3 - БОБ
хотини билан қайнонасининг Америкага бориб, бойиб қайтиш ҳақидаги таклифларини рад этмай қўйди. “Эътибор – пул, шуҳрат –пул, одамгарчилик – пул, ҳатто илм ҳам пул” деган адаш фикрнинг қулига айлана бошлади. Охир- оқибат “бизнинг бахтимиз билан ризқимизни Худо уммон ортидаги ерларга тўккан экан, бориб, йиғиб-териб олайлик” деган тўхтамга келди. Дўсти Нуриддин донолар ҳикматидан мисол келтириб “Ризқ топмоқда чумолидек кучингга йиғлагил, пашшадек хониш қилиб, ҳар суфрадан қувланмагил”, деганида истеҳзо билан кулиб қўя қолди. Нуриддин “фоний дунёдаги умринг бир кунчалик ҳам эмас, шундай экан, ўн йиллик ризқни тўплашга уриниб нима қиласан? Сенга тегишли ризқ Аллоҳ томонидан юборилади. Ўзингга ажратилган ризқни ёлғиз ўзинггина оласан. Бошқа биров илиб кетмайди. Сенга ўша бошқа биров ризқингни илиб кетгандай туюлиб, афсусланасан. Сира афсусланма, дўстим, аслида ўша илиб кетилган нарса сеники эмас, бировники эди”, деганича қолаверди.
Қайнонасининг фатвосига кўра “ризқ ови”га ўғилларини ҳам олиб кетишлари шарт эди. Элчихонадагилар бемеҳрроқ эканларми, ҳар ҳолда Суҳроб бувисининг эркатойи эканини инобатга олишмади. Ҳарчанд уринилмасин, қанча чиқим қилинмасин, ёши йигирма бешга бораётган, аммо ҳалигача йигирма беш танга топишга уқуви етмаётган арзандага рухсатнома берилмади. Суҳробнинг ўн олти ёшида ўғриларга қўшилиб, милиция рўйхатига тушиб қолгани панд берди. Ўшанда озгина сарф-ҳаражат билан иш босди-босди қилинган, орадан йиллар ўтиб кетганига қарамай бу тарих унутилмаган экан. Суҳробни ўн тўққиз ёшида уйлантиришганда унинг “ўз аравасини ўзи тортиб кетишига” ишончлари бор эди. Бироқ, куёв болада “уйландим, оила бошлиғи бўлдим, уйга бир бурда бўлса ҳам нон топиб келишим керак” деган фикр уйғонмади. Жўра одобли, чаққон келинидан рози эди. У ичкуёв сифатида бу оиланинг қуюшқонга сиғмайдиган одатларига кўникиб кетган эди. Аммо келини бу оила талабларига мослаша олмади. Моҳинанинг “текинтомоққа тоқатим йўқ” деган қонуни Суҳробга нисбатан қўлланилмагани ҳолда келинга тадбиқ этилиб, бозорга чиқишга даъват этилганда жувон бечора чидолмай кетиб қолди. Суҳробни уйлантиришга яна бир-икки уриниш бўлди-ю совчилар қуруқ қайтишаверишди. Америкага бориш нияти уйғонганида Суҳробни ўша ерда муқим бўлиб қолган биронта бойроқ ўзбек оиласига ичкуёв қилиш режаси ҳам
18
туғилди. Элчихонанинг рухсатнома беришдаги ўжарлиги бу режани бўғиб ўлдира қолди.
Америкага келиб, пешоналари деворга “тақ”этиб тегиб, кўзлари очилганда Суҳробнинг келмаганига шукрлар ҳам қилишди.
Зиналарни артаётган Жўранинг бели зирқираб, қаддини кўтармоқчи бўлганида юраги ярадор қуш каби потирлаб, ҳолсизланиб қолди. Зинага ўтириб, пешонасини тутқичга тиради. Баданидан муздек тер чиқди. Шунда қулоғига кимдир пичирлади:
“Эй Одам фарзанди! Албатта, ризқ ҳаммаси тақсимланган ва ажал ўлчаб қўйилгандир. Касал бўлган одам дунё лаззати ва неъматларидан маҳрумдир. Бахиллик ҳамма жойда ёмонлангандир ва дунё неъматлари чексиз эмасдир. Ризқ излаб узоқ кетмоқ заҳарлидир ва ризқ бергувчи доим тирик ва қоимдир... Эй Одам фарзанди! Келиб турган ризқингга қаноат қилмасанг, дилингга орзу-ҳавасларни солиб қўяман. Улар ҳеч тугамайди ва сен улардан абадий қутула олмай қоласан...”
