— Жуда ҳам яхши ўтди, ая, — Гулчеҳра уни қучоқлаб, юзидан ўпди. — Бирам қўрққан эдим! Шунақангги саволлар ёғилиб кетдики! Одамларни айтмайсиз-ми? Зал лиқ тўлди. Овқатим ўчоқ бошидами?
— Мен ўзим олиб келаман. Сен чарчагансан! Зумрад опа ғизиллаганича ўчоқ бошига кетди. Гулчеҳра буни истамаса ҳам, бу гал индамади. Унга бу хотин жуда ёқиб қолган эди. Албатта аввал чиқиштирмади, ҳатто иккинчи марта уйлангани учун дадасидан ҳафа ҳам бўлди. Лекин унинг Алишерга, дадасига бўлган муносабатини кўриб, ўзгарди. Зумрад опа асли олтиариқлик бўлиб, туғмагани учун икки йил турмуш қуришгандан сўнг, эри қўйиб юборган эди. Унинг Нурмат акага қандайдир танишлиги бўлиб, Мингбулоққа онда-сонда келиб турарди. Саодат опанинг йили ўтгандан сўнг, Нурмат ака унинг ҳақида Юсуф акага оғиз очди. Юсуф ака рози бўлмади. Шунда раис уришиб берди.
— Ўзингни ўйламасанг, болаларингни ўйласанг-чи! Қачонгача қизинг уйга қарайди? Ўқиши керак, ишлаши керак. Кейин кичкина эмас. Турмуш қуриб чиқиб кетса, нима қиласан? Ўғлингни ким тарбиялайди?
Бу гап Юсуф акани ўйлатиб қўйди. Айниқса, озиб, ранги сомон бўлиб кетган Гулчеҳрани кўриб, раҳми келди. Бир йилдан сўнг тўрт-беш оғайнисини чақириб, ош қилди-да, Зумрад опани уйига олиб келди. Уй бирпасда тўлди-қўйди. Лекин Гулчеҳра анчагача уни «ая» деёлмай юрди. Уни кўрганда ўз аяси эсига тушиб, кўнгли бузилар, баъзи пайтлари йиғлаб ҳам оларди. Юсуф аканинг:
— Қизим, мен Зумрадни сени ўйлаб, укангни ўйлаб олиб келдим. Етим ўсмаларинг, қаровсиз қолмаларинг, деб олиб келдим. Агар ҳафа қиладиган бўлса, ўша куниёқ жавобини бериб юбораман. У бундай қилмайди.
Боласиз одам боланинг қадрини билади. Кейин ўзининг меҳрибонлигини кўряпсанми? Сенларни кўрганда оёқларингга йиқилиб поёндоз бўламан дейди, — деган гаплари ҳам унга таъсир қилмасди. Лекин бир воқеа сабаб бўлиб, улар бир-бирларига яқин бўлиб кетдилар. Келганига бир йил бўлганда йиғим-терим олдидан Зумрад опа бир ҳафтага Олтиариққа бориб, акасини кўриб келмоқчи бўлди-да, Алишер билан йўлга отлана бошлади. Гулчеҳра укасини юборишни истамаса ҳам, отаси розилик бергани учун, индамади. Бир ҳафта билинмай ўтиб кетди. Қайтиб келишганда у укасини танимади. Оёғида янги туфли, эгнида ёқасига уқа тутилган кўйлак, жун матодан шим... Энг муҳими, ранги қип-қизил мағиздек.
Алишер уни кўриши билан «опа!» деб қучоғига отилди.
— Маза бўлди, опа! Роса ўйнадим. Аямлар кейин шаҳарга олиб тушдилар. Кийимларимни қаранг .
— Муборак бўлсин. Мунча яхши! Ким олиб берди?
— Аямлар, — деди ғурур билан Алишер.
— Яхшими? — сўради уларга жилмайиб қараб турган Зумрад опа.
— Жудаям яхши, ая! — деб юборди тўлқинланиб Гулчеҳра ва уни маҳкам қучоқлади. Зумрад опа йиғлаб юборди. У Гулчеҳрани бағрига босиб севинар, лекин кўзидан шашқатор
оқаётган ёшларини тўхтата олмасди. Шу-шу уларнинг орасидан қил ўтмайдиган бўлиб кетди. ... Зумрад опа иссиқ ошни унинг олдига қўяр экан, сўради:
— Даданг қанилар?
