керак, унда қандоқ қилиб чидайсиз, деб сўрадим.
— Биласизми, чекиш мутлақо эсимга ҳам келмайди. Фазога учадиган куним ҳам эрталаб
босиб-босиб чекканман, Космодромга келишим билан умрида чекмаган, ҳатто сигаретни ушлаб кўрмаган одамга айланаман. Ҳар гал шунақа бўлади. Мураккаб аппаратлар, вазнсизлик ҳолати, бажарилиши лозим ғоятда аниқ бўлган юмушлар, мисқол-мисқолигача ўлчанган буюмлар, иллюминатор орқали фазо кенглигини синчковлик билан кузатишлар,
ерга аниқ маълумот юборишлар бутун вужудимни эгаллаб олади.
Ерга қўнишим, оёғим ерга тегиши билан ҳушим ўзимга келади. Биринчи учраган одамдан
сигарет сўрайман.
Ўлмас ҳам шунақа. Асар ёзишга ўтирдими, тамом. Бошқа нарсаларни унутади, ёзаётган
асари тугагандан кейингина ҳуши ўзига келади...
...Ўлмас билан энди йўлга тушмоқчи бўлиб турган эдик, кафтларини бир-бирига ишқаб
Анвар келиб қолди.
— Бормасангиз бўлмас экан, кутиб ўтиришипти.
— Анваржон билан икковларинг айланиб кела қолинглар, бормасам бўлмайдиганга
ўхшайди, — дедим унга машина калитини узатар эканман.
Борганимда зиёфатдан файз кетиб бўлган, район газетасининг муҳаррири Мирзаабдулла
кайф устида одамгарчилик, меҳр-оқибат тўғрисида кўп «доно» гапларни айтаётган эди. У мени кўриб кўзлари яшнаб кетди. Гандираклаб келиб бағрига босди.
—Бу менинг қадрдоним. Уйимда ётиб қолганда қоқ ярим кечаси машинка чиқиллатиб ҳикоя ёзган. Оти нима эди? Ҳа, топдим. Ҳикоянинг оти «Ялпиз ҳиди» эди. Зўр ҳикоя чиққан, аммо- лекин. Ўзининг машинасида уни Найманга оборганман, Эшонтўпига оборганман.
Мирзаабдулла хонадон соҳибини кўп балолардан асраб юришини билардим. Бу хонадон ўзиники бўлиб қолганидан хам хабарим бор эди.
Бачқирлик ҳаваскор хонанда «Онам дерман»ни бошлади. Мирзаабдулла ашулани тўхтатиб уни турғизди. Судраб ташқарига опчиқиб кетди:
— Шу ерда туриб айтасан. Ҳамма эшитадиган қилиб қаттиқ-қаттиқ айт!
— Бу таъсирли қўшиқни кўзингни юмиб эшитсанг маза қиласан, — деди кайфи ниҳоятда ошиб қолган йи-гит. У кўзини юмди-ю, ухлади-қолди.
Ҳофиз бола «Онам дерман»ни ниҳоятда берилиб айтарди. Қўшик авжига чиққанда хотинлар бирдан уввос солиб йиғи бошладилар. Йиғи орасида «Жаннатмаконим онам» деган сўзлар қулоққа элас-элас чалиниб қоларди. Гўё хотинлар бўғзида куч билан ушлаб турган фарёд, алам-ситам бирдан ташқарига отилиб чиқаётган эди.
Пишиқиб кетган Анвар шошиб ташқарига чиқиб кетди.
Хонадон эгаси хофизни этагидан тортиб ичкарига олиб кирди. Учиб қолганлар алаҳсираб ҳар замонда бир «дў-ўст» деб юборишарди.
Уйқум келиб мудраяпман. Бир кеча-кундуз кўз юммай машина ҳайдаб келишнинг ўзи бўладими! Адхамга, кетмасам бўлмайди, жон дўстим, менга жавоб олиб бер, деб ёлвордим.
Адҳам ичида гап ётмайдиган одам. Унга бир гап айтсанг, эртасига бошқа шаҳарда эшитасан.
—Мен бунга Ёзёвонда тегирмонда туйилган икки кило аччиқ калампирни қатиққа қўшиб ичирганман. Ўлиб қолишига бир бахя қолган. Майли, чарчаган экан, кетса кета қолсин, — деди.
