МУҚАДДИМА
Шоҳ Муслим дунёдаги энг доно, энг одил подшолардан эди. Унинг мамлакати гўзал, шаҳарлари обод, халқи тинч, фаровон турмуш кечирарди. Аммо подшонинг фарзанди йўқ эди. Бу фақатгина унинг ўзини эмас, бутун халқни ташвишга солиб қўйган эди. Орадан кўп йиллар ўтди. Подшо қариб, бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда турган пайтда фарзанд кўрди. Севинчи ичига сиғмай қирқ кечаю қирқ кундуз халққа ош берди. Қирқ биринчи куни эса етти иқлимдаги барча донғи кетган одамлар, фозилу фузало, олиму уламоларни йиғиб ўғлини кўрсатди ва ўз халқининг одатича унинг келажагини айтиб беришни сўради.
Ҳамма жим. Ҳамманинг боши қуйи солинган... Подшо ҳайрон бўлди.
— Бу жимликнинг боиси нима?
Яна ҳеч кимдан садо чиқмади. Орадан анча вақт ўтди. Оғир сукунатни Суқротдек кекса бир
олим бузди.
— Шоҳим, рўпарангизда бош эгиб турганлар мендан ёш. Мен эса дунёга қачон келганимни
унутганман, дунёнинг барча аччиқ-чучугини тотган одамман. Шуларнинг қонидан кечсангиз, мен айтай?
— Айт!
Шунда кекса олим деди:
— Ўғлингизнинг дунёда тенги бўлмайди. На кучда, на ақлда. Икки ойлигида икки ёшлик
боланинг ишини қилади, икки ёшида эса йигирма ёшлик йигитдай бўлади. Ўн ёшида ўзини фиръавн эълон қилади. Унинг дастидан вайрон бўлмаган уй, мамлакат қолмайди. Шунинг учун ҳам умрининг иккинчи ярми пушаймонда, азобда ўтади.
— Жаллод! — қичқирди шунда шоҳ ва тиззасида ўйнаб ўтирган ўғлини бағрига босди. Қирқ кунлик бола бирдан отасининг соқолига чанг солиб, ярмини юлиб олди.
— Гапимнинг биринчи исботи бу! — деди кекса олим.
Шоҳ қулоқ солмади. Олимни олиб чиқиб кетишди.
Орадан кўп йиллар ўтди. Шоҳ Муслим кекса олимнинг гапларини ҳам, ўзини ҳам унутди.
Шаҳзода олим каромат қилгандек кун сайин, соат сайин ўсиб, ўн ёшга тўлганда ажойиб йигит
Осмондаги бўзтўрғай Бўзламасанг на бўлғай? Гулчеҳранинг ҳолини Сўзламасанг на бўлғай? (Алёр)
1


бўлди. Шоҳ ҳам, халқ ҳам унинг ҳуснига қараб, гапларини эшитиб тўйишмасди. Аммо шаҳзода ҳеч кимга парво қилмас, ўз ақлига, ўз кучига маҳлиё эди, кўп вақтни отасининг тахтида ўгказарди.
Бир куни осмони фалакни қора булут қоплади. Қаттиқ шамол турди. Бўрон бошланди. Сел на одамни аяди, на дов-дарахтни! Бирпасда гуллаб турган мамлакат вайрон бўлди. Шаҳарлар, далалар, тоғлар сув остида қолди. Бўрон тингач, шоҳ ва шаҳзода ўзларини сувда қалқиб турган ёғоч устида кўрдилар. Ёғоч шундай ингичка эдики, кимдир озгина қимирласа, иккалови ҳам ағдарилиб ҳалок бўларди. Шаҳзода отасига деди:
— Ота, бу ёғоч устида иккаламиз жон сақлолмаймиз. Сен менинг туғилишимни истаган эдинг. Энди қўйиб бер, мен яшашим керак.
Шундай деб шаҳзода отасини сувга итариб юборди. Шоҳ ғарқ бўлди.
