-Пулингиз қолмаса, ўзингиз кимдан сўрайсиз? Ойингизданми? У ҳам шунақа эди. Қайнотамда ортиқча пул бўлмасди. Қайнонамга касалхонада унча- бунча тушиб турарди. Шуни ҳисобидан ўғилни эркалатардилар.
-Бувиси-чи?
-Бувисими? Қишда қор сўрасангиз бермайдиган ҳилиданлар. Бувидан пул олганини кўрмаганман.
-Эҳтимол бувисининг беркитган пулларидан яширинча олиб тургандир?
-Буви пул топишга уста эдилар. Яширишга эса ундан ҳам уста эдилар. Бир куни қайнонамга пул зарур бўлиб қолиб, уйни тит-питини чиқариб қидирганлар. Бир тийин ҳам тополмаганлар.
-Ҳар ҳолда калаванинг учини тополмаяпман. Суҳроб ҳамиша боқиманда бўлиб яшаган. Тўйни ҳам ота-онаси қилиб берган. Кўчадаги юришлари... нашанинг ўзига фалон пул кетгандир?
Шуҳрат шундай деб жувонга тикилиб қаради. Наша ҳақидаги гапни эшитиб Нилуфар сескангандай бўлди. Бу ҳолатдан фойдаланган Шуҳрат саволни давом эттирди:
-Наша чекармиди ахир?
Нилуфар дарров жавоб бермади. Икки-уч қадам ташлагач, Шуҳратга қарамай “Билмайман, мен нашанинг нималигини билмайман”, деди. Кейин яна савол берилишидан чўчиб, суҳбатни бас қилди:
-Бўлди, мен ўнгга кетишим керак, хайр.
Шуҳрат “яна саволларим бор”, деб унинг йўлини тўсмади. Аксинча, миннатдорлик билдириб, илиқ хайрлашди. У жувондан керакли маълумотни олган эди. Нилуфар собиқ эрининг нашаванд эканини яширишга урингани билан кўзларининг саросима билан жавдираши ҳақиқатни ошкор қилиб қўйган эди. Шуҳратга ҳозир бу ҳақиқатнинг кераги йўқ, Суҳробнинг наша чекишини, қорадори кукунини ҳидлашини яхши биларди. Унинг учун икки нарса қоронғу эди: биринчиси, нашавандликни уйланмасидан олдин бошлаганмиди ё кейинми? Иккинчиси, шунча йил наша чекиб юрган одам игнага ҳам ўтганми ё йўқми? Агар игнага ўтган бўлса, ҳаражатлари ошади. Ҳаражатлари ошгач, қарзга ботади. Қарзга ботгач, энг жирканч ишлардан ҳам қайтмай, ўзини бошқара олмай қолади. Бувисининг ўлимликка асраб қўйган пулини ўғирлаши ўша жирканч ишларнинг бошланишими?
88


Ишхонасига бориб, эндиги режаларини ўзича пишитди. Менглиев келиб қолса маслаҳатлашмоқчи бўлиб, уни анча кутди. Вақт асрдан ошса ҳамки бошлиғидан дарак бўлавермагач, таваккалига иш юритмоқ учун Суҳробнинг суюмли маскани пивохона томон йўл олди.
Адашмаган экан, навбатдаги шишани яримлатган Суҳроб стулга ястаниб ўтириб олганича ўтган-кетганларни томоша қиларди. Эрталаб уни бувиси уйғотиб “жувонмарг бўлгурлар “пули тўланмаган”, деб телпонни ўчириб қўйишибди, ойинг бояқиш бизларга телпон қилолмай эзилиб кетмасин, ҳозир бориб тўлаб кел, ўша ер ютгурларнинг ҳақини”, деб ўн минг сўм ташлаб кетган эди. Чўнтаги тамом қуриган Суҳроб учун бу пул катта хазина бахтини беролмаган бўлса ҳам кечгача нафсини алдаб туриш учун етарди. Нафс ғалаён қилиб турган пайтда “онаси бояқиш”нинг телефон қилолмай эзилишини у тасаввурига ҳам сиғдиролмас эди. Бир шиша пивони бўшатгач, чўнтагини қоқиб олган Макс билан Ражабни бўралаб сўкди. Баралла овозда эмас, пичирлаб сўккани учун кўнгли роҳатланмади. У телефон ҳақи учун қолдирилган пулни ишлатиб қўйиб, бувисидан ҳижолат бўлишни ўйламасди. “Телпон идорасига бораётиб автобусда пулни ўғирлатиб қўйганига” бувисини бир бало қилиб ишонтиришига амин эди. Бувисининг жаврай-жаврай яна пул беришини ҳам биларди. Унинг ташвиши ўн минг сўм пулнинг маишат бошланмай туриб дарров тугаб қолишида.
