унга жуда оз фурсат ажратилган. Агар буни фаҳмламай, лаллайса, кейин панд еб қолиши мумкин. Менглиев шуни назарда тутиб уни “жанг майдонига” ёлғиз ҳолда рўпара қилмоқчи эди. Шуҳрат унинг бу ниятини тўлиқ англамаган бўлса- да, ёлғиз қолмаслигига ишончи бор эди. Шу боис дарров ўрнидан туриб кетмади.
-Яна бир нарсани айтиб қўймоқчийдим,-деди маънодор оҳангда.
Ҳозиргина ўзини четга олмоқчи бўлган капитан унга муғомбирлик билан тикилди:
-Қани, айт-чи?
-Мен жабрланувчи оилани биламан.
-“Иш”ни очиб, биринчи саҳифани очганингдаёқ кўзларинг косасидан
чиқиб кетай деганидан сезгандим. Ким улар, қариндошингми?
-Етти ёт бегона. Аввал шу маҳаллада турганмиз. Кампирнинг невараси
билан олтинчи синфгача бирга ўқиганман. -Қадрдонларингдан экан-да?
-Йўқ. Шунчаки таниш. Кўришмаганимизга уч-тўрт йил бўлди шекилли.
-Омадли боласан-да, баҳонада эски қадрдонинг билан топишиб оласан. Сен,-капитан Шуҳратнинг қўлидаги “Иш”га ишора қилди,-бу ердаги гапларга эътибор берма. Терговни янгидан бошлагандай ҳаракат қилавер.
ЙИГИРМА УЧ КУН АВВАЛ, НЬЮ ОРЛЕАНДА:
ДОВУЛ
Зарина леди Ҳамелтоннинг қилиқларини кузатиб, унда мечкайлик ва дангасаликдан ўзга жиддийроқ хасталик йўқлигига амин бўлди. Одамзот ички аъзолар бобида бир ҳил яратилган бўлса-да, ошқозон ва жиғилдон талабини қондиришда турличадир. Бировнинг ошқозонига уч-тўрт кунда бир таом тушса, бошқаники тўлиб-тошиб, ёрилиб кетай дейди. Кўпчилик кунда уч марта овқатланишга одатланган. Нонуштадан то тушликкача, тушликдан то кечликка қадар нафс пистирмада ётади. Заринанинг чекига тушган бу қора хотин эса бир марта овқатланади, унда танаффус деган тушунча йўқ – эрталаб уйғонганида кавшашни бошлаб, кечқурун уйқуси келгунига қадар жағи тинмайди. Фақат нафас олаётган пайтидагина қизилўнгач бечора озгина дам олволади. Зарина унинг еб-тўймаслигидан ҳайратланиб “яхшиям Худо барча одамларни шундай
32


яратмаган, тўрт ярим миллиард одам тинмай кавшаниб турса, ердаги тоғу- тошларгача ямлаб ютворармиди”, деб ўйланди.
Хизматкорининг хизматидан мамнун бўлган қора хотин унга яхшилик қилиб қўйиш ниятида ёнига чақирди.
-За, ҳали ўғлим сенга ғалати қаради, сездингми?-деди Заринага синовчан тикилиб. Зарина унинг чақчайган кўзларига дош беролмай нигоҳини олиб қочди.
-Йўқ, леди,-деди паст овозда.
-Лақма экансан! Эркак одам хотинга бекорга бунақа қарамайди. Қарашига маҳлиё бўлиб, тўшагига кириб кетма.
Бу гап Заринанинг ҳамиятига тегди-ю “ўғлинг билан қўшмозор бўлларинг, келиб-келиб шу исқиртнинг қарашига маҳлиё бўларканми!?” деб ғижинганича қора хотинга тик қаради.
-Мен унақалардан эмасман, леди.
-Сен хотинсан! Хотиннинг “унақа-ю бунақаси” бўлмайди. Ҳаммасининг нафси бир ҳил бўлади. Сен пул ишлагани келганмисан? Ҳақингга икки доллар қўшиб берса, ҳамма нарсага тайёр бўласан. Сендан олдингилар шунақа эди, сен улардан ошиб қайга борардинг? Менга ёқиб қолганинг учун сени спиддан асраб қолмоқчиман. Сендан олдингилар Жекка ёпишиб, спидни орттириб кетдилар.