Ана шу гапдан кейин Адхамнинг шофёри мени мак-таб боғига ташлаб қўйди. Йўлда у «Домла, кетиб жуда тўғри қилдингиз. Бу ерда жуда хунук иш бўлган. Нима бўлганини эртага биласиз», деган эди.
Боғ жимжит. Ўлмас маза қилиб ухлаяпти. Мен мудраб судралгандек бориб жойимни топдим- у, ётиб ухладим-қолдим.
Шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Кўзимни очиб қарасам, кеча зиёфатга борган
7


йигитларимизнинг ҳаммаси шу ерда. Йўлдош Сулаймон ўзини қўярга жой тополмай у ёқдан-бу ёққа юрар, қўлини ҳавода силкитиб, вой абла-ҳ-е, вой сволоч-е, деб тинмай сўкинарди.
Кеча рубоб чалиб «булбул» бўлиб сайраган Қобилжон тамоман ўзини йўқотган, бирон нима дейишга тили айланмасди. Адҳам ҳамон ўша-ўша Адхамлигича. Гўё ҳеч гап бўлмагандек юрипти.
—Мирзаабдулла аканинг гаплари ҳаммадан ҳам ошиб тушди... — дер эди Худойберди. — У хонадон эгасининг елкасига қоқиб, йигит киши ана шунақа ўғил бола бўлиши керак, деб уни чўпиллатиб ўпганига ўлайми. Устоз, сиз авлиё одам экансиз. Худо кўнглингизга солганмиди, билмайман. Вақтида кетиб, бу маломатлардан, бу қарғишлардан қутулиб қолдингиз.
—Дурустроқ тушунтириб айтсанглар-чи. Ўзи нима гап, тинчликми? — деди ҳайрон бўлиб Ўлмас.
Худойберди бошини кўтарди.
—Шарманда бўлдик, устоз. Биронтамиз шу пайтгача эл олдида бунақа мулзам бўлмаганмиз. Биз маишат қилиб маст-аласт бўлиб, қийқириб ўтирганимизда мезбоннинг онаси оламдан ўтган экан. Бу воқеани бизга билдирмаган. Марҳуманинг қизлари, келинлари, сингиллари кўзда ёш билан қозон бошида хизмат қилаётган эканлар. Ҳовлининг бир бурчида қийқирик, кулги, қўшиқ, бир бурчида кўзёши, фарёд, изтироб. Тонг отиб кетди. Мезбонга бу қувноқ, 6у шодон базм учун раҳматлар айтиб чиқиб кетяпмиз. Шу пайт мезбон орқамиздан келиб, «волидамизни бериб қўйдик, қайтиб кириб фотиҳа ўқиб кетсангизлар», деб қолди. Ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадик. Меҳмонларнинг ҳаммаси маст. Оёкда туролмайди. Жанозада маст бўлиб гандираклаб юриш жуда хунук бўлар экан. Баъзилар ўзини эплолмай қолган.
Худойберди ер чизиб ўтирган Қобилжонга қаради.
— Қобилжон бечора нима қилишини билмайди. Бутун қишлоқ аҳли жанозага кириб келяпти. Қобилжон қўлидаги рубобини қаёққа яширишини билмайди. Орқага қайтиб «базм» бўлган меҳмонхонага қўйиб чиқай, деса у ер йиғиштирилиб, фотиҳачиларга жой қилиб қўйилган. Энг одобсиз отарчи ҳофиз ҳам жанозага рубоб кўтариб келмайди. Қаергадир ташлаб келади. Қобилжон рубобини қаерга яширади? Шунча йил қадрдон бўлган, уни элга манзур ҳофиз қилган рубоб ҳозир қўлларини чаён бўлиб чақарди.
Мирзаабдулла ака мезбонни бағрига босиб:
—Ўғил боланинг ишини қилдингиз, дўстим. «Ота-онанг ўлса ўлсин, ёри дўстинг ўлмасин» деган доно гапга юз фоиз амал қилдингиз, қойил. — У шундай деб мезбонни чўпиллатиб ўпа бошлади.
Шу пайтгача кафтларини бир-бирига ишқаб жимгина турган Анвар Эшонов гапга аралашди:
—Ўтиравериб пишиқиб кетдим. Ташқарига чиқиб дарахт панасига ўтдим. Мендан беш-олти метр нарида, электр нури аранг ёритиб турган жойда мезбонимиз бир хотин билан қаттиқ гаплашяпти.
