Фиръавн бориб ўтириши билан нимадир тарақлабди. Шу заҳоти фиръавн ўзини чуқур бир ғорда кўрибдп. Ғор жуда катта бўлиб, деворларида занжирлар осиғлиқ турган эмиш, ҳар бир занжирга эса одамлар боғлаб қўйилган эмиш. Фиръавн ҳайрон бўлибди ва ёнидаги бир мўйсафиддан сўрабди:
— Бу қандай жой?
— Ўлимхона бу, — дебди мўйсафид.
— Ўлимхона?
— Ҳа, ўлимхона. Ҳар куни бир одам сўйилиб, кабоб қилинади. Эртага менинг навбатим. Фиръавннинг жаҳли чиқиб кетибди. Ўз подшолигида шундай ярамас одамлар борлигидан
куюнибди. Лекин ҳозир нима қилиш керак? Бу ердан қандай кутулиб чиқиш мумкин? Фиръавн узоқ ўйлаб, охири бир қарорга келибди:
— Ота, — дебди, — навбатингизни менга беринг. Мўйсафид унга ҳайрон бўлиб тикилибди. Кўнглидан: «Жинними бу одам ўзи? Нечун ўлимга шошилади?» деган гапни ўтказибди-ю, лекин йўқ демабди.
Эртасига фиръавнни юқорига тортиб чиқаришибди. Энди уни бўғизламоқчи бўлишганда, у сўрабди:
— Мен сизга қанча даромад келтираман? Кабобхоиа эгалари, минг динор, дейишибди.
— Ўн минг динор берсам, соғ қоламанми?
— Ҳа, — дейишибди кабобхона эгалари. — Лекин бунча пулни қаердан оласан?
Шунда фиръавн бир кечада гилам тўқиб беришини ва бу гиламнинг ўн минг динор
туришини айтиб, жун ва керакли ускуналар келтиришни сўрабди. Кабобхона эгалари агар ёлғон гапираётган бўлса эртага ўлдириш шарти билан унинг айтганларини муҳайё қилишибди.
Фиръавн туни билан мижжа қоқмай гилам тўқибди. Тайёр бўлганда саройга элтишни ва фиръавннинг кичик хотинига кўрсатишни буюрибди. Кабобхона эгалари у айтганидек қилиб, фиръавннинг кичик хотинига гиламни кўрсатишибди. ва ўн минг динор сўрашибди. Хотин гиламни кўриб, дарров нима бўлганига тушунибди. Фиръавн гилам четига қаердалигини гулга ўхшатиб тўқиб ёзган экан. Лекин хотин сир бой бермай, қароқчиларни ҳурсанд қилиб қайтарибди. Кейин ўша соатдаёқ лашкар тўплаб, кабобхонани босибди, фиръавнни ва бошқа бандиларни озод қилибди.
— Агар, — дерди Ғафуржон ака эртакни айтиб бўлиб, — фиръавннинг ҳунари бўлмаганда, шу гиламни у бир кечада тўқимаганда соғ қолмасди. Ҳунарсиз одамнинг ҳассасиз кўрдан фарқи йўқ.
Унинг иккинчи эртаги ҳам худди шу мазмунда бўлиб, унда қароқчилар бир чўпонни қудуққа ташлаб, қўйларини ҳайдаб кетишгани ҳикоя қилинарди. Чўпон қудуқда аждаҳонинг панжасига тушади. Шунда у най чалиб, уни ухлатмоқчи, кейин қочиб қутулмоқчи бўлади. Аждаҳо унинг ажойиб куйини эшитиб, чиндан ҳам ухлаб қолади, чўпон эсон-омон уйига қайтади.
