— Санобар опа... Санобар Қодировна, — деди шошиб Гулчеҳра.
— Шундай денг? — Ҳа.
— Сиз уларнинг кими бўласиз? — стюардесса қиз яна Гулчеҳрага тикилди.
— Таниши бўламан, бирга ўқиймиз. Қўқондан келдим. Уйдами у киши?
— Э, конкурсда ғолиб чиққан меъмор сиз бўласизми? — унинг саволини эшитмай сўради
стюардесса қиз. —Ҳа.
— Санобар опам сизни кўп гапирардилар. Буни қаранг, мен сизни ҳеч кўрмаган эканман. Мен ҳам институтга кириб, меъмор бўлмоқчиман. Яхши уйларни бирам яхши кўраманки, сира кетолмай қоламан. Академик Сагдуллаевни танийсизми?
Гулчеҳра «йўқ» дея бошини қимирлатди.
— Шуларнинг уйида бир-икки марта бўлганман, — гапида давом этди стюардесса қиз. — Бирам ажойиб! Икки этажли. Биринчи этажида зал, кухня, столовая. Иккинчи этажда спальня, шундай ёнида катта ванная.., бирам яхши!.. Кирсанг, кетгинг келмай қолади. Танишайлик, Зара. Ҳозирча аэрофлотда ишлайман. Москва маршрутида.
Қиз сабрсизлик билан уни эшитиб турган Гулчеҳрага самимий равишда қўлини узатди. Гулчеҳра омонатгина унинг қўлини ушлади-да, сўради:
— Айтмадингиз, Санобар опа қаерда?
— Ҳа, уларми? — ҳафсаласизлик билан деди қиз. — Улар кетишган. Иссиқкўлга. Ҳаммалари кетишган.
— Анча бўлдими?
— Ҳа. Ўн кунларда қайтиб келишади. Улар жуда керакмиди?
Гулчеҳра жавоб бермади, бўшашганича эгилиб, чамадонига қўл узатди.
— Вой, турадиган жойингиз йўқми? Бизникида тура қолинг? — қиз унга меҳрибонлик билан
гапирди. — Мен бир ўзим яшайман. Улар қайтгунча туринг.
— Раҳмат, — Гулчеҳра пастга туша бошлади. Унинг бирдан ўзгариб қолганини қиз кўриб,
таклиф қилди:
— Мазангиз йўққа ўхшайди. Жуда бўлмаса бир оз бизникида дам олинг.
Гулчеҳра уни эшитмади. Қиз кўчагача у билан бирга чикди.
— Борадиган жойингиз борми?
Гулчеҳра «ҳа» дея бошини қимирлатди. Шу пайт уларнинг рўпарасига бўм-бўш автобус
келиб тўхтади.
— Менинг автобусим. Олиб бориб қўяйми?
— Раҳмат, ўзим, — деди Гулчеҳра унга миннатдорлик билан жилмайишга ҳаракат қилиб. Қиз «лип» этиб автобусга чиқди. Шофёр газ берди.
— Жойингиз бўлмаса, келинг! — қичқирди қиз автобус деразасидан бошини чиқариб. —
Кечқурун қайтаман!
Гулчеҳра унга қўл силкиди-да, автобус узоқлашгач, чамадони устига оғир ўтирди. Қаёққа
боради энди у? Институтга кеч бўлиб қолди. Биронта ўртоғиникига чамадон билан кириб бориши яхши эмас. Одатдагидек, Абстутайникига боради-да. Тошкентга биринчи йили келганида синфдоши Қосимжон уни шу кампирникига жойлаштириб қўйган эди. Унинг набираси Қосимжон билан бирга ўқирди. «Меҳмонхона қилиб юрасанми? — деди Қосимжон ўшанда. — Менинг ўрнимда тур, мен ётоққа ўтдим». Гулчеҳра ҳам меҳмонхонада ёлғиз туришни эп кўрмай, унинг таклифини қабул қилди.
