7 - БОБ
— Шундай денг?
— Ҳа, қиз болага озгина оғирлик қилади-ю, аммо яхши.
Меҳмон ўйланиб қолди. Ғафуржон ака ҳам унга, шундай ажойиб ўқишга кетаётган қизига ҳаваси келиб Ҳаёлга чўмган эди. Қани энди у ҳам шу меҳмонга ўҳшаган бўлса-ю, ўғлини шундай ўқишга юборса! Абдулла эсли, ақлли бола, катта одам бўлиб қайтарди.
— Стипендияси тузукми? — сўради у ниманингдир илинжида.
— Бошқа институтдагидан баланд, ётоғи бор. Ғафуржон ака, нима дейсиз, ўғилчани юбормайсизми? Тағин ўзи математикага қизиқар экан, яхши бўларди. — Меҳмон Ғафуржон аканинг иккиланиб тургаиини ўзича тушуниб, қўшиб қўйди:
— Моддий томондан ҳеч қийналмайди. Иннайкейин, мен борман. Ёлғиз ташлаб қўймайман.
— Қайдам, — деди Ғафуржон ака, лекин ичида меҳмоннинг таклифи унга маъқул тушди.
— Шундай деятганимки, — гапида давом этди меҳмон, — институт янги. Уни битирган одам жуда қимматли касб эгаси бўлади. Бу ёғи менга ҳам яхши. Қиз билан иккалови бир-бирига далда бўлиб ўқирди.
— Раҳмат, — деди Ғафуржон ака миннатдор оҳангда. — Мен рози, ойиси билан, кейин ўзи келганда ўзи билан гаплашиб кўрай.
— Шундай қилинг. Имтиҳон топширмайди. Ҳужжатларини мен олиб кетаман. Гаплашиб кўринг. Мен билан ҳам учрашсин.
Меҳмон шундай деб, блокнотидан бир варақ йиртиб, манзилини ёзди.
У кетгач, Ғафуржон ака қоғозни кўрди-ю, унинг кимлигини эслади.
— Шаҳодат, ҳо Шаҳодат! — қичқирди у севинчини яширолмай. — Биласанми ҳалиги одам
ким?
— Ким экан? — деди айвонда иш тикиб ўтирган Шаҳодат опа!
— Артелдалигимда экспедитор йигит бор эди-ку, Турсунали Қурбонов деган, эсингдами?
Ўша.
Шаҳодат опа эслолмади. Лекин Ғафуржон аканинг кўз олдидан бу одамнинг ўқийман деб
Ўратепадан қочиб келгани, турмушда қийналиб, бозорда ҳаммолчилик қилгани ва унга дуч келгани бирма-бир ўтди. Ғафуржон ака уни ўшанда ишга жойлади, ўқишини битирганда яхши бир зиёфат қилиб берди. Кейин Турсунали қаёққадир ишга кетди. Ўшандан бери кўришмас эди. Мана, тоғ тоғ билан учрашмас экан, одам одам билан учрашар экан. Қанча йил ўтиб кетди, бечора уни унутмабди, атайин кўргани келибди. Бу ҳам майли, энди яхшиликларини қайтармоқчи. Дунёда яхши одамлар кўп, ўйларди чеҳраси ёришиб Ғафуржон ака, нега юбормасин Абдуллани? Боргани яхши, қийналмайди, қийналиб қолса унча-мунча пул-мул юбориб туришга қурби етади. Иннайкейин, шундай катта одам, профессор, ёлғизлатиб қўймайман, деяпти. Ғафуржон ака шуларнинг ҳаммасини хотинига тушунтирди. Шаҳодат хола кўнглида қарши бўлса ҳам, эрининг раъйини қайтара олмади.
— Майли, ихтиёрингиз, — деди у. — Ўзи нима деркин? Ўзи билан гаплашинг.
