машҳур. Тарихда «Кўл бўйи шоирлари» деб ном олган адабий гуруҳ хақида Пушкин бу тенгдошларига тўлқинланиб шеър бағишлаган эди. Манчестер бутун бир Англияни бағрига жо қилган юрт эди.
Энди йўл Италияга, Португалияга, сафар охири Испаниянинг Гренада вилоятига бориб якун топади.
Жаҳон аҳли фақат фотосувратларда ёхуд видеоленталардангина билган мўъжизалар юртини ўз кўзи билан кўриш, минг йиллар бағридан юлиб олинган шаҳарларда кезиш ҳар кимга ҳам насиб қилмасди.
Рим минг-минг йиллар нарёғида қолган ўтмишини туш кўриб ҳали ҳануз ўз ўтмиши ҳавосидан нафас олиб ётган, ўтмишини яна минг-минг йилларга олиб ўтадиган мўъжизалар шаҳри.
Зухро ҳам Умида ҳам Помпейни фақат рассом Карл Брюлловнинг «Помпейнинг сўнгги куни» деб аталган машҳур асаридангина билардилар. Бугун улар неча минг йиллар аввал кул остида қолган, яна минг йиллар заргардек меҳнат қилиб уни босган лава кулларини мисқоллаб, граммлаб, худди чой қошиғида миллион тонналаб (балки миллиард тоннадир) кулларни авайлаб, ҳар кафтини назардан ўтказиб, бошқа шаҳарга обориб ташлаш машаққати туфайлигина Помпей ҳақиқий юзини очганди.
Шаҳарни лава яшин тезлигида, балки унданда тезлик билан босган эди. Юриб турган одамлар, бир-бирига роз айтаётган ошиқ-мошиқлар, келин-куёвлар қовушган пайтларида қандоқ ҳолатда бўлсалар ўша ҳолатда қотиб қолганлар. Ҳатто қошикдаги овқатини оғзига энди оборганда қотиб, қошиқдаги овқат ҳам ўшандоқлигича қолган.
Бир-икки соат кезиш билан Помпейни кўрганман, деб бўлмайди, уни кўриш, бўлиб ўтган фожеани, лава кулидан тозалашдаги машаққатли меҳнатни тасаввур қилиш, ҳис этиш учун кунлар эмас ойлар ҳам кифоя қилмасди.
Она-бола насиб қилса яна келиб бирон ҳафта шошилмай, ҳамма ҳаммасини кўришни ният қилиб Помпейни тарк қилдилар.
Бу юртнинг қаерига бормангиз ақлингизни шоширадиган, ҳайратдан ёқа ушлатадиган бир мўъжизага юзма-юз келасиз.
Римдан Венециягача автобусда бир кунлик йўл. Сув устига қурилган бу машҳур шаҳарни бир кўрсам, деб орзу қилган одамлар хар қанча сарф-харажатларга чидаб кўргани келардилар.
Одамлар уйларининг остонасигача машинада келадилар. Автобус хам шундоққина эшиклари олдида тўхтаб ўтади.
Венецияликлар учун гандола деб аталган қайиқ ҳам такси, ҳам автобус вазифасини ўтайди.
Венецияликлар шу уйларда туғилиб, яшаб, тўйлар қилиб, келин-куёв бўлиб, фарзанд кўриб, қариб оламдан ўтадилар. Неча юз йиллардан буён, балки минг йиллардан буён неча-неча авлод шундай яшаб келган.
Зухро билан Умида Адриатика денгизи ёқасидаги бу машҳур шаҳарни яйраб томоша қилиш, одамлар яшаётган хоналарга кириб, шундоқ заҳкаш жойда шикаст етмай, қурилганда қандоқ бўлса ўшандоқ, бирон шувоғи кўчмаган, деворларини сув ивитмаган шаҳарни кўриш орзусида эдилар. Афсус, 6у бир хаёл, орзу экан.
Венеция иморатлари бирин-кетин нурайбошлаган, одамлар энди яшаб бўлмайдиган ҳолга келган уйларни ташлаб, кўчиб кетганларини, ҳатто томларигача тешилиб осмон кўриниб қолган уйларни кўриб ҳайрон бўлиб қолдилар.
Венеция сувга чўкиш хавфи остида қолганди.
