Кира қилинган машинанинг орқа ўриндиғида, икки қиз ўртасида ўтирган Шуҳрат бошини Зульканинг елкасига қўйиб аста шивирлади:
-Зулька, сен менга ростданам ёқиб қолдинг. Иккаламиз алоҳида маишат қилишимиз керак, буларни аралаштирма, нима дейсан?
Зулька “маъқул” деган маънода бош ирғаб қўйгач, Шуҳрат давом этди:
-Сухаригинг бугун қуп-қуруқ, чўнтагида хемири ҳам йўқ. Насияга ҳам кўнаверасанларми? Текинга мушук офтобга чиқмайди. Демак, кўнмайсан, тўғри қиласан. Мен ҳам қарз бўлиб юришни хоҳламайман. Шунинг учун борган жойимизда бехитгина қилиб қочворсанг ҳам жаҳлим чиқмайди. Эртага бир ўзинг кечқурун тўққизда “Леопард”га келасан. Тушундингми?
Зулька яна бош ирғагач, Шуҳрат ғижимлаб ўтирган пулни унинг кафтига тутди.
Манзилга етиб келишгач, Зулька йигитларга қараб “Сизлар кутинглар, жой тайёр бўлгач, чақирамиз”, деб Диляни бошлаганича тўққиз қаватли уйнинг ўрта йўлагига кириб кетди.
-Кайфиятларини чамандай очиб юбординг, порошокнинг додахўжасидан берувдингми?-деб сўради Шуҳрат.
-Додахўжасимас, доим тортиб юрадигани. Дискотеканинг шунақа оҳанжамаси бор. У ерга кирган одамнинг баҳри дили яйраб кетаверади.
Суҳробнинг бу гапидан кейин Шуҳрат ўзидаги ўзгаришнинг сабабини аниқлагандай бўлиб, кўнгли равшанлашди.
Қизлардан дарак бўлавермагач, Суҳроб асабийлаша бошлади.
-Қанжиқлар мени лақиллатишмоқчими?! Ҳозир топиб чиқаман!-деб йўлак томон юрганда Шуҳрат билагидан ушлаб уни тўхтатди:
-Ярим кечада қайси уйдан топасан?
-Ҳамма уйни бир-бир титиб чиқсам ҳам топаман!-Суҳроб шундай деб катта кетиб қўйиб, Шуҳратга қаради:-Менга қара, юр, сен милисасан, уйларга кириб текширишга ҳаққинг бор.
-Шу ачиган туршаклар олдида паст кетасанми?! Қидиришмас, чақириб қўйишингга ҳам арзимайди.
Шуҳрат шундай деб уни қўлтиқлади-да, кўча томон юрди. Кўча кимсасиз эди. Анча йўлни пиёда босиб ҳолдан тойишганда орқа томонда арава ғилдирагининг ғижирлашини эшитиб тўхташди. Молбозорга эртароқ бориш
81


учун барвақт йўлга чиққан аравакашнинг марҳамати билан катта кўчага етиб олдилар.
Эрталаб ишга кечикиброқ келган Шуҳрат бошлиғига батафсил маълумот бермади. Менглиев бошқармага шошиб тургани сабабли уни саволга тутмади. Қисқа фурсатли учрашувдан сўнг Шуҳрат кеча мўлжаллаб қўйган учрашувига йўл олди.
Аслида бу жувон билин учрашиши, уни ўтмиш хотираларига қайтариб, ярасини янгилаши шарт эмасди. Чунки йиллар аввал Моҳина кампирникига набира келин бўлиб тушган бу жувон қайнона бувисининг сандиғидан пул ўғирланганини ҳатто эшитмаган ҳам эди. Унга бир-икки савол бериб, олинадиган жавоблар орқали гумонини ҳақиқатга айлантириш ниятидаги Шуҳрат мактаб директорига учрашганидаёқ адашганини ҳис қилди. Милициядан келган йигитнинг физика муаллимасидан сўрайдиган гапи борлигини эшитган директор ҳали саволлар нимадан иборат эканини билмасданоқ дарров шубҳа чодирига ўралиб олди. Шубҳасини ойдинлаштириш мақсадида кўпчиликка ҳос йўлни тутиб, кўпчилик берадиган саволни берди:
-Нима гап, тинчликми?
