бошида ёздим. Хатолари кўп».
Абдулла жуда ғалати бўлиб кетди. Қандай қилиб эсидан чиқарди?! Ахир ваъдалашган эди-
ку?! Бечора қиз. Ҳозир нима қилаётган экан? Энди нима бўлади? Шу Ҳаёл билан у кунни кеч қилди. Оқшомда эса кечки поезд билан Шаҳодат опа иккови Қўқонга жўнашди.
Улар тонгда Мингбулоққа кириб келишди. Саодат опани энди чиқармоқчи бўлиб туришган экан.
— Мозорбошига боргин, — деди Шаҳодат опа. Абдулла уйда ёлғиз ўтирган келинойиси билан омонатгина сўрашиб, кўчага чикди. Қишлоқ худди жойидан кўчгандек тўполон, Гулчеҳраларнинг уйига эса, одам кўплигидан кириб бўлмасди. Ҳаммаёқни аёлларнинг йиғиси, оҳ-доди тутиб кетган эди. Баъзи-баъзида ичкаридан эркак кишининг: «Онажоним, онажоним Саодат! Нима қилиб қўйдинг, Саодат», деган овози эштилиб қоларди. «Юсуф ака бўлса керак», ўйлади Абдулла ва беихтиёр ўпкаси тўлиб кетди, кўзлари ёшланди. Дарвозанинг икки томонида тизилиб турган эркакларнинг орқасидан ўтиб, пастак девор ёнига келди-да, ҳовлига қаради. Беш-олти мўйсафид ҳовлининг ўртасида тобут ясатишарди. У ёкдан-бу ёққа белларини боғлаб югуриб юрган аёллар тобутга кўзлари тушиши билан пиқиллаб йиғлашар, кейин уввос солиб, ўлик ётган хонага отилардилар. Шундай девор тагида яна Юсуф аканинг йиғиси эшитилди:
— Саодатим, онажоним! Мени кимга ташлаб кетдинг?! Саодат!
— Бўлди энди. Ўзингни тут, — деди кимдир. Абдулла овозидан тоғаси эканлигини билди. — Йиғлаганинг билан қайтиб келмайди.
Юсуф ака йиғи аралаш хўрсиниб, жим бўлди. Лекин кўп ўтмай, яна ўзини тутолмасдан йиғлаб юборди.
Абдулла дарвоза ёнига келиб, қўл қовуштириб турган Самаднинг ёнида тўхтади. Улар сўзсиз, бош тебратиб кўришдилар. Бир маҳал «Омин!» деди ичкарида дағал бир овоз.
— Олиб чиқишяпти! — шивирлади Самад. Абдулла ичкарига қаради. Ҳовлини тўлдириб турган одамлар устида қизил духоба паранжи ёпилган тобут бир-икки тебраниб, эшик томон суза бошлади.
— Вой дод! Аяжон!!! — қичқирди кимдир. — Мени ташлаб кетманг, аяжон!!!
Бу Гулчеҳра эди. Абдулла унинг овозини эшитиши билан титраб кетди ва ёпирилиб келаётган одамлар орасидан мўралаб, Гулчеҳрани қидира бошлади. Аммо уни кўролмади. Одамлар тўлқини уни суриб кетди. Ўзини ўнглаб олиб, худди елкандек сертўлқин дарёда сузиб кетаётган тобут кетидан югурди.
Қабристон Мингбулокдан анча нарида эди. Унга етиб боргунча одамларнинг ҳаммаси терлаб сув бўлиб кетди. Тобут ерга қўйилганда енгил шабада турди. Қуёшнинг тафти босилгандек бўлди. Абдулла димоғига урилаётган чучмал ўт-ўлан ҳидини симириб, атрофга қаради. Қабристон ҳали ҳосили терилмаган боғни эслатарди. «Қизиқ, — ўйлади у меваларини кўтаролмай, шохлари эгилиб турган олмаларга қараб. — Ҳеч одам ўлганга ўхшамайди...»
Чиндан ҳам агар қийиқ боғлаган йигитлар, салла-чопонли сокин чоллар бўлмаса, бу боғдан фарқ қилмайдиган қабристонга ўлик келганига ишониб бўлмасди.
Тобутдан жасадни ола бошлашганда эса, қабристонни йиғи тутиб кетди. Яна Гулчеҳранинг овози эшитилди.
— Аяжон! Аяжонгинам!! Бизни ташлаб кетманг, аяжон!!