Шаҳзода ўзга бир мамлакатга сузиб келиб, ўзини фиръавн эълон қилди. Унинг зулмидан, унинг қаҳридан ярим халқ қочиб қутилди, ярим халқ ўлди. Мамлакатда фиръавннинг ўзидан бошқа ҳеч ким қолмади. У узоқ яшади, аммо на тушида, на ўнгида ҳаёт лаззатини сурди. Бутун умри ёлғизликда, азоб-уқубатда ўтди.
Айтишларича, бундай одамлар юз йилда бир туғилар эмиш...
I
196... йилнинг жазирама ёз кунларидан бирида Мингбулоққа кираверишдаги оқ тунука томли уйнинг эшигини ёш бир йигит тақиллатди. Олис йўл юрганиданми, ё иссиқ қаттиқ таъсир қилганиданми унинг оқ батис кўйлаги куракларига ёпишиб қолган, ёқаси ичидан бўйнига ташлаб олган рўмолчаси жиққа ҳўл эди.
Дам ўтмай у кафтлари билан ясси пешанасини, бароқ қошлари аралаш юз-кўзларини артарди. Ичкаридан ҳадеганда ҳеч ким чиқавермади, йигит бесўнақай картон чамадонини қўлига олиб, эшикни оёғи билан итарди. Янги бўялган жимжимадор зангори эшик «ғийқ» этиб очилди. Йигит ичкарига кирди. Уй томони баланд сўридан иборат бўлган чорси ҳовлида ҳеч ким кўринмасди. Ҳовлининг ўнг биқинидан ўтган ғишт йўлка ёнидаги гулзорга жилдираб сув оқиб турарди, йигит шу томонга қараб, ток тагига келди. Шунда у ровонда хонтахтага тирсакларини тираб тасбеҳ ўгириб ўтирган кампирга кўзи тушди. Кампирнинг кўзлари юмуқ, ажин тортиб кетган ингичка лаблари нималарнидир шивирларди.
— Буви, — деди секин йигит уни чўчитиб юбормаслик учун.
Кампир кўзларини очди ва рўпарасида жилмайиб турган йигитга тикилди. Кейин бирдан ўзини орқага ташлади-да, деди:
— Вой, ўла қолай! Абдулламисан?
— Мен...
Абдулла чамадонини ерга қўйиб, ровонга кўтарилди.
— Вой, бўйингга қоқий! Вой, садағанг кетай! Сен келадиган кун ҳам бор экан-ку!
Кампир ёшига муносиб келмаган эпчиллик билан ўрнидан туриб, Абдуллани қучоқлай
кетди.
— Вой, мен ўлай сени танимай! Индамай термилиб ўтирибман-а. Эсонмисан, омонмисан?
Нечук, болам, нечук? Ўзинг келдингми? Ойинг, даданг эсон-омонми?
Кампир янги кўрпача солиб, Абдуллани ўтқазар экан, севинчи ичита сиғмай, шанғиллаб
гапирар, Абдудла эса жавоб беришга улгуролмай жилмаярди. У Мингбулоққа бу гал ўзи келган эди. Мактабни олтин медаль билан битириб, озод қушдек бўлгани учун онаси ёлғиз ўзини юборишга қаршилик қилмади. Бир чамадон совға-салом қилиб бериб, жўнатди. Абдулла бувисиникига, умуман, шу қишлоққа келишни яхши кўрарди.
Қачонлардир Мингбулоқ Қўқоннинг, қолаверса, бутун Фарғонанинг энг гўзал
2


сайилгоҳларидан бири бўлган. Мингбулоқнинг марказидаёқ толзор такя водийнинг машҳур қизиқчилари, шоир ва полвонларини тўплаган, Қулочга сиғмайдиган толлар тагидаги супаларда ошхўрлар кунни кеч қилишган, шуҳрати бутун республикага тарқалган ашулачи, чолғувчиларнинг ашула, машқларини эшитишган.
