Ҳамиша кўнглига роҳат бахш этиб келган бозор шовқини бугун нечундир ёқинқирамади. Молининг ярмини ёйганда пайдо бўлган харидор айтилган нархга кўнганида ёнидаги қўшниси этагидан тортиб қўйди.
-Вой, нима қиляпсиз, Моҳина опа?-деди танбеҳ оҳангида.
-Биринчи қўл, майли сазаси қайтмасин, зора қўли енгил бўлса. Қўшним айтувди, Рамазон ойида сал арзонга берилса савоби кўпроқ бўларкан,-деб изоҳ берди.
Моҳина кампирнинг бу изоҳи қўшни савдогарларга ёқмади. -Қўшнингиз бекор айтибди,-деди чапдагиси.
-Рамазонда ҳар қанча баланд нарх қўйсангиз кўтаради. Бир пас сабр
қилсак, одамлар ўрганиб, олиб кетаверишади. Рамазон йилда бир марта келади. Шунақа пайтда ишлаб олмасак, қачон топамиз фойдани?-деди ўнгдагиси.
Харидор бундай гаплар ножоиз эканини тушунтирмоқчи бўлган эди, хотинлар бир нафасда гўё ини бузилган ариларга айланишди-ю уни талаб ташлашди. Харидор шайтоннинг уясига чўп суққанини англаб, тезда нари кета қолди. У узоқлашгандан кейин ҳам хотинларнинг жазаваси тинмади. Бу воқеа кеча ёки ўтган куни бўлганида ҳам Моҳина кампир уларга қўшилишган бўларди. Ҳатто сафнинг олд қаторини эгаллаши тайин эди. Кечаги ҳодисадан эзилиб тургани учунми ё бу тун кўрган нохуш тушнинг таъсириданми гапга аралашгиси келмади. Хотинлар сал тинчиган онда Моҳина кампирнинг чап кўкрагида гўё бир қуш бирданига потирлаб кетгандай бўлди. Худди юрагидан ажралиб чиққан жон қушчаси потирлаб, бўғзига қараб интилгандай туюлди. Нафаси қайтиб, “Вой, ўляпман!” деб юборди. Қўшнилар кампирнинг ранги оқарганини кўриб, дарров суяшди. Ўнг томондагиси муздек тер чиқараётган пешонасига кафтини қўйди. Кейин новвот қуйқаси қолган пиёлага термосдан чой қуйиб, кампирнинг лабига тутди.
-Кеча рўза тутиб узилиб қолибсиз, ичиб олинг,-деди.
-Дўхтир чақирсакмикин?-деди чапдаги хотин.
-Дўхтирингиз нимаси, умрим бино бўлиб бир мартаям дўхтирга
кўринмаганман,-деди Моҳина кампир ўзини тутишга ҳаракат қилиб.
-Тўғри қиласиз,-деб уни маъқуллади ўнгдаги хотин.-Дўхтир отнинг калласидек қоғозга бир арава дори ёзиб беришни билади. Ҳар битта дориси фалон пул. Анави куни келиним боши қоронғу бўлгани учун дўхтирга борган экан, битта дори ёзиб берибди. Суриштирсам, йигирма минг сўм экан. Ҳудди
47


гўрковнинг хизмат ҳақи билан баравар-а! Лекигин дорининг кафолати йўқ, гўрковнинг иши пухта бўлади – суваб ташлайди. Олдирмадим ўша дорини, икки пиёла новвот чой ичирувдим отдек бўлиб кетди. Келиннинг касалини мен билмас эканманми. Ҳамма келинларнинг касали битта бўлади. Бу касалининг оти – тантиқлик. Буни тушунмаган эси паст қайноналар келини “вой” деса тагига пар тўшак тўшаб, гирди капалак бўлаверади. Келин “вой, касалман”, деса қўлига супурги тутқизиш керак. Бунақа касалнинг давоси меҳнат. Биз шу меҳнат билан чиниқиб кетганмиз, тўғрими Моҳин опа?