Унинг шундай дейишида жон бор эди. Абдулла эс-ҳушли бола, ўйларди у, дадасини шу аҳволда ташлаб кетмас. Қачон тузалади, тузала оладими ҳали, номаълум. Буни Абдулла ҳам билади. Шунинг мулоҳазасига боради. Иннайкейин, ҳаммаёкда ўқиш бор, яхши ўқиса шу ерда ҳам катта одам бўлиб кетиши мумкин.
Лекин Ғафуржон ака тинчимади.
— Ўзи нима дерди? — деди у. — Бораман, дейди. Ундай жойда ўқиш ҳар кимга ҳам насиб бўлавермайди. Мабодо иккиланадиган бўлса, сен ҳам жим турма, гапир.
Шаҳодат опа индамади.
— Нега индамайсан? Ё ўзинг қаршимисан? — суриштира бошлади Ғафуржон ака. — Менга қара, беш йил ҳеч гап эмас. Ҳаш-паш дегунча ўтиб кетади. Ўзинг ҳам сезмай қоласан. Ўғлинг
43
йўқ ҳунарни эгаллаб келса ёмонми?
— Мен жавобимни айтдим, — деди Шаҳодат опа хўрсиниб. — Ихтиёр ўзингизда. Нимани
лозим топсангиз, шуни қилинг. Лекин аввало, ўзи ҳал қилсин. Бораман, деб туриб олса, сиз ҳам, мен ҳам ҳеч нарса деёлмаймиз. Ўғлингиз кичкина эмас энди.
— Мен ҳам шуни айтяпман-да, хотин, — деди Ғафуржон ака. — Энди кичкина эмас. Лекин фарзандга маслаҳат бериш — ота-онанинг вазифаси. Мен гапирганимда индамай турмагин. Келишдикми?
Шаҳодат опа «ҳа» дегандек бошини қимирлатди.
Абдулла бу янгиликни жуда хотиржам эшитди! Ғафуржон ака буни сира кутмаган, тезроқ у билан гаплашишга шошилган эди. Шунинг учун ўғли келиши билан қишлоқ янгиликларини апил-тапил эшитиб, хушхабарни айтган эди.
— Ҳа, ёқмадими? — сўради ҳайрон бўлиб у хомуш ўтирган ўғлидан.
— Йўқ, нега? Яхши... — деди Абдулла. Лекин кўнглида ўзга юртга боришни истамади. Қандай кетади, бир йилдан кейин Гулчеҳра келса... Уни ўзи зўрға шунга кўндирди-ку?! Қани энди у билан бирга Гулчеҳра ҳам кетса, жуда ажойиб бўларди. Лекин бундай бўлмайди. Демак, унинг бориши керак эмас. Албатта институт яхши. Шунинг устига Ленинградда ўқиш — кўпчилик етишолмайдиган орзу. Лекин у бормайди, Гулчеҳрасиз боролмайди.
Шаҳодат опа меҳр билан ўғлига тикилиб, ҳа дегандай бошини эгиб қўйди. У ҳурсанд эди. Ўғлининг иккиланиб турганини у ўзича тушунган эди.
— Турсун амакинг, ўзим ёрдам бериб тураман, доим ҳолидан хабар олиб тураман, деяпти. Ўзимиз сенга бор десагу, бормайсанми?! Манави Турсун амакингнинг манзили. Мен билан учрашсин Абдулла, деди. Ана, ўзи билан ҳам гаплаш.
— Ўйлаб кўрай, — деди Абдулла, лекин дадасининг қўлидан қоғозни олди.
Кун бўйи у кутилмаган таклиф таъсирида юрди. Рустам чақириб келганда ҳам унинг Ҳаёлидан шу таклиф кўтарилмаган эди. У ўртоғи билан маслаҳатлашмоқчи бўлиб, оғиз очди, лекин дарров бу фикридан қайтди. Иккиланишга ўрин йўқ, ўйлади у, қолишим керак.
Икки ўртоқ кўчага чиқишди.
— Қаёққа борамиз?
