ҚОП ЙЎҚОТДИНҒИЗМИ?
ҚОП ЙЎҚОТДИНҒИЗМИ?
Султонали мирзо "Қушбеги" маҳалласига келиб, бир дарбозага кирди. Қоронғи йўлакдан юриб бориб, ички эшикни тақирлатди. Ичкаридан "Ҳозир!" деган товуш эшитилгандан кейин бир неча қадам орқаға қайтиб келди. Бир оздан сўнг ичкаридан беқасам чопонини елкасига хом ташлаған, маҳсисиз оёғиға сағри кафш кийиб кўйлакчан баданини чопони билан ўраған қирқ ёшлар чамалиқ бир йигит чиқди ва Султонали мирзога салом бергандан сўнг, шошиб чопонининг енгини кийди, келиб кўришди.
— Марҳамат, тақсир.
Бу киши молтопар хотинни олиб, суяги тинчиб қолған Холбой — Гулшаннинг эри эди.
Уйида эрта-кеч бекор ётиб, Гулшаннинг топиб келганига қаноат қилар, фақат ош пишириб ҳавли супурар эди. Бошқа оилаларда хотинлар уй иши билан бўлиб, эркаклар кўча ишини қилсалар, Холбой аканинг оиласи тамоман шунинг зиддига қурилған эди. Султонали мирзо Гулшаннинг ўрдаға кетканлигини эшитиб силласи қуруди, бир неча вақт фикрга толиб қолди.
— Ўрдаға кетканлигини аниқ биласизми?
— Бундан чиқиб бир жойга бормоқчи эди, — деди Холбой, — агар иши битса — тўғри ўрдаға кетмакчи, битмаса уйга қайтиб келмакчи эди. Шу чоққача қайтиб келмагани учун, ўрдаға бордими, деб ўйлаб туриппан.
— Сиз ўша борадирған жойини биларсиз?
— Пайқолмадим, тақсир.
Султонали мирзо тинкаси қуруғандек орқасиға тисланиб, йўлакнинг тоқчасиға ўлтурди ва
манглайини қашиди:
— Кеча янгамни ҳеч ким йўқлаб келдими?
Холбой бир оз ўйланиб соқоли остини чимчилади. — Йўқлаб келган экан, мен уйда йўқ эдим.
Султоналининг туси ўзгариб, бошини қимирлатиб қўйди, шипка, кўчага қаранди.
— Агар янгам келса, мени айтасиз, мен яна қайтиб келаман... Уйдан силжимай, мени
кутсин, катта бир иш бор, дурустми?
Султонали" мирзо Холбойдан ваъда олиб кўчага чиқди, илдам-илдам оёғ қўйиб, келган
томонига йўл солди. Қинғир-қийшиқ кўчалар бўйлаб борар, кўчада кўринган ҳар бир хотинни текшириб оёғ босишиға қараб ўтказар эди. Бозорчаға етканда теваракдан жумъа азони эшитилди. Кўчада дуркум-дуркум салла ўраган халқ масжидларга қараб оқар, ул эрса жумъани унутиб аллақаёққа чопар эди. Солиҳ махдум кўчасини босиб тўғриға ўтди, ўн қадамча юриб тўхтади. Бир оз тараддудланиб турғандан сўнг, орқасига қайтиб, Солиҳ махдум кўчасига кирди. Дарбоза қия очилиб турар, ташқари кишидан холи, меҳмонхона қулфланган эди. Султонали мирзо боқча эшигида тўхтаб, тирқишдан мўралади. Хотин киши йўқлиғига қаноатлангандан кейин, боқчаға қадам бости ва секин-секин юриб ичкари ҳавлининг эшигида тўхтади.
— Мирзо Анвар, ҳов мирзо Анвар!
Чақириш уч-тўрт такрорлангадан кейин, йўлакдан гурс-гурс оёқ товши келди. Султонали
мирзо ўзини эшикнинг ёниға олиб, яна чақирди. Ичкаридак: "Йўқлар!" де-ган жавоб бўлди. — Қаёқдалар?
— Жумъага кетдилар.
Султонали роҳат нафас олғандек кўриниб, кўзини эшик остонасиға тикди:
— Сиздан сўраб кетсам ҳам бўлар, синглим... Шу ерга бир хотин келдими?
— Йўқ... Ҳа, боя бир хотин адашиб кирган эди, — деган жавоб бўлди. Султоналининг кўзи олаланиб, пешонасида қатор ажинглар зоҳир бўлди.
106
— Адашиб кирди?
— Ҳа.
— Адашиб кирганига қанча бўлди? — Боя, эрталаб.