— Ўзинг ўйласанг-чи, апа, қандоқ қилиб айтаман, қайси юз билан айтаман?
Сенда ҳам юз борми, ноинсоф. Кириб шундоқ-шундоқ бўлди, де. Тамом. Ё шу гапни ҳам айтолмайсанми? Ахир, уларни ҳам она туққан-ку!
— Хотин кишилигингга борасан-да, апа.
—Агар сен айтмасанг, ҳозир ўзим кириб айтаман. Онагинамни тиригида хор қилганинг каммиди, энди...
Хотин бир силтаниб меҳмонхона томон интилди. Мезбонимиз унинг йўлини тўсди.
—Шунақами, бўпти. Меҳмонларинг билан қўшмозор бўл. Поччангни мошинаси билан онагинамни «Тагоб»га олиб кетаман. «Тагоб»лилар нега майитни баққа олиб келдинг, деса, уруғимиздан биттаси ҳез чиқиб қолди. Зарконида бош кўтаролмай қолдим, дейман. Жанозани ҳам, бошқа маросимларини ҳам шу ерда ўтқазаман, дейман.
—Оғзингга қараб гапир, апа! Уриб жағингни айириб ташлайман. —Қўлингдан келадиган ишдан гапир, бу ишни эркак одам қилади.
8


Хотинлар келиб «Апа»ни судрагандек қилиб олиб кетишди...
Қайтиб ичкарига кирдим. Базм авжида. Орқама-орқа кирган мезбон қўлини кўксига қўйиб, «Хуш кўрдик, азиз меҳмонлар», деб илжайди.
(Бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеадан эл олдида хижолат чекмасинлар, деб қишлоқ ҳамда уй эгасининг номини пича ўзгартириб кўйдим.)
Муаллимлар ҳам бирин-кетин кириб кела бошлашди.
—Яхши ётиб турдингларми, аммо биз роса маза қилдик. Таваккалжоннинг қўшиқларидан сел бўлиб окдик.
Ухлаётганимда шамол каердандир Таваккалнинг овозини элас-элас олиб келаётган эди. Ўша тўйга борган муаллим тассуротларини оқизмай-томизмай гапира бошлади:
— Эсингларда борми, «Янги матчо» тепасида самолёт тоққа урилиб қулаганди. Ўшанда
«Найманбўстон»лик бир отахоннинг қизи билан куёви ҳам ҳалок бўлганди. Уларнинг тоғ орасида музлаб қолган жасадини лўм билан кўчириб, вертолетда олиб келишганди. Улардан уч яшар ўғил бола етим қолган экан. Боланинг бўйи чўзилиб, овози дўриллаб қопти ҳамки, чолнинг қўли қисқалик қилиб, ҳалигача суннат килдиролмаган экан. Ижроқўм бобонинг ўзи бош бўлиб тўй бошлаб юборибди. Таваккал Қодировни тўйга чақиртирипти.
Бир тўй бўлди, бунақа тўйни ҳали кўрмаган эдим. Бозорқўмлар, бензинчилар, бош ошпазлар, қассоблар, кабобпазлар — бир томонда колхоз кассирлари, совхоз бухгалтерлари, омборчилари — бир томонда. Ана пул қистиришу мана пул қистириш. Ҳофизнинг олдига нонсават қўйдилар. Кетма-кет саватга пул ташлаб туришибди.
Таваккал ўн бешта ашулани кетма-кет тўхтамай айтиб, рубобини микрофончи шеригига берди-да, саватдаги пулларни тўй эгасининг этагига тўкди.
— Мана шу пуллар сизга менинг тўянам, отахон. Рози бўлсангиз, битта ўн сўмликни ният қилиб оламан. Мен ҳам сизнинг ёшингизга етай...
Чол йиғлаб юборди. Кўзи тўла ёш билан: «Бола-чақангнинг роҳатини кўр, мартабанг бундан ҳам улуғ бўлсин», деб дуо килди.
Таваккалнинг 6у одатини мен ҳам билардим. Бечораҳол одамларнинг амал-тақал қилиб ўтказаётган тўйларида хизмат қилиб, тушган пулларни олиб кетмай тўй эгасига ташлаб кетишидан хабарим бор эди.
