-Биласан-ку бувим деловой бабка. Кунда бир бозорга тушмаса, касал бўлиб қолади.
Машинанинг ён тўсиғини ёпган йигитлардан бири “Хўжайин, бўлдик”, деб қўйди. Суҳроб Шуҳратга “мен ҳозир келаман”, деди-да, аввал машина ҳайдовчисига яқинлашди. Ундан пулни олиб санагач, йигитларга хизмат ҳақини берди. Ҳаммоллар юқорига чиқиб ўтириб, машина ўрнидан жилгач, Суҳроб Шуҳратнинг ёнига қайтди.
-Сен ҳойнаҳой ўғрини қидириб келгандирсан?
-Мен Суҳроб деган ўртоғимни кўргани келдим.
-Суҳроб деган ўртоғингни унутворгандинг-ку, нечук эсингга тушиб
қолди? Бабкамнинг сандиғига ўғри тушишини пойлаб юрувдингми?
-Ўзинг-чи, ўқишга кирганимни эшитган экансан, бир марта борсанг ўлармидинг? Борсанг, ҳеч бўлмаса қуруғига ўргатардим,-Шуҳрат шундай деб
унга айёрона тикилди. Суҳроб қўл силтаб қўйди.
-Бўпти, гина қилаверма, қуруғинг ўзингга буюрсин. Агар мени кўргани
келган бўлсанг, кетдик. -Қаёққа?
-Томоғим қуриб кетди. Пиво ичамиз. Сени меҳмон қиламан.
Меҳмондўст одам мезбонга уйида ҳеч бўлмаса бир пиёла совуқ чой таклиф қилгувчи эди. Суҳробда бундай одоб йўқ, дейиш мумкин эмас. Бувисидан оз-моз бўлса-да, одоб ўрганган. Фақат бошқалар каби “уйимизга киринг, чой ичиб кетинг”, демоқлик ўрнига “уйга кирмайсизми, те-ез чой қилиб бермайманми?” дейишга одатланган. Ҳозир ўшандай ёлғон манзират билан ичкарига таклиф қилишни истамади. Шуҳрат манзиратнинг сохталигига фаҳми етмай, “уйга кириб бир пиёла чой ичишга” кўнса-ю бу орада бувиси келиб қолса, мебелларнинг сотилгани ошкор этилишидан чўчиди. “Адам телефон қилиб, “мебелларни сотиб юбор”, дедилар”, деган ёлғонга бувисини ишонтириши осон эмаслигини биларди. Бувиси ғазабланиб, бақир-чақир қилмаса-да, бир-икки кун давомида минғирлайвериб оғримаган бошини оғритиб юбориши мумкинлиги учун сирнинг ошкор бўлишини хоҳламаётган эди.
Шуҳратни пивохўрликка таклиф этишидан бошқа мақсади ҳам бор эди. Милиция кийимидаги ўртоғининг ўқиш чоғида наша чекиб тургани унда умид уйғотган эди. Кеча Макс “менга бойваччаларни ўргатиб бер”, деб катта гапирганди. Суҳробнинг назарида Худо гўё унга марҳамат этиб, бойваччани
61


унга рўпара қилиб қўйди. Суҳроб болалиги шу маҳаллада ўтган ўртоғининг сароймонанд уйда яшашини эшитган эди. Отасининг қандай вазифада ишлашини билмаса-да, давлатмандлар маҳалласида истиқомат қилувчи бу оиланинг бадавлатлиги унда шубҳа уйғотмасди. “Бир марта наша тортса бас, бир ҳафтада “игнага ўтириши” аниқ”, деган ишонч унинг кўнглига қувонч бағишлади. Чунки нияти амалга ошса, бу бойвачча ўртоғи унинг “олтин балиғи”га айланади-ю хизматини қилиб юраверади. Қарздан қутилиши билан бу “олтин балиқ”ни қармоққа илинтириши унга омад эшигини очиб юборгандай бўлди. Қон ҳидидан зийрак тортиб, ўлжа томон талпинган ваҳший ҳайвон каби у ҳам ҳамлага шайланди. “Бу милиса ўртоғим мени лақиллатаётгандир”, деган ўй бир ёришди-ю, аммо унга ҳукмини ўтказа олмади.