Абдулла чидай олмади. Юзини ўгирди-да, четроққа бориб чўккалади. Уйга қайтишганда у қанча ҳаракат қилмасин, Гулчеҳрани холи учрата олмади. Бир-икки марта кўрди. Бечора қиз йиғлайвериб қовоқлари шишиб, кўзлари қизариб кетибди. Эгнида қора шоҳи атлас, бошида қора дурра... Кечга яқин Абдулла кўчада ўтирган хассакашларга чой олиб келмоқчи бўлиб ташқари ҳовлига кирганда, унга тўқнаш келиб қолди.
— Гулчеҳра?.. — деди у секин.
Гулчеҳра бошини кўтарди. Бир муддат унинг аламли кўзларида севинч барқ ургандек бўлди,
57


лекин дарров сўнди. «Кўряпсизми?» дегандек бошини оғир тебратиб ўтиб кетди. Абдулла шу пайтгача бунчалик эзилиб, ўзини олдирган, бутун қиёфасини чексиз алам ва дард қоплаб олган одамни кўрмаган эди. Чой элтиш ҳам Ҳаёлидан кўтарилиб, кўча томон битта-битта юриб кетди. Гулчеҳра билан биринчи учрашган жойи — жўҳоризорга борди. Аммо жўҳори энди йўқ эди. Илдизлари қовжираган поялар қозиқдек қаққайиб турарди. Бирпас шуларга термилиб орқасига қайтди.
Қоронғи тушди, олисдан подачи боланинг «қурей-қурей»си эшитилди. Аллақаерда ит бир- икки вовилладида, жим бўлди. Қишлоқда яна тунги осуда ҳаёт бошланди. Лекин ўша куни бу ҳаёт, илгарилари қувонтирган, ширин Ҳаёлларга чўмдирган сеҳрли қишлоқ туни Абдуллани чўчитди. Унинг кўз олдида қовоқлари шишган, сўлғин Гўлчеҳра, қизил паранжи ёпилган тобут қалқиб турарди. «Энди нима бўлади? Гулчеҳра энди нима қилади?» — ўйларди у нуқул, лекин ўйларига жавоб тополмасди. У чин кўнгилдан Гулчеҳранинг Тошкентга боришини истарди. Бу ерда нима қилади? Энди унга бу ерда нима бор? Кетгани яхши. У ҳам бирга кетса-чи?! Қандай яхши бўларди агар шундай бўлса! Бирга ўқишарди, яна бирга бўлишарди. Бошқа институтга кириши ҳам мумкин ядро-физикани истамаса. Бунинг мутлақо аҳамияти йўқ. Бир шаҳарда бўлишади, шунинг ўзи кифоя. Лекин кета олармикин?
Абдулла шу Ҳаёллар билан қишлоқ чеккаларини анча айланди. Тўғон бошига етганда орқасига ўгирилиб, қишлоққа қаради. Фақат битта жойда уч-тўртта чироқ милтиллаб кўринди. Бошқа ҳамма уйлар қоронғи, ҳамма уйқуга кетган. «Гулчеҳра ҳали уйғоқ, — ўйлади ачиниб Абдулла. — Мизғиб олса бўларди. Нима қилаётган экан ҳозир? Қаерда ўтирган экан?»
Абдулла ҳўрсиниб, цемент зинага ўтирди. Шу топда Гулчеҳрани жуда ҳам кўргиси келиб кетди. Агар кўрганда бисотидаги бор яхши гапларни айтиб юпатарди. Ҳафа бўлманг, дерди. Ўлим ҳамманинг бошида бор. Албатта, аянгиз ёш кетдилар. Улар ҳали кўп яшашлари мумкин эди. Тўйингизга... тўйимизга бош бўлиб туришлари мумкин эди. Лекин начора? Ўлим ўлимлигини қилади. Йиғламанг, йиғи энди фойдасиз. Ўзингизни баттар қийнаб нима қиласиз?..
Қишлоқ томондан кимнингдир шарпаси кўринди. Абдулла юраги гупиллаб ўрнидан турди. Наҳотки Гулчеҳра бўлса?
— Гулчеҳра!.. — чақирди у шарпа яқинлашганда. — Гулчеҳра, сизмисиз?
— Мен, — деди хира овоз. — Мен... Абдулла югуриб унинг олдига борди.
— Гулчеҳра...