-Леди, мен унақалардан эмасман,- Зарина яна шундай деб ғазабдан титрай бошлади-да, овозини беиҳтиёр баландлатди:-Менинг эрим бор.
-Спиддан ўлиб кетаётганларнинг эри йўқми? Менга раҳмат айтиш ўрнига Африкадан келганингни унутиб, менга ақл ўргатмоқчимисан, ҳайвон!
Зарина бу ҳақоратга жавобан миннатдорлик билдиришдан ўзга чораси йўқлигини англаб, йиғламсирганича “Раҳмат, леди”, деб ошхона томон йўналди. Қора хотиннинг тагидаги тувакни олаётганида телевизорда тинмай жавраётган мухбир Мексика кўрфазида янада кучга кирган довулнинг Нью Орлеанга яқинлашиб қолганини маълум қилиб, аҳолини кўчага чиқмасликка даъват этди. Худди шу хабарни кутиб тургандай дераза дарчаси тарақлаб
ёпилди.
-Ҳой лаънати! Нега дарчани очиб қўйдинг!?-деб бақирди қора хотин. Тувакнинг ҳидидан нафаси қайтган Зарина дарчани яқингинада очган,
хонага тоза ҳаво киришга ҳали улгурмаган ҳам эди. Дарча илгагини солаётганда қора хотин ҳатто сўконғич эркаклар ҳам билмайдиган сўзлар билан ҳақорат
33


қила бошлагач, Заринанинг киприклари кўз ёшларини тутиб қолишга ожизлик қилди.
Изми шамолда бўлишига қарамай, еру кўкка ҳукмини ўтказиш даъвосида сузиб келган қора булутлар орасида нифоқ чиқиб яшин чақнади. Зарина шу шамолни, дераза ойнакларига тасир-тусир урилаётган ёмғир томчиларини довул деб ўйлади. Қоронғу тушиб, бу қора хотиннинг жағи тиниб, уйқуга ётгунча довул ҳам тиниб қолар, деб ўйлади. Вақт ўтган сайин шамолнинг кучайишидан, телевизордаги такрор ва такрор огоҳлантиришлардан ваҳимага туша бошлади. Аввалига “балки ошхонада бўлса ҳам ётиб қоларман”, деб ўйлади. Аммо биринчи учрашувда қора хотиннинг “ҳеч қандай баҳона билан бу уйда ётиб қолмайсан”, деганини эслаб, ташқарига ҳавотир билан қараб қўйди. Довул кучаймай, барвақтроқ кетиш учун ижозат сўрашга журъати етишмади. Қоронғу тушишини, қора хотиннинг уйқуга ётишини қуш ҳадиги билан кута бошлади.
Кетишга руҳсат бераётган қора хотин “эрталаб довулни баҳона қилиб кечиксанг – ҳайдайман!” деб пўписа қилишни унутмади.
Зарина эшикни очиб, ташқарига қадам қўйиши билан кўчага эмас, саркаш дарё ирмоғига дуч келгандай қўрқиб кетди. Кучга кираётган довул уни учириб юборай деди. Одамлар бекорга “сув балоси ва ўт балосидан асра!” деб Худога илтижо қилишмас экан”, деб ўйлади у. Ўт балосини-ку сув билан даф этиш мумкин. Лекин сув балосидан қутулишнинг иложи йўқлигини Зарина энди англади. Дунёдаги энг кучли мамлакат ўзининг осмонўпар иморатлар-ю ҳар нарсага қодир ҳисобланган техникаси билан ҳам довул қаршисида чумоличалик кучга эга эмас экан, ожиз банда нима қила олсин? Бундай довул билан ўйнашиб бўлмаслигини яхши билган аҳоли уйларидан паноҳ топган, кўча кимсасиз эди. Заринанинг юпун уст-боши бир пасда шалаббо бўлди. Зарина тўрт-беш қадамдан кейин ҳолсизланди. Бирон панада жон сақлашга умидвор бўлиб атрофга аланглади. Чироқ ёруғи таралаётган деразаларга нажот кўзи билан тикилди. “Кимдир биронта деразадан қараётгандир, кўчадаги бечора аёлни кўриб раҳм қилар, ёрдамга чиқар”, деган хом хаёли оёғи остидаги жазавали оқимда оқиб кетди. Шубҳасизки, ўнлаб деразаларнинг биридан кимдир, албатта, кўчага қарайди. Бировга ёрдам бериш ниятида эмас, довулнинг ҳунарини тамоша қилиш учун ҳам қараб қўяди. Шубҳасизки, юпун кийинган бечора аёлни
34


ҳам кўради. Кўради-ю, бироқ, кўмаклашишни хаёлига ҳам келтирмайди. Нари борса, “анави аҳмоқнинг юришини қаранглар”, деб қўяди.