Олис йўлга отланган сайёхлар ҳам Мингбулоқда тўхтаб, девзирадан бир сиқим ош қилиб еб кетишма-са, кўнгиллари жойига тушмасди. Машҳур Юсуфжон қизиқнинг ўз шогирди Охунжон қизиққа ютқазган жойи ҳам шу Мингбулоқ бўлган. Тумонат одам ўшанда тараф-тараф бўлиб аскияни тўполонга айлантирган экан. Буларни Абдулла кўрмаган, дадасидан эшитган. Уруш сабаб бўлиб Мингбулоқнинг файзи кетиб қолди. Бузилган ўчоқлар, чириб, намдан моғор тортган сўрилар сершовқин толзор такянинг ўлимини эслатади. Лекин ҳали ҳам бу жойларнинг кўрки, ҳисобсиз катта-кичик булоқлар, шохлари бир-бирига чирмашиб кетган баҳайбат толларнинг шовур-шувури, муздек ҳаво дилни равшан қилади. Абдулла деярли ҳар ёз икки-уч ҳафта ойиси билан келиб турарди. Аммо икки йилдан бери, отаси касалга чалиниб ётиб қолганидан бери келмаган ва бувисини жуда соғинган эди. Қариб мункиллаб қолган, қоп-қора бу кампирни у яхши кўрарди, соатлаб унинг гапларини эшитарди, зерикмасди ва кўпинча унинг ёнида ётиб, ҳикояларини тинглаб, тонг оттирарди.
Ҳожар буви ҳам неварасини яхши кўрарди. У келганда ўтқазгани жой тополмай қоларди, агар кўча-кўйда болалар билан ўйнаб, у ер-бу ери чақа бўлиб қайтса, жиғибийрони чиқарди. Абдулла унинг яккаю ягона невараси эди. У ўзи иккита фарзанд кўрган эди. Биттаси, Абдулланинг онаси Шаҳодат, иккинчиси, кенжаси Обид бўлиб, у шу ўғли билан турарди. Шаҳарга, қизиникига борганда, икки кундан ортиқ туролмас, шаҳар шовқини бошини оғритарди, сиқиларди. Бунинг устига у анчагина қари бўлса ҳам, мустақил ҳаёт кечиришни истарди. Ўғли билан туришига қарамай, ўз рўзғорини ўзи тебратарди ва кўпинча ўғли унга ёрдам бериши ўрнига, ўғлининг кам-кўстларини у тўғрилаб юрарди. Шундан бўлса керак, ким билан гаплашмасин, ўзини мағрур тутар ва дастурхон атрофидаги энг яхши дуоси: «Худо бировни бировга зор қилмасин!» эди.
Қишлоқдагилар уни «Отинбиби» ё бўлмаса «Завод ая» деб аташарди. Абдулла отинбиби дейишларининг сабабини биларди. Ҳожар буви анчагина ўқимишли аёл бўлиб, бир қанча китобларни, достонларни ёд биларди, ёшлигида Анбаротинга эргашиб, бир қанча ғазаллар ҳам битган эди. Лекин у, нима учун «Завод ая» дейишларига тушунолмасди. Қачонлардир пахта тозалаш заводига янги келганлардан бири уни «Завод ая!» деб чақирган, шу-шу «Завод ая» бўлиб кетган.
... Фотиҳадан сўнг, Ҳожар буви дарров дастурхон ёзди, бирпасда чой дамлаб келди-да, неварасининг ёнига ўтирди.
— Вой, Абдулла-ей, вой, болам-ей! Шундай қилиб, ўзим келдим дегин? Катта йигит бўлиб қолибсан, катта йигит! Даданг қалай?
— Раҳмат, тузуклар, — деди Абдулла. — Қон босимлари анча тушган. Салом деб юбордилар.
— Саломат бўлсин. Бу касал унга қаёқдан юқа қолди экан? Худо шифо берса, тузалиб кетар. Ўқишинг биттими энди?