У гапини йўқотиб қўйди. Нима дейишини, нима қилишини билмай, Гулчеҳранинг
елкаларидан ушлади. Гулчеҳра бошини унинг кўкрагига қўйиб, ўзини тутолмай, йиғлаб юборди. Унинг бутун вужуди титрарди.
— Қўйинг, Гулчеҳра, қўйинг...
Аммо Гулчеҳра уни эшитмасди, ҳўнграб йиғларди. Анчадан сўнг у бошини кўтарди.
— Йиғламанг, қўйинг, — деди Абдулла ва қўллари билан юзларидаги, кўзларидаги ёшини
сидира бошлади. — Йиғламанг...
Гулчеҳра энтикиб-энтикиб ўзини зўрға тутиб олди.
— Мана, — деди у. Унинг овози бўғилиб қолган эди... — Аямдан ҳам ажралиб қолдим...
Ёлғиз қолдим.
— Қўйинг, ҳафа бўлманг...
— Ҳафа бўлмай бўладими... Мени жуда яхши кўрардилар...
Гулчеҳра яна титраб, кўзларида ёш йилтирай бошлади.
— Қўйинг, Гулчеҳра...
Абдулла унинг пешанасини, сочларини силай бошлади.
— Мен ҳам яхши кўрардим. Ёлғиз ташлаб кетгим келмасди. Энди ўзим ёлғизман, укам
ёлғиз, дадам ёлғиз... Энди мен бутунлай шу ерда қолиб кетдим. Энди учрашолмаймиз...
— Ҳечқиси йўқ, — деди Абдулла, — ҳечқиси йўқ. Хат ёзишиб турамиз, келиб тураман.
58


У шундай деди-ю, ўқиш ҳақида гапириш ноўринлигини, ҳозир кетаётганлигини айтса, уни жуда ҳафа қилиб қўйиши мумкинлигини тушунди.
— Тез-тез келиб тураман. Майлими?
У Гулчеҳранинг бошини кўтариб, ўзига қаратди.
— Ҳм... — деди секин Гулчеҳра.
— Йиғламанг энди, хўпми? Гулчеҳра бош силкиди.
«Шундай қизни яхши кўрмай бўладими? — ўйларди у ичида. — Ҳеч маҳал уни ёлғиз
қолдирмайман. Келаман, албатта келаман».
XIII
Унинг ўқишдан ёзган биринчи хати ҳам шу мазмунда бўлди.
«Ҳурматли Гулчеҳра, — деб ёзди у. — Бу хатни олиб ҳайрон бўларсиз. Бу, албатта табиий. Сўнгги учрашувимизда сизга кўп нарсани айтмоқчи эдим. Афсуски, бунга имконият бўлмади. Сизнинг бошингизга тушган кулфат сиз қатори мени ҳам қаттиқ қайғута солган ва айтмоқчи бўлган гапларим ичимда қолиб кетган эди. Гапларим эса ўшанда жуда кўп эди. Сиз билан бир қанча масалалар устида маслаҳатлашмоқчи эдим. Лекин сизни кўриб, ҳеч нарса деёлмадим. Ташвишингиз бошингиздан ошиб ётувди. Энди эса, орадан икки ой ўтганда шу хатни ёзиб, ўшанда айтмоқчи бўлган гапларимни қисман бўлса ҳам сизга етказмоқчиман.