Моҳина кампир ноилож тасдиқ ишорасида бош ирғаб қўйди. Чапдаги хотин эса “ҳозир сенинг келининг билан бу кампирнинг нима иши бор?” деб танбеҳ бермай, ўзининг гапини гапира бошлади:
-Ўтган ҳафта биқиним оғриб дўхтирга борсам, аперайса қилиш керак, дейди. Қўрқиб кетдим. “Бошқа иложи йўқми?” десам, “бошқи иложи мозорда”, дейди ишшайиб. “Ҳой, аперайсанг қанча туради?” десам, “сиз яхши хотинга ўхшайсиз, сизга тўрт юз доллар”, дейди. “Аперайсанг билан қўшмозор бўл, ўлсам ўла қолай, ўша тўрт юз долларни болларим худойи-пудойига ишлатар”, деб кетвордим. Бир чойнак кўк чой ичувдим, бинойи бўлиб қолдим.
Суҳбатга бошқа хотинлар ҳам қўшилиб, касални тузатишнинг осон ва арзон йўллари ҳақида гапираверишди. Моҳина иккинчи пиёладаги чойни ичгач, баданига илиқлик югурди. Худди шуни кутиб тургандай уларнинг қаршисида паттачи пайдо бўлди.
-Ҳа, опахонлар, бугуннинг салом-алигини қилиб оламизми?
Кўзлари ҳамиша серрайиб боқувчи қўнғизмўйлов йигитнинг салом ўрнидаги бу гапи хотинларга ёд бўлиб кетган. Йигит паттачилик мартабасини эгаллаган биринчи куни уларга шундай деб яқинлашганда Моҳина кампирнинг жаҳли чиқиб:
-Ҳой оповси, онанг сени “ассалому алайкум”дан кейин туққанми, салом берсанг ўласанми!-деб тергаганда, у пинагини бузмай:
-Мен сизга салом бериш учун ишга кирмаганман. Менинг салом-алигим бошқача: агар шу ўринда тинчгина тирикчилик қиламан десангиз, саломни сиз берасиз. Сизнинг саломингиз - мени кўришингиз билан пулхалтани кавлаб, сўраганимни чиқариш. Менинг жавобим манави патта қоғозни йиртиб, қўлингизга тутқазиш, ҳозир бозор иқтисодими, салом-алик ҳам шунга яраша бўлади,-деган эди.
48


Паттачининг пайдо бўлишидан энсаси қотган хотинлар унга аввалдан ажратиб қўйган пулларини бир-бир узатдилар. Паттачи Моҳина кампирнинг қимирламай ўтиришини кўриб:
-Ҳа, онагинам?-деб кўк кўзларини унга қадади.
Унинг бу саволини “Ҳа,онагинам, сизга нима бўлди, мазангиз қочдими?” деб ёки “Ҳа, онагинам, сиз нимага ялпайиб ўтирибсиз, чиқармайсизми пулни?” деб ҳам тушуниш мумкин эди. Бу йигитнинг хулқини яхши билган Моҳина саволдан иккинчи маънони уқиб:
-Ҳозир пулим йўқ, ҳали савдо қилмадим,-деди.
-Савдо-павдо деб бошимни қотирманг. Жойни эгаллаб ўтирибсизми, чиқаринг пулни.
-Пул йўқ, бор, додингни Худога айт!
-Менинг Худога айтадиган додим йўқ, эртага бу жойга бошқа одам қўяман. Додингизни ўлиб кетган додангизга айтиб юраверасиз.
-Мендан бу жойни олиб қўядиган паттачи ҳали додасининг белида юрибди. Бу дунёга чиқадими ё йўқми, Худо билади.
Ойда тўрт-беш марта такрорланиб турувчи бундай даҳанаки жангдан лаззат олувчи хотинлар Моҳина кампирнинг ҳозирги аҳволига ачинишдими, унинг ёнини ола бошлашди.
-Укажон, Моҳин опанинг мазалари қочиб турибди, осилавермагин. Бугун савдо қилмайдилар. Ҳозир уйларига олиб бориб қўямиз.
-Ҳов опахон, мазалари қочяптими, бошқа ёқлари қочяптими менинг ишим йўқ. Хўжайиним нечта жойдан патта олишимни билади. Бу жойнинг паттасини чўнтагимдан тўлайманми?
