ҚИЗИҚЛАР
ҚИЗИҚЛАР
Зокир-гов хонға қуллиқ қилди ва икки-уч қадам бордон томонға юриб, бутун товши билан чақирди:
— Баҳромбой! Ҳов, Баҳромбой!!!
Бордон ичидан бир оёғида кафш, иккинчиси кафшсиз олди очиқ кир яхтагидан бадани
кўринган, бир қўли билан елкасини қашиб, иккинчиси билан иштонбоғини ушлаган, бош ялан бир йигит чиқди.
— Эшак ҳанградима! — деди Баҳром ва уёқ-буёққа алонғлаб олғандан кейин, яхтагининг чокини ахтарди. — Сингли талоқ битни қочирдим-да! (Кулги.)
— Баҳром деяпман, менга қара!
— Э-эй, Зокир ака, сен чақирдингма... Ҳа, нима гап?
— Хонни кўндирдим!
— Кўндирдингма?.. Мен ҳам айтдим-ку, хон ўзи лақма эмиш, деб. (Кулги.)
— Улар қани?
— Уларингма? Уларинг ичкарида ятипти.
— Нима қилиб ятипти.
— Қўй десам бўлмади, бир пой кафшимни икави ҳузур қили-и-иб еб ятипти! (аттиғ
кулги.)
Зокир-гов аччиғланди.
— Сенларга ҳеч бир ақл кирмади-да... Энди хоннинг олдиға бир пой кафш билан чиқасанми?
Баҳром ўйланиб бошини қашиди.
— Чиқсам чиқавураман-да. Хонинг ҳам менга ўхшаған бир одам-да, ака! (Кулги.) — Кир, кир, падарлаънат, даррав уларингни олиб чиқ!
Баҳром елкасини қашиб, кафшлик оёғи билан кафшсиз оёғини "тапчип, тап-чип" ерга босиб ичкарига кириб кетди. Бир оздан сўнг икки ҳамроҳини бошлаб чиқди. Чиққанлардан бири пак- пакана, юм-юмалоқ, лўп-лўнда бир махлуқ эди. Унинг гавдаси бу қадар "келишкан" бўлиши устига, башараси ҳам шунга монанд тушкан, томоғининг остида чўгури қовундек бўқоқ ғовлаб ётар эди. Унинг гавдаси мисоли бир гупчак бўлса, шу гупчакнинг юқорисиға катта бир сув қовоқни бош бўлсин, деб ўрнатқан эдилар. Ва бу ялтир қовоқнинг бетида кўз бўлиб, қуёшда қовжираган иккита ғўлун туршак, оғиз ерида бир кафш, бурун ўрнида юқориға қараб ўрмалаған баҳайбат бир қурбақа ва қулоқ мақомида сув қовоқнинг икки бағрига тиралған икки ошлов турар эди. Қош ва бошдағи соч тўғрисида оғиз очиб бўлмас, аммо беш-ўн тук, яъни соқол-мурт ғира-шира кўзга чалинар эди. Сепкил ва чечак доғи бу бетни "музояқакор" қилиб кўрсатканидек оёғидағи чориқ, устидаги қисқа, эски алак чопон, белидаги беш-ўн айлантириб боғланған бўз белбоқ, бошининг учдан бир қисмигагина қўниб ўлтурган тор пилта тўппи бир "ҳусн"га яна бир юз "ҳусн" қўшиб арз қилар эди. Бу махлуқ доимий ўрдада турадирған хоннинг кундалик қизиги мулла Бахтиёр эди. Иккинчиси мулла Бахтиёр билан ўчакишкандек, жуда узун бўйлиқ, ғилай кўзлик, ажина қошиқдек юзлик, қотма, ўзининг бўйидан ҳам узунроқ тўн ва бошиға қаландар кулоҳи кийиб, ялан оёғ, ўрта яшар Давлат исмлик яна бир қизиқ эди. Зокир-гов буларни қарши олди.
— Э, ҳаромзодалар, — деди Зокир-гов қўлини пахсалаб, — андак нафсларингни тийсанглар, хотинларинг талоқ бўладими?! Бунинг бир пой кафши қани?
86
Баҳром маъюс бўйин солиб турди, Бахтиёр билан Давлат лабини артиб, бир-бирига қарашди: — Айт! — Сен айт.
— Нима деб айтаман? — Еганимиз йўқ, деб айт...
Бахтиёр икки қўли билан белбоғиға такя қилиб, қаддини ростлади ва бошини бир оз
орқасиға мойил тутиб, қаққайди:
— Билиб сўзла, ака, биз еганимиз йўқ! Зокир-гов индамасдангина Бахтиёрнинг ёниға ўтди
ва озорсиз қилиб унинг намойишкор кўриниб турган бўқоғини салмоқлади:
— Кафшнинг ўкчаси тиқилиб қолипти-ку, иним! — деди Зокир-гов, кучлик кулги кўтарилди. Сўнгра вазиятини ўзгартириб, уларга уқдирди: — Биз ҳозир хоннинг ҳузурига борамиз, эшитасанларми... Учавинг ҳам адаблик, мутавозиъ1 бўлиб кўрин. Хонға учрашканларингда, икки букулиб қуллиқ қил, ундан кейин хонни дуо қиласанлар. Тузукми?
Қани, келаберларинг орқамдан!
Тўрттави, бири орқасидан бири чизилишиб, шаҳсуфа ёниға бордилар. Зокир-гов зина ёнида
тўхтаған эди, орқадағилар бир-бирига туртинишиб, бири у ёққа, бири бу ёққа, учунчиси хонға орқа ўгирган ҳолда тўхталишдилар. Бу ҳолдан хабарсиз Зокир-гов уларни хонға тақдим этди:
— Қулбаччаларингиз ... саломга келдилар. (Кулги.)
Зокир-гов уларнинг ҳолидан хабар топиб, шошди ва ошиқиб, уларнинг бетини хонға
қаратди.
— Ҳай, бепадарлар, ҳай, беадаблар... тўғрингда ўлтурган кишига баробар қуллиқ қил.
Учави баробар қуллиқ қилдилар, кулги бошланди. Чунки уларнинг ҳар бири бошқа кишига қуллиқ қилиб, хон четда қолған эди.
Зокир-гов хонға узр айтиб, уларни койиди:
— Кимга қуллиқ қилдинглар?!
— Тўғримизда ўлтурганга.
