билан ёзяпман. Бошимга катта ташвиш тушди. Бу ташвишни ҳеч кимга айтолмайман. Сизга айтишга ҳам уяламан. Шунинг учун ҳам бир ойдан бери сизга хат ёзганим йўқ эди. Энди ёзмасдан иложим йўқ. Сиздан бошқа менинг энди кимим бор? Абдулла, сўнгги учрашувимиздан кейин бир ой ўтгач, менда ўзгариш юз берди. Тушуняпсизми? Бошқача ёзолмайман. Аввал, ҳечқиси йўқ, бир кун аввал, бир кун кейин, деб ўзимни тинчитдим. Иккинчи ойда ҳам шундай бўлди. Мана ҳозир учинчи ой кетяпти. Тахминим тўғри чиққанга ўхшайди. Нима қилишимни билмайман. Агар учинчи ой ҳам шундай бўлса, бунга эса бир ҳафта қолди, унда ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Тушундингизми, Абдулла? Биз катта гуноҳ қилиб қўйганга ўхшаймиз. Қишлоқда энди бошимни қандай кўтариб юраман? Сиз ёнимда бўлганингизда ҳам, бошқа гап эди, бунчалик қийналмас эдим. Бирор йўлини қидириб топардик. Врачга мурожаат қилгим келмаяпти. Уяламан. Кейин, бу ерда. Қўқонда дадамни билишади. Бошим қотди. Ҳеч нарса дилимга сиғмай қолди. Нима қиламиз энди?
Жавобингизни кутиб
Гулчеҳра».
Бу хат Абдуллани эсанкиратиб қўйди. Наҳотки, Гулчеҳра ҳомиладор бўлса? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. У йиғламоқдан бери бўлиб, хатни яна ўқиб чиқди. Ё тавба! Энди шу етишмай турган эди ўзи. Нима бўлади энди? Нима қилади? Абдулла хонанинг у бошидан-бу бошига юрар экан, кўз олдидан бу даҳшатнинг манзаралари бирма-бир ўта бошлади. Мана онаси... У бу хабарни эшитиб, кўзлари ғазабга тўлди. Бошини салмоқлаб тебратар экан:
— Ўғлим, сиздан буни кутмаган эдим. Юзимизни ерга қаратдингиз, — деди.
Мана, отаси. Унинг ранги сўлғин, қариб, қовоқлари осилиб кетди. У ҳеч нарса демади, у демайди. У кечириши мумкин. Мана, бувиси... Йўқ, бу кампир кечирмайди. Унинг қаҳри қаттиқ. У кечирмайди. Обид ака-чи? У ҳам майли. Ундан бир-икки гап эшитади. Лекин Турсунали ака?.. Мана бу даҳшат. У Абдуллани ҳар нарса қилиши мумкин. Унинг бир оғиз гапи, тамом, Абдуллани ер билан яксон қилади. Сайёра-чи? Мана, у бу шум хабарни эшитди. Абдулла энди у билан бўлиши мутлақо мумкин эмас. Келди, хонага кирди. Кўзларида ёш... Йўқ, у йиғламайди. У келади-да, унинг башарасига тупуриб, бир шапалоқ тортади. Шундай қилиши аниқ. Кейин нима бўлади? Йўқ, йўқ! Бундай бўлиши мумкин эмас. Балки Гулчеҳра ваҳима қилаётгандир? Ҳеч гап йўқдир? Кошки энди шундай бўлса! Балки шундай бўлар? Ҳеч маҳал унинг бошидан бундай воқеа ўтган эмас, билмасдан тахмин қилаётгандир? Бошқа бирон касалга чалингандир? Аёлларда нима кўп, касал кўп. Шундай бўлиши керак. Агар шундай бўлмаса, тамом, шармандалик!.. Кейин... кейин у қандай қилиб болалик хотинни уйига олиб киради? Йўқ, йўқ, Гулчеҳра ваҳима қиляпти. У ўзи шунақа, тез ҳурсанд бўлади, тез ҳафа бўлади. Адашган, бошқа бирор касалга йўлиққану, шундай деб гумон қиляпти. Иннайкейин, ўзи ҳам аниқ ёзмаган, гумон қиляпман, деган...
Абдулла шундай ўйлаб, бир оз тинчиди, лекин бу тинчлик вақтинчалик тинчлик эди.