Султонали бошини чайқади. Раънога раҳмат айткандан кейин, ташқариға қараб юрди. Кўчага чиқиб яна бояғича оёғини қўлиға олғандек, югуриб кетди. Ўрдағача бир ярим чақирим чамаси йўл бўлиб, ул бу масофани ўн беш дақиқа ичида бости. Ҳавонинг совуқ бўлишиға қарамай, манглайидан тер қуйған ҳолда ўрданинг биринчи дарбозасига кедиб етди. Дарбозабонлар ёнида тўхтаб сўзлашди, манглай терини артиб, дарбоза суфачасига ўлтурди.
— Қоп йўқотдинғизми, тақсир, — деб кулди дарбозабонлардан бири. — Ўхшаш... Жаноб жумъага чиқдиларми?
— Чиқмадилар.
Султонали мирзо дамини ростлаған каби бир оз сўзсиз ўлтурди.
— Ҳарамга бирар хотин кирдими?
— Битта кирмади, — деб кулди дарбозабонларнинг бири. — Беш-ўни кирди чамаси...
Султонали унинг ҳангамасига кучланиб кулди, аммо яна оғиз очишға мажолсиз каби ўлтуриб қолди. Чунки, энди бундан нарига югура олмас, қўли шундан ортиқчаға етмас эди. Кўзини ерга тикиб, икки соатдан бери қилган ҳаракатларининг шамолға кетканини хотирлади. Абдураҳмон ва шериклари ўзларининг ифлос мақсадлариға етмасалар, деб энтикди, айниқса мирзо Анварнинг душманлари олдида обрўси тўкулиши унга оғир туюлди. Бу оғирлиқнинг устига Абдураҳмон тўғрисида қилған ўзининг худраъйлигини1 хотирлағач, яна ҳам кўнгли ғаш тортди. Бу жиҳат билан гўё емонлиқнинг бош омили Султоналининг ўзи бўлиб чиқар, "Агар мен Абдураҳмонни ўрдадан чиқариб юборишқа исрор этмасам, мирзони бу ишка мажбур қилмасам, балки бу адоватлар бўлмасмиди?" деб ўйлар, Анварнинг таъна қилмаслиғини билса ҳам, яна маънак эзилишини, унинг юзига қаролмаслиғини чамалар эди. Андишаси шу жойға еткандан кейин ўрнидан турди, дарбозанинг кичкина эшикчасини очиб, ичкарига кирди. Тўғри йўлни қўйиб, қор остида босилиб қолған собиқ гулзорлар ичи билан айланиб юрди. Ички ўрда қўрғонлари остида яроғлиқ йигитлар айланиб турар эдилар. Султонали мирзо юра-юра ўрданинг чап муюшига, қоровул йигитлардан бирининг яқиниға етиб, у билан сўрашди, бир- икки оғиз сўзлашиб, ўрданинг шарқиға юзланди. Бундаги дарбоза беклари билан борди-келди айтишиб: "Жумъа кун нима қилиб юрибсиз?" деган саволга: "Бу кун жаноб кўнтил очмоқчилар, деб эшиткан эдим" жавобини берди. Булар ёнида ҳам бир оз ўлтуриб, яна қўзғалди, ўрданинг шимол қисмиға ўтди. Ҳарам ва хон оиласига махсус янги дахма теварагида уч-тўрт нафар қора қулчалар ичида Ўрмонбек ўқ ўйнаб юрар эди. Султонали мирзо дахмага қараб борди, "кичкина хон"ға таъзим қилғандан сўнг, дахманинг бир чеккасига ўлтуриб, қуръон ўқуди. Аммо кўзи ўйнаб юрған болаларда, тили қироатда эди. Фотиҳадан сўнг қорихонанинг айвон муюшига чўнқайиб болаларнинг ўюниға томоша қилди. Ўрмонбек камончага ўқ қўйиб отар, ўқлар кўкка кўтарилиб турли масофага бориб тушар, қулчалар отилған ўқларни териб келиб Ўрмонбекка берар эдилар. Отилған ўқлардан бири Султоналининг оёғи остиға келиб тушти. Султонали энггашиб ердан ўқни олди, ўқнинг уринган патини тўғрилаб ўлтурди. Шу ҳолда қулчаларнинг бири югуриб етди. Гап-сўзсиз ўққа қўлини узатқан эди, Султонали қулчанинг бўйи етмайдирган қилиб қўлини юқори кўтарди.
— Ўқни беринғ, ака, тақсир қафа бўлати!
Султонали ҳазиллашкан бўлиб, ўқни юқорида кўтариб тураберди.
— Сен Гулшан опани танийсанми? — Танисам не?! Беринғ ўқни!
1 Худраьй — ўжарлик, ўзбилармонлик.
107
— Шошма хувари, Гулшан опа бу кун ҳарамга келдими?
— Келса не?..
— Ўқ ўйнаб бўлғандан сўнг Гулшан опани менга чақириб бер, дурустми? — Қўп.
