Яна ўқ узилди. Абдулла чўчиб кетди.
— Санаяпсанми, нечта бўлди? — қичқирди Обид ака.
Абдулла унинг ёнига келди. Обид ака Тешавойнинг оғзидан янги ўлжани олар экан, жиянига
ғурур билан қараб қўйди.
— Беш-олтита девдингми, боя?
— Ҳа, — деди Абдулла илгаклардаги бир текисда осилиб турган беданаларга тикилиб. —
Лекин кўп отганга ўхшайсиз... — Ма, сана.
Обид ака камарини ечиб, кичкина бир тасмани олдида, илгакларни шунга ўтказди ва тугун қилиб, жиянига узатди.
— Бугун бедана кўп. Яна шунча отсак бўлади. Қани, ол, Тешавой!
У шундай деб олдинга югурган итнинг кетидан йўлга тушди. Абдулла ўлжаларни санади. Ўн битта бўлибди! «Бирпасда-я!» — ҳайрон бўлди у ва фахр билан тоғасига тикилди.
Бедазорни иккинчи марта айланиб чиқишганда, ўлжанинг сони ўн бештага етди. Обид аканинг кайфи чоғ эди.
— Қалай, ов тузукми? — деди нонушта қилгани ўтиришганда,
— Зўр, — жилмайди Абдулла.
— Аслида ишимни ташлаб овчиликка ўтиб қўя қолсам ҳам бўлар экан.
— Ҳали ҳам трактор ҳайдайсизми?
— Сал баландрокдан кел. Ҳамма тракторчиларнинг бошлиғиман ҳозир.
— Ўсибсиз-да, — деди Абдулла иштаҳа билан гўшт ер экан.
— Ўсганда қандоқ! Ўн йилда бригадир бўлдим, яна йигирма йилдан кейин раис бўлсам ажаб
эмас.
Иккови кулишди.
— Ишим яхши, — деди Обид ака бир оздан сўнг Тешавойга суяк ташлар экан, жиддий
оҳангда: — Жамоада ўттизта трактор бор. Қишин-ёзин тинмайди. Топиш ҳам шунга қараб. Яқинда машина оламан. Келинойинг туғса, бола ўлмаса, машинада бутун республикани айланиб чиқаман, деб ният қилиб қўйган эдим. Бир ёғи Арслонбоб, бир ёғи Чимён... Ниятимизга етадиганга ўхшаймиз. Ишим яхши-ю, ўқимадим-да, жиян... — Обид ака хўрсиниб қўйди... — Урушдан қайтиб келганимда ўқимоқчи эдим. Лекин бу фикрдан қайтдим. Қимматчилик, жамоа хароб, қишлокда деярли эркак қолмабди. Ўшанда раҳматлик Манноп ота раис эди. Сен уни кўрганмидинг?
Абдулла «йўқ» дея бошини қимирлатди.
— Ажойиб одам эди. Ёшлигида отдан йиқилиб, оёғи синган ва умрбод чўлоқ бўлиб қолган. Шу ҳам қўймади. Ўқиш қочиб кетмайди. Ўқирсан ҳам, олим ҳам бўларсан. Лекин ука, — деди. — Қишлоққа қара, битта ҳам бутун уй йўқ. Жамоа бундан бешбаттар. Деҳқон одам буни тушунади. Қол ука, — деди, қолдим. Кейин ишга берилиб кетиб ўқиш Ҳаёлимдан кўтарилди. Энди кеч. Энди ўқиб қаёққа борардим? Сен нима қилмоқчисан? Ишлайсанми, ўқийсанми?
— Ўқийман, — деди Абдулла негадир уялиб. — ТошДУнинг физматига кирмоқчиман.
— Дуруст, — деди Обид ака. — Математикани яхши кўрасанми?
— Ҳа.
— Дуруст. Ўқи, жиян, ўқи. Ойингнинг сендан умиди катта. Бор ишонгани сен. Даданг мана
ётиб қолди. Ҳозир қалай, дурустми? — Туззукдай.
— Ишқилиб тузалиб кетсин. Ёмон касалга чалиниб қолди. Гипер... гим... Нима эди номи?
— Гипертония.
