— Бир нима дейиши керакмиди? — деди ҳайрон бўлиб Ўлмас.
— Тошкент аёлларининг ҳаммаси шунақами ё битта сизники шунақа чиқиб қолганми?
— Гапларингизга тушунмаяпман, синглим. Тушунадиган қилиб гапиринг.
—«Яккачинор»га келиб Ойпопук деган қизга ошиқи-беқарор бўлганини, шу қизни деб
«Яккачинор»да бир умр қолиб кетишга ахд қилганини китоб қилиб ёзиб, ўз хотинига ўқиб берса, янгачамиз уни ўпиб табрикласа, ия, бу қанақаси бўлди. Ё тошкентлик аёлларда рашк йўқми? Тушунмадим, сира тушунмадим.
Бу шаддод қизнинг исми Ғапура, дугоналари Ғупра деб аташар экан...
Ўлмас нима деб жавоб қилишни ўйлаб анча жим туриб қолди. Бу ҳолатни қизлар ўзларича тушуниб ёзувчини жавоб тополмаганга йўйдилар.
Шундоқ катта, шундоқ машҳур ёзувчини «мот» қилган Ғупра тантана қиларди.
Қизлар елпиниб ўтирган «Севгим — севгилим» китобини қўлтиққа қисиб қарсак чала бошладилар. Ўлмас уларга қараб бир чиройли жилмайиб турибди. Қизлар қўлтиққа қисилган китобни олиб яна елпина бошладилар. Ҳаммаёқни иссиққина «қиз ҳиди» тутиб кетди. Китоб сахифаларидан эсаётган Ойпопукнинг иси шу хидларга омухта бўлгандек эди.
«Оқсоқол» қўлини кўтариб ғовурни босди. У колхоз раисининг маданий ишлар бўйича биринчи ўринбосари, шаддодлиги учун уни «оқсоқол» дердилар. Ҳамон оғзини очиб турган қизга қаради.
—Китобни дурустроқ ўқимабсан, каллаварам. Бошланишидаёқ кўрга ҳасса қилиб ёзиб қўйган-ку! Қариб қолган отаси болалигидаёқ онадан етим қолган ёлғиз ўғлини қийинчилик кўрсин, мустақил яшашга ўргансин, ўзига фойда бўлади, деб институтни битириши биланоқ «Яккачинор»га жўнатиб юборган. Билдингми? Шундан маълумки, у ҳали уйланмаган, рўзғор қилмаган. Сен бўлсанг хотинингга ўқиб бердингми, у нима деди, тошкентликлар рашк қилишни биладиларми, деб валдираяпсан. Билиб қўйларинг, Умарбеков ака биравга ем бўладиган ёзувчилардан эмас, Абдулла Қаҳҳор ака айтганларидек, Умарбеков эртага қичишадиган жойини бугун қаш-лаб қўядиганлардан. Мамаданалик қилиб ҳар балони гапираверасанми? Эси йўқ.
— «Оқсоқол» мен сизга нима ёмонлик қилдим? Нега мунча ғазаблайверасиз?
— Бўлди, ўтир жойингга! — деди «оқсоқол» буйруқ оҳангида.
— Ҳали айтадиган гапларим кўп, — қизнинг оғзи яна очиқ қолди.
— Оббо, ҳеч гапинг тамом бўлмас экан-да. Ичинг саволга тўлиб кетган экан. Қани, вақтни
олмай, тез-тез гапир.
—Ёзувчилар нима учун шафқатсиз, раҳмсиз, қаҳри қаттиқ бўладилар? — деди жиддий
туриб...
Бу гапдан кейин ўтирганлар бирдан унга қизиқиб қарадилар.