Суҳроб йўловчи машина тўхтатиб Шуҳратни ўзи севган масканга олиб борди. Ҳашаматли дискотека яқинидаги номи “қаҳвахона”, бироқ, асосан пиво билан савдо қилувчи кўримсизроқ жой унинг кундузги оромгоҳи эди. Кеч кирганда йўлни кесиб ўтиб дискотекага кирарди. Кеча собиқ синфдошлари билан суҳбатлашаётганда Суҳробнинг бу одатидан хабар топган Шуҳрат соябон остидаги стулга ўтириб, унинг ҳаракатларини диққат билан кузатаверди. Суҳробнинг кунда-шунда эканига кўникиб қолган пивохона хўжайини унинг милиционер билан келганидан ҳавотирланиб, “тез хизмат қил”, деган маънода дастёрига имлаб қўйди. Дастёр бола икки кружка пиво билан ликопчада тўртта қурут келтириб қўйди.
-Қоқбалиқ йўқми?-деди Суҳроб унга норози қиёфада қараб. -Тамом бўлибди. Ҳозир олиб келишлари керак.
Дастёр нари кетгач, Шуҳрат кружкани Суҳроб томон сурди: -Мен ичмайман.
-Нега?-деб ажабланди Суҳроб. Кейин пичинг қилди:-Ота ўғил бўлиб француз конъягига ўрганган одам пивони назарга илармиди?
-Хўжайиним пивонинг ҳидини ёмон кўради, ҳозир ишга боришим керак,-деди Шуҳрат соддалик билан.
-Унда нима ичасан? Ие, ментлигинг эсимдан чиқибди. Ментлар қаҳва ичишса керак, а?-Суҳроб саволига жавоб кутмай ўрнидан турди-да, ичкарига йўл олди. Дам ўтмай бир шиша “Фанта” кўтариб қайтди.-Булар ментларнинг қаҳва ичишини билмас экан. Шуни эрмак қилиб тур, ҳозир қўшниларидан топиб келишади.
62


-Бу ерда обрўйинг зўрга ўхшайди, а?-деди Шуҳрат шишанинг қопқоғини оча туриб.
-Обрўйи йўқ эркак эркакми, ўзимга ярашаси бор. Лекин... ҳафа бўлмагин-у устингдаги кийимингни ечиб қўйсанг, сени биров икки пулга олмаса керак.
-Катта кетма,-деди Шуҳрат зардали оҳангда.-Менам кўча кўрган эркакларданман. Бу кийимни бир-икки ойдан кейин барибир ечиб ташлайман. Шунча йил адамнинг кўнгилларига қарадим, энди менинг кўнглимга қарашсин. Ота подшоҳ, ўғил қул эмас, мен бу ҳақиқатни амалга оширмагунимча қўймайман.
Шуҳратнинг бу гаплари Суҳробга ёқди. Энди олтин балиқ унга умид билан боқиб, думини ликиллатганича “қармоқ ташламайсизми, акахон?” деяётгандай бўлди.
-Олдинлари ҳам шунақа ўғил болалигинг бор эди, айнимабсан, қойилман. Шунча умрингни совурганингга яраша бир-иккита ўғрини ушладингми?
-Ишни энди бошладим-ку, ўғрини ушлаш осонми?
-Унда бизникига тушган ўғри нима бўлади? Қўшнимизни олиб кетишувди, чиқариб юборишибди-ку?
-Ҳа, чиқариб юборишди. -Нега?
-У ўғирламаган.
-Ким ўғирлаган?
-Ҳеч ким.
-Бу нима деганинг?
-Уйларингга ҳеч ким кирмаган. Бувинг пулни бошқа ёққа беркитиб,
гангиб қолганлар. Ҳали қараб тур, эрта-индин пулларини бошқа бир кавакдан топадилар. Қариганда одам шунақа склероз бўлиб қолади. Икки ой олдин қўшнимиз “пулларимни ўғирлатдим”, деб вой-войлаб қолди. Лекин милиса чақирмай, фолбинга борибди. Фолбин фол кўриб “пулингизни келинингиз олган”, дебди. Келиннинг отаси салкам миллионер бўлса ҳам уни ўғрига чиқаришди. Туппа-тузук яшаб юрган эр-хотинни ажратиб юборишди. Келин уйига кетгандан кейин пул топилди. Саксонга бориб қолган одамнинг эси нима
63


бўларди, ўзи беркитган жойни унутиб ғалва қилиб юрибди. Бувинг ҳам шунақа қиляптилар.