Абдулла шу ва шунга ўхшаш эртаклар таъсирида ўсди. Унга ҳамманинг ҳаваси келарди. Озода кийинар, шўхлик қилмас, катталарнинг сўзини қайтармасди. Мактабда ҳам у ҳамма ўқитувчиларга ёқиб қолди. Аъло ўқиди, интизом сақлади. Албатта бола бўлгандан кейин шўхлик ҳам қилади. Лекин унинг шўхлигини катталардан деярли ҳеч ким кўрмасди. Чунки юз- кўзи, китоблари ифлос бўлиб қайтса, аясига ёқмаслигини биларди. Буни эса у истамасди. Ҳар доим, ҳар қаерда у кўзга ташланиб туришни, катталар унга эътибор беришларини яхши кўрарди ва иложи борича уларга ёқишга ҳаракат қиларди. Шунинг учун уйга кираётганда албатта юз- қўлини тозалаб, кийимларини қоқиб кирарди. Еттинчи синфгача у ҳар йили мақтов қоғози олиб ўқиди. Фақат еттинчи синфда унга мақтов қоғози беришмади. Бу воқеа уни қаттиқ қайғуга солди, лекин шу билан бир вақтда кўп нарсага ўргатди. Гап шундаки, у еттинчига ўтганида отаси касалга чалиниб, туман савдосиии бошқариш оғирлик қилиб қолди. У бўшаб, яна артелга ишга ўтди. Ўша йили Абдуллаларнинг синфига янги бола келди. У Абдулладан икки-уч ёшга
36


катта бўлиб, жуда олифта кийинар, чарм портфель тутарди. Кўпчилик ўқитувчилар унга алоҳида эътибор билан қарашарди. Доска ёнига чиққанда, тутилиб қолса, уришишмас, секингина: майли, ўтир, келаси сафар сўрайман, дейишарди. Бу нарса Абдуллага ёқмади, у ўқитувчиларнинг ўзига муносабатлари ўзгариб қолганини пайқай бошлади. Айниқса, отасининг қадрдон ўртоғи Ҳусанхон ака ўзини ғалати тутадиган бўлиб қолди. Илгари у билан сўрашиб юрса, энди саломига алик ҳам олмасди. Аммо янги болага эса жуда меҳрибон эди. Синфга кириши билан гўё ундан бошқа бола йўкдай, унинг олдида тўхтаб, қўл бериб кўришарди.
— Ҳа, Инъомжон, яхшимисан? — дерди илжайиб. — Уйингдагилар тинчми? Даданг саломатмилар? Кеча Эргаш акамларни кўрган эдим, шошиб машиналарига ўтираётган эдилар. Мажлис-пажлис бўлса керакда юқорида.
— Шундай бўлса керак, — дерди гердайиб Инъом ва кўряпсанларми, дегандек, ҳаммага кўзини ўйнатиб қараб чиқарди.
— Қийин, қийин, — дерди Ҳусанхон ака. — Ўзи соғлиқлари дурустми? — Ёмон эмас. Докторлари, яна курортга боринг, деяпти.
— Қаёққа бормоқчилар?
— Кисловодскка.
— Ҳа, яхши. Боришлари керак. Одамга энг зарур нарса — соғлиқ. Ўтир, ўтир, нега турибсан?
Ҳусанхон ака шундай дерди-да, сенлар ҳам ўтирларинг, дегандек бошқа болаларга қўлини эринибгина силкитиб қўярди. Абдулланинг жаҳли чиққанидан тишлари ғижирлаб кетарди. Деярли ҳар доим она тили дарсида шунга ўхшаган савол-жавоб бўлаверганидан у қаттиқ азобланар, она тили соати унинг учун катта қийноқ соатидек туюларди.
Ҳатто она тили ҳам унинг кўнглини айнитадиган бўлиб қолди. Йўқламада борган сари баҳолари пасая бошлади. Бир диктантдан икки ҳам олди. Нега бундай бўлди? Нега илгари уни доим яхши кўрадиган ўқитувчилар энди пайқамайдиган бўлиб қолишди? Бунинг сабабини у тушунмасди. Бир куни шу ҳакда ўйлаб, ёғоч ручкасининг учини оғзига солиб ўтирган эди, арифметика ўқитувчиси кириб, дарс бошлаганини сезмай қолди. Ёнидаги бола уни туртди. Бошини кўтарганда ўқитувчи унга қараб, илжайиб турарди. У Абдуллани уришмади, синфдан чиқариб юбормади ҳам, лекин бир умрга Абдулланинг юрагига санчилиб қолган гапни айтди.
— Уйда, — деди у Абдуллага тикилиб, — менинг бир яшар ўғлим бор. Бешикда ётади. Қаровсиз қолганда сумагини чиқариб сўради. Сумакда маза бор, сенинг бу ручкангда маза йўқ.