Италия хукумати молиявий қийинчиликка учраган пайтлар бўлса керак, хатто миллиард- миллиард доллар даромад оладиган туризм ҳам Венецияни сақлаб қолишга ожизлик қиларди. Бу сув шахри жуда кенг қуруқликка уланиб кетган. Унда минглаб хонадонлар, маҳаллалар хувиллаб қолган. Бошқа шаҳарга кетиб тирикчилик қилишга қурби етмаган қари-қартанглар, ночор одамларгина кетолмай қолганлар.
54


Буюк Венеция аста-секин умрини тугатаётганга ўхшарди.
Энди сафар Римдан сал наридаги Пиза шахрига. Зуҳро билан Умида автобусда кетарканлар Умиданинг болалиги тутди. Эркаланиб Зухронинг тиззасига бош қўйиб, қўлларини силай бошлади. Автобусдаги йўловчи хотинлар инглиз тилида: Кичкина Леди эрка экан деб кулишди. Бу гап Зухрога малол келгандек бўлди.
— Уч йилда энди кўришдик. Леди Лондонда ўқийди. Мен Тошкентда яшайман, бир- биримизни ҳаддан ташқари соғинганмиз, — деб жавоб қилди Зуҳро.
Хонимлардан бири «Вери вел, сенкю» деб Умиданинг елкасини силаб қўйди.
Бир томонга оғиб қолган жаҳонга машҳур «Пизанская башня» деб аталган, «Пиза минораси» олдида узоқ туриб қолдилар. Кети узилмай келиб турган машиналардан тушган сайёхлар оғиб қолган минора атрофида кино, фотокамераларида уни тасвирга туширардилар.
ТТТу оғиб қолган минорани ҳозирги замон техникаси билан қаддини ростлаб қўйиш мумкин эмасмикин деган савол кўнгилдан ўтди.
Мумкин албатта. Ойга одам чиқариб уни аппарат ёрдамида яна ерга қайтариб олиб тушган ҳозирги замон илмига, техникасига битта қийшиқ миноранинг қаддини ростлаб қўйиш нима деган гап?
Аммо Пиза минораси шу бир томонга оғиб қолгани билан машҳурдир. Агар уни тик қилиб қўйсалар у ҳеч кимнинг назарига тушмайдиган оддий бир минора бўлиб қолмайдими? Уни кўргани одамлар келмай қўядилар. Италия туризми нақд «луқмайи ҳалол» даромадини йўқо- тади.
Мопассаннинг «Майиблар онаси» деган ҳикояси бор. Бир хотин пул топиш ниятида ҳомилалигида қорнининг бир неча жойидан рўмол билан, тасмалар билан сириб боғлаб ташлайди. Ой-куни келганда у қинғир-қийшиқ бола туғади. Бундан хабар топган шов-шув ишқибозлари болани катта пулга сотиб олиб, жонли ғаройиботлар очиқ кўргазмасига обориб намойиш қиладилар. Хотин шунақа қинғир-қийшиқ болаларни кетма-кет туғаверади. Бу «иш»ни бизнесга айлантиради. Шу орқали бойиб кетади.
Бу гапларнинг Пиза минорасига қанчалик алоқаси бор, билмайман. Қадди тик минорадан кўра ночор миноранинг кўп даромад келтираётгани шундай ўйлашимга. сабаб бўлгандир.
Энди навбат харобага айлана бошлаган, лекин қолган қисми кўз қорачиғидек асраб- авайлаб сақланаёткан машҳур Рим колизейини кўриш, томоша қилишга. Шу ниятда буюк ҳурмат ва эътиқод билан колизей остонасига қадам босдик.
Кирғокдан топган чиғаноққа қулоқ тутсангиз денгиз тўлқинларининг, довулларининг гувиллашини эшитасиз.
Агар кўпни кўрган колизей ғиштларидан бир бўлагини олиб қулоққа тутсангиз, бу ерда бўлиб ўтган тантаналар, гладиаторларнинг буқа билан олишув пайтидаги шовқин-суронларни, одамларнинг ҳайқириқларини эшитармикансиз?
Бу ерда бўлиб ўтган ҳодисалар тасаввурга, ҳатто хаёлга ҳам сиғмасди.
Зилзила ёхуд момақаддироқ қудратига тенг бир туртки мудраган колизейни минг йиллар уйкусидан уйғотиши керак. Шунда сиз ҳам уйғоқ колизейнинг галереяларидан жой оласиз.