— Лўнда бўл, лўнда; учавинг ҳам!.. Дуо қил, дуо!
Учави дуоға қўл очти, қўл очқанча бир неча вақт қарашиб турди, сўнгра тирсаги билан бир- бирини туртиша бошлади. "Сен қил, сен..." (Кулги кўтарилди). Улардан дам чиқа бермагач, Зокир-говнинг ўзи қўл очти:
— Омин де, ҳўкузлар! — деди. Улар "омин, омин" деб турдилар. — Шояд дуо қабул бўлса... Оллоҳ таолонинг мулла Бахтиёр ва Давлат каби закки бандаларига бизнинг эҳтиёжимиз йўқ. Шунинг учун дуо қиламизки, бу учавининг жонини тезроқ олсин ва бандаларини бу фалокатдан қутқарсин, омин!
Учави ҳам фотиҳага юз сийпашкан эдилар, яна атрофни гуррр эткан кулги бости. Фотиҳадан сўнг Зокир-гов уларни йўлға солди:
— Тилак қил, тилак; бақрайиб турасанларми? Учави яна бир-бирини туртишиб, ўз ора бир нарса сўзлашиб олдилар. Давлат нимадир айтиб, суфага ўлтурганларга ишорат қилди... Орадан Баҳром тилакка оғиз очти:
— Салла — калла, шопу шалопни кўриб, ўзимиз ҳам жуда қўрққанға ўхшаймиз... Манови Давлат бўлса — "Бу ўлтурганларнинг ҳаммаси ҳам одамхўр", деяпти. (Кулги.) Энди тилагимиз шуки, бизларга жавоб берсалар, жойимизга тинчкина кетсак... (Кулги.) Илоҳи мана шу ўлтурганларга худойим инсоф берсин... (Кулги.) Юрагимиз жудаям чиқиб кетаяпти! (Кулги.)
— Ҳай, тилакларинг билан бориб ёт! — деди Зокир-гов ёниға уриб. — Қочиб қол, еб қўяди!!
Орадан "дод" деган товуш чиқди, учави ҳам уч томонға қочар экан, Бахтиёр Давлатнинг оёғиға чалиниб йиқилди. (аттиғ кулги.) Баҳром билан Давлат олпонғ-толпонғ бордонға кириб кетдилар... Зокир-гов Бахтиёрни тутиб қолди.
1 Мутавозиъ — кибрсиз, одобли, таъзимли.
87
— Қўй, ака, қўй! — деб йиғлади Бахтиёр, бекорга ўлиб кетмай, бала-чақам бор? — Емайди сени!
— Ейди, ака, ейди! Манови бекингаинг кўзига қара...вой-воя-а-а, қўювор! (Кулги.) — Мен сенларга аччиғ айтим-а, падар лаънат!
— Менда ўчинг борға ўхшайди, ака! Анови домланг нах одамхўрнинг ўзи, кийимингни ҳам ешдириб ўлтурмайди... Уяғини сўрасанг, хонингға ҳам ишонмай қолдим! (Кулги.)
Бахтиёр силтаниб Зокир-говнинг қўлидан чиқди ва ғилдирағандек бордонға қараб қочти. Зокир-гов ҳам уни қувлағанча бордонға кирди.
Бир оздан сўнг тузукроқ кийимда, бошиға салла ўраб, оёғида сағри кафш билан қўлида жойнамоз каби бир нарсани кўтариб бордондан Давлат чиқди. Хонға таъзим қилғандан сўнг, жойнамозни ерга ёзди. Хонға яна таъзим қилиб: "Шайхулислом Валихон тўра1 шу ерга марҳамат қилар эканлар!" — деди. Хон мулла Ниёз домланинг ёнида ўлтурган шайхулислом Валихон тўрага қаради. Аҳволга тушунмаган шайхулислом "Нима гап?" дегандек қилиб, жойнамоз ёнидағи Давлатка кўз қирини ташлади. Давлат "Ҳеч гап" деган ишорани бериб, бордонға қайтиб кетди. Демак, ҳозир шайхулислом Валихон тўрага муқаллид бўлмоқчи эдилар. Буни пайқаған халқ секин-секин, бир-бириси билан имлашиб, кулимсишдилар ва барчанинг кўзи бордон уйда бўлди. Бир вақт бордон эшигидан банорас тўн кийиб, ўнг қўлиға асо ушлаган ва сўл қўлида адрас рўймолға тугиклик китоб кўтарган, шайхулислом Валихон тўра (Зокир-гов) кўринди. Шайхулислом каби қадди бир оз букик ва қадам қўйиши ҳам Валихон тўрадек икки гарафка мойил эди. Барчанинг кўзи ва диққати ҳар икки шайхулисломда бўлди. Хон ёнидағи ҳақиқий шайхулислом эса қип-қизарған ва ҳар он "тавба" деб қўяр эди.
"Шайхулислом" йўл устида тўхтади ва ерда тушиб ётқан бир нарсани асосининг учи билан текшириб кўрди ва уни туртиб четка чиқарғач, йўлида давом этди.
Кўбчилик чидалмади, гур этиб кулиб юборди. Валихон тўранинг ўзи ҳам тавба аралаш кулиб қўйди. Чунки Зокир-гов ҳеч бир нуқсонсиз муқаллид бўлмоқда эди. Жойнамоз ёниға етди, асосини шайхулислом асоси ёниға тиради, кафшини ешиб, жойнамозға чиқди. Ўлтуриб китобни тизасига қўйди ва пичир-пичир дуо ўқуб юзини сийпади.
"Шайхулислом" уёқ-буёқни қарағандан кейин чақирди: — Мирзо Ҳамдам-ҳай, мирзо Ҳамдам-ҳай!
Кулги кўтарилди, айниқса, шайхулислом ёнида ўлтурган домлалар қаттиғ кулдилар. — Мирзо Ҳамдам-ҳай...
Бордондан Баҳром чиқди, ул ҳам муллаёна кийинган эди. — Лаббай!
Баҳром "шайхулислом" қаршисиға келиб, салом берди. "Шайхулислом" жавоб бериб, жойнамоз ёниға ешкан кафшига қаради.
— Ҳай, шу кафшимни бир пок қилинг, мирзо Ҳам-дам. — "Мирзо Ҳамдам" тавозиъ билан чўнтагидан рўймолини олиб, кафшни арта бошлади ва шу вақтда бордон ичидан, ул ҳам муллаёна кийимда мулла Бахтиёр чиқиб келди; "шайхулислом" қаршисиға келиб, салом берди.