Абстутай Лабзакда турарди. Каттагина ҳовли. Бир неча хона. Илгари ўғли билан турар экан. Ўғли хотини билан Бухоро — Урал газ магистрали қурилишига кетиб, эндиликда кампир набираси билан ёлғиз қолибди. У Гулчеҳрани жуда яхши қабул қилди. Кейинчалик Гулчеҳра,
99


институт жой берса ҳам бормай, шу қувноқ, меҳмондўст кампирникида турадиган бўлди.
Бўш такси кўринди. Гулчеҳра уни тўхтатди. Оқшом тушганда у Абстутайникига кириб борди. Кампир ҳовлининг ўртасидан ўтган ариқ лабидаги сўрида кўрпа қавиб ўтирарди.
Гулчеҳрани кўрди-ю, худди ёш аёлдек сакраб ўрнидан турди:
— Вой, айланайин, вой, ўргилайин! Бор экансиз-ку? Опоқ қизим, момиқ қизим!
Гулчеҳра ўзини унинг бағрига ташлади.
— Яхши юрибсизми, Абстутай? Тинчмисиз?
— Менга нима қиларди, қизим. Отдекман. Фақат ҳар доимгидек ёлғизман. Зубайда ҳам
кетди. Ўтир, қизим, ўтир. Мен ҳозир чой дамлайман.
— Қаёққа кетди Зубайда?
— Практикага. Қосимжон иккалови кетди. Ўтир, қизим. Мен ҳозир.
Абстутай ўчоқ бошига пилдираб кетди. Гулчеҳра Қосимжоннинг Тошкентдамаслигидан
ичида ҳурсанд бўлиб қўйди. У ҳеч кимнинг Тошкентга келишдан кўзлаган асл мақсадини сезиб қолишларини истамасди. Сезишса, тамом, Мингбулоққа қайтиб боролмайди, отасининг юзига қаролмайди.
Кампир дарров чой дамлаб келди.
— Анчага келдингми?
Гулчеҳра нима дейишини билмади. Чиндан ҳам у қанчага келди ўзи? Буни фақат шифокор
биларди.
— Ишим битгунча тураман. Бир ҳафтами, икки ҳафта.
— Яхши, яхши. Унгача Зубайда ҳам келиб қолади. Энди бундай. Сен чой ичиб ўтир. Мен
дарров парамач қилиб келаман. Янги гўштим бор.
Гулчеҳра қўймаганига қарамай, кампир бир пиёла чойни апил-тапил ичди-да, ўрнидан
турди.
Ўша куни улар алламаҳалгача гаплашиб ётишди. Ўз дарди билан ёлғиз қолганлигиданми, ё
Абстутайнинг онаси каби унга кўрсатган меҳрибонлигиданми, Гулчеҳра бўшашиб, ёрилди, дилидаги борини айтиб берди. Абстутай уни бағрига босиб юпатди, кўнглини кўтарди. Кейин бундай воқеаларни кўрган-билган аёл сифатида яхши маслаҳат берди.
— София деган шифокор туғишганим бор. Эртага шунга бориб келаман. Сен тинч бўл. Дунёда чорасиз иш йўқ. Чораси топилади. Бўлди, йиғлама. Сен ўз ишингни битир. Бу ишни менга қўйиб бер.
Абстутайнинг бу ишонч билан айтган гаплари Гулчеҳрани анча овутди. Бир неча кунги уйқусизликдан сўнг биринчи марта тинч ухлади.
Эрталаб нонуштадан сўнг Абстутай врачга, Гулчеҳра эса институтга кетди.
— У ярамас йигитни энди ўйлама, — деди кампир уни кузатаётиб. — Одам эмас у. Одам бўлса сени ташлаб қўймасди. Ўйлама.
Гулчеҳра ваъда берди. Лекин ўйламай тура олармиди? «Абдулла, Абдулла... Наҳотки шунчалик тошбағир бўлсанг?! Сенга ишонган эдим, сенга ҳаётимни бағишламоқчи эдим!.. Жавоб бер! Нега жимсан!»
Гулчеҳра ичдан қалқиб келаётган йиғини тўхтатишга қанча уринмасин, ёш барибир кўзларидан қуюлиб борарди, лекин буни ўзи сезмасди. Трамвай тўхташ жойида кимдир тирсагидан ушлади.