— Ҳа. Олтин медаль билан тамомладим.
— Бўйингга қоқий!
Улар анчагина гаплашиб ўтиришди. Абдулла совғаларни топширди. Ҳожар буви кўзига ёш
олиб дуо қилди.
— Тоғамгилар қани?
— Тоғанг балнисага кетган, — деди Ҳожар буви қандайдир ташвиш билан. — Келин
ойингнинг кўзи ёрийдиган. Билмадим бу гал нима бўлар экан, — кампир оғир хўрсинди. — Ҳар банданинг бошида бир ташвиш бор экан-да, болам. Тўртта туғди, тўрттови ҳам уйга келмай
3


қазо қилди. Буниси энди нима бўлар экан? Майли, ишқилиб, тоғангнинг бахтига ўзи омон бўлсин.
Орага жимлик чўкди. Ҳожар буви ўз Ҳаёлларига берилиб, неварасини бир дақиқа унутди. Кейин сесканиб, ўрнидан турди.
— Эсим қурсин, овқатга уннамай ўтиришимни қара.
— Овора бўлманг, буви, қорним тўқ,
— Овораси бор эканми? Ҳозир тоғанг ҳам келиб қолади. Сен бирпас чўзилгин. Мен дарров
ош қилиб келаман. Бор, менинг уйимга кир.
Ҳожар буви пилдираб ўчоқ боши томонга кетди. Абдулла қишлоққа келганидан ҳурсанд
бўлиб, ўрнидан турди. Анча вақт ҳовлининг ўртасидаги нашвати шохида кукулаб турган мусичани, ўчоқ бошида ғимирлаб юрган бувиси, мўридан ғўзапоянинг аччиқ ҳидини келтириб, бурқсиб чиқаётган кўкимтир тутунни томоша қилди, кейин эснаб ичкариги хонага, бувисининг уйига кирди. Бу уйни у жуда яхши билар ва яхши кўрарди.
Уй кенг ва чорси бўлиб, ҳамма девори токчалардан иборат эди. Токчаларга ҳар хил тусдаги катта-кичик қутичалар, ҳисобсиз коса, чойнак-пиёлалар териб қўйилган эди. Токчалар ўртасидаги устунларнинг ғалтак ўтқазилган қозиқларида ҳар доим дазмолланган ва атир сепилган сочиқлар осиғлиқ турарди. Одам кам киргани учунми, ё ҳовлининг офтоб тушмайдиган жойида бўлгани учунми, уй ёз бўйи салқин турарди.
Абдулла муздек беқасам кўрпача устига чўзилди. Юмшоқ пар ёстиқнинг райҳон ҳидини эслатувчи енгил, ёқимли ҳиди гуп этиб димоғига урилди. Қўлларини ёйиб, кўзларини юмди. Ҳовлида эса мусича ҳамон кукулар, чарс-чарс ёнаётган ғўзапоя овози унга қўшилиб ғалати, оромбахш оҳанг касб этарди. Имтиҳон ташвишларидан қутулган, юраги минг хил орзулар, номаълум, аммо порлоқ келажак лаззатлари билан тўлган Абдулла ўзини ниҳоятда бахтли ҳис қилар ва мудрар экан, юзларида табассум ўйнар эди.
Шу аҳволда у қанча ётди, ухладими, ё фақат мудрадими, билмайди, бир маҳал қувноқ, йўғон эркак овозини эшитиб, туриб кетди. Дераза ёнига бориб, ҳовлига қаради.
Ўчоқ боши олдида тоғаси онасини қучоқлаб, бақирарди:
— Ўғил, ойи! Ўғил! Тирик! Тирик!.. Абдулла отилиб ҳовлига тушди.
— Ассалому алайкум, тоға.
Обид ака уни кўриб, онасини қўйиб юборди ва қаршисига юрди.
— О жиян-э! Бормисан?! Жуда яхши келдингда. Мана сен ҳам энди жиянлик бўлиб қолдинг! — Табриклайман. — Абдулла тоғасининг қўлини сиқди.
