дадаси, гузарга чиқиб насияга бўлса ҳам гўшт топиб келинг. Йўлакай овсиним Тўхтанисани айтиб юборинг, ҳарқалай хотин киши, ёнимда бўлсин.
Анваржоннинг йўл пули харжланмай ёнида қолганди. Олтиариқли таниши машинасида олиб келган, уни Яйпанга ташлаб ўзи Бағдод томонга ўтиб кетган эди. Анваржон халта кўтариб гузарга чиқиб кетаётганда офтоб ҳали ҳам ўчмаган, эндигина тераклар орқасига ўтиб қизариб- бўзариб ботмоқчи бўлиб турарди. Кўча тўла бола. Улар кечки овқатни тўйиб еб, «ҳазми таом»га бир-бирларини қувлаб, шовқин-сурон билан кўчани бошларига кўтариб югуришарди.
«Катта»нинг невара-эваралари эса кўзларини очолмай бемажол ётишибди.
Чолни ваҳм босди. У тонг саҳарда ўн-ўнбешта иссиқ нонни қийиққа тугиб, Мухторалининг хотини Тўхтахонни эргаштириб кирди.
Кечаси билан тўлғаниб чиққан «Катта» неча мдрта уйғониб, неча марта ётди. Худоё шу сабийларга ўзинг шифо бер, деб илтижолар қилди. У тагида ўт ловуллаб ёнаётган қозонни ўраб турган болаларни кўриб, «хайрият-е, хайрият-е», деб уларга яқин борди.
Саҳар пайти Анваржон томорқадан танлаб, танлаб жўхори қайириб чиққан эди. Болалар қозонда сўтаси билан вақирлаб қайнаётган жўхориларга қараб қачон пишади деб туришарди. «Катта» бири иштонли, бири иштонсиз болаларнинг биттасини қўлтиғидан олиб кўтарди. Осмонга ирғитиб, ҳа, чўчоғингдан, ҳа, дингирингдан, деб завқ билан қийқириб кулди.
Бола пардек енгил эди.
—Бумайрам, — деди у ҳамон қувноқ кайфидан тушмай. — Бунинг мунча енгил, — деди инқиллаб ўтирган келинига.
—Оғирлиги сизнинг чўнтагингизда-ку, — деди жони оғриб турган Бумайрам.
Ҳеч қачон гапни жавобсиз қолдирмайдиган сўзамол чолнинг тили танглайига ёпишиб лом- мим деёлмай қолди.
У кеча кечқурун болалардан хабар олгани кирган эди. Улар айвонда «тўйбола»лардек шифтга тикилиб қатор ётишипти. Белини шол рўмол билан сириб олган келини айвон даҳанида инқиллаб ўтирипти.
Болалар «Катта»нинг кўзига озиб қолгандек, юзлари сўлғин бир алпозда кўринди. Уни ваҳм босди. Болалар илгари ҳам шунақамиди? Шу пайтгача эътибор бермагани учун ўзини ўзи койиди.
— Нима овқат едирган эдинг? Айниган овқат едириб қўймаганмидинг?
— Ҳеч нарса ейишгани йўқ. Оч-наҳор ётишибди. Сиз чиқазган овқатни кўриб «Бунақа бемаза овқатни емаймиз» деб ётиб олишган. Ўғлингизни насияга бўлса ҳам гўшт топиб келинг, деб гузарга чиқариб юбордим.
«Катта»нинг жаҳли чиқиб кетди.
— Нариги эшикда гўшт борлигини билардинг-ку, нега менга бир оғиз айтмадинг?
Бу гапдан Бумайрамнинг энсаси қотди.
— Айтмай қўяқолдим. Айтганим билан бари бир бермасдингиз.
Чол ия, ия, эри келиб, тили чиқиб қопти-ку, деди ичида. Кейин ўзига келиб, «жонидан
ўткандан кейин тили чиқади-да», деб юборди.
«Катта»нинг бу гапни айтишга ундаган ичида бўғилиб ётган одиллик деб аталган қайсар
бир кучнинг қалқиб юзага чиққанидан, садо берганидан эди.
У невараларининг анча сўлиб қолганини ҳам энди кўряпти. Шу пайтгача кўзинг қаёкда эди,
деб ўзини сўроққа тутолмади. Ҳозир у ўзини ўзи жуда ҳам ёмон кўриб кетди.