— Нима бўлди, қизим? Нега йиғлаяпсиз? Гулчеҳра бошини кўтарди. Рўпарасида нуроний бир мўйсафид унга дардли тикилиб турарди. — Биров ҳафа қилдими?
— Йўқ, — деди Гулчеҳра ва уялганидан қизариб кетди.
— Дадил бўлинг, — деди мўйсафид. — Йиғи ҳеч маҳал одамга ёрдам берган эмас. Қанча совуққонлик қилсангиз, шунча ютасиз. Асаб, йиғи ожизларнинг удуми.
Трамвай келди. Гулчеҳра мўйсафидга нима деб жавоб қилишини билмай, ўзини трамвайга
100


отди. Институтда уни ректорнинг ўзи қабул қилди.
— Келинг, келинг! — деди у Гулчеҳранинг қаршисига юриб. — Биз эса телеграммангизни
кутиб ётибмиз! Қаерга жойлашдингиз?
— Танишимизникига, — Гулчеҳра ректор кўрсатган креслога ўтирди.
— Олис эмасми?
— Йўқ, шундай Лабзакда.
— Ҳа, яхши экан. Истасангиз, меҳмонхонадан жой олиб берамиз!
— Йўқ, раҳмат. Жойим яхши. Тошкентга келганимда доим шу ерга тушаман.
— Ундай бўлса, яхши. Гулчеҳрахон, аввало сизни мукофот билан табриклайман. Ишингиз
ҳаммамизга маъқул бўлди. Албатта камчиликлардан ҳам холи эмас. Масалан, сиз кафенинг Тошкентда қурилишини яхши ўйламагансиз. Ерни иқтисод қилиш, ҳозир муҳим масалалардан бири. Кейин, ички ҳашамга доир баъзи бир жузъий камчиликлар бор. Умуман, ишингиз яхши. Ихчам, содда, оригинал. Қурувчилар кафени меҳмонхона билан бирга қуришни таклиф қилишяпти. Бу деган сўз, кафе йилнинг охиригача битади. Бориб кўрасизми?
— Яхши бўларди.
— Бўпти. Мен ўзим олиб бораман.
Ректор столи бурчагидаги тугмачани босди. Хонага котиба кирди.
— Индинга, соат ўн иккида мажлис. Танлов ғолибига мукофот топширилади.
Котиба «хўп» деб чиқиб кетди.
— Турдик бўлмаса.
Гулчеҳра бундай бўлади деб сира кутмаган эди. Ректор билан ёнма-ён ўтириб машинада
борар экан, севинчи ичига сиғмас, боягина юрагини эзиб турган ташвишларини унутган эди. Ярим соат ўтар-ўтмас улар студентлар шаҳарчасига кириб боришди. Бу ерда қурилиш кескин суръатда олиб борилмокда эди. Қаёққа қараманг, кўтарма кранлар, юк машиналари... Терак бўйи келадиган иморатларнинг баъзилари битган, баъзилари сувалмокда, баъзиларига энди пойдевор қурилмоқда эди.
— Қаранг, — деди ректор ғурур билан. — Икки-уч йил ичида бу ер катта шаҳарга айланади, ёшлик каби гўзал бўлади! Бунда сизнинг ҳам ҳиссангиз бор. Фахрлансангиз арзийди. Кўп биноларнинг лойиҳаларини ёшларнинг ўзи ижод қилишган. Ана, қаранг, анави бино ёшларнинг маданият саройи. Унинг проектини бир йигит тузган. Яхшими?
— Жуда ҳам! — Гулчеҳра ҳавас билан ректор кўрсатган бинога қаради.
— Манави эса «Ёшлик» меҳмонхонаси. Келдик. Машина тўхтади. Ректор тушиб, Гулчеҳрага қўлини узатди.
— Битиб қолибди-ку? — деди Гулчеҳра беш қаватли бинога тикилиб.
— Ҳали иши кўп. Лекин йилнинг охиригача битказамиз.
Улар бинони айланиб ўтиб, кенг қурилиш майдонига чиқишди. Бир чол ректорнинг
қаршисига юрди.
