Гулчеҳра шундай деб, меҳр билан унга тикилди. Абдулла жўрттага юзини ўгирди.
— Менга сиз йўқдан бошқа нарсани демайсиз...
— Ёлғончи! — деди кулиб Гулчеҳра. — Мен сиз билан ҳеч ким билан қилмаган ишларни
қиляпман. Эсласам, қўрқиб кетаман. — Нима иш?
— Билмайсизми?
— Билмайман, — ўзини соддаликка солди Абдулла.
— Ярим кечада эркак киши билан қандай қиз юради биласизми?
— Йўқ.
— Ёмон қиз. Баъзан ўзимдан-ўзим уялиб кетаман. Дадам билиб қолсалар, нима бўлади?
— Билмайдилар, — деди Абдулла уни қўлидан тортиб. — Ўзингиз айтиб қўймасангиз агар... — Айтсам-чи?
— Гулчеҳра имтиҳон қилгандай Абдуллага тикилди.
— Ихтиёрингиз...
— Айтмайман. Қандай айтаман. Сиз айтасиз, хўпми? Барибир бир кун айтиш керак бўлади-
ку! Айтасизми?
— Ҳм... — деди Абдулла уни қучоқлаб, — Гулчеҳра...
— Нима?
— Мени яхши кўришингиз ростми?
— Ўзингиз нима дейсиз?
— Билмайман. Билганимда сўрамас эдим.
— Рост, — деди сирли оҳангда Гулчеҳра.
— Нега бўлмаса, йўқ дейсиз?
— Ҳали ҳам йўқ дейман...
— Нега?
— Ҳали ёш боламиз-ку!
Гулчеҳра шундай деди-да, зулукдек буралиб унинг қучоғидан чикди.
— Ёмонсиз!..
— Гулчеҳра...
— Қаранг, биров келяпти!
Гулчеҳра қўрққан одамдек жўрттага атрофга аланглаб, Абдуллани имлади-да, кейин туриб
кетди. Абдулла бирпас жойида қимир этмай турди, алданганини билгач, кетидан югурди.
Ҳар учрашувда деярли шундай бўларди. Бироқ уни бу ранжитмас, кўнглини совутмас, қайтанга Гулчеҳрага кучлироқ боғлаб қўярди. Бундан у ҳурсанд эди. Кичкина, кўримсиз, чанг бир қишлокда уни яхши кўрадиган, у билан ўзининг энг муқаддас фикрлари, сирларини ўртоқлашадиган, унинг кўнглини оладиган соддадил, ақлли бир қиз бор. Бу қизнинг ҳам орзулари уники каби баланд, гўзал. Худди Абдулла каби у ҳам орзуларига етишиш учун
астойдил интилмоқда. Бу кун яқин, у бахтли бўлади. Бу бахтга Абдулла ҳам шерик.
Шундай ўйлар экан, Абдулла кейинги таътилнинг тезроқ келишини, Гулчеҳра билан яна тезроқ кўришишни орзу қиларди. Кўришганда эса яна кўнгли тўлмаётганини ҳис қиларди. Ниҳоят бир гал у истаган, ҳаяжон ва қўрқув билан кутган нарса юз берди. Ўшанда у тўртинчи
курсни тамомлаб, ёзги таътилга қайтган эди.
XIV
Тунги поезд билан йўлга чиққан Абдулла тушга яқин Мингбулоққа етиб келди. Ҳовлининг ўртасида тоғорага сув солиб неварасини чўмилтираётган Ҳожар буви уни кўриши билан катта бир совунни шалоп этиб тоғорага ташладида, қаршисига йўрғалаб кетди.
64


— Вой, тасаддуғинг кетай! Вой, қоқиндиғинг бўлай! Абдуллажон болам!
Абдулла жилмайганича эгилиб, кўришгани елкасини тутар экан, Ҳожар буви уни юз- кўзларидан ўпар, оғзи тинмас эди.