-Ҳали бозор қайтишида келасан, савдомиз яхши бўлса, ўзимиз беш-ўн сўмдан тўплаб, сенга садақа қилиб берамиз. Баҳонада Рамазонда савобга етишиб қоламиз.
“Савдомиз яхши бўлса...” Паттачи ақлдан озган эмаски, бунинг маъносини англамаса. Хотиннинг гапига ишониб кечки пайт келса нима бўлади? Пулни икки қўллаб тутқазадиларми? Йў-ўқ... “Бугун савсем савдо бўлмади, бир марта патта олмасанг ўлиб қолмассан”, деган “ширин” гапдан бошқаси насиб этмаслигига ақли етмаса, шу бозорни гуллатиб ишлай олармиди? Бозорнинг икир-чикирларини билмаган одам бу ҳолатни четдан кузатиб “паттачи патта пулини ундиролмай асабийлашяпти”, деб ўйлаши ҳам
49


эҳтимол. Кўккўз йигитнинг асабийлашмаслигини, балки бозорчиларнинг жиғига тегиб роҳатланишини ўзидан бошқа яна Худогина билиши мумкин. Бозорчининг қолиб кетаётган чала иши йўқ, шу боис шошилмай гап талашаверди. Лак-лак қўшин забт этолмаган қалъа битта хотиннинг макри туфайли эгалланганда, тўрт-беш хотин битта кўккўз паттачига бас келолмас эканми? Охири паттачи нари кетди. Аммо мағлуб сифатида эмас, бир оздан кейин нафас ростлаб, яна қайтиб келиб ҳужумни давом эттириш учун бу жойдан сал узоқлашди. Шундан кейин хотинлар яна Моҳина кампирнинг аҳволига эътибор қаратишиб, уни уйга кузатиб қўйишга қарор қилишди. Чап томондаги хотин молларни йиғиштириб қўядиган, ўнгдагиси эса кузатиб қўядиган бўлди. Моҳина “бу ёғига ўзим етиб оламан, сиз бозордан қолманг”, дегач, хотин катта кўчадаги киракаш йигитга кампирни эҳтиёт қилишни тайинлади-ю изига қайтди.
Манзилга етиб келган Моҳина кампир раҳмат айтиб, машинадан тушаётганда киракаш:
-Хола, кира ҳақини бермайсизми?-деб тўхтатди.
-Халиги хотин бермадими, сенга бир нима деяётганди-ку?-деди Моҳина кампир норози оҳангда.
-Пул бермади, “пошшахон опоқингни бошингда кўтаргандай қилиб авайлаб олиб бориб қўй”, деди.
-Зиқна бўлмай кет-а, мен аҳмоқ унинг тўйига алоҳида тугун қилиб борибман-а...-Моҳина кампир шундай деб минғирлаб, камзулининг чўнтагидан икки юз сўм чиқариб узатди.
-Хола, мени масхара қиляпсизми? Камида бир ярим минг сўмлик йўл юрдик. Ёшингизнинг ҳурмати учун майли, беш юздан кечдим.
-Қолганидан ҳам кечворсанг рўза кунлари барака топасан. Бир дуо қиламан, кейин бойиб кетасан
Моҳина кампир шундай деб дуони ҳам насия қилганича машинадан тушиб ҳовлисига кириб кетди. Минг сўмга куйган киракаш йигит пушаймонлик оловини қандай ўчирсин? Ғўдираниб сўкиниш наҳот кифоя қилса?