Бу овоздан сесканиб, атрофга аланглади – ҳеч ким йўқ. “Алаҳсираяпманми?”-деб ўйлаб ҳудди иситмаси бор-йўқлигини билмоқчи бўлгандай пешонасига кафтини қўйди. Пешонасини муздек тер босган – иситмаси йўқ. Фақат юраги беҳол тепади. Нафаси сиқилади. Ташқарига чиқиш ниятида ўрнидан қўзғолган эди, кўз олди қоронғулашди. Шунда ўша таниш овоз яна пичирлади:
“Эй Одам фарзанди! Албатта, мен сени онанг қорнида куч-қувватсиз ва ҳаракатсиз ётган вақтингда тарбия қилдим ва онанг қорнидан саломат чиқардим. Токи сен оёққа тургунинггача онангнинг дилини сенга раҳмли ва меҳрибон этиб, сенга мойил қилиб қўйдим. Сен шундай қилиб, катта бўлдинг. Ундан сўнг токи мени ақл билан таниб, қувват билан ибодат қиларсан, деган умидда сенга куч-қувват бердим. Аммо сен катта бўлганингдан сўнг менинг ибодатларимдан юз ўгириб, мен тақсимлаб қўйган ризқнинг талаби билан машғул бўлдинг. Бас, Ўзимнинг азиз ва улуғ деган сифатларимга қасамёд қиламанки, агар дунё қидириб етти қат ернинг қаърига кирсанг ҳам, Ўзим тақсим қилиб қўйган ўшал ризқдан заррача ҳам миқдорда зиёда қилмасман...”
Эслади...
Бу гапларни дўсти Нуриддин айтган эди. Америкага отланганини билдирганида Нуриддин аввал ўйланиб, кейин бош чайқаганди. Бу фикрдан
19
қайтаришга даъват қилганди. Жўра ўжарлик билан аҳдида қатъий туравергач, мисол тариқасида айтганди бу гапларни. Ҳа, “Бу Аллоҳнинг гаплари!” деб таъкидлаб, баланд овозда айтиб эди. Бу онда нечун шивирлаяпти? Юртда норози ҳолатда қолган дўстининг овози уммон оша келгунча кучини йўқотиб, ожизланиб қолдими? Овоз-ку, кучини йўқотар. Аммо Аллоҳнинг сўзлари ҳеч қачон ўз қудратини йўқотмайди-ку? Воқеан шундай. Бироқ, қалбини шайтон иҳтиёрига берган банда бу қудратни ҳис қила олмайди. Юракнинг беҳаловатлиги ҳам шундан.
Нуриддин билан баҳслаша туриб кетишининг сабабини илмга боғлаган эди. Битта костюмга арзитмаган жиянидан аразлаганини, ўғлига бой келин ахтариш нияти борлигини эса яширганди. Нуриддин буни билганида нима дерди? Хайрлашар пайтларида Жўра “Сен ҳадеб мени айблайверма, Худо кўнглимга шуни солса нима қилай?” деганида Нуриддин “Бекор айтибсан, Худо бунақа бемаъни, аҳмақона ниятни дилга солмайди. Бунақа ният Раҳмоний эмас, шайтоний”, деган эди. Ўшанда Жўра бу ҳикматга аҳамият бермаганди. Умид шамлари бир-бир ўча бошлаганда дўстини эслади-ю, бироқ, у айтган гапларнинг мағзини чақишга уринмади.
Ҳозир юрак ўйноғида ўтирганида ҳам ёдга олди. Дўстининг насиҳатларини қулоққа олмаганига афсусланди. Ғам ботқоғидан қутулиш учун афсусланишнинг ўзи кифоя қилмаслигини эса ўйлаб кўрмади.