Қизлардан кимдир пиқ этиб кулиб юборди. Абдулла уялганидан лавлаги бўлиб, бошини эгди-да, кафтини юзига тутди. Дарс тугагач, мактабнинг орқасига ўтиб аччиқ-аччиқ йиғлади. Нега бундай қилишади? Ахир Сиддиқ ака ҳам, Ҳусанхон ака ҳам отасининг яхши ўртоқлари эди-ку? Бошқа болаларга қараганда уни яхши билишади-ку? Иннайкейин, ўзи яхши ўқийди-ку? Кўп ўтмай ҳамма нарса равшан бўлди. Бир куни у ўқишга кетаётганида, супада ёнбошлаб ётган дадаси чақириб:
— Ўғлим, — деди. — Ҳусанхон аканг анчадан бери келмаяпти. Жуда соғиндим. Кўрсанг айтгин, бир келиб кетсин.
— Хўп, — деди Абдулла ва мактабга келиши билан Ҳусанхон акани қидирди, лекин тополмади.
Ўша куни охирги дарс она тили эди. «Дарсдан олдин эшикда пойлаб туриб айтаман», деб қарор қилди Абдулла.
Охирги дарс бошланишига қўнғироқ чалинганда, Ҳусанхон ака етиб келди-да, ўқитувчилар хонасига ҳам кирмай, синфга йўл олди. Эшик тагида Абдулла у билан кўришди.
— Нима дейсан? — сўради Ҳусанхон ака чимирилиб.
Абдулла уни бу аҳволда кўриб, ғалати бўлиб кетди. Лекин ўзини тутиб олиб, деди: —Дадам сизни кўрмоқчи эканлар. Борармишсиз...
37


—Майли, майли, — деди Ҳусанхон ака уни итариб синфга киритар экан. — Борарман, ҳозир вақтим йўқ. Лекин Инъомнинг олдидан ўтаётиб, одатдагидек, тўхтади ва илжайиб қўлини узатди.
—Яхшимисан? Эргаш акам қалайлар?
—Бугун уйдалар, дам оляптилар, — деди Инъом.
—Шундай дегин? Бир бориб кўрмоқчийдим-да... Анчадап бери ҳеч вақтларини топиб
соғлиқларини сўролмайман...
—Боринг бугун, — деди Инъом.
—Қандай бўлар экан? Ҳозир дам олаётган бўлса-чи, кечқурун борсам бўлармикан? —Вақтли борсангиз ҳам бўлаверади.
—Шундай дейсанми? Бўлмасам, дарсдан чиқиб бораман.
—Майли.
—Айтиб қўясан-да, Ҳусанхон акам сизни кўрмоқчилар, деб? Шундай кўраману, қайтаман.
Узоқ ўтирмайман.
—Узоқ ўтирсангиз ҳам майли... — деди Инъом кулиб.
—Шундоқ дейсанми? Яхшиси, шундай қиламиз, Инъомжон, сен билан бирга бораман.
Майлими?
— Майли.
— Раҳмат. Дарсдан кейин иккаламиз кетамиз.
—Ҳусанхон ака шундай деб, ўтирларинг, дегандек эринибгина қўлини силкитди.
Бу суҳбат Абдулланинг у ёқ-бу ёғидан ўтиб кетди. У ўзини ҳам, уйда ётган касал отасини
ҳам беобрў қилишган, хўрланган ҳис қилди. Шу дақиқадан бошлаб, уни тиззаларида олиб ўтирган, эркалаб юз-кўзини силаган Ҳусанхон акани ўзининг энг ашаддий душманидек ёмон кўриб қолди.
Дарс тугагач, бир ўртоғидан сўради.
— Инъомнинг отаси ким?
— Билмайсанми? — деди ўртоғи. — Туман ижроқўми раиси-да.
Абдуллага ҳамма нарса ойдинлашди. Инъомнинг отаси амалдор, унинг отаси эса кичик бир
артелда ишлайди! Мана масала қаерда. Унинг хўрлиги келиб кетди. Лекин йиғламади. Юрагида кўтарилган нафрат йиғидан кучлилик қилди.
Уйда дадаси, айтдингми, деб сўраганда, бир зум иккиланиб турди, кейин деди:
— Салом деб юбордилар. Ишлари кўп экан, эртага ё индинга бораман, дедилар. Албатта бораман, дедилар.
