— Сиз... сиз жуда чиройлисиз!..
— Қаёқда? Наҳотки? — Гулчеҳра ҳайрон бўлиб қошларини чимирди, кейин ўз саволидан уялди шекилли, бошини эгди.
— Ҳа, жуда чиройлисиз... Биринчи учрашганимиз эсингиздами? Эрталаб? Ўшандаёқ ҳайрон қолган эдим. Сиз ўзгариб кетибсиз.
— Сиз ҳам, — деди секингина Гулчеҳра. Абдулла кулди. — Йўқ, мен ўша-ўшаман.
— Мен ҳам.
Абдулла унинг бу гапини ўзича тушунди.
— Нега бўлмаса, сизсирадингиз?
— Қайдам? — Гулчеҳра яна бошини кўтарди-да, Абдуллага жилмайиб бокди.
«Ўпсам-чи?» — Ҳаёл қилди Абдулла шу топда. «Ўпсам индамасмикин?» — У Гулчеҳранинг
қўлидан ушлаб тўхтади.
— Билмайсизми?
Гулчеҳра ҳам тўхтаб, унга ўгирилди.
— Йўқ.
Унинг овози қалтирарди.
— Биласиз. Гулчеҳра, менга қаранг.
— Ҳм...
Гулчеҳра унга тикилди. Шу пайт Абдулла унинг чап юзидан чўлп этиб ўпиб олди.
— Нима қиляпсиз? — Гулчеҳра шундай деди-да, бир силтаниб қўлини бўшатди ва билаги
билан кўзларини яширди.
Абдулла унинг бу ҳаракатидан қўрқиб кетди. «Кетиб қолса-я?» Лекин Гулчеҳра кетмади.
Фақат бир-икки қадам ундан узоқлашиб, тўхтади.
— Яхши эмас... Севмасдан туриб шундай қилиб бўладими?
— Бўлади! — Абдулла шундай деб яна унинг қўлини ушлади. Гулчеҳра тисарилди. —
Тўхтанг, Гулчеҳра, тўхтанг! Гапларим ёлғон, ҳазиллашдим. Биринчи марта шундай қилишим. Яхши кўраман сизни. Эшитяпсизми, яхши кўраман!
Гулчеҳра нима дейишини билмасди. У бунчалик тез шу гапларни эшитишни кутмаган, шундай бўлади деб ўйламаганди. Абдулла унинг жимгина турганини кўриб, елкасига қўлини қўйди. Иссиқ, ёқимли нафаси димоғига урилди.
— Нега индамайсиз?
Гулчеҳра жим эди. У боягидек ўзини тортмас, қимирламасди. Бирдан у титрай бошлади, кейин, қийналиб ютинди. Абдулла хавотирланиб унга қаради. Уиинг кўзлари жиққа ёш эди.
— Нима бўлди, Гулчеҳра? Ҳафа бўлдингизми? Гулчеҳра бошини тебратди. — Нега йиғлаяпсиз бўлмаса?
— Ўзим... шундай... Қачон кетасиз?
— Билмайман, — деди Абдулла унинг саволидан ҳайрон бўлиб, кейин сўради: — Нимайди?
— Кетманг.
Абдулла севинчи ичига сиғмай уни бағрига босди.
VI
Бу учрашув ва кейинги кунлардаги бошқа қатор учрашувлар иккаловининг ҳам ҳаётини ўзгартириб юборди. Улар кун бўйи тунги сайил, ширин суҳбатлар кайфи, роҳати билан юришар ва тезроқ қош қорайишини орзиқиб кутишарди. Энди уларни нимани гапириш, ўзини қандай тутиш каби саволлар қийнамас эди. Улар қаерда учрашишни, қачон учрашишии ҳам Ҳаёлларига
29


келтиришмасди. Соат ҳам, жой ҳам аниқ. Фақат ҳеч ким кўрмаса, қоронғи бўлса бўлди. Энди улар учун туннинг ажойиб, сеҳрли фазилати очилган, у энди икки қалбни учраштирувчи қудратли куч, чексиз шодлик, ширин Ҳаёллар, орзу-умидлар булоғи эди.