Эсингиздами, Гулчеҳра, олмазорда мени кузатаётганингизда, бир йилдан сўнг Тошкентга боришим мумкин, дедингиз. Мен жуда севиндим. Бир йилдан сўнг бирга бўлишимиздан, бирга ўқишимиздан бошим осмонга етди. Аммо уйга қайтганимда ғалати хабарнинг устидан чиқдим. Дадамларнинг яхши бир танишлари — математика фанлари доктори — бизникига келиб, Ленинградда янги институт ташкил этилганини ва агар рози бўлсам ўша ерда ўқишим мумкинлигини айтибди. Мен, албатта, рози бўлмадим. Сиз Тошкентда бўлсангизу, мен у ёққа кетаманми? Кейин, ўзимча ўйлаб қолдим. Бир йилдан сўнг бирга бўлсак, қаерда бўлишимизнинг нима фарқи бор? Шу фикр миямга келиб, жуда ҳурсанд бўлиб кетдим. Шундай бўлса ҳам сиз билан маслаҳатлашмоқчи бўлиб, Мингбулоққа боришга отланиб турганимда тоғамлардан шум хабар келиб қолди. Жуда ҳафа бўлиб кетдим. Ўша куниёқ аям билан йўлга чикдим. Лекин Мингбулоқда сизни кўриб, ҳеч нарса айтолмадим. Ўшанда юрагингизга ҳеч нарса сиғмасди. Гулчеҳра, жоним, ўшанда сизга жуда ачиндим. Рангингизда ранг қолмаган, кўзларингиз шишиб кетган эди. Мен сизни ҳеч маҳал шу аҳволда кўришни истамайман. Сизга йиғи ярашмайди, сиз доим ҳурсанд бўлиб юришингиз керак. Шундай бўлади ҳам... Билмадим, ҳозир қандай экансиз? Тинчиганмикинсиз бир оз? Ишқилиб, тинчиган бўлинг. Биласизми, ўлим ҳар бир кишининг бошида бор. Бунинг устига аянгизнинг аҳволи оғирлигини ўзингиз ҳам билардингиз. Қўйинг, Гулчеҳра, энди кўп қайғурманг. Ўзингизга азоб берганингиз билан аянгиз қайтиб келмайдилар. Мен шу гапларни тўғон бошига келганингизда айтиб, иложи борича, сизни тинчитмоқчи эдим. Лекин ўшанда сиздаги қайғу менга ҳам ўтди. Оғиз очолмай қолдим.
Гулчеҳра, ўшанда сиз:
— Мана, энди ёлғиз қолдим. Энди ҳеч кимим йўқ, — дедингиз.
Йўқ, ундай эмас. Сиз ёлғиз эмассиз. Мен борман. Агар мени жиндек бўлса ҳам яхши
кўрсангиз, гапимга ишонинг. Мен доим сиз билан бирга бўламан, сизни ҳеч қачон ёлғиз ташлаб кетмайман.
Мана, бир ярим ойдан бери сиздан узоқда ўқияпман. Ядро-физика институти энг катта институтлардан экан. Шу ёққа келиб хато қилмабман. Ўқишларим яхши. Ётоқхонамиз шундай Нева дарёсининг ёнида. Тўрт киши турамиз. Лекин биласизми, Ҳаёлим нуқул сизда. Қачон бир йил ўтар экан, қачон учрашар эканмиз? Доим шуни ўйлайман. Гулчеҳра, сиз албатта ўз фикрингиздан қайтмаган бўлсангиз керак? Мен шуни жуда истардим. Қаерда бўлишимнинг
59


сизга аҳамияти йўқ. Тўғри эмасми? Биз тез-тез хат ёзишиб турамиз. Таътил пайтлари ҳам албатта Мингбулоққа бораман. Ҳар йили бораман. Ана кўрдингизми? Тошкентда қолганимда ҳам шундай бўлар эди. Лекин сизга айтмасдан кетиб қолганим учун ўзимни айбдор ҳисоблайман. Шунинг учун ўтиниб сўрайман, мени кечиринг, Гулчеҳра. Сизни ишонтириб айтаман: қаерда бўлмай, доим сизни ўйлайман. Сизни кўргим, сиз билан гаплашгим келади. Сиз-чи? Сиз ҳам шундайми? Қани энди шундай бўлса?! Мен ўзимни жуда бахтиёр ҳис қилардим.
Гулчеҳра, азизим, шу билан хатимни тугатаман. Хатолари бўлса кечиринг. Ҳаяжон ичида ёздим. Жавобингизни соғиниб кутувчи Абдулла».
Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас, у жавоб олди. Хат жуда қисқа бўлса ҳам, уни қувонтирди. «Салом Абдулла, хатингизни олиб жуда ҳурсанд бўлдим. Кетишингиздан ҳафа эмасман. Нега ҳафа бўлай? Албатта мен ҳам борганимда яхши бўларди. Лекин биласизку, боролмайман. Уйнинг ташвиши энди бутунлай менинг бошимда. Шундай бўлса ҳам ўқишга кирдим. Политехника институтининг сиртқи бўлимига ҳужжатларимни топширдим. Ҳам ўқиб, ҳам ишлайман. Шундай қилганим маъқул. Хўп, ҳозирча хайр. Алангали салом билан Гулчеҳра».
