10 - БОБ
буюрибди: “Аравага нима юкланибди?” Қарол яна чиқиб аниқлаб қайтибди: “Аравага қовун-тарвуз ортилибди”. Шу зайлда бой буюраверибди, қарол кўчага чиқиб аниқлаб қайтаверибди. Шундан сўнг бой Абдурайимни чақириб “Кўчага чиқиб қара-чи, одам зоти бормикин?” деб буюрибди. Қарол “Хўп бўлади, бой ота”, деб чиқиб дам ўтмай қайтиб ҳисоб берибди: “Бой ота, кўчамиздан қовун- тарвуз ортилган от арава ўтяпти. Кўктераклик Мусавой деҳқон Эралибойнинг от аравасини ижарага олиб бозорга кетаётган экан. Ўнта босволди, ўнта бўрикалла қовунни бир тангадан, ўнта тарвузни ярим тангадан сотиб келмоқчи. Хўжайин, шу қовун-тарвузларни деҳқон айтган нархга олиб қолиб, эртага бозорга ўзимиз олиб чиқсак, анча фойда қоларди. Бозорда бу йил қовун- тарвузнинг нархи пича баландроқ”. Бу гапларни эшитган бой Марайим қаролга қараб дебди: “Эшитдингми? Сен ўн марта кўчага чиқиб билган нарсани Абдурайим бир чиқишда аниқлаб қайтди. Шу чиқиб-келишида фойда олиш йўлини ҳам ҳисоблаб қўйди. Мен икковингнинг хизматингга бир ҳил ҳақ тўлайман, аммо Абдурайимнинг зеҳнига қўшимча маош бераман”.
Менглиев бу латифани ёшлик пайтида эшитган бўлса-да, ундаги ҳикматдан таъсирланиб, ёдига муҳрлаган эди. Милицияда ишлаган пайтида хизматга келиб-кетган кўп ёшларни учратди. Шулар орасида Марайим қаролга ўхшаганларни кўрганда ғаши келаверарди. Баъзиларига “Дунёда “мантиқ” деган илм бор, биласанми?” деб танбеҳ ҳам берарди. Шуҳрат ўқиш чоғи бу бўлимга икки марта амалиёт учун келгандаёқ Менглиев унинг зеҳнига, зийраклигига тан берган эдим. Дастлабки мустақил ишда довдирамай, тўғри йўлга тушиб олганидан мамнун бўлиб, елкасига енгил уриб қўйди.
-Ўртоғингнинг лақабини нима дединг?
-Болалигида ҳамма Олғиртой дерди. Кўзига нима яхши кўринса, илиб кетаверарди. Қорни оч бўлса, сомса еб турган боланинг қўлидан юлиб олаверарди. Айниқса, қаламга ўч эди. Чўнтакдан бир учи чиқиб турса бўлди, илиб олганини сезмай ҳам қолардик. Ким стол устида унутган бўлса бир нафасда йўқоларди. Кейин бу қаламларни кўкрак чўнтагига қатор териб, керилиб юраверарди.
-Фақат қалам ўғирлармиди?
-Бу ўғирлик эмас-ку? Очиқчасига шумлик билан олиш ҳалос.
-Битта сен эмас, кўпчилик шунақа деб ўйлайди. “Боланг шўх бўлса
бўлсин-у шум бўлмасин”, деган ҳикматни эшитганмисан? Шўхлик чегарадан 67
ошса, шумлик бошланади. Шумлик билан жиноятчилик орасида мустаҳкам чегара йўқ. Шумлик жиноят жарининг ёқасига ўхшайди. Жар ёқасида юраверган одам бир кунмас бир кун йиқилади. Эрталаб бир илтимос қилувдинг, натижасини нега сўрамаяпсан?
-Улгурмагандирсиз, деб ўйлабман.
-Мен шогирдларнинг топшириғини тез бажаришга одатланганман,-деди Менглиев ҳазиллашиб.-Эшит: Олғиртойинг ўз номига муносиб иш қилган. Шумлик чегарасини ўнинчи синфда бузиб ўтган. Диля Шайхутдинова деган ўқитувчиларинг бормиди?