— Ваалайкум ассалом! — деди "шайхулислом" ва келгучининг апти-бошиға қараб олди. — Шинед, бачча, шинед!
Бахтиёр ўлтурди.
— Хўш, писар, чи гап?
— Тақсир... сизга...арзим бор эди... Подшоҳимиз янги мадраса бино қиғанлар, деб илм
талабида қишлоқдан тушкан эдим; бир ҳужра берсангиз, деб сизға арзға... — Хўб, хўб... Шумо гужойи?2
— Тақсир, Олтиариқдан...
1 Бу киши асли чустлик бўлиб, шайхулислом ва янги солинған Ҳоким ойим мадрасасининг бош мударриси (муал.). 2 Шумо гужойи — сиз қаерликсиз.
88
— Аттанг, аттанг, — деди "шайхулислом", — барвақтроқ келмабсиз-да, бачча, акун1 ҳамма ҳужраларга жой йўқ, муллабаччалар жойлашиб қолган.
— Муллаларнинг арасиға қўйсангиз ҳам бўлавуради менга, — деди тавозиъланиб Бахтиёр. — Биз қишлоқ одами... сиқилишсақ ҳам ётавурамиз, тақсир!
— Хўб, хўб... Акун ҳужраларимиз муллабаччалар минан беҳад тўлган, ҳолонки бир тариқ ҳам сиғмайди, биз дуруғ сўзламаймиз, бошидон2...
Ҳақиқий шайхулислом масалага тушуниб тер чиқара бошлади. Бахтиёр (муллабачча) маъюс фотиҳа ўқуб "шайхулислом" ҳузуридан кетди. "Мирзо Ҳамдам" кафшни туфлаб, тозалаб бўлғандан кейин "шайхулислом"нинг қаршисиға ўлтурди. Нариги ёқдан "шайхулислом" рўбарўсига Давлат келиб тўхтади.
— Ассалому алайкум, тўра почча! — деди Давлат ва кафшини ешиб келиб, "шайхулислом" билан қўл олишиб кўришди. — Хўб саломат, офият хастедми3, тақсир? — Худоро шукур, худоро шукур.
Давлат рухсат, фалон кутмай "шайхулислом"нинг ёниға ўлтуриб олди. — Ба жаноб арз... — Бисёр хўб, арз кунед4.
— Очиқ гав: бизга бир ҳужра берсалар, деб келдик-да, тўра почча!
— Хўб... Гужойи?
— Тақсир, чустий, ба жаноби шумо ҳамшаҳрий5. — Яъни писари ки? — Писари усто Муҳаммад собунгар. — Хўб, хўб, — деди "шайхулислом" ва "мирзо Ҳамдам"га буюрди, — ба ҳамин одам як ҳужра додан гир6!
Давлат дуо қилиб "шайхулислом" ҳузуридан кетди. Қўқонлиқ муллабачча рўлида Бахтиёр келди. Унга яна: "Биз дуруғ сўзламаймиз, мадрасамизга бир тариқ ҳам сиғмайди", деган жавоб бериб жўнатилди. Давлат яна чустлик бир толиби илм бўлиб келган эди, "мирзо Ҳамдам" орқалиқ "додан гир!" буйруғи берилди. Қаттиғ кулги кўтарилди. Хон ва домла Ниёзнинг кўзларига ёшлар чиқди. Аммо шайхулислом дам-бадам манглай терини артиб олар эди. Зокир- гов хонға қуллиқ қилиб, шогирдлари ёниға борди. Хон ва раъият янги қизиқлиқни кутиб қолдилар.
37. БИРИКИШ
Далв ойи7, қаттиғ қиш. Девоннинг ҳар икки хонасига бир нечадан сандал қўйилған эди. Ҳар бир сандалга тўрттадан мирзо жойлашиб, дафтар таҳрири, ёрлиғ иншоси билан машғул эдилар.
Хон ҳузурига чақирилған Анвар ярим соат чамаси кечикиб чиқди. Анвар ўз хонасиға келиб кирганда, четдаги танчада Шаҳодат муфти бошлиқ мулла Абдураҳмон ва Калоншоҳ мирзолар нима тўғрисидадир, оҳиста-оҳиста сўзлашиб ўлтурар эдилар. Эшикда Анвар кўриниши билан уларнинг суҳбати кесилди ва ҳар ким ўз қўлидағи ишка қаради.
— Эҳи, эҳи, — деб йўталинди Шаҳодат муфти, — нима фармон бор, мирзо Анвар?
— Ҳеч гап, — деди Анвар ўз танчасига жойлашиб. — Ўш, Андижон ҳокимларига нома буюрилди... Сиз, мулла Абдураҳмон ака, қўлингиздағини неча нусха тайёрладингиз?
Мулла Абдураҳмон ёнидағи қоғозларни санади:
— Уч нусха.
— Яна бир нусха ёзсангиз бас. Закотчи исмини қўймагандирсиз?
1 Акун — (акнун) — энди.
2 Бошидон — ўргулай.
3 Офият астедми — тинчмисиз.
4 Жуда ҳам яхши, арзингизни айтинг
5 Чустликман, сиз жанобларига ҳамшаҳарман. 6 Шу одамга бир ҳужра бергин.
7 Далв ойи — 22 январь-21 февраль.
89
— Қўймадим.
— Жуда яхши, ўзим қўярман. Қўлингиздағини тезроқ ёзиб битирсангиз, яна бир иш бор, — деди Анвар ва Шаҳодат муфтига юз ўгирди. — Тақсир, сиздан бир илтимос; кечаги Абдушукур понсадга маҳзарни1 ўзингиз ёзиб бермасангиз бўлмайдирған кўринади. Боя менга яна учрашди; ғулдир-ғулдир қилади, мақсадиға ҳеч бир тушуналмадим. Чамаси, унинг даъво кониятини сиз яхшироқ билар экансиз?
— Қўйинг шу бош оғриғини, — деди муфти, — неча бора менга иши тушиб, бирар мартаба ҳақ берганини хотирламайман.
— Ҳақ олиб беришка мен кафил.
— Эй-ҳа, мен ололмағанни сиз олармидингиз?
— Ололмасам, сизга ўз ёнимдан тўлай, тақсир; иш қилиб, шунинг даъвосидан мени
қутқаринг-чи.