— Раҳмат, раҳмат, — деди Ғафуржон ака севиниб. — Ҳусанхон аканг тилла одам, тилла. Кўрдингми, ўғлим, яхшилик қилсанг яхшилик қайтади. Ҳеч ким сени унутмайди.
Шу жойда Абдулла ўзини тўхтатолмади, ҳўнграб йиғлаб юборди-да, уйга отилди.
— Нима қилди, ўғлим? Нима қилди? — деди орқадан Ғафуржон ака.
Аммо Абдулла жавоб бермади, папкасини токчага улоқтириб, ўзини каравотга ташлади.
Ғафуржон ака ҳам, Шаҳодат опа ҳам қанча уринишмасин, у йиғисининг сабабини айтмади. Орадан бир ой ўтди. Ҳусанхон ака келмади. Кечқурун доктор буюрган тузсиз каптар шўрва ичиб ўтирар экан, Ғафуржон ака хотинига деди:
— Эсингдами, ўғлинг Ҳусанхонни айтиб келиб, йиғлади?! Нега йиғлаганини энди билдингми? Ҳусанхон ўшанда, боролмайман, деган. Шунга йиғлади ўғлинг. Агар шундай демаганида ҳалигача келарди.
— Энди, айтиб кел, деманг, — деди Шаҳодат опа. — Яна қийналади.
— Айтмайман. Мен ҳеч қачон Ҳусанхон шундай қилади, деб ўйламаган эдим. Ўттиз йиллик ўртоқ-а...
— Қўйинг, ўйламанг, — юпатди эрини Шаҳодат опа. — Соғайиб кетганингизда ўзи уялиб
38


қолади. Бахтимизга ўғлингизнинг умри узоқ бўлсин.
— Ўшанда бекор қилдим айтиб кел деб, — хўрсинди Ғафуржон ака. — Ўшандан бери
хомуш, серфикр бўлиб қолди.
Чиндан ҳам шу воқеа Абдуллани ўзгартириб юборган эди. У энди фақат ўзига ишонишга,
дунёда ёмон одамлар йўқ эмаслигига, яхши ўқиб, катта обрўли одам бўлиб етишишга астойдил қарор қилган эди. Бу қарорни амалга оширишдаги биринчи қадам — ўқиш, ўқиганда ҳам аъло ўқиш эди. Лекин ўша йили у қанча тиришмасин яхши ўқий олмади. Тўсатдан бошига тушган ташвишдан қутулолмаган, Ҳусанхон акага бўлган нафрати кучлилигидан она тилини яхши ўзлаштиролмаган эди. Лекин саккизинчи синфдан бошлаб ҳамма нарса ўзгарди. Биринчидан, Ҳусанхон ака, Сиддиқ акани ўриига бошқа ўқитувчилар кирди. Бунинг устига унинг ўзи ҳам вақтни бекор ўтказмай ўқишга жон-жаҳди билан берилди. Натижа яхши бўлди. Саккизинчи синфни ҳам, тўққизинчи синфни ҳам аъло битирди. Инъом зўрға уч-тўртга илинди. Бундан Абдулланинг боши осмонга етди. У ният қилса, бошқа ютуқларга ҳам етишиши мумкинлигини англади. Фақат меҳнат қилиш керак, ҳамма нарсанинг асоси меҳнат. Отаси ҳақ. Меҳнат қилса бир кунмас, бир кун Ҳусанхон акалар унинг оёғига бош қўйишади. Қачон ўша кун келаркин? Қачон?
Ўқишнинг тўртинчи чораги тугай деб қолганда, Абдуллани директор ҳузурига чақиришди. —Сени медалга мўлжаллаяпмиз. Бу ёғини бўшаштирма, — деди директор.
Абдулла севинчи ичига сиғмай директордан миннатдор бўлиб чикди ва яна мутолаага
берилди. Унинг кўзига ўқишдан бошқа ҳеч нарса кўринмай қолди. У ўқиди, муккасидан тушиб ўқиди ва орзусига етди. Мактабни олтин медаль билан тамомлади. Инъом эса йиқилди. Ҳамма ачинса ҳам, унга фақат Абдулла ачинмади.