— Вой, ўзим ўргилай! Вой, бўйингга қоқай! Одамни хавотирга қўйиб бу гал мунча ҳаялладинг? Эсонмисан, омонмисан? Уйидагиларинг эсон-омонми? Даданг тузукми? Вой, ўзим айланай!
— Ўзингиз тинчмисиз? Тоғам яхши юрибдиларми? Келинойим қалайлар?
Абдулла гапни чўзмаслик учун ўзи бувисини саволга тута бошлади.
— Отдайман, болам, отдайман. Тоғанг ҳам, келинойинг ҳам тузук, ишлаб юришибди. Мени
бу жиянинг қийнаб юборди. Турсун, ҳой Турсун! Тоғанг билан кўришмайсанми, тентак!
— Ассалому алайкум!
Тоғорада чўккалаб ўтирган Турсун шилт этиб қўлларини нам кўкрагига урди. Ҳожар буви
билан Абдулла кулиб юборишди.
— Катта бўлиб қолибди-ку, а, буви?
— Кичкина бўладими, тўрт ёшга тўлди-ю! Лекин сенга ўхшаган мўмин-қобил чиқмади бу!
Уззукун кўчада тентирагани тентираган. Ҳозир ҳам энди тутиб олиб келувдим. Афт-ангорига қараб бўлмайди.
Абдулла тоғаваччасининг олдига келиб чўккалади-да, юзига сув сепди.
— Шунақа шўҳмисан-а?
— Алдаяптила, — деди бола овозини пасайтириб. — Ҳечам тўполон қилмайман. Буви!
Шундоқ ўтиравераманми?
— Туша қол. Бўлди энди. Тоза бўлиб қаёққа борардинг? — жавради айвонга жой қилаётган
Ҳожар буви.
— Иштоним қани?
Абдулла сўрига илиғлиқ чанг иштонни қоқиб жиянига узатди.
— Келақол, Абдулла! Болам, — қичқирди Ҳожар буви.
Абдулла жиянини етаклаб айвонга кўтарилди. Фотиҳадан сўнг, Ҳожар буви овқатга уннай
бошлади. Абдулла қаршилик қилса ҳам, кўнмади. — Дарров бўлади, болам. Йўлда очиққансан. — Бўлмаса бир айланиб келаман Турсун билан. — Ҳаяллаб кетма.
Тоға-жиян кўчага чиқишди. Турсун узокда, кўчани бошларига кўтариб копток тепаётган болаларни кўриб, тоғасини ўша ёққа сургади. Абдулла бир оз копток тепиб терлаб кетди.
— Бўлди, кетдик, — деди жиянига.
Лекин у қулоқ солмади. Абдулла ёлғиз ўзи уйга қайтди. Эшик тагига келганда, тўхтади. «Балки уйдадир?» — ўйлади у ва Гулчеҳраларнинг дарвозаси томон йўл олди. Дарвоза ланг очиқ эди. Абдулла ичкарига қаради. Ҳовли жимжит, ҳеч ким кўринмасди. У киришини ҳам, кирмасини ҳам билмай, эшик олдида туриб қолди. Энди қайтаман деганда икки боғ ҳўл беда ортиб эшак минган Алишер келиб қолди. Абдулла у билан сўрашиб, Гулчеҳрани сўради.
— Сойга кетганлар, — деди Алишер. — Макетларига қандайдир ўт керак экан. Шуни юлгани кетганлар.
— Анча бўлдими?
— Ҳа, эрталаб. Чақириб келайми?
— Йўқ, раҳмат. Сой узоқми?
— Анча бор. Ҳов анави толзорни кўряпсизми? Ўшанинг орқасида. Керак бўлсалар чақириб
келаман.
— Раҳмат. Ўзи келиб қолар. Кўрсанг, Абдулла акам келдилар деб қўйгин. — Хўп.
65


— Абдулла ака, — сўради Алишер эшакнинг бошини унга қайириб. — Ўқиётган шаҳрингиз яхшими?
