ҳужжатларини йиғиб, жўнатишим керак.
Абдулла яна бошини қимирлатди. Турсунали ака, гап тамом дегандек, ўрнидан турди.
Эшик тагида Сайёра жилмайиб Абдуллага қўлини узатди.
— Хайр.
— Хайр, — деди шошиб Абдулла ва қизнинг кичкина қўлини маҳкам қисиб қўйди.
Эшик ғичирлаб орқасидан ёпилганда Абдулла оғир хўрсинди. У шу уйга келганидан,
шундай самимий одамлар билан учрашганидан ҳурсанд эди. «Наҳотки энди улар билан бирга бўлсам, бирга ўқисам?» У юзларида табассум ўйнаб, ўзига бу саволларни берар экан, улар саволми ё аниқлашаётган қарорми, билолмасди. Лекин бир нарса, шу уйга келиши, унинг фикрларини ва олдинги режаларини ўзгартиб турганлиги аниқ эди. «Хайр!» Нега у бирдан шундай деди. Русча ҳайрлашмади? Лекин жуда ширин чикди: «Хайр...» Абдулла шуни ўйлар экан, Сайёра, бу қийиқ кўз, қувноқ қиз кўз олдидан кетмасди.
— Ўғлим, — деди уйга келганда Ғафуржон ака уни чақириб. — Турсунали аканг билан қачон учрашасан? Бориб келсанг бўларди.
— Учрашдим, — деди Абдулла дадасининг ёнига ўтириб. — Учрашдим? — севиниб кетди Ғафуржон ака. — Қачон? — Ҳозир ўша ердан келяпман.
— Тушунтирдими ҳаммасини?
— Ҳа, борсангиз яхши бўлади, дедилар.
— Ана, айтмадимми? Бу одам бизга ёмон нарсани раво кўрмайди. Нима дединг?
— Ҳали ҳеч нарса деганим йўк,. Ўзлари ҳам сўрамадилар. Ўйлаб келинг, уйингиздагилар
билан маслаҳатлашинг, дедилар.
— Жуда яхши, раҳмат. Шундай танишимиз бор экан, билмас эканмиз-а?! Хўш, нима қарорга
келдинг? Борасанми?
Абдулла нима дейишини билмай, ўйланиб қолди. Дадаси тагидаги кўрпача зиҳини
ғижимлаб бирпас жим турди-да, кейин деди:
— Борсанг яхши бўлар?..
Уларнинг гапига қулоқ солиб водопровод тагида идиш ювиб ўтирган Шаҳодат опа бўшашиб
кетди, қўлидаги тақсимча шалоп этиб тоғарага тушди.
XI
Сайёра Абдуллачалик ҳаяжонга тушмаган эди. У ҳали мактабни тутатмасданоқ Ленинградга боришини ва отаси ҳузурида яшаб, у дарс бераётган институтда ўқишини биларди. Онаси ҳам бунга рози эди. Лекин у ёлғиз қизининг тўрт йил олис шаҳарда ёлғиз қолиб кетишидан озгина чўчирди. Гап шундаки, Турсунали ака бу институт билан тўрт йил ишлашга келишган, қизи биринчи курсни тамомлаши билан у яна ўзининг эски ишига, Тошкентга қайтиши лозим эди. У ҳам Сайёранинг биронта танишроқ одам билан бирга кетишини истарди. Шунинг учун Ғафуржон аканикидан у ҳурсанд бўлиб қайтган эди. «Отаси яхши одам, ўғли ҳам яхши бўлиши керак», ўйларди у. Абдуллани кўриб у хотиржам бўлди. Камгап, оғир табиатли. У Сайёрага яхши ўртоқ бўлиб қолиши мумкин. Бунинг устига яхши ўқиган. Институтда ҳам қизига кўмаги тегиши турган гап. Борса, яхши бўларди. Лекин у фақат қизи учунгина Абдулланинг у ёққа боришини истамасди. Институтнинг келажаги ва аҳамиятини яхши билгани сабабли ёшлигида уни қўллаб-қўлтиқлаган одамга жиндак бўлса ҳам фойдаси тегишини ўйлаб, у шу таклифни қилган эди. Қизига йўлдош топиш унинг учун иккинчи даражали масала эди. Шунинг учун ҳам Абдулла кетиши билан қизининг: «Неужели из-за меня хочешь его заставить поехать?» — деган саволига:
- Йўқ, фақат сен учун эмас, — деб жавоб берди. — Фақат сен учун эмас. Кичкина эмассан,
50


бемалол яшаб кетасан. Унга яхшилик қилгим келди. Унинг отаси яхши одам.