— Ҳозир келиб қоладилар. Нимадир эсларига тушиб, Нурмат акани қидириб кетдилар.
— Яхши бўлди де-а?
— Жуда ҳам. Нурмат ака, ўзинг бош бўлиб қурдирасан, деяптилар. Лекин ҳали бунга анча бор. Ҳали институтда нима дейишади, билмайман.
— Айтгандай, — деди ўрнидан туриб Зумрад опа. — Сенга телеграмма келди. — Қани? — шошиб сўради Гулчеҳра Абдулладан деб ўйлаб.
— Мана, олиб қўйибман.
85


Зумрад опа деразага қистирилган қоғозни олиб, унга узатди. Гулчеҳра апил-тапил қўлларини артиб, телеграммани ўқий бошлади. Ўқиб бўлиб, аввал ҳайрон бўлди. Кейин янгитдан ўқиб чиқди ва бирдан ҳоҳолаб кулиб юборди.
— Ҳа, нима экан? — сўради Зумрад рпа.
Гулчеҳра ўзини кулгидан тўхтата олмай, жавоб ўрнига телеграммани узатди. Унда шундай ёзилган эди: «Ҳурматли ўртоқ Саидова! «Ёшлик» комплекс биносининг жюри аъзолари сизнинг лойиҳангиз билан танишиб чиқди. Жюри сизга шу лойиҳа учун биринчи мукофот берилишини лойиқ топди... Конкурс шартига мувофиқ, келгуси йилда бошланадиган қурилишда сиз иштирок этишингиз керак. Сизни қизиқтирган барча масалалар билан қуйидаги манзилга мурожаат қилинг: Шаҳар лойиҳа институти».
Гулчеҳра қувончининг чеки йўқ эди. У энди архитектор! Унинг лойиҳасини қабул қилишди! Мукофот беришди.
— Нега гапирмайсан? Менга ҳам айт! — деди Зумрад опа.
Гулчеҳра уни қучоқлаб чўлпиллатиб юзидан ўпар экан, телеграмманинг мазмунини айтиб берди.
— Нима, энди кетиб қоласанми?
— Ҳозир эмас. Чақиришганда. Иннайкейин, тез қайтаман. Ярим йилча-да, ая! Бу жуда катта гап! Ишонмайсизми?
— Ишонаман. Нега ишонмас эканман. Майли, омон бўл ишқилиб.
Гулчеҳра телеграммани юзига суртиб ўпа бошлади. Орзусига энди етди у! Жуда тез етди! Самад эшитса-чи, ўзи ҳурсанд бўлади. Дадаси-чи? У ҳам. Ҳамма ҳурсанд бўлади. Дарҳол Абдуллага ёзиши керак. Қандай севиниб кетар экан эшитиб?! У шундай ҳаёл билан овқати ҳам чала қолиб, ўз хонасига югуриб кириб кетди.
«Абдулла, — деб бошлади у хатни. — Икки кун бўлгани йўқ сизга хат ёзганимга. Лекин яна ёзгим келди. Бугун шодлигимнинг чегараси йўқ. Мингбулоқ макети қабул қилинди! Шундан бошим осмонга етиб, уйга келганимда яна бир қувончли хабарнинг устидан чиқдим. «Ёшлик» комплекс меҳмонхонаси учун юборган лойиҳам биринчи мукофот олибди. Ҳозир қўлимда шу телеграмма-ку, севинчимни ичимга сиғдиролмай сизга ёзаяпман. Ҳурсандмисиз? Сиз яхши кўрган қиз ақлли чиқиб қолди. Лекин унинг ютуқлардан боши айланмайди. У сизга ўхшашга, ҳамма нарсага жиддий, сокин қарашга ҳаракат қилади ва сизни соғиниб кутади. Сиз келганда мен Тошкентда бўларман. Чунки қурилишда менинг иштирок қилишим шарт экан. Жюри шундай ёзибди. Шу билан хатим тамом. Дадам келяптилар!..
Хатингизни интизорлик билан кутувчи Сизни соғинган
Эртасига эрталабоқ у хатни жўнатди.