— Китобларни охиригача ўқимай қўя қолсам, дейман. Агар ўқисам, азага боргандек эзилиб
кетаман. Қайси китобни ўқисам меҳрим тушган, қадрдон бўлиб қолган «қаҳрамон» ўлиб қолади. «Ўткан кунлар»даги Кумушбиби нима бўлди? Уни ким ўлдирди? Албатта, ёзувчи ўлдирган. Кечаси «Ўткан кунлар»ни ўқиб ётиб охирига келиб қолган эдим. Ўлган жойига келганда чидамай дод деб ҳовлига чиқиб кетибман. Уйғониб кетган бувим, болам китоб ўқийверса телба бўлиб қолади, деб уни топиб бўлмайдиган жойга беркитиб ташлади. Барибир китоб ёд бўлиб кетган... «Бой ила хизматчи»даги Жамилани, «Қутлуғ қон»даги Йўлчини роҳат кўрмай ўлиб кетганига сира чидамайман. Ииғлайвериб, қовоқларим ёнғоқ пўчоғидек бўлиб шишиб кетди. Мана шу «Севгим — севгилим»даги Ойпопукни ҳам ёзувчи ўлдирди. «Уфқ»даги Жаннат хола ёлғиз ўғлининг ғамида тўқайда, қамишлар орасида, ботқоқда фарёд уриб оламдан кўз юмади. «Кеча ва кундуз»да ўрисча билмайдиган Зебихон суд қилиниб Сибирга ҳайдаб кетилади. Телба бўлиб қолган онасини занжирга солиб Эшоннинг уйида калтаклайдилар. Унинг шеър тўқиб айтган фарёдига одам боласи чидаёлмайди.

14


Зеби, Зеби Зебона,
Мен кўйингда девона, Заҳар қилиб ошингни, Пирим еди бошингни. Зеби, Зеби Зебарим,
Қайда қолдинг, дилбарим...
— «Кеча ва кундуз»ни қаердан топиб ўқидинг? — деди оқсоқол.
—Топтим-да, Ёзёвонимизда тўққизта одамда бу китобнинг қўлда кўчирилган нусхаси бор. Шулардан биттасини ўқидим-да!
—Ёзувчи китобни бошламасдан олдиноқ ким ўлади, ким қолади, белгилаб олади. «Олтин девор» билан «Келинлар қўзғолони»ни ўқинг. Уларда битта ҳам одам ўлмайди. Уларда ҳамма «Аршин мол олон»дагиларга ўхшаб мурод-мақсадларига етадилар. Шундай қилса бўлар экан- ку!
Умарали унинг бу гапларига қулоқ солиб ўтирар экан, китоблар тўғрисида болаларча чиқазган хулосаларини ўйларди. Қизгина ишлаб туриб кечки мактабни «олтин медал» билан тугатибди. Адабиётнинг қонун-қоидаларини мутлақо билмайди. Буни унга тушунтирадиган одамнинг ўзи йўқ. Ўзича тўғри-нотўғри хулосалар чиқариб юрипти. У жон-жахди билан китобга ёпишиб олган. Қува тарафларда унчалик кўп ўқийдиган китоб «жинниси» йўқ, деса бўлади. Қани энди унга бир раҳнамо топилса, Тошкентга ўқишга юборса. У дорилфунунда устозлардан сабоқ олса, яхшигина ўз сўзли адабиётшунос чиқармиди.
Ҳозиргина «Оқсоқол»дан эшитадиганини эшитиб дили вайрон бўлган Ғупра қовоқ-думоғини осилтириб ўтирарди. Умарали ёнида ўтирган Қуванинг котиби Эрматовга шу фикрини айтган эди, у ўйланиб қолди. Юзларини офтоб қорайтириб сополга ўхшатиб қўйган, қир шамоли лабларини пўрсилдоқ қилиб ташлаган бу қишлоқ қизининг бир кун келиб катта олим бўлиб кетишини сира кўз олдига келтиролмасди.
— Аввал менга айтинг, шу қишлоқ қизидан олим чиқадими?
—Чиққанда қандоқ. Катта олимларнинг кўпчилиги қишлоқдан чиққан. Бу қиз «Ўн йилликда» олган сабоғи билан ўзини билағон санаб, хар балоларни валдираб юрипти. Тошкентга борса эси кириб қолади.
— Агар шундоқ бўлса ҳар қанча харажат бўлса Қуванинг бўйнида.
—Ҳеч қанақа харажат бўлмайди. Дорилфунунга кирувчи қишлоқ болаларига имтиёз берилади. Ундан ташқари бу қиз кечки ўн йилликни «Олтин медал» билан битирган. Битта имтиҳон билан ўтиб кетади. Қолаверса Ўлмасбек билан иккавимиз қараб турмасмиз.
Ғупра «Оқсокол»га нима, арпангизни хом ўриб қўйиппанми! деб хурпайиб ўтирарди. Эрматов уни имлаб ёнига чақирди. «Оббо, энди райком бовадан ҳам гап эшитаман шекилли», деб ҳадиксираб олдига борди.