- Может бытъ он не хочет?
- Бу бошқа гап. Бормаса бормас, лекин институтнинг қандайлигини била туриб, маслаҳат
бермаслик яхши эмас. Нима дединг?
Сайёра елкасини қисди. Унга Абдулла борадими-йўқми, барибир эди. Уни биринчи марта
кўриши, биринчи марта у билан гаплашиши... Бормаса, ачинмайди. Борса, ёмон ҳам бўлмайди. Унга Абдулланинг фақат жилмайиши ёқди. Ў танийдиган йигитларнинг ичида ҳеч қайсиси шунақа жилмаймайди. Тишлари ҳам ёмонмас, оппоқ, текис...
Сайёра Абдуллани кўз олдига келтиришга ҳаракат қилди. Лекин жилмайиши ва русчалаб раҳмат деганидан бошқа ҳеч нарсани эслай олмади. Русча яхши гапирмаса керак? Бу, албатта, тушунарли, ўзбек мактабини тамомлаган. Агар қийналса, Сайёра ёрдам бериши мумкин. Танца тушишга ҳам ўргатади, ҳозир рақс тушишни билмаслик уят. Кўпгина ўзбек йигит-қизлари эса билишмайди. Нега бундай? Танца ахир яхши-ку? Сайёра ўз хонасига кириб радиолани қўйди. Майин мусиқа оҳанги уйни тўлдира бошлади. Бу Сайёранинг энг яхши кўрган куйи — «Дунай тўлқинлари» эди. Сайёра бир зум тебраниб уни тинглаб турди-да, кейин қачонлардир отаси совға қилган ва ҳали ҳам ўзи билан бирга олиб ётадиган катта айиқ қўғирчоқни қучоқлаб, хонани айлана кетди.
— Танца тушасизми?
Эртаси куни кечқурун Абдулла келганда унинг берган биринчи саволи шу бўлди. Абдулла қизариб кетди.
— Оз-моз. Лекин мен... мен...
— Кейин, юринг.
Сайёра уни қўлларидан судраб уйга олиб кириб кетди.
— Ҳеч ким йўқ. Ҳаммалари меҳмонга кетишган. А мне одной скучно.
Сайёра шундай деб уйнинг ўртасида турган столни четга торта бошлади. Лекин кучи етмади
ва қошларини чимириб Абдуллага тикилди. Абдулла кутилмаганда юз берган бу яқинлик ва самимийлиқдан ўзини йўқотиб қўйган эди. Шунинг учун қизнинг нима демоқчи эканлигига дарҳол тушунмай жилмайди.
— Помогите-же! — деди Сайёра.
— Кечирасиз...
Абдулла отилиб столга ёпишди. Сайёра пластинка қўйди-да, унинг ёнига келди.
— Танго.
Абдулла буни яхши биларди. Лекин шундай бўлса ҳам, у билан рақс тушишга чўчирди.
Бутун қиёфаси, ўзини эркин тутиши, эркин гаплашиши билан Сайёра шу пайтгача Абдулла кўрган, билган қизларга ўхшамасди. Бунинг устига ҳали саломлашмасдан бегона йигитни рақсга таклиф қилиши унинг анча билағон, рақсга усталигини кўрсатиб турарди.
Абдулла тортиниб унинг белидан ушлади ва биринчи қадам қўйиши билан Сайёра йигит қучоғида сузиб кетди.
— Уста экансиз, — деди Абдулла ҳайрат билан.
— Бу жуда осон. Сиз ҳам яхшисиз, — деди Сайёра салмоқлаб.
Унинг ўзбекча жавоб бериши Абдуллани ҳаяжонга солди.
— Яхши гапирар экансиз-ку?!
— Эсимга солишмаса, — деди Сайёра унга бошини кўтариб қарар экан. — Папам
куладилар. Шунга улар билан гаплашгим келмайди.
— Ойингиз билан яхши гаплашасизми?
— Ойим билан, қўшнилар билан.
— Кўпроқ машқ қилсангиз, бундан ҳам яхши гапирадиган бўлиб кетасиз.