VIII
Поезд бир оҳангда тақ-туқ, тақ-туқ қилиб борарди. Ярим кеча бўлишига қарамай, Абдулланинг негадир уйқуси келмасди. Купеда ундан бошқа ҳеч ким йўк,. Абдуллага бу маъқул эди. У ўз фикрлари, орзулари билан банд, ҳозир ҳеч кимни кўргиси, ҳеч ким билан гаплашгиси келмасди. Вагон деразаси ортида липиллаб ўтаётган баланд-паст дарахтлар, у билан бирга сузиб бораётган сон-саноқсиз юлдузларга тикилар экан, кўнглида қандайдир хотиржамлик, сокинлик ҳис қилди. Ҳозир унинг фикрлари Мингбулоқдагидан анча тиниқ эди. Лекин Гулчеҳрани эслар экан, вужудини қандайдир ширин изтироб қоплар, юзларида қизнинг иссиқ ёқимли нафасини сезарди. «Бу бахт, — ўйларди Абдулла. — Катта бахт. Ҳар кимга ҳам бу насиб бўлавермайди. Қаердасан, Инъом? Кўр, дунёда тенги йўқ қиз уни севиб қолди. Унинг учун ҳамма нарсага тайёр. Бир йил тез ўтиб кетади. Ўшанда Абдулла у билан бирга бўлади. Оппоқ, нозик қўлларидан ушлаб, шаҳарнинг энг гўзал, энг гавжум жойларидан юради. Уни ҳаммага қувонч ва фахр билан кўрсатади. Ҳамманинг ҳавасини келтиради. Ҳали бу ундай чиройли қизни кўргани йўқ. Ўзи шундай қиз бормикин? Йўқ, бўлиши мумкин эмас».
У қишлоққа келганидан ҳурсанд эди. Агар ота-онаси мажбур қилмаганда, келмасмиди? Чунки ўртоқлари уни Чимёнга таклиф қилишган ва у боришга ваъда берган эди. Лекин уйида онаси уни айнитди. Кейин дадаси қўшилди. Тўғрироғи, улар борма дейишмади. Чимённинг ўрнига улар Мингбулоқни таклиф қилишди. Бувисини кўпдан бери кўргани йўқ. Бечора, жуда соғинган. Бунинг устига дала, тоза ҳаво, тоғаси билан овга чиқиши мумкин. Каклик, бедана бўлади. Мингбулоққа боргани яхши. Чимёнда нима бор? Ҳаммаёқ тоғ, ўрмон. Иннайкейин, овқатининг тайини йўқ. Ўқишдан чарчаб рангини олдириб қўйган одам тоғ-тошда нима қилади? У яхши дам олиши керак. Мингбулоқ худди шунақа дам оладиган жой.
Охири Абдулла кўнди. Онаси қилиб берган совға-саломни олиб, йўлга тушди. Бу унинг биринчи марта ёлғиз йўлга чиқиши эди. Биринчи, мустақил сафари кутилмаганда яхши бўлди.
39


Яхши ҳам гапми, жуда соз бўлди. Ўртоклари кўпинча қизлар ҳақида гапиришарди. Қаерга боришгани, ҳатто нима қилишганини уялмай бир-бирларига айтиб ўтиришарди. Ўнинчи синфга ўтишганда деярли ҳамма болаларнинг юрадиган қизлари бор эди. Баъзилар, ҳатто мактабда бўладиган кечаларга уларни олиб келишарди. Кеча тамом бўлгач, уйларигача кузатиб қўйишарди. Фақат Абдулланинг юрадиган қизи йўқ эди. Албатта у кўп қизларни танирди. Иннайкейин, қизларга ёқишини ҳам биларди. Баъзи қизлар, ҳатто у билан бир кеча рақс тушиб, унинг йўлини пойлайдиган, уйига хат ёзиб киритадиган бўлиб қолган эдилар. Лекин Абдулла парво қилмасди. Қизлар унга ёқмасди, деб бўлмайди. Ёқарди. У танийдиган ва у билан юришни истаган қизлар орасида келишган, чиройлилари ҳам бор эди. Абдулла уларга бир жилмайиб боқиши билан атрофида гирдикапалак бўлишарди. Аммо у бундай қилмасди. Рақс тушарди, лекин ҳаммадан олдин, агар кеча чўзиладиган бўлса, ғойиб бўлиб қоларди.
— Ҳозир ўқиш керак, ҳозир уйда бўлишим керак, — дерди у қолишни истаса ҳам ўзини мажбур қилиб. — Ўйин кейин...