Атиги йигирма тўрт соат, яъни бир кеча-кундузда ўзи ҳам, такдири ҳам, қиёфаси ҳам бир- бирига ўхшамаган, «Дунёйи 6о умид» деб чумолидек меҳнат қилса ҳам косаси оқармаган — омади келмай такдирга тан бериб яшаётган бечораларни, иккинчи томонда иши юришиб ўзини йўқотган, дунёни пул ушлаб турипти деб жиндек амали бор одам олдида эмаклаб юришга тайёр пасткашларни ҳам кўрдик.
Шу бир кеча-кундузда, яъни йигирма тўрт соат мобайнида бири шодликка тўла, бири ғам- андуҳга ботган воқеаларнинг шохиди бўлдик.
Қани эди уйда ўтириб, қаламни сўриб, воқеаларни ҳам, одамларни ҳам тўқиб чиқазадиган ёзувчиларимиз юрт кезса, хилма-хил тақдирли кишиларга рўбарў келса, деҳқоннинг далада ҳазон ёқиб қайнатган тутун иси келадиган қумғон чойидан ҳўплаб суҳбат қурса, балки ўзи ҳам енгил тортармиди, ёзганлари ишонарли чиқармиди, деб ўйлайман.
Бир кеча-кундуз. Атиги йигирма тўрт соат.
Соф, ҳар қандай сунъийликни бағрига сиғдирмаган умримнинг унутилмас яхлит бир парчаси, бир кеча-кундуз, сенга таъзимлар қиламан!
Юрган дарё, ўтирган бўйра, дейдилар.
Анвар Эшонов «Колхозлар тарихи институти»дан Қува колхозининг раиси Шербўтаевга хат олиб келган экан. Раис билан учрашиш учун «Бекат»га кетар экан, «Бугун келолмасам хавотир олманглар, эрталаб етиб келаман», деди.
Мусажон Шербўтаев республикада таниқли одам. Унинг колхози илғор хўжаликлар катори қурултойлар-да, пленумларда тилга олинарди. Ўзи ҳам жуда дилбар, суҳбати ширин инсон.
9


Эртасига эрталаб етиб келган Анвар қилган ишларини, раис билан қурган суҳбатларини оқизмай-томизмай айта бошлади.
У икки соатдан ортиқ Шербўтаев билан гаплашиб, уч соат ўтириб ёзганларини раиснинг машинасида Фарғонага — вилоят газетасига олиб борган, редакция машинисткасига икки соатдан ортиқ диктовка қилиб ёздирган.
— Машинистка опа жуда тезкор экан. Мен айтиб турибман, у ёзиб ташлаяпти. Чумоли изига ўхшаган қўлёзмамни эплаб ўқигунимча, ҳа қани, буёғини айтинг, деб кутиб қолади. Икки соатга қолдирмай йигирма бет материални шатирлатиб босиб ташлади. Куни билан хатга тикилган кўзларим жимирлаб кетяпти. Энди қандоқ қилиб Қувага бораман, раисга телефон қилиш қийин. Шаҳарлараро телефон станция орқалигина Қува билан гаплашиш мумкин, деб ўйлаб турганимда, сизни телефонга чақиришяпти, деб қолишди. Бориб трубкани олсам, раис. Машина қачон борсин, деб сўраяпти. Унга машинистка хақини хам бериб юборсангиз яхши бўларди, деб айтдим.
Кўчирилган саҳифаларни редакция котиби пешма-пеш ўқиб, яхши, тиниқ чиқмаган ҳарфларни тузатиб бораётган эди. Ўзим ҳам синчиклаб ўқиб, қайтариқ сўзларни тузатдим.
Биринчи саҳифанинг энг тепасида шундай сўзлар бор:
«Колхозлар тарихи институти» йўлланмаси билан.
«Нурга интилганлар»
Мухаррир хам диққат билан ўқиб чиқди. «Бугунги сонга туширилсин», деб имзо чекди.
Масъул котиб жиндек ғашлик қилгандек бўлди.
— Газета деярли босишга тайёр бўлиб қолган эди-ку.
—Шу сонга берасан. Учинчи саҳифага. «Афанди латифалари»ни олиб ташла. «Лофлар»га
бало борми? Бу бачкана миниатюраларни қайси аҳмоқ ёзган?
Шундай қилиб, мақоланинг ярми бугун «Давоми келгуси сонда» деб босиладиган бўлди.
Босмахонада линотипчилар аллақачон теришни бошлаб юборган эдилар.
