УНУТ БЎЛГАН «ҚАРИНДОШ»
«19... йил, 17 апрел. ЎзФА Биофизика илмий-текшириш институти. Профессор Алиевнинг
тажрибахонаси.
Соат 11.00. Тажрибанинг иккинчи босқичи бошланди. Профессор ўзини яхши ҳис қиляпти.
Юрак уриши мўътадил. Медитсина комиссияси унинг миясида ўзгариш қайд қилмади.
Соат 19.35. Тажрибанинг иккинчи босқичи тугади. Элалломаларнинг ишлашида ноаниқлик
сезилмади. Профессор ўзини яхши ҳис қиляпти. Бугун матбуотда тажрибанинг бошлангани ва
элалломаларнинг ишлаш хусусияти ҳақида мақола берилди. Профессор бундан негадир
ранжиди. Сабаби номаълум.
Тажрибанинг учинчи босқичи эртага бошланади».
Қуёш баланд иморат ортида кўринмай қолган, шаҳар оқшом оғушига кириб борарди.
Ҳаводаги майин бир илиқлик Жаҳонгирда пиёда сайр қилиш истагини уйғотди. У кўчанинг
нариги бетига ўтгач, ўғлининг овозини эшитиб тўхтади.
— Ҳорманг, дада, — деди Жамшид етиб келгач. — Сизни кутиб турувдим. Чиққанингизни
сезмай қолибман. Бугун тажрибахонангизга кирмоқчи эдим, қўйишмади.

2
Asirga oluvchi.

17
— Тўғри қилишибди. Кириб нима қилардинг?
— Ҳар ҳолда...
— Ўз ишингни ўйла.
Улар жим қолишди. Жаҳонгир гулини тўкиб чим барг чиқарган беғубор новдаларга суқланиб
боқарди. Жамшид эса отасига, унинг ўйчан кўзларига қарайди. Одамлар унга «кўзинг дадангга,
гавданг тоғаларингга ўхшайди», дейишади. Дарҳақиқат, Жамшид отасига қараганда
баландроқ, елкалари кенг, бақувват йигит бўлган эди.
— Дада, — деди Жамшид ўртага тушган жимликни бузиб, — биз фақат ишда кўришиб,
хизмат юзасидангина гаплашадиган одамларга ўхшаймиз. Шуни ҳеч сезганмисиз?
— А? — Жаҳонгир бу саволни таажжуб билан кутиб олди. Дарров жавоб қайтармади. «Фақат
иш юзасидан... Дарҳақиқат, кейинги пайтларда шунақа бўлиб қолдим, шекилли? Лекин бу
ўткинчи нарса». Жаҳонгир шуларни хаёлидан ўтказиб, ўғлига эътироз билдирди: — Гапинг
ноўрин. Аҳил ота-бола ўртасида бўладиган муносабат бизда ҳам бор. Иш ҳақида кўп
гапиришимиз ҳам табиий. Фан бизнинг бутун борлиғимиз бўлиб қолган, шундай эмасми?
— Шундай. Лекин шу яхшими?
— Гапингга тушунмадим?
— Ота-ўғил ўртасида меҳру оқибат бўлмаслиги керакми?
— Бизда йўқми?
— Билмадим. Сизнинг меҳрингизга шак келтиролмайман. Лекин менинг меҳрим учун ўрин
бермайсиз.
— Яъни?
— Яъни, айрим пайтларда фарзанд отасини ўйласа, отаси ҳақида қайғурса-ю, ота ишингни
қил, деса.
— Жуда тўғри. «Айрим пайтларда» ота бемор бўлса ёки оғир аҳволга тушиб қолса, бўлак
гап. Лекин сен айтган «айрим пайтларда» ота соғ-саломат, бошқалар каби хизматини ўтаяпти,
ҳеч қайғуришга ўрин йўқ. Бундай пайтда фарзанд отанинг сўзларини қулоққа олиши керак. —
Жаҳонгир шундай деб кулди-да, ўғлининг елкасига қоқиб қўйди. Кейин бугун матбуотда эълон
қилинган мақоладан сўз очиб, унинг фикрини сўради. Жамшид гапираётганида отаси каби
кўзларида ўйчанлик пайдо бўларди. Шошилмай сўзларди. Мантиқсиз гаплар тилидан деярли
учмасди. Жаҳонгир ўғлидаги бу хислатни ҳурмат қилар, аммо буни айтиб мақтамасди.