Ўртоғидан кўз узмай гапираётган Шуҳрат унинг чеҳраси ёришаётганини сезди. Ҳавотирдан қутулиш умиди туғилган Суҳроб ишончини қатъийлаштириш мақсадида сўради:
-Бу сенинг гумонингми ё хўжайинларинг шунақа дейишяптими?
-Хўжайинларим шунақа дейишяпти. Яқинда амнистия эълон қилинса, “Иш” ёпилади.
-Пул топилмаса, бабкам куйиб қолаверадиларми?
-Сен ўша пулни кўрганмисан?
-Бабкам пул кўрсатадиган соддалардан эмаслар.
-Бувинг бозорни яхши биладилар, шунча пуллари бор экан, нега
долларга айлантириб қўймаганлар?
-Олдин айлантирардилар. Тўплаганларини адам билан ойимнинг
Америкага кетишларига сарф қилиб юборибдилар.
Шу пайт Шуҳрат учун кутилмаганда уларнинг яқинида Ражаб пайдо
бўлди. Ражаб “Бу мент нима қилиб ўтирибди?” деган ўйга бормай тўғри келаверди. “Қалайсан?” деб Суҳробга қўл узатгач, Шуҳрат билан ҳам сўрашди:
-Милиса пивохонада сўроқ қилса ҳам бўларкан-у мени қафасга тиқиб, эзиб ташладиларинг-а?
-Сизни мен қамаганим йўқ.
-Биламан, сиз чиқардингиз. Лекин мен учун бунинг фарқи йўқ. Энди навбат буникими? Ишни шу ерда пишитасизми ё буни ҳам бир-икки кун тиқиб қўясизми?
-Нафасингни совуқ қилма, Шуҳрат менинг қиз ўртоғим, олтинчигача бирга ўқиганман. “Иш”инг Шуҳратга тушган бўлса, омадинг бор экан, бу қитмирлик қилмайди. Чиқариб юборгани учун битта банкетга қарзсан, ўтир, хода ютганмисан, биттадан ичамиз.
-Гап йўқ, битта банкет мендан. Лекин ўтириб чиққаним учун сенам битта банкетга тушасан.
-Мен нега тушарканман?
-Мен сенинг касрингга қолдим, ҳақини тўлайсан. -Нима деяпсан?
64


-Бўпти, буни кейин гаплашамиз. Кеча Максга бир нима ваъда қилган экансан. Пойлаб турибди, ҳозир министрга учрашиши керак экан.
-Ўзи қани?-деди Суҳроб атрофга аланглаб. Ражабнинг келиши, “Макс” деган исмни тилга олишидан ғашланганини Шуҳрат сезди.-Ваъда берган бўлсам, бажараман, ҳовлиқмасин.
-Юр, пойлаб турибди,-деди Ражаб энди кескинроқ оҳангда.
Суҳроб истамайгина ўрнидан турди. Лекин Ражабга дарров эргашмади. Кружкани қўлга олиб, икки қултум пиво симирди-да, лабини кафтига артгач Шуҳратга “Ҳозир келаман”, деб юрди. Бу орада дастёр финжонда қаҳва келтириб, Шуҳратга узатди. Суҳроб кетган томонга орқа қилиб ўтирган Шуҳрат Макс дегани ҳам, Ражаб ҳам гумонсирашлари мумкин, деб дарров ўгирилиб қарашдан ўзини тийди. Лекин Макс деган одамни кўришга қизиқиши кучлилик қилиб, ўгирилди. Аввал Ражаб, унинг изидан Суҳроб муюлишдан бурилиб, кўздан йўқолишди. Ҳозир министрга учрашиши лозим бўлган одамнинг беркиниб туриши Шуҳратда шубҳа уйғотди. “Бир пивохўрдан ниманидир илтимос қилган одам министр қабулига кира олармикин? Бунақаларни министрнинг қоровули ҳам яқин йўлатмаса керак? “Министр” балки кимнингдир лақабидир? Улар мени кўришган. Самиев тап тортмай келди. У панада қолди. Менга кўринишни истамадими? Нега? Бирон нимадан чўчидими? “Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан” деган мақол бор, булар нимадан ҳадиксирашади?”