Нораста болалар хисобига «тежамкорлик» қилганини, шуларнинг соғлиғини емирадиган «иқтисодий сиёсат» юргизганини қанчалик аччиқ, қанчалик аламли бўлмасин тан олишга
мажбур эди.
«Воҳ!» деди пешонасига шапиллатиб ураркан. Шунча невара-эвараларимнинг қўлида
ақалли битта қўғирчоқ, битта ўйинчоқ кўрмабман-а! Бошқаларнинг ҳовлиси ўйинчоқларга тўлиб кетган. Қайси эшикка кирсанг катта-кичик велосипедлар, самокатлар, тепкили
21


машиналар, ётқизсанг инга-инга қиладиган, ёнбошлатсанг кўзини юмадиган қўғирчоқлар, бураб-бураб қўйиб юборсанг, ҳовлининг одоғигача гувиллаб борадиган жажжи автомобиллар, ҳар ер, ҳар ерда сочилиб ёткан шахмат, шашка, домино тошлари...
— Пул сарф бўлади, деб болаларимни шу қувончдан ҳам бенасиб қилибман-а!
«Катта» кейинги кунларда анча кучдан қолган, ҳар икки қадамда тўхтаб нафасини ростлаб олар эди. Мана, ҳозир у инқиллаб оғиргина тўрва кўтариб кирди. Болаларнинг ўрнини йиғиб, улар ивирситган полосни супураётган қизалоққа, бўлдингми, болам, тез-тез қимирла. Нариги эшикка бор, бу ерда қиз бола қиладиган иш қолмади, деди.
Шу пайт қушдек енгил бир кампирни етаклаб олиб киришди. У «Катта»нинг хотини Ойниса биби эди. Уни кагтаю кичик Эна деб атарди.
Эна ҳам айвонга чиқиб ўтирди. Ранг-рўйи ўчкан, тинмай инқиллаёткан келинига қаради. Унинг аҳволини кўриб ачиниб кетди.
Бумайрамнинг аҳволи оғир эди. Эркак одам хотин кишининг дардини билармиди. Унга атала қилиб ичириш керак. «Менга гапинглар бўлмаса аталага уринақолай», деди Эна.
У шундай деб ичкаридан бир пакет ун олиб чиқиб тапиллатиб супрага элай бошлади.
Эна ун элайтуриб келинига тез-тез қараб қўяр, шўргинанг қурсин, Бумайрам, келин бўлиб бирон кун рўшнолик кўрмадинг-а. Шу ахволда ўлиб нетиб кетсанг шунча бола чирқиллаб қолишини ўйладингми? Янги бўшанган хотиннинг лоақал уч-тўрт кун ётмай ишга уриниб кетиши, оч-нахор қолиши ўлим билан баробарлигини нахот билмасдинг? Бунақада бепушт бўлиб қолишингни ҳам билмасмидинг, деб ич-ичидан унга ачинарди.
«Катта»нинг шу пайт янги бўшанган чиллали хотинни бошига одам тўплашга бало борми? Ўзи бу чолга нима бўлган? Уч-тўрт кундан бери хуши ўзида эмас. Саҳарлаб туриб олиб айвон даҳанида ҳақ, деб ўй-ўйлаб ўтириб олади. Қаёққадир чиқиб кетади. Кечгача санқиб, чарчаб кайтиб келади. Ичкари уйга кириб чироқ ёқиб пул санайди. Яна чиқиб кетади. Рўзғорхонанинг калитини ташлаб кетмаганидан қозон осолмай кутиб ўтирамиз.
Охират кўзига кўриняптимикин?
— Бумайрам, Тўхтанисо, сен ҳам менга яқинроқ ўтир. Ҳой, Эна, сен ҳам кел.
Эна ўтирган жойида: — Айтаверинг гапингизни, қулоғим кар эмас, хаммасини эшитиб
ўтирибман, — деди.
Кейинги кунларда «Катта»нинг Эна олдида обрўси қолмагандек эди. У эрига шарт-шарт
гапирар, баъзан унинг оғиз очишига ҳам қўймай, силтаб ташларди.
Бунга сабаб, эшикда тўй қозонида хар куни «нон палов» дамланиши-ю, каттаю кичик шу
«овқат»ни ейишга мажбур бўлиши эди. Эна етмишнинг нариёғига ўтган, тамсиз, жирсиз таомдан силласи қуриб, ўз тили билан айтганда, «ўлар холатга» етган, куч-қувватдан қолган хотин эди.