—Ўтир, — деди Эрматов худди ўз қизига айтаётгандек. — Тошкентга ўқишга юборсак борасанми?
— Бораман, — деди Ғупра ҳеч иккиланмай. Ғупралар оиласи Қашқадарёнинг Нишон районидан кўчиб келган. Отаси трактор кетида пахтага дори сепиб юриб ўпкасини хаста қилиб қўйган экан. Бу оила водийга тоза ҳаво истаб келиб қолган эди. Ўша кезларда Марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш жадал кетаётган эди. Шу баҳона бўлиб улар Ёзёвон фуқароси бўлиб қолган эдилар. Ота болаларини етим қолдириб оламдан ўтиб кетди.
— Рўзғорга қарашадиган сендан бошқа яна ким бор?
—Иккита акам бор. Биртаси Қўқонга қатнайдиган автобусда ҳайдовчи. Биртаси маиший хизмат комбинатида райкомларга, исполкомларга зўр костюмлар тикади...
—Ия, Алиқул «портной»нинг синглисимисан? У жуда кўп пул топадиган бойвочча йигит. Сенга ёрдам қилиб кундузги мактабга ўтқизмаган экан-да.
15


— Кўйинг, миннатли иш қурсин. Дадам ўлгандан кейин бундан буёқ ўз кунимни ўзим кўраман, деб аҳд қилиб қўйганман.
— Ундай дема, жигар ахир, мен айтаман, сенга Тошкентда кийиб юришинг учун бош-оёқ кийим тикиб беради.
—Бу гапни унга айтишнинг фойдаси йўқ. Медалимни бувим дадам раҳматлининг орден- медаллари билан сандикда сақларди. Ноинсоф акам бувимни алдаб, медалимни олиб, хотинига тиш ясатиб берипти. Қилдим тўполонни, қилдим тўполонни. Бу медал қийналиб ишлаб, қийналиб ўқиган пайтларимдан хотира бўлиб турсин, дегандим. Сиз, аканг сенга Тошкентда кийишингга бош-оёқ кийим тикиб беради, деяпсиз. Агар акам бировга текинга бирта тугма қадаб берса, ўша куни жони чиқиб кетади. Бувим келин бўлиб тушганда, катта ачам «юз очди» куни «кўрмана»га тилла тўғноғич берган экан. Шуни сандикдан олиб менга берди.
— Хафа бўлма, болам, бу сапсем тилла. Янгачангнинг қопламасига жез аралашган, — деб мени юпатмоқ-чи бўлди.
Тўғноғични бир пас томоша қилиб, кейин уни бувим-га қайтиб бердим. Бу тўғноғич бувимга қайнонасидан эсдалик. Қандоқ қилиб уни сира унутилмас бахтиёр кунини эслатадиган, эллик беш йиллик хотирасидан маҳрум қиламан.
Бу ишимдан бувим бечора андак кўз ёши қилиб олди. Марғилонда зўр тиш техниги бор, деб эшитган эдим. Ўшанга уч кун қатнаб росмона тиллодан қоплама қўйдириб келдим.
Унинг ҳикоясини берилиб эшитган «Райком бова»:
— Медали бўлмаса ҳамма имтиҳонлардан ўтиши керак бўлади-ку, — деди афсусланиб. —Медални обориш шарт эмас. Ҳужжати бўлса бас. Медал эсдалик учун уйда сақлашга
берилган, — деб тушунтирди Умарали.
— Беш йилдан бери топган пулларимнинг ярмидан кўпини кассага қўярдим. Пул устига пул
туғиб ётибди. Бирта апачам сартарошга шогирд тушиб юрган тожик бала билан Душанбега қочиб кеткан. Бирта янгачам болалар боқчасида мураббий. Яна бирта янгачам яқинда «Жижилаган». Яъний бўшанган. Ҳозир эшикда жижи боқиб ўтирипти. Бувим парранда фермасида ишлаб ойлик ўрнига тухум билан пати юлинган товуқ олади. Лозимадаларини шунақа қилиб эплаб юрипти. Райком бова, агар бувим ўқиш қочиб кетмайди, аввал уни эрга бераман, деса, айтиб қўйинг, апамга ўхшаб қочаман-кетаман.
Эрматов: «Бу қиз «6ало»га ўхшайди. Тегирмонга тушса бутун чиқадиганлардан экан. Болалигиданоқ мустақил яшашга, биравга қарам бўлмасликка ўрганган. Бунақалар интилган ниятига етмагунча тинчимайди, деб», қатъий ишонди.