Муҳаррир, эртага Йўлдошали газета билан иккала саҳифа учун қалам ҳақини сизга обориб
беради, деб менга раҳматлар айтиб кузатди.
«Бекат»га келиб ёзганларимни раисга ўқиб бердим. Жуда маъкул бўлди.
—Тошкентда раисларнинг икки ойлик малака ошириш курсида ўқиганимизда Отабой
Эшонов деган акаде-мик бизга «Конституция ва фуқаролик ҳуқуқлари» деган мавзуда уч-тўрт марта маъруза қилган эди. Сиз шу одамнинг ўғиллари эмасмисиз, ўхшаб кетяпсиз, — деб сўради.
— Қаттиқ чарчаган эдим, нима деб жавоб берганимни билмайман. Шошиб овқат едиму ётиб ухлаб қолдим. Уйғонсам, тонг отиб, офтоб чарақлаб турибди. Раис йўқ. Қаёққадир кетибди. Иш тиғиз пайт, дала айлангани кетган бўлиши керак. Кўчага чиқиб эрталабки ҳавода айланиб юрган эдим, раис қўлида бир даста бугунги газета билан машинадан тушди. У хурсанд. Газетанинг бутун бир саҳифасини эгаллаган. «Нурга интилганлар»ни кўрсатиб, тагига «давоми келгуси сонда» деб ёзиб қўйипти. Қойил, чапдаст ёзувчи экансиз, деб елкамга қоқиб қўйди.
Девона феъл Анвар ўзини гўлликка солиб, бирга келган дўстларини «куйдириш» учун газетанинг мақола босилган саҳифасини очиб, устига йигирмата ўн сўмликни териб чиқди. Охирига, «Давоми Йўлдошалининг чўнтагида» деб ёзилган қоғозни ҳам қистириб қўйди.
***
Хорунбой Эрматов район котиби. Ўтган йили Қаҳра-монлик унвонига сазовор бўлиб, «Олтин юлдуз» таққан фарғоналикларнинг бири. Ўзи жуда шинаванда одам. Санъат-адабиёт аҳлларини бошига кўтаради. Келганимизни эшитиб Адҳамга, меҳнаткашларимиз билан бир учрашув қилсак, қандоқ бўларкин, деган экан. Эртага ўша ёққа борадиган бўлдик.
Ўлмас билан икковимиз Анваржон етовида катта йўл ёқасидаги ҳовлилардан бир-
10


иккитасини кўргани йўлга чиқдик. Ўлмас ёзмоқчи бўлган қисса иштирокчиларидан иккитасига ҳовли кўришимиз керак. Биз танлайдиган ҳовлилар ўта замонавий ҳам, жуда эскича ҳам бўлмаслиги керак. Худди шу кунларнинг одамлари яшайдиган оддий, лекин бир қараганда ҳовли эгасининг кимлигини «айтиб» турадиган покиза, файзли, рўзғор буюмлари ҳам ортиқча зийнатли бўлмасин. Тўғри, бунақасини дарров тополмайсан. Кам-кўстлари ҳам бўлади. Халқда «Қозончида ихтиёр — қайдин қулоқ чиқарса» деган нақл бор, қолган-қутганини ёзувчининг ўзи қўшиб-чатиб олади.
Биринчи кирган ҳовлимиз жуда ивирсиқ, ҳар ер-ҳар ерда гўнг уюлиб ётибди. Ўн бештача товуқ уларни тинмай титкилаб, ҳаммаёққа сочиб ташлаган.
Иккинчи ҳовли аввалгисидан ҳам баттар. Икки азамат йигит ҳамма нарсани унутиб шахмат суришяпти. Шундоқ ёнгиналарида кир юваётган хотин ариққа мағзава тўкар экан:
—Камиссиямисизлар? — деб сўради. — Газ йўқ, раисларникида бор, бизникида йўқ. У липпа урилган этагини ҳам туширмай, «Шуни дафтарга ёзиб қўйинглар», деди. Чиқиб кетдик. Хотин орқамиздан жавраганча қолди.
— Бошқалари ҳам шунақамикан? — деди Ўлмас Анваржонга қараб.
— Йўғ-е, — деди у, — жуда покиза, файзли ҳовлилар ҳам кўп. Қани, кўраверайлик-чи.
Кетма-кет саккизта ҳовли кўрдик, газчилар план қилгани келишган деб ўйлаб, хотин-халаж орқамиздан эргашиб юрибди.