XVII
Абдулла икки ўт орасига тушиб қолган эди. Лекин шундай бўлганидан ҳафа эмас эди. Сайёра оддий қиз эмас. У билан ўз ҳаётини боғлаган одам кўп нарсага етишиши мумкин. Абдулла эса шундай боғланишнинг бўсағасида турибди. У ўзининг Сайёра билан бўладиган турмушини тасаввур қилар экан, беихтиёр чеҳрасига табассум югурарди. Уч йил аспирантура, уч йил докторликка тайёргарлик, кейин биронта йирик илмий-текшириш институтига раҳбарлик... Бу ҳаммаси бўладиган гаплар. Албатта бу даражага унинг ўзи ҳам мустақил равишда эришиши мумкин. Лекин қачон? Неча йилда? Бунинг устига ҳаётда ҳар бир нарса юз бериши мумкин. Унинг эътибордан четда қолиб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Сайёра билан бўлганда-чи? У бутунлай бошқа гап. Турсунали ака обрўли одам, у ҳеч маҳал қараб турмайди. Қўлидан келганича унга ёрдам беради, йўл кўрсатади. Ҳар ҳолда бегона эмас,
Гулчеҳра».
86


оддийгина шогирд эмас, куёв! Яккаю ягона қизининг умр йўлдоши! Умр йўлдоши... Қизиқ, шундай бўлармикин? Нега ҳам бўлмасин? Сайёра сўнгги пайтларда унга жуда бошқача қарайдиган бўлиб қолди. Илгари ҳам у ўзи эътиборли эди. Лекин Абдулла иккалови ўртасида бундай яқинлик юз беришини кутмаган эди. Албатта, биринчи марта кўрганидаёқ шу фикр ҳаёлидан ўтган. Лекин бу фақатгина ҳаёл, шу важдан ичида қолиб кетган эди. Уни юзага чиқаришга ботинолмай юрарди. Бунинг устига Гулчеҳра... Гулчеҳра... яхши қиз, чиройли, унга ёқади. Агар Сайёра билан бунчалик бўлиб кетмаганда, албатта, ҳеч иккиланмасди. Ҳаммаси ўша келишганларидек бўларди. Энди-чи? Энди ҳамма нарса чувалашиб кетди. Бу яхши эмас. Одам деган бир сўзлик бўлади. Кўрнамаклик қилмайди. Лекин нега Гулчеҳра бунчалик бўшлик қилди? Қизлар ўзи шунақа бўлармикан? Жуда ҳам бўшлик қилди. Агар рози бўлмаганда Абдулланинг жаҳли чиқмасди. Албатта озгина ҳафа бўларди, лекин озгина, холос. Ҳозир буни ўйлаб ўтирмасди. Унинг ўзига ҳам, Абдуллага ҳам яхши бўларди. Типпа-тинч, худди бир- бирларини билмагандек бўлиб кетишарди. Энди-чи? Энди ёмон, ҳарҳолда шундай яқинлиқдан сўнг, шунча ваъдадан сўнг алдаш, хиёнат қилиш яхши одамнинг иши эмас. Иннайкейин, Гулчеҳра уни яхши кўради. Бироқ у билан турмуш қурса нима бўлади? Уни нима кутади? Абдулла буни тасаввур қилишга уриниб кўрди, лекин ўзининг болохонали уйидан бошқа ҳеч нарсани кўз олдига келтира олмади. «Ўзим аҳмоқман, ўзим! — ўйларди у. — Нега шошилдим? Шусиз куним ўтмасмиди?» Лекин у Мингбулоқда ўтказган кунларини эслаб, ўзини оқларди, бундан бошқа иложи ҳам йўқ эди. У чиндан ҳам Гулчеҳрани севиб қолган, усиз яшай олмаслигига қаттиқ ишонган эди. Мингбулоқда, албатта яхши бўлган эди. Тунги сайиллар, ширин орзулар, Гулчеҳранинг майин қўллари, қўнғироқдек овози, ажойиб гаплари!.. Уни севмасдан бўлармиди? У билан ўша ерда бир дақиқа бирга бўлган; унинг олов кўзларига тикилиб, овозини эшитган одам бир умрга ўзини бахтли ҳисобласа бўларди. Абдулла шу пайтгача ўзини шундай