— Баққа кел. Ўтир, сен ҳам эшит, — деди «Катта» зарда билан.
Эна «майлис» ҳам ўлсин шу пайтда бўлмай, раислик отидан тушганингизга неча йил бўлди? Ҳали хам эгарда қўнқайиб ўтирибсиз, деб қўйди ғудирсиниб. У жаврай-жаврай Бумайрамнинг ёнига келиб ўтирди.
— Кўп таъна қилаверма, хотин. Энди эгардан бутунлай тушдим.
У ҳар хил, катта-кичик тугунларга тўлган тўрвани титкилаб, кичикроқ бир тугунчани олди. — Манаву сенинг пенсия пулларинг. Почтачи қандоқ олиб келган бўлса, ўшандоқ турипти:
Тийинига хам тегмаганман.
У тугунчани Эна олдига зарда билан ташлади. Унга бошқа гап айтмади.
«Катта» титкилаб иккита катта тугунни тўрвадан чиқазди.
— Бу Мухторали болагинамнинг хаппайи-ҳалол пули. Барака топкур, ётиб еса тамом
бўлмайдиган пул топган. Ҳунар, ҳунардан унар, дейдилар. Ҳозир ҳам болагинам «Биби Убайда»да, заготзернонинг пажарниги Луқмонбекнинг эшигида ётиб ишлаяпти. Олиб қўй, Тўхтанисо!
22


У халтадан олган хом ғиштдек оғир, тўрт бурчак тугунни Бумайрам томон суриб қўйди. Кейин яна тўрвани титиб, кичикроқ тугунчак олди.
— Анаву катта, оғир тугун Анваржоннинг ўн беш йилда топган пуллари. Кичиги болаларинг учун собес юборган нафақа пуллар...
«Катта» манаву сенга, манаву унга, деб охири халтани бўшатди.
— Шу пайтгача сизларни ўз пенсия пулимга боқдим. Кучдан қолган чолнинг топгани «нон палов»га зўрға етарди. Энди бундан буёқ қозон-товоғингизни бўлак қилдим. Мени йиққан- терган пулим йўқ. Кўзим юмилганда ўраб-чирмаб, маконимга обориб қўйсанглар, бас. Фақат битта илтимосим бор. Шу илтимосим бажо бўлмаса, гўримда тинч ётолмайман. Тентаккинам Ҳамроалини топиб келиб, иссиқ-совуғидан хабар олиб туринглар. Ташлаб қўйманглар...
Анваржон гўшт олгани чиққанда қассоб бир гап айтганди:
— Отангга нима бўлган, ким кўринса сендан қарзимиз йўқми, қиёмат қарз бўйнимда кетмасин, деб рози-ризолик тилаб юрипти?
Анваржон ердан бош кўтариб ота юзига қаради. У бола бўлиб умрида биринчи марта ота юзига қараши эди. Ота кўзида ёш кўриб, ғалати бўлиб кетди. Ўрнидан туриб унинг бўйнига осилгиси келди.
— Болам, — деди «Катта», — гапларимга яхшилаб қулоқ сол. Биз бир хонадон уч хил одам бўлиб яшадик. Отам раҳматли Нишон бобо ирим-сиримларга муккасидан кетган оми одам эди. Мен шафқатсиз, золим ота бўлдим. Сен итоаткор, журъатсиз, забун бола бўлдинг. Сенинг шунақа бўлишингга мен, менинг шунақа бўлишимга отам Мулла Нишон сабабчи бўлган.
У ўғлига таънали қараш қилди.
—Гапирсангчи, забонинг борми, гапир! Ичингда армонларинг бордир, ахир? Айт, дардингни, тўкиб сол!