Султонали ўқни қулчанинг қўлиға ушлатди, аммо яна қўйиб юбормай қўрғон ости билан юриб турған йигитларга қаради...
— Аниқ чақириб берасанми, ўглим? — Қўп дедим-қув.
— Мени танийсан-а?
— Сизни? Сиз мирзо — тақсир.
Султонали ўқни бериб юборди. Қулча югуриб Ўрмонбек ёниға кетди. Султонали қўрғон остидағи йигитларга кўз қирини ташлаб, уларни ўзидан парвосиз топди. Чунки унинг ҳозирги иши, яъни бола орқалиқ ҳарам билан алоқа тутиш қўрқинчли саналар, башарти бу хил гап сезилиб қолса, катта фалокатларга ҳам сабабчи бўлар эди. Ўрмонбек яна бир оз ўқ отқандан сўнг, зерикиб, камончани ерга ташлади ва ўзи ҳарам дарбозасига қараб жўнади. Қулчалар ҳам уни таъқиб этдилар. Султонали мирзо болаларни ҳарамга киргизиб қабрларға яна "фотиҳа" ўқуди ва секин-секин орқасиға қайтди.
45. "ФОТИҲА — МУҲРИ ХУДОДИР"
Махдум чувирлашиб ўқуб ётқан болаларға тўхталиш ишоратини бериб, ўзи ирғиб ўрнидан турди ва шошқанча мактабхонадан чиқиб, саҳн ўртасида турған икки нафар машҳур беклар истиқболиға югурди. Улар билан энггашиб кўришкандан сўнг, бориб меҳмонхона эшигини очди.
— Марҳамат, тақсирлар, марҳамат!
Махдум бу қадар шошиб қолишға ҳақли эди. Чунки, келгучиларнинг ҳар иккиси ҳам хон
ёнида мўътабар ва ҳамиша унга мусоҳиб1 беклардан эдилар. Улар меҳмонхонаға кириб ўлтургандан кейин, махдум ўрнидан туриб, қўл қовуштирди ва "хуш келдилар!" деди. Меҳмонлар ҳам махдумнинг ҳурматига қўзғалишиб қўйдилар.
— Начук худо ярлақади, тақсирлар? Гарибхонамизни муборак қадамларингиз билан мунаввар этканларингиз учун ҳазорон раҳмат.
Беклар махдумга ташаккур айтдилар. Абдурауф тунқотар ҳамроҳига қараб олғандан кейин "ташриф" сабабига тил очди:
— Жаноби пушти паноҳ бизни зиёратларига буюрдилар, сизга улуғ меҳрибончилиқ ато қилдилар.
Махдум жойидан қўзғалиб ўлтурди, аммо "жаноб"нинг "марҳамат"ларига тушуналмай шошди. Тунқотарнинг сўзига Муҳаммад Шариф дастурхончи изоҳ берди:
— Ҳар кимса ҳам пушти паноҳнинг марҳаматларига лойиқ кўрила олмайдир. Пушти паноҳ ўзларини домодлиққа чоғлаб, бу башоратни бизлар орқалиқ сизга еткаришка амр қилдилар...
Махдум бояғидек яна қўзғалиб олса ҳам, аммо товши чиқмай, сукутка кетиб қолди.
— Тақсиримда ожиза борлиғини пушти паноҳ эшиткан эканлар... — деди тунқотар. — Мирзо Анвар каби донишманд етиштирган киши оқила ва жамила2 қиз ҳам тарбия қилмағанмукин деган андишага борибдирлар... Шогирдингизга қилған марҳаматни жанобингиз ва каримангиз учун ҳам дариғ тутмаслик ниятида, бизни хизматингизга буюрдилар. Албатта, бу
марҳаматнинг нечоғлиқ улуғлиғини сизга сўзлаб ўлтуриш ҳам ҳожат эмас.
— Қуллиқ, раҳмат, пушти паноҳнинг давлатлари зиёда бўлсин, — деди махдум узоқ
1 Мусо иб — суҳбатдош.
2 Жамила — чиройли, гўзал.
108
сукутдан бош кўтариб. — Бир эмас, юз қизимиз бўлғанда ҳам жанобнинг канизликларига назр қйлиш вазифамиз эди... Аммо камина ва ожизамизда бир қанча гуноҳлар, нуқслар, узрлар бор, таҳсирлар.
— Беайб парвардигор, — деди тунқотар. — Банда ҳамиша маъзур ва хатоликдир, тақсир. Махдум бош ирғатиб бир оз сукутда ўлтурди, сўнгра кўзини тунқотарнинг тизасига тикди.