— Курантнинг тагида йиғилмоқчи эдик, — деди Рустам. — Жиндек айланиб, ҳали айтганим
кўлга борамиз. — Кетдик.
Улар курантнинг тагига етиб келишганда, кун ботган, панжаралари зар бўёққа бўялган истироҳат боғидан духовой оркестр садоси жаранглаб турарди. Боғ ҳам, кўчалар ҳам, девқомат чинорлар соя ташлаб турган хиёбон ҳам одамлар билан тўла эди. Мусиқа садосига йигит- қизларнинг шўх кулгилари, салмоқли ғовур-ғувур гаплар қўшилиб, тунги оромбахш ҳаёт бошлангандан дарак берарди. «Мингбулоқда нима бор? — Ҳаёлидан ўтказди Абдулла суқ билан атрофига қарар экан. — Мана ҳаёт, жўшқин, гўзал ҳаёт. Гулчеҳранинг рози бўлгани яхши бўлди. У шаҳарда бўлиши керак, чанг-тупрокда нима қилади? Мана шу кўчаларда иккалови кечқурунлари айланишади, шу салқин боғ ичида сайр қилишади, рақс тушишади. Хиёбондаги гулларга кўмилиб ётган скамейкаларда ўтириб Ҳаёл суришади. Бунга нима етсин? Албатта иккалови бирга кетганида-ку, жуда яхши бўларди. Бироқ бу мумкин эмас, Гулчеҳра шу ернинг ўзига келишга ҳам зўрға рози бўлди».
Абдулла юрагини нимадир тирнаб кетганини сезди. Бундан чўчиб, ҳеч нарсани ўйламасликка қарор қилди ва шошиб ўртоғидан сўради:
— Болалар қани?!
— Ҳов ана, келишяпти, — деди Рустам хиёбонни кўрсатиб. — Юр, ўша ёққа. Бу ерда одам кўп.
Улар кўчани кесиб ўтишди. Хиёбон ичидаги йўлкадан улар тенги йигитлар ниманидир
44
баҳслашиб келишарди.
— Ў, келдингми? — деди жингалак соч бир йигит Абдуллага қўл чўзиб. — Биз, қишлоқда
қолиб кетдингми деб қўрқдик. Чимёнда маза бўлди.
— Эшитдим, — деди жилмайиб Абдулла у билан кўришар экан. — Шамоллаб роса ётиб
олибсанлар. — Кулги кўтарилди.
— Қаёқда! — эътироз билдирди жингалак соч йигит. — Битта Рустам шамоллади. Уни ўзинг
биласан-ку, бировнинг йўталига ҳам шамоллаб қолади. Яна кулишди. Айтгандай, Абдулла, таниш, — деди сап-сариқ, ориқ бир йигит ёнидаги шеригини кўрсатиб. — Пўлат. Ленинградга кетяпти. Бу ҳам медаль олган.
— Салом, — Абдулла уялиб қараб турган бу жиккак, олифта кийинган йигитга қўлини узатди. — Қайси институтга?
— Ядрофизикага, — деди ҳозиржавоблик билан Пўлат. Унинг овози майин, худди қизларникига ўхшарди. — Икки йил бўлди очилганига. Дадам қаршилик қилсалар ҳам кетяпман.
— Яхши, — Абдулла ҳавас билан унга тикилди.
— Яхши бўлганда қандоқ! — гапга аралашди Рустам. — Нима дединг, Аҳрор? Зўр бу, зўр!
— Ҳа, — деди жингалак соч йигит. — Агар мен ҳам медалга илинганимда, борар эдим.
— Ҳозир ҳам боравер, — деди сариққина йигит.
— Қўрқаман, имтиҳонлари оғир. Йиқилиб қолишим мумкин.
— Сиз-чи? — сўради Пўлат Абдуллага мурожаат қилиб. — Сиз қаерга кирмоқчисиз?
— Мен... — негадир ўйланиб қолди Абдулла, кейин деди: — Мен ҳам шу институтга борсам
керак.