Мушукнинг зорланиб миёвлашини эшитиб, беихтиёр тўхтади. Дераза токчасида қунишганича дийдираб ўтирган мушук унга қараб ёрдам умидида яна миёвлади. Ўзи ҳам нажотга муҳтож одамдан садо чиқмагач, бу сафар чўзиброқ миёвлади. Гўё “баттар бўл!” дегандай туюлди. Шу онда ичкарида бир йигит кўринган эди, мушук эгасини таниб баландроқ товушда миёвлади. Йигит ойнакка пешонасини тираганича кўча томон қараб, мушукни кўрди. Зарина ҳудди мушук каби унга умидворлик билан қараб қолди. Йигит деразани қия очиб, мушукни ушлади-да, тезгина ичкари олиб, шу тезликда яна деразани ёпди. Зарина гапириш учун оғиз жуфтлашга ҳам улгурмай қолди. Йигит мушукни бағрига босди. Кейин ўрта ёш бир аёл яқинлашиб, мушукни сочиқда арта бошлади. Бу манзарани кўрган Заринанинг хўрлиги келиб, кўзларидан ёш чиқди. “Одамнинг мушукчалик қадри йўқми?” деб ўйлади. Одамзот ғам пўртанасига тушиб қолганда ҳамиша айбни ташқаридан қидиради. Ўз айби билан пўртанага тушиб қолганини фикр қилмайди. Бир мушукчалик қадри йўқлигидан куйиб йиғлаётган Зарина бу диёрга қадр эмас, пул илинжида келганини унутган эди. Ўй-хаёли, нияти бойликка эришиш бўлган бандага яратган Тангри қанақасига қадр берсин? Уй ичкарисида жон сақлаётганлар ҳам, ташқарида жала остида титраётган, ҳаётдан умидини узаётган банда ҳам Аллоҳнинг “Бир-бирингизга фазлу мурувват қилишни унутманг. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб-билиб туради”, деган огоҳлантиришидан бехабар бўлишгач, ўзгаларга қандай меҳр кўрсатсинлар ва муҳтожлар учун қандай нажотдан умид бор?
Довул қучоғидаги ночор аёл ўзини девор томон олиб юра бошлади. Ярим соатлик йўлни икки соатда босиб ўтдими ё уч соатдами – била олмади. “Зарин!” деган таниш овозни эшитиб атрофга аланглади. Момақалдироқ гулдираб бу овозни босиб кетди. Ҳолдан тойган Зарина йиқилаётиб яна “Зарин!” деган овозни эшитди. Чақмоқ ёруғида одам қорасини кўрди-ю ҳушидан кетди.