— Жуда ҳам.
— Мен ҳам катта бўлсам, ўша ерга бориб ўқийман. Дадам шундай деяптилар. Аямлар ҳам розилар.
— Аямлар? — Абдулла ҳайрон бўлди.
— Ўзимнинг аямлар эмас, — деди Алишер, биров эшитиб қоладигандек, атрофга аланглаб. — Янги аямлар...
Абдулла беихтиёр Алишерга тикилиб қолди. У ўгай оналар бўлишини эшитган ва кўпинча, уларнинг ўгай болаларга нисбатан ёмон муносабатда бўлишларини биларди. Шунинг учун ачиниб Алишернинг кийимларига разм солиб чикди. Лекин ҳеч қандай ёмон бир нарсани Алишерда пайқамади. Кийимлари яхши, ранг-боши тузук.
— Бедани нима қиласан? — сўради у гўё шу бедада ўгай онанинг ёмон муносабати бордек. — Қуёнларимга. Ўнта қуёним бор. Кўрасизми? Катта-катта.
— Майли, кейин... — деди Абдулла кўнгли ёришиб. — Опангга шунақа деб қўй, хўпми? — Хўп бўлади.
Абдулла орқасига қайтди. Кўприкка етганда сойга боришга қарор қилди. Унинг Алишер билан гаплашгандан сўнг, Гулчеҳрани жуда ҳам кўргиси келиб кетган эди. Анча юрди. Йўл таъсир қилдими, ё куннинг иссиғими, у терлаб сув бўлиб кетган эди. Кўйлагини ечиб, этагига юзини артди-да, елкасига ташлаб олди.
Толзорга етиб келганда муздек ҳаво юзига урилди. «Яхши жойни танлабди, — ўйлади ичида. — Нега илгари бу ерга келмаган эканмиз?». У шундай ўйлади-ю, ҳеч маҳал кундузи учрашишмаганини эслаб: « Гулчеҳра балки қўрққан бўлса керак кечаси бу ерга келгани», деб қўйди.
Толзор унча катта эмас эди. У дарров сой бўйига чиқиб қолди. Лекин Гулчеҳра кўринмади. Кетиб қолдимикан? У юраги тўлқинланиб, у ёқ-бу ёққа аланглади, кейин сув лабига тушди. Сал нарида каллакланган қари толнинг орқасида кичкина кўм-кўк яланглик кўринди. Абдулла шу томонга юрди. Толга етай деганда, у беихтиёр тўхтаб қолди. Шундай сойнинг лабида отқулоқ баргини пешанасига ёпиштирган Гулчеҳра қалин сочиқ устида оёқларини чалмаштириб ётарди. Оқ-сариқ йўл-йўл кўйлаги тиззаларигача кўтарилган, икки томонида оппоқ кафтлари осмонга қараб чўзилиб ётган қўллари елкаларигача очиқ эди. Думалоқ кўкраклари туртиб турган кўйлаги ҳар нафас олганида кўтарилиб, белини таранг қилиб тортар, тушганда эса кўкраклари ўртасида узун чизиқ ҳосил қиларди. Абдулла унга ҳавас билан тикилиб турди-да, шу ётишида унинг қип-қизил юзларидан ўпиб олгиси келиб кетди... Секин-секин, ўтларни шитирлатмасдан унга яқинлашди. Боши устига келганда эҳтиёткорлик билан чўккалаб, секин энгаша бошлади. Энди лаблари отқулоққа етай деганда, Гулчеҳра, «вой!» деди-ю, сапчиб ўрнидан туриб кетди. Абдулла кулди.
— Юракдан ҳам бор экан-ку!
— Уф! Қўрқиб кетдим, Абдулла, сизмисиз?
— Худди ўзи!
— Қачон келдингиз? Шунақа ҳам бўладими одам деган?
— Ёмон қўрқдингизми?
— Юрагим ўйнаб кетди.