— Мен Тошкентга жуда катта ниятлар билан борган эдим. Устозлар, сендан катта ёзувчи чиқади, деб бағирларига олган эдилар. Сиз, ҳар ойда палон сўмдан юбориб турсанг Тошкентга борасан, йўқ десанг, Олчинда ёзувчилик қилиб юраверасан, деб шарт қўйган эдингиз. Сиз талаб қилган пулни Тошкентдек шаҳри азимда бир мусофир боланинг топиши мумкин эмасди. Шунга қарамай, ишдан бўш вақтларда вокзалга чиқиб ҳаммоллик қилдим. Мардикор бозорига ҳам бир-икки марта чиқдим. Мардикор ёлловчилар рангимни, жуссамни кўриб ёнимдан индамай ўтиб кетардилар. Идорада ҳушдан кетиб қолган пайтларим ҳам бўлган. Шундай меҳрибон, буюк истиқбол ваъда қилган устозларнинг юзига оёқ қўйиб, Олчинга қайтиб келдим. Сизнинг пулга ўчлигингиз, пулга тўймаслигингиз менинг келажагимга завол бўлди. Сиз учун «Олчин» бир мамлакат эди.
Мен ҳатто маҳаллий ҳам эмас, фақат маҳалла ёзувчиси бўлиб қолаётганимдан эзилиб кетаман. Бирга ишлаган, устозлардан бирга сабоқ олган ўртоқларим ҳозир номдор ёзувчи бўлиб кетишди. Бир-иккитаси «Халқ ёзувчиси» деган катта унвон эгаси бўлди. Сиз мени мана шу бахтдан бенасиб қилган отамсиз...
Энди «Катта»нинг боши эгилди. Елкалари қаттиқ-қаттиқ силкинди. Ерга икки томчи кўзёши тушди.
—Мен аҳмоқ, ризқингизни қийиб пул йиғибман. Шундай қилсам ўлиб кетганимда болаларим кунига яратади, деб ўйлабман. Бумайрам, сен доно хотинсан, кеча айтган гапинг ўла-ўлгунимча қулоғимдан кетмайди.
Бумайрам, нима деган эканман, деб унга савол назари билан қаради.
—Гўдаклигида тўйиб овқат емаган ўғил болалар катта бўлганда нимжон, қилтириқ, ланж, оғир ишга ярамайдиган бўлиб қолади, дегандинг.
У шундай деятуриб Анваржонга бир қараб қўйди.
Бу қарашнинг маъносини Энаси ҳам, Бумайрам ҳам, ҳатто Анваржоннинг ўзи ҳам тушунди. Ноқулай вазиятдан қутулиш учун пешонасини силади.
—Энди пул йиғишнинг ҳожати йўқ. Болалар катта бўлиб қолишди. Бирин-кетин ўз
23


йўлларини ўзлари топиб кетишяпти. Катта эшигимиздаги томорқанинг кунботар томонга икки юзта терак қаламчасини қадаган эдим. Етти йилда йўғонлиги филнинг сонидек бўлди. Худо хоҳласа, бу тераклар сизларни камида йигирма йил боқади. Ҳар кесганда тагидан яна чиқаверади. Ўшаларни парвариш қилинса, ёнидан чиққан бачки шохларини кертиб турилса, бас. Бумайрам, сен уйим-жойим дейдиган яхши келин чикдинг. Шу бўш-баёв боламни сенга ишониб ташлаб кетаман. Сендан розиман, болам.
Бугун ҳамма невара-эвараларимни Қўқонга обориб, кабобга тўйдираман. Уйинчоқлар, қўғирчоқлар, музқаймоқлар, уст-бошлар, ҳар хил ленталар, бураб қўйиб юборса гуриллаб югуриб кетадиган автомобиллар, велосипедлар, шахмат-шашкалар, доминолар, портфеллар, қизиқ-қизиқ китоблар, бўёқ қаламлар олиб бераман. Бу мен золимнинг шу пайтгача тўйиб- тўйиб, тўкиб-сочиб овқат емаган норасталардан кечирим сўраганим бўлади. Йўқ, бунақа гуноҳни кечирим сўраш билан ювиб бўлмайди. Мабодо шулардан биронтаси ногирон бўлиб қолса, гўримга ўт қўйиб юборинглар. Шунда кўнгилларинг зора таскин топса.
У ўрнидан туриб, бўшаб қолган тўрвани эҳтиёт-шарт бир силқиб кўрди. Кейин уни оёғи тагига ташлади.
— Елкамдан босиб ётган юк, хайрият, ерга тушди. Энди қушдек енгил бўлдим.
«Катта» кўча эшиги томон кетаётганда босган қадами мўлжалга тушмай маст одамдек чайқала бошлади. У орқасига қарамай деди:
— Соат иккиларда катта эшикка автобус келади. Болаларни кийинтириб тайёр қилиб қўйинглар.