Шаҳодат муфти индамади. Анвар қоғоз олиб, бир нарса ёза бошлади. Шаҳодат муфти
оҳистағина ёнидағи Абдураҳмонни туртиб қўйди ва Анварга ишорат қилиб, "ана аҳвол" дегандек илжайди. Яъни унинг ҳаракати "кўрдингми мирзобошини, қўлидан маҳзар ёзиш ҳам келмайди" мазмунида эди. Мулла Абдураҳмон оҳиста бош кўтариб кулимсиди. Бу гапдан хабардор бўлиб ўлтурган Калоншоҳ мирзо қўлини оғзиға карнай қилиб Анварга тўғрилади, яъни, жиртак чалди. Шу ҳолда эшикдан Султонали мирзо кириб, Калоншоҳга тикилиб қолди...
— Маймунлиқ муборак!
Иш билан машғул Анвар қоғоздан бошини кўтариб, эшикдаги Султонали мирзога қаради:
— Нима гап?
— Ҳеч гап, — деб кулди Султонали, аммо кўзида ғазаб ўти ёнар эди.
— Мен бояғи қоғозға кирган эдим.
Анвар ёнидағи қоғозлар ичидан бир ариза ажратди:
— Жавоб мен айтканча бўлсин.
— Хўб.
Султонали қоғозни олиб чиқар экан, яна уларга қараб қўйди. Уларнинг учави жиддий
равишда ишка берилган, қоғоздан бош кўтармас эдилар. Султонали чиқиб кетди. Бир оздан кейин Шаҳодат муфти секин бош кўтариб Анварга қаради. Анвар ўз ишига қаттиғ боғланған эди. Шаҳодат муфти Калоншоҳ билан кўз тўқнаштириб, "яхши бўлмади", деган каби бош чайқади. Калоншоҳ аҳамиятсиз кўз қисди. Одатдагидан ҳам ранги ўчкан Абдураҳмон буларнинг ҳозирги им-ишоратига иштирок этмай, ўз ишига қараған эди.
Солиҳ махдумнинг ўша сўзи билан Абдураҳмон ишка олинған эди. Уч ойдан бери Анвар қошида — ўз ҳузурида мирзолиқ қилиб келар ва иккинчи ойдан беш тиллолиқ моҳонага ҳам ёзилған эди. Бир ойлар чамаси Анварга садоқат билан, унинг қаноти остиға киргандек ишлади. Бу орада Шаҳодат муфти ва Калоншоҳ мирзо кабилар билан сирдон бўлмаса ҳам танишди, яқинлашди. Бошда Шаҳодат муфтилар уни ётсинишиб унинг ёнида ҳар турлик ғийбатларни қилишдан чўчидилар. Чунки мулла Абдураҳмоннинг Анвар кишиси бўлиши тахмин қилинған эди. Иккинчи ойдан моҳонага ёзилиши ҳам уларнинг ўз андишаларида янглишмағанлиқларини кўрсатди. Бироқ Абдураҳмоннинг баъзи ҳаракатлари, масалан мирзо Анварнинг арабча, форсийча лафзлардан холи, содда таҳририни нусхаларга кўчирар экан — "аттаому било милҳи" (тузсиз ош), деб кулиб қўйиши муфтиларни ўйлатиб қўяр, бу таънани чин кўнгилдан чиққаниға шубҳаланишни-да, шубҳаланмасни-да, билмас эдилар. Шундай фурсатларда "аламзада" муфтилар ҳам бирар латифа сўзлашка тутунар, аксар, латифа мазмунини бир тарафка буриб юритар эдилар. Баъзан Шаҳодат муфти ишдан чарчаған каби оҳ тортиб, ўзича "ямутул-асаду фил ғабоби жуъан ва лаҳмут-тайри ютраҳу лил-килоб"2, деса, иккинчи ёқдан Калоншоҳ мирзо
1 Ма зар — ариза.
2 Арслон чангалзорда очлиқдан жон берадир, аммо итни қуш гўшти билан боқадирлар (муал.).
90
шу мақолнинг давомини сўзлаб "ва хинзиру яному фил-фирош ва улул-уқули яному алат- туроб"1, дер эди. Мулла Абдураҳмон уларнинг кинояси мазмунига тушунибми ёки тушунмасданми — ҳар ҳолда бир илжайиб қўяр эди.
Шу йўсун иккинчи ойда бу икки муфти мулла Абдураҳмонни синаб вақт кечирдалар. Абдураҳмон ҳам ўзининг аксар сўз ва ҳаракатлари билан уларни шубҳадан чиқара борди, ниҳоят икки муфти учунчи ёш "олим"ни ҳам гарчи бир "нодон" тарафидан келтирилган бўлса ҳам "заршунос" деб билдилар ва учунчи ойдан уни ҳам ўз ёнлариға олиб сирдон бўлишдилар. Бояғидек, "қозихона маҳзарлари" уларга дастмоя бўлди. Анвар ўзи вақт тополмай, бирар нарсани муфтиларга ҳавола қиладирған бўлса, "мирзобошининг тиши ўтмади" деб кулишдилар. Мулла Абдураҳмон ҳам валинеъмати бўлған Анварнинг риоясини унутаёзди. Чунки мазкур икки муфтининг таъсирлари кучлик бўлиши устига, ўзи ҳам уларга мойил, ҳатто бу камситишлардан лаззат олғучи эди...
Анвар икки муфтининг ғийбатларини яхши билса ҳам, Абдураҳмоннинг бу ғийбатда иштироки борлиғини сезмас эди. Фақат яқиндан бери Султонали мирзо Абдураҳмоннинг бунда иштироки борлиғиға воқиф бўлди. Ҳатто шу тўғрида Анварга баъзи сўзларни ҳам айтди. "Мулла Абдураҳмондан нон емаймиз, сизга қарши қаттиғ қутурған икки итимиз бор эди, энди учунчисини ўзингиз келтирганга ўхшайсиз..."
Кечка томон мирзолар тарқалишдилар. Бироқ, бизнинг муфтилар ҳануз қўзгалмас эдилар. Анвар эса ҳаммадан кейин чиққучи эди. Икки муфтининг қўзғалмаслиқлариға ўзи сабабчи бўлғанлиғини яхши билган Султонали мирзо Анвар билан хайрлашиб чиқди. Шундан бир оз сўнг муфтилар ҳам кетишка чоғландилар.