Кўрганларимиздан иккитаси худди биз қидирган ҳовли
эди. У саранжом-саришта, файзлигина, озода эди. Узум новдалари баланд валишга чиройли қилиб таралган. Ғўра тугиб қолган «пошшойи» ўриги шохида иккита бедана қовоқ илиб қўйилган. Устига тўқ яшил мато ёпилган қафас титраётгандек қимирлаб турипти. Ундан ҳар замонда бедана чўқиб ташлаган тариқ тўкилади. Шифер томда қўлбола антенна. Шифтига ҳафсала билан нақш чекилган айвонда, устига бахмал ёпиб қўйилган, қўлда ҳам, оёқда ҳам, электр қувватида ҳам ишлатса бўладиган тикув машинаси. Ҳовли ўртасидаги сўрида офтобда кўпчисин, деб оҳорли атлас кўрпанинг астар томони ёйиб қўйилган.
— Гулчеҳранинг ҳовлиси, — деди Ўлмас ўзидан-ўзи.
Гулчеҳра ким, деб ҳеч ким сўрамади. Шу топда Ўлмас ўзи хаёлан яратаётган қисса иштирокчисини тасаввур қилаётганини сезиб турардик.
Ўлмаснинг чеҳраси ёришди. «Пошшойи» шохига илиб қўйилган тўрқовоқ тагига қўлини тутди. Кафтига бир-икки томчи сув тушди.
Иккита ҳовлидан кейин яна битта шунақа файзли, озода, саранжом-саришта ҳовлига кирдик. Ошхона деворида қуённи қувлаб кетаётган бўри сувратига кўзимиз тушди. Суврат тагига «Ну, погоди!» деб ёзиб қўйилган, ҳовли этагида пуштасига саримсоқ пиёз қадалган кулупнай ариғига галифе шим кийган ўрта яшар бир киши сув очяпти.
Чилонжийда тагида дўнг пешонасидан осилиб тушган қуюқ, узун толалар кўзларини бутунлай тўсиб қўйган оппоқ бир кучук бола ёнига яқин келган мусичага ғашлик қилиб акиллаяпти. Кичикроқ олхўри крқисидек қоп-қора тумшуғи бўлмаса уни бир ҳовуч пахта деб ўйлаш мумкин эди.
У олд оёқлари билан каттакон елим халтани босиб қўриқлаяпти. Халтада қўл насоси, тўрт бешта ёнғоқ, юрмай қолган эски ёнсоат, велосипед қўнғироғи, милтиқдан чиқазиб ташланган гилзалар, шоколад зар қоғозлари, ичига нўхат солинган тунука ҳуштак ҳамда бир синиқ кўзойнак бор.
У ёнидан ким ўтса қўриқлаётган «хазина»сини қизға-ниб ириллайди. Бизни кўриб жон- жаҳди билан акиллади. Ўз овозидан ўзи чўчиб елим халтани тишлаб судраганча уй орқасига ўтиб кетди. Гўё бир ҳовуч оппоқ жунни шамол учириб кетгандек бўлди.
Қулупнайга сув очган киши лой бўлиб кетган калишини ечиб ариқда оёғини ювар экан, ҳовли ўртасида тўнтарилиб ётган бир пой шиппагига қаради.
— Ҳа, ярамас, — деди у ҳадиксираб турган кучукчага. — Шундан бошқа эрмагинг йўқми?
11


Ҳали караб тур...
— Бу Абдулланинг тоғаси, — деди Улмас пичирлаб. Офтобрў томондаги кенг айвон
шифтида худди бояги айвон шифтига чекилган нақш. Икковини ҳам битта наққош чеккан бўлса керак, деб ўйладик. Айвон ўртасидаги каттакон стол устида орқа қопқоғи очилган «Рекорд» телевизори. Афтидан, уста керакли лампочка топиб келиш учун ҳозиргина чиқиб кетганга ўхшарди.
Абдулланинг «тоға»си ювилган оёғининг биттасида шиппак билан сакраб-сакраб, тўнтарилиб ётган бир пой шиппак тепасига келди. Энгашиб, қийналиб оёғига илар экан, муюлишда унга гуноҳкорона қараб турган кучукчага «сен» ярамасни лўлининг лайчасига уйлаб қўйганим бўлсин, ана ўшанда «келин»нинг орқасида хуржунини тишингда кўтариб, лўкиллаб юрганингни томоша қиламан дея кулди.