Ана, Марк Антонийни гиламга ўтқазиб ўнта қул кўтариб келяпти. Дур, гавҳарлар билан безанган беқиёс гўзал малика Клеопатра унинг истиқболига чикди.
Колизей қозондек қайнаяпти. Римликларнинг олқиш овозлари колизейдан тошиб шаҳар устида айланиб юрипти.
Яна бир ғишт бўлагини олиб қулоққа тутасиз. У гунг, у соқов. Лекин сизнинг тасаввурингиз унга тил-забон ато қилади. Аста гапира бошлайди.
Зухро билан Умида Колизейдан худди минг йилликлар ичидан бугунги кунга чиқиб келаётганга ўхшардилар. Дунёнинг бошланишидан то шу кунгача бўлиб ўтган воқеаларнинг «шоҳиди» бўлиб, энди бутунлай янги бир оламга етиб келгандек эдилар.
Энди сафар Испания пойтахти Мадрид шаҳрига. Унда бир кун бўлиб Гибралтар бўғозига
55


ўтадилар. Гренада вилоятида араблар қурган бениҳоя салобатли масжидларнинг кўкка бўй чўзган нақшинкор минораларига қараб бу ерларда бўлиб ўтган жангу жадалларда шикастланмаганига ҳайрон қоладилар.
Дунё кенг, одоғига етиб бўлмас экан.
Шаҳарлардаги мўъжизаларни юрган кўради. Ўтирган нимани кўрарди?
Умида муштдек боши билан дунёнинг деярли ярмини кўриб қўйди. У Гибралтар бўғозининг
соҳилида туриб машҳур «Гренада» қўшиғини куйлай бошлади: Гренада, Гренада Гренада моя...
***
Телефон жиринглади. Трубкани олиб, лаббай, дедим. Зуҳронинг таниш овозини эшитдим. — Стационарга келсангиз. Ўлмас акам сизни сўраяптилар. Айтадиган гаплари бор экан. Бирон ойлардан бери Зуҳронинг овозини энди эшитяпман.
Ўлмас билан иккови тайёр ошни ташлаб кетганларидан буён қаердаликларини билолмай
диққат бўлиб юрган эдим. Шошиб кийиндиму машина билан йўлга чиқдим.
Касалхона олдида Зуҳро мени кутиб турарди. У анча озиб крлган, ҳорғин. Сочларида бир-
иккита оқ тола кўриниб қопти.
Ўлмасни Москвадан оғир аҳволда олиб келган бўлсалар керак деб ўйладим.
Зуҳро мени кўп қаватли корпус орқасидаги зинадан палаталар томон бошлади.
Томоғи бойланган Ўлмас Турғун Азизов олиб келган фанерини тиззасига қўйиб,
нималарнидир ёзяпти.
Маълум бўлишича Москвада ўтган сўнгги маслаҳат йиғилиши Ўлмаснинг томоғидаги овоз
ўтказадиган жойини бошқа органларига ўтиб кетмаслиги учун қатрон қилиб олиб ташлашга қарор қилганлар. Бунга Ўлмаснинг розилигини олганлар.
Операциядан ўн беш кунлар ўтиб Тошкент медицина институтининг жарроҳлик клиникасига олиб келганлар, бир ҳафта кузатувдан кейин стационарга келган. Бу орада онкология институтида кўрикдан ўтиб турган.
Мана, бир ҳафтадирки стационарда оғир аҳволда ётибди. У ҳамон тиззасига фанера қўйиб, ҳамма нарсани, бугун-эрта бостириб келаётган ўлим шарпасини ҳам унутиб ёзяпти.
У деразадан ташқарига қаради. Эрталабдан бери осмонда булут айланиб қолганди. Энди шаррос қуйяпти.
Ўлмас орқа-ўнгига хат битилган крғозни менга узатар экан жилмайди.
Ё қудратингдан ўргилай худо, бу болага дунёни тарк этар чоғи жилмайишига қайдан куч ато этдинг!
То келгунимча у менга хат ёзиб қўйган экан. Ўқияпман:
«Домла, Сиздек бир кекса, отамдек меҳрибон одамни ўз дардим, бошимга тушган азобли кунларим билан ташвишга солишни истамагандим. Бўлган мураккаб операцияларни билдиргим келмаганди.
Энди тонг отиши билан ҳаммасини, азобларни, чидаб бўлмас оғриқларни ташлаб ҳеч ким тўймаган бу дунёдан кўз юмиб кетаман.