— Йўғ-э?! — деб юборди Рустам.
— Лекин, лекин ҳали аниқ эмас, — деди шошиб Абдулла. Унинг ўз гапи ўзини чўчитиб
юборган эди. — Дадам шундай деяптилар.
— Борсангиз яхши бўларди, — деди Пўлат.
— Ҳа, албатта, — бу мулойим йигит Абдуллага ёқиб қолган эди. — Лекин билмадим. Ўзим
САГУни, ФизМатни мўлжаллаб турибман.
— Қани, йигитлар! — деди сариққина йигит. — Ҳадеб ўқишдан гапираверманглар. Менинг
ҳиқилдоғимга келди ўқиш. Юринглар.
— Юринглар, — деди Аҳрор йўл бошлаб. Йигитлар йўлкани тўлдириб, Сайилгоҳ кўчаси
томон битта-битта юриб кетишди.
«Нега бундай дедим? — ўйларди йўл-йўлакай Абдулла. — Мақтангим келдими? Йўқ,
менинг бундай одатим йўқ. Ё ҳавасим келдими? Наҳотки боришни шунчалик истасам?» Унинг кайфи бузилган эди. Кўлда ҳам у деярли гапга аралашмади. Узига ёқиб қолган Пўлатнинг эса бир-иккита саволларини жавобсиз қолдирди. Бир пиёла оқ винони зўрға ичиб, ҳаммадан оддин турди. Уйига келиб жойига ётар экан, «Нима бўлибди?! — деди ўзини юпатиб. — Бораман, деб аниқ айтганим йўқ-ку».
Шу фикр ўзига маъқул келиб, кўнгли анча тинчиди-да, кўп ўтмай, ухлаб қолди.
X
Профессорникига бориш керакми, йўқми? Эрталаб уйғонганда Абдулланинг миясига келган биринчи фикр шу бўлди. Лекин қандай қарорга келишни у билмасди. Бир томондан Мингбулоқда Гулчеҳра билан ўтказган кунлари кўз олдидан кетмай, бир йилдан сўнг Тошкентда бундан ҳам яхши давр бошланишини ҳис қилиб, ҳеч қаёққа кетишни истамас, иккинчи томондан отасининг гаплари, кечаги жиккаккина йигитга бўлган ҳаваси уни қийноққа солиб қўйган эди. Лекин кеча у ўзида бундай иккиланишни сезмаган, кетишдан кўра қолишга
45
кўпроқ мойил эди. Негадир бугун унинг фикри уйқудан туриши билан ўзгариб қолди. Бундан у баттар қийноққа тушди. Эринибгина кийиниб, кўчага чикди. Икки ҳовли наридаги ариқ лабида кимдир ўзини офтобга солиб ўтирарди. Абдулла уни дарров таниди ва ўша томонга юрди.
— Ҳа, ўтирибсанми? — деди у унинг ёнига бориб ўтираркан.
— Қариганимда ҳам шу одатим қолмаса керак, — деди Рустам эснаб.
— Эрталабки офтоб яхши.
— Абдулла... — деди Рустам.
— Ҳм...
— Ростдан кетмоқчимисан?
— Қайдам?
— Сенинг ўрнингда бўлсам, учардим.
— Хали ҳам кеч эмас, уч.
Аҳрор кеча тўғри айтди, имтиҳонлари оғир бўлади. Иннайкейин, дадам юбормайди. Сени
ўзлари бор деб туришибди. Имтиҳонларни топширмайсан. —Лекин...
—Нима лекин? Бунинг лекини борми? Жўнайвер. Кирмасанг, кейин ачинасан. Умр бўйи ачиниб ўтасан.