Шуҳрат ҳам бунақа ҳолатда кўп қўлланиладиган сўз билан жавоб қайтарди:
-Тинчлик.
Директорни бу жавоб қаноатлантирмади. Шуҳрат эса унга мақсадни очиқ баён этишни истамади. Лекин жувонни директор томонидан ташланган шубҳа тўрига ўралиб қолишини ҳам хоҳламади.
Бу мактаб директори кўпгина ҳамкасблари қатори қўл остидаги муаллимларининг ўзига фақат тобе эмас, муте бўлишларини талаб қиларди. Бу мактабдаги муаллимлар ҳарбийдаги итоаткор аскарлар каби директор чизиб қўйган чизиқдан чиқмасликлари шарт эди. Кибернетика институтида илм билан шуғулланиб юрган Нилуфар ўзи ўқиган мактабга физика муаллимаси бўлиб қайтиб келгач, бу чизиқдан юришни истамади. Қирқ йиллик умри мактабда ўтган директор чизган чизиқдан ёш муаллиманинг юрмаслиги табиий бўлса-да, жамоада бу ҳол фожиа каби қабул қилинарди. “Педсовет” деб аталмиш муаллимлар кенгаши Нилуфар келгунига қадар бир ҳилда бошланиб, бир ҳилда якунлангувчи эди. Асосий нотиқ ҳам, қарор қабул қилгувчи ҳам директорнинг ўзи бўлгач, бу йиғинни “кенгаш” деб номлашнинг ўзиёқ кулгили эди. Нилуфар
82


келди-ю гўё кўлмакни чайқатиб юборди. Йиғинда директор бўёқ учун болалардан пул тўплашни буюрганда Нилуфар ота-оналар ҳузурида иснодга қолишга тоқати йўқлигини айтиб, бу ишдан бош тортди. Ўша йиғинда бу буйруқдан норозилар оз эмасди, лекин барчалари дардларини ичларига ютдилар, ҳеч ким ёш муаллиманинг ёнини олмади. Чунки директорнинг қаҳрига учрашдан кўра ота-оналарнинг норози боқишларига чидаш осонроқ эди. Гарчи Нилуфар ёлғиз бўлса-да, директор эртами ё индинми унинг сафига бошқаларнинг қўшилишидан чўчиб қолди. Муаллимани ишдан ҳайдагиси келди-ю, лекин баҳона-сабаб тополмай қийналди. Кеча туман халқ таълими бўлимининг мудири синфларга бир-бир кириб чиқди. Физика хонасига кирганида ашёлар орасида эски физика дарслигига кўзи тушиб қолиб, кўзлари ола-кула бўлди-ю “Нима учун эски дарслик бу ерда турибди, ҳали ҳам эски дарсликлардан фойдаланяпсанларми?!” деб кекса муаллимга дағдаға қила кетди. Физика хонасига шу муаллим масъул бўлгани учун ҳамма бало дўли унинг бошига ёғилди. “Пенсияга чиққан бўлса, уйида ўтирсин!” Мудирнинг бу ҳукмини директор ўша ондаёқ амалга оширишга тайёр эди. Гарчи бу машмашада Нилуфарга ҳатто дашном ҳам берилмаган бўлса ҳам у чидаб туролмади, бир пайтлар ўзига дарс берган муаллимнинг ёнини олди. “Эски дарслик турган бўлса, бунинг нимаси жиноят? Эски дарсликда ҳам янгисида ҳам Ньютон қонуни бир ҳил-ку?” деди. Мудир бу маҳмадана жувонга ўқрайиб қаради-ю “сен билан пачакилашиб ўтирмайман”, дегандай юзини бурди. Мудирнинг ўрнига директор ҳужумга ўтди. Нилуфар бўш келмай “Сиз янги дарслик бўйича ишлашга мажбурсиз. Чунки эски дарслигингизда қўшма гапга Горкийдан мисол келтирардингиз. Ҳудди Горкий ўзбек тилида ёзгану ҳудди Абдулла Қодирий асарларида қўшма гапга мисол йўқдай эди”, дегач директор портлаб кетаёзди. Мудир “ички масалларни ўзингиз кейин ҳал қиласиз”, демаганида директорнинг портлаши тайин эди. Фақат портлаш натижаси қандай бўлиши мавҳум эди.