Гулчеҳра кўкрагига «туп-туп»лаб, «уҳ» деди-да, жилмайди ва Абдулланинг рўпарасига
ўтирди.
— Қачон келдингиз?
— Бир соатча бўлди. Келдиму, сизни қидиришга тушдим. — Бу жойдалигимни қаердан билдингиз?
66


— Алишер айтди.
— Вой, бу ёққа келганингизни у биладими?
— Йўқ. Кўрсанг келганимни айтгин, дедиму, у кетгандан кейин бу ёққа келавердим. Ҳа,
билса нима қилибди? Самад билан ярим кечагача бирга қолиб кетасизлар-ку!
— Самад бошқа гап. Самад менинг ёрдамчим. Уйдагилар буни билишади. Нега бу гал
кечикдингиз? Доим ўн бешинчи августда келар эдингиз?
— Иш чиқиб қолди.
— Қизлар биланми? — Гулчеҳра кўзларини айёрона сузиб Абдуллага қаради.
Абдулла кулди.
— Йўқ, бир мақола устида ишладим. Курс ишим. «Фан ва турмуш»да босишмоқчи эди.
— Наҳотки? — севиниб сўради Гулчеҳра.
— Ҳа. Раҳбарим айтган экан. Шуни қайта ишлаб чиқдим.
— Нима темада?
— Юқори частоталар ҳақида. Ҳозир бу жуда керакли тема.
— Маъқул бўлдими?
— Ҳа, босишадиган. Агар босишса, анча шов-шув бўлади.
— Яхши шов-шувми?
— Шундай бўлиши керак. Профессор шу темани диссертация ҳам қилсангиз бўлади, деяпти. — Ў, жуда яхши-ку. Абдулла уялинқираб жилмайди.
— Ўзингизнинг ишларингиз қалай? Гулчеҳра қўлларини ёзиб, хўрсинди.
— Макет!..
— Ҳали ҳам-а?
— Бу энди янги макет. Янги қишлоқ макети.
— Яхши бўляптими?
— Қайдам. Институтда лойиҳани маъқуллашди. Бу ерда ҳали кўрсатганим йўқ. Лекин
эскисини кўрсатдим. Вой-бў-ў, шунақанги тўполон бўлиб кетдики!.. — Йўғ-э?
— Ҳа. Самад макет тайёр бўлиши билан кечаси Нурмат аканинг кабинетига олиб бориб қўйди. Ҳар куни эрталаб актив йиғиладида у ерга. Эрталаб Нурмат ака ҳаммадан кеч келиб, кабинетига кирса, одамлар пиқ-пиқ кулиб туришган эмиш. Нима гап деса, ҳеч ким индамасмиш. Кейин кимдир стол устида турган макетни кўрсатибди. Нурмат ака ҳайрон бўлиб тикилиб қолибди, — Гулчеҳра раиснинг қандай ҳайрон бўлганини кўрсатмоқчи бўлиб афтини буруштирди. Абдулла ўзини тутолмай, кулиб юборди. Гулчеҳра давом этди. — Бу нима? — деб сўрабди. Яна ҳеч ким индамабди. Ҳамма унинг одатини билади-да. Агар ўзига маъқул тушмайдиган жавобни эшитиб қолса, ёмон сўкиб беради. «Бу нима? — сўрабди у яна. — Нима, ҳамманг мум тишлаганмисанлар, нега жавоб бермайсанлар?». Шунда Самад: «Макет», дебди. «Кўриб турибман макетлигини. Ниманинг макети?» «Мингбулоқнинг макети, — дебди Самад. Раис бошқатдан макетни қарай бошлабди. «Бу нима?» — дебди бир маҳал бир томонга қийшайиб ётган бинони кўрсатиб. «Идора». «Бу-чи?» — Нурмат ака қўлини бигиз қилиб қамиш томли бир уйни кўрсатибди. «Сизнинг уйингиз», — дебди Самад. «Ҳм», — Нурмат ака