— Салом алайкум, Сулаймон ота! — ректор у билан қуюқ кўришди. — Аҳволлар яхшими?
Мана шу ерга тушадиган иморатнинг устасини олиб келдим.
— Жуда яхши, жуда яхши! — деди чол Гулчеҳрага бошдан-оёқ қараб чиқиб. — Меъмор
денг?
— Худди шундай! — деди ректор кулиб. Гулчеҳра уялинқираб бошини эгди. — Қизлардан ҳам меъмор чиқар экан-да?
— Чиққанда қандоқ! Қани, ота, кўрсатинг хўжалигингизни! — Юринг!
Ректор Гулчеҳранинг тирсагидан ушлаб йўл бошлади.
Кечқурун Гулчеҳра ҳаммаёғи чанг, чарчаб келганда, Абстутай севинчига севинч қўшди:
— Келгуси ҳафтанинг бошида борамиз. Ҳаммаси жойида бўлади, қизим. София ваъда берди.
101


Тинч бўлсин, деди.
Гулчеҳра Абстугайни маҳкам қучокдаб, юз-кўзидан ўпди.
— Бўлди-бўлди, қизим, белимни синдирасан! Шундай деб Абстутай ҳам уни бағрига босди.
Мукофот топшириладиган куни институтнинг мажлислар зали одамга лиқ тўлди. Анча-мунча гаплар бўлди. Жюри раиси уни табриклаб, мукофотни топширди. Кейин ректор гапирди:
— Танловда бизнинг студентимиз ғолиб чиққанидан мен ниҳоятда ҳурсандман, — деди у. — Лекин Гулчеҳрага айтадиган бир-иккита гапим бор. Истеъдодсиз ижодкор бўлиш қийин. Буни ҳамма билади. Аммо меҳнат, билим, ғайрат каби қатор компонентлар борки, буларсиз ижодни тасаввур қилиб бўлмайди. Шуларнинг ҳаммаси Гулчеҳрада бор. Унга янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз...
Гулчеҳра институтдан боши гангиб чикди. У чексиз шод эди. Ажаб эмас, янги Мингбулоқ лойиҳаси ҳам шундай муваффақиятли ўтса? Албатта уларга кўрсатади, уларнинг маслаҳатини олади. Диплом ишим шу деб, яна икки йил кутиб ўтирадими?!
— Мукофотни ювсак бўларди! — деди кимдир орқадан.
Гулчеҳра тўхтаб ўгирилди. Бир гуруҳ йигит-қиз уни ўраб олди.
— Табриклаймиз! Табриклаймиз!
— Раҳмат! — Гулчеҳра ҳаммага қўл бериб миннатдорчилик билдирди. — Мен тайёрман.
Ҳозир ҳам ювишимиз мумкин.
— Бўпти! «Баҳор»га кетдик! — қичқирди кимдир.
— Йўқ, йўқ! — уни бўлди бир қиз: — Кафе битсин, шунда Гулчеҳра опам яхшилаб зиёфат
берадилар.
— Бўпти! — деди Гулчеҳра кулиб. — Албатта шундай қиламиз.
Ёшлар хайрлашиб кетишди. Гулчеҳра, уйга боришга ҳали эрта деб, Ўрда томон юрди.
Дарвоқе, мукофотини нима қилади? У беихтиёр сумкасини очиб, пулли конвертни ушлаб кўрди. Анча. Уйга, дадасига жўнатсинми? Ё совға олсинми? Шу иккинчи фикр унга маъқул тушди.
Ўша куни ҳам, эртасига ҳам магазинма-магазин юриб, отаси, аяси, укаси, ҳамма таниш- билишларига совға олди. Ҳатто Абстутай ҳам четда қолмади. Унга бир кийимлик ҳаво ранг шерсть мато олди. Кампирнинг боши осмонга етди, кўз ёши қилди, дуо қилди. Аммо Гулчеҳра ўзига ҳеч нарса ололмади. Унинг ҳамма нарсаси бор эди. Шундай бўлса ҳам, аёл киши молга ўч бўлади, нималарнидир қидирди. Баъзилари ёқмади, баъзи нарсаларни тополмади. У анчадан бери ҳинд шиппагини орзу қиларди, тополмади. Универмагдаги пойафзал сотувчи қиз, икки кундан кейин келинг, чех шиппаклари савдога чиқади, ҳиндчадан қолишмайди, деди. Гулчеҳра албатта келишини айтди.