— Ҳой, менга қара, ўзини кўрдингми? — қичқирди ошга сабзи босаётган Ҳожар буви.
— Кўрдим. Қоп-қора бир жиш, — деди Обид ака кулиб.
— Нафасингни совуқ қилма! Қора бўлса, ўзимизга ўхшар экан-да.
— Кимга ўхшаса ҳам боши омон бўлсин, ойи!
— Худоё айтганинг келсин. Ҳой, Обид, самоварни янгила, ҳали замон ошим тайёр бўлади. Обид ака севинчидан ниманидир хиргойи қилиб, самовар қўя бошлади. Бирдан у қаддини
ростлади ва ўчоқ бошига қараб бақирди:
— Ойи! Отини нима қўямиз?
— Қайдам? Ўзларинг биласанлар.
Ҳожар бувининг шундай дейишида жон бор эди. Бу уйда ҳамма нарса унинг измида бўлиб,
унинг айтгани-айтган, дегани-деган эди. Олдинги невараларининг ҳаммасига ҳам туғилмасдан исм қўйган, уйдагилар рози бўлишган эди. Лекин уларнинг биттаси ҳам турмади. Кампир кўнглида бунисига ўғил бўлса Тўхтасин, ё Турсун, қиз бўлса Умриниса қўйишни ният қилиб қўйган эди. Аммо ҳозир кўнглини очгиси келмади. Чақалоқларнинг турмаслигига ўзини айбдор ҳис қилганидан ўзини бу гал четга тортди.
— Қайдам? Ўзларинг биласанлар, — деди у яна анча жиддий тусда.
4


— Бўлмаса... — деди Обид ака Абдуллага кўз қисиб қўйиб. — Турсун бўлсин.
Ҳожар буви ўчоқ бошидан чиқди. Унинг кўзлари жиққа ёш эди.
— Айтганинг бўлсин... — деди ўпкаси тўлиб. — Омин! Неварамнинг умри узоқ бўлсин.
Боши тошдан бўлсин!..
Ҳожар буви ёғлиқ қўлларини юзига суртди-да, енгининг учи билан нам кўзларини артди.
Абдулла кўз оддида юз берган бу воқеадан севинишини ҳам, севинмасини ҳам билмай, қаққайиб туриб қолган эди. Обид ака буни сезди шекилли, елкасини бир-икки қоқиб қўйиб:
— Мана, жиянлик ҳам бўлиб қолдинг, — деди. Абдулла жилмайди.
Кўп ўтмай ҳовли қўни-қўшнига тўлиб кетди. Ҳамма шанғиллаб янги меҳмон билан табриклар, ҳазиллашар, бири олиб, бири қўйиб, қандайдир маслаҳатлар берарди.
— Завод ая! Энди пўлат сандиқни шамоллатадиган бўлдингиз-да? Бешик тўйи ўзи бўлмайди.
— Нима деяпсиз ўзи! Завод аянинг пўлат сандиқларидаги бисот ўнта бешик тўйига етади.
— Баҳона билан сарполик бўлиб қоларканмиз-да, Отинойи..
— Сенларга гап бўлса! — деди ўчоқ бошидан капгир кўтариб чиққан Ҳожар буви. —
Менинг пўлат сандиғим билан нима ишларинг бор?
— Ўзингиз билан олиб кетманг деяптиларда, — деди ёш бир жувон.
— Тилинг кесилсин, Бувиниса! — деди жаҳли чиққан бўлиб Ҳожар буви — Сенга кимхоб
камзулимни атаб қўювдим. Энди бериб бўпман! Неварамни уйлантираман деб юрибману ҳали?! — Ишқилиб айтганингиз келсин, Завод ая! Неварангизнинг боши тошдан бўлсин.
Яна анча шанғиллаб гаплашиб, тарқалишди. Гап билан бўлиб ош тагига олиб кетганини ҳеч
ким сезмабди.