Ғупра бир дунё кувонч билан жойига бориб ўтирди. Аммо «Оқсоқол» яна эски гапни бошлади.
— Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб шуни айтадилар-да. Ойбегу Ғафур Ғуломларнинг биттаси Аб-дулла Қаҳҳор ака ўзимизга ҳамқишлоқ. У кишининг ҳамма китобларини мазза қилиб ўқиганман. Ғупра қизнинг гапида пича жон бор. Ҳамқишлоғимизнинг китобларини ўқиган одамнинг яшагиси келаверади. Бир куни келиб мен ҳам ўламан-ку, деган ўй калласига келмайди. «Мингбиржон» деган асарини ўқиганмисиз? Ўқимаган бўлсанглар албатта топиб ўқинглар.
Ана ўлади, мана ўлади деб кутишаётган бемор эшикдан олиб кирилган ўз тобутини деразадан кўрган, айвонда унинг жони узилишини кутаётган ғассолнинг овозини ҳам эшитган. У ўлимга тик боқиб у билан олишиб ётибди. Ёзувчи уни тирилтириб юборади. Ҳикоя охирида ўлимни енгган Мастура Алиевани от устида қарсиллатиб олма тишлаётган пайтини тасвирлайди.
«Севгим севгилим»нинг ҳам ҳар бир сўзини синчиклаб ўқиш керак. Ёзувчи сўз тагига сўз яширади. Ўша сўзни топиб ўқиш керак. Ойпопук нега ўзини нобуд қилди? У бошига қора кун тушиб, ўзини қўярга жой тополмай, энг яқинларининг мададга муҳтож бўлган бир пайтда, ягона яқин кишисидан эшитган бир оғиз ҳиссиз, бепарво сўз уни ўлдирди. Эй оғзи очиқ тилла
16


тишли Ғупра қиз, китоб бошидаги сўзларни ўқимасанг, юрагим дош беролмайди деб охирини ўқимасанг. Шунинг учун ҳам ҳеч балога тушунмаган экансан-да. Ўтир, ўтире!
Ғупра паст келмаса бўлмайдиган. «Оқсоқол» уни буйдалаб ташлайдиган. Олишсам шармандамни чиказади, деб жойига ўтирди. Оғзи хам юмилди. Тилла тиши ҳам кўринмай кетди.
Аёл киши билан олишиб ҳам бўлмайди, бас келиб ҳам бўлмайди. Ҳатто паррандаларнинг ҳам урғочиси жонини тикиб «крнли жангга» киради.
«Оқсоқол» ҳам ана шунақа шаддод, гапни билиб-билиб айтадиган, ғурурини ерга урмайдиганлардан эди.
Ўлмасдан кўз узолмай унинг қошларига маҳлиё бўлиб ўтирган қиз ўрнидан турди.
«Гапга суқулмаган битта сен қолувдинг, сузилмай ўлгир» деган овоз чикди.
Қизлар карсиллаб кулиб юборишди.
— Бу китобни кечалари болишимнинг тагига қўйиб ётаман. Ҳар уйғонганимда олиб силаб-
силаб жойига қўяман. Шуни ёзган йигитни бир кўрармиканман, деб нолалар қилганман. Мана, нолишим худога етиб, у билан рўбарў қилиб қўйди.
Бир бақалоқ қиз ўрнидан турди.
— Энди уни қўлдан чиқазма. Маҳкам ушла! Тўянанинг каттаси мендан. Битта қўй сендан айлансин.
Сузук кўз қиз нозланиб Ўлмасни «эритмоқчи» бўлди. Ўлмас Тошкентда не-не там-там қизларнинг «тузоғи»дан омон чиққан, бу масалада катта малака орттирган йигитлардан эди. Бу қизнинг ноз-карашмаларидан ичида кулибгина ўтирарди. Қиз унинг олдига китоб билан ручка қўйди.
— Шунга дастхат ёзиб беринг. Илтимос, синглим деманг...
Қўй тўяна қилмоқчи бўлган қиз гап қотди: «Севгим-севгилим, кўзларимнинг оқу қораси» деб ёзсинми?
Яна кулги, яна чапак бўлди.
—Кўп ёзинг, — деди у, — яхшилаб ёзинг, менга қараб туриб ёзинг.