Ҳамма ишларидан кўнгли тўқ бўлганидан икки кун кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Гулчеҳра икки-уч марта талабалар шаҳарчасига борди. Қоровул чол уни яхши кўриб қолиб, шаҳарни кўрсатди, боғига олиб борди. Боғи шундай шаҳарчага туташ экан. Қовун полизга олиб кириб, ҳандалак сўйиб берди. Охирги борганида Гулчеҳра меҳмонхонанинг бешинчи қаватига кўтарилди.
— Эҳтиёт бўл, болам! — огоҳлантирди пастдан Сулаймон ота. — Битмаган иморатга чиқиш хавфли!
Гулчеҳра қулоқ солмади. Ҳали панжараси ўрнатилмаган болохонага чиқиб, атрофни томоша қилди. Бу ердан шаҳар кўм-кўк ўрмон ичига яширингандек кўринарди. Катта-катта дарахтлар остидан фақат уйларнинг оқ, қизил томларигина кўзга ташланарди. Олисда тоғ. Кўкка бўй чўзган, чўққилари кумушдек оппоқ тоғ... Ғир-ғир шабада эсади, сочларини тарайди, юз-кўзини силайди...
Гулчеҳра шу ерда туриб, янги бир нарсани ўйлаб қолди. Кафенинг устини очиқ айвон қилса яхши бўлмайдими? Бунинг ҳеч қийинчилиги йўқ. Томи барибир бетондан қилинади. Қийинчилиги йўқ. Ҳа, шундай қилиш керак. Эртагаёқ таклиф қилади, лойиҳани ўзгартиради.
102


Нега илгари шу фикр ҳаёлига келмади экан?
У пастга тушди.
— Қалай? Яхшими? — сўради Сулаймон ота.
— Нимасини айтасиз! Ҳавоси жуда ҳам яхши.
— Э, жаннат, болам, жаннат, — деди ғурур билан
Сулаймон ота. — Уйим бузилса ҳам, шунинг учун бу ердан кетмаяпманда. Шаҳар битсин,
жуда алламбало жой бўлиб кетади...
Гулчеҳра йўлга тушди. Ҳадрага келганда универмагга бориш эсига келиб қолди. Шу
трамвайнинг ўзидаёқ ўқувчилар саройигача келди.
Сотувчи қиз алдамаган экан. Уни кўриши билан чақирди.
— Мана, кийиб кўринг.
Гулчеҳра шиппакни олиб, пештахта ёнидаги стулга ўтирди. Шиппак чиройли эди. Оппоқ,
белидан ингичка олтиндек занжир ўтказилган, пошнаси ҳам баланд эмас, юришга осон. Гулчеҳра кийиб кўрди. Яхши келди.
— Раҳмат, шуни оламан, — деди сотувчига. Сотувчи қиз шиппакни ўраб берди. Шу пайт кимдир Гулчеҳрани орқасидан қучоқлади.
— Вой, ким? — ҳайратланиб деди Гулчеҳра.
Аёл кишининг қаҳ-қаҳ кулгиси эшитилди. Гулчеҳра ўгирилди.
— Вой, опоқи, сизмисиз, — Гулчеҳра шундай деди-ю бутун вужуди бўшашиб кетди.
Бу аёл Шаҳодат опа эди.
— Боятдан бери қараб турибман, Гулчеҳрами, бошқами деб. Яхшимисан, омонмисан?
Уйдагилар тинчми? Қачон келдинг?
— Бир ҳафтача бўлди, — деди зўрға овози чиқиб Гулчеҳра. — Институтга чақиришган эди. — Вой, қизи тушмагур! Шунча бўлибди-ю, бундай бизникига кирмайсанми?
— Кирарман! Ўзингиз тинчмисиз? — Гулчеҳра шундай деди-ю, «Худди Абдулланинг ўзи-я!