— Гипертония, — қайтарди Обид ака. — Оти қурсин. Узоқ йили келганда анча яхши эди.
Бир ҳафта турди чамамда ўшанда, а?
8


-Ҳа.
— У билан ҳам овга чиққан эдик. Ҳу анави ёққа. — Обид ака пахтазорнинг этак томонига ишора қилди. — Даданг, Тешавой мерган, мен. Даданг яхши отади. Адашмасам ўттиз-қирқта бедана отувдик ўшанда. Кечқурун Булоқбошида ош қилдик. Ярмини ошга босдик. Ярмини кабоб қилдик. Анча тузук эди даданг ўшанда.
Обид ака ўйланиб қолди. Кейин чўнтагидан ғижимланиб кетган папирос олиб, шошмасдан текисладида, тутатди.
— Дадангни яхши кўраман. У менга жуда кўп яхшилик қилган, уйлантирган, тўйга ўзи бош бўлиб турган.
— Бормайсизми? — сўради Абдулла.
— Бораман. Кеннойинг қайтсин. Бир ўттиз-қирқта бедана отиб олиб бораман.
— Мумкин эмас.
— Майли, емаса ҳам кўнгли кўтарилади. Қани, турдикми?
— Майли, — деди Абдулла қўзғалиб.
— Яна икки марта айланиб чиқамиз. Шу билан бўлди. Тешавой, юр!
Ит худди шу гапни кутиб тургандек, бедазорга ташланди.
Энди Абдулла овга кўниккан, ҳатто унга қизиқиб ҳам қолганди. У завқ билан Тешавойнинг
ҳаракатларини кузатар, ҳар ўқ отилганда «Ура!» деб қичқирарди. Бедазорнинг орқасидаги арава йўлда тарвуз ортилган автокачка кўринганда Обид ака овни тўхтатди. Абдулла қаршилик кўрсатмади.
Аравадаги йигит Обид акани таниди шекилли, салом бериб: — Қалай, ов тузукми? — деб сўради.
Обид аканинг ўрнига Абдулла жавоб берди:
— Йигирма бешта отдик, мана.
У ғурур билан қўлидаги тасмага тизилган беданаларни кўрсатди. Аравакаш калласини лиқиллатиб:
— Қойил! — деб қўйди.
Кейин уни чақириб битта тарвуз узатди.
— Айтгандек, Обид ака, — қичқирди йигит, — ўғил муборак бўлсин!
— Раҳмат.
— Булоқбошида битта ош қилиб берасизда энди девзирадан! Бедана босиб!
— Ош сендан айлансин, Ҳомид. Қилиб бераман. Аравакаш йўлга тушди. Абдулла тарвузни
кўтариб, тоғасининг орқасидан юрди. Ариқ лабига етишганда:
— Чўлладик-ку, тарвузни шу ерда еб қўя қолайлик, — деди Обид ака. — Кўтариб
юрасанми?
Улар эски жойга чордона қуришди. Обид ака буклама пичоғини тарвузнинг думига шундай
теккизиши билан ёрилиб кетди. Қип-қизил чинни тарвуз булоқ сувидек муздек ва ширин эди. Обид ака битта тилимни итнинг олдига қўйди. Абдулла итнинг тарвуз ейишини шунда кўрди. Тешавой думини ликиллатиб ер экан, худди одамга ўхшаб данагини ажратиб ташларди.
— Зўр-ку, — деди Абдулла ҳайрон бўлиб.
— Нима деяпсан! Уйда биз нима есак, бу ҳам шуни ейди...
Обид ака яна нималарнидир деб, итни мақтамоқчи эди, жўҳоризор этагидан битта
бедананинг жуда баланд сайраган овози эшитилиб қолди. Абдулла ҳалигача бунчалик ўткир ва тиниқ овозни эшитмаган эди. У-ку майли, Обид ака ҳам еб турган тарвузи оғзида қолиб, қулоқ сола бошлади. Бедана бир оҳангда «так-тарак, так-тарак» қилиб, озгина дам олар, кейин бир йўла саккиз-тўққиз марта таракларди. Бир неча марта шу қайтарилгач, Обид ака ўрнидан турди.