-Ҳа, тарихдан ўқитардилар.
-Шу Диля опанг маош олган куни ҳамма пули сумкасидан ўғирланган. Олғиртой далил-исбот билан ушланган. Ота-онасими ё ўша шаллақи бувисими, елиб-югуриб қамоқдан олиб қолган. “Иш” ёпди-ёпди бўлган деб қувониб юраверишган. Синган косани чегалаб шўрва ичиш мумкин, лекин синиқ изи қолади. Элчихона ўша изга эътибор қилган.
-Суҳробни кўрганимдан бери ўйлаб, бир саволимга жавоб тополмаяпман: отаси олим, онаси врач бўлса-ю, бола ўқишни истамаса. Иш деса афтини бужмайтирса.
-Дунёда “ота-онаси яхши бўлса, боласи ҳам яхши бўлади”, деган қонун йўқ. Болалар қамоқхонасига борганингда “туппа-тузук оилалар”нинг фарзандларини кўрардинг. Ўзи “туппа-тузук” бўлиб боласига тарбия бермаса ҳам “яхши ота-она” деяверамиз, а? Маҳалламизда бир домла борлар. Кўрсанг, ҳавас қиласан. Юзларидаги нурга қараб кўзинг роҳатланади. Лекин ўғлини кўрсанг, “афтинг қурсин”, деб тескари қарайсан. Авал “шундай яхши одамнинг боласи нега ароқхўр?” деб ўйлардим, энди “шундай иймонли одамнинг боласи нега жиноятчи?” деб бош қотираман. Бир даврада шайх билан ўтириб қолган эдим, шу бошқотирма саволни бердим. Жавоби оддий экан, ўйлаб ҳам ўтирмай қисқагина қилиб жавоб берди: “Еган луқмасига қачондир ҳаром аралашиб қолган. Буни ўзи вақтида билмаган бўлиши ҳам мумкин”. Кампирнинг пулини Олғиртойинг ўғирлаган бўлса, шу жиняоти учун қамалади. Бу жиноятни келтириб чиқарган омилларни биз “Иш”га тиркамаймиз, суд ҳам кўриб чиқмайди. Биз илми саёз дўхтирларга ўхшаб ишлаймиз. Дўхтир иситмаси кўтарилган беморга тана ҳароратини туширадиган дори беради. Нима учун иситма чиқаётганини яхшилаб ўрганмайди. Оқибатда ичдаги касал кучаяверади.
68
Ўладиган ҳолга келган беморни энг зўр дўхтир ҳам тузатолмайди. Биз ҳам жиноят кўчасига кириб бўлган одамни яхши йўлга қайтара олмаймиз.
-Биздан ҳеч ким буни талаб қилмайди, вазифамиз бошқа,-деди Шуҳрат устозининг гапини бўлиб.
-Ҳа, талаб қилмайди. Шунинг учун дўхтир ўлим ҳақидаги қоғозни ёзиб берганидай биз “бу одам жиноятчи, жазо олиши шарт” деган қарор ёзиб бериш билан чекланамиз. Дўхтир жисмоний ўлимга далолат беради, биз маънавий ўлимга.
Шуҳрат устозининг ҳозирги гаплари ва кайфиятига тушуна олмади. Терговчи ўз вазифасини ҳалол бажарса кифоя эмасми?
ЯНА НЬЮ ОРЛЕАНДА:
Жиноятчининг шериги
Нонуштадан сўнг леди Ҳамелтонни ювинтириб бўлган Заринани Жек хонасига чақирди-да, зар қоғозлар билан чиройли қилиб ўралган қутичани узатиб:
-Бугун қадрдон дўстимнинг туғилган куни. Кечаси билан юрагим санчиб чиқди, мен боролмайман, сен ҳозир бу совғани уйига ташлаб келасан,- деб буюрди.
-Ледидан руҳсат олиб беринг,-деди Зарина, айбдор қизчанинг ҳадикли овозида.