Биринчи курсни тутатиб, қишлоққа борганида эса Гулчеҳра уни жуда яхши қарши олди. Аммо ҳамон унинг эгнида қора кийим, кўзлари сўлғин эди. Шунда ҳам у ҳуснини йўқотмаган, қайтанга аввалгидан ҳам гўзаллашиб, очилиб кетган эди. Улар ярим кечагача ўзларига қадрдон бўлиб қолган жойларини айланишди. Абдулла ўқишдан ҳикоя қилди. Гулчеҳра кутубхонада ишлаётганини, Тошкентга тушиб имтиҳонларни жуда яхши топшириб қайтганини айтди. Унинг Абдулланинг келишидан ниҳоятда ҳурсандлиги билиниб турарди. Ўзи ҳам буни яширмасди. Олмазорнинг этагида ўтиришганда:
— Сизни кўп кутдим, — деди секин. — Кеча ҳам уйдагилар уҳлагандан кейин, шу ерларни бир айланиб чиқдим.
— Мен ҳам сизни соғиндим, — деди Абдулла. — Уйда кўп турганим йўқ. Бир кун турдим. Кейин, бувимни соғиндим деб, йўлга чикдим.
Иккалови кулишди.
— Бир йил ўтди, — деди Гулчеҳра. — Аям бўлганларида ҳозир Тошкентда юрармидик...
— Мен ҳам кетмас эдим.
Абдулла шундай деди-ю, ўзининг гапига ўзи ишонмади ва уялиб кетди.
— Ростдан кетмасмидингиз?
— Ҳа. Ишонмайсизми?
Абдулла унга бир қаради-да, дарров кўзларини четга олди.
— Йўқ. Ишонаман. Сиз жуда яхшисиз.
Абдулла баттар уялиб кетди. Лекин дарров ўзини тутиб олди. Нима ёмон иш қилибди у?
Гулчеҳрага айтмай, кетишга розилик берганими? Бунинг нимаси ёмон? Барибир айтарди, эртами-кечми айтарди, Ахир унинг ўзини ҳам олиб кетмоқчи бўлди-ку. Агар аяси ўлмаганда айтарди, балки бирга ўқишармиди? Энди эса фойдаси йўқ. Шундай бўлса ҳам сўради:
— Мендан... кетиб қолганимдан ҳафа эмасмисиз?
— Нега ҳафа бўлай? — Гулчеҳра ўйланиб қолди, кейин деди: — Одам, нима яхши бўлса, шуни қилиши керак. Тошкентга бормайман деганимда, сиз мендан ҳафа бўлмадингиз-ку? Тўғрими?
— Тўғри. — Абдулла севиниб кетди. — Сиздан ҳеч ҳафа бўлмайман.
— Мен ҳам.
Улар яна кўп марта учрашишди, Абдулла ўқишдан қайтиши билан бир кун-ярим кун уйда
бўлиб, Қўқонга отланарди. Шаҳодат опа унинг бувисига меҳрибонлигидан қувонса ҳам, ичида бунга унча ишонмасди. У Абдулланинг биринчи марта ўқишга кетаёттанида юз берган воқеани ҳеч унутолмасди. Уни кузатгани вокзалга Ғафуржон ака ҳам бир амаллаб чиқди. Шаҳодат опа,
60


чиқманг, уриниб қоласиз, деса ҳам бўлмади, лекин Абдулла ҳеч нарса дегани йўқ. Вокзалда эса ҳаммадан олдин вагонга чиқиб одди. Поезд жўнаганда эса деразадан мўралаб бир марта қўл силкиди-ю, ғойиб бўлди. Шаҳодат опа бўшашиб кетди. У ўзи Абдулланинг кетишга қарор қилганидан ҳафа эди. Лекин эрининг раъйига қараб индамаган, майли, яхши ўқиш бўлса бора қолсин, деган эди. Шундай бўлса ҳам, «болам бемеҳр чиққанга ўхшайди» деб, юраги шиғ этиб кетган эди. Вокзалдаги воқеа бу фикрининг тўғрилигини исботлади.
— Ўғлинг катта бўлиб қолибди, — деди Ғафуржон ака уйга қайтишар экан.
— Нима эди?
— Қучоқлашмоқчи бўлсам, ўзини олиб қочди.
— Олис жойга ёлғиз кетяпти-ю, кичкина бўладими! — деди Шаҳодат опа, аммо ичида бир
зил кетиб қўйди.