Кучукча асабий бир алпозда югуриб бориб бир оёғини кўтарганча тизиллатиб девор тагини ҳўллаб, хотиржам қайтиб келди.
Ҳовлидан чиқиб кетарканмиз, кучукча орқамиздан остонагача акиллаб келди. Анваржон унга таҳдид қилиб, икки марта депсиниб ер тепинган эди, вангиллаб қочиб қолди.
— Бўлди, — деди Ўлмас, — менинг ишим битди. Қолгани «қозончининг қўлида». Эрталабдан бери ўзимни лоҳас сезяпман. Бутун вужудим қақшаб оғрияпти.
— Ўлмас, — дедим зорланиб. — Машинани минолмайдиганга ўхшайман. Энди то Тошкентга
етгунимизча машина сеники.
Ётоқ жойимизга келганимизда Анваржон медпункт навбатчиси, фельдшер чолни бошлаб
келди. У ёқ-бу ёғимни текшириб, юрагим уришини эшитиб, ҳароратимни ўлчаб кўрди.
— Иситмангиз анча баланд, тинчроқ жойда ётиб, укол олиб, бир кунгина даволансангиз отдек бўлиб кетасиз, —деди кекса фельдшер, у айтган «тинчроқ жой» атлас комбинатининг
сиҳатгоҳи эди.
Ўша ерда ётибман. Иситмам тушган. Лекин кўзимни уйқу босиб, ўрнимдан турсам
гандираклаб кетяпман.
— Чарчабсиз, қаттиқ чарчабсиз, оқсоқол. Тўйиб бир ухласангиз, дард кўрмагандек бўлиб
кетасиз, — деди даволовчи шифокор.
Қанча ухлаганимни билмайман. Кўзимни очсам, тепамда Умарали турипти.
—Бунақа килиғингиз йўқ эди-ку, — деди Умарали юпатувчи қандайдир бир оҳангда.
Очиқ кўнгил, бировга тирноқча ҳам озор бермайдиган, оғзидан бирон ножўя сўз чиқмаган,
ўта одобли, маданиятли бу олим йигитни қаттиқ ҳурмат қилардим. Ёзганларимнинг биринчи ўқувчиси, биринчи баҳоловчиси ҳам шу эди. Агар бирон асарим китобхон оғзига тушса, илиқ- иссиқ гаплар бўлса мендан олдин у севиниб кетарди.
Уни кўриб чеҳрам ёришгандек бўлди. «Одам тафтини одам олади» деганлари шу бўлса керак-да.
Водий сафарларимизда у албатта бирга бўларди. Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов хизмат тақозоси билан бу галги сафарга чиқолмадилар. Умарали эса университетнинг сиртқи талабаларидан имтиҳон оляпти.
—Сизлар кетдингизлару мен бечора етим боладек мунғайиб қолавердим. Сиртқи талабаларимга, ҳордиқ куни ҳам имтиҳон олмоқчиман деганимда севиниб кетишди. Тошкентда бир кун бекор юришдан қутулдилар. Водиллик талабамнинг «Жигули»сига ўтириб баққа келавердим.
Умаралининг қизиқ одатлари бўларди. Ювуқсиз, иркит одам билан кўришиб қолса, меҳмонхонага югуриб бориб чўмилиб келарди. Ўпишиб кўришадиганлардан қочиб юрарди. Тирноғи ўсиб кетган одам чой узатса олмасди. Пешонаси-бўйни терлаб, ҳадеб дастрўмолини шилта қилиб ўтирадиган одам ёнидан туриб ҳовлига чиқиб кетар, қайтишда бошқа одам ёнига келиб ўтирарди.
—Сизни менга худо етқазди. Эртага Қува марказида Ўлмаснинг «Севгим — севгилим»
12


қиссаси муҳокамаси бўлади. Мен бу аҳволдаман. Муҳокамани ўзингиз ўтқазиб берасиз, — дедим унга ялингандек. Индинга Хорунбой ака ёзувчи меҳмонларни бедана овига олиб чиқмоқчи. Тоза ҳавода маза қилиб, бир айланиб келасиз.
Биламан. Умарали бедана овига бормайди. Ўқ еб типирчилаб жон бераётган беданаларни кўришга юраги дош беролмайди.