ҳисоблаб келарди. Унинг назарида, шу пайтгача ундан шод, ундан бахтли одам йўқ эди. Ўқишлари яхши, келажаги порлоқ, уни севадиган одам бор. Тағин қандай одам. Тенги йўқ гўзал, тенги йўқ мулойим одам! У Гулчеҳранинг севиб қолишини жуда истаган эди. Агар шундай бўлмаганда ўзини жуда бахтсиз, руҳан эзилган ҳис қиларди. У болалигидан шунга ўрганган эди. Агар уни кимдир уришадиган бўлса, ёмон кўз билан қарайдиган бўлса, тинчлиги бузиларди, ўзини аламдан қаёққа қўйишини, нима қилишини билмай қоларди. Ахир мактабда ўқиб юрган пайтлари Ҳусанхон акани шунинг учун ёмон кўриб қолмаганмиди?! Болаликда ойиси... Мактабни тамомлаганда эса Гулчеҳра. Шуларсиз у ўз ҳаётини тасаввур қилолмасди. Албатта Гулчеҳра бўлмаса, у барибир бошқа бир одам топарди. Ким бўлмасин, унга меҳр қўйган биронта одам бўлиш керак эди. Афсуски, шундай одам Гулчеҳра бўлиб чикди. Энди нима қилади? Бу мушкул аҳволдан қандай қутулади? У Гулчеҳрага ҳам, Сайёрага ҳам, ҳеч кимга ёмон кўринишни истамасди. Ўзи ёмон одам бўлганда бошқа гап эди. Ёмон эмас. Ҳарҳолда уни ҳурмат қилишади, у билан ҳисоблашишади, институтнинг энг олди студентларидан бири.
Ҳеч кимга у ёмонлик қилгани йўқ, ёмонлик қилишни ўйламайди ҳам. Одам ўз ҳаётининг яхши бўлишини истаса, яхши турмуш кечиргиси келса — бунинг нимаси ёмон? Албатта, Гулчеҳра билан ўша воқеа юз бермаганда, иш кўнгилдагидек бўларди. Ҳеч нарсани ўйламасди. Гулчеҳра, кечиринг, мен адашган эканман, биз бир-биримизга тўғри келмаймиз, мен билан бўлсангиз ҳаётингиз бузилиши мумкин, деб хат ёзарди. Шу билан тамом. Ҳозир бундай хат ёзиб бўлмайди, уларнинг алоқалари жуда чуқурлашиб кетди. Тавба, одам ҳам шунчалик қийин аҳволга тушиб қоладими?! Бироқ нимаси қийин? Биттасини танлаш керак. Кимни? Абдулла Гулчеҳра ҳақида қанчалик ўйлашга, унинг томонига оғишга ҳаракат қилмасин, кўз олдидан Сайёра кетмас эди. Кичкинагина, нозик, қийиқ кўзлари доим шўх кулиб туради. Ундан воз кечиш мумкинми? Отасининг қўлида иккалови бирга ишлашса, бир хонада ўтиришса, бир мажлисга қатнашишса! Воз кечса, унинг кўзига қандай қарайди? Турсунали акага кандай
87


қарайди. Жаҳл устида унинг ҳаётини бузиб юбориши ҳам мумкин. Академик!
Бир куни Сайёра ҳазиллашиб унга отасининг «Абдулла билан алоқаларинг қалай?
Тузукми?» деган хатини кўрсатди.
— Жавоб ёздингми? — сўради Абдулла.
— Ҳа, — Сайёра унга қошларини чимириб тикилди.
— Нима дединг?
— Уришиб қолдик. Ёмон йигит экан, — деб ёздим. Абдулла чўчиб кетди. Бу қиздан ҳар
нарсани кутса бўлади. Айниб қолган бўлса-я?
— Ҳазил қилма.
— Нега ҳазил қилар эканман? Рост. Сен ёмонсан. Сен билан ёлғиз қолиб бўлмайди.
Абдулла уялиб кетди. Албатта у Гулчеҳрадан кейин ўзига эрк беришдан қўрқарди. Лекин
шундай бўлса ҳам баъзан ўзини тиёлмасди. Шунинг учун бўлса керак, Сайёра кейинги пайтларда жуда камдан-кам, ўшанда ҳам кундуз кунлари уни ўз хонасига киритарди. Балки бу яхшидир, ўйларди шунда Гулчеҳрани эслаб Абдулла.