—Отингиз нима эди, синглим? — деди қўлига ручка олиб дастхат ёзишга чоғланар экан
Ўлмас.
—Отимми? Отим Роно. Ҳайрон бўлманг, ҳали тилла тишимни қўйдирганим йўқ. Шунинг
учун оғзимди катта очмаяппан.
— Оилада битта қизмисиз, эркагина экансиз.
—Йў-йў, учта апачам бор. Ҳаммаси тилла тиш қўйди-риб олган. Энди очирт менга келган.
Худо хоҳласа тилла тиш қўйдирганимдан кейин Тошкентга бораман, кўришиб қолармиз. —Тошкентлик бечоралар умрида тилла тиш кўрмаган. Қўлингдан судраб телестудияга опкириб кетади. Ўшакда диктор бўлиб қолиб кетишинг ҳам мумкин, — қизларнинг калака
қилиб айтган сўзларини ҳам «Рўнў» яхшиликка йўйди.
— Бўлиши мумкин. Ҳаётда нималар бўлмайди. —деб жавоб қилди уларга.
Дастхат ёзилган китобни оларкан биров эшитмайдиган қилиб секингина:
—Иккаламиз бирга сувратга тушайлик, — деди ҳар қандай эркакни эритиб, «уйғотиб»
юборадиган ғалати ғамза билан.
—Кўпчилик — групповой бўлиб сувратга тушамиз,— деди Ўлмас. — «Групповойда» ёнингизда ўтирсам майлими?
Ўлмас энсаси қотганидан индамади.
«Рўнў» бир қўли билан икки ёқасининг учини бирлаштириб, номаҳрам кўзи тушмасин,
дегандек «ибо» 6илан келинчакларнинг саломига ўхшатиб энгашди, сузилиб дастхат ёзилган китобни олди.
У жойига кетаркан дастхатга нималар деб ёзилганини билишга қизиққан бесабр қизлар унинг қўлидан китобни юлқиб олиб қўйдилар.
17


—Вуй қизлар. Яқиндан кўрмадинглар-да. Қоши қуууп-қуюқ. Қоооп-қора экан. Соқол олганда бетига зўр одеколон сепаркан. Шундоқ гупиллаб ҳиди келиб турипти...
***
Умарали «бедана ови»га бормайди. Уни ёлғиз қолдириб кетолмай ўтирибман. Шунча одамни ўзим бошлаб келиб, ўзим бормасам қандоқ бўларкин. Умаралини ҳам боришга кўндиришим керак.
—Менга қаранг, беданага ўқ узганда тескари қараб ўтирақоларсиз, хўп, денг, домла.
У биз ўйлаганча таъсирчан эмаслигини билдириш учун, хўп, майли, борсам борақолай, деди ноилож.
Эрталаб Йўлдошали Анварга газетадан «қалам ҳақи» олиб келганда Тошкентдан Эркин редакцияга телефон қилиб, кечга яқин Яйпанга бораман, шерикларимизни хабардор қилиб қўйинглар деб тайинлаганини айтган эди. Демак кечқурун Эркин Воҳидов ҳам етиб келади.
Районга азиз меҳмонлар келадиган бўлса Хорунбой Эрматов албатта овга олиб чиқади. Бир кун олдин бедана кўп бўладиган жойга тариқ септиради. Улар тайёр донни ташлаб бошқаёққа учиб кетмайдилар. Ризқларини шу ердан териб юраверадилар.
Райпо битта чоғроқ бино қуриб қўйган. Унда тахтадан ясалган «қўлбола» йиғма столлар, скамейкалар, идиш-товоқлар, катта-кичик бир нечта қозон, темир ўчоқлар сақланади. Келгинди овчилар оёқости қилмасин, деб қўриқлашга милтиқли махсус қоровул қўйилган.
Ноябр бошланиши билан бу жой ҳувиллаб қолади.
Беданалар қаёққадир қишловга учиб кетадилар. Фақат кўкси қизил саъвалар қор титиб, қолган-қутган хўракларни териб, сайраб юрадилар.
Бадиий ҳаваскорлар кўригида магнитофон соврин олган болани одам юбориб олдириб келадилар. У ҳайвонлар, паррандалар овозига тақлид қилади. Булбул бўлиб, бедана бўлиб сайрайди. Хўроз бўлиб, ўрдак бўлиб қич-киради.
