— Сенда Эйнштейн бўламан дедим, Сенда ланг очилди илм эшиги...
— Ҳазил-ҳазил-у, — деди Сайёра, — менинг кайфим бузилиб кетди. Биз энди ёш эмасмиз... Ҳеч миямга сиғмаяпти.
— Менинг миям ёрилиб кетай деяпти, — деди Пўлат. — Уйга борайлик?..
— Юринглар.
Улар ётоқхонага келишди. Лифтни чақиришаётганда вахтёр кампир Сайёрадан сўради:
— Боя жуда севиниб кетдинг?
— Отаси академик бўлди, — жавоб берди Пўлат.
— Илгари ким эди? Абдулла кулиб юборди.
— Илгари доктор эди.
— Доктор? — ҳайрон бўлиб сўради кампир. — Нима, академик доктордан яхшими? Мен
бир докторни биламан, жуда яхши одам, юракни операция қилади. Иннайкейин... Лифт кўтарилди. Бешинчи қаватга чиқишганда Пўлат тўхтади.
— Ҳа, чой ичмайсанми? — сўради Абдулла.
— Бу одатни иккаловингларга ҳавола қиламан. Уйқу босяпти.
У тушиб кетди. Абдулла билан ёлғиз қолиб, негадир бу сафар Сайёра ўзини ноқулай сезди. — Мазанг йўқми? — сўради Абдулла.
— Йўқ, яхши, — деди Сайёра. Овози ҳам негадир бўғиқ чиқди.
— Ҳурсандмисан?
— Нимадан? — тушунмади Сайёра.
— Дадангдан.
— Албатта. Лекин шундай бўлади деб ўйламаган эдим.
— Мен билардим. Тўғрироғи, шундай бўлишига ишонардим. Бу жуда катта бахт. Камдан-
кам одам бунга етишади.
— Сен бундан мустасно.
— Нега?
— Сени яхши биламан, — деди Сайёра унинг қўлидан ушлаб. — Сен етишасан.
— Кулма.
— Кулаётганим йўқ. Сендан кулмайман.
— Ростданми?
— Нега ёлғон бўлар экан?
Абдулла миннатдор қиёфада жилмайди ва унга узоқ тикилиб қолди.
— Мен ҳозир! — деди Сайёра, плашини диванга улоқтириб. — Аччиқ бўлсинми?
— Ўзинг биласан.
— Демак, аччиқ.
Сайёра чинни чойнак билан чой қутини кўтариб, чиқиб кетди. Абдулла дераза ёнига борди.
Форточкани очди. Барибир уй совимади. Костюмини ечиб, стулга илаётганда кўйлагининг кўкрагидаги тугма ширт этиб узилиб кетди. Абдулла тугмани олиб, столга қўйди-да, диванга ўтирди. Шу пайт Сайёра қайтиб кирди.
— Ҳозир бўлади, — деди у ва столнинг устини йиғиштира бошлади. Шунда кўзи тугмага тушиб қодди.
— Бу қаердан пайдо бўлиб қолди? — деди у ҳайрон бўлиб.
— Кечирасан, меники, — деди Абдулла. — Узилиб кетди.
— Айтмайсанми? — ҳафа бўлди Сайёра. — Ҳозир қадаб қўяман. — Қўявер, ўзим...
— Нега мен эмас?..
78


Сайёра шундай деб, шкафнинг тортмасини титкилай бошлади.
«Яхши қиз, — ўйлади Абдулла нозик қоматига кўз тикиб. — Чиройли, иннайкейин, академикнинг қизи. Жуда бахтли бўлса керак». У Сайёра билан биринчи марта учрашганини эслади. Ўшанда ҳам у худди шундай чиройли, чаққон, хушмуомала эди. Бироқ ўшанда Абдулла ундан уяларди. Энди-чи? Энди улар деярли тенг. Тенгми? Йўқ, тенг эмас. Унинг ҳамма нарсаси бор. У нима истаса шуни қилиши мумкин. Унга уйланган йигит жуда бахтли бўлади. Унинг яна бир яхши одати шуки, ўзининг мавқеи билан ғурурланмайди, эсга ҳам солмайди. Ҳа... Унга уйланган одам бахтли бўлади. Оиласи ҳам яхши. Турсунали аканинг ундан бошқа ҳеч кими йўқ. Онаси ҳам уни еру кўкка ишонмайди. Қизиқ, нега у ҳеч ким билан юрмайди? Наҳотки ҳеч кимни яхши кўрмаса.