У болалик пайтларида уйда қўй сўймоқчи бўлсалар, уни қариндошлариникига жўнатиб юборардилар. Кўрса мутлақо гўшт емай қўяди, деб шундай қилардилар. То у келгунча терисию калла-почасигача кўз тушмайдиган жойга яшириб қўярдилар.
Шунақа инжик одамларнинг хотинига осон тутиб бўлмайди. Кунига неча марталаб дастрўмолу кийим-бош алмаштирадиганларнинг хотини кир ювишдан бўшамайди. Унинг хотинидан, келин, тирикчилик қалай, деб сўрайман.
—Дорилфунунга қўшнилигимиз ҳам бошимизга бало бўлди. Ликка-ликка кириб келаверадилар. Битта бефаҳм мен билан қучоқлашиб кўришди, деб чўмилиб кийим алмаштириб чиқиб кетадилар, сал вақт ўтмай, қўли терлайдиган биттаси кўришиб кафтимни жиққа шилта қилиб юборди, деб яна ювингани келадилар. Дорилфунундан оладиган маошлари фақат совунга етади. Газета-журналлардан, радиодан, телевизорлардан оладиган қалам ҳақларини нон пули қилиб ўтирибман.
Келин тагдор гапни тушунадиган бешариқликлардан эди.
Умарали билан анча гаплашиб ўтирдик. Руҳим енгил тортгандек бўлди. У эртага албатта «Севгим — севгилим» учрашувини ўзи ўтқазишга сўз бериб чиқиб кетди.
Бош шифокор ҳам гапни топиб-топиб гапирадиган серҳазил киши экан.
— Жуда эрка касал чиқиб қолдингиз. Серқалампир аччиқ шўрва ичиб, ўралиб ётса тузалиб кетадиган нарсаку, бу. Бугун ётиб бир ухланг, эртага ҳайдаласиз. Кўряпсизми, сиздан бошқа битта ҳам «бемор» йўқ. Бир ўзингизга қозон-чўмич, идиш-товоқ қилиб шунча одамни овора қилиб ўтирибмиз.
Дарҳақиқат, бу шифохонада мендан бошқа битта ҳам даволанувчи йўқ эди. Билишимча, ҳамширалар, фельдшерлар, шифокорлар ёрдамчи хўжаликка у-бу экиш, экилганларининг тагини чопиш, суғориш учун боришлари керак. Мени ташлаб кетишолмаяпти. Инсоф ҳам керак, дедим ўзимга ўзим.
Эрталаб соат ўн бирларда бош шифокорнинг ўзи мени «тез ёрдам» машинасида учрашув бўлаётган жойга олиб борди. Машинага жавоб бериб юборди-да, ўзи қолди.
—Мана, эрка касалларингни олиб келдим. Отнинг белига мушт урса умуртқасини синдирадиган одам ўзини касалга солиб ўтирипти-я?
Учрашув энди бошланаман деб турган экан.
Ажаб, учрашув қатнашчилари асосан хотин-қизлар эди. Онда-сонда ўғил болалар ҳам кўриниб қоларди. Учрашувда негадир эркак муаллимлар кам эди. Адабиёт муаллималарининг ҳаммаси шу ерда.
Умарали меҳмон ёзувчиларни бир-бир таништириб, учрашувни бошлади. Маслаҳат билан учрашув савол-жавоб йўсинида ўтадиган бўлди.
Кўринишидан шаддодлиги билиниб турган бир қиз ўрнидан турди. У оғзидаги қоплама тилла тишни яқинда қўйдирган бўлса керак, бўлар-бўлмасга оғзини катта очиб куларди. Кулиб бўлгандан кейин ҳам оғзи очиқлигича қоларди. Унинг офтоб уриб қорайган юзи, шамолда ёрилиб, қалинлашиб кетган лаблари орасида тилла тиши чақнаётганга ўхшарди.
—Ҳурматли Ўлмас акамиз битта саволимга жавоб берсалар... — У қўлидаги «Севгим — севгилим» китобини баланд кўтариб кўрсатди. — Бу китобни эшикдаги аячамиз ўқиганларми?
Ўлмас, ҳа, ўқиган, деб жавоб қилди.
— Ҳеч нарса демадиларми?
— Китоб менга ёкди, табриклайман, деди. Савол берган қиз ёқасини ушлади. — Ё тавба! Индамадиларми, а?
13