Ёшлигида маҳаллаларида бир бефарзанд қария бўларди. У кун бўйи эшиги оғзида қурут,
писта, папирос сотиб ўтирар, болаларни писта билан сийлаб тургани учун атрофи гавжум
бўларди. Отадан етим қолган Жаҳонгирнинг онаси қанотида ишлаши, ўқиши бу қариянинг
назарига тушган, бу оила хусусида қаерда гапирса «Оллоҳнинг бандаларига берган неъмати
кўп. Аммо неъматларнинг энг улуғи — фарзандларнинг асллигидир», дерди. Бу мақтовни
Жаҳонгирнинг ўзи ҳам эшитган, қарияга меҳри ортиб, узоқ вақт қувониб юрган эди.
Ҳозир негадир шу қариянинг сўзларини эслаб, худди ўша дамдагидай хурсанд бўлди.
Анҳор ёқасига етишганида Жамшид тўхтади.
— Дада, бугун ўртоқларим билан учрашмоқчи эдик.
— Яхши. Фақат кечикма.
Жамшид хайрлашиб, кетди. Жаҳонгир соҳилдаги бўш курсига ўтирди. Сал наридаги
мажнунтол панасида бир-бирининг пинжига кириб ўтирганларга кўзи тушиб, ўрнидан турди-да,
нари кетди. Хаёлини элаллома тиклаган бугунги воқеалар эгаллади...
«...Фанимиз тараққий этиб кетди... Бу жумлага баъзан «оламшумул ютуқлар», «беқиёс
даражада...» деган сифатларни қўшиб қўямиз. Ҳа... биз бугунни, келажакни ўйлаб, ўтмишни
унутаётибмиз... Инсу жинслар3 минг йил илгари ҳам маълум бўлган экан. Ҳозир бир юз эллик
минг марта катта қилиб кўрсатувчи заррабинлар4 билан микроблар хилларга ажратилади. У

3
Mikrob.
4
Mikroskop.

18
пайтларда оддий кўз билан қандай фарқлашди экан? Ё тафаккур билан аниқланганмикин?
Бундай дейилса, тафаккур ҳам далилларга суянади-ку? Розий фожиаси тўғри бўлиб чиқяпти.
Кўпчилик: «Қариганда муттасил ўқишнинг таъсиридан кўзи кўрмай қолган», дерди. Бу фараз
исботланмади. Розий кўзининг оператсия қилиниши ҳам чин бўлиб чиқиши эҳтимол. Ажаб,
минг йил илгари кўзни оператсия қилишга ботинганлар... Бизнинг ютуқларимиз эса кўз кўриб,
қулоқ эшитмаган бўлиб чиқяпти...»
Жаҳонгир хаёллари билан бўлиб, уйига яқинлашганини сезмади. Унинг фикрини қироат
билан берилган салом бузди:
— Ассалому алайкум, қариндош!
Жаҳонгир қаршисидаги девсифат, мўйловдор кишини дарров таний олмади.
— Танимадилар шекилли-а, қариндош, мен Акбарман.
Жаҳонгир тоғаваччасини шундан кейингина таниди.
— Э, Акбар ака, омонмисиз, — деб сўрашди-да, ичкарига бошлади. Акбарнинг оёғи оғриқ
эканми, ё оёқлар бу оғир гавдани кўтаришга қодир эмасмиди, ҳар ҳолда у зинадан оқсоқланиб,
сал букилиброқ чиқди. Жаҳонгир учинчи қаватда турар, шунинг учун лифтдан фойдаланмасди.
Акбар не азобда юқори кўтарилиб, манзиратни кутмаёқ ичкари кирди. У ўтирган юмшоқ
курси ғижирлаб кетди. Чўнтагидан ғижимланган рўмолча олиб, ҳансираганича терларини
артди. Акбар Жаҳонгирнинг кичик тоғасига тўнғич фарзанд бўлади. Уларнинг ораларидаги
фарқ тўрт ой бўлса ҳам, Жаҳонгир уни «Акбар ака» дейишга одатланганди. Жаҳонгир иккинчи
курсдалигида онасидан ҳам ажралди. Кўнгли яримта бўлганидан тоғалариникига тез-тез
келарди. Айниқса онасининг севимли укаси бўлмиш кичик тоғасини кўп кўргиси келарди. Аммо
орадан икки-уч йил ўтгач, тоғасининг хушламайгина кутиб олишини сезди. Уйланиш ҳақида гап
чиқа бошлаганида, келин аясининг «Жаҳонгиржон, ҳамма ҳам ўз аравасини ўзи тортиши
керак», деган гапини эшитди-ю, бу ерга қадам босмай қўйди. Тоғаси ҳам унинг ҳолидан хабар
олмади.