Абдулланинг уйга ёзган хатлари ҳам жуда қисқа бўлиб, кўпроқ ўзи ҳақида эди. Отасининг
соғлиғини кам суриштирар, уй билан деярли қизиқмасди. «Ўзимга ўҳшайди», — дерди хатни ўқиб Ғафуржон ака. — «Хат ёзишни мен ҳам ёмон кўраман». Шаҳодат опа хомушгина жилмайиб қўя қоларди. Ёлғиз қолганда эса, «Ёшда, ҳали ёш», — деб ўзини овутар, навбатдаги хатни орзиқиб кутарди. Абдулланинг каникулга келиши унинг учун катта бир тўй эди. Худди Ғафуржон ака сингари у ҳам икки кун аввал ювиниб-тараниб олар, бозорнинг олди нарсаларидан олиб, дастурхон ясатарди. Абдулла эса улар билан апил-тапил кўришиб, қишлоққа ошиқарди. Бир куни Шаҳодат опа чидай олмади:
— Абдулла, қишлокда нима бор? Мунча серқатнов бўлиб қолдинг? — деди зарда билан. Абдулла нима дейишини билмай, жилмайди.
— Илгарилари бормайсан деб уришардингиз. Энди кўп борасан деб уришасиз-а?!
— Тўғри-да, бизни жуда эсдан чиқариб қўйдинг. Даданг бечора, ўғлим келади деб ўтиради.
Сен бўлсанг келасану кўчага отиласан. Одам деган шунақа ҳам бемеҳр бўладими?
— Унақа деманг, ойи, — деди кулиб Абдулла. — Институтни битириб олай, иккаловингларни тўрт қават кўрпачага ўтқазиб қўяман. Ҳеч қаёққа кетмайман. Розимисиз
шунга?
— Рози бўлмай нима қилардим? — Шаҳодат опа ўғлининг бу гапига ишонмаса ҳам, ҳурсанд
бўлиб кетди. — Ишқилиб, бизнинг бахтимизга Худо омадингни берсин.
— Омад ҳам гапми! — деди Абдулла ишонч билан. — Бу институтни битирган одам яхши
пул топади.
— Пулини ўйлама. Пул қўлнинг кири. Ишинг яхши бўлса, бўлди.
— Ишим ҳам яхши бўлади, пул ҳам кўп бўлади. Уйни яхшилаб ремонт қиламиз. Ясатамиз.
Турсунали амакиникида бўлмагансиз. Эҳ-ҳе, нима йўқ уларнинг уйида!.. Кирсангиз, чиққингиз келмайди. Ая, даданг яхши ишда ишлаган, дейсиз нуқул. Нега энди бизда қеч нима йўқ, уйимиз қуп-қуруқ?
— Ким билади дейсан. Иш билан бўлиб шуни ўйламаган-да.
— Сиз-чи? Сиз ўйласангиз бўлмасмиди?
— Мени ҳам рўзғорга уқувим йўқ эди. Шу бор рўзғорни ҳам бувинг қилиб берган.
— Биламан, — деди Абдулла ўйланиб. — Мен бундай қилмайман. Менинг уйимда ҳамма
нарса бўлади. Х.амма нарса! Кейин, сизга ҳеч иш қилдирмайман.
— Айтганинг келсин. Яхши ўқисанг, яхши ишласанг, айтганинг бўлади.
Шаҳодат опа шундай дер экан, унинг ҳақида ёмон фикрда бўлганини эслаб, ўзидан ҳафа
бўлиб кетди. Дадаси тўғри айтади. Абдулла катта йигит бўлибди. Эс-ҳуши жойида. Бундай бола билан фахрланса арзийди. Уйда кам бўлса нима қилибди? Эркак киши ўзи шунақа: бир кун уйда бўлса, ўн кун кўчада. Ғафуржон ака ўзи қанақа эди? Роса уни хуноб қиларди илгари. Кечалари мижжа қоқмай унинг келишини пойлаб ўтирарди. Касалга чалинди-ю, уйдан чиқолмай қолди. Кўчадан бери келмаса ҳам майли эди тузалиб! Қандай бало касал экан гипертония! Тузалиб
61


ўғлининг роҳатини кўрса қандай яхши бўларди.
Шаҳодат опа айвонда Ҳаёл суриб ўтирган эрининг ёнига келди.
— Ҳа, ўйланиб қолибсиз? — деди унинг хомуш чеҳрасига қараб.
— Ўғлимни ўйлаяпман.
— Ҳа, ўғлимга нима қилибди?
— Ўғлингга ҳеч нарса қилгани йўқ. Ўғлинг яхши...
— Нега ўйлаб қолдингиз бўлмаса?