— Тўғри, лекин ўртоқларим ҳаммаси русча гапиришади. Сиз-чи, сиз русчани яхши
51


биласизми?
— Йўқ, деярли билмайман.
— Агар мен билан бирга борсангиз сизни русчага ўргатаман. Борасизми?
— Бораман. Дадангизга шуни айтгани келувдим.
— У ерда яхши бўлади.
Сайёра бу гапни шундай хотиржамлик билан айтдики, Абдулла унинг ҳурсанд бўлган-
бўлмаганлигини билолмади, негадир авжи пасайиб кетди. Ҳатто бир-икки адашиб, унинг оёғини босиб олди.
— Кечирасиз, — деди қизариб.
— Ничего, — деди Сайёра. — Ўзбек мактабларида танцани кам ўргатишади. Нега, билмайман.
— Ҳа, — Абдулла бу қизнинг олдида шунча билганлари уч пул эканига тушунди ва шу пайтгача ўзича фахрланиб юрганидан уялиб кетди.
— Лекин сиз яхшисиз.
— Қаёқда? Билсам, оёғингизни босиб олармидим? —Оғрияптими?
— Йўқ, босилиб қолди. Фокстротни биласизми?
— Йўқ, эшитганман.
— Москвада нуқул фокстрот тушишади. Менда битта пластинка бор. Қўяйми?
Абдулла майли дегандек бошини қимирлатди. Сайёра, унинг қучоғидан чиқиб, радиолани
тўхтатди ва стол ўтдида бетартиб ётган пластинкаларни тита бошлади.
— Қаёқда эди?
Абдулла эшикка суяниб унга тикилиб қолди. Шубҳасиз, Сайёра уни қизиқтириб қўйган эди.
Унинг нозиклиги, шу билан бирга эпчил ҳаракатлари, очиқлиги, худди отасидек хушмуомалалиги уни Абдулла билан бошқа қизлардан ажратиб, ҳар томонлама улардан юқорилигипи кўрсатиб турарди. Фақат Гулчеҳра бу солиштирмадан мустасно, бутунлай бошқача қиз. У ҳеч кимга ўҳшамайди. Албатта, у Сайёрага ўхшаган очиқ эмас, вальсни яхши билмайди. Шунга қарамай, Гулчеҳра бошқа олам. Қандай яхши у билан танишгани! Кетгунича албатта у билан учрашади. Мингбулоққа боради. Тушунтиради, ўша ёқда ўқиса ёмонми? Иннайкейин, иккалови ҳам институтни битиришлари керак. Унгача ҳеч қандай жиддий ўзгариш бўлиши мумкин эмас. Бунинг устига Гулчеҳра бир йилдан кейин келадими Тошкентга, келмайдими, номаълум. Гулчеҳранинг ўзи ҳам буни билмайди. Келмаганда ҳам Абдулла у билан алоқасини узмасди. Шундай экан, иккаловига ҳам барибир. Лекин таътил пайтида улар албатта учрашиб туришади. Сайёра унга ким бўлибди? У яхши бир одам. Ўзи билан бирга кетяпти. Бирга ўқишади. Тамом, бошқа ҳеч нарса йўқ ораларида. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Биринчидан, у Гулчеҳрани яхши кўради. Иккинчидан, Сайёранинг йигити бўлиши мумкин. Бўлмаганда ҳам унга Абдулла ёқмайди. Ёқса, унинг бориш-бормаслигига шундай фарқсиз қарармиди?
— Мана! — деди Сайёра ниҳоят битта пластинкани кўтариб.
Абдулланинг Ҳаёли бўлинди.
— Жуда яхши фокстрот. Эшитинг.
Сайёра пластинкани қўйиб, хонанинг ўртасига келди. Енгил, шўх куй янграй бошлади. — Яхшими?
Абдулла ҳамон жойидан қўзғалмай турарди.
— Келинг, тушамиз.
— Йўқ, — деди жилмайиб Абдулла. — Билмайман.
— Вальсдан осон бу. Қаранг.