Шу саволлар гирдобида ўтирган Шуҳрат орқасига яна бир ўгирилганда Суҳроб кўринди. Шуҳрат унинг қўлидаги гугуртга эътиборини қаратди. Суҳроб ўртоғининг қараб турганини кўриб, гугуртни чўнтагига солди. Яқиндагина ўзини бойвачча ҳисоблаётган одам Максга учрагандан кейин пулдан айрилиб, аламдан ёнаётган эди. Гарчи қарздан қутулган бўлса-да, бу унга кўнгил ҳотиржамлигини бермаган эди. Чунки ҳадемай яна қарз халтасининг очилишини биларди. Макс “нега мент билан ош-қатиқ бўлиб ўтирибсан?” деб дағдаға қилганида у “яхшилаб таниб ол, кейинги ҳафтада уни сенга лаққа гўшт қилиб топшираман”, деб попугини пасайтириб қўйди.
Бу гаплардан бехабар Шуҳрат “Макс деганинг ким, нима иши бор экан”, деб суриштириб ўтирмади.
-Қаҳваси зўр экан, сенинг обрўйингдан фойдаланиб, маза қилиб олдим,- деди кулимсираб.
65


-Мен билан юрсанг шунақа маза қилаверасан. Уйланганмисан? -Уйлансам сени тўйга айтмасмидим?
-Айтмаслигинг ҳам мумкин. Сен академияда ўқиган одамсан. Биз
ўқимаган лақмамиз... ўқимаган бўлсак ҳам, уққанларданмиз.
Бу пичинг Макс билан бўлган учрашувнинг ҳосиласи эканини билмаган
Шуҳрат “қани, гапиравер-чи” дегандай кулимсираб ўтираверди. -Нега шу пайтгача уйланмадинг?
-Уйлантирамиз дейишганда қуруғидан тортиб туришим фош бўлиб қолиб, қиз томон айниди. Кейин адам “аввал ақлингни йиғиб ол”, дедилар. Ақлимни йиғиб олувдим, энди дурустроқ қиз топилмаяпти.
-Шуни проблема деб юрибсанми? Бугун кечқурун дискотекага кел, на любой вкус. Хоҳласанг, бир кунлик хотин, истасанг, бир-икки йилга ярайдиганини топиб бераман.
-Зўрсан-ку? Кўнгилни қитиқлаб қўйдинг, қани битта чектир.
Суҳроб унга сигарет узатди. Кейин ўнг чўнтагидан ёққични чиқариб ёққанда Шуҳрат чап чўнтакдаги гугуртнинг вазифасини англагандай бўлди.
Кечки пайт идорага борганида бўлиб ўтган гапларни баён қилгач, Менглиев унга қараб муғомбирлик билан жилмайди:
-Ёлғончиларнинг пири экансан-ку? Хўп, ёлғонни-ку тўқибсан. Ишонади деб ўйлаяпсанми?
-Дискотекага таклиф қилди-ку? Ишонмаса таклиф қилармиди?
-Яхши, дискотекага таклиф қилибди. Энди наша чекишга таклиф қилса- чи? Чекаверасанми?
-Бунинг йўли ҳам топилиб қолар?-Шуҳрат бошлиғига айёрона боқиб, кулимсиради.
Йигитнинг ҳар бир саволга дадил жавоб топиши Менглиевга бир латифани эслатди: Марайим қарол оладиган маошидан қониқмай бойга шикоят қилиб дебдики: “Хўжайин Абдурайимдан кам хизмат қилмайман. Тонгда баравар тураман, тунга қадар тиним билмайман. Лекин унга кўпроқ маош берасиз, мени нечун камситасиз?” Бой “Гапинг тўғри”, деб ўйга толибди-да сўнг буюрибди: “Кўчага чиқиб қара-чи, одам зоти бормикин?” Марайим қарол шошганича чиқиб, дарров қайтиб маълум қилибди: “Кўчада бир арава кўринди”. Бой яна буюрибди: “Чиқиб бил-чи, от арава эканми ё эшак аравамикин?” Қарол яна чиқиб билиб қайтди: “Бой ота, от арава экан”. Бой яна
66