— Сайёра...
— Нима? Оқ ипни қаерга қўйибман, тополмаяпман.
— Қўявер. Ўзим тикиб оламан. Сайёра...
— Эшитяпман.
— Сени... сени эрга тегяпти, деб эшитдим. Ростми? Сайёра кулди.
— Ким экан ўша мен тегадиган эр?
— Ўзинг билсанг керак?
— Ўша одам бунисини ҳам айтмабди-да... Топдим. Сайёра Абдулланинг ёнига ўтириб,
игнага ип ўтказа бошлади.
— Айтмади, — деди Абдулла унинг очиқ тиззаларига тикилиб. — Тўйга-чи, тўйга
айтасанми?
— Агар бўлса... Қаери узилди?
— Албатта бўлади. Мана, — Абдулла унга яқинроқ сурилиб, кўкрагини тутди.
— Ишонасанми шунга?
— Нега ишонмас эканман? Бу ҳар бир кишининг бошида бор.
— Фақат менинг эмас.
— Нега?
— Менинг ҳеч кимим йўқ, — Сайёра хомуш бўлиб қўлларини туширди. — Менинг ҳеч
кимим йўқ...
— Ишонмайман, — Абдулла шундай деб, унинг тиззасига қўлини қўйди. — Сен... сен
чиройлисан.
— Бу қуруқ гап.
— Йўқ, ростдан. Жуда чиройлисан,
— Сен-чи? Сенга ёқаманми мен?
Сайёра унга секин кўз қирини ташлади. Абдулла нима дейишини билмай қолди. Ёқадими
Сайёра унга? Бу ҳақда у ўйламаган эди. Ҳа, ёқади, албатта ёқади. Шундай қиз нега ёқмасин? Нега шуни илгари билмаган эди?
— Ҳа, — деди ҳаяжон билан у. — Мен-чи? Мен сенга ёқаманми?
Сайёра жилмайди.
— Кел, қадаб қўяй.
У шошиб Абдулланинг ёқасиии ечди. Унинг юзи қип-қизариб кетган, энтикиб-энтикиб
нафас оларди. Абдулла ҳам қизариб кетган эди. Кўкрагини тутиб қимир этмай турар экан, Сайёранинг сочлари энгагига тегиб, бутун баданини жимирлатарди, ёқимли ҳиди димоғига уриларди.
Тугмани қадаб бўлиб, ипни тишлаб узиш учун Сайёра эгилди. Шу тоб унинг иссиқ юзи Абдулланинг очиқ кўкрагига тегди. Абдулла ўзини тутиб ололмади. Уни қучоқлаб, бўйнидан, қулоғидан ўпа бошлади. Сайёра бошини кўтармади, оғирлигини унга ташлаганича, бир дақиқа унинг қучоғида ётиб қолди. Коридорда нимадир тарақлаб кетди.
79


— Вой, чойнак! — деди ўзига келиб Сайёра ва сакраб ўрнидан туриб эшикка отилди.
Абдулла ҳаяжонини босолмай, жойидан қимирламади. Уни янги ҳаёт, янги орзулар қувончи қамраб олган эди. У ҳеч маҳал шундай бўлишига ишонмаган, хатто ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Сайёра унинг учун шу кунгача чиқиб бўлмайдиган қоянинг устида эди. Бугун эса, бугун у шу қояга чиқди. «Ҳа, — деди у ичида ўзидан мамнун бўлиб. — Мен ниятимга етаман, ҳамманинг менга ҳаваси келади!».
Иккига бўлинган чойнакни кўтариб, Сайёра кирди. У айбдор қиёфада жилмайди.
— Бу яхши. Бу бахтдан нишона. Руслар шундай дейди,
У ўрнидан туриб Сайёранинг олдига борди. Чойнак бўлакларини қўлидан олиб, столга
қўйди-да:
— Ишонасанми шунга? — деди. Сайёра бошини қимирлатди ва сўради: — Бошқа дамлайми?
— Йўқ, — деди Абдулла ва уни қўлларидан ушлаб ўзига тортди.