Дарвоза эшиги очиқ бўлгани учун кампир “неварам уйда экан”, деб ўйлаб “Суҳроб, ҳой Суҳроб, турдингми, болам?” деб чақирди. Жавоб бўлмагач, зинадан кўтарилиб ичкарига қаради. Суҳроб уйда бўлса бозордаги аҳволини баён этиб, озгина ҳасрат қилмоқчи, шу баҳонада набирасининг меҳрини
50


оширмоқчи эди. Суҳроб кўринмагач, ивирсиб ётган икки кишилик каравотни йиғиштириб, ҳовлига қайтди. Бир оз сўрида ўтирди. Кейин ўзининг уйига кириб, жойига чўзилди. Шу ётганича ухлаб, вақт асрга етганида уйғонди. Ўзини анча тетик сезди. Юракнинг потирлаши тинганидан кўнгли ҳотиржам тортиб, чой дамлаб ичди. Уйига кириб у-буни йиғиштирмоқчи эди, толиқди. Нафаси қайтди. Ташқарига чиқиб сўридаги бир қават кўрпача устига ёнбошлаганда дарвоза тақиллади. Ўрнидан туриб чиқишга эринган кампир “Ким, кира қолинг”, деб қўйди. Эшик очилиб, милиционер кўрингач, “пулимни топиб олиб келганмикин?” деган умидда қаддини кўтарди.
Шуҳрат сўрига яқинлашиб, кампирга салом берди. Моҳина алик олишни ҳам, меҳмонни ўтиришга таклиф қилишни ҳам, ҳатто яқиндагина ўлим даракчиси беҳаловат қилганини ҳам унутиб, уни саволга тутди:
-Ўғрини топдиларингми?
-Қидиряпмиз, опоқи,-деди Шуҳрат.
-Бунча кўп қидирдиларинг?-деди Моҳина зарда билан.
-Ҳозирги ўғрилар уста бўлиб кетишган-да, из қолдиришмайди. -Киноларда кўрсатавериб уларни ўзларинг уста қилиб юборгансанлар.
Одам ўлдиришнинг минг хилини, бузуқликнинг миллион хилини кўрсатасанлар. -Опоқи, кинони биз кўрсатмаймиз,-деди Шуҳрат узр оҳангида.
-Сен бўлмасанг бошқаси-да! Ўғрини топмаган бўлсанг нега келдинг?-
деб бўш келмади кампир.
-Суҳроб билан гаплашмоқчи эдим.
-Суҳробни нима қиласан? Сенам вовуллаган итингга ишониб
келдингми? Ўғри кирганида болагинам уйда йўғиди. Шерикларингга айтганман, ёзиб-чизиб кетишган. Боламга осилаверма.
-Суҳробга осилмаймиз, ташвишланманг. Опоқи, сиз мени танимадингиз, Суҳроб билан олтинчи синфгача битта мактабда ўқиганман.
-Кимнинг ўғлисан?
-Хурсанд аканинг. Чарос кўчасида турардик. Бувимни танийсиз - Бибисора опа.
-Э, директорнинг неварасимисан, бувинг мактабга директормиди? -Боғчага мудира эдилар.
51


-Ҳа, эсимга тушди, ёғли жойда ишларди. Мендақаларни менсимасди. Димоғи қуртлаб кетганиди. Энди отдан тушгандир? Ё ҳали ҳам кибри-ҳавоси баландми?
-Икки йилдан ошяпти ўтганларига.
Шуҳрат бу гапни маъюс оҳангда айтиб, шунга яраша жавоб кутган эди. Рўмоли елкасига тушиб, бугун тароқ тегмаган оқ сочлари очилиб қолганига эътибор бермаган кампир бу нохуш хабардан мутаассир бўлмади:
-Дунё шунақа, осмонга устунман, деганларни ҳам гўрга тиқиб ташлайди...