Улар қишлоққа тун чўкканда уйдан чиқардилар. Уларнинг учрашадиган жойлари ё тўғон боши, ё унга яқин катта-кичик булоқлар ялтиллаб турган толзор, ёки бўлмаса олмазорнинг этаги эди. Шу ерлардаги ҳар бир сўқмоқ, ҳар бир тош энди уларга таниш ва қадрдон бўлиб қолган эди. «Ўзимизнинг тош», «ўзимизнинг булоқ», бу сўзлар энди иккалови учун янги мазмун кашф этган, ҳар бир жой энди иккалови учун унутилмас тарихдек бўлиб қолган эди.
Бироқ Абдулла ҳам, Гулчеҳра ҳам қанчалик шод, қанчалик бахтли бўлишмасин, уйга қайтганларида нимадир юракларини ғаш қилаётганини пайқашарди. Бу ғашлик олдинги кунлари унча сезилмаса ҳам, Абдулланинг жўнаши яқинлашганидан кейин очиқ намоён бўла бошлади. Бу ёғи нима бўлади? Нима қилишади? Бу саволлар борган сари кўпроқ иккаловини ўйлатадиган бўлиб қолди... Аммо улар қанча ўйлашмасин, аниқ бир фикр йилтиллаб кўринмас, келажак гўзал бўлса ҳам, тундек қоронғи эди.
«Нима қилиш керак?» — ўйларди Гулчеҳра уйга келиши билан ва кўпинча саволига жавоб тополмас, тўсатдан келган бахт умри қисқа бир тушдек туюлиб, уни қайғуга соларди. Унинг аҳволи Абдуллага қараганда анча қийин эди. Гарчанд ҳалигача Тошкентга бориш-бормаслигини узил-кесил айтмаган бўлса ҳам, қишлоқда қолишини у аниқ биларди. Шунинг учун қийналарди. Очиқ айтиб, кўнгилни бўшатишни эса, негадир истамасди. Унинг назарида шундай дейиши билан Абдулла ўзгариб, алоқалари узилиб қоладигандек туюларди. Бундан у қўрқарди. Икки-уч кун ичида юрагини бутунлай эгаллаб олган Абдулла унга жуда азиз ва қадрдон бўлиб қолган эди. Лекин у қишлокдан чиқиб кетолмайди. Ҳар доим уйга кириб, тўрда ранги заъфарон бўлиб ётган онасини кўрар экан, бу фикрининг қатъийлигига ишонарди. Саодат опанинг аҳволи чиндан ҳам оғир эди. Ўтган йили баҳорда у шамоллаб, беш-олти кун ётиб қолди. Кейин тузалиб кетди. Аммо ўқтин-ўқтин боши оғрийдиган, кўнгли айнийдиган бўлиб қолди. Тузалиб кетар- тузалиб кетар билан бепарво юриб, кузга келганда яна ётиб қолди. Юсуф ака уни Қўқонга олиб борган эди, касалхонада олиб қолишди. Кузатиш-текширишлардан сўнг унинг ошқозонида рак борлиги аникданди. Не-не шифокорлар кўрди, лекин Саодат опа бирдек эди. Иштаҳаси йўқолган, озиб, териси суякларига ёпишиб қолган эди. Юсуф ака докторлар билан маслаҳатлашиб, қишда уни Тошкентга олиб борди. Бу ерда ҳам раклиги аниқланди. Катта-катта докторлар Юсуф аканинг мўлтираган кўзларига қаролмай, «ожизмиз» деган бошларини қуйи солишди. Лекин Саодат опадан касалини яширишди. Қишлоқда ҳам ҳеч кимга айтишмади. Саодат опанинг ракка йўлиққанини фақат тўрт киши — Юсуф ака, раис — Нурмат ака, Гулчеҳра ва Обид акагина биларди. Тўртталови ҳам бечора аёлни кўриши билан юраклари эзилар, кўпинча ташқарига чиқиб, ўзларини тутолмай йиғлашарди. Айниқса, Юсуф ака кўп азоб тортарди. Урушдан янги қайтганда Саодат опа унинг кийимларини кийиб, трактор ҳайдарди. Гулчеҳра беш яшар бола эди ўшанда. Умуман, чапани, жанжалкаш одам у билан турмуш қургандан сўнг, бутунлай бошқача бўлиб қолган, Саодат опа унинг учун ҳам хотин, ҳам она, ҳам давлат эди. Хуллас, ҳозир нимага эга бўлган бўлса, ҳаммасига Саодат опанинг маслаҳатлари билан эришган эди. Буни у яхши биларди ва хотинини жонидан ҳам ортиқ севарди. Шунинг учун деярли ҳар куни ярим кечагача тепасида ўтирар, кундуз кунлари эса бир неча марта келиб хабар олиб кетарди.