— Ўйлаб қолганимки, ҳадемай ўқиши битади. Уйлантириш керак. Касал аблаҳдан қутулсам
эди, беш-ўн танга йиғардим. Яхши бир тўй қилгим келади. Уйнинг аҳволи бу бўлса...
— Вой, шунга ўйланиб ўтирибсизми? — Шаҳодат опа кулди. — Ҳозиргина ўғлингиз шуни
гапириб турган эди.
— Ҳа, нима деди?
— Ўғлимдан айланай. Боши олтин чикди унинг, боши олтин. Ишим яхши бўлади, дейди.
Ишга киришим билан биринчи қиладиган ишим — уйни тузатаман, яхшилаб ремонт қиламан, дейди.
— Йўғ-э? — севиниб деди Ғафуржон ака.
— Ҳа, Турсуналининг уйини роса мақтади. Шунақа уй қиламан, дейди. Кейин сизни озгина уришди.
— Нима деди?
— Ая, дадам яхши-яхши ишларда ишлаганлар, дейсиз. Нега ўшанда уйга қарамаганлар, дейди.
— Сен нима дединг? — қизиқиб сўради Ғафуржон ака.
— Мен нима дердим? Пул топиб ақл топмаганмизда, дедим.
Эр-хотин кулишди.
— Нега энди бунақа дейсан? — деди кейин жиддийлашиб Ғафуржон ака.
— Қизиқсиз, шундай дермидим? Иш билан бўлиб рўзғор эсимизга келмаган, дедим.
— Бу гапинг дуруст. Лекин Шаҳодат, озгина мол-пол қилиб қўйсак зиён бўлмас эди ўшанда. — Сиз мол қиладиган одаммисиз? Сизнинг молингиз одамларда. Шунинг ўзи катта давлат. — Зап ажойиб хотинсан-да, Шаҳодат, — деди завқ билан Ғафуржон ака. — Бахтингга
тузалиб кетсам, осмондан юлдузни олиб бер десанг, олиб бераман.
— Аввал тузалинг-чи, кейин бир гап бўлар. Шўрвангизни ичасизми? Ордона қолсин, тузсиз
шўрва ҳам шўрва бўлдими?!
Шаҳодат опа ўчоқ бошига йўл олди.
Шу пайтда поезд Абдуллани Қўқонга элтарди. У ҳар гал йўлга чиқар экан, юрагини
аллақандай ширин орзулар қоплар, яна таътил келганидан, яна бир неча кун оғир, эртаю кеч ўқиш билан ўтган йилдан сўнг дам олиши, Гулчеҳра билан учрашиш мумкинлигидан чексиз шод бўлар эди. У Гулчеҳра ҳам уни сабрсизлик билан кутаётгани, уни кўриши билан кўзлари чақнаб, юзига табассум югуришини биларди. Бироқ у уларнинг шунча вақтдан бери давом этаётган алоқаларида нимадир етишмаётганини ҳис қилар ва хайрлашаётганида нимадандир кўнгли тўлмаслигини сезарди. Айниқса, сўнгги бир-икки йил ичида шундай бўлиб қолган эди. У, албатта, бу етишмаётган нарса нималигини биларди ва унинг юз беришидан чўчирди. Шундай бўлса ҳам қандайдир ички бир туйғу уни шунга ундарди. Аммо Гулчеҳра унинг бу истагини сезмас ё ўзини сезмасликка солар, Абдулла меъёридан ошиқ ҳаракат қила бошласа, дарров ўзини четга тортарди. У Абдулла билан сайр қилишни, қўл ушлашиб олис-олисларни айланиб келишни истарди. Ўз ишларидан тўлиб-тошиб гапиришни яхши кўрарди. Унинг катта бир сири бор эди. Бу сирни фақат уч киши: Абдулла, ўзи ва Самад биларди. Бу сир иккинчи курсни тамомлагандан сўнг пайдо бўлди. У Мингбулоқнинг макетини туза бошлади. Ҳеч ким ундан буни талаб қилмаган бўлса ҳам, у бу ишга жуда жиддий киришди. Абдулланинг, нима
62


қиласиз, деган саволига, у кулиб:
— Раисга кўрсатаман, — деди.