«Балки тўғридир, — ўйлади Абдулла. — Бу ерда қолиб, ишим юришмай қолса, шундай бўлади. Кейин, Пўлатпи кўрганимда, шундай бўлади. Менинг ундан нимам кам?» Бу фикр унинг кўз олдига отасини келтирди. Илгари у қандай эди?! Ҳусанхон акалар унинг олдида икки букилиб юрарди. Энди-чи? Энди улар келиб кўришни истамайдилар. Ҳаммаси отасининг мансаби пасайиб кетганлигида. У бошқача яшайди Унинг ҳаёти баланд-паст бўлиши керак эмас, Тўғри бўлиши керак, йил ўтган сари поғонама-поғона кўтарилиб бориши керак. Ленинградда ўқиб келса шупдай бўлиши мумкин. У ё Пўлат билан тенг бўлиши, ё ундан баланд бўлиши керак. Бошқачаси тўғри келмайди. Бироқ, бироқ... Шу бироқ, Гулчеҳрага берган ваъдаси уни чуқур ўйлатиб қўйган эди. Профессор билан гаплашиб келса-чи? Бунинг нимаси ёмон? Гаплашади, холос!
Бу фикр унга маъқул тушиб, дик этиб Рустамнинг олдидан турди.
— Ҳа, қаёққа?
— Ишим бор.
Профессорнинг уйини у қийинчиликсиз топди. Бу Тошкентнинг энг сокин, жимжит Хоразм
кўчасидаги яхлит ойнали бежирим уйлардан бири эди. Сири кўчмаган зангори дарвозадаги рақамга кўзи тушиши билан Абдуллани ҳаяжон босди. Бўшашган қўлини чўзиб эҳтиётлик билан қўнғироқ тугмасини босди. Ҳеч ким чиқмади. Абдулла ичида ҳурсанд бўлиб қўйди. Лекин кетмади. Дарвоза тирқишидан ҳовлига қаради. Шундай дарвоза орқасида кунгабоқардек катта қизил картошка гулдан бошқа нарса кўзига кўринмади. Яна қўлини чўзиб қўнғироқ тугмасини босди. Шу пайт:
— Кто там? — деган аёл кишининг овози эшитилди.
Абдулла нима дейишини билмай, эшикни бир-икки тақиллатиб қўйди. Енгил туфли пошналари тақ-туқ қилиб дарвозага яқинлашди-да, кейин ғирчиллаб эшик очилди ва Абдулланинг олдида чиройли оёқларига ёпишиб турган кўк шим, енгсиз сариқ кофта кийган нозик бир қиз пайдо бўлди. Кичкина бежирим бошида таранг қилиб тортилиб, ингичка сариқ лента билан боғланган жигарранг сочларининг учи чап қулоғи орқасида жўҳори попугидек осилиб турарди. Абдулла унинг қирра бурни, майда туклари билинар-билинмас қорайиб турган юқориги лаби устида тер томчиларини ва қўлидаги ҳўл латтани кўриб, иш қилаётганлигини пайқади. Қиз унга кўриниши билан латтани яширган бўлиб, қўлини орқасига беркитди.
— Салом, — деди Абдулла унинг туташ қошлари остидаги қўй кўзларига тикилиб. — Здравствуйте, — қиз савол назари билан унга қаради.
46
«Чиройли экан», — ўйлади Абдулла ундан кўз узолмай, лекин кўп тикилишга уялди.
— Менга Турсун амаким керак эдилар. Уйдамилар?
— Ҳа, — деди қиз. У бу сўзни худди ўзбек тилини янги ўрганган одамдек оғзини тўлдириб
айтди. — Заходите.
— Спасибо, — деб юборди беихтиёр Абдулла, лекин ўша заҳотиёқ қўпол чиққанини сезиб,
уялиб кетди. — Шу ерда... шу ерда тураман.
— Нет, нет, заходите.
Қиз эшикни каттароқ очиб, унинг киришини кутмай, тўрдаги баланд зинали даҳлиз томон
йўл олди. Боғичи бойланмаган сандали яна енгил тақ-туқ, тақ-туқ қила бошлади. — Папа!