Қарз
Моҳина кампир икки қават сочиққа ўралган манти билан сомсани “кечаси келганда еб олар”, деб набирасига илиниб, келинга атаб солинган уй айвонига олиб бориб қўйган дамда Суҳроб дискотеканинг рўпарасидаги ошхонада пиво ичиб ўтирган эди. У милицияни кузатиб қўйиш баҳонасида кўчага чиққанича изига қайтмади. Ражабни олиб кетишганини кўрганда ҳам унга яқинлашмади. Аксинча, бу кўчадан тезроқ узоқлашишга ҳаракат қилди. Милициядан қўрққани учун эмас, балки ҳордиқ чиқариш учун шошилди. Кичкина бола уйда бирон айб иш қилиб қўйса, оқибатда жазо олишини билиб, қўрқа бошлайди, ўзини оқлаш учун баҳоналар излайди. Айниқса, онаси “ҳали аданг ишдан келсинлар, айтиб бераман, ўласан!” деб пўписа қилгач, кеч киришини ҳавотир билан кутади. Ҳатто адасининг келмай қолишини жон-жони
20
билан истайди. Суҳробга бундай қўрқувлар ёт, онаси уришиб берган тақдирда ҳам бувиси томонидан ҳимояга олинишини яхши билар эди. Моҳина кампирнинг “Менинг ёлғизим ҳар нарса қилса ҳам ҳақли!” – деган қоидаси Суҳробнинг онгига “Мен ҳар нарса қилсам ҳам ҳақлиман!” – деган тарзда муҳрланиб қолган эди. Бир оила ҳудудидагина ҳукм суриши мумкин бўлган бу қоида оила чегарасидан чиққанида эса жамият у билан муроса қила олмайди. “Ҳар нарса қилишга ҳақли” одам эртами кечми жиноятга қўл уриши аниқ. Оилада қарор топган бу қоида Суҳробни ўсмирлик чоғида қамоққа тиқай дегандан кейин ҳам ўзгартирилмади.
Милиционер бошлаб келган ит атрофни искаб-искаб ўзига қараб вовуллаганида Суҳроб сал чўчиди. Бувисининг итдан қаттиқроқ овозда бақириб бериши эса уни ҳавотир ботқоғига қулашдан асраб қолди. Ҳозир пиво симириб ўтириб, ночор қолган милиция ходимларидан кулди.
Иккинчи шишани яримлатаётганида рўпарасидаги бўш стулга бир йигит келиб ўтирди. Енгсиз қора кўйлак кийиб, бўйнига ва билагига тилла занжир осган, жигаррангсоч бу йигитнинг кутилмаган ташрифи Суҳробга ёқмаса-да, ўрнидан туриб лутф этишга мажбур бўлди. Бу йигит азроилнинг жияни эмас, бор-йўғи қорадори сотишни касб қилган кичик бир тўда бошлиғининг дастёри бўлишига қарамасдан Суҳробнинг тинчини буза олишга қодир эди. Болалигида ширзада хасталигига учраганича тузалмай, шу ёшга етиб келган, катта бош билан қоринни аранг кўтариб турувчи қилтириқ суяклардан иборат бу йигитдан бақувват одамнинг чўчиб туриши кулгили ҳол эди. Суҳроб унинг асл исмини билмайди, Ражаб “Макс” деб таништирганида “нима учун Макс?” деб ўйлаб ҳар кўрмаган. Бу лақабнинг ўғрилар ҳаётидан ҳикоя қилувчи фильм қаҳрамонига тақлидан қўйилгани эса уни мутлақо қизиқтирмаганди. Унинг учун энг муҳими – ҳумор жазавасига бу йигит даво топиб бера олади. Ражабнинг гапига кўра “энг арзон “дори”ни фақат Максдан олиш мумкин”.