XVI
«Мингбулоқ» жамоасининг идорасида мажлис кетарди. Бу одатдаги мажлислардан бўлмай, унга қишлоқнинг барча қизиққан кишилари чақирилган эди. Чамаси икки юз киши сиғадиган, «клуб» деб аталмиш шифтининг қамишлари чиқиб ётган зал одамларга тўлгач, Нурмат ака Самадга имо қилиб, «бошла», деди. Самад саҳнанинг ўртасида турган столга яқинлашди. Уч хил баланд-паст бинонинг макетига бир қараб қўйиб, залга мурожаат қилди.
— Ўртоқлар, бугун мажлисимизда битта масала кўрилади. У ҳам бўлса қишлоғимизнинг келажаги.
Мингбулоқ йигирма-ўттиз йил оддин қандай бўлса, ҳозир ҳам деярли шундай турибди. Мана ўзингиз ўтирган хўжалик идораси. Урушдан аввал ҳам шу бино идора эди. Ҳозир ҳам. Ташқаридан қараган одамнинг кўнгли озади. Қишлоқдаги бошқа уйлар, қинғир-қийшиқ кўчалар-чи? Энди шундай лой томли, пастак уйларда яшаш уят. Агар пулимиз бўлмаганда бошқа гап эди. Мен яна қайтариб айтаман, пулимиз ҳозир янги қишлоқ қурилишини бошлашга етади, Мана, кўз олдингларда янги Мингбулоқнинг тахминий макети, — Самад макетни қийшайтириб залдагиларга кўрсатиб чикди. — Бу макетни ўзимизнинг ёш меъмор, Юсуф акамизнинг қизлари Гулчеҳра ясаган. Қурилишни ҳам унинг ўзи бошқаради. Раҳбарият шунга қарор қилди.
Залда қарсак кўтарилди.
— Умрингдан барака топ! — деган овозлар эшитилди.
— Ҳозир, — гапни давом эттирди Самад, — сўзни Гулчеҳрага берсак. Янги Мингбулоқнинг
қандай бўлишини яхшилаб тушунтириб берса, кейин муҳокамага қўйсак? Қаршилик йўқми? — Йўқ.
— Эшитайлик!
— Бўлмаса сўз Гулчеҳра Саидовага!
Нурмат ака билан отасининг ўртасида ўтирган Гулчеҳра уялиб ўрнидан турди ва
«гапираверайми?» дегандек, раисга қаради.
— Бемалол. Кўнглингдаги борини гапир, — деди Нурмат ака.
Гулчеҳра макет ёнига келди. У уйда мажлисга тай-ёрланар экан, гапни нимадан бошлашни
ва нима билан тугатишини ҳам ўйлаб қўйган эди. Лекин ҳозир уига кўзларини тикиб турган одамларга қараб ўзини йўқотиб қўйди. Ҳатто ичида: «Худо, ўзинг шарманда қилмагинда», деб юборди. Нимадан бошлаш керак? Кундузи Самад билан учрашганда ҳаммасини келишиб олган, нима дейишини аниқ биларди. Ҳозир эса ҳамма гап ҳаёлидан кўтарилиб кетди.
Зал тўлқинлана бошлади. Кимдир йўталиб ҳам кўйди. Гулчеҳра гапини ўйлаб, бирма-бир
80


залдагиларга қараб чиқар экан, дераза токчасида ўтирган Алишерга кўзи тушиб қолди. Алишер унинг қийналиб турганини кўриб, «гапираверинг, нимадан чўчийсиз?» дегандек кўзини қисиб қўйди. Гулчеҳрага бу далда бўлди. Укасидан кўз узмай, секин гапини бошлади.
— Бу макет менинг диплом ишим бўлади. Ўртоқларим катта-катта биноларнинг, бутун районларнинг макетларини чизишяпти. Мен ўз қишлоғимни танладим. Кўпдан бери Мингбулоқнинг янги қиёфасини кўришни, чанг, тор кўчалар, ертўлаларни эслатувчи уйлар ўрнида кенг кўчалар, чиройли иморатларни орзу қилардим. Шу орзумни мана шу макетга туширдим. Бу макет, албатта, мукаммал эмас, хато, камчиликлари кўп, бунинг устига менинг биринчи мустақил ишим...