Жаҳонгир ошхонага кириб чой қўйди. Жавондан ширинликларни олди. У кўп йиллардан
бери унут бўлиб қолаётган қариндошининг бу ташрифидан таажжубда, ўйлаб ўйига етолмасди.
Акбар эса ўз уйида ўтиргандай эди.
— Шу денг, салкам уч соат кутдим-ов. Энди кетаман, деб турувдим, — деди у бир тишлам
нонни мураббога ботирар экан. Кейин уни оғзига солиб, бир-икки чапиллатиб чайнади-да,
гапида давом этди. — Бугун газитда сиз ҳақингиздаги нарсани ўқиб қолиб, тинчимни йўқотдим.
Шунақа пайтда муборакбод қилиш биздан лозим дедим-у, уйингизни сўраб-истаб келавердим.
Аммо бошим арши-аълога етди. Уруғимизни оламга машҳур қилдингиз. Лекин хафа бўлган
томонимиз ҳам бор, — у мураббога яна нон ботирди. — Олимликка берилиб, қариндошчиликни
унутиб қўйдингиз. Қариганда гина-кудуратни унутиб борди-келди қилайлик. Биздан кейин
болаларимиз бегона бўлиб кетишмасин.
— Гапингиз ҳақ. Аллақачон шундай қилишимиз керак эди. Айб иккимиздан ҳам ўтди.
— Ҳа-да, беайб парвардигор, дейдилар. Энди бизнинг вазифамиз...
— Акбар ака, айбга буюрмайсиз, сизни бир оз холи қолдираман. — Жаҳонгир шундай деб
яна ошхонага чиқди. Қозонга сабзи-пиёз бостиргач қайтиб кирди. — Акбар ака, озиб-ёзиб бир
келгансиз. Энди шунинг шарафига, а? Кўнгил қанақасидан тусайди? Юлдузи қизилиданми,
оқиданми?
— Э, э, қариганда-я? Ҳа, майли, қариндошлик ҳурмати, сазангиз ўлмасин. Қизили
саломатликка тўғри келмайди. Босим чатоқ. Андак оқидан бўлса кифоя.
— Яна бир узр. Мен учун ҳам... ўзингиз... оласиз. Ҳозир тажриба пайти, иложим йўқроқ...
Акбар мезбонни бир-икки қистаган бўлди-ю, кейин «тақдирга тан бериб», қадаҳни бўшатди.
Тўртинчи қадаҳдан сўнг рангига қизил югуриб, оғзи гапдан бўшамай қолди. Жаҳонгир ошни
дамлаб киргач, навбатдаги қадаҳни ола туриб:
— Бола-чақанг кўринмайдими? — деб сўради.

19
— Ўғлим ўртоқлари билан бирга...
— Ҳа... боланг битта эди-я? Бизники еттита. Қурмағурларнинг биронтаси илм демади-я! Ҳа,
майли, нонини топиб еса бўлди бизга, а, лаббай?
— Ҳа, энди...
— Хотининг ҳам кўринмайдими? — Жаҳонгир ялт этиб меҳмонга қаради. Лекин Акбар ундаги
ўзгаришни сезмай, кулимсираб гапираверди: — Қариганда ҳам ўтираверадими, бир оёғининг
чигалини ёзмоқчи бўлган-да. Бизнинг хотин ҳам шунақа...
— Акбар ака! — Бу сафар Жаҳонгирнинг овози баландроқ ва дағалроқ эшитилди. —
Келинингизни бир ярим йил бурун ерга қўйганмиз...
— А? — Акбар қўлидаги қадаҳни столга қўйиб, юзига фотиҳа тортди. — Буни қара, хабарсиз
эканмиз. — У шундай деб, қўлини қовуштирди-да, қироат билан қуръон ўқий бошлади.