— Жанобларига ожизона арз... Аввало камина ожиз, нотавон, афтодаҳол; пушти паноҳ жиҳатларидин содир бўлған улуғ марҳаматка сазовор ва лойиқ эмасдирман; сониян — ожизамиз олампаноҳдек улуғ зотка ҳамхоб бўлмоқ учун кофий тарбия олмаған бир қулбаччадир. Бас, биз шу кайфиятда онҳазратнинг меҳрибонликлариға арзирму, тақсирлар?
— Пушти паноҳнинг сизнингдек аҳли илмларига қаратилған дарё марҳаматлари арзитар, тақсир.
Тунқотар бу марҳаматнинг беҳад улуғлиғини шарҳ қилиб кетди. Махдум бир неча фурсат сукутда ўлтургандан кейин, тунқотарнинг муболағаларига бош ирғатиб қўйди.
— Шак йўқ, шак йўқ, мен онҳазратка мусалламман1 ва лекин... ва лекин бир узри фақирни андишага қўядир: ожизани бир важҳ билан мирзо Анварга ишонтирған эдик... мана шу масала каминага бир оз мушкил келадир...
Бу сўздан тунқотар дастурхончиға қаради, дастурхончи қўл силкиб кулди:
— Ҳеч боки йўқ, — деди дастурхончи, — мирзо Анвар пушти паноҳнинг ўз кишилари, бу
хабарни мирзо эшитса, шубҳасиз, сўюнадир. — Иншооллоҳ.
— Биз бориб онҳазратка жанобингизнинг дуонгизни эшитдирамиз: ҳусни қабулингизни, ижобатингизни уқдирамиз... Жанобнинг хурсанд бўлишларида шубҳа йўқ, тақсир, — деди дастурхончи ва бошқа сўзга йўл қўймай ҳатто кейинги масалаларга ҳам келиб етди. — Тўй фурсатини таъйин қилиш албатта, онҳазратнинг ихтиёрларига... Қани тунқотар, фотиҳа қилайлиқ, фотиҳа — муҳри худодир!
Тунқотар фотиҳага қўл очди, махдум саросима ҳолатда уларни таъқиб этди. Фотиҳадан сўнг "совчилар" ҳеч нарсага қарамай қўзғалдилар. Ўн беш дақиқалиқ бу ҳодисадан махдумнинг мияси шишди, ҳатто айтишка чоғлаб турған муҳим бир сўзини ҳам унутди. Уларни дарбозага кузатиб чиқар экан, мазкур йўқотиб қўйған муҳим сўзини хотирласам, деб кучанар эди. Беклар билан хайрлашар чоқдағина бирдан "ҳабба" деб юборди. Унинг совчиларға айтмакчи бўлған сўзи ҳақиқатан муҳим, яъни бу воқиъа хабарини Анварга шу беклар воситаси билан етказиш эди. Улар бу илтимосни маъалмамнуният қабул қилдилар, мирзога ётиғи билан сўзлаб, махдумнинг маъзур қолғанлиғини унга уқдирмоқчи бўлдилар.
Махдум "улуғ меҳмонлар"ни жўнатиб, меҳмонхонаға қайтиб келди. Мияси ҳануз тузукрак муҳокамага қобил эмас, кутилмаган бу ҳодиса ўзи учун фойдалиқми, зарарликми — имтиёз2 қилолмас эди. Анварни аяғанлиқми ёки ундан уялғанлиқми, баҳарҳол, кўнглида бир хил ғашлиқ, чигаллик бор эди. Муҳокама ҳар турлик: тўйни илгарироқ қилиб қўйсақ бўлар экан, деб ўйласа, иккинчи тарафдан, "хонға падари аруслик" масаласи ораға кўндаланг тушиб, яна фикри чувалиб кетар эди. Бир тарафдан Анвар, иккинчи тарафдан хон... Шу йўсун, фикри бир йўлда тинолмай гангиган ҳолда меҳмонхонани ёпиб чиқди.
Махдумни мактабхона эшигида кўрган болалар чувирлашиб сабоқ такрорлашка тутиндилар. Лекин махдумга ҳозирғи чувур-чувур ёқмади; унинг учун ҳозир тинчлик, кутилмаган ҳодисанинг ўнг-терсини ўйлаш керак туюлди. Махдум мактабга кириб ўз ўрниға ўлтургач, болаларни тўхташға буюрди. Боладар жим бўлғандан кейин "озод!" деб юборди. Болалар домлаға салом бериб, бир онда мак-табхонани бўшатиб кетдилар. Махдум дарс ўрнидан қўзғалмай яна ўйлаб қолди.
1 Мусалламман — хоннинг ихтиёрларидаги одамман. 2 Имтиёз илмо — фарқламоқ.