XVIII
Гулчеҳра тошойнадан кўз узмай ўтирарди. Аясига «Ҳозир кийиниб чиқаман», деб ўз хонасига кириб кетганича қайтиб чиқмади. Бурчакдаги бўйи шифтга тегиб турган ойнага тикилди-ю, жойида туриб қодди. Назарида ранги сўнган, кўз остилари билинар-билинмас қорайган эди. Бунинг нимаданлигини у биларди, уйқусизлик, йиғи, турли хил- кўнгилии ғаш қилувчи ўйлар... Аммо лаблари нега мунча қалинлашиб кетди? Бу нимадан? Наҳотки ҳомиладорлик белгиси бўлса? Гулчеҳра шуни ўйлади-ю, чўчиб кетди. Агар шундай бўлса, аяси ҳам сезгандир? У беихтиёр қорнини ушлади. Аммо ҳеч нарса пайқамади. Кўйлагини сидириб орқасига тортди-да, ойнага қаради. Тўлишган кўкраклари ҳам, кичкина қорни ҳам аввалгидек ўзгаришсиз эди. Бундан кўнгли бир оз таскин топган бўлса ҳам, ғашлиги тарқамади. Бўшашиб
92


курсига ўтирди-да, яна ойнага тикилди. Бироқ ойнада у сўлғин юзларини ҳам, қуюқ, чимирилган қошларини ҳам, ҳеч нарсани кўрмасди. Ҳаёли бир нарса билан банд эди. Нима қилиш керак? Нима қилса, бу фалокатдан қутулади? Ўз аҳволи фақат ўзи учун эмас, отаси учун ҳам, бутун қишлоқ учун ҳам катта фалокат бўлиб бораётганига у аллақачон ишонган эди. Ундан қутулиш энди фақат ўзига боғлиқ, ўзининг қўлида. Абдулладан дарак йўқ. Йигирма кундан ошди хат ёзганига, жавоб келмади. Нима бўлдийкин? Ё йўқмикин? Йўқ бўлса хати қайтиб келарди. Йигирма кун ичида йигирма марта почтага борди, охири уялиб, Алишерни юборадиган бўлди. Дараги иўқ. Энди ортиқ кутиб бўлмайди. Буни Гулчеҳра яхши биларди. Аммо нима қилиш кераклигини, кимга мурожаат қилиши кераклигини тасаввур қилолмасди.
— Опа!
Гулчеҳра чўчиб тушди.
Деразадан Алишернинг боши кўринди.
— Чойингиз совуб қолди!
— Ҳозир, — Гулчеҳра ўрнидан турди. — Дадамлар шу ердамилар?
— Кеттила.
— Ҳозир чиқаман, — Гулчеҳра енгил тортиб хўрсинди.
Алишер кетгач, нима кийишини билмай, шифонер олдида туриб қолди. Илгарилар яхши
кўрадиган тор кўйлакларидан кийишга уялиб, Зумрад опа тикиб берган, лекин ҳали ҳеч киймаган хонатлас кўйлагини танлади. Апил-тапил кийиб, ойнага қаради. Кўйлак унга жуда ярашган эди. Ойнада ўз аксини кўрди-ю, қувониб кетди. Назарида кўзларидан сўлғинлик йўқолган, ранги ҳам тоза, ҳеч қандай кўкарган, қорайган жойи йўқ эди, «Ваҳима қилибманми?» — ўйлади у, кейин тилини чиқариб аксини мазах қилган бўлди-да, шошиб ҳовлига тушди.
— Мунча ҳаялладинг? — сўради айвонда ўтирган Зумрад опа.
— Нима кийишимни билмадим, кейин шуни кийдим, — деди кўйлагига ишора қилиб айвонга кўтарилар экан.
— Буюрсин, ярашибди. — Зумрад опа ҳавас билан унга тикилди. — Тўлишибсан-да, бир оз кенгроқ эди, энди яхши.
Гулчеҳра лабини тишлади. «Наҳотки билса?!» — яшин тезлигида ҳаёлидан ўтди. Ҳозиргина чеҳрасини ёритиб турган вақтинчалик шодлик зумда йўқолди. Бўшашибгина аясининг рўпарасига ўтирди.
— Қайдам, — деди кўйлак этакларини тиззаси устига тортар экан.