Сайёра шундай деб, қўлларини икки ёнига кўтарди ва мусиқа оҳангига мос ҳаракат қила
бошлади. Унинг кичкина оёклари жуда енгил кўчар, ингичка бели юпқа шоҳи кофтаси тагида
52


чиройли силкинарди. Абдулла қандайдир кечада фокстрот тушишганини кўрган эди. Лекин ўшанда бу рақс унга ёқмаган эди. Ҳозир эса у Сайёранинг эпчил, енгил ҳаракатларини кузатар экан, фокстротнинг ҳам жуда яхши куйлигига ишонди ва эшик тагига стул қўйиб ўтирди-да, беихтиёр қарсак чала бошлади. Сайёра пластинка жим бўлганда тўхтади ва оғзини тўлдириб уҳ тортди.
— Чарчадим.
Кейин у вальс қўйди. Яна иккалови бир-бирини қучоқлаб айлана кетишди. Вальсдан кейин танго, яна вальс, фокстрот... Абдулла ўзида йўқ ҳурсанд эди. Унга бу уйдаги ҳамма нарса ва ҳамма маъқул тушган, шу оила билан, Сайёра билан танишиб қолганидан мамнун эди.
— Мени енгилтак деб ўйламаяпсизми? — сўради бир маҳал Сайёра янги бир вальс тугай деб қолганда.
— Йўқ, мутлақо, — деди Абдулла ҳозиржавоблик билан. — Сиз билан танишганимдан жуда ҳурсандман.
— Мен ҳам. Танцани яхши кўраман. Бирон иш қилаётганимда ҳам радиони қўйиб қўяман. Сайёра Абдуллага қараб жилмайди.
— Бир вақти мен консерваторияга ҳам кирмоқчи бўлган эдим. Кейин айнадим. Физика мени
кўпроқ қизиқтиради.
— Сиртдан ўқисангиз-чи?
— Тисс! — деди Сайёра бармоғини лабига қўйиб. — Бошланди.
Улар жим бўлиб қолишди. Тито Гобби куйларди. Абдулла тушунмаса ҳам, худди Сайёрадек
берилиб қулоқ солди. Ария тамом бўлганда эса, унинг ҳаёл суриб кетганини кўрди. Нималарни ўйлаётганини сўрамоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаганда, Сайёранинг ўзи унга мурожаат қилди.
— Ёқдими? - Ҳа.
- Жуда яхши ария бу. Кейин, бу арияни ҳеч ким Тито Гоббидек айтолган эмас. Бизда эса бунақа овоз йўқ, бунақа опера ҳам йўқ. Сайёра хўрсинди.
— Ачиняпсизми?
— Сиз ачинмайсизми? Катта-катта олимларимиз бор, врачларимиз бор. Яхши ашулачиларимиз йўқ. Битта Ҳалима опа. Бошқа ким бор?
Абдулла жавоб бермади, лекин у ҳавас билан Сайёрага тикилиб қолган эди. Кеча уни енгилтак қиз бўлса керак, деб ўйлаган эди. Жуда серфикр, ақлли қиз экан у. Абдулла шундай ўйлади-ю, беихтиёр ўзини ва ўзи билган одамларни у билан солиштирди. Бу солиштириш Сайёрани янада баландга кўтариб юборди. «Биз ҳеч нарса билмаймиз. Мен-чи, мен эса, дарсликдан бошқа ҳеч нарсани билмайман», — алам билан Ҳаёлидан ўтказди у ва:
— «Гулсара»-чи? — деди бирон нарса дейиш учун, — менимча, «Гулсара» яхши опера.
— Битта шу-да. Бизда бошқа опера йўқ. Абдулла жилмайди. Сайёранинг гапига эмас, фикри тўғри чиққанига ва қизнинг унга қўшилганига мамнун бўлиб жилмайди. Буни Сайёра ўзича тушуниб, гапида давом этди:
— Рост-да. «Гулсара»дан кейин ҳеч нарса пайдо бўлмади. Янги овоз ҳам келмади. Баъзан одам уялиб кетади... кейин...
«Қизиқ, нималарни ўқир экан?» — ўйларди шу топда Абдулла ундан кўз узмай. «Агар адабиётдан гап очилиб қолса, унда нима бўлади? Ахир мен жуда кам нарса ўқиганман-ку!».
— Сайёра, кутубхонангиз борми? — сўради у тўсатдан унинг гапини бўлиб. — Бор. Нима эди?
— Кўрсам бўладими?
— Майли.
Сайёра уни қўшни хонага олиб кирди. Деворларнинг ҳаммаси китоб жавонлари эди. Абдулла анграйиб қолди.
— Катта экан...