-Кайф қиляпсизми, акам?-Макс пичинг оҳангида шундай деб ишшайиб Суҳробга беписандлик билан тикилди. Ташқаридан қараган киши бу тикилишдан “асли сенам одаммисан, одамга ўхшаб кайф қилишга арзийсанми?” деган маънони уқиши мумкин эди. Бозорда ҳам, маҳаллада ҳам бировга гап бермайдиган кампирга “набиранг тилла занжирли ширзада қаршисида иштонини ҳўл қилиб қўйган боладай ночор ўтирибди”, дейилса ишонмаслиги аниқ эди. Агар тили қисиқлик жойи бўлмаганда Суҳробнинг ўзи ҳам бу
21
қилтириқсуякни сариқ чақага олмаган бўларди. Ҳозиргидай келиб ўтирса “қоч, бола, беҳос аксириб учириб юбормай, яна онангникига кириб кетмагин!” деб масхаралиши тайин эди. Ўзидан пастроқ мартабадаги одамга бундай гапларни дадил айта олувчи Суҳроб бу он Макс рўпарасида думини қисган ит каби турарди.
Суҳроб жавоб бериш ўрнига буфетдан бир шиша пиво олиб келиб, унга узатди.
-Менинг пиво ичганимни кўрганмисан?-деди Макс унинг бу эҳтиромидан ғаши келиб.-Пивохўрлик қилгунча қарзингин тўлаб қўйсанг бўларди.
-Ражабга бердим-ку, айтмадими?-деди Суҳроб ҳавотир билан. -Ҳаммасини бермабсан-ку?
-Қолганини эрта-индин бераман. Шу пайтгача қарзимни тўлолмай
қочиб юрганмидим?
-Қочмагансан... қочиб қаёққа ҳам борардинг, онанг Америкада бўлса,
бувингнинг этагига кириб кетасанми? Кеча пул деса ўпкангни кўрсатаётгандинг-ку, бир кунда шунча пулни қаёқдан топдинг?
-Америкадан келди,-Суҳроб тўғри гапираётганини исбот қилиш ниятида Максга киприк қоқмай тикилди. Сўнг пивонинг кучи далда бериб овозини кўтарди:-Мен қарзимни тўладим ҳисоб. Пулни қаёқдан олганим билан сенинг ишинг бўлмасин. Мен сендан “дорини қаёқдан оляпсан?” деб сўраётганим йўқ-ку?
-Нега сўрамайсан, сўра,-деди Макс кўзларидан ғазаб ўтларини сочиб.- Қизиққанларнинг анча-мунчаси ётишибди ернинг тагида ачомлаши-иб... Сенам бора қол ўша ёққа.
-Гап келиб қолгани учун айтдим. Менинг нима ишим бор? Агар сен мард бўлсанг, ваъдангни бажар. Иккита болани ўргатиб, сенга рўпара қилдимми? Текинга берадиганингни нега бермаяпсан?
-Текиними? Текини тушингга ҳам кирмасин.
-Ие, ваъдани бузяпсанми? Ўғил боланинг иши бунақа бўлмайди.
-Менга сен даъво қиляпсанми? Сен ўғил боласан-у мен ҳажиқизманми?
Балки Босс ҳам ҳажиқиздир? Боссга айтиб қўйишим керак, у бечора ҳажиқизлигини билмай юргандир ҳали?
-Мен унақа деганим йўқ...
22
Суҳробнинг попуги пасайиши Макснинг авж пардасига кўтарилишига сабаб бўлди.
-Ҳали чотингдаги безни юлиб олишсин, сен билан ана ўшандан кейин гаплашаман.
Бу ҳукм ҳозирнинг ўзида амалга ошириладигандай Суҳробнинг вужуди жимирлаб кетди. Макснинг қўлларини ушлаб, қаршисида тиз чўкишга тайёр бўлиб қолди.
-Мен унақа деганим йўқ!
Бу сўзларнинг титроқ лаблардан учгани Максга ҳуш ёқиб, тиржайди. -Айтдинг..-деди ўжарлик билан,-ўғил бола айтган гапи учун жавоб
бериши керак. Ёки... ҳақини тўлаб қўйиши шарт.
Ҳукмнинг юмшатилиши Суҳробни қониқтирди. Бир ютиниб олди-да: -Қанча?-деб сўради.
Макс унга тикилганича нархни чамалагандай ўйланди. Кейин:
-Эллик... кўкидан,-деди ҳотиржам оҳангда.
Суҳроб савдолашмади:
-Хўп, қарзга қўшиб қўй.
-Бу ишни қарзга аралаштирма. Ҳозир нақд берасан.