— Қиз боланинг ҳусни ҳам тилида, ҳам дилида, дейишади, — деди Зумрад опа унга чой узата туриб, — Мен, этида ҳам дейман. Қуруқ суякка кийим ярашармиди?!
Гулчеҳра енгил тортди. Ўзича миннатдорлик билан ер остидан аясига қаради.
— Сиз ҳам тузуксиз, ая.
— Менинг тузуклигим қаёққа борарди, аянгиз... аянгизни жуда кўҳлик аёл эди, дейишади. Гулчеҳра нима дейишини билмай қоди. У сира бу ҳакда ўйламаган, дадаси янги уйланганида
ҳам дилида норозилигига қарамай, аяси билан Зумрад опани таққослаштирмаган эди. Зотан, унга буни кераги ҳам йўқ эди. Зумрад опанинг яхши аёллиги уни ҳурсанд қилган, уни ўз аясидек яхши кўриб қолган эди. Наҳотки марҳумага рашк қилаётган бўлса? Ё дадаси бирон нарса дедимикин? Қариндошлар ҳафа қилдимикин? Ҳарҳолда кейингиси тўғрироқ бўлса керак, рашкдан нима фойда? Гулчеҳра шундай ўйлаб, уни юпатмоқчи бўлди.
— Аямлар чиройли эдилар. Лекин ўзлари буни билмасдилар. Мен ҳам билмасдим. Мен учун улар ая эдилар. Сиз ҳам шундай. Мен учун ҳам, Алишер учун ҳам аясиз.
— Раҳмат.
— Биров бир нарса дедими, ая?
— Йўқ, — Зумрад опа янги чой қуйиб узатди. — Ол. Йўқ, ҳеч ким ҳеч нарса демади. — Бўлмаса, қўйинг, ҳафа бўлманг.
93


— Ҳафа бўлмайман. Энди бутун умрим сизлар билан. Ишқилиб омон бўлинглар.
Гулчеҳра яна нима деб уни юпатишни билмай, ўрнидан турди.
— Тушликка келасанми? — сўради Зумрад опа у ҳовлига тушганда. — Аччиққина шўрва
қилиб тураман. Келгин.
— Келаман, ая! Ҳафа бўлманг, хўпми? Зумрад опа жилмайган бўлиб, унга қаради. Гулчеҳра
кўча эшикка етганда, Зумрад опани нима эзганини тушунди. Эшик олдида деворга суёқлиқ ўймакор оқ панжара билан катта қора мармар тош турарди. Тошга: Саодат Саидова, 1924—1960 деб ёзиб қўйилган эди. Бу ёдгорликларни кўриб Гулчеҳранинг ўзи эзилиб кетди. Унутган эканми, ё ўйламаган эканми, онаси жуда ёш экан. Эндигина ўттиз олтига кирган экан! Нимадир томоғини бўғди. «Ая! Аяжон!» — деб қичқиргиси келди, аммо тишини тишига қўйиб ўзини босди. Ўзи-ку, майли, лекин уйда ёлғиз қолаётган бечора аёлнинг дардига дард қўшиб нима қилади? Юрагидан қуйилиб келаётган йиғисини тўхтатишга интилиб у кўчага отилди. Лекин кўчада ўзини тутиб туролмади, онасининг ўлимига ўз дарди қўшилиб, ёш ўзидан-ўзи қуйилиб кетди. Ким билади, агар у тирик бўлганда, бунчалик эзилмасмиди? Ой сайин, кун сайин яқинлашиб келаётган фалокатнинг олдини олган бўлармиди, у билан дардлашармиди?
Гулчеҳра шуларни ўйлар экан, қандай қилиб почтага бориб қолганини пайқамади. Почтада пул олаётган бир мўйсафиддан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Гулчеҳра у пулини санаб бўлгунча бир чеккада турди. Мўйсафид шошмасдан, ҳафсала билан бармоқларига туфлаб санарди. Ниҳоят ҳисобга етди шекилли:
— Бўлдими? — деб дарчадан почтачи қизга эгилди.
— Ҳа, ота, шу.
— Раҳмат, қизим. Чол эшикка йўл олди.
— Менга эмас, ўғлингизга раҳмат денг, ота, — қичқирди орқасидан почтачи қиз.