Жамоат жам бўлди. Энди овни бошласа ҳам бўлади. Тақлидчи «бедана бола» чап тарафдаги буталар орасига яшириниб «сайраш»га шай бўлиб турипти.
Ов бошланди. «Бедана бола» пит-пилиқ, пит-пилиқ, деб «сайрай» бошлади. Унинг орқа томонидан бир гала бедана патирлаб ҳавога кўтарилиб у томон учиб кела-бошлади. Чап томон мергани қўшоғиз милтиқнинг битта тепкисини босди. Олтита бедана ўқ еб, тап-тап қилиб ерга тушди. «Бедана бола» энди ўнг томонга эмаклаб ўтиб хашаклар орасига яширинди. Хашак орасидан яна «пит-пилиқ» товуши келди. Содда, лақма, бўш-баёв 6еданалар ўша томонга гурра кўтарилдилар. Ўқ узилганда уларнинг бештаси ҳавода питирлаб жон бериб, ерга тўкилди. Бу бегуноҳ, ювош жонворларнинг осмонда жон таслим қилиши ҳар қандай бағритош одамнинг ҳам юрагини эзарди. Тескари қараб ўтирган Умарали варанглаб ўқ узилганда «Одам боласи нақадар шафқатсиз» деб қўйди.
Энди бир томондаги мерган ўрнини Ўлмас эгаллади. Бола «сайраши» билан хавога кўтарилган беданалар Ўлмаснинг тепасидан париллаб ўта бошладилар. Ўлмас шошиб қолиб қўндоқни елкасига тирамай иккала тепкини баробар босиб юборди. Икки ўқнинг ниҳоятда кучли зарбаси қўндоқни фавқулодда бир куч билан силтаб юборди. Улмас орқасига ағдарилди. Ҳаммамиз баробар ўша томонга югурдик. Хайрият, уни шунчаки қўндоқ тепкан экан. Икки ўқи баробар отилган милтиқ қўндоғининг зарбига унча-мунча полвон мерган ҳам дош беролмайди.
Ўлмас ўнг елкасини силаб инграр эди.
Адҳам бир шиша арақ олиб келди. Унинг галстугини, ёқаларини ечиб елкасидаги тепки урган жойни очиб кафтига қуйган арақ билан бор кучини ишга солиб эзиб-эзиб, босиб-босиб ишқалай бошлади. У шишадаги арақ яримлагунча кафтига қуйиб уқалайверди. Адҳам қўли толгунча ишқалади. Уқалайверди. Бу хил уқалаш тўрт-беш марта қайтарилгандан кейин Ўлмас инграмай қўйди.
18


Ундан овоз чиқмагач, кимдир Адҳамга «Юрагига қулоқ тутинг» деб юборди ҳаяжон билан. Адҳам Ўлмаснинг очиб қўйилган чап кўксига қулоғини қўйди. У қулоғини кўкракдан узмай ўнг қўлининг бош бармоғини кўрсатди. Ҳаммамиз енгил нафас олдик. Икки-уч дақиқадан кейин Ўлмас кўзини очди.
Унинг ранги пахтадек оқариб кетган, «Ҳеч нарса бўлгани йўқ, ўтиб кетади» дегандек хижолатлик билан қийналиб жилмаймоқчи бўларди.
Адҳам шу пайтда ҳам ҳазилини қўймасди.
— Мени кўп ичасан, деб кўз очирмасдинглар. Мана, арақнинг ҳам фойдаси бор экан-ку! Сизлар ҳам тез-тез ичиб туринглар, — деярди.
Ўлмасни кўтариб келиб тўшакка ётқиздик. Унинг аҳволини кўрган Умаралига беданаларнинг питирлаб жон бериши ҳеч гап бўлмай қолди.
—Гап шу ерда қолсин, — дедим. — Гапни чувалатиб юрманглар. Ҳеч гап бўлмади деб ўйланглар. Хорунбой аканинг бу ишдан ҳали хабари йўқ. Қишлоқ хўжалиги вазири Уркинбоев келган экан, Қувадан одам келиб Эрматовни машинада олиб кетди. Бу воқеани у кишига ҳам билдирмай қўя қолайлик. Хижолат бўлиб юрмасин. Агар Ўлмаснинг хотини эшитса борми, қоқ ярим кечаси бўлса ҳам етиб келади. Уни зинғиллатиб Тошкентга олиб кетади.