Унинг кўз олдидан ҳозир осмонда чараклаб турган юлдузлардек олтин медаль кетмасди. Ўнгида ҳам, тушида ҳам шуни кўрарди. Медаль унинг учун ҳаёт рамзи, келажак калити эди. Шу калитсиз унинг яшаши ҳам мумкин бўлмай қолган эди. Калит қўлига тушгандан сўнг, нима қилишни у ўзи билади. Майли, ўртоқлари ҳозир ундан кулишсин, қизлар уни одамови, кеккайган, дейишсин. Унинг кимлиги кейин маълум бўлади.
Шундай фикрлар билан ўзини тинчитиб ўқиди, вақтини бекорга кетказмади. Энди-чи? Энди уни кўришсин. Энди ўртоқларидан ўзиб кетди. Унинг ҳеч кимда йўқ, гўзал қизи бор — Гулчеҳра... Унинг исми ҳам ўзидек гўзал. Абдулла озғин, ингичка оёқли қизларни ҳуш кўрмасди. Бир куни рақс тушишаётганда шундай ингичка оёқли бир қизнинг пайпоғи тушиб кетди. Абдулла уни четга олиб чиқди. Қиз этагини сонигача кўтариб, резинкасини боғлаётганда, Абдулла беихтиёр унинг оёғига қаради-ю, энсаси қотди.
Шу-шу ўша қиз билан рақс тушмайдиган бўлиб қолди. Гулчеҳранинг оёқлари бунақа эмас эди. Тўлача, тиззалари кичкина, думалоқ, нима киймасин — баланд пошна туфлими, шиппакми, чиппа ёпишиб, ўзига ярашарди. Шундай қиз уни яхши кўради. Ўзи айтди.
- Мен ҳам сизни яхши кўраман, — деди.
Абдулла муздек ҳаводан симириб осмонга тикилди. Шамол унинг сочларини тўзғитиб ўйнар, кўзларини юмдирмоқчи бўларди, лекин у парво қилмасди. Кўзларипи осмонга тикканича Ҳаёл сурарди. Унинг ҳозир эсига бувисининг қачонлардир ҳар бир одамнинг ўз юлдузи бўлади, деган гапи келди-да, милтиллаб турган юлдузларнинг ҳар бирига алоҳида диққат билан қарай бошлади. Унинг юлдузи қайси экан?! Юлдузлар деярли бир-биридан фарқ қилмасди: бири сал катта, бири сал кичик... Йўқ, булар ичида унинг юлдузи йўқ. Уники бошқача бўлиши керак. Ҳамманикига ўхшамаслиги керак. Агар яхшилаб қараса, бу юлдузларнинг орқасида бошқа юлдузлар бўлиши мумкин, лекин улар анча хира ва кичик. Қайси бири уники? Абдулла узоқ тикилиб, битта юлдузни танлади. Бу юлдуз олти қиррали бўлиб, бир чеккада ажралиб турарди. Унинг ҳажми ҳам катта эди. Ёғдуси ҳам ўткир эди. Шу юлдуз уники бўлади. Йўқотиб қўймаса бўлди, уники бўлади. Ойдан ўн икки қарич нарида, Зуҳрадан баландроқда. Гулчеҳрага қайси юлдузни танласа экан?
Абдулла қанча ахтармасин, ўзига яқинроқ жойдан Гулчеҳрага атаб биронта юлдуз тополмади. Зуҳра юлдузини танлашни эса, истамади. Зуҳра катта. Улар тенг бўлиши керак. Шу фикр миясига келганда, у яна Гулчеҳрани ўйлаб кетди. У бир йилдан сўнг учрашишларини, кейин доим бирга бўлишларини биларди. Бу ҳакда кўп ўйлаган эди. Лекин ота-онаси бунга нима дер экан? Гулчеҳранинг ота-онасичи? Умуман, улар билиши керакми-йўқми? Албатта, ўйлади Абдулла, улар билиши керак, ўзи айтмаса ҳам, бир кунмас бир кун маълум бўлади. Лекин институтни битиришгунча билишмагани яхши. Чунки ўшангача Абдулланинг уйланиши мумкин эмас. У уйланмайди. Уйланолмайди. Бу ҳақда унинг фикри қатъий эди. У отасидек
40


яшашни истамасди. Бировнинг ёрдами билан уйланмайди. Кейин, Гулчеҳрани бўм-бўш уйга олиб бормайди. Уялади олиб киргани. Институтни битиради, ишга киради, рўзғор учун керакли нарсаларни олади, ана ўшанда уйланади. Лекин у шу куннинг тезроқ келишини истарди. Гулчеҳра билан яқинроқ бўлишни орзу қиларди. Қўлларини ушлаш, секин тортиниб ўпиш энди уни қониқтирмасди. У Гулчеҳра билан бирга бўлишни истарди. Бир куни ҳатто тушига кирди. Жуда ғалати бўлди. Аммо уйғониб ўзидан уялиб кетди. Шундай туш кўрганидан ранжиди. Кун бўйи лоҳас бўлиб юрди. Гулчеҳра билан учрашганда эса, қоронғи бўлишига қарамай, унинг кўзларига тик қарай олмади.