Уларнинг бахтига Гулчеҳра бор экан, иккаловига балогардон ҳозир у эди. Уйнинг юмушлари ҳам унинг бошида бўлиб, кун бўйи тинмасди. Эр-хотин баъзан саҳаргача кўз юммай ётишар экан, уни ўйлашар, унинг борлиги билан фахрланишар эди.
Бир куни Гулчеҳра уйга одатдагидан кеч қайтди. Ўша куни Абдулла иккалови болаликларини эслаб, олди ҳовуз шийпонни қидириб кетиб қолишган эди, Гулчеҳра дарров юзини чайиб, аясининг олдига кирди. Дераза тагида укаси Алишер ҳуррак отиб ухлаб ётарди.
30


— Кеч қолиб кетдинг? — деди Саодат опа сўлғин кўзларини унга тикиб. Гулчеҳра дарров бугун уйдан нима баҳона билан чиқиб кетганини эслади. — Зарифа билан ўтириб қолдик... — деди секин.
— Холидаларникига кетувдинг шекилли? Гулчеҳра тутилиб қолди.
— Холидаларникига? Ҳа... Холидаларникида эдим. Кейин у ёққа чикдим.
— Уканг оч ётиб қолди.
— Кетаётганимда овқатлантирганман.
— Ундай бўлса, яхши. — Саодат опанинг йўтали тутди, аммо битта йўталгунча, сув бўлиб
кетди. Гулчеҳра унинг бошини кўтариб, ёстиғини алмаштирди, юз-кўзини артди.
— Дадам келмадиларми?
— Яқинда... яқинда Нурмат аканг билан келиб кетишди. Бир доктор келганмиш
Тошкентдан. Шуни чақиришмоқчи.
— Катта доктор эканми?
— Ҳа, жудаям катта эмиш. Дадангдан ўргилай... Ишқилиб сенларнинг бахтингга унинг умри
узоқ бўлсин.
— Сиз ҳам тузалиб кетасиз, ая.
— Даданг ҳам шундай деяпти. Кошки эди тузалсам, Гули...
— Лаббай, ая?
— Зовут аянинг набираси...
Гулчеҳра бу гапни эшитиши билан қип-қизариб кетди. «Наҳотки билишган бўлса?» —
қўрқув аралаш Ҳаёлидан ўтказди у.
— Зовут аянинг набираси... оти нимайди? Эсимдан чиқибди...
— Абдулла, — деди секин Гулчеҳра ва диққат билан онасига тикилди. Нима демоқчи у?
Наҳотки биронтаси кўриб, унга етказган бўлса? Дадаси билиб қолса нима бўлади? Ё билармикин?
— Нима эди, ая? — сўради у тусмоллаб.
— Шу... Абдулла жуда яхши бола бўлганмиш. Кўрдингми уни?
— Ҳа, битириш кечасига борган эди, — деди Гулчеҳра ҳамон қўрқувдан ўзини босолмай. —
Ҳамма қатори, тузук. Нима эди?
— Олим бўлармиш у. Ростми? Гулчеҳра кўнгли жойига тушиб, жилмайди.
— Билмадим. САГУга кираман деятувди.
— Зумрад холанинг ўғли ҳам кетиб қолибди... Келмабдими?
— Йўқ, ая. У энди келмайди. Келса ҳам ўқишга кириб, кейин келиб кетади.