Гулчеҳра тўхтаб қолди. У ҳаяжонлана бошлаганидан гапини йўқотиб қўйган эди.
— Гапиравер, қизим, қулоғимиз сенда, — деди бир чол биринчи қатордан.
— Камчилиги бўлса, қўрқма. Ҳашарга чақирсанг, тузатамиз! — қичқирди орқада кимдир.
— Камчиликсиз иш бор эканми! Гапиравер! — уни қувватлади яна кимдир.
Гулчеҳра укасига қаради. Алишер икки кўзини унга тикиб, жилмайиб турарди.
— Қани бўла қол, қизим! — деди Нурмат ака унга далда бериб.
— Янги Мингбулоқ қандай бўлиши керак? — давом этди ўзини тутиб олиб Гулчеҳра. —
Мана бу макетда унинг бир қисми кўрсатилган. Мана бу тўрт каватли бино хўжаликники. Биз Нурмат ака билан келишиб, уни маданият саройи деб атадик. Ҳозир ҳеч қандай қишлоқни шундай маданият саройисиз тасаввур қилиб бўлмайди, ёшлар кўп. Кечқурун улар доим дам оладиган, билимларини оширадиган, кино, концерт, театр кўрадиган бир жой бўлиши керак. Макетдаги бино ана шунақа жой бўлади.
— Қачон? — қичқирди кимдир.
— Уч-тўрт йил ичида, — жавоб берди Гулчеҳра. — Маданият саройи орқасига канал тушади. Кейинчалик бориб бу ер қишлоқ марказига айланади. Унинг олдидан катта кўча ўтади. Бу кўча бир томондан Қўқон, иккинчи томондан Олтиариқ билан туташиб кетади. Маданият саройининг ўнг томонида, мана кўряпсизлар, хўжаликнинг янги идораси. Бу икки қаватли бино қурилиши ҳам шу йиллар ичида ишга тушади. Чап томондаги тепаси айвонлик манави бино «Мингбулоқ» меҳмонхонаси. Шундай қилиб, қишлоқ марказида мана шу учта катта бино бўлиб, уларнинг ўртаси фонтанли боғ бўлади. Бу боғ каналгача чўзилиб келади.
— Менда савол бор? — деди залнинг ўртасидан бир мўйсафид туриб.
— Тўхтанг, ота! Гапини тамомласин!
— Гапини кейин гапираверади. Ҳозир сўрамасам, эсимдан чиқиб қолади.
— Майли, сўранг, — деди Гулчеҳра, — нима дейсиз, ота?
— Айтаётганларингнинг ҳаммаси яхши, болам. Шу иморатларнинг ҳаммаси керак. Лекин
сен менга бошқа нарсани айт. Бизнинг уйлар нима бўлади? Кеча неварам гап топиб келди. «Нима дейсиз, бува, Мингбулоқ бузилармиш, кўп қаватли уйда турармишмиз!» «Тўхта, — дедим, — бу нима деган гап? Туппа-тузук уйимиз бўлсинда, ҳамма бир-бирининг устига мингашиб яшасин? Бу бўлмаган гап. Қайси бир йили Тошкентга тушганимда, мени бир жойга жаназага олиб боришди. Уйга одам сиғмади, жаназани кўчада ўқидик. Бу ҳам майли. Товутни арқон билан деразадан туширилганини айтмайсанми? Мен Мингбулоқда ҳам шундай бўлишини истамайман. Ўзбекка бир парча ер керак. Ўзбекка битта бўлса ҳам дарахт кўкариб турган жой керак. Ҳожатхонага чиқса ҳам ҳовлига чиқсин-да, ўзбек. Нима дединглар?
— Тўғри, ота, тўғри!
— Бор экансиз-ку, Қобилжон ака! — деган овозлар янгради.
— Қобилжон ака, — деди Самад, — шунча гапингиз бор экан, кейинроқ гапирсангиз бўлар
эди.
— Э, болам, эсимдан чиқиб қолади, деяпман-ку! Хўш, қизим, қани айт-чи, неварам ҳақми?
Ростдан шунақа уй қурасанми?