Қиз даҳлизга кўтарилиб, оёқларини силкитиб сандалини зинапояга ташлади-да, оёқ яланг ичкари хонага кириб кетди. Абдулла зина ёнига бориб тўхтади ва ҳовлига разм солди. Ҳовли жуда салқин, турли-туман гуллар билан тўла эди. Ҳовлининг ўртасида, баланд олмалар тагида пастак шийпон бўлиб, печак гуллар зангори устунларга чирмашиб, томгача чиқиб кетган эди.
— Что вы там стоите? Заходите, — деди қиз чиқиб.
Абдулла унинг кичкина, оппоқ оёқларига кўз қирини ташлаб, даҳлизга кўтарилди. Туфлисини ечмоқчи бўлганда:
— Что вы, не надо! — деди қиз ва оёғи тагига қўлидаги латтани ташлади. — Вытрите и всё.
Абдулла латтага яхшилаб туфлисини артиб, қизнинг кетидан ичкарига кирди. Бу кенггина зал бўлиб, тўрда катта думалоқ стол бор эди. Пастда эса кичкина узунчоқ столнинг икки томонида иккита юмшоқ, кресло турарди. Қиз улардан биттасини суриб, Абдуллага ишора қилди.
- Садитесь. Папа скоро выйдет!
Абдулла креслога омонатгина ўтирди. У ғалати ахволга тушиб қолган эди. Бундай уйни биринчи кўриши, бундай креслода биринчи ўтириши! Қандай яхши! Ҳамма профессорлар шундай яшармикин? Қизи шуми? Жуда ғалати экан. Абдулла ҳавас ва ҳаяжон билан хонага бир-икки қараб чиқиб, қизни кўриб қолди. У шундай эшикнинг тўғрисида даҳлиз токчасига чиқиб, дераза ойнасини артарди. Абдулла беихтиёр унга тикилиб қолди. Қиз латтали қўлини ҳар кўтарганда, кофтаси тагидан шими таранг тортиб турган ингичка оппоқ бели силкинарди. Бу ҳол узоқ давом этди. Бир маҳал қиз Абдулланинг қараб турганини сезди шекилли, қўлини тушириб, кофтасини шимига қистирди.
— Папа! Ну хватить! Человек ждёт! — қичқирди у ниҳоят лабларини чўччайтириб.
Абдулла уялиб кўзини четга олди. «Яхши қилмадим, — ўйлади у. — Демак, қизи шу экан- да? Наҳотки Ленинградга борса?» У худди ўзи кетаётгандек, бунга ишониси келмади, айни вақтда унинг боришини истарди.
Кўп ўтмай ичкари хонадан профессор чиқди. Абдулла ўрнидан турди.
— Куттириб қўйдимми? — деди Турсунали ака унга кўл узатиб. — Салом.
— Салом, — деди Абдулла жилмайиб.
— Эрталаб жиндак ишлайдиган одатим бор. Кечиринг, Абдуллажон.
У хушмуомалалиги биланми, нимаси биландир Абдуллага бирпасда ёқиб қолди.
— Ҳечқиси йўқ, — деди шошиб ва профессордан сўнг креслога ўтирди,
— Айтгандай, олтин медаль билан табриклайман, — деди профессор. — Эшитиб, жуда
ҳурсанд бўлдим. Яхши, жуда яхши!
— Раҳмат, — Абдулла жилмайиб бошини эгди.
— Сайёра, — чақирди профессор кимнидир. Бояги қиз кирди. Энди у худди шимининг
рангида юмшоқ чувак кийиб олган эди. — Что папа?
— Таниш, — деди профессор, — Ғафуржон аканинг ўғли. Айтган эдим сенга. Абдулла
47
ўрнидан туриб қизга қўлини узатди. — Абдулла.
— Мактабни олтин медаль билан битирган! — қўшиб қўйди профессор ғурур билан.
— Поздравляю, — деди қиз жилмайиб. Унинг тишлари гуручдек оппоқ эди.
— Ўзбекча гапирсанг-чи! — деди профессор уни уришган бўлиб.