— Гули..
— Лаббай?..
Саодат опа чарчади шекилли, оғир хўрсиниб, кўзларини юмди. Гулчеҳра уни фақат
қошларигина қорайиб турган, оппоқ, рангсиз юзига тикилар экан, нима демоқчи эканлигига тушунмасди.
— Нима демоқчисиз, ая?
— Ҳозир... Гули, даданг билан гаплашдим. Ўша янги чиққан доктор кўрса, мен тузалиб кетаман. Мабодо тузалмасам, бу ёғи... бу ёғи оз қолди.
— Нима деяпсиз, ая?! — жеркиб берди Гулчеҳра.
— Эшит. Бу ёғи оз қолди. Ташвишдан, азобдан қутуламан. Даданг ҳам рози. Сен бор. Ўқи. Қўқонга борасанми, Тошкентга борасанми — ўзинг биласан. Тошкентга борганинг маъқул. Қосимжон бор... Иннайкейин... Зовут аянинг набираси... Ёлғиз бўлмайсан...
— Ая!..
— Бор. Биз даданг билан ўқимадик. Ўқиёлмадик. Даданг урушга кетиб қолди. Мен иш билан бўлдим. Лекин ўқиган қизларни кўрсам, ҳавасим келарди. Даданг яхши одам. Урушдан
31


қайтганида, сен ўқи, деди.
Беш йил тез ўтиб кетади, кутаман, деди. Мен, йўқ, дедим. Уни ёлғиз ташлаб кетгани кўзим
қиймади... Сен ўқи.
Гулчеҳра онасидан бундай гапларни сира кутмаган эди. У онасини яхши биларди, лекин
бунчалик бағри кенглигини ҳаёлига келтирмаган, аксинча, иттифоқо кетмоқчи бўлсам, юбормайдилар, деб ўйлаб юрарди. Шунинг учун бўлса керак, ҳозир унинг чакка суяклари бўртиб турган заъфарон чеҳрасига тикилар экан, хўрлиги келиб, кўзларига ёш қуйилди.
— Мунча яхшисиз, ая! — у ўзини онасининг кўкрагига яшириб муздек пешанасини, эрта оқарган сочларини силай бошлади. — Мунча яхшисиз?! Кетмайман ҳеч қаёққа! Сизни кимга ташлаб кетаман? Ўқиш бир гап бўлар. Сиртдан ўқийман. Йилда икки-уч марта бориб келаман институтга. Кейин, оз қолди, деманг, ая. Одам қўрқади. Сиз ҳали кўп яшайсиз! Тузалиб кетасиз!..
— Кошки эди, Гули...
Саодат опа қуриган оппоқ қўллари билан қизини қучоқлади, юз-кўзларини силади.
— Шундоқ дерсан девдим ўзим ҳам, Гули... Лекин менга ўхшашингни истамайман. Сенинг
бошқалардан қаеринг кам? Ақлли, эсли-ҳушлисан, ҳар қандай ўқишни эплаб кетасан? Йўқ, дема, бор. Даданг ҳам рози.
— Йўқ, ая. Кетмайман.
Саодат опанинг кўзларида ёш кўринди.
— Йиғламанг, ая. Ҳамма айтганларингиз бўлади, қаммаси бўлади. Мана кўрасиз, йиғламанг. — Йиғлаётганим йўқ.
Саодат опа жилмайишга ҳаракат қилиб, кўзларини арта бошлади. Гулчеҳра унинг кўм-кўк
томирлари бўртиб турган қўлларига қараб, «Қандай ташлаб кетаман? Шу аҳволда ташлаб кетиб бўладими?» деб ўйларди ва юпатишга интиларди.
— Биласизми, ая? — деди у бир маҳал. — Бугун жуда ғалати туш кўрдим. Айтиб берайми? — Ҳм, — бошини қимирлатди Саодат опа.