***
Довул дарагини эшитган Жўра пешин чоғи ёмғир томчилай
бошлаганидан бери ҳавотир чўғи устида ўтирарди. Хотини каби у ҳам довулнинг ҳақиқий кучини кўрмаган, аммо илмий мақолаларда унинг нақадар
35


фожиаларга дуч қилиши мумкинлигини ўқиган эди. Қош қорайганда шамол кучайиб, адл дарахтлар мажнунтол каби эгилиб қолди. Катта кўча ёқасида виқор билан турган, танаси қулочга аранг сиғувчи дарахт эса эгилган чоғида қувватдан кетди-ю илдизи билан қўпорилиб чиқди. Нажот илинжидаги йўғон шохлари худди бақувват билакли қўл каби электр симларини ушлаб қолмоқчидай бўлди. Симлар бу оғирликка дош беролмай ўзларидан олов чиқариб узилдилар, офат олдида ожиз қолдилар. Буни кўрган Жўранинг ҳавотири энди талвасага айланаёзди. Талваса оловида ҳарчанд қоврилмасин, хотинининг йўлига илҳақ кўз тикишдан бошқа чораси йўқ эди. Ҳар қандай шароитда ҳам хизмат жойини ташлаб кетиш ҳуқуқидан маҳрум бу банда довул кучайгани сайин Худони кўпроқ эслайверди. Калимаи тавҳид, калимаи шаҳодат, истиғфор каби тушунчаларга бегона бу одамнинг Худони эслаши “Эй Худо, хотинимни паноҳингда асра!” деган илтижодан нарига ўтмас эди. Бу илтижо тўфон чоғида хасга тирмашиб жон сақламоқчи бўлган одамни эслатса-да, Аллоҳни тилга олишнинг ўзида ҳам Раҳмон ва Раҳим сифати томонидан ажр мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Яна Аллоҳнинг “Эй Одам фарзанди! Қачон бало ва мусибатга йўлиқсанг, мени ёдга оласан, лекин қачон у балони сендан кўтарсам, мени ҳеч танимас кишидек эсдан чиқариб юборасан...” деган огоҳлантириши ҳаётда миллиард марталаб исботини топганда Жўранинг айни шуларнинг бири эканини рад қилмоқ ҳам мумкин эмас. Шундай экан, довул тиниб, жон сақланиб қолингач, муножотлар ҳам тинса не ажаб?
Кунларнинг бирида Нуриддин билан суҳбатлаша туриб “Худо хоҳласа, ишларим юришиб кетади”, деганида дўсти кулимсираб “Худо хоҳласа”, деяпсан, баъзан “Гуноҳимни Худо кечиради”, дейсан. Демак, сен Худосиз эмассан. Аллоҳнинг борлигига ишонасан. Ишонасан-у буюрган амалларини бажаришдан бўйин товлайсан”, деб танбеҳ берганида у кўпгина зиёлиларга хос бўлган бир жавобни қайтарганди: “Мен Худонинг энг асосий талабларини бажараман: ҳалол яшайман, пора олмайман, бузуқлик қилмайман. Сен айтган амалларни қулоқларига қадар гуноҳларга ботиб ётганлар бажараверсин!” Нуриддиннинг “ҳар бир одам ўз гуноҳи учун ўзи жавоб беради, ҳар бир қўй ҳам ўз оёғидан осилади-ку?” деган эътирози унинг эътиборидан четда қолган эди. Ҳозир, дақиқа сайин қудрати ошиб бораётган довул қаршисида ожиз турганида бу гапларни эсламади. Эслаганда эҳтимол афсусланармиди, тили тавбага келиб қолармиди... Тили тавбага келгани ҳамон шайтон қалбини бўшатиб чиқармиди...
36


Йўлкирага етарли пул топиши билан “совға-салом сотиб олиш учун яна озгина пул ишлайлик” деган ниятидан воз кечиб, уйи томон учармиди...
Худодан нажот тилаб ўтирганида Вилли Брауннинг машинаси кўринди- ю умид билан юриб, уни қаршилади. Ҳар куни ярим кечада, баъзан тонгга яқин ғирт маст ҳолда келувчи сочу қош, киприкларигача малла бу одамнинг барвақт қайтишидан ажабланди. Нодон банда бу онда қаерда турганини унутди. Агар уйида бўлганида қўшнисими ё бирон танишими автомашинасида келиб қолса “Ҳа, акахон, ёмғирда нима қилиб турибсиз?” деб сўрарди. “Кеннайинг ёпинчиқсиз кетган экан, ёмғирда қолмасин, бориб олиб келай”, дерди у. Шунда инсоф эгаси бўлмиш қўшниси “Гап йўқ, акахон, ўтиринг, болларимиз касал бўлса дарров кеннайимга чиқамиз, бир хизмат қилсак, қилибмиз-да”, дейди.
Бу ерда-чи?
Вилли Браун деган малла машинадан тушиши билан “Ҳа, мистер Жўра, жалада шалаббо бўлиб кетибсиз-ку, нима ташвишингиз бор?” деб сўрайдими? Шунда Жўра “Довул даҳшатли бўлар экан, хотинимни олиб келишим керак”, дейдими? “Хотинингиз қаерда, азизим?” деган саволга “Икки юз олтмишинчи авеньюда” деб жавоб берадими? “Ҳа, нигерлар яшайдиган кварталдами, унча узоқ бўлмаса ҳам бориб олиб келганингиз маъқул. Юринг, дарров бориб келамиз, ҳар ҳолда оёқда туролмай ҳолда келганимда опичиб бўлса ҳам уйимга кузатиб қўядиган одатингиз бор” дегач, йўлга тушадиларми?