109
Анвар тўғрисидағи кўнгил ғашлиғи бир турлик бўлса ҳам, бошқа тарафдан анчагина яхши умидлар туғулиб қолдилар. Хонга қайин ота бўлиш эл қошида кичкина гап эмас эди. Қалин тўғрисида подшоҳ-куявдан кўб, маблағ кутилса бўлар эди. Агар худо ўғул набира ато қилса, Худоёрнинг тахт вориси бўлиш эҳтимоли ҳам бор эди... Тўйнинг кейинга силтаниши эса, тақдир иши; Раънонинг тақдири хонға битилган, шунга биноан Анвар тўйни кейинги силташка, биткан ишни етиришка1 мажбур эди... Яна шу ҳолда ва шунча янги умидлар ичида кўнгилдан ҳалиги ғашликни, ўзига номаълум илинжни ювиб юбора олмади. Яна бир оз шу тўғрида қийналиб ўлтургач, Анварга қарши ўзида бир аччиғ сезди: "Тўйни кўкламга қўй, деб унга ким айтди? Бу ўзи ҳар ишда ҳам сустқадам. Энди, хон сўратқандан кейин рад қилишға кимнинг ҳадди бор!" деб кўнглидан кечирди. Шундан сўнг ул озғина тинчиди, яна бир мунча фикрланиб ўлтургандан кейин кўз ўнгига — қалин учун бериладирған бир саноч олтин, эл қошидағи обрў, энг охирда Худоёрнинг тахт вориси бўлған хонзода келиб кечдилар. Ўзини эл сўраб турған ёш хон ёнида кўриб, илжайди...
Шу йўсун махдум ўзини босиб олди, кўкдан тушкандек бу совчилиқни ўз истиқболининг хайрлик фоли, файзи илоҳий, деб қувонди, ҳануз кўнглини ғаш қилиб турған Анвар масаласини хотириға келтирмасликка, "хаёли фосид"2дан қочишқа қарор берди. Махдум шуни ўзига маъқул қилғандан кейин бошқа кишилар андишасини, айниқса, уйдагилар раъйини ўйлаб турмади. Ўзича саодат бўлиб кўринган бу фожиъа хабари билан Нигор ойимни эсанкиратди, йиғлатди. Раъно эрса танчада ўқуб ўлтурган Хайём рубоиёти устига ҳушсиз бошини қўйди.
— Ўн йиллаб бизга кийдирган, едирган бечора Анварга оқибатимиз шу бўлдими! Шўрлик Раъно бир юз хотин ёниға юз биринчи кундаш бўлиб борадими?! — деб йиғлади Нигор ойим.
Раънонинг ҳозирги аҳволини биз ёзиб ўлтурмаймиз. Аммо махдум уларнинг ҳар иккисини аҳмоққа чиқариб, ўзи "оқиллар" қаториға ўтди.
46. ЙИГИТ!
Маълумки, кеча Султонали мирзо қул болаға Гулшанни чақиришни таъйинлаб, ўрдадан чиққан эди. Шу чиқишда ўрда атрофидан силжимай, кечгача Гулшанни кутди. Аср намозидан бир оз кейинроқ ўрдадан уч-тўртта хотинлар чиқдилар, буларнинг орасида Гулшан ҳам бор эди. Султонали мирзо хотинлар билан сўрашиб (чунки ўрдаға алоқалиқ хотинларнинг ҳаммаси унга танишдир) Гулшанни четка чақирди, унинг билан сўзлашиб иш қўлдан кетканлигини ва душманларнинг яна бир ифлос найрангларини онглади. Шундоғки, Гулшаннинг ёниға борғучи мулла Абдураҳмон, гўё ўзини Солиҳ махдум тарафидан юборилғучи қилиб кўрсаткан. Ҳатто мулла Абдураҳмон орқалиқ Солиҳ махдум, қизимни хонға махтасин, деб Гулшанга бир неча тилло пул ҳам бериб юборған эмиш...
— Мен қиз топишни икки-уч ойлардан бери ташлаб юборған эдим, — деди Гулшан, — кишининг ҳожати чиқсин, дедим. Кейинчалик ўзимга гап тегдирмаслик учун аввал бориб қизини кўрдим; қизни ёқтирғанимдан сўнг не андишалар ичида хонға келиб арз қилдим... Мен у қизнинг мирзо Анварга айтдирилғанлиғини, ўртада адоват борлиғини туш билайми, Султонали ака... Энди иш ўтди, мен хоннинг олдиға кириб кечаги сизға махтаған қизим фалон экан, деб айта олмайман. Мирзо Анвар уйланадирган бўлса, мен кўриб қўйған яхши қизлар бор, айбонам3 учун мирзо Анварга мен бошқа бир қиз топиб берай.
Султоналининг тарбузи қўлтуғидан тушиб, Абдураҳмон ва шерикларидан ғижинған ҳолда, Гулшан билан хайрлашди. Бутун кун зир югуриб юрғаниға эмас, ифлосларнинг ғализ муваффақиятига чидамас эди. Бу чучмал адоват билан ингичка табиъатлик Анварнинг не
1 Етмо — йўқ қилмоқ, барбод бўлмоқ.