Жаҳонгир ўрнидан туриб ошхона томонга юрди. «Қариганда ҳам эсини йиғиб олмабди», деб
ўйлади. Акбар йигит чоғларида ҳам шундай эди. Ичиб, кайфи ошганда чала ярим ўрганиб
олган қуръонни бор овози билан дуч келган ерда ўқир, кейин одамийлик ҳақидами, тупроқни
улуғлаш ҳақидами, ҳурмат ёинки бурч ҳақидами насиҳат қилар, ўтирганларни фаросатсизликда
айбларди. Шунинг учун Жаҳонгир «пиён қори» лақабини олган тоғаваччаси иштирок этувчи
зиёфатларга иложи борича яқинлашмасди.
Ош яхши дам емаса ҳам сузиб келаверди. У меҳмоннинг тезроқ туришини истаб қолган эди.
Бир томондан унинг жирканч қилиқларига нафрати уйғонган бўлса, иккинчи томондан,
кундаликнинг давомини ёзиши, эрталабгача тиниқиб дам олиши керак эди.
Овқат вақтида меҳмон нон-насиба ҳақида ваъз айтиб ўтирди. Ниҳоят, ош орқасидан босиб
уч-тўрт пиёла чой ичгач, фотиҳага қўл очди.
— Машинангизни чақирсангиз келармикин? — деди у ўрнидан тураётиб.
— Менда машина йўқ.
— Ие, шундай катта олимда-я?
— Ишхонам яқин. Ҳожати йўқ, деб олмаганман.
— Чакки қилибсиз. Бу керакли мол. Олиб қўйиш керак.
Акбар ташқарига чиқиб ҳам, боши-кети йўқ гаплар билан Жаҳонгирни ушлаб турди.
Жаҳонгир унинг бир дарди борлигини сезган, лекин сир бой бермаётган эди. Акбарнинг бу
даражадаги эзмалигидан сўнг, сўрашга мажбур бўлди:
— Сиз ҳали менга бир нарса айтмоқчи эдингизми?
— Ҳа... э, уми, майли, кейин айтса ҳам бўлар...
— Ҳозир айтаверинг.
— Биласизми, жигар, бугун газитда ғалати машинангизни ёзишибди. Тоғангизни, яъни
бизнинг падарни ҳам бир тажриба қилсангиз-чи?
— Нега?
— Энди, сизга айтмасам бўлмайди, яқин қариндошмиз, — деди Акбар унга яқинроқ келиб.
Жаҳонгир унинг бир сенсирашига, бир сизлашига эътибор бермади. У ёшлигида ҳам шундай
эди. — Ўзинг биласан, отам савдода узоқ йил ишлаб, у-бу нарса орттирган эканлар. Лекин
қўлга тушиб, яширган нарсалари бизга қоронғу бўлиб қолган, — Акбар энди овозини
пастлатиб, деярли шивирлаб гапирарди. — Билишимча, оз-моз тилла ҳам беркитган эканлар.
Шу топилса, сиз ҳам жиянсиз, қонуний улушингиз бор... Қолаверса, биздай одамга етти болани
уйли-жойли қилиш ҳазилакам гап эмас. Энди булар кейин айтилса ҳам бўлардию, ўзингиз
қўймадингиз. Хўп, майли, ҳозир бошингизни қотирмай, мен кетдим.
Жаҳонгир рад жавоб беришни ҳам, сўкиб, ҳайдашни ҳам билмай, гаранг бўлиб туриб қолди.
Акбар шошиб, унинг қўлини олиб қисди-ю, лапанглаб юриб кетди. Жаҳонгир бўлиб ўтган
нохуш учрашув ва суҳбатни хаёлидан чиқариш учун уй атрофида бир оз юрди. Кўча жимжит.
Байрам арафаларида ёниб турувчи ранг-баранг чироқлар ҳам ўчган, йўл четидаги майда
фаввораларнинг суви кучсизгина отилиб турарди.

20
У қанча юрмасин, хаёлини жамлашга ҳаракат қилмасин, бўлмади. Акбарнинг сўнгги гаплари
қулоғи остида жаранглаб, ғазабини ошираверди. Ниҳоят, бугун ишлай олмаслигини сезиб, уйга
кириб кетди. Дам ўтмай Жамшид кирди. У отасидаги ўзгаришни пайқаса ҳам, сабабини
сўрамади. Ярим тунда кўзи уйқуга илинган бўлишига қарамай, Жаҳонгир эрта тонгда ўрнидан
туриб, ёзув столига яқинлашди-да, кундаликни қўлига олди...