Бу орзудаги одамни Осиёда “хомхаёл” деб куладилар. Америкада эса озчилик “Фантастика!” деб ажабланади, кўпчилик эса бу одамни тентакка чиқаради. Уст-боши шалаббо Жўра шу туришида, шу умидида тентак ҳолатида эди.
“Худо, паноҳингда асра!” деган илтижосига жавобан бу малла рўпара қилинмаган эди. Вилли индамай ўтиб кетмоқчи эди, ночор умидига банди бўлган Жўра уни гапга тутди:
-Салом, мистер Браун, бугун ўйин йўқми, барвақт келибсиз?
-Ўйин бор,- Браун шундай деб курткасига ўраниб қунишиб олди-да, уй томон қадам ташлади. Умидвор равишда эргашиб келаётган Жўрага қарамай гапини давом этди:-Ўйин ҳам бор, калла ҳам бор. Каллали одам ҳозир уйида ўтириши керак.
Жўранинг тўхтаб қолишига шу гапнинг ўзи кифоя қилди.
37


Ярим тундами ё эрта сахардами маст-аласт келувчиларни уйларига кузатиб олиб чиқиб қўйиш Жўранинг вазифасига кирмас эди. Ундан кунми- тунми фарқи йўқ, булар ташлаган сигарет қолдиғи ёки қусуқни дарҳол тозалаш талаб этиларди. Биринчи тун уйқуси келмай бедор ўтирганида ўзини “каллали одам” ҳисобловчи шу Браун келди. Машинасининг эшигини очиб, бир оёғини туширди-ю қайт қила бошлади. Кейин гавдасини бошқара олмай, қусуқ устига йиқилди.
Жўра беиҳтиёр ўрнидан туриб унга яқинлашди. Аввалига нима қиларини билмай турди. “Деразасидан хотиними ё бирон яқиними қараб турган бўлса тушиб олиб чиқиб кетар”, деб ўйлади. Олти-етти дақиқача кутди. Ҳеч кимдан дарак бўлмагач, зил-замбил бу одамнинг қўлтиғига кириб бир амаллаб уйига кузатди. Эртасига кун ёйилган чоғи ҳовлини супуриб юрганида шу одам чиқиб машинаси олдига борди-да, бирданига тўхтаб қолди. Оёқлари остига қаради. У тунда қандай аҳволда келганини, нималар қилганини билмас эди. Эрталаб расвоси чиққан кийимларини кўриб “устимга биров қусибди-да”, деб ўйлаб ғазабланган эди. Машинасининг расволигини кўриб, ҳамма бало ўзида эканлигини англади-да, Жўрани чақирди.
-Мени уйимга сен олиб чиқиб қўйдингми?-деб сўради. -Ҳа,-деди Жўра.
-Мана бу ерни сен тозаладингми?-деб оёқ остини кўрсатди. -Ҳа,-деди Жўра.
-Машинани нега тозаламадинг?-деди энди пўписа оҳангида. -Машинангизни бесўроқ очолмайман,-деди Жўра итоаткорлик билан. -Тез тозала, бўла қол, имиллама,-шундай деб ёнидан бир доллар
чиқариб, гадога бераётгандай узатди.
-Раҳмат, керак эмас, бекорга тозалаб бераман,-Жўра пулга қўл узатмай,
челак билан латта олиб келиш учун шошилди.
-Аҳмоқ экансан-ку? Ё димоғинг баландми?-деди Браун унинг изидан. Шу ёшга киргунича Жўрани, болаликдаги беғараз сўкишлар инобатга
олинмаса, биров “аҳмоқ!” деб ҳақорат қилмаган эди. Бировнинг кўзига аҳмоқ либосида кўриниш учун асос ҳам йўқ эди. Илм билан шуғулланишдан лаззат олиб, мансабга, маишатга интилмайдиган одамни ким ҳам аҳмоқ дерди? Дарвоқе, қайнонаси айтарди. Моҳина кампир куёвининг маошга қаноат қилиб юришини аҳмоқликдан деб билса-да, юзига тик қараб дангалига “аҳмоқсиз, куёв
38