53


— Кўпи илмий китоблар. Бадиий асарлар кам. Фақат яхши кўрадиганларим.
Абдулла бу гапни эшитиб, бадиий китоблар жавони ёнига борди. «Кўп ўқир экан, — Ҳаёлидан ўтди унинг. — Ўқисанг, шундай ўқисанг-да!».
У чиройли қилиб терилган китобларни бирма-бир кўздан кечира бошлади: Толстой, Достоевский, Пушкин, Золя, Меримэ... Яна қанчадан-қанча у эшитмаган, билмаган номлар.
— Шуларнинг ҳамасини ўқиганмисиз? — сўради у жўрттага ўзини бепарвороқ тутиб.
— Ҳа, ҳозир Хемингуэйни ўқияпман. Ўқиганмисиз?
— Оз-моз, — деди Абдулла ва гапини бурди: — Баъзи китобларни олиб турсам, майлими? — Майли, лекин...
Шу пайт қўнғироқ чалинди.
— Келишди, — деди Сайёра ва югуриб ташқарига чиқиб кетди.
«Йўқ, мен ҳам шуларни ўқишим керак. Нега у ўқийди-ю, мен ўқимайман?» — ўйлади
Абдулла. — «У нима билса, мен ҳам шуни билишим керак. Ҳатто ундан кўп билишим керак». — Папа! — эшитилди унинг қулоғига Сайёранинг овози. — Он здесь!
— Ким?
— Абдулла. Он поедет.
— Жуда яхши, — деди Турсупали ака.
— Чой қўйдингми? — деди аёл киши. «Ойиси бўлса керак?» — ўйлади Абдулла.
— Ой! Забыла!
— Эсинг қурсин. Сенга танца бўлса. Дарров қўйиб юбор!
Абдулла даҳлизга чиқди.
— Ассалому алайкум.
— О, салом, Абдулла, салом. Келдингизми? Турсунали ака Абдулла билан кўришиб,
хотинига ўгирилди.
— Шу йигит-да, Ғафуржон акамнинг ўғли, Санобар.
— Яхшимисиз, укам? Борадиган бўлдингизми ишқилиб?
— Ҳа, уйдагилар ҳам шундай дейишди.
— Жуда яхши бўлибди-да. Сайёра тушмагур сизни оч олиб ўтирибди-да!
— Қорним тўқ. — Абдулла жилмайди. — Энди кетмоқчи бўлиб турувдим.
— Қаёққа кетасиз? — деди Турсунали ака. — Энди биз билан бирпас ўтирасиз. Ё хавотир
олишадими?
— Йўқ, — деди Абдулла, — айтиб келганман.
— Бўлмасам, бўпти. Қани, ичкарига киринг.
Ўша куни Абдулла алламаҳалда қайтди. Улар анча вақт гаплашиб ўтиришди. Абдулла
кечагидек тортинмади. Турсунали акалар уйидаги очиқлик, самимийлик, ҳазил-мутойиба гаплар, бир-бирига бўлган содда муносабат уни ўзига тортиб олган ва у ўзини меҳмон эмас, шу оиланинг яқин бир кишисидек ҳис қила бошлаган эди. Гап орасида Турсунали ака унинг аттестатини олди, институтга ариза ёздирди. Абдулла бир ойдан кейин — йигирманчи августларда жўнайди. У эса вақтли кетади, ўн кундан сўнг Турсунали ака институтда бўлиши керак. Сайёра ҳам кетади у билан бирга.
— Тағин айнаб қолмайсизми? — сўради кўчага чиқишганда Сайёра.
— Йўғ-е, — деди кулиб Абдулла. — Айнаб энди қаёққа борардим. Аттестатим дадангизда?.. Сайёра ҳам кулди ва қўлини узатаётиб, деди:
— Эртага келасизми?
— Келайми?
— Келсангиз, кинога борардик. Янги фильм кетяпти.
— Нима экан?
— «Любимие напитки». Джинни Лолобриджида ўйнайди.
54


— Э!.. — деди Абдулла. — Бўпти.