***
Эркин Воҳидов Олтиариқ марказидаги маҳаллада туғилган. Қариндошлари билан юз кўришсин, деб Адҳам уруғларига хабар қилиб қўйган экан. Бир пасда уни уруғ-аймоқлари ўраб олишди.
Эркин илгарилари ҳам Олтиариққа бир-икки марта келган, чет эл шоирлари делегациясини бошлаб келганидан фурсат тополмай уруғлари билан кўришолмаган эди.
Бошига нимчами, рўмолми, лачакми елвагай ташлаб олган хотинлар қатор эшиклардан югуриб чиқиб, унинг елкасига иккала панжаларини тегизиб омонлиқ, деб юзларига сурта бошладилар.
Хотинлар бири олиб-бири қўйиб гапга тушиб кетишди.
— Домла Воҳидовнинг худди ўзлари бўпти-қўйипти. Бола деган отага шунчалик ўхшайдими-
я!
Хотинларнинг бири худди тоғамнинг ўзларини кўргандек бўлдим, деса, яна бири
акагинамни кўргандек бўлдим, деярди.
Раис Файзиматовнинг имоси билан бешта скамейка, учта стол олиб келишди. Хотинлар
топган-тутган пишириқларини дастурхонга тўкиб солдилар. Хотинларнинг ғала-ғовуридан ким нима деяётганини билиб бўлмасди.
—бёғининг тагига манаву жонлиқни сўйинглар, —деди Олтиариқнинг пичоғи кескир валломат фуқароси Маматожи Иброҳимов.
У бир қора қўчқорни думбасидан итариб даврага киритиб юборди.
Қўчқорни судраб Эркиннинг оёғи тагига олиб келишди. Қассоб, қани, шоир тоға, бир нима деворинг, деди.
Хижолат бўлиб турган Эркин менга қаради.
—Домламиз шатта турганларида мен гапирсам одобсизлик бўлмасмикин, — деди 6у иззат- икромлардан ҳаяжонга тушган Эркин.
Бу нима деяркин, деб ҳамма оғзимга қараб турипти.
—Эй, қўчқорвой, — дедим насиҳатга ўхшатиб. —Шунча халқ ўртасида буюк бир шоирнинг
24


оёғи тагида жон бераётганингдан суюнмайсанми? Раисми, ревизорми, ферма мудирими кўздан панада сўйиб кабоб қилиб еб юборса хурсанд бўлармидинг? Бахтинг бор экан, кўчқорвой, сендан тарқаган авлодинг, отамиз ўзбек адабиётининг ривожига жонини тиккан фидойи қўчқор эди, шоир Эркин Воҳидовнинг оёғи тагида жон берган, деб мақтаниб юришади...
Бу гапимдан кейин одамлар қарсиллаб кулиб юборишди. Фақат бўйни ёғ битиб, қават-қават бўлиб кетган киши, ҳазил ҳам эви билан-да, деб тўнғиллаб даврадан чиқиб кетди. Кимдир, «Ферма мудирини ясаб ташладингиз! Аммо япиштирдингиз, ака!» деб юборди. Анчагача кулги босилмай турди.
Адҳам елиб-югуриб хизмат қиляпти. У турган-битгани фақат бурундан иборат бўлган бир кишини дастурхоннинг тўрига ўтказиб қўйди. Ё алҳазар, бунақа бурунни умрим бино бўлиб кўрмаган эдим. Кўйлак ёқасидан юқорисининг ҳаммаси бурун эди. У ҳар акса урганда залворли бурни силкиниб оғзини суриб қоқ миясига чиқариб юборар экан. Одамларнинг айтишларига қараганда оғзи қимирлашини кўриш учун томга чиқиб қараш керак эмиш.
У кўп аскияларга нишон бўлавериб, ҳазил-ҳузулларга кўникиб кетган бир беозор одам экан. Шундай давраларда унга ҳазил қилмасалар кўнгли ўксиб, нима бўлди, назардан қоляпманми, деб хафа бўларкан.