Шу ташвишда ўтирганида Шуҳратни кўрди-ю валинеъматини учратгандай суюниб кетди. Шуҳрат ҳам бу учрашувдан мамнундай бўлиб, у билан кўришди.
-Хотининг ўғил туғдими, жа-а хурсандга ўхшайсан?-деди Суҳроб унинг елкасига қўл ташлаб.
-Ўғил туғиб берадиган қизга уйланадиганга ўхшаб турибман,-деди Шуҳрат унинг рўпарасига ўтириб.
-Тўғри қиласан, сен тез уйланишинг керак. Қизларни аврашни эплай олмас экансан. Кечаги қанжиқлар сенинг айбинг билан қўлдан чиқди. Чиқимига ўзинг куйдинг, менга барибир.
-Шуни ҳам чиқим деб юрибсанми?
-Ҳа, энди сенга ўхшаган бойваччаларнинг ёнидан ел ўтмайди. Лекин бугун мен уларнинг терисини шилиб оламан, сен жим турасан.
89


-Бугун шу ерга келади, деб ўйлаяпсанми? Энди улар шаҳардаги ҳамма дискотекаю ресторанларни бир-бир айланиб, менга ўхшаган лақмаларни сувга олиб бориб, суғормай чиққандан кейин бу ерга келади. Демак, орадан камида бир ой ўтади. Унгача ҳовурингдан тушиб қоласан.
-Лақмалигинг тўғри. Лекин хоҳласанг мен уларни шу бугун топиб келишим мумкин.
-Қўй, ўшаларингни. Сенга ёқадиган бошқа зўр гап бор.
-Зўр гапинг бўлса гапир, мазгамни қотириб нима қиласан?
-Бувингнинг пулларини ўғирлаган одам топилди.
Шуҳрат шундай деб Суҳробдаги ўзгаришни кузатиш учун унга
тикилди. У кутгандай Суҳроб чўчиб ҳам тушмади, қизиқиши ошиб ҳаяжонланмади ҳам. Эътиборсиз, ҳатто ишончсиз тарзда:
-Зўр-ку! Ким экан?-деб қўйди.
Шуҳрат жавоб беришга шошилмай, унга тикилиб ўтираверди. Бу тикилишдан энсаси қотган Суҳроб кўзларини олиб қочиб:
-Лағмондай чўзма, айт айтадиганингни,-деди.
-Бувинг бечорани ўзинг қақшатгансан. Ўғри сенсан,-деди Шуҳрат муғомбирлик билан илжайиб.
Бу гапдан кейин ҳам Суҳроб чўчиб тушмади. Аксинча, Шуҳратга туҳматдан ғазабланган каби норози қиёфада тикилди. Ундан кўз узмаганича шишани кўтариб, пивони охиригача ичди-да, лабини кафти билан артди. Кейин масхара оҳангида гап бошлади:
-Одамни қўрқитманг милиса амаки. Шунақаям ҳазиллашасизми, юрагим шувиллаб кетди-я! Иштонимни бўктиришимга сал қолди! Ҳазил-ҳазил билан мен бечорани қамаб қўйманг тағин?
Шу пичинглари билан Шуҳратни масхаралмоқчи бўлди-ю, лекин унинг қарашига бардоши етмади.
-Кўзларингни олиб қочма,-деди Шуҳрат.
-Сенам менга бунақа тикилма. Мени ўғри деяпсанми? Аввал исбот қил! -Исботим бор. Лекин мен сени қамоққа олмайман. Милиция идорасига
ўзинг борасан. Айбингни бўйнингга оласан. Энг муҳими – аввал пулни жойига қўйиб, бувингдан кечирим сўрайсан.
-Жа-а катта кетвормадингми, ошна?
90


-Мен катта кетган бўлсам, сен жуда паст кетибсан. Сен оддий ўғри эмассан. Бувисининг ўлимликка асраганини ўғирлаган пасткаш одамсан.
-Сен менга валдир-вулдир қилма, бунақа олифта гапларингни милиса ошналарингга бориб гапир. “Ўлимлик-ўлимлик” деб бошимни қотираверасанми?!
-Бошингни қотираётганим йўқ. Бувингнинг гапларини айтяпман.