Ҳаво совуқ, тўрт эллик чамаси қор ёғиб, кўча бетини ёпқан эди. Қўқоннинг ўзига махсус изғириқ бу қор билан яхши қуролланиб, кишининг қулоқ-тумшуғини заҳар каби ялаб ўтар эди. Кишилар телпакни бостириб кийган ёки саллани қулоқ ва манглай аралаш ўраб, бўз гуппини тумшуққача кўтарган эдилар. Кўча бўйлаб ҳар ким чопар, бир нарсадан қуруқ қоладирғандек югурар эди. Бу кунги совуқ билан қор ҳар кимга ҳам ғарчлиқ кафш инъом қилған, бой ва беклар оёғидағи бедона, сағри қала кафшлар билан камбағал косиблар кийган упика2, айбаки кафшларнинг ўзаро фарқи қолмаған ва ҳатто баъзилар оёғидағи ёғоч кафшлар ҳам ажойиб нағманавозлиқ қилар эдилар.
38. ҒАРИБ КЎНГЛИ
Анвар бошқалар каби югурмаса ҳам елиб келар эди. Хишткўпрукка етканда, катта сув ёнидаги ҳужра эшигида қўсқи3 пўстунга ўралиб турған қоровул унинг олдиға тушиб салом берди:
— Совуққа қотқан кўринасиз, тақсир... Гулханимиз бор.
Анвар тумшуғини тўнидан чиқариб илжайди ва тутун чиқиб турған эшикка бурилди,
қоровул олдинда келиб, эшикни очиб берди, Анвар ичкарига кирди. Тутун билан қоп-қорайған, пасткина қоронғи ҳужранинг ўртасида гулхан ёниб, алангаси мўрига ўрлар эди. Гулхан ёнида қўлиға касав тутқан Султонали мирзо олов жўнашдириб ўлтурар эди.
— Сиз ҳам совуққа қотқанларданмисиз! — деб кулди Анвар.
— Жон олов — жон эр, депти бир хотин... Гулхан ўтлик йигитнинг иссиқ қучоғи эмиш. Қани, бу ёққа марҳамат!
Қоровул ва Султонали мирзоларнинг қисташлари билан Анвар гулханнинг тўрига, тўрт қатланиб солинған кийизга ўлтуриб, қўлини оловға тутди.
1 Тўнғуз ҳузур қилиб тўшакда ухлайдир, оқиллар тупроқда ётадирлар (муал.). 2 Упика — бузоқ терисидан тайёрланган кўн.
3 )ўси — жулдур, эски.
91
— Ўзингиз ўлтурмайсизми, ака, ўлтуринг!
Анварнинг бу сўзи билан адаб сақлаб турған қоровул гулханнинг бир чеккасига чўккалаб,
гулхан ёнидағи қора қумғонни оловға тираброқ қўйди.
— Совуқ тузук бўлди, — деди Анвар исиниб. — Ўрдадан чиқиб, ўзингизни гулханга
урибсиз-да?
— Қарасам уйга еткунча қотадирғанман, Тойир акамнинг туйнугида тутун кўриб, эшикни
очсам, иш катта. Хиралик бўлса ҳам кирдим, нима қилади... Бироқ, сизни Тойир акамнинг ўзи чақириб кирганга ўхшайди, ҳали сизга чой дамлайман, деб овора бўлса ҳам эҳтимол...
Тойир ака қумғонни яна олов томонға итариб қўйди:
— Ҳозир дамлаймиз, тақсир, ҳозир. Сув ҳам қалқиб қолибдир, яхши, кўк чойимиз ҳам бор. — Ўзларингиз ичмасангиз, меним учун ҳожат эмас, мен ҳозир кетаман.
— Шу гулханни ташлаб, қаёққа?
— Уйга... Балки кишилар кутиб ўлтурган чиқарлар.
— Шундай совуқда сизни ким кутсин, чойни дамлай беринг, Тойир ака, мирзобошини
юбормаймиз.
— Шундай бўлсин, тақсир... Ғарибларнинг чойидан ҳам бир ичиб қўйсинлар, — деди Тойир
ака ва ўрнидан туриб бурчакдаги ёрилған тарашадан бир қучоқни келтириб гулхан ёниға ташлади. Қайнаб тошқан қумғонни оловдан олиб, чой дамлади.
— Тойир акамнинг гулханини ташлаб кетиб бўлмайди, — деди Султонали, — бир-икки пиёла чойидан ҳам ичиш керак, бир-икки калима суҳбатини ҳам эшитиш керак.
Анвар илжайиб қўйди. Тойир ака қозиқдағи тугунни очиб тўрт-бешта нон, бир ҳович каттақўрғон магиз олиб, кичкина баркашчага солди. Баркашни Анвар олдиға келтириб, узр айтди:
— Камбағалчилиқ, тақсир, олдингизға дастурхон ёзолмадиқ...
— Нима айби бор, — деди Анвар, — мен шундай қоронғи уйда гулхан ёнида ўлтуришни ва шу ҳолда чой ичишни жуда яхши кўраман.
— Бу ўлтуришнинг ўз олдиға бир нашьаси бор, — деди Султонали.
— Бор... Шоирона, дарвешона бир маъноси бор. Мен ёш, ятим чоғим, опамнинг уйида шу ҳолни кўрар эдим. Язнам қашшоқ косиб эди. Қиш келди дегунча гулхан ёқар ва шу йўсун гулхан ёнида ўлтуриб чой ичар эдик. Шу гулхан ҳаёти ҳануз меним эсимдан чиқмайдир ва шу ҳаётка ҳамиша кўнгилда бир муҳаббат сақлайман.
Тойир ака Анварга сопол пиёлада чой узатди. Гулхан кейинги қаланған тарашалар билан алангаланиб ёнди. Қоронғи ҳужра ёришиб, учқунлар билан зийнатланди.
— Бола-чақангиз борми, Тойир ака?
— Йўқ, тақсир... Шу ерда юртни дуо қилиб ётаман.
— Тойир акам ҳам сизга ўхшайди, — деб кулди Султонали. — Тўйни кўкламга
қолдирганингиз яхши бўлмади, қиш кунлари Тойир акамдек ёлғизлиқ...
— Чунки мен Тойир акам турмишини яхши кўраман... Дардисарнинг нима кераги бор-а,
Тойир ака?
Тойир ака қўлида касав билан олов тўғрилар эди.
— Қурби еткан кишининг бола-чақа қилғани маъқул, тақсир.
— Нима учун?