— Майли, эртага бошқа қилиб берарсиз, — деди Обид ака. — Биз жиян билан бедана отиб
келамиз. Нима дейсан, жиян?
— Зўр бўларди, — деди Абдулла севиниб. — Ҳеч бедана овига бормаганман.
— Бўпти. Азонда уйғотаман бўлмаса.
Шу тун Абдулла алламаҳалгача Ҳаёл суриб ётди. У Мингбулоққа келганидан ҳурсанд,
шунинг учун Ҳаёллари ҳам Мингбулоқдек тоза, шўҳ ва тиниқ эди.
II
Обид ака ваъдасига мувофиқ, ғира-ширада Абдуллани уйғотди.
— Борасанми?
— Бўлмасам-чи! — деди Абдулла кўзларини ишқалаб.
Шундай деди-ю, лекин эринчокдик билан ўрнидан турди. Ҳовлига тушганда, Обид ака эски
шим-кўйлак, резинка этик кийиб олиб, белига ўқдон боғлаб турарди.
— Ановилар сенга, — деди у ровонга ишора қилиб. — Бедазор ҳозир нам, кийимингни
расво қиласан.
Абдулла апил-тапил ювиниб, тоғаси тайёрлаб қўйган эски бир комбинезонни кийди.
Комбинезон катта келиб, почалари осилиб турса ҳам унга ярашди. Бир пойининг таги кўчган этикни кийганда эса, тоғаси кулиб деди:
— Тракторчи бўлдинг қўйдинг.
— Туззукми?
— Туззук бўлганда қандоқ!..
Ҳожар буви кечаги ошнинг гўштларини иккита нонга босиб, тўрвага солиб берди. — Шу ерда еб ола қолайлик? — сўради Абдулла қорни очлигини сезиб.
— У ёкда еймиз. Бунинг ҳам ўзига яраша гашти бўлади, — деди Обид ака. — Нима дединг? — Майли.
5


— Ҳаяллаб қолманглар, Обид, — дсди Ҳожар буви. — Заҳрога овқат олиб борасан-а. Ширгуруч қилиб қўяман.
— Хўп.
Улар йўлга тушишди. Эшикка етганда Обид ака:
— Тешавой! — деб чақирди.
Қаердандир кичкина олачипор, шалпангқулоқ ит пайдо бўлиб, уларнинг олдига тушди.
— Қаердан олдингиз буни, тоға? — сўради Абдулла итга одамнинг исми берилганига
ҳайрон бўлиб.
— Бир овчи ўртоғимдан олдим. Унинг ҳам оти Тешавой. Ит деса, ов деса ўзини томдан
ташлайди. Зўрға олдим. Бир ой ялиниб юрдим. Охири берди.
Обид ака, ўша ялиниб юрган кунлари эсига тушди шекилли, кулиб қўйди.
— Бир куни уйига борсам, ҳовлида ўйнатиб ўтирибди. Ўзида бир эмас — тўртта. Тағин
шундоғ итлар-ки, шерни тутиб кел десанг, тутиб келади. Кўп бўлса кўз тўймас экан-да. Буни пойлаб юриб, янги туғилганда ошнасиникидан ўғирлаб келган. Кўрдиму маҳкам ёпишиб олдим. Ўша куни энди кўзини очган экан. Мен ҳам унга кўп яхшилик қилганман-да, охири йўқ деёлмади. Қўлига олиб, тумшуғидан ўпди. Ит ғингшиб қўлларини ялай бошлади. Яна айниб қолмасин, деб секин гап бошладим. «Тешавой...» деганимни биламан, ит тумшуғини менга ўгирди. Иккаламиз кулиб юбордик. «Майли, ола қол», деди итни менга узатиб. «Отини нима қўйдинг?» деб сўрадим, шошиб итни олар эканман. «Ҳозир ўзинг қўйдинг-ку, Тешавой-да», деди. Шу-шу Тешавой бўлиб кетди.