Шу одам Олтиариқ имомига мени ҳам ҳажга борадиганлар рўйхатига қўшиб қўйинг, деб илтимос қилганда, у: «Сиз овора бўлиб бориб юрманг, шайтонга тош отаётганларида димоғингизга тегиб шикастлаб қўйиган мумкин, яхшиси сизни «Ҳожи бадал» қилайлик, депти. Имом гапида туриб ҳаж сафаридан қайтишда «Ҳожи бадал» бўлдингиз, деган хушхабар билан бирга ҳужжатини ҳам олиб келган экан.
Олтиариқликлар бурун сўзини оғзиларига ҳам олмасдилар. Улар бурунни «Димоғ», «Ўғил сумак», «Дамский каблук», «Паспорт» деб атардилар.
Маматожи Иброҳимовнинг ўғли Қодиржон аскияга чечан йигит эди. Шу топда тили қичиб- шумлиги тутди.
—Эркин ака, ўзимизнинг Олтиарикдан чиққан боласиз. Мунча димоқ-фироқ қиласиз. Димоғингиздан эшак қурти тушади-я! — деб юборди.
Мен дарров жавоб қилдим.
—Қодиржон, эшак қурти тушса нима бўпти. Айтишга арзимайдиган гап бу. Ана, устоз Ҳожи отага қаранг, димоғларидан эгаак қурти эмас, тайёр тирик эгаакнинг ўзи ҳанграб тугаиб келяпти, — дедим.
Қийқириқ кулги қарсакларга уланиб кетди.
Олтиариқликлар «пучуқ» деб назарга илмаган, Ўлмас Умарбеков, Умарали Норматов, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Эшоновлар қаторида ўтирган Ўткир Ҳошимовга ғапга келган мезбонлардан бири, ҳой, бу беодоб кимнинг боласи, деб уни пойгакда турган болалар қаторига обориб қўйган эди. Ўткир яна жойига келиб ўтирди. Жаҳли чиқиб кетган мезбон келиб унинг қўлидан тортмоқчи бўлиб турганда тўхтатдим.
—Биласизми, бу ким? Бу Ўткир Ҳошимов деган зўр ёзувчимиз-ку, танимадингизми?
Мезбон гапимга ишониб-ишонмай довдираб қолди.
Бир хотин хокандозда тутуни буралиб-буралиб чиқаётган исириқ олиб келди. Ҳаммамизга
бир-бир тутатиб, Ўлмасга келганда хокандозни унинг бошидан уч марта айлантирди. —Хушрўйгина йигит экансиз. Олтиариқ аёлларининг кўзига дуо кетган, тикилганини
йиқитади. Уни фақат исириқ-испанд тутатиб даф қилиш мумкин, — деди кулиб.
Қатор тизилиб турган болалар орасида бурнини кўргазмага қўйиб кўз-кўз қилса арзийдиган,
хунук деса хунуклар ранжийдиган бир бола катта ёзувчиларга ҳавас билан қараб турарди.
Мен уни танирдим. У Тошкентга борганда менга ҳажвий шеърларини, ҳикояларини ўқиб берган эди. Ушандаёқ бўладиган бола эканини сезгандим. Агар йўлдан тоймаса, жуда зўр шоир ҳамда дидли-фаросатли носир бўлиб кетиши билиниб турган эди. Фақат, фақат ҳусн масаласи порлоқ келажагига соя ташлаб турарди. Бундай талантлар хунук бўлиб туғиладилар ва
25


чиройли бўлиб тарихда қоладилар, дедим.
Хотинлар Эркинни туғилган, она бағрида биринчи марта кўз очиб оламни кўрган хонага
опкириб кетишди. Анча ҳаяллаб кетган Эркин кўзлари қизариб хомуш қайтиб чикди.
Маслаҳат билан учрашувни темирйўл нарёғидаги тинчгина боғда ўтказадиган бўлдик.
Ҳозир пилла қурти даҳага кирган, қанча барг берсанг кўрдим демайди. Олтиариқ бутун
Ўзбекистондаги номдор туманлардан бири. Ҳамма вақт олдинда юришга одатланган. Қишлоқ хўжалиги вазири Уркинбоев от миниб тутзорларни оралайди. Қурт боқаётган хонадонларга кириб, уни ундоқ қил, буни бундоқ қил, деб кўрсатма беради.
Бодринглар найчалаб қолган. Ўз ишига омил узумчилар валишларга «ингичка бел» новдаларини кўтаряптилар. Олд ғўзалар яганага кирган, ола жойларга махсус коғоз стаканда тайёрлаган кўчатларни қўйиб чиқишяпти.