Мен тортган азоблар бошқа ҳеч кимнинг бошига тушмасин.
Сизга яна бир, охирги илтимосим бор. Собир Мирвалиев ўз ташаббуси билан томликларимни чиқазяпти. Мен тўғримда илмий иш ҳам бошлаганга ўхшайди. Нашриётларда сизни ҳурмат қилишади. Собиржонга далда бўлиб турсангиз яхши бўларди. Ўзи йўқнинг кўзи йўқ, деб баъзи нарсаларимни муҳаррирлар чиқазиб ташлашлари мумкин. Илтимос, Умарбеков энди ҳеч нарса ёзолмайдиган жойга кетган, касалхоналарнинг тиқилинч па-латасида қийналиб ёзган нарсалари қолиб кетмасин, деб уларни инсофга чақиринг.
Собиржонни ўзингиздан узоқлаштирманг. У яхши йигит экан. Афсус, бунақа содиқ дўстни
56


умримнинг охирида топган эканман. Унга биронта яхшилик қилолмай кетяпман.
Илгаригидек уйимга келиб туринг, кўзи тўла ёш 6илан қолган Зуҳро ҳамда жовдираб колган
жондан азиз, дунёда топган ягона бахтим Умидага мадад бўлинг.
Хайр. Дийдор кўришмоқ энди қиёматга қолди».
Ўлмас ўша, ичидаги дарди-аламини сездирмайдиган жилмайиш билан орқамдан қараб
қолди. Ҳовлига чиқаётганимда Зуҳро шу хат менда турсин, кейин қайтиб бераман, деб олиб қолди.
Ёмғир кўз очиргани қўймайди. Зуҳронинг ёмғирда дарвоза олдигача кузатиб чиқишига кўнмадим. Ўзим то машинага етиб боргунимча шалаббо бўлиб кетдим.
Боққа келиб ётиб ётолмадим, ўтириб ўтиролмадим. Кўзимга умрининг энг сўнгги дамларини кечираётган Ўлмас кўринаверди. Наҳотки у йўқликка кетади? У эски «қадрдони»ни кутаётгандек ўз ўлимига наҳотки сесканмасдан пешвоз чиқади? Бу кичкинагина, нозиккина вужудда наҳотки шунчалар жасорат, шунчалар қудрат бўлса!
Томоғига тиғ қадалиб турган, умри соатма-соат қисқариб бораётганини сезган бу одамда бунчалар ирода, бунчалар бардош қайдан пайдо бўлди деб ўзимдан ўзим сўрайман. «Қизимга мактублар»ни аста варақлайман.
Ундаги «Мангу дунё бўсағасида» деган ёзувни ўқиб сссканиб кетдим. Бу гапни мен ўқиб шунчалик изтиробга тушяпман, билмадим бу гапни айтишга қандай тили борди? Наҳотки шуларни ёзаётган қўли титрамади, наҳотки фарёд уриб йиғлаб юбормади...
Ўлмас шу тобда ўша айтган «Мангу дунё бўсағаси»да турипти. Бир неча дақиқадан кейин бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилади.
Кўзим илинган экан, телефон жиринглашидан уйғониб кетдим. Гўшакни олиб, лаббай дедим. Бундай бемаҳалда ҳеч ким хушхабар етказмайди. Соатимга қарадим. Иккидан йигирма минут ўтибди. Акмалнинг. таниш овози эшитилди. У «акам оламдан ўтди», деди-ю йиғлаб юборди.
Шошиб кийиндиму машина билап йўлга чиқдим.
Ёмғир худди тепангдан пакирлаб қуяётгандек. Машинанинг олд ойнасини ёмғир сувларидан тозалаётган дворник-чўтка ҳам ожизлик қилиб қолди. Дўрмон чинорларининг қуриган шоҳчалари, барглари ёпишиб қолган ойнадан ҳеч нарса кўринмайди. Уни тозалаш учун ташқарига чиқиш керак. Чиқишнинг эса иложи йўқ. Ноилож чиқиб баргларни, шохчаларни сидириб ташладим. Ивиб шалаббо бўлиб кетдим. Мендан икки қатор орқадаги акация асфалтга ағдарилиб, йўлни тўсиб кўйди.
Қалпоқли бризент плашч кийган гаичилар машина ҳайдовчиларни секин юришга даъват қилардилар. Қишлоқ йўлларида ўзи хоҳлаганча тезликни оширадиган учар шофёрлар шаҳарга тушганда ювош тортиб қоладилар.