— Қаёққа? — сўради Абдулла тоғасининг нима қилмоқчи эканлигини сезган бўлса ҳам.
У шу беданининг отилишини истамас эди. Лекин Обид ака унга жавоб бермади. Эгасининг
9


ҳаракатларини тушунган ит жўҳоризор томон югуриб кетди.
— Тоға, шуни отманг! — деди Абдулла унинг орқасидан бўғилиб.
Обид ака эшитмади. Абдулла уларга бирпас қараб турди-да, кейин ўша ёққа югурди. Лекин
у кеч қолган эди. Тешавой қийинчиликсиз беданани топган, тумшуғи билан пишиллаб уни чўчитган эди. Абдулла бедананинг сакраб кўтарилганини кўрди. Ўқ овози жаранглади. Бедана патирлаб ҳавода бир-икки айланди-да, жўҳори ичига шўнғиди. Ит унинг орқасидан югурди. Шу пайт Абдулла жон ҳолатда қичқирди:
— Тоға, итни чақиринг! Ўзим тутаман, Тешавой! Обид ака уни тушунди ва тиззасига уриб, итни чақирди. Тешавой истар-истамас тўхтаб, орқасига қайтганда, Абдулла уларга етиб келди.
— Шуни отмасангиз бўларди, — деди у зарда билан.
— Ҳа, чакки бўлди, — ачиниб гапирди Обид ака. — Қанотига текканга ўхшайди ўқ, балки тузатармиз.
Абдулла жўҳоризор ичига кириб, беданани қидира бошлади. У ариқдан бу ариққа ўтди, лекин бедана кўринмасди. Жўҳоризорнинг ўртасига келиб, пояларни қайирди-да, олдинга тикилиб қаёққа боришини билмай туриб қолди. Олдинда бир одам кўрингандай бўлди. Абдулла бирикки ариқдан ўтиб, яхшилаб қаради. Ундан ўн ариқча нарида оқ кўйлакли, оқ дурра танғиб олган бир аёл чўкка тушиб ҳовучидаги яраланган беданага тикилиб турарди. Абдулла унинг юзини кўрмади. Бедана тутилганидан ва унинг тириклигидан ҳурсанд бўлиб, аёлнинг ёнига борди.
— Ўлмабдими?
— Ўлса сизга оғирлиги тушармиди?
Аёл жаҳл билан шундай деди-да, Абдуллага қарамай ҳансираётган беданани оғзига олиб
бориб тили билан ҳўллади. Абдулла қўнғироқ овозидан аёлнинг ёш қиз эканлигини сезди. Аммо унинг қўпол жавобидан ранжиган бўлди.
— Шунча отганларинг етмасмиди?! — деди қиз яна бошини кўтармай.
— Мен ҳам шундай девдим, — Абдулла қизнинг ёнига энгашди. Энгашди-ю, унга бир қараши билан ўтириб қолди. — Гулчеҳра?
— Вой, сизмидингиз? — қиз ҳам уни таниб, беихтиёр бўш қўли билан этагини пастроқ тортиб қўйди.
Иккалови бир дақиқа жим қолишди. Қиз негадир уялиб бошини эгган, Абдулла эса оғзи очилиб, унга тикилиб қолган эди. Қизнинг бир-бирига туташ қалин қошларигача тушган жўҳори попуклари жамалак бўлиб ёпишиб қолган оппоқ дурраси, қийиқ кўзи ва кичкина бурни устида осилиб турган бир тутам жингалак сочи, бир қаноти синган беданага ачинганиданми, ё кутилмаган учрашувдан уялганиданми титраб турган думалоқ лаблари уни лол қилиб қўйган эди. Иккаловининг назарида шу сукут ичида ўтган бир дақиқа узоқ бир соатдек кўрина бошлаган бўлса ҳам, нима дейишларини билмай, жим ўтиришарди. Ниҳоят Абдулла бирон нарса дейишга қарор қилиб, йўталди. Кейин:
— Тузалиб кетармикин? — деди.
Қиз бирдан юзига қизиллик югуриб, Абдуллага кўз қирини ташлади.