Қоши ҳам, кўзи ҳам!» — деган фикр ҳаёлидан яшиндек чақилиб ўтди. — Амаким қалайлар?
— Худога шукур. Анча яхши ҳозир. Тўй тараддудидамиз чол-кампир.
— Тўй?!
— Абдуллани уйлантирадиган бўлиб қолдик. Гулчеҳра ялт этиб Шаҳодат опага қаради,
Қаради-ю, «Кимга?» деган савол оғзидан қандай чиқиб кетганини билмай қолди.
— Ўзи билан ўқийди. Жуда яхши қиз.
Гулчеҳра гандираклаб кетди. Бир-икки қадам тисарилиб пештахтага суяниб қолди. Шаҳодат опа буни пайқамади. Атрофга аланглаб, гапида давом этди:
— Бирам ақлли, бирам ақлли, худди отасининг ўзи! Отаси академик Қурбоновда! Эшитганмисан? Шу ёзда тўй бўлади.
— Табрик... табриклайман, — деди ўзини тутиб олиб секин Гулчеҳра. — Бахтли бўлишсин. Бор кучини тўплаб у қаддини ростлади.
— Бахтли бўлишсин.
Шундан кейин у яна нима деганини, қандай қилиб магазиндан чиққанини, қандай қилиб
уйга етиб келганини билмайди.
Оқшом пайти Абстутай унинг хонасига кирганда, Гулчеҳра ҳамма нарсага бефарқ ҳолда
кўзларини шифтга тикиб ётарди.
— Нима бўлди, қизим? — кампир унинг пешанасига қўлини қўйди.
Гулчеҳра индамади.
Шу алфозда у кечгача ётди. Кечқурун эса ўриндан турди. Ойна олдига келиб, сочини
тараган бўлди. Қулоқларининг орқасига, бўйнига атир сепди. Кейин боягина олган оқ туфлисини кийиб, ҳовлига тушди.
— Шу топда қаёққа, қизим? — сўради хавотирланиб Абстутай.
103


— Бир айланиб келаман, бошим оғрияпти, — деди Гулчеҳра, кейин эшик томон юрди.
— Ҳаяллаб қолма бемаҳалда, — қичқирди орқасидан Абстутай.
Гулчеҳра Ўрдагача пиёда келди. «Яхши туфли олибман, — деди муюлишда ҳавас билан
оёқларига қараб. — Юмшоқ, енгил. Ўзи ҳам менга ярашибди».
Трамвай ўтди. У бўм-бўш эди. «Қаёққа борсам экан? — ўйлади Гулчеҳра. — Трамвайга
ўтириб шаҳар айланайми? Тошкентга биринчи марта ўзим келганимда шундай қилган эдим. Яхши бўлади, кўрмаган жойларим кўп ҳали».
У шундай қилди. Янги шаҳар томон кетаётган трамвайга ўтирди. Вагон бўш, ҳатто кондуктор ҳам йўқ эди. Гулчеҳра дераза ёнига ўтириб, кўчага қаради. Турли-туман чироқлар, минг хил реклама чироқларидан кенг кўча худди хонатласдек лов-лов ёниб турарди.
Гулчеҳра анча айланди. Трамвай икки марта шаҳарнинг у бошидан-бу бошига бориб келди. Шаҳар тинч эди. Фақат Гулчеҳранинг остидаги ғилдиракларгина бу тинчликни бузиб турарди. Аммо Гулчеҳра бунга кўникиб қолган эди. Унинг ўзи ҳам тинч эди...
Дзин, дзин!.. Трамвай тўхтади. Гулчеҳра кўзларини деразадан узмай ўтираверди. — Қизим, қаерда тушасиз?
Гулчеҳра бошини кўтарди. Тепасида шоп мўйлов вагон ҳайдовчи турарди.
— Адашиб қолмадингизми?
— Қаерга келдик?
— Талабалар шаҳарчасига.
— Шу ерда тушаман. Гулчеҳра шошиб ўрнидан турди.
— Тавба, — деди ҳайдовчи у тушиб кетгач. — Ғалати одамлар бўлади-я дунёда.