-Сени мен ишга ёллаганман, ҳақни ҳам мен тўлайман. Демак, менинг айтганимни сўзсиз бажаришинг керак!-деб бақирди Жек.
Ўғлининг овозини эшитган қора хотин ётган жойида:
-Нима гап, Жек?-деб бақирди.
-Ҳеч гап йўқ,-деди Жек жеркиб.-Ҳамелтон, За бир соат уйда бўлмайди.
Ғалва қилмай, жим ўтир.
-За менинг хизматкорим, уни бирон ёққа жўнатишга ҳаққинг йўқ.
-Бир соат мен сенинг хизматкоринг бўлиб тураман.
-Қанақасига хизмат қилишингни биламан. Ҳозирнинг ўзида қорангни
ўчирасан, сен аблах!-Ҳамелтон шундай деб чала ғажилган олмани шу томон отди.
69
-За қайтгунича қорамни ўчирмай ўтиришга ваъда бераман,-Жек онасини шундай деб тинчитгач, Заринага совғани қаерга олиб боришини тушунтирди.
Ташқарида қуёш чарақлаётган бўлса-да, кеча тинган довулнинг асорати ҳали сақланиб турарди. Кўчаларга уюм-уюм қилиб тўпланаётган балчиқнинг сассиқ ҳиди Заринанинг кўнглини айнитди. Димоғини рўмолчаси билан пана қилиб юрди. Ҳамма ёқни ахлат қоплаб ётганида юпқа рўмолча кишини бадбўйдан ҳимоя қила олармиди? Бир оздан сўнг рўмолчани чўнтагига солиб, қадамини тезлатди. Ярим соат деганда Жек тушунтирган даҳага етиб борди. Бу ердаги уйлар Жек яшайдиган даҳадаги кулбалардан фарқ қилар, иморатлар ҳашаматли бўлмаса-да, батартиб одамлар яшашидан дарак бериб турарди. Зарина учинчи қаватга кўтарилиб, қўнғироқ тугмасини босиши билан унинг ташрифини кутиб тургандай, эшик дарҳол очилди. Жекка нисбатан қорароқ ва бадбашарароқ одамни кўриб, Зарина чўчиб кетаёзди. “Сенга нима керак?”-деган дағал овоздан ўзига келиб, бир оз довдираган ҳолда:
-Мистер Эденбург керак,-деди.
-Менман Эденбург, нима дейсан?
-Мистер Ҳамелтон сизни туғилган кунингиз билан табриклаб, совға
юбордилар.
-Ўзи нима учун келмади?
-Касал эканлар.
-Кечаси билан юраги санчиб чиқибдими?
-Ҳа.
-Шунақа аҳмақона касали бор, қани, кир ичкарига.
Бу таклифдан ҳадиксираган Зарина бир қадам тисарилди:
-Нега? Совғани бердим, энди кетишим керак. Леди Ҳамелтон
ғазабланишлари мумкин...
-Леди дедингми?-Эденбург шундай деб тиржайди. У тиржайган пайтда
қозиқ тишлари кўриниб, янада қўрқинчли тус олгани учун Зарина беиҳтиёр юзини бурди. У эса гапини давом эттирди:-У сассиқ чўчқа ҳали ҳам тирикми? Чўчқанинг “леди” бўлганини энди эшитишим. Сен кармисан? Ичкарига кир, деяпман!
-Киролмайман.
70
-Қўрқма, мен фақат совғани очиб кўраман, мен сенинг кимлигингни билмайман-ку, балки совғанинг ярмини йўлда ўмариб қўйгандирсан?
Бу туҳмат тоши зарбидан гангиган Зарина “Мен ўғри эмасман”,-деди-ю овозининг титраб кетганидан ўзи ҳам ажабланди.
-Ўғри эмаслигингни билишим учун ичкарига киришинг шарт.