— Тузалади, бир қаноти синибди, холос. Кўринг. Қиз шундай деб, кафтида ёнбошлаб ётган
беданани унга узатди. Бедана ҳаллослар ва кичкина кўзларини пирпиратиб, уларга ялинганомуз тикиларди.
— Яхши сайраётганди, — деди Абдулла.
— Ҳа, — қиз жонланиб кетди. — Мен ҳам ишимни ташлаб қулоқ солиб ўтирувдим. Яхши сайраётувди.
— Нима қилаётган эдингиз?
— Жўҳори қайираётгандим, — қиз ёнидаги жўҳори солинган саватни кўрсатди. — Дадамларга. Яхши кўрасизми?
10


Қиз уялинқираб бошини эгди ва яна юзига қизиллик югурди.
— Дадамлар яхши кўрадилар.
— Мен ҳам яхши кўраман. Жўҳори кавоб ширин бўлади.
— Абдулла! Абдулла, ҳой! — чақирди Обид ака канал томондан.
Абдулла жавоб бермади, у жилмайганича Гулчеҳрага тикилиб, «яна нима десам экан?» деб
ўтирар, бу ердан кетишни истамасди.
— Тоғангиз чақиряптилар, — деди Гулчеҳра қўзғалиб ва беданани узатди. — Олинг.
— Сизники бу энди.
— Нега? — севингандек бўлиб сўради қиз.
— Сиз топдингиз, сизники бу.
— Бўлмаса тузалганида қайтариб бераман. Абдулла кулди.
— Кетдикми? — сўради қиз.
— Майли.
Абдулла саватни кўтариб, қизнинг орқасидан юрди. У ниҳоятда шод эди.
Жўҳоризордан чиқишганда, Обид ака канал бўйида милтиғига юзини тираб ўтирарди.
Уларни кўриб, бошини кўтарди.
— Мунча ҳаялладинг?
— Тутиш қийин бўлди, — деди Абдулла Гулчеҳрага кўз қирини ташлаб.
— Тирикми ишқилиб? — хавотирланиб сўради Обид ака.
— Бир қаноти синибди, — деди Гулчеҳра.
— Тузатмоқчи, — деди Абдулла унга ишора қилиб.
— Ҳа, дуруст.
Улар йўлга тушишди. Обид ака олдинда, Абдулла билан Гулчеҳра орқада. Анчагача жим
боришди. Қишлоққа яқинлашганда Гулчеҳра сирли оҳангда деди: — Айтгандай, табриклайман.
— Нима билан! — ҳайрон бўлиб сўради Абдулла.
— Медаль билан. Абдулла жилмайди.
— Раҳмат. Қаердан билдингиз?
— Бутун қишлоқ билади, — деди қиз ҳам жилмайиб. У жуда чиройли жилмаярди. Абдулла ўзи сезмай, беихтиёр унга тикилиб қолди.
— Мен келдим, — деди Гулчеҳра кўприкка етишганда. Абдулла қўлидаги саватни унга узатди.
— Сизни қачон табриклайман?
— Табриклашингиз мумкин. Мен ҳам битирдим.
— Наҳотки? — Абдулла уялиб кетди. — Кечирасиз, эсимдан чиқибди. Анча бўлди кўришмаганимизга.
— Икки йил, — деди Гулчеҳра унга ғалати қараб. — Унутишингиз табиий. — Кечирасиз.
— Ҳечқиси йўқ. Эртага зиёфатимиз бор. Келинг.
— Раҳмат.
Гулчеҳра кўприк ёнидаги дарвоза томон йўл олди. У бир қўлида ингичка белига тиралган сават, бир қўлида бедана кўтарганича енгил чувагини шапиллатиб кетар экан, Абдулла узоқ вақт кетидан қараб қолди.
III
«Ўзгариб кетибди, — ўйларди Абдулла уйга қайтар экан. — Жуда ўзгариб кетибди. Наҳотки икки йил ичида шундай ўзгариш мумкин бўлса? Илгари қоп-қора қилтириқ бир қиз эди. Энди-
11


чи?»
Абдулла шундай ўйлар экан, Гулчеҳра билан, чиройли, келишган қиз билан танишлигидан
мамнун бўлиб қўйди. «Нима деди? Ҳа, «Икки йил, унутишингиз табиий», деди. Демак, у Абдуллани унутмабди. Бўлмаса кўришмаганини ҳисоблаб юрармиди?!»