Ҳар қалай шаҳарда интизом қаттиқ эди. Шунинг учун ҳам йўлнинг буёғида қийналмай Ўлмаснинг уйига омон-эсон етиб келдим.
Жанозага келганлар кўп эди. Бировнинг қўлида соябон, биров бошига плёнка ёпиб олган, бировлар эса ёмғирда дўппи билан турардилар.
Ўлмаснинг ҳовлисида деярли пана жой йўқ. Одамлар машина опчиқиб қўйилган гараж ичида, шу гараж олдидаги айвончада ёмғирдан қочиб туришарди.
Тобутни опчиқиб шу айвонга қўйишди. Ёмғирдан қочиб кирганлар яна ёмғирга чиқиб қолишди. Вазирлар маҳкамасининг диний ишларни тартибга солиш бўлимининг раиси йиғилганларга мурожаат қилди.
—Жамоат, биз марҳумни олиб борадиган «Минор» қабристонида ёмғирдан пана бўладиган жой йўқ. Ҳамма расм-русумларни шу ерда адо этиб, кейин олиб борамиз, жаноза ўқиш олдидан марҳумнинг энг яқин кишиси ёнимга келишини сўрайман.
Ўлмаснинг укаси Акмал муфтий ҳазратлари олдига келиб бош эгиб турди.
—Марҳум ҳаётлигида кимдандир қарздор бўлиб, вақтида тўлаёлмаган бўлса, ўша одам
57


даъво қилиб келса шу қарзни тўлашни гарданингизга оласизми, — деб сўради.
— Гарданимга оламан, — деди Акмал.
—Қабристонда ҳеч қандай митинг, ҳеч қандай нутқ бўлмайди. Ким гап айтмоқчи бўлса
илтимос, шу ерда айтсин. Мен марҳум Умарбековнинг устози, муҳтарам акамизга сўз бераман. Менга сўз бериб қолишларини тахминан билардим. Шунинг учун айтадиган гапларимни унча-мунча ўйлаб қўйгандим. Ёмғирда туриб қолганларни қийнамаслик учун мумкин қадар
қисқа гапиришга ҳаракат қилдим.
— Азиз биродарлар, биз бугун мукаммал бир инсонни энг охирги йўлга, Аллоҳ ҳузурига
кузатаяпмиз. Марҳум бу дунёга фақат меҳнат қилиш учун, одамларга яхшилик қилиш учун келган, одам боласини йўлдан урадиган ҳар қандай нопок, ношаръий ишлардан ҳазар қилган, ўзини тия олган, бировнинг луқмаи ҳалолига ёмон назар солмаган, юзидан Нури Муҳаммад Ҳувайдо бир покиза инсон эди. Марҳум билан ота-боладек эдик. Кўп йиллардан бери бир- биримизни авайлаб, бир-биримизга дилни оғритадиган бирон сўз айтмай, бир-биримизни соғиниб, бир-биримизни эҳтиёт қилиб яшадик. Марҳум ҳеч кимнинг дилини оғритмаган, ҳеч кимга маломат қилмаган, бу дунёга пок келиб, пок кетган нурдек тоза, чеҳрасидан жаннат нури ёғилиб турган фариштадек инсон эди.
Уни бутун Ўзбекистон аҳли яхши кўрарди. Болам шунга ўхшасин деб, укам шунга ўхшасин деб, куёвим шунга ўхшасин деб болаларига Ўлмасбек деб ном қўярдилар. Мана бугун бағрим ҳувиллаб қолди. Ҳазрат, сиз амри маъруфларда ибратли умр кечирган, ўзидан яхши ном қолдирган инсонлар тўғрисида ҳаяжон билан, буюк муҳаббат билан гапириб берасиз. Шу ажойиб инсонлар қаторига Ўлмасбекнинг номини ҳам қўшиб айтишингизни истардим...
Машинани ўша ерда қолдириб «Минор»га кўпчилик билан автобусда кетдим.
Ёмғир ҳали ҳам савалаб турипти.
Қабр бошига бориш қийин эди. Ёмғир мағз-мағзига сингиб кетган ердан тўпиққача лой
кечиб қабр олдига боришяпти. Мен ҳам шимимнинг почасини тиззамгача ҳимариб қабр бошига бордим.