Тойир ака олов жўнашдириб, бир оз жавобсиз ўлтурди. Соқол-муртига учиб тушкан учқун
кулларини селпиб ташлади.
— Худой фарзанд берса, қариған кунларингизда ишингизга ярайди, — деб қўйди Тойир ака,
яна бир оз олов тўғрилаб турди. — Менда ҳеч ким йўқ... Ёшим эллидан ошқан, тақсир... Ҳозир куч-қувват бор, бир нарса топиб бўлади... Бир вақт келар, куч кетар, шунда менга ким қарайди, тақсир? Иссиқ жон, мен оғриб ётарман, бир қошиқ сувға муҳтож бўларман... Шунда сувни
92
менга ким беради, тақсир? Ўлим ҳақ, ажал етиб амонатни олса, кўзим юмилса, бир чеккада ўлиб қолғанимни ким билади, тақсир?.. Кишининг бола-чақаси бўғанда шундай гаплар йўқми, деб ўйлайман-да.
— Тўғри гап, — деди Султонали, — дарҳақиқат, киши қандай кунларга қолишини билмайди. Тойир акам айтканча, бола-чақа бўлса, бир оз кўнгил тўқи-да.
Анвар бир оз сўэсиз, ўйланиб турди, қўлидағи пиёласини бўшатиб, Тойир акага узатти. — Уйлантириб қўяйлиқми сизни?
Тойир ака миннатдор оҳангда кулди.
— Э, жонингдан, тақсир, — деди, — энди бўлмайди.
— Нега бўлмайди?
— Соқолға қаранг, ўлим иси келади...
— Бўлмаған гап... Сиз биздан ҳам ёш кўринасиз.
— Кўнгил қариған, тақсир, кўнгил, — деди Тойир ака, қўлини кўкрагига тегизиб олди. —
Энди кўнгил ҳеч нарса ҳам тиламайди, фақат тинчлиқ тилайди... Тинчлиқ қачон бўлади, унисини билмаймиз-да.
Сўзни яна айлантиришка йўл қолмади. Анвар ер остидан Султоналига кўз юборди. Султонали маънолик бош ирғатиб қўйди. Тойир ака ўз олдидағи ёниб ўчкан хокаларни кулдан ажратиб, гулханга ташлар эди. Бояғи шиддати йўқолған гулхан нафис кўк тутун чиқариб оҳистағина чайқалиб ёнар эди. Куллар кўкка учар, чўғлар кулга ботар, чалалар чўққа айланар эдилар... Учави ҳам сўз қўйишқандек анча вақт гулханнинг шу ҳолини таъқиб этдилар.
39. БИШЎЙ, ЭЙ ХИРАДМАНД...
— Муфтиларингиз меним орқамдан жўнаған бўлсалар керак, мирзо Анвар?
Хаёли бошқа нарсада бўлған Анвар Султоналининг сўзига тушунибми, эмасми, ҳар начук
бош ирғатиб қўйди.
— Мен сиз билан хайрлашиб кўчага чиқсам, "дўстингиз" мулла Абдураҳмон уларни кутиб
турған экан. Чамаси кундузги "суҳбат"нинг мобаъди1 бўлса керак?!
Анвар хаёли билан видоълашқандек, тилар-тиламас Султоналига юз ўгирди.
— Қандай суҳбатнинг?
— Суҳбатнинг эмас, ғийбатнинг. Анвар кулди:
— Сиз мулла Абдураҳмон домлани кўралмай қолдингиз.
— Масала кўралмасликда эмас, унинг нолойиқ ҳаракатида, дўст кўриниб душманлик кўчасига киришида.
— Биз унинг чин кўнглини билишдан ожизмиз. — Ҳар ҳолда бу калтакесак бизга дўст эмас.
— Хўш? — деб кулди Анвар.
— Муфтилар бизга дўстми, душманми?
— Балки душмандирлар, лекин биз уларга душман эмасмиз.
— Бали! — деди Султонали мирзо. — Башарти бизнинг ёрдамимизда ишлик бўлған бир одам, эрта-кеч бизнинг душманимиз ҳисобланған кишилар билан ҳамсуҳбат бўлса, оғиз-бурун ўпишса, биз унга қандай баҳо беришимиз керак? Бундай одамни биз очиқдан-очиқ душман ёки аҳмоқ деймиз. Аммо мулла Абдураҳмон аҳмоқ эмас, кўб иш кўрган туллак! Энди фақат унинг душманлик тарафи қолди, ҳам бу аниқ. Меним ҳукмимга қаноат қилмасангиз, ҳикматка қаранг. Шайх Саъдий:
"Бишўй, эй хирадманд, аз он дўст даст,
1 Мобаъд — давоми.
93
Ки бо душманонат бувад ҳамнашаст"1, —
дейдирлар...
— Мен мулла Абдураҳмонни яхши киши, деб ўйлайманми?
— Ўйламайсиз, бироқ унинг ўзига яраша муомала қилмайсиз, шу билан бирга анови
муттаҳамларни ҳаддидан оширасиз!
Анвар баркашдаги магиздан бир-икки дона олиб қўлида ушлади.
— Сизнингча, улар билан қандай муомала қилишимиз керак?
— Мулла Абдураҳмонни ўрдадан жўнатиш керак; тинчкина имом ва хатиблигини қилсин. Муфтиларга ҳам қозихонадан бирар вазифа топилиб қолар.
Анвар бош тебратиб кулди. Тойир ака гулханга ўтун қалаб шом учун жойнамоз ёзди. Султонали мирзо имом бўлиб, уч киши шомға турдилар. Шомни ўқуб гулхан ёниға ўлтурар экан, Султонали сўради:
— Ёки уларни ўрдадан жўнатиш осон эмасми? — Осон, бироқ осон ишда лаззат йўқ, — деб кулди Анвар. — Сизнинг шу гапингиз билан бир киши ёдимға тушти: ўзи мулла Абдураҳмоннинг қавмларидан бўлған оқ кўнгилли содда бир киши бор. Оти... ҳа, оти Сафарбой, касби бўзчилиқ. Ўткан кун ўрдадан қайтиб борсам, шу киши уйда мени кутиб ўлтурибдир. Хўш, келинг, Сафар ака? — Куйган-пишкан, менга "арз" қилди: мулла Абдураҳмоннинг бир дўстидан эшиткан эмиш, гўё мулла Абдураҳмон биравга "мирзо Анварнинг тегига яқинда сув келади" деган эмиш... "Бу нима деган гап, мирзо, нега сизнинг тегингизга сув келади?" деб сўрайди. Мен кулдим... "Ҳозирча тегим қуруқ, башарти тегимга сув келса, бўзчилиқни ўргатасизми?" деб сўрадим. Саволимга жавоб бермайди, фақат сизнинг сўзингизни айтиб: "Имомимиз фисқи- фасод, бундай кишини ҳайдаганингиз маъқул" дейди. Сизга ёқадирған сўзни айтдимми, Султонали ака?!