— Ростдан шундай ёздингми?
Абдулланинг ранги оқара бошлаганини кўрган Сайёра унга раҳми келиб, кулиб юборди.
— Йўқ. Сиз ўйлагандан ҳам яхши, деб ёздим. Маъқулми шу жавоб?
— Жуда ҳам, — Абдулла очилиб кетди.
Шундан бир ҳафта ўтганда у бирданига иккита хат олди. Биттаси Гулчеҳрадан, биттаси
уйдан эди. Абдулла аввал Гулчеҳранинг хатини қўлига олди-ю, кейин айниди. Хат очмаса ҳам очилиб кетадигандек кўриниб, кайфини бузди. Секин столга қўйиб, устига китоб бостирди-да, отасининг хатини очди. Ғафуржон ака ҳол-аҳвол сўраб, унинг тинчлигини, аясининг соғ- лигини, ўзининг ҳам анча тузуклигини баён қилгандан сўнг, шундай ёзган эди:
«Кеча кечқурун Турсунали аканг келди. Анча гаплашиб ўтирдик. У сени сўради. Қизидан гапирди. Билишимча, Сайёра жуда яхши қиз бўлган эмиш. Бир-биринг билан анча тузукмишсанлар. Абдулла менга жуда ёқади. Тузуккина олим бўлиши мумкин, деди. Битиргандан сўнг, Сайёрани ҳам, уни ҳам ўз институтимга оламан, аспирантурага киритиб қўяман, деди. Аянг иккаламиз жуда ҳурсанд бўлдик. Бечора аянг озгина кўз ёши ҳам қилиб олди. Абдуллажон, ўғлим, кўпдан бери биз шуни орзу қилардик. Сенинг катта одам бўлишингни истардик. Англашимча, шу ниятимизга етаётганга ўхшаймиз. Ишқилиб соғ бўл.
Турсунали аканг кетганидан кейин аянг иккимиз кечаси билан ухламай сени ўйлаб, гаплашиб чиқдик. Агар Сайёра билан юлдузларинг тўғри келиб қолса, Турсунали аканг билан қуда бўлиш биз учун катта бахт бўларди. Назаримда Турсунали акангнинг ҳам шунга майли бор. Илтимосим шуки, кейинги хатингда шу ҳақда ҳам икки отз ўз фикрингни ёзиб юбор.
Салом билан отанг
Ғафуржон».
Абдулла севиниб кетди. Демак, ҳамма нарса унинг Сайёра билан бўлишига қараб кетяпти. Демак, у Турсунали акага ёқади. У ўз институтига олади. Бу энди аниқ. Аспирантурада ўқийди. Бу ҳам аниқ. Ажойиб қиз, ажойиб оила. Яна нима керак? Ахир унинг ҳам худди ота-онасидек орзуси шу эмасми? Абдулла шу заҳотиёқ жавоб ёзмоқчи бўлиб қўлига ручка олди. Шу пайт кўзи китоб тагидан учи чиқиб турган қизил конвертга тушиб қолди. Нима ёзган экан? Яна «Соғиндим, тезроқ йил ўта қолсайди...» бўлса керак. У эринибгина конвертни йиртди. Хат жуда қисқа эди. Бу ўша биз билган хат бўлиб, Гулчеҳра ўз ютуқларини ёзган, севинчини у билан ўртоқ-лашган эди. Абдулла хатни ўқиб бўлиб ўйланиб қолди. У ҳеч қачон қисқа муддат ичида Гулчеҳранинг бунчалик катта ютуқларга эришишини кутмаган эди. Албатта, Гулчеҳра ғайратли, меҳнатсевар, ақлли қиз эди. Лекин бунчалик бўлиш!.. Унинг шу топда унга ғайирлиги келиб кетди ва айни вақтда у билан фахрланди. У енгилтак, оддий бир қиз билан юрмаган экан. Уни яхши кўрган қиз жуда талантли экан! Гулчеҳра! Гулчеҳра!.. Нима қилиш керак? Шундай
88


қиздан воз кечиб бўладими?!