Ит ўзининг номини эшитиб, тўхтади-да, буйруқ кутгандек Обид акага ингичка қора тумшуғини чўзди.
— Бор, бор, сени чақирганим йўқ, — деди Обид ака қўли билан йўлга ишора қилиб. Тешавой кичкина оппоқ думини ликиллатиб, олдинга чопиб кетди.
— Яхши ит чиқди, ҳароми, — деди Обид ака ҳавас билан унга қараб. — Ҳали яна ўзинг
кўрасан.
Улар олмазор этагидаги сўқмоқ йўлга бурилишганда, қуёш тоғ ортидан эндигина мўралай
бошлаган эди. Олма шохларидаги сарғая бошлаган япроқлар олтин тангалардек ярақларди. Улар икки километрча юриб, канал бўйига чиқишди. Шу ерда қишлоқ тугаб, кенг экинзор бошланарди. Попуклари қизариб, етилиб турган жўҳоризор, унинг орқаси кетганча пахтазор
эди. Обид ака жўҳоризорни айланиб ўтишганда:
— Келдик, — деди ва милтиғини елкасидан олди. Абдулла олдида бедаси ўрилган яхлит
карта ястаниб турарди.
— Қани, бирпас ўтирайликчи, ҳозир бошланади, — деди Обид ака сирли оҳангда.
Улар ариқ лабига омонатгина ўтиришди. Абдулла тоғаси нимани бошланади, деди,
тушунмади. Сўрашга эса уялиб, бедазорга тикилди. Жимжит. Ҳеч қандай қушнинг овози эшитилмасди. Енгил шабада беданинг чучмал ҳидини димоққа уриб эсарди. Улар анча ўтиришди. Обид ака оёқлари орасида тилини осилтириб ётган Тешавойнинг бошини силаб, худди Абдулладек бедазорга тикиларди. Аммо бедазор ҳамон тинч, унда бирон жонивор борлигидан асар йўқ эди. Бир-икки марта чумчуқ галаси «гур» этиб кўтарилиб, жўҳоризор ичида ғойиб бўлди, холос. Абдулла зерикди ва тоғасига ўгирилиб:
— Ҳеч нарса йўқ-ку? — деди.
— Тисс! — деди Обид ака нимагадир қулоқ солиб. Шу топ қишлоқ томонда сигир маъради, кейин қаердадир яқин бир жойда нимадир «тиқ» этди. Яна нимадир тақиллади. Бақами, алланарса бир-икки марта «ғувак-ғувак» деган товуш чиқарди. Обид ака Абдуллани туртиб, «эшит», деди. Абдулла шу сўзни эшитиши билан бир беданининг «пидпилдиқ»лаб кетганини пайқади. Овоз жуда баланд ва тиниқ эди. Кўп ўтмай бедазорнинг ҳар чеккасида беданалар сайрай бошлади. Абдулла қайси бирига қулоқ солишини билмай қодди. У ёш боладек севиниб,
6


ариқ бўйлаб у ёқдан бу ёққа югурар, қаёқда бедана баландроқ сайраса шу ёққа ўзини отарди.
— Бошлаймизми? — сўради Обид ака.
— Бирпас туринг.
Абдулла, ўлим хавфини сезмай, ўз овозидан завқланиб сайраётган беданаларга қулоқ солиш
билан банд эди, у бу дақиқанинг иложи борича чўзилишини истарди.
— Кеч бўлиб кетади. Орқадан одам ўтиб қолиши мумкин, — деди Обид ака, лекин жойидан
қўзғалмади.
Беданаларнинг хори тингандай бўлди. У ер-бу ердагина сийрак эшитилиб қоларди.
— Энди бошлаймиз!
Обид ака ўрнидан турди. Ит бир сакраб ариқ ичидан чиқди-да, тиззасигача ботиб, бедазор
ичига шўнғиди. Беш метрча доира чизиб айлангач, эгасининг олдига келиб, тумшуғини чўзди. — Ол, — деди Обид ака қўлини олдинга бигиз қилиб.