— Бу киши сизга чин дўст экан, — деди Султонали жиддий. — Мен ўз фикримда янглишмасман. Бу калтакесак юткан чаённинг юрагида, худой билсин, сизга қарши катта адоват бор.
Шу чоққача олов кавлаб жим ўлтурган Тойир ака сўзга қотишти:
— Сафар, елкаси чиққан, жиккак йигит эмасми, тақсир?
— Бали, бали.
— У меним ошнам бўлади. Эҳей, у билан биз ҳар ёз бирга мардикор ишлар эдик, ўзи ўбдан
яхши йигит.
— Вассалом, — деди Султонали мирзо. — Бас, Абдураҳмон ҳам адоватда муфтилардан
қолишмайдир. Шунча яхшилиқни билмаган киши...
— Яхшилиқ қил, дарёға ташла, балиқ билмаса, холиқ2 билур, деганлар. Фузулий: "Даҳр3 бир
бозордир, ҳар ким матоъин арз эдар" деб жуда тўғри сўзлайдир. Шунга ўхшаш биз ҳам, ўзимизда бўлған матоъни бозорға соламиз, улар ҳам бисотларини кавлаб шундан бошқасини тополмайдирлар.
— Бу шундай, мирзо Анвар, аммо ўзингизни душмандан мудофаа қилиш керакми, йўқми?
— Мен нимани душмандан мудофаа қилай? — деб кулди Анвар. — Агар уларнинг адовати мендан бош муншийлйкни олиш учун бўлса, марҳамат қилсинлар, ҳатто ўзим уларга ёрдам ҳам берай. Тўғри, сиз уларнинг номуссизона ҳаракатларидан қизишасиз, аччиғланасиз. Менчи, мен ҳам бир инсон, кўкдан тушкан фаришта эмасман, ўз устимдаги ғийбатлардан, ҳайвонча қилиқлардан, иззати нафсимга тўқинған ҳаракатлардан аччиғланаман. Сиз айтканча, уларни ўрдадан ҳайдаш мулоҳазаларигача бориб етаман. Бироқ, баъзи андишалар мени тўхтатиб қўядир. Аввало улар билан тенглашиш меним учун камчилик куринадир; иккинчи, уларни
1 (Эй ҳушёр киши! Душманларинг билан бирга ўлтуришкан — ҳамсуҳбат бўлган дўстингдан қўл ювғил (муал.). 2 Холи — яратувчи, худо.
3 Да р — дунё, олам.
94
девондан ҳайдаш тўгрисиға келганда яна андишалар бор: башарти муфтиларни девондан чиқарсам халқ нима дейди, беш кун амалга миниб, ўттуз йиллиқ мирзоларни қадр қилмади, демайдими? Агар улар тинчкина чиқиб кетса-ку, яхши, билъакс, хон ва шоғовул домлалар воситасида яна кириб олса, мен нима деган одам бўламан? Бу ҳолда бир адоват устига юз адоват замланишида шубҳа йўқ. Энди мулла Абдураҳмон тўғрисида: бошда мен бу кишини ўрдаға олишға қарши бўлиб, биринчи кўришимдаёқ бу мулладан яхшилиқ кутмаган эдим. Бироқ, сизга айтканимча, ўртада нозик бир киши восита бўлди, шундан кейин ноилож хизматка олишқа мажбурият туғулди. Мулла Абдураҳмон ифлослар қаториға ўткан экан, иши осон, жўнатиб юбориш қўлимиздан келади. Ва лекин, фикримча, уни ҳам жўнатиш маслаҳат эмас. Аввало хизматка олмаслиқ керак эди; олинғач, уч ой ўтмасдан жўнатиш... Жуда оғир, агар ифлос бўлса унинг табиъати, биз ўзгарта олмаймиз, ҳар ким тилаган ошини ичадир.
Султонали мирзо муфтилар тўғрисида бир нарса деялмаса ҳам, Абдураҳмонни жўнатишға исрор этди1.
— Хўб, муфтилар қолсин, яна бир неча кун сасишсин. Бироқ, Абдураҳмонни тўхтатманг, агар сиз шу чувалчангнинг баҳридан ўтсангиз, ҳамроҳларига катта ибрат кўрсаткан бўласиз.
Анвар кулиб қўйди.
— Сиз меним дўстимга қаттиғ тикилдингиз...
— Тикилишка — тикилдим, — деди Султонали мирзо жиддий, — сиз лоақал шуни ҳам
жўнатмасангиз, мен кетаман. Муфтиларнинг афтини кўриб қийналар эдим. Энди бу учунчи ифлоснинг юзига қарашқа тоқатим қолмади!
Султонали жиддийлашкан эди, Анвар яна қарши боришни мувофиқ кўрмади.
— Хўб, — деди, — сиз шуни маслаҳат кўрсангиз, жўнатайлиқ.
— Бали! — деди Султонали. — Сиздан яна бир талаб: эртадан бошлаб мени ўз
ҳузурингизга олинг, токи муфтилар эртадан кечкача ғийбат сўзлаб, маймун бўлиб вақт кечирмасинлар.
— Бу ҳам осон, — деб кулди Анвар, — улар мен йўқ вақтдан фойдаланиб, юрак бўшатар эдилар. Энди бундан ҳам бечораларни маҳрум этмакчисиз, бу қадар зулм...
Султонали яна кулмади: — Қилғанға қиламиз-да.
Шундан кейин кетишка чоғландилар. Анвар қўзғалар экан, ёнчиғидан бир тилло олиб, Тойир акага узатти. Тойир ака билибми, билмасданми, ҳар ҳолда тиллони қўлиға олғандан сўнг, яна тез қайтариб берди:
— Уят, уят бўлади.
— Бу пул ўзимга, деб ўйламанг, — деди Анвар Тойир аканинг қўлини итариб, — сиз бу пулга ўтун, магиз, ортиб қолса чой оласиз. Султонали акам билан келганимизда гулханни бундан ҳам катта қилиб берасиз.