ўйланиб қолибди. Кейин мўйлови тортила бошлабди. Жаҳли чиқса шунақа, мўйлови худди сичқоннинг думидек ликиллай бошлайди. «Буни нима қилмоқчисанлар? — дебди бир маҳал кўзлари олайиб. — Виставкага юбормоқчимисанлар?». «Виставкага нима қиламиз юбориб? — дебди секин Самад. — Шу ерда туради. Ё бўлмаса клубга қўйиб қўямиз. Қандай яшаётганимизни одамлар кўришсин». «Шундоқ дегин? — раис ўйланиб қолибди, кейин сўрабди: — Кимнинг иши бу?» Самад индамабди. Дадамлар жанжал чиқишидан қўрқиб: «Шунга ҳам ҳафа бўласизми, раис? — дебдилар. — Ўйин қилиб қизим иккалови ясашган. Йўқотиб ташлаймиз ҳозир...» Қизим, дегин? — дебди Нурмат ака ва Самадга қараб. — Бор, ўша рассомингни чақириб кел!»— деб
67


буюрибди. Уйда ўтирувдим, бир маҳал ҳовлиқиб Самад келиб қолди-ку! «Ҳа, — десам. — Э сўрама, иш чатоқ, раис хуноб, сени чақиряпти», — деди. Йўл-йўлакай нима дейишимни ўйлаб бордим. Бир томондан унинг жаҳли чиққани яхши. Демак, қишлоғимизнинг ёмонлигини тушунибди. Шунинг ўзи ҳам катта гап. Лекин нима дейман? Ҳар ҳолда буни дадам айтганларидек, ўйинчоқ дейишга қарши эдим. Самад ҳам ҳеч қандай маслаҳат бера олмади. Охири тўғрисини айтишга келишиб, идорага кириб бордик. Ҳали сўрашмасимдан: «Бу сенинг ишингми?» — деб сўради Нурмат ака мўйловларини титратиб. «Меники», — дедим секин. «Нима қилмоқчисан?» «Нима қилмоқчиман?! — сўрадим мен ва лоп этиб миямга бир фикр келиб қолди. — Курс иши қилиб институтга топшираман», — деб юбордим. «Нима?! — дўқ урди Нурмат ака. — Ҳм, Тошкентга олиб бораман, дегин?» «Ҳа, — дедим, — олиб бораман». Нурмат ака ўрнидан туриб кетди. Кабинетни бир айланиб чиқиб, олдимга келди-да, елкамга қўлини қўйди. «Қизим, нима, бизни шарманда қилмоқчимисан?» «Нега шарманда бўласиз? — дедим ўзимни соддаликка солиб. — Қайтанга макет қишлоқдан чиройли-ку?» «Шуни яна озгина чиройли қилсанг бўлмайдими?» «Бўлади, — дедим мен, — лекин ёлғон бўлади-да. Одамларни алдаб нима қиламиз?» «Нега алдар экансан? — деди Нурмат ака. — Беш-олти йилдан кейин қишлоғимиз яхши бўлиб кетади. Янги, чиройли бинолар қурамиз. Шуни ўйлаб бошқатдан яса, жон қизим...» «Янги қишлоқнинг макетини ясасам-чи? — сўрадим шунда мен. — Яхши чиқса, шунга қараб қурилишни бошлаймиз». «Бўпти, — деди Нурмат ака севиниб. — Яса. Бунингни бекит. Биз кўрдик. Биздан бошқа ҳеч ким кўрмасин. Нақ сочимни битталаб юлишади кўришса!» Уч-тўрт кундан кейин мажлис чақириб, Мингбулоқни қайта қуриш режалари ҳақида гапирди. Шундай ажойиб гапирдики, оғзим очилиб қолди. Кейин мени «қишлоғимиз архитектори», деди.
— Зўр-ку! — деди Абдулла ҳурсанд бўлиб.