Абдулла жилмайди. Болалиги, Гулчеҳра билан бўлган дамлари кўз олдидан ўта бошлади.
У бу қизни анчадан бери танир эди. Қишлокда улар юрмаган сўқмоқ, улар қилмаган шўхлик қолмаган. Гулчеҳранинг отаси Обид аканинг қалин ўртоғи бўлиб, ёшликдан бирга ўсишган, ҳаттоки икки йилча уруш даврида бир қисмда ҳизмат қилишган эди. Абдулланинг билишича, Юсуф ака йигитлик чоғлари анчагина шўх бўлиб, у бор жойда жанжал чиқиши табиий экан. Лекин урушдан кейин қишлоғига қайтгач, ўзгариб кетди. Фронт уни шундай қилиб қўйдими, ё бола-чақа ташвиши кўпайиб, қуйилиб қолдими, ҳарҳолда, у жуда мўмин-қобил бўлиб қолди. Яхши ишлади. Бундан беш-олти йил муқаддам унинг бригадаси пахтачиликдан юксак кўрсаткичларга эришгани учун унга Қаҳрамон унвони берилди.
Гулчеҳра Юсуф аканинг тўнғич фарзанди бўлиб, болалигида худди отасига ўхшаган шўх эди. Деярли ҳар куни уйига у ер-бу ери чақа бўлиб қайтарди. Онаси уришар, Юсуф ака эса фахрланарди. Отасининг уришмаслигини яхши билган Гулчеҳра баттар шўхлик қилар, кўпинча ўйинқароқликда ўғил болаларни орқада қолдириб кетарди.
Абдулланинг ҳали-ҳали эсида, қишлокда уруш йиллари Дадавой амаки деган бир одам яшарди. Қаёқдан келиб қолди бу ерга, нима иш қилади, ҳеч ким билмасди. Эрта саҳарда уйидан чиқиб кетиб, ярим кечада қайтарди. Доим бир хил кийинарди, тўғрироғи, тиззалари ямоқ калта шими ва жазирама ёз кунлари ҳам бошидан тушмайдиган учи найза солдатча қалпоғидан бошқа унинг ҳеч нарсаси йўқ эди. У қишлоқ ҳаётига аралашмас, одамларга қўшилмас, лекин негадир унинг номини ҳурмат билан тилга олишарди. Нима учун шундай — болалар буни билишмасди. Унинг камгаплигиданми, ё саломга алик олмаслигиданми, болалар уни хушлашмасди, ҳатто ундан чўчишарди.
Бир куни унинг лой томида бир бургут пайдо бўлиб қолди. Абдулла ўшанда ёзги каникулга келган эди. Гулчеҳра уни етаклаб, Дадавой амакининг уйига олиб борди.
— Кўряпсанми? — деди лой томга ишора қилиб.
Абдулла аввал ҳеч нарсани пайқамади. Кейин мўрининг ёнида букчайиб турган бир нарсага кўзи тушди.
— Нима?
— Бургут! — деди Гулчеҳра овозини пасайтириб. — Кеча кўриб қолдим. Билмадим, амаки қаёқдан олиб келдийкин? Ҳозир яхшилаб кўрсатаман.
Гулчеҳра кўчанинг нариги бетига ўтиб, бургутга кесак отди. Бургут сесканиб тумшуғини чўзди. Кейин аланглаб атрофга қаради-да, битта-битта қадам ташлаб мўрининг орқасига ўтди. Унинг бир оёғига занжир боғланган эди.
— Амаки буни нима қилар экан?
— Қайдам? — деди Гулчеҳра. — Балки уйига пойлоқчи қилиб қўйгандир.
— Бургут уй пойлайдими? — ҳайрон бўлди Абдулла.
— Нега пойламас экан? Ит пойлайди-ку?!
— Ит бошқа гап.
— Билсанг, бургут итдан ҳам зўр.
Улар анчагача кўчанинг четида томга тикилиб ўтиришди. Аммо бургут жойидан
қимирламади.