— Хомуш кўринасиз? — сўради Гулчеҳра уни тирсагидан ушлаб.
Абдуллани ток ургандек бўлиб кетди. Секин қўлини бўшатиб, ўзини четга олди.
— Бошим оғрияпти, — деди титраб.
— Бошим оғрияпти? Ҳозир тузатамиз! — деди шошиб Гулчеҳра ва булоққа қўлини тиқиб
унинг пешанасига тутди. — Энди тузукми?
— Туззук, — деди Абдулла пешанаси аралаш унинг қўлини ушлаб, кейин бўш қўли билан
қучоқлаб, лабларидан қаттиқ ўпа бошлади, Гулчеҳра нима бўлганига тушунмай, аввал жим турди, кейин силтаниб ўзини тортди.
— Дарров тузалиб кетдингиз-а? — деди қошларини чимириб.
— Гулчеҳра... — деди Абдулла ўз овозини ўзи танимай.
— Тисс! Эшитяпсизми? Беданангиз сайраяпти!!! Гулчеҳра шундай деб қочиб кетди.
Яхши бўлди. Агар ўшанда иккалови ўзларига эрк бериб юборишганда нима бўларди?
Иккалови ҳам шарманда бўларди! Йўқ, Абдулла бундай қилмайди. Қийналса ҳам майли, бундай қилмайди. Ҳамма нарса иродага боғлиқ. У ўз иродасига ишонади.
—Йигитча, тушмайсизми? — деди кимдир орқадан. Абдулла чўчиб, ўгирилди. Эшик олдида вагон кузатувчиси турар эди.
—Тошкентга келдикми? — ҳайрон бўлиб сўради Абдулла.
—Анча бўлди.
Абдулла ташқарига қаради. Кун ёришган, тоғ ортидан офтоб бир қарич кўтарилиб, олтин
шуъласини сочиб турарди. У ниҳоятда катта ва серёғду эди, кечаги, ўзига танлаган юлдузга ўхшамасди. Бу ҳол уни жиндек ранжитди, у ўз юлдузи қуёшдек бўлишини истарди. Афсуски, бундай бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас. Шуни ўйлаб эринибгина хўрсинди-да, поезддан тушди. Сершовқин шаҳар ҳаёти дарҳол уни қучоғига олди. Яшаш қандай яхши, тағин шундай катта, гўзал шаҳарда! Шу дақиқада ҳамма нарса — шу муҳташам вокзал биноси ҳам, бир- бирини қувиб ўтаётган турнақаnор машиналар ҳам, кенг вокзал майдони ўртасиидаги баҳайбат кўсак нусха фонтан ҳам, ҳамма-ҳаммаси уни қувонтирар, унинг борлиғидан ва бахтиёрлигидан дарак бериб турарди.
Трамвай қачонлардир отаси ишлаган Миробод бозорини айланиб ўтиб, оғир ғирчиллади-да, тўхтади. Абдулла вагон деразасидан беихтиёр ташқарига қаради. Бешик осиғлик турган қамиш томли болохонани кўриб, жилмайди. У уйига келган эди. Трамвайдан тушиб, кўчани кесиб ўтганда, кимдир чақирди:
— Абдулла!
Абдулла чамадонини ерга қўйиб, тўхтади. Унинг қаршисига катта сумка кўтарган синфдош ўртоғи Рустам югуриб келарди. Абдулла учрашувдан ҳурсанд бўлди.
— Бормадинг-да, — деди Рустам у билан сўрашиб.