Гулчеҳра тўппа-тўғри «Ёшлик» меҳмонхонасига борди. Бир оз унга қараб турди, кейин
майдонга ўтди. Шу пайт қоровул уйчасидан Сулаймон ота чиқди.
— Ассалому алайкум, ота! — деди Гулчеҳра.
— Кимсан? — қоронғилик ичида уни танимай сўради қоровул чол.
— Мен, мен — Гулчеҳраман, — деди Гулчеҳра чолга яқинлашиб.
— Бемаҳалда нима қилиб юрибсан, қизим?
— Уйда ўтириб зерикдим. Бирпас кўчаларни айландим. Кейин шу ёққа келдим. Кўргим
келди. Қандай бўлар экан? Одамларга ёқармикан?
— Ёқмай-чи, болам! Шаҳардаги энг кўҳлик бино бўлади бу.
— Раҳмат, ота.
— Ҳа, менга ишонавер, — деди чол ғурурланиб... — Сулаймон ота ёлғон гапирмаган.
Роҳатижон жой бўлади бу ер. Ҳамманинг савобига қоласан ҳали.
— Айтганингиз келсин, ота, — деди жилмайиб Гулчеҳра.
У шундай деб ўйланиб қолди. Унинг иккала кўзи қоронғиликни ёриб, баҳайбат қушдек
учишга ҳозирланиб қанотларини ёзган бинода эди. Уники ҳам шундан қолишмайди. Қушдек енгил, гўзал бўлади. Қоровул чолга ҳам шундай туюлди шекилли, фахр билан деди:
— Учаман деб турибди!
Гулчеҳра индамади. Кейин битта-битта юриб, меҳмонхона биноси ичига кириб кетди. Янгитдан чой қўйиш учун ичкарига кирган Сулаймон ота унинг қаёққа кетганини кўрмай қолди. Бир-икки «Гулчеҳра!» деб чақирди, жавоб бўлмади.
— Ишқилиб, умри узоқ бўлсин, — деди Сулаймон ота.
Гулчеҳра бино деворларини пайпаслаб, ҳали тарашланмаган зинадан бешинчи қаватга кўтарилди. Эрталаб чиққан балконига эҳтиётлик билан ўтди.
Кеча сутдек ойдин эди. Узоқ-яқинда қорайиб турган тераклар енгил шабададан оҳиста тебраниб, оғир-лигини бир оёғидан иккинчи оёғига олиб турган паҳлавон соқчиларга ўхшарди.
Олисда телевизион станция минорасининг қизил чироқлари кўринди. «Нима кетаётган экан ҳозир? — ўйлади Гулчеҳра. — Ботир куйлаётганмикин? «Маро бибўс»микан?» У шу қўшиқни
104


яхши кўрарди. Айниқса, Ботир Зокиров айтганида. Қўқонда кимдир айтди, ўхшата олмади. Гулчеҳрага Ботирнинг овозидан кўра, шу қўшиқни айтаётгандаги кайфияти ёқарди. Қўшиқ гўё унинг учунгина яратилгандек, у билан тирикдек туюларди.
