки ёрдам беришар.
Жўра унинг гапини эшитгиси ҳам келмаётган эди. Лекин охирги маслаҳати хуш ёқиб, кўз олдидаги қоронғулик ойдинлашгандай туюлди. Масжид борлигини у ҳам эшитган эди, бироқ пешонаси саждага тегмагани сабабли у жойга боришни шу пайтга қадар ўйлаб ҳам кўрмаганди. Ўз уйида эканида муҳтожларнинг масжидларга мурожаат қилганлари ва ҳожатлари раво бўлгани ҳақида эшитиб юрарди. Брауннинг ақли етган нарсага ўзининг фаросати калталик қилганидан афсусланди. Зина остидаги бошпанасига кирмай ташқарида у ёқдан бу ёққа юрди. Масжидга боришни, унда нима дейишни ўйлаб, пишитган бўлди. Тун ярмидан оғиб, вақт субҳи козибдан ҳам ўтганди. Тонг ёришганида у иш жойида бўлиши шарт эди. Шу боис соатига қараб олди- ю масжид томон шошилди. Масжидга яқинлашганда ичкаридан азон товуши эшитилди. Жанозаларда иштирок этиш учун масжидга бориб турган Жўра намоз ўқиш у ёқда турсин, ибодатга қандай тайёгарлик кўришни ҳам билмасди. Майитни кўтариб масжидга боришгач, жаноза намозини ўқишни кутиб ташқарида туришарди. Ҳозир ичкарига кирмаганидан, ҳеч бўлмаса, намоз тартибларига разм солмаганидан афсусланди.
Йигирмага яқин одам бирин-сирин ичкари кириб кетгач, имомнинг қироати эшитилди. Намоз ўқиб бўлинганда тонг ёриша бошлаган эди. Қора танли, оқ танлилардан иборат қавм тарқала бошлагач, Жўра ичкари кириб, имомни сўради. Бошига оқ тўр дўппи кийган, жингалак сочли, соқоли сийрак қора танли одам “Имом менман”, деб унга жилмайиб қаради. Имом масжидга кираётиб Жўрани кўрган, унинг намозга қўшилмаганини ҳам сезган эди. Шунга
103