Абдулла қўлидаги ручкани улоқтириб юборди. Йўқ, у ёзмайди, ҳеч нарса ёзмайди. Қандай
ёзади, нима деб ёзади? Тавба, бунчалик ҳам қийноқ бўладими одамга? Нима қилиш керак? Биронта одам билан маслаҳат қилсинми? Лекин ким билан? Кейин, нима деб маслаҳат сўрайди? Йўқ, бу масалада унга ҳеч ким маслаҳат беролмайди. Маслаҳат сўрашнинг ўзи уят. Ундан роса кулишлари мумкин. Кулишса ҳам майли, уни ҳақорат қилишлари мумкин. Ахир бировнинг мол-мулки, амалига қараб муҳаббат қўйиб бўладими? Бу шармандалик-ку! У нима деган одам бўлади? Обрўси қоладими ўшанда? Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин. Ким айтувди унга бу гапни? Қачон эшитган эди? Ҳа, бунга анча бўлди. Тоғаси айтган эди. Мактабни битириб, Мингбулоққа борганида шундай деган эди. Нега шундай деди? Наҳотки Абдулла ўшанда биронта номаъқул гап айтиб қўйди? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. У ҳеч маҳал дилидагини тилига чиқармаган. Ҳа, бўлди. Отаси ҳақида гапира туриб, шундай деган эди.
«Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин...» Йўқ, у Гулчеҳрани ташламайди. Айниқса, энди. Энди Гулчеҳра унга ҳаммадан ҳам яқин, азиз бўлиши керак. Уни ташлаш хиёнат ва у — Абдулла бундай хиёнатга қодир эмас. Гулчеҳра билан ҳам у ниятларига етиши мум кин. Мана, ҳеч кимнинг кўмагисиз, шундай катта шаҳарда, мураккаб институтда ўқиди. Яхши ўқиди. Ҳатто курс иши босилиб чикди. Диплом иши ҳам шундай бўлиши мумкин. Шундай қилади, жавоб ёзмайди, Тошкентга қайтганда эса отасига ётиғи билан тушунтиради ва Гулчеҳрага уйланади... У тушунадиган одам. Кейин, Гулчеҳра билан у эмас, Абдулла туради. Аяси ҳам қаршилик қилмайди.
Бироқ бундай ҳаёллар ҳам Абдулланинг кўнглини кўтармади. Озгина тинчитди, лекин кўнглини ёриштирмади. У каравотда чўзилиб, Гулчеҳранинг хатини қайтадан ўқий бошлади. «Сиз қайтганингизда балки Тошкентда бўларман. Қурилишга иштирок этишингиз керак, дейишяпти...» «Тошкентда бўларман...» — ўйлади Абдулла ва унинг шаҳарда юрганини кўз олдига келтирди. Мана у Сайилгоҳ кўчасида кетяпти. Эгнида шоҳи атлас кўйлак, оёғида оппоқ туфли. Ҳамманинг кўзи унда. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, Гулчеҳра жуда чиройли. Мана, у универмаг ёнидан ўтди. Шу топ... Сайёра билан уни кўриб қолди! Йўқ, бундай бўлмайди. Абдулла ҳеч кимни, на Сайёрани, на уни алдайди.
Эшик тақиллади.
— Ким?
— Мумкинми?
— Ҳа, сенмисан, — деди Абдулла ётган жойида. — Кел. — Нима қилиб ётибсан? — деди Пўлат хонага кириб.
— Ўзим шундай... Ўзинг-чи? Бекорга ўхшайсан?
— Ҳозир кутубхонадан келдим. Ишим юришмаяпти назаримда.
Пўлат Абдулланинг ёнига ўтириб, тиззасига мушт урди.
— Нега?
— Мана биз юряпмиз. Ҳар бир қадамимиз қандайдир бир физик ҳодиса. Каптар учди, олма
шохидан узилиб тушди. Булар ҳам физик ҳодиса. Хуллас, ҳамма ҳодиса ва улар асосида пайдо бўлган назарияларнинг тафаккурга алоқаси бор. Бу тушунарли. Лекин конкрет математик масалаларни ечишда диаматнинг роли қандай? Биламан, масаланинг моҳиятини ечишда у сўзсиз катта ёрдам беради. Лекин бу энди математика эмас, физика олами. Квантли механика ва фалсафа, Эйнштейн нисбат назарияси ва фалсафа... Сен бу ҳақда ҳеч ўйлаганмидинг?
— Кўп марта.
— Хўш, фикринг қандай?