— Зўр ҳам гапми? Бундай бўлади деб сира кутмаган эдим.
— Макет битиб қолдими?
— Қаёқда? — деди Гулчеҳра қошларини чимириб. — Энди бошладим. Ҳали иши кўп.
Биласизми, бутун қишлоқнинг янги лойиҳасини битта ўзим ишлолмайман. Мен атиги тўртта нарсани ўйлаяпман. Катта кўча, клуб, хўжалик идораси, меҳмонхона. Унинг олди катта боғ. Мана шуларнинг макетини ишламоқчиман.
— Шу ҳам жуда катта иш.
— Биламан. Лекин қилиш керак. Диплом ишим шу бўлади, — Гулчеҳра ўйланиб қолди. Абдулла унинг мана шундай кўзларини бир нуқтага тикиб Ҳаёл суришини яхши кўрарди. Ҳаёл сурганда лаблари тортилиб, энди очилай деб турган ғунчага ўхшаб кетарди. Абдулла унинг шу ғунча лабларига тикилиб, ҳаёлидан ўтказди: «У билан бўлганим қандай яхши!» Гулчеҳра нимадир эсига тушиб, унга ўгирилди. — Айтгандай, институтимизда «Ёшлик» меҳмонхонаси лойиҳасига танлов эълон қилинди. Меҳмонхона Тошкентда қурилади. Таги ресторан, кафе... Мен ҳам қатнашяпман. Бир ҳафта қаттиқ ишладим. Яхшими?
— Жуда ҳам. Табриклайман.
— Шундай бир бино бўлсаки, у худди қушга ўхшаса! Олисдан қараганда учишга тайёрланиб, қанотларини ёзиб тургандек бўлса! Мен шундай қилдим. Билмадим, маъқул бўлармикин? Тошкентда шундай катта архитекторлар борки...
— Сизники маъқул бўлиб қолса-чи?
— Қайдам... — Гулчеҳра елкаларини қоқиб қўйди.
— Агар шундай бўлса, биласизми, мен нима қилардим!
— Нима?
— Мана бундай, мана бундай қилиб сизни ўпиб олардим. Абдулла Гулчеҳрани қучоқлаб, юз-кўзларидан ўпа бошлади. — Уятсиз! Қўйиб юборинг, биров келиб қолади!..
68


— Соғинмадингизми? — деди Абдулла уни қўйиб юбормай.
— Йўқ! — деди зарда билан Гулчеҳра ва сакраб ўрнидан турди. — Куппа-кундузи нима қиляпсиз ўзи?
Абдулла кулди.
— Яхшиси менга ёрдам беринг.
— Нима қилай?
— Ҳу, анави ўтларни кўряпсизми? — Гулчеҳра сой лабига келиб тиниқ сув тагида тебраниб
турган ўсимликларни кўрсатди. — Шулардан олиб чиқиб беринг.
— Бўпти. Бир челак бўладими?
— Аввал юлиб кўринг...
Абдулла ечина бошлади. Гулчеҳра уялиб юзини четга бурди. Сув шалоплагандагина
ўтирилди.
— Мунча муздек?.. — деди Абдулла энтикиб ва сузиб кетди. Сой чуқур эмас, одам бўйи
келарди ва булоқ суви бўлгани учунми, таги аниқ кўриниб турарди.
— Чўмилмайсизми? — сўради Абдулла Гулчеҳранинг рўпарасига келиб.
— Сиз бўлмаганингизда чўмилардим...
— Энди-чи?
— Биров келиб қолса-чи?
— Ҳеч ким келмайди. Тушинг.
— Йўқ.
— Ихтиёрингиз, лекин сув мазза!
Абдулла шундай деб шўнғиди ва Гулчеҳра кўрсатган ўтлар олдига сузиб борди. Лекин ўтни
юламан деганда сирғалиб кетиб, чалқанча йиқилди. Гулчеҳра кулиб юборди.