Суҳроб икки кун муҳлат сўради. Макс уч соатдан кейин хўжайини
билан учрашиши лозимлигини эслатгач, чўнтагини кавлашга мажбур бўлди. Столнинг панасида пул санаётганида Макс “кучайибсан-ку?” деб қўйди. Маишат учун олиб қолган пулнинг бир қисмидан ажраётган Суҳроб бу онда, гўё юрак томирлари бир-бир юлиб олинаётгандай эзиларди.
Макс пулни олиб, чўнтагига солгач ўрнидан турди. Бир қадам юргач, муҳим нарса эсига тушиб қолгандай жойига қайтди. Қўл узатиб Суҳробнинг ёқасидан ушлади-да, ўзи томон тортиб паст овозда деди:
-Менга рўпара қилган болларингни пишириб е! Сен менга бойларнинг болларини топишинг керак эди. Буларингнинг нимасини оламан? Биттасининг отаси дурадгорми? Кунига бир қопдан пайраха бериб турадими? Сен менга ўзингга ўхшаган гадоваччаларни рўпара қилаверма. Тушундингми? Бойнинг арзандасини игнага ўргатиб бергин, ана ундан кейин мен сени бир хафта текинга боқаман.
Макс унинг ёқасини қўйиб юбориб, башарасига тупуришга чоғланди-ю бу иш кейинроқ асқотар, деган тўхтамга келиб, аҳдидан қайтди.
23
Суҳроб ёлғиз қолгач, ширзаданинг етти пуштини ҳақорат ботқоғига ботириб хумордан чиққандай бўлди. Шом қоронғуси тушгунича пивохўрлик қилиб ўтирди. Дискотека чироқлари ёниб, қорин ва думба рақслари бошланганини англатувчи оҳанглар янграй бошлагач, ўша томон юрди. Икки кун аввал кўз остига олиб қўйган қизга қармоқ ташлаган эди, ови осонгина бароридан келиб қолди.
Кундузги ғам-алам тошларида эзилган Моҳина кампир алақ-чалақ тушлар кўриб ётганда Суҳроб бу қиз билан уйида, ота-онасининг ётоқхонасида, янада аниқроқ айтилса, ота-онасининг тўшагида “ширин суҳбат қурарди”. Қоронғу тун бағрида ҳаром билан ҳалолнинг фарқига бормайдиган ширакайф йигит билан қизга иблис ҳамхона бўлган онда бу “суҳбат”нинг қандай бўлганини тасвирлаб ўтиришга ҳожат йўқ.
Моҳина кампир одатига кўра барвақт турди. Кечқурун айвонга қўйган таомнинг ейилганини билиб, кўнгли ҳотиржам тортди. Набирасининг ўрнидан турмаслигини билса ҳам “Суҳроб, мен бозорга кетяпман, ҳушёрроқ бўл”, деб чиқиб кетди.
Ҳушёрроқ ётишга буюрилган Суҳроб пешинда уйғонди. Кечаси ёнида ётган қизнинг ғойиб бўлганидан унча ажабланмади. Шимини кийгач, чўнтаги бўшаб қолганини билди-ю аламдан сўкина кетди.
Дастлабки тергов
Бир бозорчи кампирга тегишли сандиқдаги пулнинг ўғирланиши туман милиция бўлими учун фавқулотда ҳодиса эмас. Юқоридан кетма-кет қўнғироқлар бўлмайди, катта-ю кичик ташвишга тушиб югуриб қолмайди. Бироқ, қонунга кўра, эътиборсиз қарашга ҳам ҳақлари йўқ. Шу боис ҳам бугун тергов бўлимининг иш фаолияти Моҳина кампирнинг уйидаги ўғирликка доир ҳаракат билан бошланди. Кеча шу бўлимда иш бошлаган Шуҳрат кичкина жиноятга тегишли терговни менсимай, сўроқ жараёнини эътиборсиз ҳолда кузатмоқчи эди. Ярим йил аввал амалиётга келганида тергов бўлими бошлиғи капитан Менглиевга маъқул келиб қолгани учун “бу бола бугун иш бошлаяпти”, деб аяб ўтирмай, худди кўпдан бери хизмат қилаётган ходимларга ишонганлари каби сўроқни унинг зиммасига юклашди.
24