2 Хаёли фосид — бузуқ хаёл.
3 Айбона — зарар учун тўланадиган жарима.
110
кайфиятка тушишини тасаввур қилолмас; ит феъл, қадр билмас хонға аччиғ қилиб мирзолиқни ташлаб кетмаса, деб қўрқар эди.
Гулшан айтканча, иш ўткан, гап мазмунича, албатта хон Солиҳ махдумга куяв бўлмай қўймас, ҳозир бунинг қаршисиға бирар тадбир топиш жуда қийин ва бу хабарни Анварга айтиш-айтмаслик масаласи ҳам яна оғир. Султонали мирзо бу гапдан Анварни хабардор қилиш ва қилмаслиқ тўғрисида кўб ўйлади. Қанча мулоҳазалардан кейин уни хабардор қилишни маъқул кўрди. Чунки юзда тўқсон тўққузға қарши бир эқтимолгина бу фожиъанинг бўлмай қолишлиғи тарафида эди. Анварни хабардор қилса, эҳтимолки, унинг ўзи бирар чора топар ёки масала Султонали ўйлағанча унинг учун аҳамиятлик бўлиб чиқмас, башарти аҳамиятлик бўлғанда қам фожиъани кутиб, ўзини босиб қарши олиш ногаҳонийсига қарағанда хийли енгил кўчар эди.
Султонали эрталаб уйқудан туриб, намозни ўқуди, болалари ёнида чой ичмай, Солиҳ махдумнинг ҳавлисига қараб кетди.
Меҳмонхонада ўрдаға кетмакчи бўлиб турған Анвар Султоналини ранжиб қарши олди: — Шундай ҳам лш бўладими, кеча нега мен келгунча кетиб қолдингиз?
— Бирав чақириб келди-да... Мен ўз ўрнимга Сафар. акамни ташлаб кетдим-ку.
Анвар ўпкалик илжайиб, ундан чой ичкан-ичмаганлигини сўради. Султонали гўё ўзини шу яқиндағи қариндошлардан бириникида қолған ва шунда нонушта қилиб, йўл устидан Анварнинг олдиға кирган каби кўрсатди. Иккиси биргалашиб йўлға тушдилар. Кўчада йигирма қадам чамаси борғандан сўнг, Анвар кулимсиб Султоналининг кўзига қаради:
— Кеча бизнинг ҳавлига кимни сўраб келдингиз? Султонали манглайини қашиди:
— Мен чақириб келганда сиз уйдамидингиз?
— Мен уйда эдим, — деб кулди Анвар ва бир оз жим борди. — Мен уйда бўлмасам ҳам, уйдагилар сизни таниғанлар. Уйдан шу хабарни эшитиб, кечадан бери таажжубка тушдим... Хўш, сиз сўраған хотин ким? Ўзи нима гап?
— Арзимаган гап...
— Қани?
Султонали масаланинг қулай кўчишидан енгил тортиб, бир оз сўзсиз борди.
— Кулги гап... Сизга бир оз тегишлиги бўлса ҳам арзимайдир... Арзимаса ҳам?
— Гапуринг... Сизнинг келиб юрғанингизни эшитканимдан бери анча ташвиш чекдим.
— Сизга бир сўзни айтиб ҳам бўлмайди, — деб кулди Султонали, — игнани туядек, хасни
харидек кўрасиз.
— Менми? Хайр, дунёни сел ювса ҳам тўпуғимға чиқмасин, сўзлангиз.
Султонали ҳикояни Сафар бўзчидан бошлади. Лекин жиддий эмас, ярим жиддий қилиб
мулла Абдураҳмон ва муфти бечораларнинг ақлиға гўё шундан бошқа пастлик ва масхарароқ фикр келмаган, шу қадар аҳамиятсиз, тубанлиқ билан гўё ўч олмоқчи бўлғанлар руҳида сўзлаб борди. Анварнинг бир неча кундан бери ўзи тушунмай чеккан ташвиши, кўнгил ғашлиғи ҳақиқатка айланиб борса ҳам, Сафар бўзчининг болани алдаб йўлға солишидан, сир олишидан ва Абдураҳмонларни камситиб, масхаралаб қилинған ташбихлардан кўб ўрунда кулиб, Султонали мирзога енгиллик берди. Сўз Гулшан билан учрашиш ва ундан олинған жавобка етканда, Анварнинг туси ўзгариб, кипрак остлари учиб кетди. Аммо кутилмаган равишда яна совуққонлиқ сақлади.
— Зарари йўқ, — деди Анвар бир хил вазиятда қўл силтаб. — Мен улардан бу хилда ифлослик вужудга келишини тасаввур қилмаған бўлсам ҳам, лекин ҳар ҳолда адоват куткан эдим... Зарари йўқ, Султонали ака.