— Эшитинг. Эрталаб экан. Дадам ҳовлида юз-қўлларини юваётган эмишлар. Алишер
кўчада, офтобда ўтирган эмиш. Сиз ўчоқ бошида нимадир пишираётган эмишсиз. Мен бўлсам, мен нима қилаётганимни билмайман. Бир маҳал дадамлар чақирибдилар...
Гулчеҳра дадасининг овозига ўхшатиб, йўғон овозда қичқирди.
— Ҳой! Овқатларингдан дарак борми?
Унинг овози жуда кулгили чиқди шекилли, Саодат опа кулиб юборган эди, йўтал тутди.
Гулчеҳра тўхтаб, унинг кўкрагини босди.
— Гапиравер... — деди Саодат опа рўмолчасини силкитиб.
— Шунда сиз, «ҳозир!» дедингизу, бир лаган ширгуруч олиб келдингиз. Кейин дадамлар
ҳаммамизни кўчага олиб чиқдилар. Аммо кўча йўқ эди.
— Шу ўзимизнинг кўча-я? — сўради кўзларини очиб Саодат опа.
— Ҳа, шу кўча йўқ. Унинг ўрнида катта майдон турган эмиш. Майдоннинг ўртасида
самолётга ўхшаган оппоқ бир нарса.
— Бу нима, деб сўрадингиз сиз.
— Дирижабль, — дедилар дадамлар. — Атайин сенга олиб келдим. Саёҳат қиламиз. Қани,
ўтиринглар.
Ҳаммамиз дирижаблга чиқдик. Дадамлар рулга ўтирдилар. Бир маҳал дирижабль лопиллаб
осмонга кўтарилди-да, булутларни ёриб ўта бошлади. Жуда кўп учдик. Сиз Алишерни маҳкам ушлаб олибсиз. Нуқул дадамларни туртиб:
— Ҳой бўлди. Болалар қўрқади, дейсиз. Дадамлар бўлса, куладилар.
Гулчеҳра бу ёғига нима дейишини билмай, тўхтаб қолди:
— Кейин нима бўлди? — сўради Саодат опа. Унинг худди Гулчеҳраники сингари йирик
32


қора кўзлари куларди.
— Кейинми? — деди Гулчеҳра. — Кейин бир жойга қўндик. Бундай қарасак, Москва экан.
Бирам катта, бирам чиройли!.. Бирдан нимадир гумбурлаб кетди. Шу пайт уйғониб қолдим. Алишер радиони бураб юборган экан.
— Яхши туш кўрибсан, — деди Саодат опа. У қизи бу тушни ҳозир тўқиганини сезган бўлса ҳам, билдирмади. — Тузалиб кетсам, янаги йилга Москвага борамиз. Ҳаммамиз борамиз.
— Ҳой! Овқатдан дарак борми?! — қичқирди кимдир.
Иккалови кулиб юборишди: Юсуф ака қайтган эди, Гулчеҳра югуриб ҳовлига тушди.
— Аянг қалай? — сўради Юсуф ака қизини тўхтатиб.
— Кулиб ётибдилар... — кулди Гулчеҳра.
— А?!
— Ана, кириб кўринг ишонмасангиз.
Юсуф ака севинганидан чўлп этиб қизининг пешанасидан ўпди-да, лапанглаб уй томон
юриб кетди.
«Худди ёш болага ўхшашади, — ўйларди Гулчеҳра ўчоқ бошига борар экан. — Уларни
ташлаб кетиб оўлармиди? Менсиз нима қила олишарди улар? Кетмайман».
Шу пайт кўз оддида Абдулла пайдо бўлди. Нима бўлди ўзи? Нега бирдан унинг ҳаёти ўзгариб кетди? У энди нима қилиши керак? У фақат иккита нарсани аниқ билади: биринчиси — кетмайди, иккинчиси эса — севиб қолди. Лекин бу севги унга нима келтиради? Уни бахтли
қиладими, ё қайғуга соладими — буни у билмасди.
Эртаси куни у Абдуллага онасининг гапларини, ўзини қийнаётган саволларни батафсил
айтиб берди.
Улар канал ёқасида бир оз айланишди. Иккалови ҳам хомуш, иккаловининг ҳам кайфи
бузилган эди.