Кечаги портлашолди ҳолатидан ҳали қутула олмаган директорга милиция ходимининг келиши нажот кемаси каби кўринди. Агар милиция Нилуфарни бирон жиноятга алоқадор деган гумонда сўроқ қилмоқчи бўлса ҳам ишдан бўшатиб юборишга сабаб топилади, деб қувонди. Шуҳрат мактабдаги воқеалардан, хусусан, директорнинг кўнглидан ўтган фикрдан бехабар бўлса-да,
83


“нима гап, тинчликми?” деган саволидаги оҳангдан “тинчлик эмас, муаллимангиз қамалиши керак”, деган жавобдан умидвор эканини сезди.
-Қайноталари Америкада ишлаётган эканлар, илмий ишларига доир бир-икки нарсани сўраб, аниқлаб олмоқчиман,-дегач, директор “ростдан-а?” дегандай унга тикилиб қолди.
-Давлат аҳамиятига эга сирни олиб чиқиб кетибдими?
Оилавий масала майдалашиб, миш-мишга айланмасин, деган мақсадда гапни чалғитмоқчи бўлган Шуҳрат директорнинг бу саволидан сўнг “сиёсатга буриб юборди-ку?” деб бир оз гангиди. Айтилган сўз айтилган, камон ўқи сингари директор истаган мўлжал сари учиб борарди. Шуҳрат директор кўнглидаги нишон нимадан эканини тасаввур қилмасди, шунга қарамай айтиб юборган гапининг нотўғри акс-садо беришини ҳам хоҳламасди. Шу боис “ўқ”ни бошқа томонга буриб юбориш учун ўзини кулимсирашга мажбур қилди-да:
-Давлат аҳамиятига доир маҳфий иш билан шуғулланган одам четга осонлик билан чиқарканми, ўйлаб гапиряпсизми?-деди.
Бу дашном директорга малол келиб, пешонасини тириштирди:
-Нилуфар ҳозир дарсда, сиз милиса экансиз-ку, худоси келиб қолса ҳам дарсни бузишга йўл қўйиш мумкинмас.
Директорнинг қўрс муомаласидан Шуҳрат ранжимади, аксинча уни қўллаган бўлди:
-Тўғри қиласиз, сўрайдиган гапим дарсни бузишга арзимайди ҳам, мен ташқарида кутиб тура қоламан.
Танаффус пайтида Нилуфар мактаб ҳовлисига чиқиб, баскетбол тўсинига суянганича болаларнинг ўйинини томоша қилаётган Шуҳратга яқинлашди. Милициянинг ташрифидан норозилигини яширмай қуруқ оҳангда:
-Менда гапингиз бормиди?-деб сўради.
-Ҳа, вақтингиз бемалол бўлса, собиқ эрингиз... Суҳроб ҳақида гаплашиб олсак...
-Собиқ эрим...-Нилуфар қошларини чимирди.-Собиқ эрим ҳақида гаплашадиган гапим йўқ. Собиқ қайнотам ҳақида гаплашмоқчи экансиз-ку?
-Директорингизга атай шунақа девдим. Аслида... -Гапингиз зарурми?
-Зарур бўлмаганда сизни безовта қилмасдим.
84


-Яна бир соат дарсим бор. Хоҳласангиз кутинг. Фақат бу ерда эмас, эски кинохонанинг ёнида туринг.
Нилуфар шундай деб жавоб кутмасданоқ қайрилиб кетди.