— Ты же знаешь, какой у меня говор! — деди қиз лабларини чўччайтириб. — Чай
поставить?
— Албатта. Ойинг қани?
— Пошла в ателье. Где будете пить?
Қиз шундай деб Абдуллага ер остидан қараб қўйди.
— Шу ерда, — деди профессор.
— А я здесь хотела убирать...
— Бўлмаса, ҳовлида. Қиз чиқиб кетди.
— Уни кечиринг, Абдулла, — деди кулиб Турсун ака. — Ёшлигимда русчага қийналганим
учун, уни рус мактабига берган эдим. Русча ўқиган. Ўртоқлари ҳам руслар. Ўзбекчага энди ўргатяпман. Ойиси билан энди фақат ўзбекча гаплашади. Мендан уялади. Хўш, аҳволлар яхшими?
— Раҳмат.
— Тунов куни дадангизни кўргани борган эдим. Анча гаплашиб ўтирдик. Кўпдан бери кўришмаган эдик. — Турсун ака хўрсинди. — Дадангиз анча оғир касалга чалиниб қолибдилар. Билмадим, врачлар иккита касал давосини ҳалигача тополмаяптилар: биттаси — гипертония, биттаси — рак. Аммо ташвишланманг, тузалиб кетарлар. У кишини мен кўпдан бери биламан, кўп яхшилик қилганлар менга. — Профессор ўйланиб қолди. Абдулла унинг тарам-тарам пешанасига, оқ оралаган сийрак сочларига тикилар экан, шу топда унга ўхшагиси, катта бўлиб оила қурганда эса, фарзандлари билан худди унингдек енгил, шўх, ўз тенгидек гаплашгиси келиб кетди.
— Дадам ҳам сизни кўп гапирадилар, — деди Абдулла бирон нарса билан уни ҳурсанд қилишни ўйлаб.
— Раҳмат. Ғафуржон ака тилла одам. Ҳаммага у яхшилик қилиб келган. Хўш, докторлар нима деяпти?
Абдулла нима дейишини билмай қолди. У қишлоқдан қайтиб келганидан кейин на дадаси, на онаси билан бу ҳакда гаплашган эди. Мингбулоққа жўнаётганида бир профессор келиб турганидан хабардор эди. Буни аяси айтиб берган эди. Шу профессорнинг гапи эсига тушди.
— Қон босими икки юздан тушмаяпти. Лекин тузалиб кетасиз, дейишяпти. Гўшт емайдилар. Тузли ҳеч нарса ичмайдилар. Бир-икки кун ишга чиқувдилар, қийналиб қолдилар.
— Ишга чиқмаганлари маъқул. Ҳозир ўзларига яхши қарамасалар, кейин қийин бўлади.
— Мен ҳам худди шундай дейман нуқул, — деди Абдулла ва қизариб кетди. У сира шундай демаган эди. Аксинча, отаси уйда йўқ бўлса, негадир севинарди. «Нега шундай демаганман?» ачиниб Ҳаёлидан ўтказди Абдулла. «Шундай одам гапирганида, мен ҳам айтишим мумкин эди...».
— Бизда ўзи кўпинча шундай, — деди Турсунали ака ўйланиб. — Яхши одамлар тез касалга чалинади. Ёмон одамлар, аксинча — уларга бало ҳам урмайди.
— Ҳа, — деди Абдулла, лекин Турсунали аканинг бу гапи билан нима демоқчи эканига тушунмади.
— Папа! Всё готово! — деди Сайёра кулиб. Абдулла унинг хипча белига боғланган нўхат гулли фартуғига ҳавас билан қараб қўйди. Буни Сайёра ҳам сезди шекилли, унга жилмайиб тикилди-да, фартуғининг этаги билан ун юққан қўлларини артди. — Ну, идёмте!
— Қани, юринг, — деди Турсунали ака ўрнидан туриб. — Бизнинг қизни чойидан ичайлик.
48
Жа яхши дамлайди-да! А, қизим?