Моҳина кампирнинг бу гапида ҳақиқат мавжуд бўлса-да, баён қилиш оҳангида заҳар мавжуд эди. Шуҳрат муз устига ялангоёқ тушгандай бир сесканиб олди-да “Ҳали ҳам юрагида сақлаб юрган экан-да?”, деб қўйди. Шуҳрат бешинчи синфда ўқиётган дамларда бувиси бу кампир билан гап талашиб, юмдалашишига салгина қолганди. Набирасининг туғилган кунида Моҳинанинг меҳри жўшиб, ҳақиқий футбол тўпи совға қилган эди. Бундай ноёб совғага етишган ҳар қандай бола фақат футбол ўйнаш учун эмас, тўпни кўрсатиб, мақтаниш учун ҳам кўчага югуриши тайин. Тўп янгилигида бу боланинг ўртоқлари олдидаги мавқеи ҳам баланд бўлади. Шундай экан, Суҳроб тўпни сандиққа ташлаб қўярмиди? Кўчага олиб чиқди. Мақтанди. Сўнг футбол ўйини бошланди. Шуҳрат тепган чоқда яп-янги тўп йўл ёқасидаги дарахт танасига тегди-ю катта кўчага тушди. Сўнг енгил машиналар орасидан юмалаб бориб, КамАЗнинг ғилдираги остига тушиб, ёрилди. Буни машъум ҳодиса сифатида қабул қилган Моҳина Шуҳратнинг қулоғидан чўзганича уйига қарийб судраб борди. Набирасининг қулоғи қизариб кетганини кўрган Бибисора Моҳинага айтадиганини айтди. Моҳина тўпнинг пулини беришларини талаб қилди. Агар боланинг қулоғи чўзилиб, азоб берилмаганида Бибисора пулни қизғанмасди. Моҳинанинг шаллақилигидан кейин у ҳам “тўп ўйин пайтида ёрилган, атай тепмаган”, деб қайсарлик қилиб туриб олди. Агар ўшанда Шуҳратнинг бувиси пулни берганда Моҳина дунёда шундай хотин борлигини унутиб юборган бўларди. Бу олишувдаги мағлублик аламини эсдан чиқариш осон эканми? Орадан йиллар ўтиб ўша хотиннинг невараси милиса кийимида унга рўпарасида турса-я! Моҳина энсаси қотганини яширмай:
-Тоғанг милисамиди, ўлдириб кетишганмиди?-деб сўради. -Амакимни...
52


-Ҳа... ажали етганда... Сенам милиса бўлдингми? Қон тортганда... Асли сенларнинг уруғингдан яхши одам чиқмаган бўлсаям керак?
Шуҳрат кампирнинг ёшини ҳурмат қилиб, унинг ҳақоратига чидаса ҳам эътироз билдиришдан ўзини тўхтата олмади:
-Милиса бўлиш ёмонми?
-Мен милисанинг яхшисини кўрмадим. Тағинам ҳозир сал попукларинг пасайиб қолди. Олдинлари бозорда тинчлик йўқ эди. Қувлагани қувлаган эди яшшамагурлар. Милисанинг шапкасини узоқдан кўрсам ҳам юрагим зириллаб турарди. Неччи марталаб молимни олиб қўяй дейишган. Менга қолса, дунёда биттаями милиса қолдирмаган бўлардим.
Кампирнинг касб-корини яхши билган Шуҳрат бу гапларни малол олмай, истеҳзо билан кулиб қўйди:
-Опоқи, дунёда милиса зоти қолмаса, пулингизни ким топиб беради?
-Сен олдин пулимни топиб, мана бу ерга қўй,-кампир шундай деб ён томонига шапатилаб қўйди,-кейин катта гапир. Юлдузингга қараганда кичкина одамга ўхшайсан, қўлингдан бирон иш келармикин?
Ҳаёти давомида ҳалол хизмати билан эл эътиборини топган, фарзандларининг солиҳлиги туфайли одамларнинг миннатдорлигига эришган аёл шундай деса ранжимаса ҳам бўларди. Кампирнинг невараси тенги йигитга қўполлик қилиши аслида бунданда қўполроқ жавобга лойиқ эди. Лекин Шуҳрат бу сафар ҳам ўзини тутди.
-Суҳроб нима қиляпти, ўқияптими?-деди унинг гапини эшитмагандай.
-Ўқиб нима қилади, менга шаҳар олиб берадими? Ана, ўқиганларнинг биттаси отасими? Шунча йил турмуш қуриб хотинига битта иштон олиб беришга қурби етмайди.
Бу гапни Моҳина кампир айтди-ю эшитган Шуҳрат уялиб, ундан кўзини олиб қочди. Сўнг ишончсиз оҳангда:
-Ишлаяптими?-деб сўради.
-Ишлаб нима қилади? Ота-онаси Америкада, яқин орада уям кетади ўша ёққа.
-Нега бирга кета қолмади?
Моҳина кампир бу саволга жавоб бергиси келмай жим қолди. Кейин “бу сурбет милиса бошқача ўйламасин”, деб “буни мен билармидим”, деб минғирлади.
53