— Ўғлим барака топсин. Унга раҳмат, сенга ҳам. Чол яна нималарнидир ғўлдираб чиқиб
кетди, Гулчеҳрани кўрмади.
— Келинг, опа! — почтачи қиз ўрнидан турди. — Хатми?
Гулчеҳра «ҳа» дегандай илтижо билан унга қараб бошини қимирлатди.
— Йўқ, опа. Сизга ҳеч нарса йўқ.
Гулчеҳра бўшашганича дарча тахтасига суяниб қолди.
— Хавотир олманг, опа, — почтачи қиз уни юпатган бўлди. — Тинч бўлсалар керак-да.
— Ишқилиб шундай бўлсин, — сир бой бермай деди Гулчеҳра.
— Шундай бўлса керак. Келиб қолар. Жуда хавотир олаётган бўлсангиз, телеграмма беринг.
Телеграмманинг жавоби тез келади.
— Рост-а! — Гулчеҳра севиниб кетди. Нега илгарироқ шуни ўйламаган экан? — Бланка
беринг .
— Мана, опа.
Гулчеҳра стол ёнига бориб ўтирди. Бугун телеграмма берса, эртагаёқ жавоби келади. Охирги хатни олмаган бўлса керак. Олса, шу пайтгача жавоб бермасмиди?! Олмаган, хат йўқолган. Бунақа воқеалар камми? Ё бўлмаса бошқа манзилга тушиб қолган. Ким билади, ҳозир бировнинг уйида ётгандир балки? Ҳаммасини телеграмма ҳал қилади, эртагаёқ ҳаммаси маълум бўлади.
Гулчеҳра шошиб Абдулланинг манзилини ёзди, кейин, ўйланиб қолди. Хатни олган бўлса- чи? Ахир шу пайтгача олиб юрарди, ҳеч хато бўлмасди. Нега жим бўлмаса? Наҳотки у... наҳотки ундан воз кечган бўлса?!
Гулчеҳранинг бутун вужуди муз бўлиб кетди. Йўқ, йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Бундай бўлмайди! Абдулла уни ташламайди, хат келади, бугун-эрта келади. Шунда бутун ташвишлари унут бўлади!
Гулчеҳра ўрнидан туриб кетди, манзил ёзилган бланкани ғижимлаганича эшикка йўл олди.
94


— Ҳа, опа, ёзмайсизми? — сўради почтачи қиз. Гулчеҳра тўхтади.
— Кейин... балки хат келиб қолар...
У шундай деб эшикка чикди. Ҳа, келади, келиши керак... Лекин эртасига ҳам келмади. Гулчеҳра энди ўз кулфати билан ёлғиз қолганига аниқ ишонди. Бундай пайтларда одам
тинчроқ, холироқ жой қидириб қолади. Ёлғиз бўлгиси келади. Гулчеҳра ёлғизликка ёлғиз эди-ю, лекин холи жойга муҳтож эмас эди. Абдулла ҳар келганида унга шундай жойларни кўрсатардики, туғилиб-ўсган ўз қишлоғида шундай жойлар борлигини ҳаёлига ҳам келтирмас эди.
Гулчеҳра идорада ишлари бўлса ҳам толзор томон йўл олди.
Кўприкка яқинлашганда, рўпарасидан «ГАЗ-69» машинаси чиқиб қолди. Рулда Нурмат ака, ёнида Самад. Раис Гулчеҳрани кўриб, машинани тўхтатди.
— Ҳа, йўл бўлсин?
— Шу ёққа ўтиб келай... — Гулчеҳра ўзини қанчалик сокин тутишга интилмасин, овози қалтираб кетди.
Раис буни сезди шекилли, машинадан тушиб, унинг ёнига келди.
— Тинчликми? Хомуш кўринасан?
Гулчеҳра бош қимирлатди, лекин хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Нурмат ака унинг
йиғисини ўзича тушуниб, қўлини елкасига қўйди:
— Биламан. Сенларга қийин бўлди. Онанг раҳматли яхши одам эди. Лекин нима қилардик,
ўлим ҳар кимнинг бошида бор. Қалай, янги аянг яхшими? Даданг яхши дейди. Ростдан яхшими? Ё ҳафа қиляптими?
— Йўқ, — деди бўғилиб Гулчеҳра, — яхши, худди аямларга ўхшайди.