— Ну, прям уж! — деди Сайёра эркаланиб ва ҳаммадан олдин ҳовлига йўл олди.
Улар шийпонга чиқиб ўтиришди. Ўртадаги кичкина думалоқ стол усти ноз-неъматга тўлиб
кетган эди. Катта гулдор вазада шафтоли, узум, олтиндек анжир, алоҳида тақсимчада Самарқанд данаги... Сариёғ, қази шундай усталик билан паррак қилиб тўғралган эдики, бирон жойида пичоқ тирнаб кетган ғадири кўринмасди. Абдулла нонуштага қўйилган бу нозу неъматларнинг кўплиги, хилма-хиллигидан ҳам кўра, уларнинг нозик дид ва тартиб билан қўйилганлигига ҳайрон бўлиб қолган эди.
Сайёра катта хитойи чойнакда чой олиб келиб Абдулланинг қаршисига ўтирди-да, нон ушатди.
— Ана, айтмадимми? — деди Турсунали ака жилмайиб.
Абдулла Сайёра узатган пиёлага қараб бошини қимирлатди. Памил чой қип-қизил ранг олиб, ажойиб ҳид таратиб турарди.
— Хвастун! — деди Сайёра кўз қирини Абдуллага ташлаб.
— Рости-да, нима дедингиз, Абдулла?
— Яхши чой бўлибди. — Абдулла ер остидан қизга қараб қўйди.
— Папа! — деди секин Абдуллага қараб Сайёра. — Он да?
Турсунали ака кўзини қисиб қўйди-да, кулиб сўради:
— Ёқдими?
Сайёра қип-қизариб кетди. Кейин чой қошиқ билан дадасининг пешанасига урди.
— Я просто спрашиваю.
Турсунали ака кулгидан ўзини тиёлмай гапирди:
— Нега қизариб кетдинг бўлмаса?
— Просто, жарко! И всё!
— Биламан нега жарко.
— Папа!
— Бўпти-бўпти.
Ҳеч нарсага тушунмаган Абдулла пиёласига термилиб ўтирар экан: «Наҳотки бирга ўқисак,
яхши қиз экан», деб ўйларди.
— Дадангиз айтдиларми? Мен сиз ҳақингизда гаплашган эдим, — деди бир маҳал жиддий
тарзда Турсунали ака унга мурожаат қилиб.
Абдулла бошини кўтарди.
— Мен ишлаётган институт яқинда ташкил бўлди, — гапида давом этди Турсунали ака. —
Бу қизиқарли, жуда керакли институт. Эшитган бўлсангиз керак, ҳозир ядро физикаси ҳақида кўп гаплар бўляпти. Атом реакторлари қуриляпти. Хуллас, бу фан ҳозир энг зарур ва келажаги порлоқ фанлардан бўлиб қолди. Бир-икки йилдан сўнг Ўзбекистонда ҳам кўпгина атом иншоотлари қурилади. Математикага ҳавасингиз баланд экан, шунинг учун ва дадангизни ҳурмат қилганимдан сизга шу таклифни қиляпман. Агар хоҳишингиз бўлса, борганингиз маъқул. Мана, Сайёра кетяпти.
Абдулла ялт этиб чой қошиқни ўйнаб ўтирган Сайёрага қараб қўйди-да:
— Раҳмат, — деди секин. — Дадамлар айтувдилар.
— Баракалла. Ҳарҳолда ёмон бўлмайди. Бундан ташқари, мустақил ҳаётга ҳам ўрганиш
керак.
— А может он не хочет? — деди гапга аралашиб Сайёра.
— Билмадим, — деди Турсунали ака. — Ўйлаб кўринг. Уйингиздагилар билан
маслаҳатлашинг. Лекин тез ҳал қилиш керак, талабгорлар кўп.
— Хўп, — деди Абдулла бошини ирғатиб.
— Қачон айтасиз? Шу бир-икки кунда ҳал қилинг. Мен ҳамма борадиганларнинг
49