Зарина остона ҳатлаб икки қадам қўйди-да, даҳлиз ўртасида тўхтади. Эденбург чўтагидан пичоқча чиқариб тугмасини босган эди, тиғ “шиқ” этиб очилди. Тиғ ҳудди ўзига санчилиш учун очилгандай Зарина чўчиб тушди. Эденбург аёлнинг қўрқувидан лаззатланиб, иршайди. Кейин чиройли тасмаларни узиб, зарқоғозни ғижимлаб ташлади-да, қути қопқоғини очди. Шу он кутилмаганда эшик ташқари томондан зарб билан тепилди. Ошиқмашуғи узилиб чиққан эшик Заринанинг орқасидан урилди-ю, у нима бўлганини англашга улгурмай, ҳушини йўқотиб, йиқилди.
-Нью Орлеан полицияси! Гапирмаслик ва адвокат ёллаш ҳуқуқига эгасан!-деган овозни узоқ-узоқдан эшитгандай бўлди.
Димоғига урилган ўткир ҳиддан ҳушига келиб кўзини очганда ўзини даҳлизда эмас, кенг хонада кўриб ажабланди. Қимирламоқчи бўлган эди, қўлига кишан урилганини билиб, қўрқувдан юраги қинидан чиқиб кетаёзди.
-Нью Орлеан полицияси, сиз гапирмаслик ва адвокат ёллаш ҳуқуқига эгасан,-деди унга яқин ўтирган йигит.
Агар милиция бўлганида Зарина унинг погонидаги юлдузчаларга қараб мартабасини билиши мумкин эди. Бу йигитнинг полицияда қандай мартабага эга эканини фарқлай олмай нима деб мурожаат қилишни билмади. Полициячи унинг гапиришини кутиб ўтирмай ўзини танитишни талаб қилди.
-Зарина Норова, мистер Жек Ҳамелтоннинг хизматкориман.
-Мана бу қутини сен олиб келдингми?
Зарина стол устидаги қутига қаради. Қутини безаб турган зарқоғоз
шилиниб олингани учун бир нима дейишга иккиланди:
-Мен туғилган кунларига совға олиб келувдим...
-Қанақа совға? Қанақа туғилган кун? Мен январда туғилганман! Ҳеч
қанақа Жек Ҳамелтонни билмайман!-деди Эденбург бақириб.
-Ҳамелтонни сен билмасанг, биз биламиз. Қани, кетдик, агар қамоқда
ўлиб кетмасанг, энди бу уйга йигирма йиллардан кейин келасан,-деди полициячи.
71
Даҳлиз остонасида турган полициячи Эденбургнинг орқасига ўтиб, елкасига туртди. Эденбург унинг амрини бажо этишдан олдин Заринага ғазаб билан тикилди. Заринанинг назарида унинг кўзларидан учқунлар сачрагандай бўлди. Аёл бу учқунлар оқимига дош беролмай юзини бурди. Эденбург:
-Бу қанжиқ иғво қиляпти, ҳали ҳамманг пушаймон бўласанлар!-деб бақиргач гарданига мушт тушиб гандираклади. У олиб чиқиб кетилгач, Зарина бўшатилишга умид қилиб аввал қўлидаги кишанга, сўнг полициячига илинж билан қаради. Аёлнинг умидвор бу қарашига полициячи совуққонлик билан:
-Сен ҳам биз билан борасан,-деди.
-Нега?-деди Зарина йиғламсираб.
-Жиноятчиларга шерик бўлганинг учун,-деди полициячи ўрнидан
туриб.
Бу айбловни эшитган Заринанинг тили қотиб, гапга айланмай қолгандай
бўлди. Мажолсиз киприклар кўз ёшларига тўсқинлик қила олмади. -Жиноятчиларга?- деди йиғламсираб.-Ахир мен уларни танимайман-ку? -Бунинг ҳеч ажабланадиган ери йўқ,-деди полициячи ҳотиржамлик
билан,-наркобизнесда мингларча наркокурьерлар бор, улар ҳам ўз “босс”ларини танимайдилар. Қўрқма, агар полиция билан ҳамкорлик қилиб, судда айниб қолмасанг, буларчалик кўп ўтирмайсан.