— Сизлар келсаларинг ҳаммасиям ўзимиздан топилади.
Анвар пулни олмади. Тойир ака маслаҳат сўрағандек Султоналига қаради. Султонали дуо
қилиб олинг, деган каби ишорат қилди. Тойир аканинг дуосидан кейин чиқдилар. 40. АЛДАШ УЧУН БОЛА ЯХШИ
Бир неча кунлардан бери Сафар бўзчи хурсанд эди. Мулла Абдураҳмоннинг хизматдан чиқишиға ўзим сабаб бўлдим, деб ўйлар; ўз сўзи билан мулла Абдураҳмон каби бир кишининг сувға тушкан нондек шилқиллаб қолишиға: "Кўрпангга қараб оёғ узат, муллавачча!" деб ўзича кулиб қўяр эди. Кеча Самад бўқоқни кўчада учратиб, пичинг отди: "Мирзабошимнинг тегига
1 Исрор этмо — қистамоқ.
95
сув келипти-я, гапингни тўғри чиқишиға қара, Самад?" — деди. Чунки Анварга бориб айткан хабарни шу Самад бўқоқдан эшиткан эди. Самад бўқоқ унинг бу пичингидан қизарди: "Қулоғимға янглиш кирган экан-да, аблаҳ!" деб гапни кулгуликка бурди. Сафар бўзчи ҳам "пайрав" қилди. "Бир қўчқорнинг боши кеткунча, минглаб қўйнинг боши кесилар эмиш, деб айт домлангға!" деди. Самад бўқоқ индамади.
Сафар бўзчи мулла Абдураҳмоннинг хизматдан бўшатилғанини эшиткандан бери "Мирзамни бир кўрсам" деб Анварнинг олдиға боришқа чоғланиб қолди. Бироқ, дастгоҳ ёнидан қўзғалишқа ишни қизғанди. Бу кун иш тўқур экан, ўзича қарор берди: "Бу кун чоршанба, эрта панжшанба... жумъа кун мен ҳам бўш, мирзам ҳам бўш. Ҳа, индин борғаним маъқул".
Шомдан бир оз илгарироқ Сафар ака ишдан чиқди. Куннинг совуқлиғиға ҳам қарамай музлаган совуқ сувда таҳорат қилди, нари-бери бўз салласини чулғаб, масжидга югурди. Ул жиловхонадан кирганда, масжиднинг тўрдаги ҳужрасидан мулла Шаҳодат муфти, Калоншоҳ мирзо ва мулла Абдураҳмонлар намозга чиқиб келар эдилар. Сафар бўзчи ҳар икки муфтининг ҳам ўрдада туришларини яхши билар эди. Мулла Абдураҳмонни ўрдаға яна оладиған бўлибдирларми, деб ўйлади ва уч уламо келиб масжидга киргунларича адаб сақлаб, масжиднинг бўсағасида қўл боғлаб турди. Улар келиб масжидга кирар экан, мулла Абдураҳмон кўзининг пахтасини чиқариб, Сафар бўзчиға қараб ўтди, улар орқасидан Сафар бўзчи ҳам хонақоҳға кирди. Аммо ҳалиги қарашдан сўнг Сафар бўзчининг бошидан: "Бу муллалар ҳам домламдек ўрдадан ҳайдалганлармикин? Мирзамнинг ғийбатига йиғилишқанлармикин?" деган бир фикр ўтиб кетди.
Сўфи такбир тушурди, мулла Абдураҳмон меҳробка ўтди, муфти ва бошқалар унга иқтидо қилдилар. Имом қироатда, Сафар бўзчи сомиълик1 ўрниға — "манови кетман соқолнинг афти хунук, уттасининг авзойи бузуқ, домламнинг бўлса ғурраги бола очқан... Учави ҳам аламзада бўлсами? Домламнинг кўнглини кўтаргали келганлардир, ёки мирзам билан икки орани битиштирмакчиларми?.. Мирзамнинг битишмагани маъқул, икки оғиз гап учун ҳанузгача кек сақлаған домла..." деб ўйлар эди. Шу йўсун васвасаланиб шом намозини қандай ўқуғанини ўзи ҳам билмади, аммо ётиб туришдан эринмади. Фотиҳадан сўнг жамоат тарқала бошлади. Беш- олти киши, жумладан, Сафар бўзчи ҳам адаб сақлаб, домлалар масжиддан чиққунча қўзғалишмадилар. Улар чиқиб кеткандан сўнг сўфи шамъни ўчирди, бошқалар масжиддан тарқадилар. Сафар бўзчи саҳнга тушиб ҳужрага қаради; ҳужра даричасидан шамъ ёруқлиғи тушар, ичкаридан қўлида қуроқ дастурхон ушлаган, ўн бир-ўн икки ёшлиқ бир бола чиқиб келар эди.
Сафар бўзчи жиловхонага ўтиб тўхтади. Ҳужрадан келган бола ўз ёниға еткач, болани олдинға ўткариб, унинг орқасидан кўчага чиқди. Бола кўчанинг ўнг томониға қараб кетди. Сафар аканинг ҳавлиси кўчанинг чапида эди, лекин ул ўз ҳавлиси томонға юрмай, шу бола орқасидан борди.
— Ҳой, Шукур сўфининг ўғли!
Шукур сўфининг ўғли — бола, йўл устида тўхтади. Сафар бўзчи унинг ёниға етиб олди.
— Қани юравур, сенинг отинг Маматқул-а?
— Ҳи.
— Маматқул... Сен бизнинг Асқарбойни танийсанми?
Бола ажаблангансумон Сафар бўзчиға қараб олди.
— Асқар меним ўртоғим-да, шу топқача билмайсиз экан-да!
— Ҳа, ҳа... ўзинг ҳам яхши йигит кўринасан... Масжидда нима қилиб юрған эдинг?
— Имом поччамнинг ҳужраларида чай қўйиб бердим. Катта домлалар меҳмон бўб кепти. — Ҳа, ҳа... Энди қаёққа борасан?
1 Сомиълик — тинглаш.
96
— Имом поччамнинг уйларидан ош об келаман-да.
— Туппа-тузук дасёр бўлиб қопсан-да. Ош олиб келганингдан кейин тағин чой қўйиб берарсан ҳали?
— Ҳа, қўйиб бераман. Домла поччалар жўнағунча хизмат қили?