У шод эди, жимжит кўчадан уйига қайтар экан, бир нималарнидир хиргойи қилар, Тошкентни сўнгги марта кўраётгандек, ҳамма нарсага суқ билан қарарди. Ҳамма нарса унга гўзал, ҳамма нарса — машиналарнинг серёғдў чироқлари, деразалардаги хилма-хил пардалар, ҳатто ойдан ўн икки қаричча нарида чарақлаб турган унинг юлдузи ҳам кулиб боқаётгандек, унга оқ йўл тилаётгандек эди. Фақат Гулчеҳранинг юлдузи кўринмасди. У қаерда эди? Абдуллани бир дақиқа ташвиш босди, лекин Гулчеҳрага ҳали юлдуз тополмаганини эслаб, кўнгли ёришди. Қайси бирини танласам экан? У яна осмонга тикилди. Милтиллаб турган юлдузларнинг ҳаммаси жуда олисда ва жуда кичкина эди. Қанча тикилмасин, биронта маъқулини тополмади. Уйга келиб эса кайфи бузилди. Эшик тагидаги болохонадаги бешикка кўзи тушиб қолди. Бешик ҳам, болохона ҳам унга шу топда жуда ёмон кўриниб кетди. Уйлари мунча эски? Нега ҳеч нарса йўқ. Мабодо Сайёра келиб қолса, нима қилади? Кутубхона ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бор китоблари токчада ётибди. Шуни эслади-ю, ўзи билан Сайёра ўртасидаги фарқнинг ниҳоятда катталигини сезди. Бунинг устига у кўп нарсаларни билади. Лолобриджида, Гобби, Хемингуэй... Абдулланинг унга етиб олишига анча бор. Лекин етиб олиши керак. Етиб олади ҳам! Кўп ўқийди. Институтни битириб эса, биринчи қиладиган иши уйини тузатади ё янги уй солади. Бир хонани алоҳида кутубхона қилади, бир хона, катта хона — зал, алоҳида ошхона... Ҳа, шундай қилади.
Абдулла шу Ҳаёллар билан бўлиб Гулчеҳранинг юлдузини унутди. Овқатини ҳам емай ётди. Унга уйдаги ҳамма нарса — у ер-бу ери чакка ўтиб ёрилган фанер шифт ҳам, токчада турган эски сариқ самовар ҳам, худди болохонадаги бешиги сингари, ёмон кўриниб қолган эди.
Эртасига Сайёра билан у яна учрашди. Индинига ҳам. Кинога боришди. Хуллас, ўн кўн кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Кетишидан бир кун олдин Турсунали ака уларникига келди.
— Абдуллажон энди бизники, — деди ҳазиллашиб Ғафуржон акага.
— Жон-дилим билан бердим, эскича айтганда: суяги бизники, эти сизники.
Иккалови кулишди. Абдулла ҳам уларга қўшилди.
— Турсунали, ука, раҳмат, — деди шунда Ғафуржон ака кўзига ёш олиб. — Жуда
миннатдорман сиздан. Бор умидимиз шу ўғилдан. Қариганимизда қоронғи уйимизга чироқ бўлсин, деймиз. Ишқилиб сизнинг кўмагингизда одам бўлиб келса, бошимиз осмонда... Ёлғиз ташлаб қўймасангиз, бўлди.
— Йўқ, то жойлашиб, у ерда оқ-қорани танишгунча, бирга бўламан. Кейин ўзлари нима қилишни билиб қолишади. Бориб хабар олиб тураман, — деди Турсунали ака. — Кўнгилни хотиржам қилинг.
— Раҳмат, ука, раҳмат.
Эртасига улар жўнашди. Абдулла аэропортга кузатгани чиқди.
— Вахлироқ боринг, — деди Сайёра. — Шаҳарни кўрсатаман. «Ракета»да саёҳат қиламиз. Абдулла «хўп» дея бош ирғади. Самолёт шаҳар устида бир айланиб, булут ичига
шўнғиганда, Абдулланинг юрагини нимадир тимдалаб кетгандек бўлди. Лекин нималигини у тушунмади.
XII
Уйга қайтиб келганда, супада Ғафуржон ака билан Шаҳодат опа ҳомуш ўтиришарди. Абдулла уларнинг ёнига келиб, супанинг зиҳига омонатгина ўтирди ва тинчликми, дегандай аясига тикилди.
— Кузатиб келдингми? — сўради Шаҳодат опа. — Ҳа.
— Саодат опанг қазо қилибди.
55


— Ким? — ҳайрон бўлиб сўради Абдулла.
— Саодат опанг, тоғангнинг қўшниси, — тушунтирди Шаҳодат опа.