Абдулла шундай бўлишини сира кутмаган эди. Энди нима қилади? Наҳотки бор қувончини
шу ерга ташлаб кетади?
— Балки, — деди Гулчеҳра бир маҳал, — келаси йилга борарман.
— Наҳотки?! — қичқириб юборди Абдулла.
— Аямларга яна бир доктор топишди. Тузалиб кетсалар, янаги йилга бораман.
— Гулчеҳра, жоним...
Абдулла қувонч билан уни қучоқлади. Лекин Гулчеҳра дарров ўзини бўшатиб олди.
— Кутасизми?
— Бўлмаса-чи!
Улар шу қарорга келиб хайрлашишди. Бир йил нима деган гап? Кўз очиб-юмгунча ўтиб
кетади. Бир йилдан кейин эса... Абдулла ширин Ҳаёллар оғушида уйга қайтди. У шу пайтда Гулчеҳранинг ёстиққа юзини буркаб йиғлаётганидан хабари йўқ эди.
Эртаси куни Ҳожар буви қишлоқнинг ўттиз-қирқ хотин-қизини йиғиб, бешик тўйи қилиб берди. Обид ака билан Абдулла роса чарчашди. Лекин иккалови ҳам шод эди. Абдулла Гулчеҳра билан қатъий аҳдлашганига севинса, Обид ака уйда чақалоқнинг овози эштилаётганидан боши осмонда эди. Севинганидан у, хатто ош сузиб тарқатилганда, битта яримталикни очиб, Абдуллага ҳам ичирди.
— Жиян! Сени яхши кўраман. Ишқилиб ўғлим сенга ўҳшасин. Шунга ичмайсанми?
Абдулла йўқ деёлмади. Бир пиёлани симирди.
— Баракалла! — деди Обид ака. — Даданг хўп тортардида илгари. Ичгин демайман, ичма,
лекин жиян, манавинақа пайтда озгина ичилса, зиён қилмайди.
Биринчи марта ичгани учунми, Абдулланинг боши айланди, кўзлари қизариб кетди.
— Мазанг йўқ-ку! — деди кулиб Обид ака. — Ҳозир тузатамиз. Қани аччиқ-аччиқ чой ич-
чи!
33


Абдулла тоғаси айтгандек қилиб, анча ўзига келди. Хотинлар тарқалишганда эса йўлга тушмоқчи бўлиб қўзғалди. Унинг уйга кетгиси йўқ эди. Лекин уч-тўрт кунга келган одам ўн кун қолиб кетди.
— Аям хавотир оладилар, — деди у бувисининг қистовига қарамай. — Кетаман. Обид ака бир нечта сур бедана тугиб берди.
— Дадангга олиб бор. Емаса ҳам, кўнгли.
— Келиб тургин, болам. Жим бўлиб кетмагин?
— Энди тез-тез келиб тураман. Абдулла шундай деб, жилмайди.
— Шундай қил, болам, шундай қил, — Ҳожар буви ҳеч нарсага тушунмай неварасининг елкасига қокди.
Бир қўлида чамадон, бир қўлида тугун кўтариб, Абдулла йўлга чиққанда қош қорая бошлаган эди. Кечки поездга икки соатча бор. Гулчеҳра келганмикан? У кўприкдан ўтиб, олмазор томон юрди. Гулчеҳра уни шу ерда кутмоқчи эди. Олмазорнинг этагига етганда унинг қораси кўринди.
— Келдингизми? — деди Абдулла унга яқинлашиб. Гулчеҳра бошини қимирлатди. Худди биринчи учрашувдагидек иккалови яна анча вақт жим қолишди. — Келишдик-а?
— Келишдик, — деди қийналиб Гулчеҳра.
— Боришим билан хат ёзаман.
— Келасизми?
Гулчеҳранинг овозида чексиз илтижо, муҳаббат бор эди. Абдулла буни сезди ва
тўлқинланиб:
— Албатта! — деди.