Шуҳрат бир кўришдаёқ унга маҳлиё бўлди. Оқ юзли, қошлари қалин, чарос кўзлари узун киприклар билан иҳоталанган сарвқомат бу жувоннинг ҳусни ҳар қандай йигит ҳушини олар даражада бўлгач, Шуҳратнинг юраги “жиз” этмасинми! Агар эр кўрган жувон бўлмаганида Шуҳрат унга совчи қўйишни ўйлаб қолиши ҳам мумкин эди. Ҳозир унинг изидан қарай туриб Суҳробнинг нодонлигидан аччиқланди. Шундай жувон билан ажрашиб, кўчадаги шилталар билан нафсини қондириб юрувчини нодон деб атамоқ камлик қилар, ҳатто аҳмоқ демоқлик ҳам етарли эмасдир. Бу бузуқликнинг нақадар улуғ гуноҳ эканини, бу гуноҳнинг жазоси ҳам оғир кечажагини Шуҳратга биров тушунтирмаган. Тушунтирганда эди, Суҳробни нима деб аташни ўзи биларди. Ҳеч бир банда бузуқ бўлиб туғилмайди. Афсус шуки, бузуқ ҳолида ўлиши мумкин. Бу қисмат пешонасига ёзилган бўладими? Йўқ, банданинг тақдир ёзуғида поклик кўчаси ҳам бор. Бу кўчага юрмай, иблисга бандалик қилиб бузуқликни иҳтиёр этибдими, демак, бузуқлик ҳолида ўлмоқликни ўзи истабди, ўзи танлабди. Эҳтимол бу йўлни танлашида ҳидоят йўлида тарбия бермаган ота-оналарининг ҳам ҳиссалари бордир, валлоҳи аълам?!
Шуҳрат ҳозир бу ҳақда ўйламади. Шундай гўзалнинг бир аҳмоқ туфайли бахтсиз бўлиб қолишидан афсусланди халос.
Авваллари ҳамиша гавжум бўлувчи кинохонанинг атрофи энди файзсиз эди. Бир соатдан сўнг Нилуфар келди. “Милициянинг муҳим гапи бор экан” деган ҳавотирда шошилиб келмади. Одатдагидай шошилмасдан юриб келиб, яқинлашди. Бир жойда туриб гаплашиш ўтган-кетганнинг диққатини тортиши мумкин, боши очиқ аёлнинг, яна гўзал жувоннинг бир йигит билан гаплашиб туриши эса янги миш-мишлар дўлини ёғдириб юбориши тайин эди. Шу боис икковлари ҳам худди кўз қарашлари билан келишиб олгандай аста юра бошладилар. Шуҳрат мақсадини дарров ошкор эта олмади.
-Қайнотангиз билан бирга ишлаган экансиз?-деб сўради Шуҳрат. -Ҳа, бир тажрибахонада лазер муаммолари билан шуғулланардик. -Америкага кетишганларини эшитувдингизми?
-Эшитдим. Ҳайрон ҳам бўлдим.
85


-Нега?
-Америкада ишлайдиган даражадаги олимлардан эмасдилар.
-Балки илмни ташлаб бошқа иш қилаётгандирлар. Бир машҳур
артистимиз дўконда фаррошлик қилаётган экан.
-Нима иш қилаётганларини эшитмадим. Ҳар ҳолда фаррошлик
қилмасалар керак.
-Бунақа ишлардан ирганадиларми? Димоғдормидилар?
-Сиз мендан бошқа нарсани сўрамоқчийдингиз. Тезроқ сўранг, сиз
билан узоқ юра олмайман.
-Сиз қайнотангизга ёқиб қолганингиз учун бу хонадонга келин
бўлганмисиз?
-Энди бунинг аҳамияти йўқ. Бўлар иш бўлиб ўтган.
-Суҳроб билан нега ажрашиб кетдингиз?
-Агар менга совчи қўйганингизда шундай деб сўрашга ҳақли эдингиз.
Шунда ҳам жавоб қайтармасликка ҳаққим бўларди. Милисага тегишли зарур саволингиз бўлса сўранг, шахсий ҳаётимга аралашманг.