81


— Ҳозир, ҳозир, ота, — деди унинг гапларини кулиб туриб эшитган Гулчеҳра. — Мен ҳам сиз қандай ўйласангиз, шундай ўйлайман. Ҳозир жавоб бераман. Шундай қилиб, шу учта бино тушадиган жой қишлоқ маркази бўлади. Унинг атрофида тўрт томонга тўртта кўча тушади. Кўчаларнинг атрофларига турар жой бинолари қурилади. Мана бу ерда шу турар жой биноларининг иккита макети бор. Бу, албатта, тахминий макет. Кўряпсизларми, кўчага қараган тўрт ойнали уй, унинг орқаси ҳовли. Ҳовлининг жамоа ерига жойлашган жойи қатор ҳужра... Мингбулоқда кўп қаватли турар жой бинолари қуриб бўлмайди. Ҳозирча мана шу уйлар кифоя. Қобилжон ота, мана қаранг, бу уйлар шундай бўлади: олди айвон, уч хона, бир даҳлиз. Ё бўлмаса, тўрт хона, бир даҳлиз. Кўчага эса, хоҳланг эшик, хохланг дарвоза қуринг.
— Қобилжон акага дарвоза керак. Тобут эшикдан чиқмаса, нима қилади?
Залда кулги кўтарилди.
— Шундай қилиб, — гапини якунлади Гулчеҳра, — макетда асосан қишлоқнинг маркази
кўрсатилган. Шунинг ўзи ҳам анча йилга чўзиладиган иш.
Гулчеҳра жойига бориб ўтирди. Нурмат ака, маъқул, дегандек унга қараб бошини
қимирлатиб қўйди.
— Яша, — деди Юсуф ака. — Гапга ҳам тузук экансан-ку?
Гулчеҳра жилмайди.
— Хўш, қани, кимда савол бор? — Самад столга қалам уриб залга мурожаат қилди.
— Менда бор! — деди иккинчи қатордан гавдали бир аёл кўтарилиб. — Янги қишлокда ясли
бўладими? Нега бу ҳакда индамайсизлар? Ё болани орқамизга тутиб ишлайверамизми?
— Бўлади! — деди Нурмат ака жойида туриб. — Биринчи навбатда олтмиш кишилик ясли
қурамиз. Бу режага кирмаган. Чунки яслининг қурилиши шу йилиёқ бошланади. — Кўнглингиз тўлдими, Каромат опа?
— Манави бошқа гап.
— Яна қандай савол бор?
— Менда!
Алишернинг ёнида турган бир бола қўлини кўтарди.
— Нима дейсан?
— Маданият саройи битганда, ҳар куни кино бўладими, ё ҳозиргидек уч-тўрт ойда бирми? — Кунига икки маҳал. Яхшими? Бола илжайди.
— Яна кимда савол бор?
— Мен бир нарсага тушунмаяпман, — биринчи қаторда ўтирган мўйсафид ўрнидан турди.
— Ундай бўлади, бундай бўлади, деяпсизлар! Яхши. Бўлсин. Идорани ҳам, томоша бинони ҳам жамоа хўжалиги қуради. Бунга аклим етиб турибди. Лекин турар жойларни ким қуради? Кимнинг пулига қуради? Шуни тушунтир.
Самад Нурмат акага «гапирасизми?» дегандай қараб қўйди. Нурмат ака макет ёнига келди.
— Гапингиз тўғри, Муқим ака. Жамоа хўжалиги ҳаммага текин иморат қуриб беролмайди. Лекин биз маслаҳатлашиб шундай бир фикрга келдик. Ўттиз-қирқ кишидан иборат қурилиш бригадаси тузсак. Шу бригада фақат уй қуриш билан шуғулланса.
— Пулни ким беради, пулни?
— Ҳозир, — Нурмат ака қўлини кўтарди. — Пулни кучи етганнинг ўзи беради. Кучи етмаганга хўжалик. Уч-тўрт йилда қарз узилиб кетади. Даромадидан босиб қолинади. Мана сизнинг ўзингизни олайлик. Ўзингиз ишлайсиз, ўғлингиз, келинингиз. Икки кишининг даромади хўжаликка сарф бўлса, биттангизники янги уйга кетади. Сизники кетадиган бўлса, бир йилдаёқ узиласиз. Қалай, маъқулми?
— Маъқул ҳам гапми? — деди мўйсафид. — Биринчи қилиб мени хатга тиркаб қўй. Уйга эгилиб киравериш жонимга тегди.