—«ТИР»да ўқ ўрнига пистон солинган «Воздушка»ни отиб, мерганман, деб юрган экансиз- да, Бек ака, — дедим ҳазил қилиб. — Илгари шунақа катта милтикдан сира отмаган эдингми?
—«Воздушка»да кўп отканман. Уларни елкага тирамасдан отса бўлаверарди. Елкага қаттиқ тираб туриш кераклигини мен қаёқдан билай, — деди Ўлмас қилиб қўйган ишидан ҳали ҳам ўзига келолмай.
— Сенинг дадил бориб милтиқни олишинг, худди мерганлардек милтиқнинг уёқ-буёқларини кўришингдан, тажрибали овчига ўхшайди, деб ўйлашган бўлсалар керак.
— Милтиқни олдиму кўзимни чирт юмиб бошим устидан ўтаётган беданаларга қарата қўш тепкини босиб юбордим. Қўндоқ елкамдан бир қаричми, ярим қаричми узоқлиқда эди, ҳозир эсимда йўқ, билмайман. Иккала тепкини баробар босганимни биламан.
— Сени худо асради, — дедим. — Қўндоқ иягингга тегса нима қилардинг. Жағингни дабдала қилиб оғзингдан учириб чиқариб юборарди. Умр бўйи ямалган жағ билан яшардинг.
Ўлмас қилмишининг оқибати бу даражага етишини ўйламаётган эди. У радиода тўрт йил бирга ишлаган, фронтда жағини осколка майдалаб ташлаган дўстини эслади. У ниҳоятда хунук бўлиб кетган, оғзидан ҳамма вақт бадбўй ҳид келиб турарди. Ўлмас уни эслаб сесканиб кетди.
Ов тўхтади. Ўлжа беданаларни йиғиб келиб пақирда вақирлаб қайнаб турган сувга ботириб патларини юла бошладилар.
Водий йигитлари диди баланд пазанда бўладилар. Улар яланғоч беданаларни бир пасда тозалаб, пешноб билан иликдек пўст думба қиймасига кўк кашнич, ариқ бўйларидан териб келинган ялпиз, зира, зирк, жамбил қўша бошладилар. Улар бу масаллиқларни эрталабоқ уйда тайёрлаб тоғорада олиб келган эдилар. Шуларни беданалар ичига жойлаб, қоринларини ип билан чатиб доғланган ёғда қизартириб олдилар. Кейин бошқа қозонга босиб устига кўпгина серсув помидорни катта-катта бўлак қилиб тервб чикдилар. Қизил сабзи, саримсоқ пиёз, қизил лавлаги, жуда ҳам юпқа парракланган анча-гина оқ пиёзни чиройли қилиб териб қўйдилар.
Ана шундан кейин дамтовоқ зичлаб ёпиб қўйилди.
Фалокати ариган Ўлмас тамоман ўзига келди. Айниқса Адҳам «бир пиёлагина» ичириб қўйгандан кейин чордона қуриб, гапга тушиб кетди.
—Орият қилиб чидаб турдим. Елкада жон қолмаган. Қўл тегизсам ўлиқнинг баданига ўхшаб муздек-карахт. Хаёлимга нималар келмади, дейсиз. Гангренага — қора-сонга айланиб кетса нима бўлади? Албатта қўлимни ел-кам аралаш кесадилар. Энди қўлсиз юришимни ўйлаб хафа бўлиб кетдим. Адҳам ака арақ билан ишқаб, кучларининг борича қаттиқ-қаттиқ уқалаганларидан кейин қони қочган пучак томирларимга жимир-жимир қилиб яна қон қайтиб келаётганийи, ўлай агар, аниқ сезиб турдим. Сизга минг раҳмат, Адҳам ака! Энди сиздан
19


умрбод миннатдор бўлиб яшайман.
—Бу гапни қўй, — деди Адҳам. — Арағимни тўлайсан. Тишимнинг кавагида асраб юрган
арағим эди. Тўлайсан-а?
—Бўпти, беш баробар қилиб тўлаганим бўлсин, — деди кулиб Ўлмас.
Унинг кулгиси энди ўзига ярашди.
Бу кулги тани дарддан фориғ бўлган одамнинг кулгиси эди.
Пазанда йигит йиғма столга дастурхон ёзиб бир ликопчада анчагина «кўксомса» кўяр экан,
бедана дўлма пишгунча эрмак қилиб туринглар, «кўк сомса» иштаҳани очади, — деди.