Ит югуриб кетди. Обид ака белидаги анча-мунча илгак осилган камарини тузатар экан,
Абдуллани огоҳлантирди:
— Фақат орқамдан юрасан. Ёнимга ҳам, олдимга ҳам ўтма.
— Хўп, — деди Абдулла ҳўл бедазорга қадам қўйиб. — Анча отамизми?
— Қанча керак?
— Беш-олтита отоларсиз? Обид ака кулди.
— Беш-олтита отиш мумкин. Жуда бўлмаса...
У гапини тутатмади, «пақ» этган ўқ товуши эшитилди. Абдулла нима бўлганини англаб
етгунча, Тешавойнинг оғзида бир қанотини силкитиб турган беданани кўрди. Ит қойил иш қилгандек, ўзидан мамнун бўлиб, думини ликиллатганча Обид акага тикилиб турарди.
— Опкел! — деди Обид ака тиззасига уриб.
Ит югуриб эгасининг олдига келди. Бедана ҳамон тирик эди. Қанотини силкитиб, қон тумшуғи билан итнинг юзига уриларди. Обид ака уни итнинг оғзидан олди-да, камаридаги илгаклардан бирига бўйнидан илди. Осилиб қолган бедана бир-икки силкиниб, тинчиди.
— Семиз экан, — деди Обид ака милтиқни ўқлар экан. — Бу ҳам сенинг омадинг.
Абдулла индамади. Биринчи марта овга чиққани учунми, овнинг бундай бўлишини Ҳаёлига келтирмаган, отилган нарса ўша заҳоти ўлар, деб ўйлаган эди. У кўзини тоғасининг белида ликиллаб турган беданадан узолмас, ўқ тешиб мажақ бўлган тумшуғи кўнглини айнатарди. «Ҳозиргина сайраб турувди, — ўйлади у бир-икки тупуриб... — Энди сайрамайди. Энди пати юлинади, ювилиб, тозаланиб ошга босилади. Ким ер экан? Мен емайман..»
— Қаёқда қолдинг? Юрмайсанми? — қичқирди Обид ака.
Абдулла ўзига келиб, тоғасининг анча илгарилаб кетганини, унинг олдида ит думини чўзиб, ниманидир искаб турганини кўрди. Овнинг завқи баланд келиб, Абдулла ҳозиргина эзилиб Ҳаёлидан ўтказган гапларни унутди-да, итга тикилди, Тешавой бирпас тумшуғини чўзиб турди, кейин сакради. Нимадир унинг олдида пир этиб кўтарилди. Шу заҳоти ўқ узидди. Қуш бир-икки қанот қоқиб йиқилди. Ит у тушган жойга қараб югурди.
— Опкел! — деди Обид ака яна тиззасига уриб. Тешавой ниманидир тишлаб, эгасининг қаршисига югурди. Бу ҳам бедана эди. Лекин буниси ўқ тегиши билан ўлган, шунинг учунми, ё иккинчи марта кўриб кўникдими, Абдулла жирканмади.
Қуёш тошлоқ устида одам бўйи кўтарилиб, чўғдек қизғиш нурларини соча бошлади. Кимнингдир қичқиргани, кейин мотор гуриллагани эшитилди. Оддий, ҳар дамгидек меҳнат ва завқ билан тўла янги кун ўз ҳаётини бошлади. Аллақаерда қўшиқ янграй бошлади. Радиоданми, ё қишлоқнинг ўзиданми — Абдулла ажрата олмади. Қўшиқ беданаларнинг сайрашига қўшилиб, ғалати, шу пайтгача у эшитмаган, гўзал оҳанг касб этди. Овни унутиб, у шу атрофини тўлдириб турган оҳангларга завқ билан қулоқ сола бошлади. Кўп ўтмай қўшиқ тинди, аммо бедазор эса ҳамон қандайдир сирли, аммо шўх, ўйноқи оҳанглар билан тўла эди.
7