Абдулла қийнаб турган саволлардан қутулиш учун Пўлатга жавоб бера бошлади.
— Диамат, албатта математик масалаларни ечиш йўлларини кўрсатиб беролмайди. Лекин
илмий қидиришларни усиз тасаввур қилиш ҳам қийин. Фалсафани ўрганмасдан, илмий
89


ҳақиқатларга етиб бўлмайди... Агар ҳамма нарса ўсиш, ривожланишга эга эканлигини Эйнштейн билмаганда, унинг нисбат назарияси ҳам пайдо бўлмасди.
— Сен академик Александров нима деган бўлса, шуни қайтаряпсан.
— Агар тўғри бўлса, нега қайтармас эканман?
— Чунки дипломнинг кичкина бир бобига буни сиғдириб бўлмайди. Менга битта конкрет
мисол керак. Раҳбарим бўлса, ўзингиз топинг, деяпти.
— Бир оз бош қотирсанг топасан. Яхшиси, менга қара, — Абдулла ўрнидан турди. —
Озгина ичайлик. Ул-булинг борми?
— Ҳеч нарса. Бой бўлсанг олиб келишинг мумкин. Дўкон шундай тагимизда.
— Майли.
Абдулла чўнтакларини титкилаб, пул олди-да, ўртоғига узатди.
— Йўқ бўлиб кетма тағин.
— Ракета бўламан, ракета, — Пўлат чопганича пастга тушиб кетди.
«Озгина бошни шамоллатиш керак, ғовлаб кетди, — ўйлади Абдулла ва киноя билан кулиб
қўйди. — Аҳволинг оғир, азизим, аҳволинг оғир... Пўлатнинг иши маза. Дипломдан бошқа нарсани билмайди, шундан бошқа ғами йўқ. Дипломи ҳам ўзи тайёр бўлиши керак. Бироқ у енгил-елпи иш қилмайди. Секин қилса ҳам пухта иш қилади. Афтидан миясида бир фикр ўралашиб юрибди. Ҳаммасини билади, айёр. Лекин ўзини текшириб кўрмоқчи. Балки шундай қилган яхшидир? У ҳам секин ўзини тилга олмасдан, маслаҳат қилиб кўрсинми?»
— Мана, биз ҳам тайёр! — деди ҳансираб Пўлат хонага кирар экан. — Озгина закуска ҳам олдим.
— Пўлат, — деди Абдулла бир рюмкадан сўнг.
— Нима?
— Агар сени жарнинг ёқасига олиб келиб, танла: ё ҳаёт, ё ўлим? — дейишса, нимани танлар
эдинг?
— Бемаъни саволингни қўй.
— Йўқ, айтгин.
— Албатта ҳаётни танлар эдим.
— Ёлғон гапирдинг. Мен ҳазил қилаётганим йўқ.
— Нимани танлар эдимми?
— Ҳа.
— Қайси бири яхши бўлса, шуни.
— Сенинг учун нима яхши?
— Менинг учун ҳаёт қолиб, ўликдек яшаганимдан ўлиб ҳаёт бўлишим яхши. Ҳа, бу
фалсафий масалалар сени нега ўйлатиб қўйди?
Абдулла жавоб бермади. Пўлатнинг шундай жавоб беришини у биларди. Бошқалар ҳам
шундай. Лекин у-чи? У ҳам шундай жавоб берармиди? Албатта. Йўқ, у Гулчеҳрани ташлаб кетмайди! Ҳеч қачон! Ҳеч қачон!
— Қуй!
— Тинчликми?
Лекин Абдулла жавоб беришга улгурмади. Эшик қаттиқ очилиб, ҳар галгидек шўх кулги
билан Сайёра кириб келди.
— Болла, мени табриклашинглар мумкин!
— Ҳа?
— Дипломимни машинкага бердим.
— Урра! — деди қарсак чалиб Пўлат. — Яна «Астория»га борар эканмиз-да?
— Марҳамат!
— Борамизми, Абдулла? — Пўлат ўртоғини туртди. Абдулланинг боргиси йўқ эди, лекин
90


унга илтижо билан тикилиб турган Сайёрага кўзи тушди-ю, йўқ деёлмади.
— Майли, — деди ва шу ондаёқ «шундан ажраламанми? Қандай яхши қиз! — деган фикр
Ҳаёлидан ўтди.