Кулги кўтарилди.
82


— Қани, кимда яна?
— Мумкинми?
Савол-жавоб алламаҳалгача давом этди. Гулчеҳра кичкина макет шунча гап-сўзга сабаб
бўлишини кутмаган, ҳозир дадаси ва Самадлар билан уйига қайтар экан, ўзида йўқ шод эди. Ярим йўлга келишганда, Юсуф ака нимадир эсига тушиб, орқасига қайтди. «Аянгга айтиб қўй, дарров келаман», — деди-ю Нурмат акани ахтариб кетди. Гулчеҳра Самад билан ёлғиз қолди.
— Ҳурсандмисан энди? — сўради Самад.
— Жуда ҳам, — деди Гулчеҳра. — Бундай бўлади деб сира ўйламаган эдим.
— Мен ҳам. Одамлар яхши яшашни истаб қолишди. Энди, қорним тўйса бўлди, деган гап
қолиб кетди.
— Лойдан ясаган қалъамиз эсингдами? — сўради Самад, унинг тирсагини ушлаб. — Тўрт
дарвозали, икки қаватли қалъа... Лекин уни ўшанда кимдир бузиб юборган эди. Энди ҳеч ким бузмайди. Сенинг уйларинг билан энди одамларнинг ўзи қизиқиб қолишди.
— Ҳа, — деди Ҳаёлчан оҳангда Гулчеҳра.
Лой қалъа унинг хотиридан сира чиқмайди. Анча бўлди бунга. Иккинчими, учинчи синфда ўқирди ўшанда. Дарсдан кейин мол боқиб юриб, болалар ариқ лабида «ҳаммомпиш!» ўйнашди. Гулчеҳра ҳам ўйнади. Кейин, ўзи сезмай, лойдан нимадир ясай бошлади. Самад ҳам унга қўшилди. Гулчеҳра девор кўтарди, Самад унинг нима ясаётганини сезгандай қатор дарча очди. Кейин деворнинг тўрттала бурчагига минора қуришди. Минораларни қамиш билан бир-бирига улаб, тагига дарвоза ўрнатишди.
— Бу сенинг уйинг, — деди Гулчеҳра жиддий оҳангда қалъага тикилиб.
Бизнинг уйда дарвоза йўқ, — деди Самад.
— Катта бўлганингда қуриб оласан.
Болалар қалъа устига яна нима куришни ўйлаб, узоқ туриб қолишди. Лекин ҳеч нарса
топишолмади. Кеч кирди. Болалар тарқалишди. Гулчеҳра уйда ҳам қалъа устига нима ўрнатишни ўйлади. Ниҳоят топди. Эрталаб у ҳурсанд бўлиб, Самадларникига югурди. Иккалови шоша-пиша тўғон бошига келишди. Аммо кечаги тизза бўйи қад кўтариб турган қалъа бузилиб ётарди. Кимдир уни тепкилаб ер билан битта қилган эди. Ҳали яхши қуримаган лойда этик нағалларининг изи турарди.
Гулчеҳра йиғлаб юборди.
— Йиғлама, — деди Самад тишини тишига қўйиб. — Ўзим янгисини ясаб бераман.
У шундай ҳам қилди. Аввалгидан катта қалъа қурди. Лекин барибир Гулчеҳранинг алами
анчагача босилмади.
Гулчеҳра шуни эслаб борар экан, миннатдорлик билан Самадга қараб қўйди. Ҳақиқий дўст
шундай бўлади. Мана, Самад ҳозир ҳам уни қувватлаб келяпти, ундан ёрдамини аямаяпти. — Биласанми, мен ҳали янги уй қурмоқчиман. Шийпонлик, дарвозалик...
— Ў, тўй яқинми?.. — сўради Гулчеҳра.
— Агар рози бўлса яқин, рози бўлмаса...
— Ким экан ўша рози бўлмайдиган? Мен биламанми? — Ҳа, — деди секингина бош ирғатиб Самад.
— Ўзи нима дейди? Гаплашдингми?
— Йўқ. Гапираман дейману, тилим бормайди...
— Шунчалик уятчангмисан? Билмаган эканман.
— Гап уятчангликда эмас.
— Нимада?