— Ийе, Гулчеҳранинг аясими? — бўшашиб сўради Абдулла.
— Ҳа. Бечора жуда ёш кетди... Қирққа борувдими?
— Билмадим, — деди Ғафуржон ака. — Ҳар ҳолда шунга яқин. Нима қилмоқчисан?
— Қайдам, — деди Шаҳодат хола. — Телеграмма бериб юборамизми?
— Бўлмаган гапни гапирма! — жеркиб берди Ғафуржон ака. — Одам ўлса-ю, сен
телеграмма берсанг! Бориб кел.
— Сизни ташлаб-а?
— Менга нима қилибди? Отдекман. Бир кун минг кун эмас. Абдуллани ол-да, кечқурунги
поездда жўна.
Шаҳодат опа ўйланиб қолди.
— Бўлди, бўлди! Гап шу. Тур, ҳозирлигингни кўр. Шаҳодат опа: «Ўлим қурсин-а, ўлим», —
деб ўрнидан турди. Абдулла карахт бўлиб қолган эди. Уни Саодат опанинг ўлими эмас, бошқа нарса ўйлатиб қўйган эди. Гулчеҳра билан хайрлашаётганда иккалови бир-бирига хат ёзишга ваъдалашишган, хат почтага келиб туриши керак эди. У ҳозир шу ваъдасининг устидан чиқмаганидан мулзам бўлиб ўтирарди. Гулчеҳра ёзганмикин? Нега шу пайтгача эсига келмади?
Абдулла шошиб ўрнидан турди-да, кўчага отилди.
— Қаёққа? — сўради орқасидан Ғафуржон ака. — Олис кетиб қолма.
— Ҳозир келаман.
Ҳайтовур почта ҳали очиқ эди. Абдулла дарча олдида ўтйрган ёш бир қизга мурожаат
қилди:
— Менга Қўқондан хат келиши керак эди...
— Паспортсиз бермаймиз, — деди қиз.
— Илтимос, жуда зарур хат эди. Ҳозир ўзим Қўқонга кетаман.
— Ўзингиз борар экансиз, хатни нима қиласиз?
— Тўсатдан борадиган бўлиб қолдим. Борми ўзи хат?
Қиз бир даста хатни эринчоқлик билан титкилай бошлади. Кейин бир хатни олиб, узоқ
тикилди-да, сўради:
— Хат кимдан келиши керак эди?
— Саидова, Саидова Гулчеҳрадан, — шошиб жавоб берди Абдулла. — Борми?
— Бор, кимингиз бўлади бу одам?
— Танишим. Яхши танишим.
— Ҳм... — деди қиз. — Биламиз қанақа танишлигини. Юрадиган қизим денг қўйинг. Абдулла уялиб кетди, айни вақтда жаҳли чиқди.
— Бунинг нима аҳамияти бор?
— Сизга аҳамияти бўлмаса ҳам, бизга аҳамияти бор, — деди қиз қўполлик билан. —
Арзимаган ошиқ-маъшуқнинг хати деб бутун почта овора бўлади. Олинг.
Абдулла пештахтага қиз улоқтирган хатни олиб, ўша заҳотиёқ очди.
«Салом Абдулла, — дейилган эди хатда. — Кетганингизга икки кун бўлмай, хат ёзяпман.
Овора қилганим учун, кечиринг. Ёзгим келди. Аямлар оғирлашиб қолдилар. Дадам олиб келган доктор ҳеч нарса қилолмади... Тузалишларига ишонч йўқ, деди. У кетгандан кейин кун бўйи йиғладим. Кечқурун эса аямларнинг олдиларида дадамларни қолдириб, кўчага чиқдим. Қаёққа боришимни, нима қилишимни билмай, булоқ бошига бориб қолибман. Эсингиздами, шу ерда биз бирга ўтирган ва келажак ҳақида орзу қилган эдик. Аҳволингиз қалай? Сизсиз назаримда қишлоқ ҳувиллаб қолди. Агар имкони бўлса, ўқиш бошлангунга қадар бир келиб кетсангиз. Ажаб эмас, унгача аямлар тузалиб қолсалар. Сизни соғиниб кутувчи Гулчеҳра».
Хат тагига қийшиқ бир жумла қўшиб қўйилган эди, Абдулла зўрға ўқиди: «Кечиринг, ўчоқ
56