Султонали Анварнинг товуш оҳангидаги ўзгаришка эътибор этмаган бўлса керак, ҳануз бояғи ярим жиддий руҳидан силжимади.
111
— Саллалик эшакларнинг диринглаши оғилхонағача... Улар мирзо Анвар уйланмакчи бўлған қизни хонға тўғрилаб, шунинг билан гўё ўч олмоқчилар. Мирзо Анвар хотинсиз қолсин, демакчи-да, бу аҳмоқлар. Ҳолбуки, бутун мамлакат қизлари мирзо Анвар учун соч тарайди. Агар сиз хоҳласангиз қозикалон ёки домла шоғовул ва шулар сингари калонполарга куяв бўлолмайсизми? Кесак отиб арслонни енгмакчи бўлған галварсларнинг ишига кулгим қистайдир...
— Зарари йўқ...
— Раҳмат, Анвар. Мен сизнинг баъзи тўғриларда юрагингиз кенглигидан аччиғланар эдим... Дарҳақиқат, ўйлаб қарасам, юрак кенглиги ўзи бир фазилат эмиш... Бундан бошқа маъно онгламангиз, Анвар. Муфти кабиларнинг паст, бачкана адоватининг киши қитиғиға тегиши бўлмаса, сиз ва дўстларингизча ҳам қиз оти топилмайдирған матоъ эмас.
— Албатта.
Анвар ўзини фавқулодца текис ушлаб борар, ҳозир унда бояғи ўзгаришларнинғ ҳеч бириси
ҳам кўринмас эди.
Султонали мирзо бу бемаза гапни Анварнинг кўнглидан чиқаришқа тиришиб ҳалигидек
юпатишларни оғзидан қўймас, эшиткучи эса қисқағина жумла билан унинг фикрига қўшулар ёки илжайиб, тасдиқ ишорасини берар эди. Иккиси бирга девонға кирдилар. Ишка илгарироқ келган мирзолар ёзув билан машғул эдилар. Анвар мирзолар билан саломлашиб сўрашди, ҳатто ҳеч гап бўлмаған каби Шаҳодат муфтилардан ҳам аҳвол ва соғлиқ сўради. Муфтиларни кўриши ҳамоно нафрати жунбушка кирган Султоналининг бу ҳоядан таажжуби ортиб Анварга қаради ва кўнглидан "йигит" деган сўзни кечирди. Султонали айтканча, шубҳасиз, бу йигатнинг кўнгли ёлғиз муҳаббаткагина эмас, муҳаббатдан ғайри фазилатларга ҳам қобил эди.
Султонали мирзо ҳам нариги хонадан Анварнинг ҳузурига ўткан, Шаҳодат муфтилар қаторида ўлтуриб ишлар эди. Анвар бу кунги нома ва аризаларни йиғиштириб удайчига топширди, девоннинг ўзига тегишлик бўлғанларини мирзолар орасида тақсим қилди. Ҳар ким ўз вазифасига берилиб, ораға жимжитлик кирди. Фақат бу тинчликни савоғич қаламларнинг қоғоз устида қириллаши ва гоҳо букланган қоғозларнинг шилдираши бузар эди. Шу ҳол бир соат чамаси давом эткандан сўнг, онда-сонда сўз ҳам қўзғалди. Анвар ҳузуридагилардан Шаҳодат муфти қоғоз-қаламни ёнига қўйиб, сандалда исинди.
— Мулла Наврўз кўб паст одам-да, — деди муфти — унинг иши кечадан бери менга ажаб таъсир қилади-да....
— Паст, паст, — деди Калоншоҳ.
Султонали Анварга қараб қўйди. Анварнинг эса кўзи ёзувда эди.
— Шунча кишининг илтижосини ерда қолдириши ўзи ярамаслиқ... Қазоси етиб ўлган экан, келиннинг молиға нима дахлинг бор? Бу одамият эмас-да.
— Паст кишида одамият нима қилсин.
Султонали кулимсираб бир-икки қайта муфтиларга қараб олди.
— Уйингга икки арафдан шунча одам йиғилди, сўзга кирмай, уларни овора қилдинг, лоақал бир лаган ош билан уларни жўнатсанг ўлиб қолармидинг... э, ҳайф сендек мумсукка!1
— Мен ҳам мулла Наврўзни бунчалик билмас эдим, — деди Калоншоҳ, — одамиятни еб қўйған киши экан.
Султоналининг ранги ўчиб, қовоқ остлари пирр-пирр уча бошлаған эди.
— Қизиқ баҳсни қиласиз, тақсирлар, — деди бирдан Султонали, — шу замонда одамият қолдими? Агар озғина андиша қилиб кўрсак, сиз ҳам, биз ҳам одамиятни пок-покиза еб қўйған чиқамиз. Бу замонда ўзгани қўя туриб ҳатто ўзларингиздан ҳам одамият кутмасангиз бўлади,
тақсирлар!