Гўрков бунақа фавқулодда воқеаларни кўп кўрган одам. Гўр тепасига тахта териб устидан плёнка бостириб қўйипти.
Йигитлар гўр устида катта бир чодирни тутиб турардилар.
Акмал билан гўрков икковлари Ўлмаснинг жасадини лаҳадга қўйдилар. Ҳаммамиз қабрга бир-икки кетмондан лой аралаш тупроқ ташладик.
Қори одамларни ёмғирда қийнамаслик учун қисқароқ сурани тиловот қиларди. Тўпиқ бўйи лой илашиб оғирлашган оёғимизни аранг кўтариб асфальт йўлкага чиқиб олдик.
«Минор»дан қайтишда яна автобусга чикдим. Ҳайдовчи, одамлар исиниб олсин, деб автобус печкасини ёқиб қўйган экан. Салонни тўлдириб бир-бирига қапишиб ўтирган одамларнинг оғзидан чиқаётган, кийимларидан кўтарилаётган ҳовурдан автобус ойналари терлаб, салон туман ичида қолгандек бўлди.
Жуда хумор тутди. Чўнтагимдан сигарет олиб чекмоқчи бўлдим. Уст кийимимдан ўтган ёмғир қўйин чўнтагимдаги сигаретларни ҳам ивитиб юборган экан.
Ёмғирда ивиб, тўпиғигача лойга ботганлар, эртага фотиҳа ўқигани борамиз, деб йўл- йўлакай тушиб қолишди.
Гараж айвонида ёшгина қори келди-кетдига Қуръон тиловат қилиб ўтирарди.
Боя жаноза пайтида бошига плёнка ёпиб, резина этикда юрган Ғапурага кўзим тушганди. У менга яқин келиб туфлимни ечиб беришимни сўради. Гаражда қолган машинамга кириб туфлимни ечиб бердим. Уни шариллаб ёмғир суви тушаётган тарновга тутиб ювиб, тозалаб олиб келди-да, Зуҳро опамнинг олдига кирар эмишсиз, деди.
Девордаги соатга қарадим. Зуҳро уни 2 дан 20 минут ўтганда тўхтатиб қўйган. Бу 1994- йилнинг 10-ноябри эди.
Бир уй бўлиб ўтирган аёлларнинг хаммаси ёш, айтиб йиғлашни билмас эдилар. Зуҳро ҳамма
58


қийинчиликларни Ўлмас билан бирга тортиб бардошли, чидамли бўлиб қолганди. Аммо Умида ўзини қўярга жой тополмай гоҳ Акмалнинг, гоҳ аммаларининг бўйнига осилиб дод соларди.
—Бир пас исиниб қайноқ чой ичиб олинг, деб ча-қирдим. Кийимларингиз ҳам ивиб кетибди, шамоллаб қолманг, — деди Зуҳро.
— Зуҳрохон, энди менга жавоб беринглар, уйга бо-риб кийиниб олай. Эртага азонда етиб келаман, — дедим.
Тик турганимча икки пиёла қайноқ чой ичиб, улар билан хайрлашдим.
ЎЛМАС УМАРБЕКОВГА БОҚИЙ ДУНЁ САФАРИ ОЛДИДАН ДУО
Осмон юзини тўсган булутлар оро қўл чўзиб, тортиб олган уз улушинг — кичкинагина биллурий тонг нарчасини кўтариб, қайтмас бўлиб зимистон томонларга кетяпсан.
Илоё, саҳар пайти узиб олинган шу бир парча нур то охиратгача йўлингни ёритиб борсин! Омин!
Шу қисқагина яшаб ўтказган умрингда сен кўрмаган жабру жафолар қолмади. Барига чидаб бердинг. Бўғзингни пора-пора қилиб, жонгинангни оғритиб кесаётган тиғга қандоқ туриб берганинг биргина яратган Эгамга аён.
Эй, Тангрим! Шу умри азобларда ўтган, барига «Сенинг менга атаган буюк неъматинг» деб чидаган бандангни ўз ҳимоянгга ол.
Беҳишт дарвозасини унга очиб кўй. Энди даргоҳингда абад ором топсин!
Эй Аллоҳим, унга ўзинг паноҳгоҳ бўл.
Омин!
... Ёмғир шовуллайди. Ёмғир гувиллайди. Ёмғир сен учун кўзёшларини селоба қилиб фарёд
уради. Ёмғир шовуллайди...
2003 йил, 24 апрел.
59