Хуллас, туманда инқиллаб қолган кампирлару ҳали йўлга кирмаган гўдакларгина «бекорчи» эдилар.
Шундоқ иш қизиган пайтда туман марказида одам йиғиб учрашув қилиш таънайи маломатларга сабаб бўлиши мумкин эди.
Темир йўлнинг у томонида битта дала шийпонидан бошқа биронта одам яшайдиган уй йўқ. Биз жимжит деб танлаган жойда ўтирган одамнинг қулоғи шовқиндан том битади.
Қари толлар қуршовидаги ховузда бири-бирига мингашган сон-саноқсиз бақалар бутун далани бошларига кўтариб «сайрардилар». Ҳовуз худди қайнаётган қозонга ўхшарди. Бу чидаб бўлмас шовқиндан фақат қочибгина қутулиш мумкин эди. Мотоцикл миниб келган мухбир йигит, менда балиқ тутадиган тўр бор, бақаларни тутиб узоқроқ жойга обориб ташлайми, деб қолди. Шу пайт Адҳам ҳасипга тозаланган икки каричдан мўлроқ пуфлаб шиширилган ичак олиб келди. Уни чайқалиб турган сувга ташлаб кафти билан сувни суриб ўртага ҳайдай бошлади. Бақалар бирдан жимиб колишди. Кимдир тинимсиз шанғиллаб турган радиони ўчириб қўйгандек бўлди.
Ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит бўлди-қолди.
— Тамом, — деди Адҳам. — То ичакни олиб ташламагунимча миқ этмай ўтираверишади, бу муттаҳамлар.
Етмиш кишига мўлжаллаб жой қилинган. Адабиёт ўқитувчилари, ўнинчи, ўн биринчи синфларда ўқийдиган адабиётга қизиққан ўғил-қизлар, туман газетасида шеърлари, ҳикоячалари босилиб турадиган ёш ёзувчилар чақирилган экан.
Узоқ бригадаларга одам олиб борадиган усти ярим ёпиқ машина йигирма чоғли қизни худди консервадек қапиштириб олиб келди.
Эгарқош қилиб ўсма қўйган, майда ўрилган узун сочини бураб-бураб қилган турмакларини зар рўмол билан танғиб олган қизлар машинадан тап-тап қилиб ерга сакраб туша бошладилар.
Уларнинг пардоз учун ойна олдида анчагина овора бўлганлари билиниб турарди. Машинада қапишиб келганларидан баъзиларининг турмаклари тўзғиб, пардозлари чаплашиб кетган. Машина кетиши билан улар толзор орқасига ўтиб, бошқатдан пардоз қила бошладилар. Ечилиб, тўзғиб кетган ўрим сочлар яна турмак бўлиб бошга қўнди.
Биров машинада, биров велосипедда, биров пиёда келяпти.
Туфлисини қўлига олиб ялангоёқ тупроқ кечиб келган бир қиз одамларга орқа ўгириб чўнқайганча ариқда оёғини ювяпти. У туфлисини кийиб биз томонга ўгирилди. Ўлмас уни кўриб «оббо!» деб юборди.
Бу Қувадаги учрашувда, бирга сувратга тушайлик, деб Ўлмасни жон-ҳолига қўймаган Раъно-Рўнў эди. Уни кўриб ҳаммамиз баробар кулиб юбордик. Бизга қўшилиб «Рўнў»нинг ўзи ҳам куларди.
Учрашувдан хабар топган адабиёт ихлосмандлари Наманган, Андижон тарафлардан «Жигули»да, «Москвич»да етиб келган эдилар. Бир ашаддий китобхон Нориндан шу бугун эрталаб тутган олтмиш кило келадиган лаққани иккита ҳўл қанорга ўраб, «Москвич»
26


юкхонасида олиб келган экан. У йўл-йўлакай қанор-қопга сув сепиб келган бўлса керак, юкхонадан ҳали ҳам чакиллаб сув томяпти. Лаққани уч киши зўрға кўтариб ҳовузга ташлашди. Ҳолдан тойган лакка сув бетида тўнтарилиб ўликдек ётарди. У сал фурсатдан кейин қимирлай бошлади. Кейин ўнгланиб думини ликиллатганича ҳовуз ўртасига сузиб кетди.