— Ана! — раис ўзича ҳурсанд бўлиб қўйди. — ёмон одамни уйингга олиб келармидик? Эрта-индин аянг қабрини тузатиб қўямиз. Ригадан тош буюртириб келдик. Кўрдингми?
Гулчеҳра «ҳа» дея бош қимирлатди. Унинг ҳаёли ҳозир мутлақо бошқа нарсада бўлса ҳам, ўз дарди билан овора бўлса ҳам раиснинг гаплари унга ёққан, уни овутгандек эди.
— Даданг сендан жуда ҳурсанд. Мен ҳам ҳурсандман, ўзимиздан ажойиб архитектор чиқиб қолди. Сен энди ишингни ўйла. Баҳорда қурилишни бошлаб юборамиз. Планинг ҳаммаси маъқул. Шундай ишларни қилиб қўйибсан-у, ёш боладек йиғлайсан-а! Қани, менга қарачи?
Гулчеҳра зўраки жилмайиб Нурмат акага қаради.
— Баракалла! Йиғи қаритади, йиғлама. Келишдикми?
Гулчеҳра бошини қимирлатди.
— Гап бундай бўпти!
Раис машинага ўтириб, Самадга нимадир деди. Иккалови кулишди. Нима деганини
Гулчеҳра эшитмади, лекин яхши гаплигини сезди. Машина кўздан ғойиб бўлгунча жойидан қимирламади, кейин битта-битта қадам ташлаб, канал ёқалаб кетди.
XIX
Абдулланинг аҳволи ҳам Гулчеҳраникидан яхши эмас эди. Аммо ичини ит тирнаса ҳам, сиртдан анча тинч кўринарди. Шу вақтинчалик тинчлик таъсирида у дипломини ёқлади. Унинг ишини яхши қабул қилишди. Кафедра мудири — профессор Марков, ҳатто давлат имтиҳонларини топширгандан сўнг институтда кафедра қошида қолишни таклиф этди. Албатта булар Абдуллани чексиз ҳурсанд қилар, орзулари ушалаётганига ишончини оширарди. Лекин кеч кириб, ўз хонасида ёлғиз қолдими, у бутунлай ўзгарарди-қўярди. Шу кунгача эришган ютуқлари тушдек, ўзи эса даҳшатли бир спектаклда роль ўйнаётгандек кўринарди. Ҳаёлида аллақачонлар аниқ тасаввур қилиб қўйган келажак уни ҳурсанд қилмас, аксинча, чўчитарди. Шу чўчиш, ҳамон давом этиб келаётган иккиланиш билан бир ой ўтиб кетди, Гулчеҳранинг хатига у
95


ҳали ҳам жавоб қайтармади. Жавоб қайтариш зарурлигини, Гулчеҳра унинг ҳар бир сўзига мунтазир бўлиб турганини яхши биларди. Лекин нима деб ёзишини билмайди. Бунинг устига, вақт ўтган сари, ўзининг Гулчеҳрага бўлган муҳаббатини ўйлаган сари Сайёрага ҳаваси ортиб борарди. Қандай ажойиб қиз! У билан гаплашиб, гапига тўймайсан. Шўх, эркин, чеҳрасидан кулги аримайди. У билан ёнма-ён юриш, у билан бўлиш қандай бахт! Иннайкейин, уларнинг бирга бўлишларини ота-онаси ҳам истаяпти, Турсунали ака ҳам. Турсунали акага, шундай катта олимга куёв бўлиш ҳазил гап эмас!
Лекин Гулчеҳра билан бўлса нима бўлади? Ахир уни яхши кўрарди-ку? У билан нима, ҳаёти бузиладими? Йўқ, бузилмайди. Аксинча, Гулчеҳра ундан умрбод миннатдор бўлиб яшайди. Кейин, у ақлли. Яхшигина архитектор бўлиши мумкин. Лекин, албатта, Тошкентда яшашолмайди. Сайёра билан алоқалари бузилгандан кейин Тошкентда у бирон нарсага эриша олармиди?! Турсунали ака шунча гап-сўздан кейин уни тинч қўймайди. Турсунали ака олдида эса у бир хас. Пуф деса учиб кетади. Шу ерда яшашади. Кафедрада иш таклиф қилишяпти-ку унга. Шу ерда ишлайди, шу ерда диссертациясини ёқлайди. Гулчеҳрага ҳам биронта иш топилиб қолади. Архитектор ҳамма ерда керак.