Нилуфар жавоб қайтармасликка ҳаққи борлигини бежиз таъкидламади. Эрдан чиққанидан бери совчиларнинг ташрифидан безиб кетган жувон ажралиш сабаби албатта сўралишини билар, жавоб қайтаришни эса истамас эди. “Эрим такасалтанг эди” ёки “қайнона бувим молпараст, пулпараст эди”, дейиш бошқаларга осон туюлиши мумкин, лекин бу гапларни айтиш Нилуфарни ўша кўнгилсиз кунларга қайтариб, ярасини тирнаб, туз сепгандай бўларди. Турмуш қуриши мумкин бўлган одамга-ки айтишни истамаган гапларни етти ёт бегона милиса йигитга айтсинми? Ҳасрат қилсинми?
Жувондан дашном эшитган Шуҳрат довдираб қолди, ҳатто пешонасидан тер чиқиб кетди. Назарида дарахт панасида капитан Менглиев беркиниб тургандай, унинг аҳволидан кулиб “тўрт йил ўқибсан-у уқмабсан, савол бериш илмини ўрганмабсан, укам!”деб танбеҳ бергандай бўлди.
-Суҳроб ҳеч ерда ишламас экан, тирикчиликларингиз қандай бўларди?
-Суҳробни нима учун суриштириб қолдингиз? Шу гапингизга қараб, кейин жавоб бераман. Агар “ишга таалуқли сирни очишга ҳаққим йўқ”, десангиз хайрлашамиз.
-Сир йўқ. Моҳина опоқининг уйини ўғри урибди. Ўғрини қидиряпмиз. -Суҳробнинг нима алоқаси бор? Ҳа... ундан гумонсираяпсизми?
86


-Жиноятчи топилмагунча шу хонадон атрофидагиларнинг ҳаммаси билан қизиқиб кўришга мажбурмиз.
-Балки аразлаб кетиб қолган келинлари ўғридир?
-Пичинг қилманг, илтимос. Гапимни диққат билан эшитинг, хоҳласангиз жавоб беринг, истамасангиз зўрламайман.
-Сўранг .
-Уйда емоқ-ичмоқдан ташқари йигит кишининг кўчадаги ҳаражатлари бўлади. Суҳроб тўйдан кейин чилла тутиб ўтирмагандир. Кафе, дискотека, пиво, сигарет... ҳаммасига пул керак. Пулни қаердан оларди?
Нилуфар бу гапни эшитиб Шуҳратга ялт этиб қаради-да:
-Сиз буни қаердан биласиз?-деб сўради.
Шуҳрат Суҳроб билан синфдош бўлганини айтгиси келмай “унинг
қилиқларини ўрганишга тўғри келди”, деб қўя қолди. Нилуфардан жавоб кутиб уч-тўрт қадам жим юрди. Кейин саволини қайтарди.
-Пулни қердан оларди?
Пулни қаердан оларди...
Онасидан оларди. Етмаганига бувисини эритишга ҳаракат қиларди.
Бувисининг эриши осон эмасди, лекин шунга қарамай минғирлаб-минғирлаб, кўп бўлмаса-да пул бериб турарди. Суҳроб ярим кечада уйга ширакайф қайтганда унинг оғзидан анқиётган қўланса ҳиддан Нилуфарнинг кўнгли айнирди. Алмойи-алжойи гапларидан энсаси қотарди. Олимнинг ўғли бу қадар бевош, бу қадар бузуқ бўлишини ҳаёлига ҳам келтирмай турмуш қуришга кўнгани учун ўзини ўзи лаънатлаб чиқарди. Қайнотасига эътирози йўқ, мўмин одам ҳар қандай келиннинг орзуси. Қайнонаси ҳам ёмон эмас. Лекин ўғлини бенуқсон инсон деб билиб, Нилуфарни гапиртиргани ҳам қўймасди. Келиннинг “Ойижон, ўғлингизга пул берманг, шунда кечалари санқиб юрмайдилар” деган нолалари унга таъсир қилмасди. Қайнона бувиси эса “эр каравотингга боғлаб қўйилган итми, кўчага чиқмай думини қисиб ётиши керакми?” деб вайсагач, Нилуфар ундан нажот кутмай қўйганди.
Милиса йигитга шуларни гапирсинми?
Онасига айтмаган, отасига айтмаган дардларни бу йигит олдида дастурхон қилиб ёйсинми?
Йўқ, айтмайди. Лекин нимадир дейиши керак...
87