— Аввал менга бир нарсани айтинглар! — деди Сайёра мамнун бўлиб. — Нима сабабдан
ичиб ўтирибсизлар, тағин менсиз?
— Манави бўлса сабаб топилади, — деди Пўлат шишага ишора қилиб. — Ўзимиз, шундай.
Абдулланинг ортиқча пули бор экан.
— Яна гонорарми?
— Йўқ, қолгани, — деди Абдулла. — Озгина ичасанми?
— Ароқданми? Пуф! Йўқ, — Сайёра афтини бужмайтирди.
— Хўп, кетдикми бўлмаса? — сўради Пўлат. — Қорним пиёзнинг пўсти бўлиб кетди.
— Шошма, кийиниб олай, — деди Сайёра.
— Оббо! Яна кутарканмиз-да!..
— Йўқ, тез тушаман.
Сайёра шошиб чиқиб кетди ва анчагача Абдулланинг қулоғи остида унинг «тақ-туқ, тақ-
туқ» қилган енгил оёқ товушлари жаранглаб турди.
— Тавба! — деди Пўлат шишанинг оғзини беркитар экан. — Қироличамиз бўлмаганда нима
қилар эдик? Мен ҳаммамизнинг яна бир жойда ишлашимиздан ҳурсандман. Сен-чи, Абу? — Мен ҳам. Бироқ шундай бўлармикин?
— Нега бўлмасин?
— Атом реактори яқинда битади. Биттамиз ўша ёққа кетиб қолишимиз мумкин.
— Фақат мен эмас. Сайёра ҳам бормайди. Наҳотки сен?
— Билмадим. Агар юборишса, нима дейишим мумкин?
— Аспирантура нима бўлади? Ниятинг шу эди-ку?
— Ният бошқа, ҳаёт бошқа. Наҳотки шуни билмасанг!
— Қизиқ... — Пўлат елкаларини қисиб қўйди. Абдулланинг дарров ўзгариб қолгани уни
қизиқтирса ҳам, ҳозир бу ҳақда ўйлагиси ва суриштиргиси келмасди. У тезроқ «Астория»га боришни истарди ва кўзини эшикдан узмасди. Ниҳоят Сайёранинг коридорда оёқ товушлари эшитила бошлади.
— Тушяпти. Юр.
Абдулла ўрнидан турди. «Шундай бўлгани яхши, — ўйларди у. — Реакторда ишлайман, булардан четда».
Улар «Астория»да анча ўтиришди. Кейин шаҳар айланишди. Ойдин кеча, гўзал шаҳар, Сайёра ва Пўлатнинг ҳазил-ҳузул гаплари унинг кўнглини кўтариб юборди.
Лекин ётоқхонага қайтиб, хонасига кирганда яна миясини минг хил фикр қоплаб олди.
Шу тариқа кунлар ўта бошлади. Абдулла Сайёра билан бўлганда, Пўлат билан учрашганда ҳамма нарсани деярли унутар, ёлғиз қолганда эса нима қилишини билмасди. У ўзини тўқайзор ичида адашиб қолган овчидек ҳис қиларди, бу тўқайнинг на боши бор, на охири, қаёққа юришни билмайсан киши. Шунинг учун отасининг саволига жавоб ёзмади. Гулчеҳрага эса, ўзини мажбур қилиб, ярим қоғозгина хат ёзди-да, ютуқлар билан табриклаган бўлди. Хатида Тошкентга унинг ниҳоят келадиган бўлганидан ҳурсандлигини ҳам билдирди.
Бир куни у кечқурун ётоққа қайтганида (у энди кўп вақтини кутубхонада ўтказарди) вахтёр кампир унга хат узатди. Хат Гулчеҳрадан эди. Яна соғинганини ёзган бўлса керак, ё бирон иши яна яхши чиққандир, деб ўйлаб, Абдулла шошмасдан хонасига кўтарилди. Ечиниб, каравотга ёнбошлади-да, хатни очди. Аммо уни ўқиб, юраги орқасига тортиб кетди. Хатда шундай дейилган эди:
«Салом, Абдулла!
Яна ёзяпман. Лекин бу гал хатим сизни қувонтирмайди, чунки жуда катта кўркув ва қайғу
91