Аммо ота-онаси бунга нима дейди? Шунча умид билан ўқитиб одам қилганда, энди роҳатини кўрамиз деганда, уларни ташлаб кетадими? Улар шунга кўнадими?
Бир куни кечқурун у жуда қийналиб кетди, ётоғида ўтиролмади. Шариллаб ёмғир қуяётганига қарамай, плашини кийиб, пастга тушди. Кўчада одам сийрак эди. Қаёққа боришини билмай, Мойка томон йўл олди. Илиқ ёз ёмғири ҳаш-паш дегунча юз-кўзини ҳўл қилди. Сочлари орасидан сизиб бўйнига тушди. Абдулла плашининг ёқаларини кўтариб канал ёқалаб юриб кетди. Доимо қора бахмалдек ялтираб турадиган канал суви ҳозир лойқа эди. Шу ерларда у Сайёра билан кўп сайр қилган, сувга тикилиб ўз аксини томоша қилган... Сира эсидан чиқмайди. Бир куни яланғоч отлиқлар ҳайкали ёнида панжарага суяниб туришганда Сайёра қўлида ўйнаб турган помадасини сувга тушириб юборди. Абдулла сувдаги ўз аксларига тикилиб турган эди. Улар бир-икки тебраниб ажралди, кейин анчагача қўшилиб турди-да, сув тингач, ўз ҳолатига кирди.
— Ўхшар эканмизми? — деди Сайёра унга ғалати қараб.
— Ҳамма шундай деяпти.
— Ўзингчи?
— Мен аллақачон буни сезганман, — Абдулла шундай деб унинг қўлларини ушлади. — Демак, биз ака-ука эканмизда?
Сайёра кўзларини айёрона сузиб Абдулланинг аксига тикилди.
— Мен ундан ҳам қалинроқ бўлишни истардим. Сайёра индамади. Чўнтагидан бир нечта танга олиб, сувга отди.
— Ана! — деди ёш боладек чапак чалиб. — Яна қўшилиб кетишди.
— Доим шундай бўлса-чи? — Абдулла ҳазиллашган бўлиб дилидаги гапни айтди.
— Ёқмай кетсин! — Сайёра шундай деб Абдулланинг бурнини чертди, лекин унинг шўх
чеҳрасидан розилиги, шундай бўлишини истаётганлиги сезилиб турарди.
Абдулла шуни эслаб, дили ёришгандек бўлди. Ҳа, улар бирга бўлишлари керак. Унинг
келажагини фақат Сайёра таъминлайди. Нима бўлса ҳам шунга интилади, шунга эришиши лозим.
У Невский проспектига чиққанда, бирдан қайноқ ҳаёт ичига кириб қолгандек бўлди. Ёмғир ҳамон челаклаб қуяётганига қарамай, йўлка одамлар билан тўла эди. Қаёққа қарама, зонт. Катта, кичик, оқ, сариқ, қора зонт. Кичик елканлардек бу зонтлар Абдулланинг атрофида сузиб юрарди. Онда-сонда улар орасидан кимларнингдир шалаббо бошлари кўриниб қолар ва шу ондаёқ ғойиб бўларди. Фақат Абдулла шошмасди. Қаёққа ҳам шошарди? У ҳозир вақт ўтказиши керак, биронта аниқ фикрга келмагунча шошмаслиги керак. Шунинг учун ҳам у секин қадам
96


ташларди, қўллари чўнтагида, қулоқлари эса атроф-даги минг хил оёқ товушларида, зонтларда. Қизиқ, нега зонтлар ҳар хил товуш чиқаради? Ёмғир ҳаммасига бир хил уриляпти-ку? Бировники худди энтиккан юрак уришидек дукиллайди, бировники эса қизитилмаган чирмандадек такиллайди... Ҳаммаси ҳар хил. Бу қандай қонунга кирар экан? Бунинг қонуни бормикин ўзи?
Абдулланинг тирсагига тегиб, катта қора зонт вазмин сузиб ўтди. — Наташа! Қаердасан? — қичқирди орқадан жарангдор аёл овози. — Шу ердаман! — жавоб қилди чинқироқ қора зонт ва тўхтади. — Шу еринг қаер?
— Тротуар!