— Ҳа?
— Чимённинг бунақа жойлигини энди билишим. Мазза қилдик. Аҳрорнинг дадаси ўша ерда
экан. Битта қўй сўйиб берди. Икки кун кабоб қилиб едик. Чўмилдик, тоққа чиқдик. Лекинчи, мен шамоллаб қолиб, икки кун ётиб қолдим. Кейин чўмилмадим. Борсанг, мазза қилардинг.
Абдулла жилмайди.
41


— Қишлокда яхши бўлдими? — сўради Рустам.
— Тузук, — деди Абдулла, — бедана отдик, чўмилдим...
— Бедана? — ҳавас билан сўради Рустам.
— Ҳа.
— Анча отдингми?
— Ўнтача.
— Оббо сен-ей! Мазза қилибсан-ку?
Абдулла яна жилмайди. Кўп нарсани гапиришга юраги тўлиб турган бўлса ҳам, ўзини тутди.
У сафаридан ҳурсанд эди, шунинг ўзи кифоя. Бировларнинг билишига ҳожат йўқ. Кўриб турибди, шунинг ўзи етарли. Шунинг учун у гапни бўлди.
— Қачон қайтдиларинг?
— Ўтган куни. Биласанми, одам жуда зерикди. Кечқурун Аҳрорлар билан бир айланиб, кўлга бормоқчимиз. Оролчада ўтириб, қиттак-қиттак қиламиз. Биз билан юр.
— Майли.
— Бўлмаса, кечқурун кираман.
— Қаёққа кетяпсан? — сўради Абдулла сумкага ишора қилиб.
— Э, ойим бозорга кетаётувдилар, қўлларидан юлиб олдим. Одам зерикиб ўлди. Хўп,
кечқурун кирайми?
Абдулла бошини қимирлатди. Уйи томон юрар экан, у ўйларди: унинг зерикишга вақти йўқ.
У ўқийди, кўп ўқийди ва Гулчеҳрани ўйлайди.
IX
Ғафуржон ака ўғлининг қайтишини сабрсизлик билан кутарди. Абдулла Мингбулоққа кетгандан кейин уч-тўрт кун ўтгач, бир одам уни кўргани келди. Ўрта яшар, яхши кийинган, бошида шляпа. У Ғафуржон ака билан эски қадрдонлардай сўрашиб, уни бетоб кўрганига қайғурди.
— Кеча билиб қолдим, — деди у. — Эрталаб Ленинграддан қайтганимни эшитиб, оғайнилар келишди. Шулар сизни бетоб дейишди. Меҳмон-излом билан бўлиб кеча келолмадим. Бугун, нима бўлса ҳам сизни кўришга аҳд қилиб, мана, келдим.
— Раҳмат, раҳмат, — деди Ғафуржон ака истараси иссиқ, хушмуомала бу одамнинг кимлигини, қаерда кўрганлигини эслолмай, лекин сўрагани уялди.
Улар анча вақт у ёкдан-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Шаҳодат опа чой қўйди. Меҳмон гап орасида икки йилдан бери Ленинградда яшаётгани, у ерда янги бир институт очилиб, уни профессор сифатида таклиф қилишганини айтди.
Бир ойча бу ерда бўламан-да, кейин қизимни олиб кетаман, — деди у. — Институтни ўзимнинг олдимда тамомласин. Айтгандай, Абдуллажон қалай? Катта йигит бўлиб қолгандир? — Ҳа, — деди фахр билан Ғафуржон ака. — Мактабни олтин медаль билан тамомлади. Ҳозир Қўқонда. Ўйнаб келсин деб жўнатдик.
— Жуда яхши, жуда яхши. Қайси институтга кирмоқчи?
— САГУга. ФизМатга кираман, дейди.
— О, жуда яхши. Математикани яхши кўрар экан-да.
— Ҳа, ёзма математикани йигирма дақиқада топшириб чиқди.
— Йўғ-е? — ҳурсанд бўлиб сўради меҳмон.
— Ҳа, ўқитувчилари ҳам ҳайрон.
— Яхши, жуда яхши. Бизнинг Сайёра ҳам математикага дуруст. Шунинг учун ҳам ўзимнинг институтимга олиб кетмоқчиман. Келажаги яхши институт. Атом билан, атом энергияси билан боғлиқ институт.
42