-Бабкам қолоқ кампир, тилига келганини қайтармай валдирайверади.Ўлимлигига пулнинг нима кераги бор? Гўрковга пулни ўзи бермайди-ку? Ўлса биз кўмамиз, ҳаражатини ҳам ўзимиз тўлаймиз. Сен эса менга жириллама! Тирноқ орасидан кир қидиришингнинг фойдаси йўқ. Бу кичкинагина, арзимаган жиноят. Сенларнинг тилларинг билан айтилганда “майда ўғирлик” дейилади.
-Бувинг даъво қилаётган пулнинг миқдори “майда ўғирлик” доирасига сиғмайди.
-Бабкам озгина мошенница, атай ошириб айтган. Сандиқдаги пул бир миллионга ҳам етмасди.
-Сен қаердан биласан?
Суҳроб гапидан илинганини сезиб, довдиради. Шуҳрат ундан жавоб кутди. Суҳроб одамзотга керакли аллақанча фазилатлардан бебаҳра бўлгани билан ёлғончилик иллатидан бенасиб эмасди. Таъбир жоиз бўлса, бувиси ёлғончилик булоғидан тўйиб-тўйиб сув ичишни ўргатган эди. Шундай экан, кечагина иш бошлаган тажрибасиз милиционер олдида гапини йўқотиб ўтирармиди? Қўрққан олдин мушт кўтарар, деганларидай у эски усулни қўллаб, дағдаға оҳангига кўчди:
-Ойим Америкага кетаётганида бабкам “ўлимликка тўрт юз минг сўм асраб қўйганман”, деганди. Бўлдими? Гапимга ишондингми?
-Ишондим. Мебеллар-чи? Нега сотдинг?
-Мебел меники, хоҳласам ўтираман, хоҳласам сотаман. Мен шу уйнинг меросхўриман. Ҳамма нарса меники! Одам ўзининг мулкини сотса ҳам қамайверасанми? Қонунларингда шунақа ёзилганми?
-Китобдаги қонунда бунақа ёзилмаган, лекин...
Шуҳрат “виждон қонуни ҳам бор-ку?” демоқчи эди, бу гапи шамолга қарши қичқириш каби зое кетишини билиб, тилини тийди. Суҳроб эса унинг дилида қолган гапни тушуниб етгандай, афтини бужмайтирди:
91


-Сен менга тир-пир қилиб, бунақа сафсата сотма. Бошқа гапинг бўлмаса, боравер, ойинг ҳавотир олмасин.
Суҳроб шундай деб қопқоғи очилган пивога қўл узатган эди, Шуҳрат чаққонлик қилди, шишани олиб, икки-уч қултум ичди. Суҳроб унга “пиво ичмас эдинг-ку?” дегандай савол назари билан қаради. Шуҳрат муғомбирлик билан илжайиб қўйди.
-Ойим ҳавотир олмайдилар. Бугун дискотекада мажлисим бор, Суҳроб деган танти ошнам бор, тонггача меҳмон қилади, деганман.
Ҳозиргина дағдаға қилаётган милисанинг бу оҳангга кўчиши Суҳробни гангитиб қўйди. Қайси гапи ҳақиқат-у қайсиниси майнавозчилик эканини билолмай қолди. Шуҳрат эса ҳотиржам равишда яна икки қултум пиво ичди.
-Сендан қарзим борми, нега меҳмон қиларканман?-деб тўнғиллади Суҳроб.
-Мебелнинг пулига шерикман,-деди Шуҳрат,-кеча ошнанг алдаган эди, бугунги хуморбосди сенинг ҳисобингдан.
-Валдирама!
Шуҳрат ўзини мажбур қилиб кулди.
-Чумчуқюрак бўлиб қолибсан-ку, ошнам,-деди у кула-кула,- шу гапимга
ишондингми? Мен ошнасини қамоққа рўпара қиладиган пасткашга ўхшайманми?
-Ишонганим йўқ, гапингга яраша жавоб қилдим,-деди Суҳроб ўзини оқлаб.
-Мен сени қаматмайман, лекин “ҳисобли дўст айрилмас”, деган гап бор. Қамоқдан олиб қолганим учун бир ярим йил мени текини билан таъминлаб турасан.
-Нима? Нима дединг?
-Ошначилик ҳурмати бор бўлгани учун бир ярим йил, дедим. Қамалсанг, камида уч йилга кетасан. Уч йилдан олиб қолганим учун уч йил боқишинг керак эди, бир ярим йили сенга сийлов.
Шуҳратнинг шундай деб безбетларча тикилишидан ғазабланган Суҳроб уни бўш шиша билан уриб юборишига сал қолди. Шуҳрат яна кула бошламаганида уриб қолиши тайин эди.