— Бир челакмиш-а? Беш-олтитасини юлиб чиқсангиз ҳам майли эди.
Абдулла ўзини ўнглаб, яна ўтга ёпишди. Қаттиқ тортган эди, ўсимлик майда тошларга
чирмашиб кетган илдизи билан суғирилиб чикди,
— Қаттиқ экан, — деди Гулчеҳрага узатаётиб.
— Шунинг учун сиздан сўрадим-да. Менга ўтни Самад билан Алишер юлиб беришади. Абдулла яна шўнғиди. Бу гал ўсимлик осон кўчди.
— Бир челак юлиб берсам-чи? — деди ғурур билан.
— Агар совуқ емасангиз...
— Сув яхши.
— Абдулла беш-олти марта ўт юлиб, чарчади. Лекин сувдан чиққиси келмади, тўғрироғи,
Гулчеҳранинг ҳам сувга тушишини истарди, Навбатдаги илдизга ёпишганда у ҳийла ишлатди. Худди ҳаво етишмай чўккан одамдек ўсимлик устига йиқилди. Унинг ҳаракатларини кузатиб турган Гулчеҳра аввал тушунмай турди, кейин қўрқиб кетиб, «Абдулла!» — деб қичқириб юборди. Абдулла жавоб бермади. Уч дақиқача у сув тагида тура олишини биларди, шунинг учун «ишқилиб шу пайтда тушсин-да», деб ўйларди. Гулчеҳра ўрнидан турди, сой лабида бир- икки типирчилаб, у ёқ-бу ёққа юрди, яна «Абдулла!» — деб чақирди. Жавоб эшитилмагач, ўзини сувга отди ва бирпасда Абдулланинг олдида пайдо бўлди. Абдулла қимир этмади, лекин Гулчеҳра унинг олдига келганини сезди. Нима қиларкин? Гулчеҳра шошиб унинг белидан қучоқлади-да, бошини сувдан чиқариб, қирғоққа судради. Ўйинга берилиб кетиб Абдулла индамади. Гулчеҳра сувдан чиқиши билан энгашиб унинг кўкрагига юзини қўйди. Шунда Абдулла уни маҳкам қучоқлаб олди. Ўзини йўқотиб қўйган Гулчеҳра шилқ этиб унинг ёнига ағдарилди.
— Қўрқиб кетдингизми?
— Жуда ҳам, — деди бўшашганича Гулчеҳра.
— Кечиринг, — Абдулла қизнинг кичкина қулоқлари аралаш юзларини сиқиб, муздек
69


лабидан ўпа бошлади. Гулчеҳра индамади. Аксинча, уни ўзига тортиб, иккала қўли билан кўкрагига суви томиб турган бўйнидан қучоқлади.
— Сизни яхши кўраман, Гулчеҳра!..
Гулчеҳра жавоб ўрнига уни қаттиқроқ қучоқлади.
Иккалови орзиқиб ва қандайдир қўрқув билан кутган воқеа содир бўлди. Абдулла ўзида йўқ
шод эди. Толнинг панасига ўтиб кўйлагини сиқаётган Гулчеҳрага меҳр билан тикилар экан, ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳис қилар ва кўзларини ундан узолмас эди. Ҳа, энди Гулчеҳра тамоман уники! Энди улар доим бирга бўлишади. Энди унинг ҳаётини шу ёқимтой, гўзал, нозик қизнинг ҳаётисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бундан ҳам ортиқ бахт, бундан ҳам ортиқ шодлик борми дунёда!