Учрашув қатнашчиларининг сони тўқсондан ошди. Янаолтита скамейка қўйиб уларни ҳам ўтқаздик.
Йиғилишни вилоят вакили сифатида Адҳам Ҳамдам бошқарадиган бўлди. Мен эса келган меҳмонларни бир-бир таништира бошладим:
— Менинг ёнимда ўтирган Ўткир...
Шундай дейишимни биламан, қизлар чувиллашиб, вуй, вуй, Ўткир Ҳошимов, деб ўрниларидан туриб кетишди.
—«Бахор қайтмайди»ни ёзган. Зўр ёзувчи. Алимардонни боплаган... Ўзи кичкинагина экан. Вуй, ҳали уйланмаган бўлса керак, жуда ёш экан. Буларга Навоий бободан мерос, соқоли кўксига тушгунча ҳам хотин олмайди.
—Биласизларми, қизлар, «Урушнинг сўнгги қурбони» асарини ўқиб йиғлайвериб, бўладиганим бўлди. Жуда оғир, юраги ёмон одам ўқиса инфаркт бўлиши хеч гап эмас. Ўқимаган бўлсанглар, топиб ўқинглар. Ўткир Ҳошимов ниҳоятда аянчли воқеани қандоқ чидаб ёзганига ақлим етмайди. Бу ёзувчини «Атомний ёзувчи» деб аташ керак. Ўзи кичкина бўлса ҳам портлаши ниҳоятда кучли. Раҳмат, Ўткир ака! Кечирасиз, ака дейми, ука дейми?
Қиз уни таърифлашга сўз тополмай қийналарди. Жуда кўп гапларни айтгиси келяпти-ю, ҳаяжонда айтолмаяпти.
Кўйиб берса бу китобхон қиз гапдан тўхтамайдиган кўринарди.
—Чап томонимда ўтирган Худойберди Тўхтабоев, —дедим қизнинг гапини бўлиб. Худойберди ҳам бу томонларда жуда машҳур экан.
Қизлар, ўғил болалар «Сеҳрли қалпоқча», «Беш болали йигитча», «Номоз ботир» деб бири
олиб, бири қўйиб, гапга тушиб кетишди.
—Кани энди, менда Ҳошимжоннинг қалпоғи бўлса, вой-бў, кўп ғалати ишларни қилиб
юборардим.
Орқамга ўгирилиб, Анварга қарадим.
—Бу Анвар Эшонов деган ёзувчи. Танийсизларми, танимасанглар бир бошдан таништириб
чиқай.
Бир қиз ўрнидан турди.
—Мен «Найманбўстон»даги ўрта мактабда адабиётдан дарс бераман. Уч кундан бери
вилоят газетасида шу акамизнинг бир бет-бир бетдан ҳикоялари «Боши ўтган сонда, давоми келгуси сонда» деб босиляпти. Икки сонда қувалик машҳур колхоз раиси Мусажон Шербўтаев, унинг илғор хўжалиги тўғрисида жуда қизиқ, жуда ўқишли ҳикоялари босилган эди. Энди ўзимизнинг қаҳрамон раисимиз, ҳаммамизнинг меҳрибон отахонимиз Бозорбой Отақулов тўғрисидаги ҳикоялари давомли бўлиб босила бошлади. Ўқувчиларимиз у ёқда қолиб қишлоқликлар газета сўраб келаверишади, келаверишади. Шунча одамга қаёкдан газета топиб бераман. Одатда адабий асар ҳаётда бўлиши мумкин воқеаларни ҳикоя қиларди. Исм- фамилияси аниқ, иш жойи аниқ, қишлоғи аниқ одамлар тўғрисида биринчи марта ҳикоя ўқиётганимиз учун ҳам Анвар акамизнинг бу асарларига қизиққанлар кўпайиб кетди. Директоримиз Фарғонага машина юбориб, йигирмата газета топтириб келди. Раҳмат, Анвар ака. Шунақа ҳикояларни кўп-кўп ёзинг. Сизга бу хайрли ишингизда муваффақиятлар тилаймиз.
Қизнинг ичи тўлиб турган экан, яйраб-яйраб гапириб олди.
Навбат Умарали Норматовга келди. Уни ўтирганларга жуда болохонадор килиб таърифлай бошладим.
—Ўрта Осиё Давлат университетининг профессори, филология фанлари доктори... Умарали Норматов, —дедим.
27