— Биласанми, — деди Гулчеҳра бир маҳал. — Бечорага раҳмим келиб кетяпти. — Нега?
— Оч бўлса керак. Амаки кун бўйи уйида бўлмайди.
— Кел, ул-бул берамиз, — таклиф қилди Абдулла.
12


— Нима берамиз? — Гулчеҳра хўрсинди. — Бургут хом гўшт ейди-ку!
— Нима қилибди? Биз ҳам хом гўшт берамиз.
— Қаердан оламиз? Бизда бўлганда ойим аллақачон овқат қилардилар.
Иккалови ўйланиб қолишди. Лекин қанча ўйлашмасин, гўшт топишнинг эвини
қилишолмади.
— Нон емасмикин? — сўради бир маҳал Гулчеҳра умид билан. — Бизда зоғора нон бор, бир
халта!
— Билмадим. Кел, бериб кўрамиз.
Кўп ўтмай иккалови Гулчеҳра уйидан ўғирлаб келган битта зоғора нонни Дадавой
амакининг томига отишди. Аммо бургут уларнинг меҳрибончилигига парво қилмади, ҳатто жойидан ҳам қимирламади.
— Зоғора емас экан, — деди Абдулла.
Гулчеҳра индамади. Унинг иккала кўзи жиққа ёш эди.
— Нега йиғлайсан? — сўради Абдулла.
— Нега емайди?! Оч қолса майлими?! — Гулчеҳра ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
— Тўхта, — деди Абдулла. — Йиғламагин. Бир иш қиламиз...
— Қанақа иш? — кўзларини ишқалаб сўради Гулчеҳра.
— Амаки келишини пойлаймиз. Қани у нима бераркин?
— Бўпти! — деди Гулчеҳра севиниб.
Улар ўша куни алламаҳалгача Дадавой амакининг йўлини пойлаб ўтиришди. Ниҳоят у
келди. Болалар унинг қўлида катта сумка кўришди. Ичкарига кирганда эса, кўча эшикдан уни кузатишди.
Дадавой амаки жинчироқ ёқиб, томга кўтарилди. Нималардир деб гапирди, болалар англашмади. Кейин бургутни оёғидан тортиб, қўлтиқлади-да, пастга тушди. Жинчироқни ҳовлининг ўртасига қўйиб, сумкасини ерга ағдарди ва бургутни қўйиб юборди. Бургут ерда тўкилиб ётган қора нарсалар атрофида бир-икки айланиб, чўқилай бошлади. Дадавой амаки занжирни узун қўйиб юборганча унинг ҳаракатларига тикилиб ўтирди-да, шивирлаб:
— Жавр бўлди сенга, жонивор, жавр бўлди, — деди.
— Гўшт беряпти, — деди секин Абдулла Гулчеҳранинг қулоғига.
Гулчеҳра бошини қимирлатди.
Дадавой амаки бургутни томга олиб чиқиб қўйганда улар кетишди. Лекин иккаласи ҳам тун
бўйи бургутни ўйлаб чиқишди. Эрталаб эса яна шу ерга келишди. Бургут кечагидек мўрининг ёнида букчайиб турарди.
— Нега жавр бўлди, деди? Билдингми? — сўради Гулчеҳра.
— Йўқ.
—Унда ҳам гўшт йўқ. Шунинг учун жавр бўлди деди, — тушунтирди Гулчеҳра.
— Билмадим.
— Билмадим эмас, аниқ, — деди Гулчеҳра, кейин Абдуллани туртди. — Қўйиб
юбормаймизми уни?
Абдулла бу гапдан чўчиб тушди.
— Амаки дод деб юборади.
— Билиб ўтирибдими? — деди Гулчеҳра. — Бечора бунақада ўлиб қолади. Бўшатиб
юборамиз.
— Ҳозирми? — иккиланиб сўради Абдулла.
— Қоронғи тушганда.
— Майли.
Кечқурун улар девордан ошиб, Дадавой амакининг ҳовлисига тушишди. Айвоннинг
бурчагидаги устун қозиғида узун занжир осилиб турарди. Унинг ярми қозиққа ўралган бўлиб,
13


ярми томда бургутнинг оёғига боғланган эди. Абдулла занжирни ечди ва бир-икки силтаб тортди. Бургут томнинг зиҳига яқинлашди, лекин учишни Ҳаёлига ҳам келтирмади.