— Биласанми, у шунақанги яхши одамки, ўзини шу қадар менга яқин тутадики, бу ҳакда
оғиз очгани қўрқаман. Балки ҳафа қилиб қўярман, балки ёқмасман... — Сен ёқмайдиган қиз ким экан? Мингбулокданми?
83


— Ҳа. Мингбулокдан. Бирга ўқиганман, бирга ишлаяпман...
Гулчеҳра қишлокдаги барча қизларни бир-бир кўз олдига келтириб чиқди, лекин биронтасини Самадга яқинлаштира олмади.
— Ким экан? — деди ниҳоят унинг ўзига мурожа-ат қилиб. — Айтайми?
— Ҳа.
— Сен.
Гулчеҳра қизариб кетди. У бундай жавобни ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Бечора Самад!
— Ҳафа қилдимми? — сўради Самад хавотирланиб.
— Йўқ, йўқ, — Гулчеҳра тўхтаб қолди. — Лекин... Лекин мен... сен... йўқ, бундай бўлиши
мумкин эмас.
— Биламан, сенга Абдулла ёқади. Гулчеҳра ялт этиб унга қаради.
— Қаердан биласан? — сўради шошиб Гулчеҳра. «Наҳотки кўрган бўлса?». У шуни ўйлади-
ю, толзор эсига тушди ва қўрқиб кетди.
— У келганда жуда бошқача бўлиб кетасан.
— Шуми? — Гулчеҳра енгил нафас олди.
— Шунинг ўзи ҳам катта гап.
— Тўғри мен уни... мен уни яхши кўраман.
— У-чи?
— У ҳам. Кўпдан бери.
Гулчеҳра шундай деди-ю, севиниб кетди. Абдулланинг бўлгани ва улар бир-бирини яхши
кўргани қандай яхши! Яқинда учрашишади, оз қолди, кейин доим бирга бўлишади. Бундан ҳам катта бахт борми! Лекин, лекин бечора Самад... Унга қийин. Ўзи жуда яхши йигит. Балки бошқа бировни севиб қолар? Қишлокда яхши қизлар кўп. Нурмат аканинг қизи-чи? Бирам чиройли, бирам ёқимтой!
— Мени кечир, Самад, — деди Гулчеҳра уни юпатишга интилиб. — Ҳеч нарса деёлмайман.
— Йўқ, сен кечир. Гапирмасам бўлар эди. Шундай бўлишини кутган эдим, кечир... Хўп, мана уйингга ҳам етиб келдик.
Самад дарвоза қаршисида тўхтади. Гулчеҳра қўлини узатди.
— Хайр.
— Хайр, — Самад унинг қўлини омонатгина сиқиб, тез орқасига бурилди.
— Самад!
— Нима?
— Тўхта,— Гулчеҳра югуриб унинг олдига борди. — Мендан ҳафа бўлдингми?
— Йўқ, — Самад хомуш жилмайди. — Нега ҳафа бўлар эканман? Ёш бола эмасмиз. Хайр. Лекин Гулчеҳра уни қўйиб юбормади.
— Барибир ўртоқ бўлиб қоламиз-а? Мен сени ўзимнинг энг яқин дўстим деб биламан.
— Мен ҳам. Хайр. Орамизда ҳеч қандай гап бўлгани йўқ деб ҳисоблайвер.
Самад кетди. Гулчеҳра у қоронғилик ичида ғойиб бўлгунча кетидан қараб қолди. У Самадга
ҳозир жуда ачиниб кетган эди. Лекин нима қила оларди. Агар Абдулла бўлмаганида-чи? Унда ҳам шундай жавоб берарди. Самад яхши йигит, яхши ўртоқ. Унга одам ўзига ишонгандек ишонса бўлади. Лекин севги... севги бунга қарармиди? Яна Гулчеҳранинг ҳаёлига қишлоқдаги қизлар келди. У биронтасини яхши кўриб қолиши мумкин. Киши муҳаббат қўймасдан яшай олмайди. Албатта биронтага кўнгил қўяди.
Гулчеҳра шу фикр билан қаноатланиб, кўнгли жойига тушдида уйига кирди. Зумрад опа уни сабрсизлик билан кутиб ўтирарди.
Кўриши билан ёш қизлардек дик этиб ўрнидан туриб, қаршисига юрди.
— Яхши ўтдими? Нима дейишди?
84