Гулчеҳра ҳам шод эди. Лекин у нозик табиатли одам бўлганидан содир бўлган воқеадан айни вақтда уяларди. У бир кунмас-бир кун шундай бўлишини биларди. Лекин ўша тўй деб аталган муқаддас бирлашишдан сўнг бунинг юз беришини истарди. Ҳамма шундай қилади. Ҳаёт ўзи шундай. Икки киши муқаддас қасам билан, муқаддас, бир умрга ёддан кўтарилмайдиган қадаҳ билан қовушади. Ҳамма шундай қилади, ҳамма шундай бўлишини истайди. Лекин у нима қилиб қўйди? Кимнинг юзига оёқ қўйди? Беор қиз? Нима қилиб қўйдинг ўзи? Энди қандай қилиб бошингни кўтариб юрасан? Нима деган одам бўлдинг энди? Қани у сен орзу қилган кунлар? Қани у сен орзу қилган ҳаёт? Сенга гард юқтирмай катта қилган онангнинг хотирасини поймол қилдинг! Сен уни хўрладинг! Отангнинг номига доғ туширдинг.
У шундай қайғули ҳаёлларга борар экан, унга меҳр ва муҳаббат билан тикилиб турган Абдуллага кўзи тушиши билан кўнгли ёришарди. «Албатта гуноҳ иш қилиб қўйдим, — ўйларди у. — Катта гуноҳ қилиб қўйдим, — ўйларди у. — Лекин ким билан? Абдулла билан-ку. Уни яхши кўраман-ку, ахир. Барибир бир кун шундай бўлар эди-ку! У энди бутунлай мен билан! Мен у билан! Бир-биримиздан энди ҳеч ажралмаймиз. Яқинда институтни битириб келади. Тўй бўлади. Ҳозир нима бўлганини ким билиб ўтирибди? Ўзим ҳам шуни истадим. Йўқ, демадим. Ҳеч ким билмайди. Ҳеч кимга айтмаймиз. Бу бизнинг муқаддас сиримиз бўлади. У бизнинг фақат юрагимизда сақланади. Гулчеҳра! Қара, у қандай яхши йигит! Чиройли, ақлли! У сени яхши кўради. У сен билан бўлади. Унинг кўзларига қара! Шу кўзлар наҳотки сени алдаса? Йўқ, алдамайди. У доим сен билан бўлади. Сен ҳам худди онанг каби бахтли бўласан. Лекин сенинг умринг қисқа бўлмайди. Сен узоқ яшайсан, Абдулла қанча яшаса, сен ҳам шунча яшайсан! У билан бирга, у билан баробар яшайсан. Шундай бўлади. Ҳозир содир бўлган нарса сени чўчитмасин. Сен энди кичкина эмассан. Ўз ҳаётингни ўзинг қурадиган давр келди. Сен энди мустақилсан. Нима истасанг шуни қиласан. Бугун сен уни истадинг. Нима бўлибди? Бунинг нимаси ёмон? У сен билан бўлса, бўлди. Бахтинг, келажагинг шунда, бир-бирингга бўлган меҳр-муҳаббатингда!
Гулчеҳра шундай деб, ўзини овутишга интиларди, лекин барибир кўнгли нотинч эди, юрагининг қаеридадир «Гуноҳ бўлди, гуноҳ!» деган фикр маҳкам ўтиришиб қолган эди.
Сочларини тўғрилаб жойига қайтиб келганда, Абдулла ўт тўла челакка тикилиб ўтирарди... Уни кўриши билан қандайдир бўғиқ овозда:
— Кетамизми? — деди секин.
Гулчеҳра унга қараёлмай, бошини лиқиллатди. Абдулла ўрнидан туриб челакни қўлига олди.
— Мен ўзим, — деди Гулчеҳра челакни ундан олиб. Абдулла индамади. Толзордан чиқишгунча иккалови жим боришди.
— Сиз кейин... — деди сўқмоққа ўтаётиб Гулчеҳра. Абдулла эътироз билдирмай, жойида қолди. Гулчеҳранинг бутун қиёфаси ҳафа бўлган ва қаттиқ қайғуга тушган одамни эслатарди. «Чиқармикин кечқурун?» Абдулланинг юрагини ғулғула босди, ҳатто қўрқиб кетди. Гулчеҳра ўша куни ҳам чикди, эртасига ҳам, индинига ҳам.
70