— Тротуарлигини биламан. Ўзинг қаердасан? Қора зонт кўтарилди, унинг тагидан думалоққина қизчанинг жавдираган кўзлари кўринди. Қизча у ёқ-бу ёққа аланглаб қарар, аммо қаёққа юришини билмасди. Абдулла кўмаклашмоқчи бўлиб ёнига энди келувдики, қизча олдинга қараб югуриб кетди. Абдулла унинг орқасидан қараб қолди. Зонт тагидан қизчанинг кичкина оёқлари чалп-чалп қилиб пилдираб борарди. Бу товушнинг қандай қонуни бор? Ҳамма қонунларнинг асоси бор — ҳаёт. Ҳаётдан юксак қонун йўқ. Ким шундай деган эди? Ломоносов бўлса керак?.. Ҳа, ҳаётдан юксак қонун йўқ. Ҳаёт эса мураккаб, унда ҳеч нарса бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто одам ҳам. Ҳар бир одамнинг ўз ҳаёти бор. Биров ҳурсанд, биров ҳафа. Биров бор истакларига эришган, биров энди эришяпти. Биров эса... биров эса ҳеч нарсага етишолмай ўтиб кетяпти. Шунинг учун ҳам, балки зонтларнинг товушлари ҳар хилдир, оёқ товушлари ҳар хилдир? Кийимига қараб одамларни билиш мумкин, дейишади-ку?
«Нева» кинотеатрига етганда Абдулла зонтлар камайганини пайқади. Сочини рўмолчаси билан сидириб, осмонга қаради: ёмғир тинган, нурсиз юлдузлар бирин-кетин кўрина бошлаган эди. Шу пайт кимдир Абдуллани туртди. Абдулла чўчиб тушди. Рўпарасида сетка кўтариб олган курсдоши Виктор турарди.
— Ҳа, Абуша, юлдуз санаяпсанми? — сўради кулиб у.
Абдулла жилмайди.
— Салом. Ўзинг-чи?
— Хотинимнинг олдидан келяпман, — деди Виктор сеткага ишора қилиб. — Касалхонада
ётибди.
— Тинчликми? — хавотирланиб сўради Абдулла.
— Аҳмоқ, боласини олдириб ташлабди, — деди куюниб Виктор. — Роса уришдим.
— Нега?
— Светканинг ўзи ҳозир етармиш. Света — қизим, уч ёшга тўлди. Ажойиб қиз. Менга
ўхшайди. Юз-кўзлари ҳам, қилиқлари ҳам. Кечагача тинч юрувди, ҳеч қандай гап-сўз йўқ эди. Кечқурун келсам, уйда йўқ. Анча пойладим, йўқ. Кейин қорним очиб ошхонага кирдим. Чой қўймоқчи бўлиб чойнакни олсам, тагида хат. «Кечир, Витенька! Мен касалхонадаман. Уч кунда чиқаман...»
— Уч кунда? — нимадандир жонланиб сўради Абдулла.
— Ҳа! «Уч кунда чиқаман. Агар истасанг, келиб кетишинг мумкин». Келиб кетишим мумкинмиш! — Виктор истеҳзо билан кулиб қўйди. — Югурдим. Борсам, шу аҳвол. Кечикибман.
— Тузукми ўзи? Қачон чиқади?
— Икки кундан кейин чиқади.
— Икки кундан кейин? — ҳовлиқиб сўради Абдулла.
— Ҳа. Нима эди?
— Йўқ-йўқ, ҳеч нима! — Абдулла ўзини босишга ҳаракат қилиб деди: — Энди нима
қиласан?
97


— Нима қилардим? Бўлар иш бўлди, — Виктор хўрсинди. — Хўп, хайр. Светик уйда ёлғиз. — Ҳайр.
Виктор шошиб йўлга тушди.
Абдулла ўзида йўқ шод эди. Йўли топилди! Ҳозироқ Гулчеҳрага хат ёзади, йўқ, телеграмма
беради. Қийин эмас экан-ку, ниҳоятда уч кун! Боринг, бир ҳафта бўлсин. Наҳотки Гулчеҳра шунинг уддасидан чиқолмаса?! Кичкина эмас ахир.