“Кўп ўтирмайсан?.. Бу нима дегани? Анавинга йигирма йил ўтирасан, деди. Мени қанчага қамамоқчи?” Шу фикрнинг ўзиёқ Заринанинг жонини суғуриб олгандай бўлиб, кўз олди қоронғилашди. Полициячи уни турғизиш учун қўлтиғидан ушлаганда эса ҳушидан кетди.
Ҳушсиз аёл маҳкамага олиб келиниб сўроқ қилинаётганда Жўра ҳовлини тозалаш билан банд эди. Довулдан олдин яшнаб турган майсазор устини балчиқдан уч сидра тозалаб чиққан бўлса-да, эрталаб хўжайин унинг ишидан кўнгли тўлмаётганини айтди. Балчиқдан бўғилган майсазор қуёш нурида жонланиб қолишини тушунтира олмади. Захлаб кетган кулбасида суяклари қақшай бошлаган Жўрага офтобда ишлаш ҳуш ёқди. Майсазорнинг ярмини тараб чиққанида кўчада тўхтаган полиция машинасига кўзи тушди-ю, аҳамият бермай ишини давом эттираверди. Машинадан тушган икки полициячининг бири йўлкадан юрмай, майсазорни кесиб ўзи томон яқинлашаётганини кўргандан сўнг ишни бас қилиб, қаддини ростлади. Полициячи унга яқин келиб ҳудди дўкондаги буюмни танлаб олиш учун
72
синчиклаб кузатаётгандай бошдан оёқ қараб чиқди-да, “сенам одаммисан?” деган оҳангда:
-Норов сенмисан?-деб сўради.
Эрталабдан бери юраги сиқилиб турган Жўрага бу ташриф ҳавотирли туюлиб, аъзойи бадани бўшашиб кетди. Довдираб қолганини сезган полициячи саволини такрорлагач, паст овозда “ҳа, менман”, деб жавоб берди.
-Юр уйингга, мен тинтув ўтказишим керак,-полициячи шундай деб уни билагидан ушлади.
-Менинг уйим йўқ,-деди Жўра.
-Уйинг йўқлигини биламан. Яшаётган жойингга бошла.
Ўз юртида тинтув ўтказиш учун прокурорнинг рухсатномасини талаб
этишга ҳаққи борлиги Жўрага маълум эди. Аммо бу мусофирликда шундай ҳаққа эгами ё йўқми, билмасди. Жўра бўйнига сиртмоқ ташланган қул аҳволида полициячига эргашди.
“Уй” деб аталмиш жойни тинтув қилиш учун овора бўлиб келишнинг ўзи тентаклик эканини полициячи ичкарига қарабоқ англади. Лекин начора, буйруқни бажаришга мажбур бўлгани учун ҳам кулбани уч қайта тинтишдан эринмади. Жўранинг чўнтакларини, ҳатто пойабзали остини ҳам икки марта қаради. Ниҳоят, ўз ишидан ўзи ғашланиб, лабига сигарет қистирди-да, тутатди. “Бу одам бир англашилмовчилик туфайли кулбани титяпти, манзилни адаштирган шекилли”, деган фикрда турган Жўра шундан сўнг:
-Мистер, нимани қидиряпсиз?-деб сўрашга журъат этди.
-Нима қидираётганимни ўзим биламан,-деди полициячи қўрслик билан, кейин Жўранинг кўзларига тикилди:-Нима қидираётганимни билмаяпсанми? Беркитган жойингни ўзинг кўрсатсанг, қисматинг анча енгиллашарди.
-Нимани яширибман?
Соддадиллик билан берилган бу савол полициячининг ғазаб оловига мой сепди. У Жўранинг жағига чанг солди:
-Ит! Мени лақиллатмаган битта сен қолувдинг?!
Жўра кутилмаган зарбадан гандираклаб ўтириб қолди.
-Наркотиклар қаерда?-полициячи шундай деб бақириб, уни тепди.
Кулба тор бўлгани сабабли тепкиси кўнгилгидай чиқмай янада ғазабланди-да, Жўранинг гарданига мушт туширди. Эшик ташқарисида турган полициячи сал инсофлироқ эканми, шеригини қўлидан тортиб, тўхтатди.
73