Албатта бундай эмас эди. Гулчеҳра кейин тушунтирди. У Самад билан болалигидан орзуси,
янги Мингбулоқни қуриш орзусига киришган эди. У бу ниятига эришиш қийинлигини билса ҳам, эрта-кеч шунинг Ҳаёлида юрар, эски қишлоқ макети эса унга ишлаш учун керак эди. У қишлоқнинг яхши, бошқа баъзи бир янги қурилаётган қишлоқлар сингари гўзал бўлишини орзу қиларди. Шунинг учун Самаднинг ёрдамида у қишлоқ архитектурасига оид кўпгина китобларни, плакат ва лойиҳаларни ёздириб олган, уйи устахонани эслатарди.
Юсуф ака ярим кечада ҳам ухламай нималарнидир чизиб, тиқир-тиқир қилиб ўтирган Гулчеҳрани баъзан койирди. У қизининг архитекторликка ўқиётганини биларди. Шундай бўлса ҳам ўзини тиёлмасди:
— Нима қиляпсан сен ўзи? Дам олсанг бўлмайдими?
Баъзан эса унинг рўпарасига ўтириб, жимжима қоғозларга катта фанер устидаги қўғирчоқ уйларга, тепаликларга узоқ қараб қоларди.
— Нима қиляпсан ўзи, а? — дерди қизининг эпчил ҳаракатларини кузатиб.
Бир куни Гулчеҳра Самад билан у келтирган телефон симларидан кичкина дарахтлар ясаб ўтирганди, Юсуф ака кириб қолди. У индамай Самаднинг рўпарасига келди-да, макетга тикилди.
Бирпасдан сўнг ҳайратланиб сўради:
— Бу бизнинг тўғон-ку! Гулчеҳра кулиб юборди.
— Топдингиз. Уйимизни ҳам топинг энди, дада? Юсуф ака яна макетга тикилди. Кейин
бирдан:
— Ё тавба! — деб юборди. — Буни нима қилмоқчисизлар? Ўзимизнинг Мингбулоқ-ку бу? — Худди ўзи, — деди Самад. — Қалай, тузукми Мингбулоқ?
Юсуф ака ўпирилган деворлар, қамиш томлар, қинғир-қийшиқ кўчаларга яна тикилиб қолди. — Жуда ўҳшатибсанлар, — деди охири ўйланиб. — Ўхшатибсанлар-ку, лекин бошқа
қишлоқни ясасаларинг бўлмасмиди? Жуда хунук-ку!
— Шу хунуклиги учун ясаяпмиз-да, дада, — деди Гулчеҳра. — Идорага олиб бориб қўямиз.
Ҳамма кўрсин. Шундай жойда яшаб бўладими? Уят-ку!
— Жамоамиз бой, тўғри эмасми? — гапни давом эттирди Самад. — Янги қишлоқ қуриш
керак. Одамлар янги, чиройли уйларда яшасин. Катта-катта кўчаларда юрсин. Ҳозир битта машина юрса, бутун қишлоқни чанг қоплайди. Иннайкейин, жамоанинг клуби йўқ. Мажлис бўлиб қолса, ёшларнинг борадиган жойи йўқ. Тўғри эмасми?
Юсуф ака анграйиб қолган эди.
— Нима, янги қишлоқни шунақа ясамоқчимисанлар? — сўради кейин қизига термилиб.
— Ҳа, — деди Самад. — Гулчеҳра ясайди. Кейин муҳокамага қўямиз. Маъқул бўлса, секин
қуришга тушамиз.
— Тузуксан-ку, қизим? — деди фахр билан Юсуф ака. — Мен буни раисга айтаман.
— Ҳозир керак эмас, — деди Самад. — Аввал битсин макет, кейин.
— Оббо, қизим-ей, оббо қизим-ей, тузуксан-ку! Юсуф ака севинчини яширмай,
алламаҳалгача ёшларнинг олдида ўтирди.
Гулчеҳра шу воқеани кула-кула Абдуллага айтиб берганди, унинг ҳам макетни кўргиси
келиб кетди. Лекин Гулчеҳра кўнмади.
— Ҳали тайёр эмас, — деди у. — Иннайкейин, иннайкейин, сизга кўрсатгани уяламан.
— Нега? — ҳайрон бўлди Абдулла.
— Бу менинг биринчи мустақил ишим. Балки жуда ёмондир. Аввал домлаларимга кўрсатай. — Самад кўрса майли, — деди ҳафа бўлган бўлиб Абдулла.
— Самад кўрмаса бўладими? Бу иккаламизнинг режамиз. Ҳафа бўлдингизми?
63