Ён-атрофда почта кўринмади. Кўрингани ҳам берк эди. Абдулла меҳмонхона томон жадал юриб кетди. Шу ерда почта тун бўйи ишларди. Телеграммани у жуда қисқа ва фақат Гулчеҳрагина тушунадиган қилиб ёзди. «Агар керакли идорага мурожаат қилсангиз, ҳаммаси жойида бўлади. Салом билан Абдулла».
У телеграммани топширди ва оғир ишдан қутулган одамдек анча енгиллашди, кўнгли жойига тушди. «Гулчеҳра энди мендан ҳафа бўлмаса бўлади, — Ҳаёлидан ўтказди у. — Бундан ортиқ нима қилиш мумкин? Энг яхши йўл ҳозир шу».
Абдулла шундай ўйлади-ю, бирдан Гулчеҳра унга анчагина бегона бўлиб қолганини пайқади. Уйланиш ҳақида гап бўлипш мумкин эмас энди. Иннайкейин, уйланаман деб ваъда бермаган. Яхши кўриш — бирга бўлиш деган гап эмас-ку?! Бирга бўламиз деб ҳамма севишганлар гапиради. Лекин ҳар доим бирга бўлавермайди. Албатта, Гулчеҳра озгина қийналади. Начора? Ёшлик — шўхлик, енгилтаклик. Адашганлар камми? Ўн йил-ўн бир йил турмуш қурганлар ажралиб кетишяпти-ку? Уларга ҳали нима бўлибди? Севгини бўғиб бўлмайди. Сайёрани севиб қолган экан, бунга у айбдор эмас, кўнгил... Кўнгилни чеклаб бўлмайди. Бунинг устига Гулчеҳрага бир неча бор, бирга кетайлик, бирга ўқийлик, деди. Ўзи кўнмади. Бирга ўқишганда, ким билади, балки бирга бўлишармиди?! Бир оз қийналади, кейин унутиб юборади, бахт фақат биринчи севгида эмас.
Абдулла ўша куни ўз мулоҳазаларидан ўзи ҳурсанд бўлиб, иккинчи телеграммани ҳам ёзди. Бу телеграмма уйига, онасига эди.
«Мен рози. Ихтиёр ўзларингда. Салом билан ўғлингиз
XX
Абдулла».
Гулчеҳра бир ҳафтадан бери Тошкентда эди. Абдулладан ҳеч қандай дарак бўлмай, қўрқув ва изтироб ичида юрганида институтдан хат келиб қолди. Ректорат уни жюри мукофотини олиш ва қурилиш ишлари бошланиши олдидан лойиҳа ҳақида қурувчиларнинг баъзи мулоҳазалари билан танишиш учун Тошкентга келиб кетишини сўраган эди. Гулчеҳра бутун ташвишларига нажот тополгандек, дарҳол йўлга отланди. Вокзалга уни Юсуф ака билан Самад кузатиб қўйишди. Тошкентда Гулчеҳра курсдош ўртоқларининг биронтаси билан маслаҳатлашиб, уйда қабул қиладиган врачга мурожаат қилишни мўлжаллаган эди. Шунинг учун ҳам Тошкентга келиши билан, Санобар исмли бир аёл бор эди, шуникига қараб йўл олди. Санобар ўртоғи билан ободончилик-лойиҳалаш институтида ишларди. Камгап, сермулоҳаза аёл эди у. Гулчеҳра имтиҳон топширгани келганида, кўпинча у билан бирга дарс тайёрлар эди. Бир қиз, бир ўғли бор эди Санобарнинг. Поездда бор танишларини бир-бир санаб чиқар экан, шу жувон билан дардлашишни негадир лозим топди. Санобар Чилонзорнинг қайси бир секторида турарди. Қайси секторлигини Гулчеҳра эслолмади. Уйининг рўпарасида катта бир гастроном борлигини биларди. Таксига ўтириб анча айлангандан сўнг, ниҳоят топди. Аммо уйда ҳеч ким йўқ эди. Гулчеҳранинг бирдан оёқ-қўли муз бўлиб, бўшашиб кетди. Яна қўнғироқ тугмасини босди. Жавоб бўлмади. Эшик тагида нима қилишини билмай, анча туриб қолди. Бир маҳал қўшни эшик очилди. Бўйнига аэрофлот сумкасини осиб олган стюардесса кийимидаги бир қиз чиқди.
— Сизга ким керак эди? — сўради у Гулчеҳрага бошдан-оёқ разм солиб.
98