—Кўп еб қўйманглар, беданага ҳам жой қолсин —деб огоҳлантирди.
Аввалги куни Бешариққа кираверишдаги чойхонада самоварчи Ўлмасга исириқ тутатганида: —Кўз тегмасин, хушрўй йигит экансиз, — деб хокандозни бошидан уч марта айлантирган,
«Ёмон кўздан асрасин, бунақа ҳуснни худойим ҳар кимга ҳам беравермайди, суйган бандасига беради. Бу заифона чирой эмас, мардона чирой», деган эди.
Бугун «ҳасадгўй» такдир шу мардона чиройни кемтик қилмоқчи бўлди. Аммо эплолмади. ***
«Катта» Анваржондан бошқа яна тўрт фарзанд кўрган. Ўртанча ўғли Мухторали ювош, қўли гул дурадгор бўлди. Пойтеша чопканда тўсиннинг бетини ойна қилиб юборади. Атроф қишлоқлардаги иморат қурдирадиганлар албатта Мухторалини танлайдилар. У иморатнинг пойдеворидан томигача ҳамма ёғоч ишларини ўзи бажаради. «Катта» чойхоналарда жўраларига ҳасрат қилиб қолади. Мухторалини уйлаганимга мана тўрт йил бўлай деяпти, энди учта болали бўлди. Боласи кўпаймаганига диққат бўляпман...
Жўралар кулишади.
—Мунча бесабрсиз, мулла Муқим. Одам боласи қуён эмас-ку! Йилига ўн-ўн бештадан туғса. Мусулмончилик ҳам аста-аста-да. Ҳали қараб туринг, эшигингиз болага тўлиб кетади. Ҳазрат Муқимийнинг тупуклари кучини кўрсатади.
«Катта»нинг юзи буришиб сесканди.
—Ўша воқеани ўйласам ичимда микроб ғимирлаётганга ўхшайверади. Бефарзанд одамнинг тупуги... Э, қўйингге! Чиллали бола гулдан нозик бўлади деб ўйлашмаганини қаранг. Бола кўпайтириш бунақа бўлмайди-да. Мана, тўнғичим Анваржонни олайлик. Тупук аралаштирмасдан етти болага ота бўлди. Бунақа кетишда ҳа-ҳу, дегунча болани ўнтага етказиб қўяди. Кенжам Ҳамроали эркароқ, субутсизроқ чикди. Ўқишга ҳам, ишга ҳам бўйин бермади.
«Катта» феълда, қилар ишда отаси Нишон бобога тортди. Бир иш қиладиган бўлса етти ўлчаб бир кесарди. Фойдаси қанчаю зиёни қанча, ақл торозига солиб кўрарди. Фойда бермайдиган ишни иш демасди. «Катта узоқ йиллар мактаб директори, колхоз бухгалтери, иқтисодчиси, колхоз раиси бўлди. У мана шу лавозимда ишлаган пайтларда колхозга юлғичларни йўлатмади. Жамоат «нони»ни ўзи ҳам емади, бировга ҳам едирмади. Уйига колхоздан ақалли битта пиёз кўтариб келмади. Бумайрам эрига ҳасратини тўкиб солди:
—Отангиз қандоқ овқат чиқарсалар шуни ейишга мажбурмиз. Ўзингиз биласиз, ўғил бола кучли овқат ейиши керак. Бўлмаса катта бўлганда мижғов, нимжон бўлиб қолади. Ҳар куни бир хил овқат чиқаришади. Болалар бунақа бемаза овқатни емаймиз, деб кун ботмай оч-нахор ётиб қолишади. Уларга қараб ичим ачишиб кетяпти. Ана, чиқарган овқатларини бир кўринг.
Анваржон устига лаган бостирилган тоғорани очиб қаради. Тўрттагина жази бор, нон билан картошка қориштириб димланган «нон-палов».
—Болалар унга қайрилиб қарашмади ҳам. Тескари қараб ётиб олишди. Ўзимни айтмай қўяқолай. Хотин кишининг бировга айтиб бўлмайдиган харжлари бўлади. Тўрт тийинлик нарса. Шуни ҳам аптекадан насияга оламан. Собесдан болалар учун бериладиган нафақани почтачи «Катта»нинг қўлларига бериб кетади. Ўзим тийинга зор бўлиб қолавераман. Турақолинг,
20