1 Мумсук — ўтакетган хасис, бахил, зиқна.
112
Юраги тор — асабий Султоналиинг бу сўзи "ширин суҳбат" устидаги муфтиларни ҳайрон қилиб қўйди. Анвар Султоналига қараб унинг кўзини учраталмади. Чунки ул ҳалиги сўзларни айтиб, қўлидағи таҳрирга берилган эди.
— Сиз ажаб одамсиз-да, Султонали, — деди муфти. — Биз нима теяпмиз-ку, сиз нимадан ўтлайсиз.
— Сизлар одамиятдан баҳс қилаётибсизларми, ахир? Мен ҳам бу вақтда одамият йўқлиғидан зорландим-да...
— Сизнинг сўзингиз ажаб, Султонали. Сиз бизнинг одамиятимиз йўқлиғини бирар жойда кўрганмисиз ёки димоғингизға футур етиб қолғанми?
Анвар Султоналининг кўзини учратишка урунди, аммо Султонали муфтиларга юз ўгуриб ўлтурди.
— Сизларнинг одамиятингиз йўқлиғини ҳеч бир жойда кўрганим ва эшитканим йўқ албатта, — деб заҳарханда қилди Султонали. — Аммо ҳозир ўз нафсимдан бир ҳисоб олиб кўрсам, ҳатто шу ҳафтанинг ичидаёқ неча жиноятка иртикоб1 қилғанман. Шунинг учун ҳам бояғи сўзни айтдим-да. Йўқса меним ким билан қанчалиқ ишим бўлсин, тақсирлар...
Муфтиларнинг ранги бўзариб, иттифоқлашқандек Анварга қараб қўйдилар ва Султоналидан зорланғандек бош чайқадилар.
— Султонали ака, — деди Анвар зорланған оҳангда, — тақсирларим айтканча, димоғингизға бир оз футур етканга ўхшайдир: шундай гаплар нима ҳожат, нима алоқаси бор? Тинчкина ишингизга қарасангиз-чи, худо хайр берсин.
Сўнгра Анвар муфтилар томонға кулимсиб, Султоналининг гапига аҳамият бермасликка ишорат қилди. Шаҳодат муфти бир нарсаларни айтиб ишига қаради. Султонали ҳам кулиб, гўё Анварга итоат қилғандек, сўзсизгина, қаламини қўлиға ушлади. Ҳар ким ўз ишига қараб, орада яна бояғича тинчлик бошланди.
Кечка томон мирзолар тарқалишиб, орада Султонали ва муфтилар ҳам бирин-сирин чиқиб кетдилар. Энг сўнгға қолиб қўзғалған Анвар девонхона даҳлизида тунқотарға учрашди. Тунқотар Анвар билан ҳазиллашкандек, унинг қўлидан ушлаб, ичкарига — девонға бошлади. Ичкарига кирдилар.
— Хизмат, тақсир?
— Хизмат шуки, — деб кулди тунқотар, — сизнинг устингиздан бир ўктамлик қилинди?
— Яхши... Эшитсам бўладими?
— Жаноб бу кун бизни устозингиз Солиҳ махдумникига қулчилиққа юборған эдилар. Бориб
эшитсамиз, фотиҳа сизга бўлған экан... Биз қиблагоҳ учун кечарсиз, деб ўйладиқ...
Анвар бу заҳарлик сўз билан илон каби тўлғаниб олса ҳам бутун кучини сарф қилиб, сир
бермасликка тиришди.
— Атиги шу гапми?
— Шу гап, мирзо Анвар.
— Арзимаган гап... Буни мендан сўрамасангиз ҳам бўлар эди.
— Раҳмат, мирзо, мен сизнинг бу садоқатингизни жанобга сўзлайман.
— Йўқ, йўқ, — деди Анвар бош чайқаб, — зинҳор гапирманг, зинҳор.
— Нега ахир, нега? Жаноб ҳам ўзларининг содиқ қулларини таниб қўйсинлар-да.
Анвар мажҳул оҳангда кулди: — "Айтманг, мен хоҳламайман" — деди яна. Иккиси биргалашиб девондан чиқдилар.
Ҳаво текис қорамтил булут билан ўралған, Қўқоннинг машҳур шамоли қанот ёйған эди. Қорамтил булутлардан қуйироқда олақарғалар қанот қимирлатмай саёҳат қилар ва онда-сонда ёмғур қатралари томчилар эди. Шу вақтда кўпрук ёниға келиб тўхтаған Анвар қаёққа бориб
1 Иртикоб — машғул бўлиш, қўл уриш.
113
ётсам, деб тараддудланди...