VII
Ҳар бир оиланинг ўзига хос ҳаёти, тарихи бўлади. Абдуллалар оиласининг ҳам ана шундай ҳам яхши, ҳам ёмон фазилатларга эга бўлган ҳаёти, тарихи бор эди. Бу оила уч кишидан иборат бўлиб, Тошкентнинг марказида Янгиобод маҳалласида истиқомат қиларди. Ҳовлилари катта, кўчага орқа ўгириб тушган уйлари баланд қасрни эслатарди.
Абдулланинг отаси — Ғафуржон ака маҳалланинг обрўли кишиларидан эди. Биронта тўй- маърака усиз ўтмас, маҳалланинг деярли катта-кичиги кўпинча унинг маслаҳати билан иш тутарди. У ўзи асли паркентлик бўлиб, отаси билан бирга тунукасозлик қилган, эски мактабда озгина ўқиган, отасининг вафотидан кейин Тошкентга келиб, Янгиободда мактаб очган ўртоғи Ҳусанхон аканикида яшай бошлаган эди. Янги мактабда ҳам озгина ўқиди, кейин шу мактабда ҳўжалик ишларини бошқара бошлади. Бу соҳада у қисқа вақт ичида фақатгина мактаб дирекциясининг эмас, туман раҳбарларининг ҳам ҳурматига сазовор бўлди. Қандайдир бир йиғилишда у тумандаги савдо ишлари ҳаақида жуда фойдали ва керакли гапларни айтганда, унинг обрўси янада ошиб кетди. Ўшандан кейин кўп ўтмай тунукасозлик артелига директор қилишди. Ун йилдан ортиқ ишлади шу артелда. Сўнг туман савдо бошқармасига мудир қилиб тайинлашди. Шу йил у нима иш биландир Қўқонга бориб, Завод ая билан танишиб қолди. Завод аяга оғир, етти ўлчаб бир кесадиган Ғафуржон ака ёқиб қодди. Ўғлини унга қўшиб Фарғонани айлантирди, уйида меҳмон қилди. Шаҳодат хола ўшанда эндигина ўн саккизга кирган қиз эди. Гап орасида Ғафуржоннинг ҳали уйланмаганлиги, иш билан бўлиб рўзғор тутмаганлиги маълум бўлди. Завод ая қизининг узоққа кетиб қолишини унча истамаса ҳам, йигитнинг яхшилигини кўриб, уни куёв қилгиси келиб қолди. Йўлини топиб айтди ҳам. Ғафуржон ака Шаҳодатни кўриб, рози бўлди. Тўй қилишди.
Завод ая ўзи Тошкентга тушиб, куёвининг ёр-биродарлари билан биргаликда, ёшларга уй- жой қилиб берди. Ў куёвидан, Ғафуржон аканинг дўстлари эса келиндан, унинг кўпни кўрган,
34


ақлли, тажрибали онасидан ҳурсанд эди.
Шундай тоифа одамлар бўладики, улар меҳнат билан бўлиб ўзини ўйламайди. Баланд бўй,
полвон қоматли Ғафуржон ака шундай одам эди. Уйида Завод ая берган жиҳоз, асбоб-анжомдан бошқа ҳеч нарса бўлмай, меҳмон-измон келганда Шаҳодат опа идиш-товоқни кўпинча қўни- қўшнидан олиб чиқарди. Эридаги бепарволик унга ҳам ўтиб, онасининг: уни ол, буни ол, деган маслаҳатларига:
— Ҳа, оларман, шусиз ҳам кун ўтяпти-ку, — деб қўя қоларди.
Эр-хотин жуда тотув, яхши яшашарди. Абдулла туғилганидан сўнг, уларнинг ҳаёти янада лаззатли бўлиб кетди. Бола баҳона, уй янгитдан қурилди. Ҳатто ортиқча ул-бул ҳам ғамланди. Шунга қарамай, Ғафуржон ака рўзғор ишларига бутунлай уқувсиз одамлигича қолаверди. Аммо бу ҳеч кимни — хотинини ҳам, қайнанасини ҳам, маҳалладаги ошна-оғайниларини ҳам ташвишга солмади. Чунки Ғафуржон ака уйини ўйламаса ҳам, маҳалладаги деярли ҳар бир оиланинг ташвиши, кам-кўстидан хабардор эди. У қийналиб қолган одамга ёнидаги бор пулини бериб юборишдан ҳам тоймас, совға-саломни қуюқ қиларди. Бундан у ҳеч нарса таъма қилмасди. Шу қилган иши ўзини ҳурсанд қилса, бўлди, шунинг ўзи унга кифоя эди.