Гулчеҳра шундай ўйлар экан, қулоғи остида шу қўшиқ янграётгандек, чироқлар ичидан эса ашулачи унга қараб тургандек, ҳозир фақат унинг учун куйлаётгандек бўлди. Беихтиёр қулоқ солди. Трамвай чинқириб бурила бошладй. Шу заҳоти аспирантлар ётоқхонаси олдида нимадир чирсиллаб ёнди-ю, дарҳол сўнди. Гулчеҳра кафтини юзига тутди, аммо анчагача камалак тус олов яллиғи кўз олдидан кетмади. Трамвай узоқлашиб, яна ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Гулчеҳра кўзларини очиб атрофга қаради. У ҳеч маҳал тунги Тошкентни томоша қилмаган эди. Тўғри, бир марта самолёт кеч учиб, қоронғи тушганда Тошкентга келган эди. Ўшанда, самолёт пастлаётганда, дарчадан шаҳарга қараб ҳайрон қолган эди. Ҳаммаёқ чироқ... худди шахмат тахтасига ўхшайди. Фақат бу тахта оқ-қора эмас, минг хил бўёқда товланади. Ҳозир ҳам тунги Тошкент шундай гўзал эди, одамнинг суқи келарди. Гулчеҳра симириб нафас олди, муздек ҳаво томоғини қитиқлаб ўтди. Яна анча вақт баланд-паст иморатлар орасидаги шўх чироқларга термилиб турди-да, бошини кўтарди. Осмон тўла юлдуз. Ойнинг ним ранг гардиши адашиб пайдо бўлиб қолган бир қулоч булут пардаси орқасига ўтиб, тунни қорайтирди-да, кўп ўтмай мўралаб чиқди. Дарахтларнинг барглари кумушдек ялтираб кстди. Гулчеҳра ойга термилиб, худди у билан сузиб кетаётгандек бўлди. Дарҳол балкондалигини эслади-да, деворни ушламоқчи бўлиб қўлини орқага чўзди ва тисарилди. Аммо орқасида ҳеч нарса йўқ эди. Гулчеҳра осмонга тикилиб деворга ёни билан туриб қолганини унутган эди. «Ота!» — деди у юраги шувиллаб, аммо овози томоғида қолди. Қўлларини ёйганича пастга шўнғиди. «Қушга ўхшайман-а» — Ҳаёлидан ўтди унинг. Кейин ҳушини йўқотди.
XXI
Сулаймон ота эрталаб, ғира-ширада қурилиш майдонини кузатиб келар экан, стандарт бетон плита устида ётган бир аёлни кўриб қолди. Аёлнинг оёқ-қўллари ёйилган, оппоқ кўйлаги белигача кўтарилган эди. Сулаймон ота унинг бу қиёфасини кўриб, жаҳли чиқди, «Аёл бошингга ичиб нима қилардинг?!» деди ичида, кейин ёмон фикр ҳаёлидан ўтиб, шошиб аёлга яқинлашди. Яқинлашди-ю, даҳшат ичида қотиб қолди. Аёлнинг калласи йўқ эди, тўғрироғи, мажақланиб, елкаларига ёпишиб ётарди. Сулаймон ота нимадир деб ўзича ғўддиранди, қўрқа- писа аёлга яна бир марта кўз қирини ташлади-да, кейин орқага тисарилди, уч тўрт қадам босгач, ўзини тутиб олди шекилли, қоровулхона томон жон ҳолатда югуриб кетди.
Кўп ўтмай милиция ходимлари етиб келишди. Сулаймон ота уларни ўша аёл ётган жойга бошлаб борар экан:
— Хотин!.. Бир хотин... ўлик!.. — дерди, бошқа ҳеч нарса гапиролмасди.
Телефонда ҳам шу уч сўздан бошқа ҳеч нарсани айтолмаган эди. Милиция ходимлари кетидан қоқилиб-суқилиб борар экан, кўзлари жиққа ёшга тўлиб, шўр томчилар қалин мўйлови орасидан оғзига тушаётганини, неча йиллардан бери ўқланмай, ўкдони занглаб кетган эски милтиғининг қўндоғи тошдан-тошга тегиб судралиб келаётганини сезмасди. Унинг иккала нам кўзи аёл ётган томонда, бутун ҳаёли ҳозиргина якка ўзи гувоҳ бўлган фожиада эди.
Бетон плита ёнига етиб келишганда, Сулаймон ота беш қадамча нарида тупроққа қоришиб ётган бир пой туфлига кўзи тушди. Югуриб бориб уни олди. Олтин ранг тасмали, оппоқ бу туфли аёлнинг оёғидан тушиб қолган эди. Сулаймон ота беихтиёр ўликка яқинлашиб, туфлини кийгазиб қўйиш учун энгашди. Шу пайт кимдир:
— Қаердан олдингиз? Жойига олиб бориб қўйинг! — деди.
Сулаймон ота ёш боладек чопиб бориб, буйруқни бажарди. Милиция ходимлари ўликнинг атрофини айланиб чиқишди-да, унинг рўпарасида тўхташди. Аммо Сулаймон ота уларга парво
105