— Оёғидан бўшатиш керак, — деди Гулчеҳра.
— Қандай қилиб? Чўқиб олсачи?
— Устига қоп ташлаймиз.
Улар томга чиқишди. Занжир бургутнинг оёғига омонатгина илиб қўйилган экан, ечиш
қийин бўлмади. Ечиб бўлиб, занжирни ҳовлига ташлашганда эса, ку-тилмаган воқеа юз берди. Бургут учмади. Аксинча, томдан тушишаётганда уларнинг кетидан юриб, нарвонга яқинлашганда тўхтади-да, яна ҳурпайиб, бошини қанотлари орасига яширди.
— Учмаяпти-ку? — ҳайрон бўлди Абдулла.
— Ҳайдаш керак, — деди Гулчеҳра.
У шундай деб девор орқали томга кўтарилди ва узун бир таёқ билан бургутни ҳайдай
бошлади. Аммо бургут жойидан қимирламасди. Бир гал Гулчеҳра уни қаттиқ итариб юборди шекилли, бургут гандираклаб қанотларини ёйди ва ўзини тутолмай ҳовлига секин учиб тушди. Шунда болалар унинг қанотлари қирқилганини кўришди ва қилган ишларидан қўрқиб кетишди. Бургут эса айвон олдида савлат билан бир-икки айланиб, кеча овқат еган жойига борди-да, яна бук-чайиб тумшуғини қаноти ичига яширди.
— Нима қиламиз энди? — сўради Гулчеҳра. Абдулла биринчи марта унинг чўчиганини сезди.
Лекин нима деб жавоб бериши мумкин? У ҳам Гулчеҳрадек нима қилишини билмасди. Шунинг учун елкаларини қисди. Болалар анча вақт бургутга термилиб, ўйлашди. Лекин иккаловининг Ҳаёлига ҳеч қандай фикр келмади. Ниҳоят бўшашиб остонага ўтиришди.
— Яхши ҳам бошқа болалар билишмади, — деди Гулчеҳра хўрсиниб. — Билишганда, биттаси эмас, биттаси айтиб қўярди.
— Ҳа, — рози бўлди Абдулла, — роса тўполон бўларди.
— Мен амакидан қўрқаман. Кўзи ёмон. Гулчеҳра Дадавой амакининг кўзларини кўрсатмоқчи бўлиб, олайди, ўҳшата олмади. Абдулла кулиб юборди.
— Нега куласан?
— Амаки кўзларини ҳеч шунақа олайтирмайди, — деди Абдулла. — Унинг кўзлари доим бир хил — совуқ.
— Олаяди! — деди Гулчеҳра ўзиникини маъқуллаб.
— Олаймайди.
— Олаяди!
— Хўп, сеники маъқул. Менга қара, — деди Абдулла у билан тортишиш фойдасизлигини
тушуниб, — яхшиси кетайлик. Амаки келиб қолса иккаламизни ҳам соғ қўймайди. Нима дединг?
Бу гап Гулчеҳрага маъқул тушди. Улар ўринларидан туриб эшик томон йўл олишди. Лекин ҳали беш қадам ҳам юрмаган эдиларки, бургут уларнинг кетидан юрди. Абдулла эшикни очиш ўрнига ҳовлининг орқа томонига қочди. Гулчеҳра ҳам унинг кетидан югурди. Бургут улардан бир қадам орқада қолмасди, улар тўхтаса тўхтар, чопса чопарди. Яна айвонга қайтиб келишганда Гулчеҳра ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
— Энди нима қиламиз?
Абдулла индамади. Уни ҳам қўрқув босган эди. Шу алфозда улар қанча туришди, билишмайди, бир маҳал кўча эшик ғирчиллаб очилиб, Дадавой амаки кириб келди. Қўлида ҳар доимгидек катта сумка, бошида учи найза қалпоғи. У айвонга яқинлашганда болаларни кўриб қолди.
— Кимсанлар?
Болалар индашмади. Иккалови ҳам совуқ еган одамдек қалт-қалт қиларди.
14