— Сиз асаларига ўхшайсиз, — дерди уни койиган бўлиб баъзан Завод ая. — Асал қўясизу, ўзингиз емайсиз, бошқалар ейди.
— Э, ая, — дерди шунда Ғафуржон ака. — Яхши бисотдан яхши от қолгани яхши. Қозон қайнаб турибдими, шунинг ўзи катта давлат.
Бироқ Ғафуржон ака ҳақида ёмон ўйлайдиган одамлар ҳам йўқ эмасди. Улар, бундай сахийликни ошиб-тошиб кетган одам қилади, сандиғи тўлаки, шундай қиляпти, деб ўйлашарди. Ғафуржон ака фисқи-фасод гаплар қулоғига етса ҳам, парво қилмасди. Ғийбатларни эшитиб, хомуш ўтирган хотинини уришарди.
— Чаён ёмон чақади, — дерди у. — Лекин у ҳамма уйдан чиқавермайди. Битта чаён деб ўзингни койитма. Топганимиз ҳалол. Қўрқадиган жойимиз йўқ.
Чиндан ҳам шундай эди. Ғафуржон ака хиёнат қилмай ишлади. Шунинг учун идорада ҳурмат-эътибори яхши эди. Сермеҳнат, ҳунарли одам хор бўлмайди, дерди у нуқул. Бу ҳақда унинг ўзи тўқиганми ё эшитганми — иккита ибратли эртаги ҳам бор эди. Биттаси, тахминан, шундай:
Бир фиръавннинг қирқта хотини бўлиб, қирқинчиси камбағал бир гилам тўқувчи ҳунарманднинг қизи экан. Фиръавн унинг ҳуснига мафтун бўлиб, ўзига никоҳлаб олган экан. Лекин қиз камбағал бўлгани учун саройдагилар уни чиқиштиришмас, кундошлари эса уни жуда хор қилишар экан. Бечора қиз куйиб кетганидан фиръавндан илтимос қилибди:
— Шоҳим, ё мени отамникига юборинг, ё шу ерга менинг тўқув асбобларимни олиб келишни буюринг. Токи ёлғизлигим билинмасин.
Фиръавн уни кеткизмабди. Лекин айтган нарсаларини олиб келишни буюрибди. Қиз гилам тўқишга тушибди. Қирқ кечаю қирқ кундуз ҳужрасидан чиқмабди. Ҳатто фиръавнни ҳам ёнига киритмабди. Қирқ биринчи куни у фиръавннинг оёғи тагига бир гилам ташлабди. Фиръавн уни кўриб, маҳлиё бўлиб қолибди. У шу пайтгача бундай нозик дид ва меҳр билан тўқилган гиламни кўрмаган экан. Гиламнинг ўртасида қип-қизил атиргул очилиб турган эмишки, унинг ҳусни ростдакам гулдан минг марта афзал экан.
— Сени ҳусн бобида танҳо десам, ҳунар бобида ҳам танҳо экансан. Ҳунаринг сиридан мени хабардор қил, — дебди шунда фиръавн.
Қиз рози бўлибди. Қисқа вақт ичида фиръавнни гилам тўқишга ўргатибди. Фиръавн ойда бир марта фуқароларим нима қилаётган экан, деб кечаси қаландар кийимида шаҳар айланар экан. Бир куни шундай сафарга чиққанида ғалати воқеа юз берибди. Шаҳарнинг сўлим бир жойида кабобхона бор экан. Шу ердан ўтаётиб, кабоб ҳиди димоғига урилибди-да, кабобхонага кўтарилибди. Кабобпаз уни икки букилиб кутиб олиб, тўрдаги бир хонадан жой кўрсатибди.
35