-Ўзингни бос,-деди Шуҳрат бирдан жиддийлашиб.-Агар ошначиликни бузишни хоҳламасанг мен ҳақимда бунақа ёмон хаёлга борма. Каллангни
92



ишлатиб кўр: сени ўғирликда айблаганим билан исбот қила олмайман. Далил йўқ, гувоҳ йўқ. Мен сенга аввал ҳам айтдим: умуман, ҳеч қандай ўғирлик йўқ. Бувингнинг ё эси айниб қолган, ё “Пулимни ўғирлатдим”, деб давлатдан ундириб олмоқчи. Эрта-индин амнистия эълон қилинса, бу “Иш” умуман ёпилади. Мени бир ярим йил эмас, бир ярим кун ҳам боқолмаслигингни биламан. Сен бечорага ўлигини ташлаб оладиган хароб одамга ўхшайманми? Менга пулинг керак эмас. Менга ҳалол улфат керак. Пул ҳамма ёқда тиқилиб ётибди. Кўнгилга ёқадиган улфатни топиш қийин.
Шуҳрат “улфат”ининг чақнай бошлаган кўзларига қараб гаплари мойдек ёққанини англади-ю ўзининг ишидан ўзи мамнун бўлиб жилмайди. Дискотекада кечқурун кўришажагини маълум қилиб хайрлашди.
Идорасига қайтиб Менглиевга салом бериши билан капитан алик ола туриб “ичганмисан?” деб сўради.
-Олғиртойнинг ишончини тўла оқлаш учун озгина пиво ичишимга тўғри келди. Кейин озгина фарс ҳам ишлатдим.
Шуҳрат шундай деб ўзи ўйлаб топган, “фарс” деб аталмиш қалтис ҳазил баёнини айтиб, бошлиғидан бу “кичик саҳна асари” учун мақтов кутди.
Менглиев мақташга шошилмади. Лейтенантга тикилганича жим қолди. Сўнг:
-“Фарс” шунақа бўладими? “Ҳазилнинг таги зил” бўлишини ҳисобга олмадингми?-деб сўради.
-Суҳроб эшитган гапларини мулоҳаза қилиб кейин хулоса чиқарадиган хилиданмас. У менга ишонди. Энди ўртоқларини ҳам ишонтиради. Мен уларнинг орасига кириб оламан.
-Сен қайси бўлимда хизмат қиласан? Қайси “Иш”ни тергов қиляпсан, адашиб кетмадингми? Гиёҳвандлик билан шуғулланадиган бўлим бор, ўзининг мутахассислари бор.
-Буни биламан. Лекин бир жиноят иккинчи жиноятни фош қилишга хизмат қилса-чи? Юз ўгириб кетаверамизми? Биринчи жиноятнинг илдизи иккинчи жиноятга тақалса-чи?
-Хўп, тақалди ҳам дейлик, нима қилмоқчисан?
-Дискотека билан жиддийроқ шуғулланиш керак.
-Олдин ўғирликни бир ёқлик қилиб ол-чи? Бугун эрталаб кампир шаҳар
бошқармасига шикоят қилиб борибди. Кечаги гапинг тўғри чиқди, кампирга 93

пули қайтариб берилса бас, ўғрини топиш-топмаслигимиз билан иши йўқ. Топмасак, қайтага қувонади, “икки миллион ўғирлатдим, пулимни топиб берасанлар” деб даъво қилиб юраверади.
-Ўғри ўзининг невараси. Бунга шубҳам йўқ. Унинг маишатига сандиқ тўла пул ҳам камлик қилади. Гиёҳвандларга даллоллик қилиб тирикчилигини аранг ўтказиб юрибди. Дискотека кўп сирларни ошкор қилиши мумкин.
-Гумонларингни айт-чи?
-Аввало дискотеканинг асосий иши кечаси бошланади. Ҳокимнинг қарорига кўра, бунақа жойлар соат ўн бирда ишини тугатиши керак. Булар эса асосий маишатни ўн бирдан кейин бошлашади. Бу жойларни текшириб турувчи профилактика нозирларини ҳам бир элакдан ўтқазиш керакмикин? Ҳар ҳолда дискотека ёнидан ўтишаётганда кўзларини бекордан бекорга юмиб олишмаса керак?
-Сен бу томонга шўнғима, бўладиган гапни айт.
-Дискотекага кирган одам бир оздан кейин ўзгаряпти. Ғалати ҳолга тушяпти. Мен ҳам ўзимни бошқача ҳис қилдим.
-Нега ажабланасан? Музиканинг шовқини гангитиб қўяди. Рок-музика ҳам ўзига ҳос наркотик ҳисобланади.
-Мен бошқача хулосага келдим. Дискотекага қорадори кукуни сочилса керак.
-Қандай қилиб?
-Ҳаво совутгичлар пуфлаб бериши мумкин. Бу ерга келадиганлар ана шу енгил кайфга ўрганишганга ўхшайди. Бунақаларни қорадорига ўргатиш осонроқ бўлади.
-Таклифинг?
-Дискотекадаги ҳаво таркибини текшириш керак. Ундаги доимий мижозлар кузатилса, сотувчиларнинг изига тушиш мумкин. Олғиртой билан Ражабнинг муносабатлари алоҳида кузатилиши керак. Суҳроб менга қармоқ ташлади. Ўзимни лақмаликка солиб илинмоқчиман. Улар фош этилса, ўғирлик ҳам ойдинлашади.
-Хўп, сен ўзингни лақмаликка солавер. Лекин аслида-чи? Улар сендан аҳмоқроқми?
Шуҳрат бошлиғининг мақсадини англамай елка қисди-да, мужмаллик билан жавоб қайтарди:
94


-Шунақа бўлса керак...
-Агар ўзингни улардан ақллироқ деб ҳисобласанг, ўйинга аралашмаганинг маъқул. Ақллиларнинг аҳмоқлар қўлидан ўлим топишига тарих кўп гувоҳ бўлган. Сен ўлишга шошилма.
-Жуда-а ваҳима қилиб юбордингиз-ку?-деди Шуҳрат жилмайишга ҳаракат қилиб.
-Ваҳима эмас. Олғиртойинг билан Ражаб Самиев итбалиқ бўлиши мумкин. Лекин уларнинг ортида наҳанг тишини қайраб турибди. Бу сенга боғчадаги “уруш-уруш” ўйини эмас. Улар учун инсон жонининг бир сўмлик ҳам қадри йўқ. Шу гапларимни ўйлаб кўр. Қандай ўйинга аралашмоқчи бўлаётганингни аввал ўзинг тушуниб ол. Ана ундан кейин таклифларингни қоғозга тушириб, бошлиққа билдирги ёз, мен маслаҳатлашиб кўраман.
Менглиев Шуҳратнинг гапларини эътиборсиз тинглагандай кўринган бўлса-да, унинг зийраклигидан мамнун эди. Аслида, Ражаб дастлаб сўроқ қилинаётган дамдаёқ бу оиланинг қорадори сотиш билан шуғулланишини гумон қилиб эди. Шуҳрат Америка элчихонасининг Суҳробга рухсатнома бермагани сабабини аниқлашга ёрдам беришни сўраганида “яна бир муҳим далилни унутяпсан, ўйлаб кўр”, деб айнан шуни назарда тутганди. Шуҳратнинг ўйлаб кўриб, калаванинг бир учини топишини кутмасдан Самиевлар оиласига доир маълумотлар билан қизиқди. Холниса Самиеванинг йигирма беш йил муқаддам катта шаҳарга кўчиб келгани, “Райком бува” деб номланмиш амалдорнинг тўшагини обод қилиб юриб бир ўғил туғиб олгани ва бу хизматлари эвазига ҳозир яшаб келаётган ҳовлига эга чиққани Менглиевни кўпам қизиқтирмади. Ўз ҳусну малоҳатидан шу тарзда самарали фойдаланувчи аёллар ўтган замонда кам эмасди. Ҳозир ҳам етарли. Гарчи улар зинокорликда айблансалар-да, жисмоний жазога тортилмай қўйилганлар. Бундайларни Худо қачон жазолашни ҳеч бир банда, хусусан Менглиев ҳам билмайди. Билишга қизиқмайди ҳам. Қизиққанда эди, Холнисанинг ўтаётган умри жазонинг аввали эканини сезган бўларди.
Холнисанинг ўтмиш замондан жабр кўргани ҳақидаги даъвоси ажабланарли эди. Менглиев Ражабни биринчи марта сўроқ қилишга тайёрланаётган пайтда идорага шовқин солиб кирган Холниса “пахта иши”да жабр кўрганини қайта-қайта таъкидлаган эди. Комсомолда ишлаётган шўх- шодон қизнинг “Райком бува” назарига тушгач, иқтидорли ёш мутахассис сифатида компартиянинг район қўмитасига ишга олинганини, кунлардан бир
95